Низомий Арузий Самарқандийнинг 12 юзйилликда ёзиб қолдирган маълумотларига кўра, Сомонийлар сулоласининг ёш амири Наср ибн Аҳмад қишни, одатдагидек пойтахт Бухорода эмас, балки Хуросон ҳудудидаги Ҳирот атрофида жойлашган Бодғис яйловларида ўтказишга қарор қилади. Баҳор келгач, у ортга қайтиш ўрнига: “Бундан гўзалроқ жой қаерда бор, ёзни ҳам шу ерда ўтказамиз”, дейди. Ёз ўтиб, куз фасли етиб келганда эса яна: “Ҳиротнинг кузини ҳам бир кўрайлик”, деб қолади. Шу тариқа фасллар алмашаверади. Орада – саркардалар ҳайратда, оилалар эса соғинчда қолиб – тўрт йил вақт ўтиб кетади.
Ҳукмдорнинг табиат гўзаллигига чалғиб, давлат пойтахтини унутиб қўйишидек бир қарашда ноодатий туюлган бу ҳолат – аслида Шарқ адабиёти ва тарихидаги энг машҳур воқеалардан бирига сабаб бўлган. Чунки бу тарихий лавҳанинг муҳим давоми бор: қандай қилиб атиги ўн икки мисрадан иборат биргина шеър амирни тахтдан тушириб, пойабзалини кийишга ҳам улгурмасдан ялангоёқ отга миниб, Бухоро сари йўл олишга мажбур қилди? Бу сатрларни ёзган киши – ўша даврнинг етук сўз устаси Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий эди.
Наср ибн Аҳмад 914 йилда, саккиз ёшида тахтга ўтирган ва 943 йилгача – қарийб ўттиз йил ҳукмронлик қилган. Унинг даври Сомонийлар сулоласи тарихидаги энг барқарор ва фаровон босқич саналади. Турон билан Хуросон ягона ҳокимият остида бирлашган, савдо йўлларида хавфсизлик таъминланган, иқтисодий ҳолат мустаҳкамланган эди. Аммо Сомонийлар сулоласининг ҳақиқий бойлиги моддий хазинада эмас, балки Бухоро саройи атрофида тўпланган олимлар ва ижодкорлар муҳитида эди. Айнан шу йилларда ва шу ҳудудда шеърият ўз тарихидаги дастлабки чўққига кўтарилди. Бу юксалишнинг бошида эса Рудакий турар эди.
Панжруд қишлоғидан бўлган Рудакий тахминан 858 йилда туғилган. У умрининг асосий қисмини Наср ибн Аҳмад саройида – амирнинг энг яқин суҳбатдошларидан бири сифатида ўтказган. Ривоятларга кўра, унинг девонида юз мингдан ортиқ байт бўлган. Бироқ бизгача шундан атиги бир неча минг мисрагина етиб келган, қолган асарлари сақланиб қолмаган. У фақатгина етук сўз устаси эмас, балки моҳир мусиқачи ҳам бўлган. Рудакий чанг чертиб, шеърларини ўзи куйлаган ва айнан шу истеъдоди туфайли саройда юксак эътибор қозонган.
Бу тарихий воқеани бизгача етказган асосий манба – Низомий Арузий Самарқандийнинг “Тўрт мақола” (“Чаҳор мақола”) асаридир. Муаллифнинг асл исми Аҳмад ибн Умар ибн Али бўлиб, “Низомий” унинг шеърий тахаллуси бўлган. Ўша даврда яна икки шоир худди шу тахаллус билан танилгани учун уни бошқалардан ажратиб туриш мақсадида “Арузий” – арузнинг етук билимдони деб аташган. Тадқиқотларга кўра, у мазкур китобни 1156 йилнинг охири – 1157 йилнинг бошларида, марказий Афғонистоннинг баланд тоғлари орасида жойлашган Бомиён водийсида, йирик кутубхоналар ва маданий марказлардан йироқда ёзиб тугатган. Муаллиф асарни тўрт қисмга бўлиб, ҳар бир мақолани ҳукмдор учун зарур бўлган тўртта касб эгасига – котиб, шоир, мунажжим ва табибга бағишлаган. Рудакий ҳақидаги воқеа, табиийки, шоирларга аталган иккинчи мақолада келтирилади. Низомий Арузий 1110–1111-йилларда Самарқандда бўлганида, бу воқеани маҳаллий бир деҳқондан эшитганини алоҳида таъкидлайди (бу ҳақда кейинроқ батафсилроқ тўхталамиз).
“Тўрт мақола”да ёзилишича, амир қишни пойтахт Бухорода, ёзни эса Самарқандда ёки Хуросоннинг бошқа бир шаҳрида ўтказишга одатланган эди. Бироқ бу сафар навбат Ҳиротга келади. У баҳорни Бодғисда ўтказади – муаллифнинг таърифига кўра, бу жой Хуросон ва Ғарбий Эроннинг энг хушманзара яйловларидан бири бўлиб, у ердан мингга яқин серсув сой оқиб ўтган. Бу сувларнинг ҳар бири бутун бошли қўшинни таъминлашга етарли бўлган. Баҳор бўйи яйловда ўтлаб, жангга тайёр ҳолатга келган отларни кўргач, амир Ҳиротга йўл олади ва шаҳар дарвозаси яқинидаги Марғи Сафед мавзесида қароргоҳ қуради.
Айнан шу даврда ҳудуддаги Молин ва Карух (Ҳирот атрофидаги машҳур боғдорчилик қишлоқлари) мевалари пишиб етилади – бундай неъматларни бошқа ҳеч қаердан, ҳеч қандай бойликка топиб бўлмас эди. Ҳирот ҳудудига куз кеч келиб, совуқ тушмагани сабабли, узумларнинг таъми ўзгача мазали эди. Шаҳар атрофида юз йигирмата узум нави ўстирилган бўлиб, улар орасида бутун ер юзининг бошқа бирор бурчагида учрамайдиган икки нав – парниён ва қаланчарий алоҳида ажралиб турарди. Қора, деярли уруғсиз, шакардек ширин бу узумларнинг биргина боши беш мангача (“ман” — қадимий оғирлик ўлчови бўлиб, ўртача бир неча килограммга тенг келган) тош босар эди. Атрофда наргис гуллайди, Молин қишлоғида кишмиш тайёрланади, узумлар бандидан тизиб осилиб, омборлар тўлдирилади. Бунга қўшимча равишда, амир дастурхони учун Сакистондан норинж (апелсинга ўхшаш нордон-ширин цитрус мева), Мозандарондан эса турунж (лимон турига кирувчи йирик, қалин пўчоқли хушбўй мева) келтирилади. Гарчи сарой пойтахтдан йироқда ўзига хос “сургун”да бўлса-да, ҳеч қандай ҳашаматдан чекланмаган эди.
Амир табиат манзараларига шу қадар мафтун бўлади-ки, қўшини билан Ғура ва Дарвоз номли икки қишлоққа бориб ўрнашади. Бу қишлоқларнинг боғлари шамол йўналишини ҳисобга олиб шундай барпо этилган эди-ки, муаллифнинг таърифига кўра, ҳар бири нақ жаннатнинг ўзгинасига ўхшарди. Қишни ўша ерда ўтказадилар. Баҳор келганда яна ўша гап такрорланади, ёз ўтиб, куз фасли келганда ҳам шу ҳолат давом этади. Шу тариқа фасллар алмашиб, орада нақд тўрт йил ўтиб кетади. Муаллифнинг таъкидлашича, бу давр Сомонийлар сулоласининг энг гуллаб-яшнаган чоғи эди. Мамлакат обод, душман йўқ, қўшин садоқатли, омад эса ҳукмдорга ёр эди. Ҳеч нарса амирни Бухорога қайтишга мажбур қила олмасди – на уруш, на ички исён ва на бирор хавф-хатар. Фақатгина бир нарса – юрт соғинчи етишмасди, яъни амирнинг кўнгли бу туйғудан мосуво эди.
Амир билан бирга Ҳиротда юрганлар, хусусан, тўрт йил давомида пойтахтдаги оиласидан узоқда яшаётган саркардалар ва мулкдорларнинг сабр косаси тўлиб тошади. Улар ҳукмдорни ортга қайтишга очиқдан очиқ кўндиришга журъат қила олмасдилар. Чунки амирнинг юрагида Ҳирот ишқи шу қадар чуқур илдиз отган эди-ки, у суҳбат чоғида бу жойни жаннатга, ҳатто халқ тасаввурида ўта гўзал саналган афсонавий “Баҳори Чин”дан (Хитойдаги бетакрор гўзалликка эга афсонавий боғ ва ибодатхона) ҳам устун қўйиб таърифларди.
Шунда саркардалар саройдаги энг обрўли, сўзи ўткир шахс – Рудакийга ёрдам сўраб мурожаат қилишга қарор қиладилар. “Агар амирни шу ердан қўзғалишига ва Бухорога қайтишига кўндира олсанг, сенга беш минг динор ҳадя қиламиз”, дейди улар шоирга, “Чунки фарзандлар соғинчидан юрагимиз қон бўлди, жонимиз Бухоро иштиёқидан халакдир”.
Рудакий таклифни қабул қилади. У амирнинг табиати ва руҳиятини жуда яхши биларди. Муаллифнинг таъбири билан айтганда, у “амирнинг набзини ушлаб турадиган” инсон эди. Бу тажриба унга муҳим бир ҳақиқатни англатади: масалани наср, яъни очиқдан очиқ оддий сўз ёки қуруқ насиҳат билан ҳал қилиб бўлмайди. Шу сабабли Рудакий назмга – шеъриятга мурожаат қилади. У бир қасида ёзади, аммо уни дарҳол ўқиб бермай, қулай фурсат пойлайди. Кунларнинг бирида, амир тонгда кайфияти кўтаринки бўлиб турган паллада Рудакий саройга кириб, ўз жойига ўтиради. Чолғучилар навони тўхтатиши биланоқ, у қўлига чанг чолғусини олади ва ўн икки қадимий мақомдан бири бўлган “Ушшоқ” оҳангида ўз қасидасини куйлай бошлайди.
Шеърнинг дастлабки мисраларидаёқ Ватан соғинчи ва юртга бўлган меҳр рамзи сифатида Бухоро қалъаси яқинида жойлашган, Сомонийлар сулоласининг хусусий боғидан оқиб ўтувчи Мўлиён анҳори тилга олинади:
Мўлиён анҳорининг бўйи келмоқда,
Меҳрибон ёримнинг ҳиди келмоқда.
Аму қуми, йўлининг тош-тоғи билан,
Оёғим остида ипакдек жилоланмоқда.
Жайҳун суви дўстимнинг юзидан шод бўлиб,
Отимнинг белигача кўтарилиб келмоқда.
Эй Бухоро, шод бўлгин, узоқ умр кўр,
Амиринг сенга шод бўлиб қайтмоқда.
Амир – ой, Бухоро эса осмон,
Ой ўз осмони сари келмоқда.
Амир – сарв, Бухоро эса бўстон,
Сарв ўз бўстони сари келмоқда.
Форс тилида:
Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳамий,
Ёди ёри меҳрибон ояд ҳамий.
Риги Амуй ва дурушти роҳи у,
Зери поям парниён ояд ҳамий.
Оби Жайҳун аз нишоти руйи дуст,
Ханги моро то мийён ояд ҳамий.
Эй Бухоро, шод бош ва дир зий,
Мир зи ту шодмон ояд ҳамий.
Мир моҳ асту Бухоро осмон,
Моҳ суи осмон ояд ҳамий.
Мир сарв асту Бухоро бустон,
Сарв суи бустон ояд ҳамий
Бу – шеърнинг сўзма-сўз эмас, балки мазмуний таржимасидир. Форсча асл матнда ҳар бир мисра “ояд ҳаме” (“келмоқда” ёки “келаверади”) ибораси билан тугайди. Ушбу такрор шеърга жозибали қўшиқ оҳангини бахш этган ва эҳтимол, айнан шу хусусияти сабабли ҳам уни чанг жўрлигида куйлаш осон кечган. Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. Юқорида келтирилган ўн икки мисра Низомий Арузий ўз асарида ёзиб қолдирган матн бўлиб, аслида бу – машҳур қасидадан бугунги кунгача етиб келган ягона парча бўлиш эҳтимоли юқори. Воқеанинг ўзи Муҳаммад Авфийнинг “Лубоб ул-албоб” асарида ҳам (бироз фарқли тафсилотлар билан) қайд этилган, бироқ шеърнинг ушбу матни бизгача фақатгина “Чаҳор мақола” орқали сақланиб қолган, деб тахмин қилинади.
Низомий Арузийнинг ёзишича, Рудакий қасиданинг айнан мана шу байтига етганида, амир шу қадар ҳаяжонга тушади-ки, тахтдан сакраб тушади-ю, пойабзалини кийишга ҳам улгурмасдан шай турган отнинг узангисига оёқ қўйиб, тўғри Бухоро сари йўл олади. Хизматкорлар амирнинг оёқ кийимини нақд икки фарсах – тахминан ўн икки – ўн уч километр йўл давомида унинг ортидан кўтариб боришга мажбур бўладилар. Ҳукмдор пойабзалини фақатгина Баруна номли манзилга етгандагина кияди, отнинг жиловини эса то Бухорога етиб боргунча бирор марта ҳам тортмайди, яъни, йўлда умуман тўхтамайди.
Воқеа шу билан тугамайди. Саркардалар Рудакийга ваъда қилинган беш минг динорни мамнуният билан икки баробар қилиб тўлайдилар. Низомий Арузий ўз асарида бу воқеа доирасида яна бир қизиқ тафсилотни келтиради. Бу ўринда у маълумотни кимдан эшитганига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
1110–1111-йилларда Самарқандда бўлганида, муаллиф Абу Рижо Аҳмад ибн Абдуссамад Обидий исмли бир деҳқон билан суҳбатлашади. Деҳқоннинг айтишича, бу воқеани унга худди шу исм билан аталган бобоси – қари Абу Рижо ҳикоя қилиб берган экан. Унга кўра, Рудакий ўша сафардан қайтиб Самарқандга кириб келганида, унинг юк-тақасини нақд тўрт юзта туя ташиган. Тўғри, бу маълумот Низомий Арузийга икки босқичда – аввал бободан набирага, сўнг набирадан муаллифга оғзаки тарзда етиб келган, аммо у барибир шоирнинг нақадар бой ва иззат-ҳурматли шахс бўлганини кўрсатувчи ёрқин далилдир.
Яна бир тафсилот бундан-да қизиқроқ. Орадан икки юз йилча вақт ўтиб, Салжуқийлар султонлари саройининг расмий шоири, “амир уш-шуаро” (шоирлар амири) унвонига сазовор бўлган ва ўз даврининг энг нафис, равон услубли ижодкори саналган Муъиззийдан (11 юзйиллик охири – 12 юзйиллик боши) Зайнулмулк Абусаид Ҳинду ибн Муҳаммад Исфаҳоний исмли бир амалдор шу қасидага жавоб шеъри (назира) ёзиб беришни сўрайди. Муъиззий аввалига “Бунга қурбим етмайди”, деб рад этади. Сўнг зўрма-зўраки бир неча байт битади. Улардан бири Рудакий шеъридаги ўша такрорланувчи сўзга (радифга) – “келмоқда” иборасига тақлид қилиб, шундай ёзилган эди: “Мозандарондан Рустам келмоқда, Исфаҳондан Зайнулмулк келмоқда”.
Афсонавий паҳлавон Рустамни оддий бир сарой амалдори билан ёнма-ён қўйган бу сатрлар Рудакийнинг асари олдида нақадар ғариб ва заиф эканини яққол кўрсатиб турибди. Низомий Арузий ўз яшаб турган давригача, яъни воқеадан икки юз йил ўтгач ҳам, ҳеч бир ижодкор бу қасидага муносиб жавоб ёза олмаганини алоҳида таъкидлайди.
Қизиғи шундаки, ушбу машҳур воқеа Рудакий ҳаётидаги энг юксак даврни акс эттиради. Бироқ шоир умрининг якуни унчалик бахтли кечмаган. Тахминан 937 йилда унинг узоқ йиллик ҳомийси бўлмиш вазир Абулфазл Балъамий мансабидан четлаштирилади. Катта ҳомийсидан жудо бўлган Рудакий ҳам аста-секин саройдаги нуфузини йўқота бошлайди (гарчи бу жараённинг аниқ тафсилотлари бўйича тарихий манбаларда қарашлар турлича бўлса-да). Шоир умрининг сўнгги йилларини йўқчилик ва муҳтожликда, ўзининг туғилиб ўсган қишлоғида ўтказади ҳамда 940 ёки 941 йилда вафот этади.
Хўш, бу тарихий қиссани қанчалик жиддий қабул қилиш мумкин? “Чаҳор мақола”нинг 1963 йилда рус тилидаги илмий нашрини тайёрлаган шарқшунос олим Александр Болдирев бу саволга алоҳида тўхталиб ўтган. Унинг таъкидлашича, асардаги Рудакий, Фирдавсий ва Умар Хайём ҳақидаги ҳикоялар мазкур ижодкорлар тўғрисида бизгача етиб келган энг қадимги маълумотлар ҳисобланади. Бошқача айтганда, бу воқеани тасдиқловчи ёки инкор этувчи бундан-да ишончлироқ бошқа бирор ёзма манба йўқ.
Шу билан бирга, Болдирев яна бир муҳим жиҳатни қайд этади: замонавий тадқиқотчилар Низомий Арузийнинг бошқа кўплаб ҳикояларида сезиларли тарихий хатоликларни – воқеалар, шахслар исмлари ва саналарнинг ўзаро аралашиб кетганини аниқлаганлар. Бунинг сабаби тушунарли. Муаллиф ўз китобини йирик кутубхоналар ва билимдон кишилардан йироқда, Бомиён тоғлари орасида яшаб, кўп ўринларда фақат ўз хотирасига таяниб ёзишга мажбур бўлган.
Ҳатто воқеа бўлиб ўтган манзил борасида ҳам олимлар ўртасида якдил фикр йўқ. Баъзи замонавий тадқиқотчилар қасида айнан Ҳирот атрофида эмас, балки Нишопур ёки Марв шаҳарлари яқинида битилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади. Шунга қарамай, Болдиревнинг хулосасига кўра, бу китоб ўз даври одамлари орасидаги муносабатларни, турмуш тарзини ҳамда адабий сиймолар қиёфасини тасвирлашда ёрқин, ҳаққоний ва ўзига хос ноёб ҳужжат бўлиб қолмоқда.
Демак, Рудакий ва амир Наср ибн Аҳмад ҳақидаги бу ҳикояни ҳам аниқ бир куннинг қуруқ ҳужжатли баёни сифатида эмас, балки Сомонийлар даврида шоир шахсига қандай муносабатда бўлингани ҳамда шеърият қандай қудратли кучга эга деб ҳисобланганини кўрсатувчи ишончли кўзгу сифатида қабул қилиш тўғрироқ бўлади.
Низомий Арузий ушбу воқеани шоирларга бағишланган мақоласига бежиз киритмаган. Аслида, унинг бу китоби ҳукмдор учун шоир нақадар зарур шахс эканлигини исботлашга қаратилган эди. Буни далиллаш учун эса бундан яхшироқ мисол топиш мушкул. Бутун бошли қўшин ҳам, оила соғинчи ҳам, ҳатто тўрт йиллик кутиш ҳам ортга қайтара олмаган амирни – атиги ўн икки мисра шеър Бухоро сари йўлга солган эди.
Улуғбек ОЛИМОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тарих
Дин
Санъат
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ