Хива оқшомлари


Сақлаш
15:59 / 21.09.2026 118 0

16–18 сентябрь кунлари Хивада ўтказилган “Янги Ўзбекистон мушоираси” адабиёт аҳли учун кутилмаган дамларни туҳфа этди. Биринчи кун – поезддан қолиб кетиб, ўн тўрт соатлик масофани таксида босиб ўтиш даставвал оғир туюлгани рост, лекин йўл давомида ўлканинг кенгликларини томоша қилиб, ичимни тартибга келтириб ҳам бордим.

 

Поездга улгурганимда Хоразм тупроғига сафарим буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган вокзалдан бошланган бўларкан. Шу номдаги меҳмонхонада қўним топишим ҳам ўтмиш ва бугун уйғунлигини яққол ҳис эттирди.

 

 

Хива – шунчаки қадимий шаҳар эмас, у тирик тарих. Бадиий китобларда ўқиб, XVIII асрнинг осойишталигини ҳис қилишни орзу қилган инсон учун бу маскан чинакам руҳий терапияга айланди. Ичанқалъанинг қалин деворлари орасида вақт гўё ўз оқимини секинлаштиради. Шовқин-суронсиз кўчалар, миллий архитектура намойишидаги иморатлар, одамларнинг хотиржам нигоҳлари замонавий дунёнинг чарчоқларини бир зумда ювиб юборади. Яна бир эътиборли жиҳати, Тошкентдан йўлга чиққан таксимдан тортиб то емакхоналар, дўконлару ички транспортларгача янграган мусиқаларнинг бари Хоразм наволаридан иборат бўлди. Миллий таомларининг тури, мазаси эса алоҳида мавзу.

 

 

Бу тупроққа қадам қўйган ҳар бир ижодкор Хоразм адабий муҳитининг бой ва салмоқли тарихини эслайди. Мазкур маскан ўтмишда дунёга кўплаб мутафаккирларни берган: буюк тарихнавис ва шоир Мунис Хоразмий, қомусий адиб, таржимон ва шоир Огаҳий, Хива хони ва шоир, ўз даврида санъат ва адабиёт аҳлини атрофига тўплаб, бутун бир адабий мактабга асос солган Феруз (Муҳаммад Раҳимхон II), шоир, таржимон ва машҳур созанда, ўзбек нота тизимини яратувчилардан бири Комил Хоразмий, маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар. Шунингдек, кейинги давр адабиётимизда ўз ўрни ва бетакрор овозига эга бўлган марҳум шоирлардан Омон Матжон, сўз санъатининг фидойиси Ошиқ Эркин, фалсафий шеърлари билан қалблардан жой олган Матназар Абдулҳаким ҳамда ёзувчи ва драматург, тарихий романлар ва драмалар ёзган Эркин Самандар каби буюк ижодкорларни адабиётга шу замин берган. Бу сеҳрли шаҳарни кезаркансиз, уларнинг руҳи ҳамон шу кўчаларда, қадимий деворлар орасида айланиб юргандек туюлади. У ижодкорларнинг нафаси сингган бу маскан ҳамиша янги авлод шоирларига илҳом бахш этиб келиши шундандир.

 

 

Асосий тадбир 17 сентябр куни бўлиб ўтди. Турли авлод вакиллари бир даврада жам бўлиши эса лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Одатдаги катта адабий кечалардан фарқли ўлароқ, авлодлар вакиллари тарози посангисини тенг ушлади. Туркия ва Туркманистондан келган қардош ижодкорларнинг қатнашиши тадбирга халқаро руҳ берди, дейиш мумкин. 60 нафар шоир қатнашган бу байрам чинакам адабий мулоқот майдонига айланди.

 

 

Усмон Азимнинг “Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак” деган хитобини Маҳмуд Тоир, Хосият Бобомуродова, Минҳожиддин Мирзо, Салим Ашур, Рустам Мусурмон, Ибодат Ражабова, Зебо Мирзо,  Фарида Афрўз, Мунаввара Усмонова каби устоз шоирлар ва кейинги авлод вакиллари давом эттирди. Тўрт соат давом этган мушоирада залдан бирор киши чиқиб кетмади. Томошабинлар оёққа туриб, шоирларга жўр бўлган ҳолда шеърни биргаликда ўқиди. Сокинлик ва жўшқинлик уйғунлашган бундай манзара адабиётнинг кучи барҳаётлигини кўрсатди.

 

 

Мушоира Хоразм вилоят ҳокими томонидан ташкиллаштирилган кечки тадбирда ҳам давом этди. Куй-қўшиқлар, қизғин суҳбатлар, шоирлардан шеър тинглаш завқи кейинги кунга уланиб кетди.

 

 

Муҳташам шаҳарга боришимизга сабаб бўлган тадбир тарихи, Президентимизнинг 17 август куни Хивага ташрифи чоғида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга билдирган ташаббуси билан бошланиб, орадан бир ой вақт ўтмай амалга ошибди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва ЎзСаноатқурилишбанк ҳамкорлигида ташкилллаштирилган “Хива оқшомлари” мушоираси адабиётда ўзига хос янги саҳифа бўлди, дейиш мумкин. Мушоиранинг республика бўйлаб давом этиши адабиёт аҳлини қувонтиради, албатта.

 

 

18 сентябрь куни сафаримиз якунланди. Жорий йил 5 май куни Тошкент – Хива йўналишида илк қатновини амалга оширган “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар электропоездида серҳаракат шаҳримизга қайтдик. Бу гал поезддан қолиб кетмаслигимни сафардошларимнинг барчаси назорат қилди.