Миллат илдизларининг нечоғлиқ чуқурлигини англагани сари қадди шунчалик баланд, қадами шу қадар собит бўлади. Шу боис мустақиллигимиз тарихини фақат 1991 йил билан чекламасдан, уни уч минг йиллик давлатчилик анъаналаримиз билан узвий боғлаб ўрганиш муҳим илмий ва тарихий аҳамиятга эга. Истиқлолнинг 35 йиллиги тантаналарида тарихий силсиланинг бу тарзда яхлит кўрсатилиши замирида ҳам қадимдан келаётган давлатчилик тажрибаси, аждодлар қони, жадидлар жони ва мустамлака йилларида истиқлол учун курашган фидойи ватандошларимиз матонати мужассам бўлди.
Жадидлар армонидан янги давр иродасигача
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган нутқида жадид боболаримиз меросини яна бир бор юксак эҳтиром билан тилга олди. Бунда катта ижтимоий ва миллий ҳақиқат бор: жадидчилик – миллатнинг мустамлакачилик кишанларидан қутулиш, миллий иқтисодиёт, миллий тил ва матбуот, замонавий дунёвий таълим орқали ўз мустақиллигини эълон қилишга қаратилган ҳаракат эди. Инсон қадри топталган, тафаккури занжирбанд қилинган, сўз ва фикр учун жазо муқаррар бўлган мудҳиш даврларнинг оғриғи ҳамон зирқираб турибди. Шу боисдан ҳам Президент нутқида Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий каби жадидларнинг ҳуррият ҳақидаги орзулари бугунги давлат сиёсатида акс этаётгани таъкидланаркан, кўнгилларда таскин, эртанги кунга ишонч уйғонади.
Бугун кўпчилик жадидларни фақатгина адабиётчи ва муаллим сифатида тасаввур қилади. Аслида эса улар ўз даврининг энг илғор иқтисодий ва ижтимоий тафаккур эгалари эди. Улар жуда яхши англаган: илмий ва ҳарбий салоҳиятга, миллий саноатга, эркин савдо ва сармояга, мустақил банк тизимига эга бўлмаган жамият ҳеч қачон тўлақонли сиёсий эркинликка эришолмайди. Шунинг учун ҳам жадид боболаримиз мактаблар очиш баробарида миллий ширкатлар тузиш, ёшларни хорижга нафақат гуманитар билимлар, энг асосийси, муҳандислик, агрономия ва иқтисодиётни ўрганиш учун юборишга жон-жаҳди билан интилган эди. Жадидлар бу миллатнинг фикри ҳур, қадди баланд, маърифати мукаммал ва иқтисоди мустақил бўлишини истаганди.
Президент нутқида таъкидланганидек, «Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда». Бу сўзларнинг мантиғи шуки, маънавият қуруқ панд-насиҳат ёки шиорлардан иборат эмаслигини йилларнинг ўзи исботлаб қўйди. Ҳақиқий маънавият инсонга эркинлик, ўзлигини англаш ва масъулият туйғусини беради. Нутқда очиқ айтилганидек, «фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллаши» – жамият руҳиятидаги катта инқилобдир. Тафаккуридан қўрқув кетган инсонгина чинакам ижодкорга, ташаббускор тадбиркорга, ҳақиқатни айта оладиган эркин фуқарога айланади. Жадидлар орзу қилган «Инсон қадри» тушунчасининг амалий ифодаси ҳам шу аслида.
Жадидлар меросига эҳтиром фақатгина уларнинг асарларини нашр этиш ёки ҳайкаллари пойига гул қўйиш билан кифояланмайди. Ҳақиқий эҳтиром бу – улар орзу қилган маърифатли жамиятни қуриш, ёшларимизни илм-фан ва касб-ҳунарда жаҳон билан беллаша оладиган даражага етказиш, тадбиркор ва янгилик яратувчи инсонларни эъзозлаш демакдир. Қолаверса, жадидларнинг исмларини санашдан кўра уларнинг амалларини давом эттириш муҳимроқ. Шу боис, уларнинг меросини бугунги давлатчилигимизнинг амалий ҳаракат дастурига айлантириш учун олдимизда турган вазифалар кўп.
Хусусан, жадидларнинг иқтисодий ва ижтимоий қарашларини давлатчилик ва тадбиркорлик мактаблари асосига айлантириш лозим. Жадидчиликка фақат адабий-маърифий ҳаракат сифатида қарамасдан, уларнинг иқтисодий қарашлари ва амалий ташаббусларини алоҳида илмий йўналиш сифатида тадқиқ этиш катта самара беради. Уларнинг хусусий мулк ва рақобат ҳақидаги қарашларини бугунги иқтисодчи ва бошқарувчиларнинг ўқув дастурларига асос қилиб киритиш керак бўлади.
Ўз даврида жадидлар ёшларни Германия каби дунёнинг илғор марказларига муҳандислик, кимё, агрономия ва ишлаб чиқаришни ўрганишга юборган эди. Бугун ҳам Янги Ўзбекистоннинг стратегик тармоқлари – сунъий интеллект, микроэлектроника, биотехнология ва яшил энергетика бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш жадидча шижоат билан давом эттирилиши шарт. Бунинг учун иқтидорли ёшларнинг миллий саноатни янги босқичга олиб чиқувчи стартаплари ва илмий-амалий изланишларини бевосита молиялаштирувчи махсус мақсадли венчур фондлари тизимини кучайтириш тақозо этилади.
Жадидлар орзу қилган ҳуррият бу – инсоннинг ўз қадрини англаши, фикрлашдан, ҳақиқатни айтишдан ва ташаббус кўрсатишдан қўрқмаслигидир. Президент нутқида қайд этилган юракдаги қўрқув ва ҳадикни енгиш жараёни ҳар бир жабҳада очиқлик, қонун устуворлиги ва мустақил фуқаролик масъулияти билан белгиланади.
Таълимга сармоя, муаллим қадри ва илм тижоратлашуви
Иқтисодий тараққиёт учун жамиятнинг илмий салоҳияти мамлакатдаги хомашё ёки бойликлардан кўра кўпроқ наф келтиради. Замонавий дунёда ҳам ривожланган мамлакатлар яқин тарихига назар ташласак, моддий бойликлар ёки яшаш фаровонлиги ўша жамиятдаги илмий юксалиш ортидан келганлигига гувоҳ бўламиз.
Тарихий илдизларидан узилган жамиятлар ўзгаларнинг маданий таъсирига осон тушади. Бу қарамликдан чиқишнинг ягона йўли – илм-фан ва таълим орқали ўзликни асрашдир. Давлатимиз раҳбарининг мустақиллик нутқида мактабгача таълимдан тортиб олий таълим ва академик илм-фангача бўлган занжирнинг ягона тизимга келтирилиши ҳамда билим ва малакани миллий тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш вазифаси эълон қилинди.
Дунёда таълим, илм ва китобхонликка тикилган инвестициядан-да юқори фойда келтирадиган, жамиятнинг келажагини кафолатлайдиган бошқа сармоя йўқ. Давлатни янгилаш учун бинолар, йўллар ёки заводлар қуриш билан бирга янги замон руҳини ҳис қилган, мустақил фикрли инсонни тарбияламоқ лозим. Нутқда Янги Тошкент ҳудудида Миллий кутубхонанинг муҳташам биноси, Педагогика университети ва Янги Ўзбекистон университети қад ростлагани алоҳида эҳтиром билан тилга олинди. Бу бежиз эмас – келажак шаҳри аввало савдо ёки идоралар эмас, тафаккур устига қурилиши кераклигига ишора.
Шунингдек, нутқда олий таълим тизимида таҳсил олаётган 1 миллион 600 минг талабанинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этаётгани ҳақида сўз юритилди. Президент бу ҳолатни «Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси» деб атади. Бизнинг миллий менталитетимизда қиз бола келажак бешигини тебратувчи онадир. Билимли қиз бу – билимли оила демакдир. Ўқиган, дунё кўрган, касб-ҳунарли бўлган она тарбиялаган фарзанд ўз кучига ишонч билан улғаяди.
Ўқитувчини мажбурий юмушлардан, дала меҳнатидан, қоғозбозлик гирдобидан қутқариб, уни яна синф хонасига, маърифат минбарига қайтариш – мустақиллик йилларидаги энг катта тарихий адолат тантанасидир. Бу – ҳали тўлалигича охирига етмаган, аммо кечиктириб бўлмас ислоҳот. Чунки ҳар бир олимнинг, ҳар бир молиячининг, ҳар бир давлат арбобининг ортида муаллим меҳнати туради.
Ўз ўтмишига тик қарай оладиган, хато ва фожиалардан тўғри хулоса чиқарадиган миллат келажакнинг режаларини тўғри ва дадил туза олади. Президент нутқида ҳам кечаги хато ва камчиликларни унутмасдан бугуннинг, эртанинг режаларини тузиш мақсади мужассам. Бунда асосий вазифа – «таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш» занжирини қоғозда эмас, реал бозор талаблари асосида ишлатиш, мактабгача таълимдан тортиб академик илм-фангача бўлган бўғинларни бир-бирини тўлдирувчи ягона тадқиқот майдонига айлантиришдир. Илмий тадқиқотлар шунчаки диссертация ёки монографияларда қолиб кетмасдан, миллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва рақамли хизматлар бозори билан бевосита боғланиб, тижоратлаштирилиши лозим.
Ундан олдин эса муаллимнинг шаъни, касбий эркинлиги ва ижтимоий кафолатларини мутлақ устувор қадриятга кўтариш талаб этилади. Ўқитувчини мажбурий меҳнат ва қоғозбозлик занжиридан халос этиш бўйича бошланган тарихий ислоҳотни уларнинг доимий малака ошириш тизимини тубдан янгилаш билан давом эттириш муҳим. Педагог кадрларни баҳолашда қуруқ тест синовларидан воз кечиб, ўқувчиларга танқидий ва ижодий фикрлашни ўргата олиш маҳоратига асосланган замонавий миллий рейтинг ва рағбатлантириш механизмини жорий этиш зарур. Муаллимнинг жамиятдаги маоши ва ижтимоий мақоми унинг фақат ўз касби билан машғул бўлишини таъминлаши шарт.
Рақамли тил инқирозига қарши маънавий қалқон
Нутқдаги концептуал жиҳатдан янги стратегик чақириқларидан яна бири она тилимиз тақдири билан боғлиқ бўлди: «Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим». Бу чақириқ ХХI асрнинг шафқатсиз технологик пойгасида тилимизнинг, демакки, миллатимизнинг тафаккур мустақиллигини сақлаб қолишга қаратилган вазифадир. Бугун тилимизни рақамли технологияларга мослаштирмасак, эртага бошқа тилларнинг ахборот таъсирига бутунлай тушиб қоламиз.
Миллий ўзлигимиз бир замонлар тошбитиклар бағрида, кейинчалик қўлёзмалар ва босма матбуот саҳифаларида жон сақлаган бўлса, бугун тилнинг яшовчанлик мезони рақамли алгоритмлар, катта маълумотлар базаси ва сунъий интеллект кодларига кўчди. Шундай экан, энди она тилимизнинг бойлиги ва Навоий мероси билан фахрланишнинг ўзи камлик қилади. Агар тил компьютер кодларига, алгоритмлар ва юқори технологияларга мослаштирилмаса, у келажак авлод онгидан аста-секин суриб чиқарилади ва глобал ахборот майдонида ўз мавқейини йўқотади. «Рақамли тил инқирози» шу тарзда рўй беради.
Бугун тилнинг қадри унинг саноат, молия, муҳандислик ва замонавий илм-фандаги амалий ўрни билан ўлчанмоқда. Ўзбек тили фақатгина ўзга тилларда яратилган билимларни истеъмол қилувчи, тайёр контентни таржима қилувчи «иккиламчи тил» бўлиб қолмаслиги керак. Таъкидланганидек, у фан ва кашфиётлар, ИТ, архитектура, янги билим ва рақамли маҳсулотлар тўғридан-тўғри яратиладиган мустақил лингвистик кучга айланиши шарт.
Биргина молиявий атамашунослик ва рақамли интерфейсларни олайлик. Ушбу тизимда ҳали ҳам интернет тилларига қарамлик, калька таржима атамалар ва сунъий жумлалар учраб туришини соҳанинг ичида юрганлар яхши билишади. Агар тадбиркор ёки оддий фуқаро давлат хизматлари ва банк иловаларидан ўз она тилида қийналмай фойдалана олмаса, рақамлаштириш ҳам, молиявий саводхонлик ҳам кутилган натижани бермайди. Хизмат кўрсатиш ва миллий иқтисодиёт тили халқнинг ўз тили билан уйғунлашгандагина ҳақиқий тараққиёт бошланади.
Президент нутқида алоҳида қайд этилган, 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш мақсади ҳам тил масаласига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Агар биз сунъий интеллект моделларини, катта тил корпусларини ( LLM) ўзбек тилидаги илмий атамалар ва миллий дунёқарашимиз билан бойитмасак, эртанги авлод рақамли дунёда ўзга тилларнинг маданий ва ғоявий таъсирига тушиб қолиши мумкин. Зотан, алгоритмлардан четда қолган тил ўзгаларнинг мафкуравий қуролига айланади ва ўз мустақиллигини йўқотади.
Шу боисдан ҳам ўзбек тили сунъий интеллект нейротармоқлари тушунадиган ва фикрларни мустақил равишда ифодалай оладиган тилга айланиши лозим. Токи, ўзбекчада ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишдан тортиб, венчур фондлар, стартаплар, фонд биржаси, рақамли банк тизимлари ва фундаментал илмий изланишларни бемалол жорий этиш мумкин бўлсин.
Бунда миллий тилнинг тўлақонли рақамли экотизимини барпо этиш жуда катта натижа беради. Сабаби, сунъий интеллект ўз-ўзидан ўзбек тилида фикрламайди. Бунинг учун тилнинг юзлаб миллион, миллиардлаб сўз ва ибораларни, адабий ва илмий матнларни қамраб олган миллий корпуслари, семантик тармоқлари ишлаб чиқилиши зарур.
Шу ўринда яқинда Олий Мажлис Сенати лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни маъқуллаганини алоҳида эътироф этиш лозим. Кўпчилик бунга тор лингвистик масала сифатида қараши мумкин, аммо бунинг ортида жиддий технологик зарурат ётибди. Амалдаги алифбодаги айрим белгилар (қўшҳарфлар ва апострофлар) рақамли тизимларда, қидирув алгоритмларида, сунъий интеллект моделларида техник чалкашликлар келтириб чиқаради. Такомиллашган алифбо эса тилнинг рақамли базаларга осон интеграциялашувига, дастурий таъминотларда миллий кодларнинг тўғри ишлашига хизмат қилади.
Биз қадим тарихдан то бугунги кунгача яратилган барча бадиий, фалсафий, илмий меросимизни алгоритмлар танийдиган ва қайта ишлай оладиган даражага келтиришимиз керак. Тилнинг рақамли дунёдаги мустақиллиги айнан мана шу пойдевордан бошланади. Биргина банк ва молия тизимини оладиган бўлсак, миллионлаб иқтисодий таҳлиллар, банк ҳужжатлари, илмий мақолалар, статистик шарҳлар ва қонунчилик матнларини сифатли рақамлаштирган ҳолда тизимларга киритиш талаб этилади. Аҳолиси унча кўп бўлмаган Эстония, Финляндия каби давлатларнинг ўз тилларини тўлиқ рақамлаштириб, кичик тилларни йирик глобал финтех тизимларининг ажралмас қисмига айлантиргани, Германия ва Франциянинг рақамли молия ва сунъий интеллект бўйича махсус дастурларни ишга туширгани биз учун, ўрганиш мумкин бўлган муҳим тажриба бўлиши мумкин.
Бугунги кунда ахборот технологиялари, биотехнология, банк-молия соҳаларида юзлаб янги тушунчалар пайдо бўлмоқда. Агар биз бу атамаларни ўз вақтида миллий тилнинг ички имкониятлари ва сўз ясаш қолиплари асосида муомалага киритмасак, она тилимиз замонавий тараққиёт жараёнларини ифодалашда ожиз бўлиб қолади. Бу ўринда кўр-кўрона калька таржима эмас, тилнинг бой маъно қатламларидан фойдаланиш, тилнинг ифодавийлиги ва мантиқий аниқлигини сақлаб қолган ҳолда янги луғавий бирликлар яратиш талаб этилади. Бу жараён ўз навбатида сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган фан ва технологиялар, ижтимоий ва молиявий тизимларнинг ўзбек тилидаги буйруқ ва таҳлилларни хатосиз қабул қилишини кафолатлайди.
Бугунги рақамлашув ва интернет мулоқоти (хусусан, мессенжерлардаги қисқа матнлар) тилнинг лексик қатламини жуда жўнлаштириб, примитив шаклга солиб қўйиш хавфи юқори. Ўзбек тили эса синонимларга, мажозий ифодаларга бой, образлилик қулай бўлган тил. Бундай вазиятда бизнинг вазифамиз – технологияга тилнинг грамматикаси билан бирга унинг миллий руҳи, бадиий тафаккури ва маъно қатламларини ҳам жойлай олишдир.
Демак, она тилига бўлган муҳаббат фақат уни кўкларга кўтарувчи даъватларда эмас, мукаммал иловаларни ишлаб чиқишда, миллий рақамли луғатларни шакллантиришда, дастурлаш кодларига мослашган миллий платформаларни яратишда кўриниши керак. Хуллас, буёғига исталган тил фақат рақамли технологияларга интеграциялашгандагина глобал дунёда сақланиб қолади.
***
Мустақилликни асраш фақатгина унинг сарҳадларни қўриқлаш ёки моддий фаровонлик билангина чекланмайди. Чин истиқлол – ҳақ-ҳуқуқини англаган, илм ва касб-ҳунарда дунё билан беллаша оладиган эркин инсонлар жамиятидир. Жадид боболаримиз бизга қолдирган энг катта мерос илғор саноат, миллий банк, мустақил фикр ва дунёвий билим эди. Бугунги Ўзбекистон ана шу меросни янги замон талаблари билан бойитмоқда: шаҳар марказларига кутубхоналарни қўймоқда, муаллим шаънини тиклаб, қизларимиз таълимига йўл очмоқда ва энг муҳими – она тилимизни сунъий интеллект кодлари, глобал молия ва фан тилига айлантиришдек стратегик вазифани бирламчилардан қилиб қўймоқда. Зотан, биз миллат сифатида бой маънавий меросимизни бугунги рақамли тараққиёт билан уйғунлаштира олсак, мустақиллигимиз ҳам, тафаккуримиз ҳам асрлар оша енгилмас куч бўлиб қолаверади.
Дадахон МУҲАММАДИЕВ,
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Бошқарув
раисининг маънавият ва давлат тили масалалари
бўйича маслаҳатчиси,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ