Мен, дадам ва мустақиллик


Сақлаш
18:48 / 14.09.2026 90 0

Барча байрамлар билан боғлиқ хотираларим бор. Бири бирига ўхшамайди. Гапириб берсам бўйи бўйим тенги қизимнинг кулгиси келаверади. Унинг ёшида онам ёки бувимнинг болалик хотиралари ҳайратимни оширса оширардики, асло кулгимни қистамаган. Қизимнинг бу ҳолатига ажабланмайман. Негаки, менинг болалигим мустақилликнинг илк йилларига тўғри келган. Шу йиллар орасидаги оламшумул ислоҳотлар барчани ҳайратлантириши ва ўша илк йиллардаги воқеалар бугуннинг боласини ажаблантириши (ҳатто кулгисини келтириши) табиий. 

 

Бир неча йилдирки, мустақиллик байрами тадбирини оилавий телеэкран орқали қолдирмай томоша қиламиз. Бу йил Президентимизнинг халқимизни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, йўллаган нутқи болалик ва сўнгги йиллардаги хотираларимни яна бир бор эсга солди.

 

1998 йил. 10 ёшли қизалоқ эдим. Маҳалламизда барпо этилган гузарнинг очилиши катта байрамга айланиб кетди. Тадбирда ўша пайтдаги вилоят ҳокими – Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам иштирок этдилар. Тантанага «Раваллиқ» маҳалласи аҳолиси, қолаверса, қўшни маҳаллалар, вилоят бўйича меҳмонлар ҳам келишган, катта сайл ташкил этилган эди. Ҳокимнинг аҳоли билан суҳбати, маҳаллани ривожлантириш борасидаги таклифлари дадасининг қўлидан маҳкам тутиб олган қизалоқнинг қулоғи остида ҳали ҳануз жаранглайди.

 

Президентимиз табригида таклиф этилган еттита миллий дастурнинг бири – маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилиши, бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланаётгани мени янада қувонтирди. Бу ўша – 10 ёшли қизалоқ хотирасидаги маҳаллани севиш, уни ривожлантириш керак, деган тушунчани берган таклифларнинг янги ва баланд йўсинда бўй кўрсатаётганидан далолат, десам янглишмайман.

 

«Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир», дея алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари. Айни пайтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Шу боис яна бир миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат эканлиги айтиб ўтилди. Бу ташаббусни эшитарканман, болалигимдаги яна бир воқеа ёдимга тушди.

 

Ҳовлимиз катта, шунга яраша юмуш ҳам кўп эди. Биз тўрт опа-сингил ҳали рўзғор ишига қўлимиз келишмайдиган пайт. Дадам куни билан ишда, аям эса уй ишлари билан овора бўлардилар. Бу юмушлар, айниқса, чорвага қараш онамга оғирлик қилмаслиги учун Валентин амакини бизникида яшаш ва ҳовли ишларига ёрдамлашишга кўндирдилар. Дадам аввалдан таниб, ёрдам бериб келган амаки эски ижара уйларда яшаб, кунлик оғир юмушларни бажариб юрган экан. Шу боис боғ тўридаги уйга барча шароитни қилиб, амакини кўчириб келдик.

 

Валентин амаки қариб қолган бўлса-да, уй ишларини яхши бажарар, бизга эса ўз бобомиздек ардоқли бўлишга улгурганди. Дадам доим амакини ҳурмат қилишимизни тайинлар, меҳнатларига яраша ҳақ тўлаб, ҳар байрамда совға беришни одат қилган эди. Ўйлаб қарасам, бошқа миллат вакилларига бўлган меҳр ва ҳурматни болалигимдан дадам онг-у шууримизга сингдирган экан.

 

90 йилларнинг охирларида маҳалла ва қишлоқлардаги кам таъминланган оила фарзандларига қишлик кийим-бошлар берилганини кўпчилик яхши эсласа керак. Айрим синфдошларимиз ҳам мана шу рўйхатда турар ва йилига давлат томонидан берилган куртка, этикларни кийишарди. Ўзига тўқ оилада яшайдиган аксар синфдошлар ўша болаларни масхара қилар, мен эса бола ақлим билан негадир бу ҳолатдан аччиқланардим. Инсонни бой ёки камбағал деб ажратмаслик кераклигини айтиб, уларни койиб бераверардим. Бу куюнчаклик, келгусида ижтимоий ҳимоя йўналишда илмий-тадқиқот ишини олиб боришимга туртки бўлгандир, балки...

 

Президентимиз нутқидаги қуйидаги жумлаларга эътибор берайлик: «Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича «маҳаллабай» ишлаш тизимини йўлга қўйдик. Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам».

 

Фахрланса арзийдиган ушбу фикрларни эшитиб буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бир байти ёдимга тушди:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…

 

Юртбошимиз ўз нутқида «Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. «Инсон қадри учун!» деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда «пахта қуллиги», «мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати», «конвертация чеклови», «прописка» каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик», дея таъкидлади.

 

Бу гапларга ҳамоҳанг яна бир воқеа ёдимга тушади: 2000 йилларнинг боши. Сентябрь келиши билан ҳали янги кийимларимизни кийиб улгурмасимиздан барча юқори синф ўқувчиларини пахта даласига олиб кетишди. Катта юк машинасининг орқасига дугоналари ёрдамида аранг чиқиб олган мендек нимжон қизнинг далада жавлон уриб пахта теришига ҳеч кимнинг кўзи етмасди. Ҳатто ўзимнинг ҳам. Шундай ҳам бўлди. Ҳар душанба эрталаб соат 7:00 дан мактаб директори «линейка» ўтказар, пахта сарҳисоби қилинарди.

– Маҳкамова, пахта териш шеър ёзиш эмас, – деб гап бошлади мактаб директори дафъатан.

– Нега устоз? – дедим 500 нафар ўқувчи орасидан чиқарканман, ноқулай бўлиб.

– Тенгдошларингиздан энг кам сиз тергансиз, умуман барча ўқувчилардан сизнинг кўрсаткичингиз паст…

Синфдошларим кулиб юборди. Аламдан кўзимга ёш келди.

Ўша куни кечгача кайфиятим бўлмай юрдим, уйга келиб, дадамга бошқа далага чиқмаслигимни айтиб, йиғлаб юбордим.

– Пахта теришдан кўрсаткичинг паст бўлса ҳам, ўқиб, билим олишдан натижанг юқори бўлсин. Мен келажагингни пахта даласида эмас, касбининг етук эгаси сифатида кўргим келади, деб овутдилар дадам сочларимни силаркан.

Ўйлаб қарасам, дадам ўшанда келажакда инсон қадри улуғланиб, мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатидан воз кечилишига умид қилган эканлар.

 

Пахта терими деса, яна бир воқеа кўз олдимга келаверади:

Катта опам Жиззахдаги индустриал коллежига ўқишга қабул қилинганди ўшанда. Мактабда кунлик пахта теримига олиб чиқилса, коллеж, техникум ва олий таълим муассасаси талабалари узоқ туманлардаги ётоқхоналарда яшаб, икки ярим ойлаб пахта теришарди. Мендан кўра бақувватроқ ва чапдастроқ опам барча керакли нарсаларини олиб, курсдошлари билан пахта теримига кетди. Орадан 2 ҳафта ўтиб, якшанба куни бувим, дадам ва мен ундан хабар олиш учун олис туман томон йўл олдик. Ётоқхонада опамни анча кутиб қолдик. Терим даласи яшаш жойидан бирмунча олисда, талабалар пиёда далага қатнашаркан. Бизни узоқдан кўрган опам югуриб келдию, ўзини тутолмай йиғлаб юборди. Сабабини сўрасак, ошқозони оғриб қолгани, аммо шунда ҳам ётоқхонада қолишга рухсат берилмагани, талабаларга берилаётган овқатлар ҳаминқадарлиги, яшаш жойи захлиги ва бошқа сабаблар ҳақида узоқ гапирди. Дадам коллеж директорига опамни шифокорга олиб боришини ва соғлиғи тўғрисида маълумотнома тақдим этишини айтиб, опамни уйга қайтариб олиб келди…

 

Ёзган хотираларимдан «меҳнатга бўйин бермайдиган, ишёқмас қилиб тарбияланган экан-да», деган фикр хаёлингиздан ўтишини истамасдим. Онам бизга барча рўзғор ишларини мукаммал ўргатган, дадам эса «аёл киши қора меҳнат билан эмас, билими, салоҳияти билан шу юрт ривожига ҳисса қўшиши керак», деган қатъият билан тарбиялаганлар…

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёмида президентимиз «Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада «Иқтисодий эркинлик индекси»даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторидан жой олдик» деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шу ўринда сўнгги йилларда валюта айирбошлаш бўйича эркинлик берилгани ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. «Қора бозор» деган «тизим» кўпчиликни «чув» туширгани айни ҳақиқат. Ҳозир эса «валюта сохта эмасмикан» деган ўй хаёлимизга ҳам келмай қўйган. Банклар ҳам бу борада ҳеч қандай муаммосиз фаолият юритмоқда. Аммо талабалик йилларимизда... 2008 йилнинг қиши кучли ва тўхтовсиз қор ёғиши билан кўпчиликнинг ёдида қолган. Беруний метродан «Талабалар шаҳарчаси» томон курсдошлар билан қор йўлаклар бўйлаб, бир-биримизни етаклаб пиёда қайтардик. Қиш куни бир тутам – амалиётга борган кунларимиз анча қоронғи тушиб қоларди. Шундай кунларнинг бирида шамоллаб қолдим. Дадам хавотирга тушиб, қўшимча қалин кийимлар олишим учун Жиззах–Тошкент йўналишида қатнайдиган қўшни ҳайдовчидан пул бериб юбордилар. Қарасам, хориж валютаси. Пулни олдим-у, дарҳол «Ипподром»га шошдим. «Доллар оламиз» деб ёнимга бир неча киши келди. Совуқда кўчада кўп туриб қолиш ёқмай, амаки берган пулни олдим-у, санамай, бозор ичига урдим ўзимни. Бир курткани танлаб, пулини санарканман, довдираб қолдим. Пул айтилган миқдордан анча кам, орасида яроқсиз ва майда пуллар кўп эди. Ноилож, бошқа – арзонроқ кийимни олиб, бўшашганча ортга қайтдим. Бўлган ҳолатни дадамга айтганимда, ҳаёт – катта мактаб экани, инсон ҳар бир ҳолатдан хулоса қилиши, бировнинг ҳаққи ҳеч қачон буюрмаслигини уқтиргандилар.

 

Бир неча соат ёки бир неча кун вақтимизни ўғирлаган айрим юмушларни сонияларда амалга ошириш имконининг қадрини менга ўхшаган «эски» одамлар кўпроқ ҳис қилса керак. Бугун электрон тизим шу қадар ривожландики, на ота-она, на талаба аввалгидек сарсон бўлмайди, контракт тўлашда қийналмайди – тўртга бўлиб тўлаш имкони бор. Натижада шартнома пули ўртача даромад топаётган оила учун ҳам унчалик қийинчилик туғдирмайди. Фоизсиз «Таълим кредити» ҳам айни муддао. Талабаларнинг дарсдан ташқари ишлаб, даромад топиши учун ҳам имкон бисёр.

 

Президентимиз нутқида Ўзбекистон «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлат эканини таъкидларкан, «Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта» дея қўшимча қилдилар. Дарҳақиқат, бу ислоҳотларни бир оиланинг фарзанди ва бир оиланинг бекаси сифатида ўз ҳаётимда чуқур ҳис қиляпман.

Нутқни қайта ўқиб чиқарканман, деярли ҳар бир фикрга акс воқеалар хаёлимда чарх айланаверди:

- Тўйим кунлари арафаси Жиззахга қайтганимда, контрактим тўлови бир неча ҳафтага кечиккани боис университетда ўқишдан ҳайдаладиган талабалар рўйхатига қўшиб қўйишгани;

- узоқ йиллар аввал Юнусобод бозоридаги банкоматдан пул нақд қилиш учун 123-ўриндаги навбатга ёзилганим;

- «прописка» тизими сабаб 11 йил ўз уйимизда «бировнинг мулки»дек қўрқиб яшаганимиз ва ҳоказо.

 

Байрам нутқида келтирилган олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақидаги фактлар ҳам айрича эътиборимни тортди: «Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди. Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир».

Бундай ишончдан фахрланмай бўладими?

 

Юртбошимиз «Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турганимиз, мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганини, келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлишини» алоҳида таъкидлаб ўтди. Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этишимизга ишонилиб, келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу дастурларнинг ҳар бири ўзбекистонликларнинг фаровон турмуши, келажак мақсадларини рўёбга чиқариши учун муҳим восита бўлади, десам адашмайман.

 

Байрам тадбири тугаши билан дадам бизга юзланиб, «Эътибор бердингизми, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилди. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамрови 100 фоизга олиб чиқиларкан», дедилар қувониб. Уларнинг ҳаяжонини тушуниб турардим: умрининг 25 йилини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаб, юрт дастурхони тўкин бўлишига сидқидилдан ҳисса қўшган, ўз ерини, табиатни севадиган дадам учун мен ҳам қувондим. Ёши 63 га етса-да умри, меҳри сингган даласини бошқага бергиси келмай, ёш йигитлардек жавлон уриб меҳнат қилаётган бир юрт фидойиси учун қувондим. Айниқса, Янги Ўзбекистон нафаси, мустақиллик қудрати оиламиз ҳаётида туб бурилиш ясагани, шу азиз неъматдан баҳраманд этгани учун ўзимга сиғмай яшаётганим севинчини ҳис қилдим ич-ичимда. Шу ризолик ичида Президентимиз нутқидаги ушбу фикрни баралла овозда айтгим келди: «Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!»

 

Дилфуза МАҲКАМОВА,

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

18:09 / 30.09.2026 0 75
Муаллимга жўнатилмаган мактуб





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38839
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//