Муаллимга жўнатилмаган мактуб


Сақлаш
18:45 / 30.09.2026 157 0

Бу оламда уч чин сўз бор,

Соғинч, ҳижрон, кейин армон...

Шодмонқул Салом

 

Адабиёт ажиб хилқат. Гоҳ куйга ўхшайди, гоҳ оловга. Гоҳ ором оласан, гоҳ ёнасан. Унга кирган ҳар бир йўлчининг ўз осмони бор, ўз эътиқоди бор. Ўз ибодати бор, ўз йўли бор. Адабиётга ҳеч ким шунчаки кириб қолмайди.

 

Саккизинчи синфда Бобоева Наргиза исмли ўзи қалбидан, қалби ўзидан дилбар ёшгина ўқитувчи дарс бера бошлади. Адабиёт дарси умуман бошқа оламга айланди. Ҳаёт ҳақида, одамлар, борлиқ, туйғулар ҳақида илк жиддий тасаввурларни туя бошладик. Дарсни ўқувчиларга қаттиққўл дўст бўлиб ўтарди. Топшириқларни тўлиқ бажарган кунларимиз шеър эшитар эдик.  У.Азим, Ш.Раҳмон, М.Юсуф, С.Сайид, И.Мирзо... Ўқиб берган хар бир шеъри кўнглимизга сингарди. Яхши кўрган адиблари ва шоирлари бизнинг ҳам суюкли ижодкорларимизга айланди. А.Қодирий, Тоғай Мурод Ш.Холмирзаев, Ч.Айтматов, С.Аҳмад, Ў.Хошимов асарларидаги қаҳрамонларнинг туйғулари, кечинмалари бизнинг ҳам юракларимизда рўй берди.

 

 

Ўқиган асаримизда қаҳрамон – гўзал қиз тимсоли Бобоева Наргиза бўлиб гавдаланадиган бўлди. Ўқувчилар ўқитувчиларга “исм” қўйиб олган эдик. Бобоева “Ҳамишабаҳор” эди. Ўқувчилар ҳаммаси бирдек яхши кўргани боис, кўрганда кўнгли бирдек яшнагани боис. Ким бўлишимиз ҳақида ёзиб келиш топширилганда деярли барча идеалидаги инсон “она тили ва адабиёт ўқитувчиси” эканини ёзиб келди. Байрамларда қучоғи гулга тўлиб кетарди. Мен кўпроқ ёнида бўлиш, энг яхши ўқувчиси бўлиш учун ҳар куни шеър ёзиб борар эдим. Кейин соғинчлар бошланди. Мактабга борсам, онамни соғинаман, уйга келсам, Бобоевани соғинаман. Қор, ёмғирларга қўшилиб ёғишлар...

 

Мактабни ҳам тамомладим. Ўқишга бюджетга киролмадим... Ҳаёт! Ҳа – Ёт. Барча “ҳа” деганларингиз “ёт” бегона бўлиб чиқар экан.

 

***
Мактабни битирган йилим биз кўчиб кетдик. Денов томонларга кўп йўлим тушди. Сизни кўриб қайтишга имкониятим бўлар эди. Ўзим бормас эдим. Сизни соғиниб юриш ширин туюларди. Фарзандларингиз дунёга келганда дўстларим суюнчи сўрашар эди. Сизнинг қувончингиз менинг ҳам қувончим бўлгани учун. Қанча мажбурласангиз ҳам ҳеч қачон
Сизнинг ёнингизда шеър ўқимаганман. Телефонда узоқ суҳбатлар қурардик, Сулаймон пайғамбарнинг “Қалбингни бор кучинг билан ҳимоя қил!” калимасини тез-тез эслатиб турардингиз. Хатингизга эса сизга муносиб шогирд бўлгач жавоб ёзмоқчи эдим.

 

Танамнинг оғриқлари кўпайиб, жоним билан андармон бўлиб қолдим... Бир куни тушимга кирдингиз. Дарс ўтадиган хонангиздан бир-икки киши чиқибмиз. Сиз ҳам эргашиб чиқибсиз, эшик ёнида оғриниб, нималардир сўз айтиб, қайтиб эшикни ичкаридан ёпдингиз. Мен мактаб стадионига чиқдим. Синфдошларим футбол, валейбол ўйнашяпти. Кўзларига қарайман – ёниб, яшнаб турибди. “Нега менинг кўзларим атрофига бунча эрта ажинлар тушди?” деб кўнглимдан ўтказаман. Уйга қараб югура бошлайман. Сўнг қўлларимни қанотдек ҳаракатлантириб, учиб-учиб бораман. Дарсхонамга кираман, ерда ғалвир тагида учта жўжа “чий-чий”лаб турибди. Катта мушук кичкина мушукнинг бўйнидан ғажияпти. Мушукнинг иккисини ҳам деразадан ташқарига отиб юбораман. Ғалвир тагидаги жўжалар тинмасдан чийиллайди. Шу ердаги кўрпачага чўзиламан, бошим томондаги жўжаларга қараб-қараб ётаман. Ёстиғим ёнидаги нотаниш телефон экрани ёниб ўчади. Рақамини кўришга улгурмай қолавераман... Шу тонгда сизни кўрганимдан хурсанд бўлиб уйғондим. Икки кун ўтиб эшитсам, ўша тушим куни кетибсиз (оламдан ўтибсиз). Телефонимга тушиб бўлмабди...

 

 

Кунлар ўтавераркан. Ҳаёт лаҳзалардан ўз улушини олавераркан. Сизни бориб бир марта кўрмаганим учун юрагимдан қарздорман.

 

Ўзим билмаган ҳолда, телефондан рақам қидира бошлайман. Кўнглим излаган суҳбатдошни тополмайман. Кеч қолганини билса-да, поезд бекатида югуриб юрган одамга ўхшайман. Қаердан ҳаловат топишни билмайман. Энди адабиётда бир умр сизни қилдирсам керак. Дунё одамзор, мен учун саноқли одам қолгандек. Бугун Тошкентдами, Термиздами, Деновдами – гавжум манзилларда, рўпарамдаги узоқ, яқин чеҳраларига жавдираб қарайман. Ҳозир шуларнинг бири Сиз бўлиб чиқадигандек туйилаверади. Аммо... Бор соғинчлар сўнгсиз азоб. “Бу дунёда ҳеч нарсага чегара қўйиб бўлмайди” дердингиз. Энг катта, оғриқли, аччиқ чегарани тупроқ қўяр экан. Сиз томон кўринмайди, кўринмайди деб ўгирилиб кетиб ҳам бўлмайди.

 

Ичимда кимдир юзини яшириб мендан аразлаган. Саратон хасталиги нима эканини англамас эканман. Учта полопонингизни ўйласам руҳимда ҳар куни саратон рўй беради.

 

Кимдир мени доим мувозанатда сақлайди. Шу қадар мувозанатдаманки, ғам ва шодлигим қўл ушлашиб юради. Шеърий тўпламим чиқди – “Йўлдаги мактублар”. Китобимни қўлимга олиб, уни энг биринчи кўришга лойиқ одамни тополмадим. Барчаси “йўлдаги мактублар” бўлиб қолиб кетди. Дунёнинг аъмоли шу: Кимдир кечикади, кимдир шошилади. Лаҳзалар гоҳ чопиб ўтади, гоҳ тўхтаб қолади. Дунёни бир кам дейишади, қани эди бир кам бўлганда.

 

Уйқудан олдин “Бугун тушимга киринг” десам албатта кирасиз: ёнимиздасиз, ҳар доимги табассуми чеҳра, ҳаммамиз яхши кўрамиз... Аммо уйғонганимда кўнглим кенгликларини туманзор қоплайди. Бу баҳорги туманзорми, кузги туманзорми. Туманзорда кимдир кулиб юрибдими, йиғлаб. Сиз бу оламда бормисиз… адоқсиз соғинч.

 

Бахт ҳақида ўйласам тассавуримга сиз келар эдингиз. Худо мени кечирсин, агар иложи бўлганда умримни жон деб сизга берган бўлардим. Жужуқларингиз сизга муносиб, комил фарзанд бўлиб улғайишсин. Умрлари узоқ бўлсин.

 

Бу ҳаёт бурни осмонни ҳидлашга ўрганган одамга ўхшайди. Эврилиб-эврилиб яшаш ва таги бўм-бўшлик, ҳеч нарса. Яшаш гоҳида майдалашишдек. Барини била туриб бўйнига олиш эса энг катта мардлик. Заминда тириклик бошлангандан бери бир ариқ оқади. Икки бетида икки олам бор. Бир бети бутунлай адабиётники. Унда кўнгли бир бирига ўхшаган, руҳининг бўйлари тенг, ёшлари ҳам бир хил, кўзлари кўзларидан узоқлашмайдиган одамлар яшайди. Унда йўқлик ҳам, борлик ҳам ҳеч нарса. У бошқача ҳаёт. У ҳаётда Сиз яшаяпсиз, мен ҳам яшайман. Умр бўйи Худодан сўраб ўтаман, менга Сиз билан дийдорни насиб этсин, Устозим...

 

Наргиза ОДИНАЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40028
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//