Бугун компютер ва интернет саводхонлиги нафақат касбий маҳорат, балки кундалик ҳаётимиздаги муҳим кўникмага айланди. Рақамли дунё борган сари кенгайиб, ёш авлоднинг замонавий технологияларга қизиқиши ортиб бораётир. Болалар рақамли маконни табиий ҳаётнинг бир қисми деб ўйлайди. Оқибатда зарарли контент, аноним мулоқот, фирибгарлик, йўлдан оздирувчи ахборот гирдобига тушиб қолади. Чунки уларда ҳали мустақил фикрлаш, ахборотни фарқлаш, хавфни англаш каби кўникмалар шаклланмаган. Шу сабабли фарзандларимизда рақамли хулқ-атвор маданиятини шакллантириш давлат ва жамиятнинг асосий вазифаларидан бирига айланмоқда.
Рақамли хулқ-атвор
ХХI аср болалари “компьютер технологиялари” ва “нанотехнологиялар” деб аталган даврни тез ортда қолдириб, “сунъий интеллект” авлоди сифатида улғаймоқда. Гўдаклигидан интернет ва рақамли технологиялар билан танишиб, рақамли саводхонликка эга бўлмаса-да, гаджет ва смартфонлардан мустақил фойдаланишни ўрганаяпти. Тадқиқотларга кўра, авлодлар ҳар 20-25 йилда алмашади ва уларнинг қадриятлари, хулқи, мотивлари шу даврга мос бўлади. Глобаллашув шароитида эса ёш авлоднинг онги ва руҳияти виртуал макон орқали шаклланмоқда. Мета олам (виртуал муҳитдаги мулоқот, иш ва дам олиш имконига эга бўлган рақамли дунё) ва виртуал реаллик ёшларнинг шахсий ва ижтимоий идентификациясига таъсир ўтказмоқда. Замонавий “Homo sapiens” – Зета, Алфа ва Бета авлодлар онлайн маконда кўпроқ вақт ўтказиб, виртуал ва реал муҳит ўртасида янги тушунчаларни ҳосил қилмоқда. Улар виртуал маконнинг фаол фойдаланувчиларидир. Шу боис уларни рақамли хавфсизлик ва тўғри контент билан таъминлашнинг аҳамияти соат сайин ортиб бормоқда.
Дофамин тобелиги нима?
Бола дунёга келган кунидан бошлаб мияси ниҳоятда мураккаб ва сезгир бўлади. Айниқса, дофамин тизими – мотивация, мукофот, қувонч, ўрганиш ва ҳаракатни бошқарувчи нейробиологик механизмлари болалик ва ўсмирликда жуда фаол бўлади. Дофамин бизни янги нарсаларга қизиқтиради, ўрганишга ундайди ва ёқимли тажрибаларни такрорлашга мажбур қилади. Шунинг учун ҳам рақамли муҳит болалар учун нафақат қизиқарли, балки маълум даражада хавфли “психологик магнит” вазифасини ҳам бажаради.
Дофамин тобелиги мия мукофот тизимининг ортиқча стимуляция натижасида бир хил лаззат ёки ҳаяжон учун тобора кўпроқ таъсир талаб қилишидир. Яъни, бола илгари завқ олган фаолиятдан яна завқ олиши учун энди аввалгидан кўпроқ вақт, кучлироқ таъсир ёки ҳаяжонли контентга муҳтож бўлади. Замонавий рақамли технологиялар айнан шу механизмга асосланади. Ахборотнинг чексиз кетма-кетлиги, рангли анимация, тез ўзгарувчи видео, ўйинлардаги рағбат тизимлари дофамин чиқарилишини максимал даражада рағбатлантиради. Жараён мунтазам давом этса бола реал ҳаётдаги тинч ва секин фаолият, яъни китоб ўқиш, гурунг, сайр, ижодий ишлардан завқланолмай қолиши мумкин.
Бугунги рақамли маконнинг энг хавфли жиҳати ундаги контентнинг болаларга мослашганлиги. Контент болани “кетказиб юбормаслик” учун атай ишлаб чиқарилади. Хўш, бу қопқон шундай ишлайди:
тез ўзгарувчи видеолар мияни доимий стимуляция ҳолатида ушлаб туради;
ўйинлардаги рағбат режимлари, яъни бонуслар, даража ва кўтарилишлар бола миясини яна ва яна деб талаб қилишга ўргатади;
ижтимоий тармоқлардаги лайк ва шарҳлар эса бола онгида “мендан розими?”, “мени ким кўрди?”, “яна ким баҳо беради?” деган ижтимоий эҳтиёжни кучайтиради;
чексиз ахборот манбаи тугамайдиган рағбат каби ишлайдиган дофамин тизимини кучли таъсирлантиради. Шу сабабли бола нега телефонни қўя олмаётганини ўзи ҳам тушунмайди. Чунки у онгли эмас, нейробиологик даражада боғланиб қолган бўлади.
Дофамин миямизда “мукофот сигнали” сифатида ишлайди ва қуйидаги жараёнларни бошқаради:
қизиқиш уйғотади;
мотивация ва кутиш ҳисси пайдо қилади;
мукофотдан завқланишга ўргатади;
ушбу тажрибани такрорлашга ундайди.
Болалар рақамли қурилмага ҳаддан ташқари боғланиб қолади, ундан ажралганда асабийлашади, йиғлайди ёки жаҳли чиқади. Бу оддий инжиқлик эмас, мия мукофот тизимининг ортиқча қўзғалганидан далолат беради.
Бола жазолаш эмас, онгли бошқарув ва босқичма-босқич чекловлар билан дофамин тобелигидан қутқарилади. Аввало экран вақтини ёшга мос чеклаш, ухлашдан олдинги камида икки соат экрандан воз кечиш ва “телефон бўлмайдиган ҳудуд” яратиш муҳим. Бола учун китоб ўқиш, расм чизиш, спорт, сайр, мусиқа ва конструкторларни ўйнаш каби сокин, мамнуният берувчи машғулотлар зарур бўлади.
Ҳар авлодда турлича таҳдид
Интернет хавфсизлиги ҳақида сўз борар экан, авлодлар назарияси нуқтаи назаридан ҳар бир авлоднинг интернет билан муносабати ва рақамли хулқида сезиларли фарқлар мавжуд.
Х авлод вакиллари (1965–1980-йиллар) – интернетни асосан иш ва маълумот манбаи сифатида ишлатади. Онлайн таҳдидларга эҳтиёткор ёндашади ва хавфсизликни технологик чоралар орқали таъминлашга интилади. Шу боис улар учун хавфсизлик бўйича кўрсатмалар техник жиҳатлар билан боғлиқ бўлиши самарали.
Милленниаллар – Y авлод вакиллари (1981–1996-йиллар) – интернетни ижтимоий алоқалар ва ўзини ифода этиш воситаси сифатида фаол ишлатади. Онлайн хатарларни англайди ва шахсий контентнинг хавфсизлигини таъминлашга қизиқади. Улар учун интерактив йўриқномалар ва профил созламалари бўйича тренинглар самаралироқ.
Zed ва Alfa авлод вакиллари (1997–2012-йиллар) – рақамли маконда “табиий яшовчилар” бўлиб, интернетдан туғилишдан бошлаб фойдаланади. Улар тезкорлик ва виртуал макондаги фаолият туфайли хатарларни камроқ сезади. Шу боис хавфсизликни ўргатишда ўйин, анимация ва қисқа видео форматлар орқали интерактив ёндашув самарали бўлади.
Авлодлар ўртасидаги фарқни ҳисобга олиш интернет хавфсизлигини таъминлашда асосий омилдир. Ҳар бир авлоднинг рақамли маданияти, контентга муносабати ва технология билан ишлаш қобилияти хавфсизлик стратегиясини шакллантиришда ҳисобга олиниши керак.
Тренд, мем, челленж ва флешбум
Рақамли ахборот маконининг жадал ривожи интернетда тренд, мем, челленж ва флешбум каби онлайн ҳодисаларни оммалаштирди. Ушбу ҳодисалар ижтимоий тармоқларнинг ажралмас қисмига айланиб, ёшларнинг дунёқараши, хулқига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Кўпинча кўнгилочар ва беозор кўринса-да, уларнинг мазмуни ва тарқалиш механизми психологик, ижтимоий ҳамда хавфсизликка оид таҳдидларни юзага келтириши мумкин.
Тренд – интернетда қисқа вақт ичида оммалашадиган ғоя, ҳаракат ёки аудиовизуал ифода бўлиб, асосан “TikTok”, “YouTube”, “Shorts” ва “Instagram” каби платформаларда шаклланади. Трендларнинг тез ўзгариши хатарни тўлиқ англамаган ёшларни кўрганларини такрорлашга ундайди. Хусусан, экстремал ҳаракатлар, зарарли диеталар ё шахсий маълумотларни ошкор қилиш билан боғлиқ трендлар болалар ва ўсмирлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солади.
Челленжлар фойдаланувчиларни маълум вазифани бажаришга ва уни видео орқали тарқатишга ундайди. Ижобий (спорт, хайрия), зарарсиз кўнгилочар ва хавфли турларга бўлинади. Хавфли челленжлар ўзини жароҳатлаш, ноқонуний ҳаракат ёки ҳаёт учун хавфли вазифаларни тарғиб қилиши мумкин. Ёшлар эса “трендда бўлиш” истаги билан, оқибатини ўйламасдан бундай челленжларга қўшилиши эҳтимоли юқори.
Мемлар интернет маданиятининг муҳим элементи бўлиб, кулгили ёки танқидий мазмунда тез тарқалади ва кучли ижтимоий таъсирга эга. Улар креативликни ривожлантириш билан бирга, камситиш, кибербуллинг ёки салбий стереотипларни кучайтириши ҳам мумкин.
Флешбумлар эса кўплаб фойдаланувчилар бир вақтда амалга оширадиган жамоавий акция бўлиб, ижобий ташаббусларни тарғиб қилиши ёки, аксинча, хавфли ва ноқонуний ғояларга хизмат қилиши эҳтимоли бор.
Бугунги кунда 4-12 ёшдаги болалар “TikTok”, “YouTube”, “Shorts” ва “Instagram”да қисқа видеоларни (short reels) мунтазам томоша қилмоқда. Ушбу формат болаларнинг эътиборини тез жалб қилади. Улар янги сўзлар, рақслар, трендлар ва ғояларни осон ўзлаштиришга ёрдам берса-да, жиддий хавфларни ҳам юзага келтиради. Мутахассисларга кўра, қисқа видеолар миядаги “ҳаяжон марказлари”ни фаоллаштиради ва маълумотни тез қабул қилишга мажбур этади. Бу узоқ муддатда диққатни жамлаш, мураккаб қарорлар қабул қилиш ва ҳаракатларни бошқариш қобилиятини сусайтиради. Тез-тез ўзгариб турувчи видеолар эса ҳаяжон ва қониқиш ҳиссини уйғотади, бу янги контентга қарамликни оширади.
Қисқаси, рақамли макон чексиз контент, турли мафкуравий оқимлар, ёшга мос бўлмаган тасвирлар ва манипулятив ахборот билан тўлдирилган. Шу сабабли хавфсиз интернет учта асосий таркибга эга бўлиши керак:
техник ҳимоя – филтрлар, пароллар, махфийлик созламалари ва ёшга мос чекловлар;
ахборот маданияти – боланинг танқидий фикрлаши, шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни билиши;
психологик қўллов – боланинг интернетдаги ҳар бир тажрибаси ҳақида ота-она билан эркин мулоқот қила олиши.
Агар бу уч йўналиш уйғун ишласа, болаларимиз интернетдан билим оладиган ва ижод қиладиган соғлом рақамли муҳитга эга бўлади.
Нигора ҲУСАНОВА,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ходими
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 3-сон.
“Рақамли дунёнинг рақамли болалари” мақоласи
Жараён
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ