Ўқувчиларга интернет чеклови керакми? Таҳлил


Сақлаш
10:53 / 30.09.2026 113 0

Сенсор экранли смартфон билан илк маротаба 20 ёшларимда танишганман. Қурилма кўзимга ҳақиқий мўъжизадек кўринар, эҳтиётсиз ҳаракат билан уни бузиб қўйишдан ва бошқа ҳеч қачон шунақа телефон ололмаслигимдан қўрқардим. Мессенжерлар орқали юборган хабарим масофаларни тан олмай, суҳбатдошимга етиб бориши эса фантастиканинг ўзгинаси эди. Мана, орадан қарийб 15 йил ўтди ва смартфонлар деярли бизнинг еттинчи сезги аъзомизга айланди. Болаларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. 1 ёшга тўлар-тўлмас, YouTubeʼга киришни ва ўзлари кўрадиган мультфильмни танлашни билишади. Кези келганда телефон имкониятларини баъзи катталардан ҳам яхшироқ тушунишади. Ва, табиийки, бу ҳолатда уларга смартфонларни чеклаш қанақадир абсурд ишдек тасаввур уйғотади. Шунга қарамай, дастлаб Австралия, кейин эса дунёнинг бошқа мамлакатлари бирин-кетин болаларга интернет ва смартфонлардан фойдаланиш бўйича чекловлар ўрната бошлади.

 

2010 йилда мактабларни тўлиқ рақамлаштириш дастурини ишга туширган ҳамда ўқувчиларга дарслик ўрнига iPadʼ тарқатган Швеция 2026 йилдан бошлаб машғулот давомида мобил телефонлардан фойдаланишни бутунлай чеклади. Сабаб шуки, экранлар бир неча йил давомида анъанавий дарслик ва дафтарларни том маънода сиқиб чиқарди, натижада PIRLS ҳамда PISA халқаро таълим сифатини баҳолаш кўрсаткичлари кескин тушиб кетди.

 

Каролин институти олимлари ва бошқа экспертлар рақамли қурилмалар билимларни ўзлаштиришга салбий таъсир кўрсатади, деган хулосага келишди. Боланинг мияси экрандан ўқиш вақтида матнни юзаки қабул қилиши ва бунда чуқур таҳлил кўникмаларига путур етиши аниқланди. Бундан ташқари, болалар қўлда ёзмай қўйишгани учун, майда моторика ривожланишида оқсашлар кузатилди. Швеция ҳукумати мактабларни гиперавтоматлаштириш хато бўлганини расман тан олди ва босма дарслик ҳамда мактаб кутубхоналарини ривожлантиришга юзлаб миллион крона маблағ ажратди.

 

Франция, Нидерландия, Буюк Британия ва Италия ҳам Швеция тажрибасига эргашиб, қурилмалардан дарс пайтида фойдаланишни чеклади. Бельгия, Дания, Греция ва Финляндияда эса бу чекловлар қонун даражасида мустаҳкамланди.

 

Хитой 2021 йилдаёқ ота-онанинг ёзма рухсати ёки махсус келишувсиз мактабга смартфон олиб келишни тақиқлаб қўйган. Мамлакатда жорий қилинган «Youth Mode» тизимига кўра, 8 ёшгача бўлган болалар тармоқда кунига 40 дақиқадан ортиқ вақт ўтказа олмайди, 22:00дан 06:00гача вояга етмаганлар учун интернет тўлиқ ўчирилади, онлайн ўйинлар учун эса жума ва дам олиш кунлари қатъий 1 соат белгиланган.

 

АҚШ эса платформа алгоритмлари даражасида назорат ўрнатишга қарор қилди. Ҳозир мамлакат ижтимоий тармоқларига (TikTok, Instagram) кириш учун ёш чекловлари (14–16 ёшгача) ўрнатилмоқда.

 

Францияда жорий қилинган “рақамли етуклик” тушунчасига биноан, 15 ёшгача бўлган болалар ижтимоий тармоқларда ота-она рухсатисиз рўйхатдан ўта олмайди.

 

Қозоғистонда эса 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини қонунан тақиқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

 

Ҳали табиий интеллекти тўла шаклланиб улгурмай, сунъий интеллект билан “тиллашаётган” болалар учун бундай чекловларни жорий қилиш қанчалик тўғри – буниси бутунлай бошқа масала.

 

Ўзимдан мисол келтирадиган бўлсам, 11 ёшли ўғлим учун Google маълумот топиш ва фактчекинг учун ишончли манбага айланиб улгурган. Баъзида назоратим остида СhatGPTдан ҳам фойдаланиб туради. YouTubeда тарих ва географияга оид ҳужжатли фильм ҳамда подкастларни кўради. Нейротармоқ томонидан генерация қилинган фото ва видеоматериалларни фарқлай олади – хуллас, интернет унинг учун маълум маънода инструмент вазифасини бажаради.

 

Айрим болалар ижтимоий тармоқларда тенгқурлари билан мулоқот қилади ва интернетни чеклаш уларнинг ижтимоийлашувига тўсиқ бўлиши мумкин. Pediatric Research ва IJECS тадқиқотларидан маълум бўлишича, смартфонлардан катталар назорати остида вақт меъёрларига риоя қилган ҳолатда фойдаланиш рақамли саводхонликни оширади ва ўқишда ёрдам беради. Технологияларни бутунлай чеклаш эса боланинг тенгқурларидан ажралиб қолиши ва ўсмирлик ёшида “тармоқ гигиенаси” кўникмаларининг шаклланмай қолишига сабаб бўлади.

 

Менинг болалигимда интернет бўлмаган, аммо “кабел телевидениеси” бўлган. Дадам бизнинг “европа маданияти” таъсирига тушишимиздан хавотир олиб, уйга ана шу хилма-хил телеканал ва дастурлар тўпламига эга мўъжизавий телевидениени улашга рухсат бермаган. Мактабда ҳар куни синфдошларим “Терминатор” фильми сюжетини ёки қайсидир хорижлик хонанданинг янги имижини муҳокама қилган бир пайтда мен ҳеч нарсадан бехабар, шунчаки пассив тингловчи бўлардим. Бу ҳолат бир неча йил давом этган ва синфдошларим билан гаплашишга умумий мавзу бўлмагани сабабли мен шунчаки улардан ўзимни тортадиган, улар эса мен билан гаплашмайдиган бўлиб қолишган. Смартфон ва интернет борасида ҳам шундай: агар чеклов маълум ёшдаги ҳамма болалар учун бирдек қўлланилса, хўп-хўп, лекин алоҳида бола учун бундай тақиқ келгусида жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

 

– Интернет – кўплаб функцияларга эга улкан экотизим бўлиб, унинг хавф

даражаси бола ундан қандай фойдаланишига боғлиқ, дейди психолог Суҳроб Теляев. – Агар мақсад фақат ўйин ва ижтимоий тармоқлар бўлса, унда чиндан ҳам боланинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади.

 

Бошланғич синф ўқувчиси ўқув мақсадларида интернетдан кунига 20-30 дақиқа фойдаланиши, ўрта синфларда бу вақт 30-50 дақиқани, юқори синф ўқувчилари учун эса — 1,5-3 соатни ташкил қилиши керак. Боланинг рақамли оламдаги вақти реал ҳаётдаги қизиқарли машғулот ёки ўйинлардан ошиб кетмаслигига эътибор бериш жуда муҳим. Дейлик, агар фарзандингиз 20 дақиқа вақтини мобил ёки компьютер ўйини устида ўтказса, худди шунча вақт фаол жисмоний ўйинлар билан шуғулланиши лозим.

 

Болалар, одатда гаджетлардан ўзларига етишмаётган ҳиссиётларни олишади. Агар бола ҳар куни зерикса, қизиқарли хоббилари бўлмаса, ота-она эса унга етарли вақт ажратмаса, интернетнинг ёрқин оламига шўнғиш у учун кулранг тусдаги реалликдан қочишнинг ягона йўли бўлиб қолади.

 

Биз кўпинча интернетнинг кўриш қобилиятига таъсири, экран ортидаги фирибгарлар ва бошқа таъсирлар ҳақида гапирамиз-у, смартфонлардан узлуксиз фойдаланиш ортидан кундалик ҳаётимизда юзага келадиган хавфларни эътибордан четда қолдирамиз. Энг аввало, смартфонларнинг оилавий қадриятлар ва муносабатларга таъсири жуда катта. Аввал ҳамма бир дастурхон атрофида йиғилиб, “Оталар сўзи” ёки “Ассалом, Ўзбекистон” дастурини кўрган бўлса, ҳозир ҳар бир оила аъзоси ўз экрани ва алгоритмлар асосида ҳосил бўладиган “инфоқобиғи” ичида бўлади. Блогерларга тақлид қиладиган, уларни ўзи учун “авторитет” ҳисоблайдиган болалар, табиийки, ота-онасининг гапларини жиддий қабул қилмайди ёки “улар мени тушунмайди” деган хаёл билан яшайди. Она инстаграмда, ота янгиликлар лентасини қўриш билан банд, фарзанд эса Тик-Токда севимли блогерини кузатмоқда. Бу ҳолатда бир-бирини тушуниш, ўзаро мулоқотга киришиш кўникмаларига путур етиши табиий.

 

Олимлар “техноферанс” ҳодисаси ҳақида тобора кўпроқ гапиришмоқда — бу атама гаджетларнинг жисмоний мулоқотни бўлишини англатади. Дейлик, тушлик вақтида дастурхон устида телефон шунчаки туришининг ўзи самимий суҳбат қуриш эҳтимолини 30% га камайтирар экан.

 

McKinsey Health Institute ҳисоботига кўра, ҳар иккинчи ўсмир (52%) ижтимоий тармоқлардаги «идеал ҳаёт» билан ўз ҳаётини солиштириб, депрессия ва ташвишга тушади. FOMO синдроми (бирор нарсадан қуруқ қолиш қўрқуви) эса болаларни тенгдошлари эътиборини қозониш бемаъни ва хавфли челленжларни такрорлашга мажбур қилади.

 

Миллий қадриятимиз ҳисобланган камтарлик, меҳнаткашлик ва катталарга ҳурмат ўрнига, TikTok ва Shorts алгоритмлари манманлик, мақтанчоқлик ва эгоцентризмни тарғиб қилмоқда.

 

Ўрта синф ўқувчиларининг аксарияти мактабга кираверишда ҳам, ундан чиқишда ҳам телефонидан кўз узмай кетаётганига гувоҳ бўламан. Улар на атрофдаги одамларга, на ўтаётган машиналарга қарайди. Афсуски, мана шу оддийгина эҳтиёт чораларига риоя қилиш кўникмасининг йўқлиги уларга жуда қимматга тушиши мумкин. Каратэ эксперти Питер Констердинга кўра, одам ўзини ва мол-мулкини асраш учун ҳақиқий жанг кўникмаларини ўзлаштириш шарт эмас. «Кўпчилик йўлда юрганда ўз телефонига кириб кетади ва атрофдаги воқеаларни пайқамайди. Агар эътиборлироқ бўлсак, узоқдан келаётган шубҳали шахсдан одам гавжумроқ жойга қочишимиз мумкин бўлади. Болаларга буни ўргатиш шарт».

 

– Интернетни чеклаш боланинг кичик ёшларида яхши самара бериши мумкин, аммо ўсмирлик даврида бунинг имкони бўлмай қолади, дейди Суҳроб Теляев. – Болада интернетга маълум бир мақсад билан кириш кўникмасини шакллантириш лозим. Менинг фарзандларим, асосан, маълумот топиш ёки ниманидир сўраш учун интернетдан фойдаланишади. Кўп вақти спорт тўгараклари ва қўшимча машғулотлар билан ўтгани учун телефон ўйнашга вақти ҳам бўлмайди. Яъни боланинг вақтини тўғри ташкил қилиш бу ерда муҳим ўрин эгаллайди. Биз болалик давримизда кўчада дўстларимиз билан копток тепар, турли жисмоний ўйинларни ўйлаб топар эдик. Ҳозир болалар кўчада ҳам йиғилиб, телефон ўйнашяпти. Шунинг учун, уларни қизиқишига қараб, тўгаракларга бериш мақсадга мувофиқ. Яна бир томони, ота-она гаджетлардан кўп фойдаланса, доимий ўзи билан олиб юрса, эътибори болада эмас, экранда бўлса, табиийки, боланинг ҳам телефонга бўлган қизиқиши ортади. Болада диққатни бир нарсада ушлаб туриш, танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, интернетдан тўғри фойдаланишни ўргатиш орқали уни ножўя таъсирлардан ҳимоя қилиш мумкин.

 

Ижтимоий тармоқларни тақиқлаш эса тамоман акс таъсир кўрсатиши мумкин, чунки кўплаб болалар учун ижтимоий тармоқлар агрессия манбаи эмас, балки аксинча – тарафдорлар топиш, дўстлар орттириш ва ўзини намоён этиш мумкин бўлган майдондир.

 

Садриддин Салим Бухорийнинг “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” мисрасини интернет ва гаджетлардан фойдаланишга нисбатан қўлласак, жуда ўринли бўларди назаримда. Чиндан ҳам, Google ойнасига исталган сўзники ёзинг, керакли маълумотни муҳайё қилади. Асосийси, биз ўзимизга нима кераг-у, нима керак эмаслигини билишимиз, фарзандларимизга ҳам буни англатишимиз. Ўзлигимиздан, асл инсоний мақсадларимиздан узоқлашмаслигимиз. Қолгани эса тараққиётнинг бир қисми холос.

 

Висола ҚАРШИБОЕВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39936
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//