Шов-шувларга бой ўтган 46-Шахмат олимпиадасининг сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси ўйинини ҳиндларнинг машҳур YouTube каналларидан бири орқали кузатдим. Менга ҳар доим “фидбек” (четдаги муносабат)лар қизиқ. Ўзимизникиларнинг фикри олдиндан маълум: тахминан “ёриб ташладик” қабилидаги гаплар. Ростини айтганда, бу сафар бу гап сира муболаға эмас эди.
Аммо ҳиндларнинг реакциясини кузатиш бутунлай бошқача завқ экан. Уларнинг шахмат каналлари орқали халқлар, характерлар ва маданиятларнинг эркин тўқнашувини кўриш мумкин. Ўйин Самарқанддаги доскада кечди, шавқи ва ваҳимаси эса YouTube’да бўлди, десам хато бўлмайди.
Масаланинг ҳиндлар учун қанчалик ҳассос эканини тушунтириб ўтай. Охирги тур олдидан Ўзбекистон 18, Ҳиндистон 17 очко билан келаётган эди. Агар Ҳиндистон ўз учрашувини ютиб, Ўзбекистон эса дуранг ўйнаса, очколар тенглашиб, чемпионлик тақдири қўшимча кўрсаткичларга боғлиқ бўларди. Агар Ўзбекистон мағлуб бўлиб, Ҳиндистон ютса, олтин медаль тўғридан-тўғри ҳиндларга насиб этарди.
Шу сабаб онлайн трансляциядаги кайфиятни тасаввур қилаверинг. Ўн минглаб шахмат мухлислари экран қаршисида, чат бир сония тинмайди. Бир пайт қарасам, ҳинд мухлислари ўз жамоасини қўллаш билан чекланмай, Ўзбекистонга қарши ўйнаётган афсонавий украин гроссмейстери Василий Иванчукка ҳам чин дилдан мухлислик қила бошлабди.
Бу ёқда Жавоҳир Синдоров одатдагидек хотиржам, ҳатто жилмайиб ўтирибди. Нариги томонда Иванчук сочларини асабий силайди, доскага тикилади, нажот йўлини қидиради. Ҳиндистонлик шарҳловчилар эса ҳар бир юришдан умид излайди. Шахмат доскаси Самарқандда, Деҳлида эса асаблар таранг. Вой-дод!
Ўзбек мухлислари каби қизиққон одамлар дунёда кам бўлса керак. Қараб турсам, бизникилар ҳинд платформасида инглиз тилида ҳиндларга ақлли босим ўтказяпти. Бирорта нораво гап ёки фикр айтилса, ўша заҳоти ўнлаб ўзбекча фамилиялардан “ўйиб-ўйиб” оладиган жавоблар ёзиляпти. Лекин ҳар икки томон ҳам маданият билан тортишяпти, канал админлари ҳаддидан ошганларни дарҳол блоклаяпти, огоҳлантиряпти.
Мана, ҳал қилувчи онлар яқинлашди. Ўйин тақдирини тўртинчи доскада Муҳиддин Мадаминов ҳал қилди: у Роман Дехтяровни мағлуб этиб, жамоага ҳал қилувчи очкони олиб берди. Қолган уч доскадаги дуранглар билан Ўзбекистон Украина устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди ва чемпионликни расмийлаштирди. Ғалабадан умидвор бўлиб, юлдузли таркиби билан мусобақага келган Ҳиндистон жамоаси аъзолари эса эсанкираб, маъносиз равишда атрофга тикилиб ўтирибди. Чунки таркибида амалдаги жаҳон чемпиони бўлган жамоа учун бу аламли ҳолат-да барибир. Қизиғи денг, улар ўзлари ҳам Ўзбекистон-2 жамоаси билан ўйин ўтказаётиб, бу манзарани кузатаркан, гўё бизнинг ғалабамизга муҳташам фон бўлиб хизмат қилдилар.
Ҳиндистон терма жамоаси икки тур аввал бизга мағлуб бўлганида бу қадар тушкун эмасди. Ўшанда юзларида ҳали олдинда уч тур бор ва вазиятни ўнглаб олишларига ишончни билдирувчи сокин нимтабассум бор эди. Ҳозир эса аҳвол ўзгача – охирги тур! Ўзбек ва ҳинд шахматчилари биринчилик учун баҳслашаркан, бу мақомга ҳали яқин ҳам келолмаган АҚШ, Украина, Германия, Хитой сингари кучли мактаб соҳиблари “фаол томошабин” бўлиб доскага тикилиб турардилар.
Мағлубларнинг аламли нигоҳларига дош бериш қийин, ғолибларнинг нигоҳларига термулиш эса завқли. Биз бугун ғолиблар сафида эдик ва буюк мактаб вакилларининг суробини досканинг ўзидаёқ битта-битта тўғирлаб қўйган эдик. Ўйин тугар-тугамас америкалик таниқли гросмейстер Ҳикару Накамура YouTube’да стрим очиб, ўзбекларнинг партияларини шарҳлай кетди, маҳаллай медиа – бизникилар эса тушунганича жараённи олқишлаб, ёрита бошлади. Тармоқлар портлади. Бунинг чинакам катта ғалаба эканини тушунган мутахассислар ҳаяжонини зўрға босиб интервью беришга тушди.
Ўйиндан кейинги қисқа матбуот анжуманида ўзбек шахматчиларидан ўз идеали ҳақида сўрашганида: “Рустам Қосимжонов туфайли шахматга кириб келганмиз”, дея бир овоздан жавоб беришди. Шу тариқа афсона халқ қалбига яна қайтди. Қайтгандаям тўртта янги афсона – шахмат даҳолари билан қайтди. Федерациямиз раҳбари, бош вазир Абдулла Арипов йигитларга медалларни топширар экан, бирга суратга тушишни илтимос қилди. Шахмат қироллари шохсупадан пастга тушиб, Федерация раҳбари билан эсдалик учун суратга тушдилар. Фотокамералар бу манзарани тарихга муҳрлади. Федерация раҳбарининг ўринбосари – навқирон ва меҳнаткаш Алишер Саъдуллаев шу ердаям яна ташкилий ишларга бош-қош бўлиб турибди.
Мусобақа баҳонасида ўзбек шахмат шарҳловчилиги бир поғона ўсганига гувоҳ бўлдик. Сиёсий-маданий қочиримлар ва ўткир юмористик иборалар билан бойитилган шарҳлар наинки ўз аудиториясини кенгайтирди, балки Ўзбекистонда оммавий шахматнинг янги босқичга кўтарилиши ва янги тўлқин пайдо бўлишига қайсидир маънода туртки берди.
Мана, шоҳсупада ўзбек баҳодирлари – оппоқ костюмдаги масъум болалар, ўзбек йигитлари турибди. Камералар Жавоҳир Синдоровга меҳр ва ҳайрат билан тикилиб турган қозоқ спортчиси Бибисорани кўрсатяпти. Шахмат романтикасига айланган бу жуфтлик бир-бирига самимий табассум қилади, атрофда минглаб мухлислар – дастхат сўрайди. Бу онларда ўзбек шахматчилари дунёнинг мумтоз мактабларидан бирига айланганини жаҳон тан олди. Чунки Олимпиадада икки марта чемпионлик, қаторасига совриндорлик мутлақо тасодиф эмас.
Давлат бошқарувидаги тўғри ёндашув ўйин тақдирини ҳал қилди: ҳақиқий жамоа, яхши мураббий, шарт-шароит, эътибор ва натижа. Натижа эса ўзбек профессионал шахмат спорти тарихидаги энг ёрқин саҳифадир.
Тақдирлаш маросимидан кейинги бадиий дастур соф миллий колорит ва фольклор анъаналарига асослангани кечани янада завқли ва томошабоп қилди. Айниқса, Ҳулкар Абдуллаеванинг “Пақа-пақ” қўшиғи янграганида YouTube ҳам, саҳна ҳам “портлади”. Ҳиндлар тинмай ёзар, “Пақа-пақ” сўзининг маъносига қизиқишарди. Ҳатто улардан бир: “пака-пак – бу ўзбекчасига гудбай дегани”, деб ҳазил ҳам қилди. Саҳнадаги қайноқ муҳит интернетга кўчди. Камералар ҳамон Самарқандда: чўгирма кийган тўртовлон – чемпионлар “Пақа-пақ” оҳангларида яйраб ўйняпти, халқ эса уларни олқишлаяпти.
Ану шунақа гаплар. Бу ғалаба халқимизни ғурурлантирди, бирлаштирди, ўзимизга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади. Аслида Самарқанддаги бу мусобақанинг ўзи алоҳида тарих эди. Марказий Осиё илк бор Шахмат Олимпиадасига мезбонлик қилди. Дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати вакиллари келган мусобақада 397 та жамоа, 1 970 нафар шахматчи, жумладан 238 гроссмейстер иштирок этди. Мураббийлар, расмийлар ва делегация аъзолари билан бирга Самарқанд 4 мингдан зиёд меҳмонни қабул қилди. 397 жамоа – Шахмат Олимпиадаси тарихидаги мутлақ рекорд (икки йил аввал Будапештда 380 жамоа қатнашган эди).
Ўн бир тур давомида минглаб партиялар ўйналган бу улкан шахмат форуми шу тариқа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё спорт тарихидаги энг улкан халқаро мусобақалардан бирига айланди.
Беҳзод ҚОБУЛОВ
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ