Тарихда шундай аёллар борки, уларнинг ҳаёти биргина сарой ёки сулола доираси билан чекланиб қолмайди. Уларнинг тақдири ортида бутун бир даврнинг сиёсий муҳити, ҳукмдорлар ўртасидаги муносабатлар, оилавий ришталар ва халқ хотираси мужассам бўлади. Ойчучук Ойим ана шундай тарихий сиймолардан биридир.
Қўқон хонлиги тарихида мураккаб тақдири, саройдаги мавқеи, саховатпешалиги ва бунёдкорлик ишлари билан алоҳида из қолдирган Кенагас Ойим (Ойчучук Ойим) ХVIII асрда яшаб ўтган. Унинг ҳаёти Шаҳрисабз ва Қўқоннинг сиёсий-ижтимоий муҳити, ҳукмдорлар ўртасидаги қариндошлик ришталари ҳамда сарой анъаналари билан чамбарчас боғлиқ эди.
Шаҳрисабзнинг нуфузли хонадонларидан бирининг қизи Қўқон саройига келин бўлиб келади. Ҳашаматли тўйлар, элчиликлар ва сарой маросимлари билан бошланган бу ҳаёт кейинчалик айрилиқлар, янги никоҳлар, фарзанд ва набиралар тақдири, юртдан юртга кўчишлар билан давом этади. Аммо Ойчучук Ойим тақдир синовлари қаршисида нафақат саройдаги мавқеини, балки инсонпарварлиги ва бунёдкорликка мойиллигини ҳам сақлаб қолади.
Бугун унинг ҳаёти ҳақида сўз кетганда, кўз олдимизда фақат бир хон маликаси эмас, балки ўз даврининг сиёсий ва ижтимоий гирдобида яшаб, турли синовларни бошдан кечирган ва ортидан яхши ном қолдирган мард аёл сиймоси гавдаланади.
Ойчучук Ойимнинг келиб чиқиши
Ойчучук Ойимнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда турлича талқин қилинади. Айрим асарларда у Шаҳрисабз ҳокими Олимбекнинг қизи сифатида тилга олинса, бошқа манбаларда отаси Иброҳимбек Кенагас экани қайд этилади.
Хусусан, Мирза Олим Мушриф Ойчучук Ойимни Шаҳрисабз ҳокими Иброҳим Оталиқнинг қизи сифатида эътироф этади. Худоёрхонзода қаламига мансуб “Анжум ат-таворих”да эса бу маълумот янада аниқлаштирилиб, малика “шаҳрисабзлик Иброҳим Кенагаснинг қизи” экани кўрсатилади [“Анжум ат-таворих”, 103-б.]. Шунингдек, асарда унинг никоҳига бағишланган лавҳада ҳам Ойчучук Ойим “Иброҳимбек валинеъматнинг қизи” сифатида қайд этилган [“Анжум ат-таворих”, 100-101-б.].
“Ибратул-ҳавоқин”да эса Абдураҳмонхоннинг Шаҳрисабз волийси Олимбек валинеъматнинг қизига уйлангани ҳақида маълумот берилади [“Ибратул-ҳавоқин”, 48-б.]. Гарчи манбада келиннинг исми очиқ айтилмаса-да, никоҳ воқеасининг тафсилотлари ва бошқа тарихий асарлардаги маълумотлар билан қиёслаганда, бу ерда гап айнан Ойчучук Ойим ҳақида бораётгани англашилади [“Ибратул-ҳавоқин”, 48-49-б.].
Демак, манбаларда маликанинг отаси исми хусусида муайян тафовутлар мавжуд. Бироқ уларнинг барчаси Ойчучук Ойим Шаҳрисабзнинг нуфузли ҳукмдорлар сулоласига мансуб малика бўлганини тасдиқлайди. Бу эса унинг кейинчалик Қўқон хонлиги саройида тутган юксак мавқеи ҳамда икки ҳудуд ўртасидаги сиёсий-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрнини англаш учун муҳим аҳамият касб этади.
Саройдаги ҳашамат ва тақдир синовлари
Ойчучук Ойимнинг Қўқон саройидаги ҳаёти катта ҳурмат ва тантана билан бошланган. Муҳаммад Яҳёхон Хўқандийнинг маълумотларига кўра, малика келиннинг саройга кириб келиши алоҳида ҳашамат билан тасвирланади. Сарой маҳрамлари шахзодани малика ҳузурига бошлаб борганларида, меҳмонлар шоҳона расм-русумлар асосида кутиб олинган. Меҳмондорчилик давом этган ҳар бир кунда уларга чексиз иззат-икром кўрсатилиб, қимматбаҳо ҳадялар ва туҳфалар улашилган. Меҳмонларни кузатиш учун эса махсус надимлар тайинланиб, улар тўрт фарсанг масофагача ҳурмат билан кузатиб қўйилган.
Аммо саройнинг иншоотлари каби бу ҳашаматли кунлар ҳам узоқ давом этмади. Келин-куёвнинг висолига бир йил ҳам тўлмай, Абдураҳмонхон вафот этди. Ойчучук Ойим бу қисқа никоҳдан бир қиз фарзанд кўриб, унга Ойжон Ойим деб исм қўйди.
Ўша давр ҳукмдорлари ҳаётига назар ташласак, бир никоҳ билан чекланиш одатий ҳол бўлмаганини кўрамиз. Айниқса, сулола давомийлиги, мерос масаласи ва нуфузли хонадонлар билан қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳукмдорлар никоҳларида муҳим ўрин тутган. Шу боис сарой муҳитида бир ҳукмдорнинг бир нечта рафиқага эга бўлиши ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётининг таркибий қисми эди.
Ойчучук Ойимнинг саройдаги ҳаёти ҳам бу муҳитдан холи эмасди. Худоёрхонзоданинг “Анжум ат-таворих” асарида Абдураҳмонхоннинг икки хотини тилга олинади: Абдуллоҳбекнинг қизи Шарафинисо ойим ва шаҳрисабзлик Иброҳим Кенагаснинг қизи – Ойчучук ойим. Демак, маликанинг саройдаги кундошларидан бири Шарафинисо ойим бўлган. Манбада уларнинг фарзандлари ҳам алоҳида қайд этилган: Эрдўнобек, Хуршид ойим ва Зебунисо ойим Шарафинисо ойимдан, Ойхон ойим эса Ойчучук Ойимдан туғилган. Бу маълумот сарой ҳаётининг мураккаб ички қатламларини очиб беради. Ойчучук Ойим Қўқонга шунчаки келин бўлиб кирмаган, балки бошқа маликалар билан бир муҳитда яшаб, ўз фарзандининг келажаги ва саройдаги мавқеи учун мураккаб муносабатлар гирдобида умр кечирган.
Тақдир уни яна бир бор синовдан ўтказди. Абдулкаримхон тахтга ўтиргач, эски ўзбек одатига кўра марҳум акасининг беваси – Кенагас Ойимни ўз никоҳига олди. Гарчи улар ўн беш йилдан зиёд бирга яшаган бўлсалар-да, бу никоҳдан фарзанд кўрмадилар.
Бу орада Ойжон Ойим ҳам улғайиб, Абдураҳмонхон ибн Абдулкаримхонга турмушга чиқди ва уларнинг никоҳидан Норбўтахон дунёга келди. Қизидан ҳам айрилган Ойчучук Ойим набирасининг тақдиридан хавотирланиб, уни ўз ҳимоясига олади ва амалдаги ҳукмдор Эрдўнахондан рухсат сўраб, набираси билан ўз ота юрти – Шаҳрисабзга йўл олади.
Шаҳрисабзда бу пайтда ҳокимият алмашган бўлишига қарамай, янги ҳукмдор Бекназарбий маликанинг ҳурматини жойига қўйиб, унга тегишли мерос мулкларини қайтариб беради. Ойчучук Ойим бир муддат шу ерда яшайди. Аммо йиллар давомида унинг иккинчи ватанига айланган Қўқонни соғиниш ҳисси устун келади. Қўқонга қайтар экан, йўл-ўлакай Даҳбедда тўхтаб, Нақшбандия тариқатининг машҳур шайхларидан Мусохон Хожа Даҳбедийни зиёрат қилади.
Қўқандга қайтиб келганидан кейин унинг ҳаётида яна бир муҳим воқеа юз беради. Самарқанддаги сиёсий беқарорлик туфайли Абдушаҳид Хожа Эшоннинг ўғли (баъзи манбаларда укаси) Ортиқ Хожа Эшон Қўқонга қочиб келади. Абдулкаримбий Эшонни иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, уй-жой ва мол-мулк билан таъминлайди. Орадан вақт ўтиб, қирқ саккиз ёшли Ойчучук Ойим Ортиқ Хожа Эшонга турмушга чиқади. Ушбу никоҳдан тарихнавис Ҳакимхон Тўра Хўқандийнинг бобоси Ҳаким Тўра дунёга келади. Шу тариқа маликанинг авлодлари Қўқон тарихнавислигида муҳим из қолдирган шахслар билан боғланади. Кенагас Ойимнинг вафот санаси эса ҳозирча номаълум.
Ойчучук Ойимнинг фаолияти фақат сарой ва оилавий муносабатлар билан чекланиб қолмаган. У хайр-саховат ва бунёдкорлик ишлари билан ҳам фаол шуғулланган. Қўқонда унинг номи билан боғлиқ бир қатор бинолар мавжуд бўлган. Улардан бири “Доруломон” хонақоҳидир. Ривоят қилинишича, малика Қўқанга келгач қаттиқ хасталаниб қолади. Табиблар даво топа олмагач, Шайх Шамсиддин Кулоҳбардор дуо воситасида уни соғайтиради. Шундан сўнг хон шайхга мукофот тариқасида ер-мулк беради. Шайх эса бу мулкни хонақоҳга айлантириб, у ерга омонлик излаб келган ҳар қандай инсонни хон ёки мансабдорлар таъқибидан ҳимоя қилиш шартини қўяди. Бу масканда ҳатто жиноят содир этганлар ҳам жазоланмасдан, тарбия ва насиҳат орқали тўғри йўлга солинган.
Ойчучук Ойим номи билан боғлиқ яна бир муҳим ёдгорлик “Чилустун” хонақоҳидир. Абдураҳимбий вафотидан кейин унинг хотирасига атаб катта хонақоҳ қуришга қарор қилган малика ҳозирги “Толзор” маҳалласи марказида бу ишга киришади. Ҳофизага кўра, қурилишга маҳаллий аҳоли ҳашар йўли билан ёрдам берган, ҳатто “Олмурод” қишлоғи аҳолиси ўзлари учун тайёрлаб қўйган қайрағоч ёғочларини савоб умидида келтириб берган. Қирқта устундан иборат бўлгани учун “Чил устун хонақоҳи” деб аталган бу маскан мусофир дарвешларга бошпана бўлиб, зикри самоъ маросимлари ўтказиладиган йирик диний-маърифий марказга айланган. Унинг фаолиятини таъминлаш учун вақф мулклари ажратилиб, илк зикри самоъ маросимларидан бирини ўша пайтда Хўқандда меҳмон бўлган Мусохон Тўра Даҳбедий бошқарган.
Ойчучук Ойимнинг ҳаёт йўли – бир неча никоҳлар, оғир йўқотишлар, Шаҳрисабз ва Қўқон орасидаги сафарлар, уламолар билан муносабатлар ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан иборат мураккаб бир тарихдир. Унинг номи билан боғлиқ “Доруломон” ва “Чилустун” каби обидалар шунчаки диний иншоот эмас, балки жамиятда меҳр-оқибат, паноҳ ва маънавий бирдамлик тимсоли бўлган. Шу маънода, Ойчучук Ойим Қўқон хонлиги тарихида оддий сарой аёли эмас, балки ўз даврининг ижтимоий-маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган йирик тарихий сиймо сифатида гавдаланади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Худоёрхонзода. Анжум ат-таворих. / Сўз боши, илова муаллифлари: Ҳ.Бобобеков, И.Сулаймоновларники, таржима ва изоҳлар: Воҳидов Ш. – Тошкент: Фан ва технология, 2014. – 348-б.
2. Мулла Ниёз Муҳаммад Хўқандий. Ибратул ҳавоқин (Тарихи Шоҳруҳий). – Тошкент: Турон замин зиё, 2014.
3. Муҳаммад Ҳакимхон тўра. Мунтаҳаб ат-таворих. ЎзФАШИ № 592, № 594, № 596 қўлёзмалар. Ўша муаллиф. Ўша асар. / Таржима, муқаддима, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи: Воҳидов Ш. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2010. – 716-б.;
4. Мирза Олим Мушриф. Ансоб ус салотин ва таворих ул – хавоқин. / Нашрга тайёрловчилар А. Матгозиев, М.Усмонова. – Тошкент, 1995. – 128-б.
5. Мулло Олим Махдум Хожи. Тарихи Туркистон. – Қарши: Насаф, 1992. – 148 б.; Ўша муаллиф. Тарихи Туркистон. / Сўз боши ва изоҳлар: Ш. Вохидовники, араб ёзувидан табдил Ш.Вохидов ва Р.Холикованики. Кўрсаткичлар Ш.Вохидов ва Д.Сангированики. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2008. – 242-б.
Тарих
Дин
Санъат
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ