Ичимиздаги хоин қандай ўлдирилади? Халқнинг қўрқув психологияси таҳлили


Сақлаш
12:10 / 10.09.2026 128 0

“Ёмонлик олдида қўрқувга берилсанг, 

қўрқувнинг ёмонлигини сеза бошлайсан”.

Бомарше

Сўзимизни бир муҳим эътироф билан бошласак, ҳар жиҳатдан тўғри бўлса керак. У ҳам бўлса, биз ниҳоят муҳокамасига жазм этганимиз мураккаб масала фидойи шоир Шавкат Раҳмоннинг бир шеърида ғоят таъсирли тасвирлангани ҳақидаги эътирофдир. Ўша шеър шундай бошланади:

Титроқ сездингми ҳеч

бир шум лаҳзада –

хатар-ла юзма-юз турган чоғингда.

Тубсиз жар лабида оний ларзадан

титраб келганмиди жонинг оғзингга...

 

*      *      *

 “Қўрқитиш – қўрқув остида турганларнинг қуроли”.

Ж.Боккаччо

 

Инглиз адиби Жорж Оруэлл (асл исми Эрик Блэйр)нинг “1984” романи бош қаҳрамони Уинстон Смит бу “шум лаҳзадаги оний ларза”ни Океания аталмиш салтанатнинг ер остидаги жазо макони – 101-хонада бошдан ўтказади. У шунга қадар жисму жонига етказилган жамики азобларга – жисмоний қийноқ ва хўрлов, очлик ҳамда ташналикларга дош берган, ҳатто кўзга кўринмас Катта оға сиёсатини беками кўст ўтказувчи О’Брайен билан юзма-юз тортишишга ҳам ўзида куч топган эди. Бироқ барча фуқароларнинг нафақат ташқи ҳаёти тафсилотлари, балки ичидаги энг яширин сирларидан ҳам тўла воқиф бўлмоқ йўлларини кашф этган бу тузум Уинстоннинг ҳам нозик ерини – нимадан қўрқишини яхши биларди. Ва унинг айнан шу нозик жойидан тутадилар. Натижада, агар қафасдан чиқариб юборилса, озғин ва рангпар юзини ҳаш-паш дегунча тишлаб-узиб еб, қонталаш бошчаноғинигина қолдириши тайин бўлган оч каламушлар қаршисида тақдирга тан бермоқдан ўзга чораси қолмайди унинг. Мана шу қўрқув – “оғизга титраб келган жон” талвасаси уни инсон қилиб тутиб турган руҳий умуртқасини синдириб, мажақлаб ташлайди: Уинстон қалбининг тубида севиб асрагани Жулияни ўзининг ўрнига шу очофат қаламушлар ҳукмига берилишини сўрашга мажбур бўлади...

 

Ҳолбуки, у шу кунга қадар ақлининг таслим бўлганини тан олса-да, қалбини дахлсиз сақлашдан умидвор эди. Бироқ О’Брайен мухтор вакили бўлган ҳукмрон партия учун бу етарли эмасди: улар фуқароларнинг Катта оғага нафақат сўзсиз итоат қилишларини, балки уни сидқидилдан севишларини исташарди. Уларнинг назарида “Ҳокимият кейин ундан воз кечиш, бировга бериш учун эгалланмайди. Ҳокимият – восита эмас, ҳокимият – мақсаддир. Индивиднинг индивидуаллиги ўлгандагина ҳокимият соҳиби бўла олади. Ҳокимият одамлар устидандир. Вужудлар ва, энг асосийси, онг устидан ҳокимиятдир. Ҳокимият одамларнинг онгини парчалаб, яна ўзингизга мақбул тарзда тикламоқдир”.

 

Ўзини мана шундай ҳокимият соҳиби ҳисоблайдиган О’Брайен учун Уинстоннинг ақли ва жисми таслим бўлишидан муҳимроқ масала – унинг қалбидаги жавҳарни маҳв этиш, бу қалбни ҳам худди унинг ҳилвираган жисми-ю жони сингари абгор ҳолга солиш эди. У айни мақсадини қатъий оҳангда баён қилади: “Биз сизни шундай букиб қўямизки, аввалгидек бўлолмайсиз. Сиз билан шундай нарса юз берадики, минг йил яшасангиз ҳам ўзингизга кела олмайсиз. Сиз ҳеч қачон оддий инсоний туйғуларни ҳис этишга қобил бўлмай қоласиз. Ичингиздаги ҳамма сезгилар ўлади. Муҳаббат, дўстлик, ҳаёт қувончлари, табассум, қизиқувчанлик, жасорат, ҳалоллик – сизда буларнинг ҳеч бири ҳеч қачон бўлмайди. Сиз ғовакка айланасиз. Биз ичингизни бўшатиб, кейин ўзимиз билан тўлдирамиз”.

Ва улар айни мақсадига тўла эришадилар! (Қаранг: Жорж Оруэлл. “1984”. Таржимон: Карим Баҳриев. – Т.: “Ниҳол” нашриёти. 2020 й.)

 

*       *       *

 “Золимлик ва қўрқув бир-бирининг қўлини сиқишади”.

Бальзак

 

Афсуски, инсоният жамиятини шахсларсиз, мустақил фикрлашдан қўрқув туядиган, қай манзил сари етакланса сўзсиз итоат ила олға борадиган пода ҳолига солишни ҳамма замонларнинг мустабид ҳукмдорлари ўзининг бош аъмоли деб билганлар. Франц Кафканинг “Жазо колониясида”, “Эврилиш” асарларида ҳам, Габриэль Маркеснинг “Мустабиднинг поймонаси” романида ҳам, Дино Буцатининг “Тақиқ” ҳикояси, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи-ю Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Оромкурси” қиссасида ҳам айни шундай мақсад-муддао эгаларининг қилмишлари ва бу кирдикорларнинг аянчли оқибатлари турли ракурслардан, ўзига хос рамзлар шаклида талқин этилади.

 

Чингиз Айтматов суҳбатларининг бирида шўровийлар давлатида ўрнатилган бошқарув табиати хусусида қуйидаги мазмундаги мулоҳазани айтган эди: Сталин халқни худди тирик туриб пати юлиб олинган товуққа ўхшатиб қўйган эди. Давлат ва жамият бошқарувини тўлиқ ўз ихтиёрига олган “доҳий”нинг бир қўлида севимли трубкаси бўлса, бошқа қўлида товуқ очдан ўлмаслигининг кафолати – дон йиғилганди. Бу аҳволида ҳар қандай хавфдан қўрқиб-титрайдиган товуқ мана шу – чангалида дон тутган кимса қай томон бурилса, ўша ёққа юрарди. Ҳамманинг назарида ғоят забардаст, миллионларнинг бошини силовчи, марҳаматли бу қўл обдон зориқтиргач, товуқ очликдан ўлмаслиги учун, кейинги манзилларга олиб борадиган йўлларга учта-тўрттадан дон сепиб қўярди. Бу “Хўжайин”дан (Сталиннинг югурдаклари орасидаги машҳур лақабларидан бири – “Хозяин” эди!) узоқлашишга бўлган ҳар қандай ҳаракат очлик ва совуқдан, эгасизлик ва ҳимоясизликдан келадиган ҳалокатдек қўрқинчли туюларди...”

(Шу туфайли ҳам Сталин ўлган кунлари миллионлаб одамларнинг чин дилдан қайғуга ботиб йиғлагани, ҳатто “Энди нима бўлади?” деган ўй уларнинг қанчасини ваҳима ва қўрқувга солгани – тарихий бор гап!)

 

Чингиз Айтматовнинг ҳам бир қанча асарлари қаҳрамонларини инсон сифатида абгор қилган мудҳиш туйғуга ҳам айнан қўрқув номи берилса, ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Жумладан, ўзини дунёга келтирган отаси – Казангапни қадимий Онамайит қабристонига элтиб кўмишга жон-жаҳди билан қарши турган Собитжонни замонавий – партбилетли манқуртга айлантирган ҳам зўрға етишгани амал-у эътиборни йўқотиб қўйишдан ич-ичдан титраб-қақшаб қўрқиш ҳисси эди...

 

Постсовет давлатларидаги мутахассисларнинг кўпи аҳоли табиатида сиёсатдан қўрқув ҳиссининг пайдо бўлишини аввали Владимир Ленин, кейинчалик эса Иосиф Сталин томонидан ҳадди аълосига чиқарилган сиёсий террор натижаси сифатида талқин этишади. Дарҳақиқат, бу нуқтаи назарнинг исботи учун ҳам бири биридан даҳшатли кўплаб ҳаётий мисоллар, ҳужжатларни келтириш мумкин. Жумладан, шўровий тузумнинг “тонготари”даёқ унинг “кўчада етишган” мафкурачиларидан бири М.Лацис ГПУ (Бош сиёсий бошқарма)чиларга кўрсатма сифатида қуйидагиларни уқтирган эди:

“Ишда айбланувчининг шўро ҳукуматига қурол ёхуд сўз билан қарши чиққан-чиқмаганлиги тўғрисидаги маълумотни излаб ўтирманг. Биринчи навбатда сиз ундан сўрашингиз керак: у қайси синфнинг вакили, келиб чиқиши қандай, унинг маълумоти қанақа ва касби нима? Мана шу саволларнинг ўзи айбланувчининг тақдирини ҳал этиш учун етарлидир” (Қаранг: газета “Красный террор”. 1918 год, 1 ноября).

 

Мана шундай кўрсатмалар натижасида юзага келган хунрезликлар, жумладан, Туркистон фронтида ўз кўзи билан кўрган ваҳшийликларга чидамай, рус ёзувчиси Борис Лавренев 1923 йилда коммунистик партия сафидан чиқиб кетган эди. М.Горькийнинг  “Бемаврид мулоҳазалар” (1918 йил), И.Буниннинг “Лаънатланган кунлар” (1919 йил), В.Короленконинг “Луначарскийга мактублар” (1920 йил) асарларида келтирилган фактлар сталинизмнинг қонли пойдевори аслида ленинчилар томонидан тўшалганини яққол исботлайди. (Бу зиёлилар нафақат Россия кенгликларида кечаётган даҳшатларни қоралашган, балки бундай тузум ва унинг “ижодкорлари” юзига тупуриб, юртни тарк этишга мажбур бўлишган!) 

 

Бироқ бу сингари мисоллар ҳар қанча кўп бўлмасин, одам ич-ичдан ҳис қиласанки, ўзбекнинг “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деган мақоли фақат шўро даври маҳсули бўлмай, бу ҳиснинг илдизлари анча чуқурроққа бориб тақалади. Ғафур Ғуломнинг машҳур “Шум бола”сидаги, Ҳожи бобо томонидан ташкил этилган такяхонадаги “портлаш ҳодисаси” бўладими, А.Қаҳҳорнинг “Ўғри”, “Бемор”, “Даҳшат” ҳикоялари, “Ўтмишдан эртаклар” қиссасининг қатор бобларидаги воқеалар таг замирида ҳам миллатимиз руҳиятидаги мана шу мутелик, қуллик, қўрқув ҳисси аччиқ сузманинг сариқ зардобидек сизиб, чаккиллаб томиб туради. Ахир, бу даврларда шўровийлар давлат тепасига ҳали келмаган эдилар-ку. Демак, айтилганидек, бу мудҳиш ҳиснинг униш илдизлари анча теранда.

 

Хусусан, А.Юдиннинг 1905 йилда чоп этилган “Взятие Ак-мечети как начало завоевание Какандского ханства” номли китобида Қўқон хони саройидаги тадбир-тамойиллар қатори гуноҳкорлардан кўрсатмалар олиш, айбини бўйнига қўйишнинг турфа усуллари ҳам санаб ўтилади. Уларнинг энг “беозори” – одамнинг қўл тирноғи ва гўшти орасига зирапчалари арча новдасидек сачраб турган ёғоч понасини тиқиш бўлган...

 

Фақат Қўқон хонлари эмас, Бухоро амирлари, Хива хонлари ўйлаб топган “гап олиш” усуллари, шундоқ масжид ва мадрасалар қаторида, очиқ майдонларга қурилган жазо ускуналарини эслайлик. (Бетакрор шоир Омон Матжоннинг “Қирқ биринчи хотинликка, Асилжон, Сени келтирдилар Исфандиёрга...” деб бошланувчи шеъри ёдингиздами?)

Буларнинг бари одамлар руҳиятининг ич-ич қатламларида ўзгариш ясамаслиги, давлатдан, унинг сиёсатидан, бу сиёсатни ўтказувчилардан ҳайиқиш, қўрқув ҳиссини уйғотмаслиги мумкин эмас эди, албатта.          

Агар адабиёт аҳли бу ҳиснинг маънавий, ахлоқий, руҳий жиҳатларига кўпроқ урғу беришса, файласуф ва жамиятшунос олимлар унинг вужудга келишида ижтимоий-сиёсий омиллар таъсирига эътиборни қаратишади.

Жумладан, ХХ асрнинг таниқли файласуфларидан бири Эрих Фромм ўзининг “Инсон қалби. Унинг эзгулик ва ёвузликка мойиллиги” номли тадқиқотида одам зотида кузатиладиган бир-бирига зид икки хил табиатни чуқур талқин этганди. Олим уларнинг бирини “биофилия” – “ҳаётсеварлик”, иккинчисини эса “некрофилия” – “ўлимсеварлик” атамалари билан номлайди. Файласуф ҳар икки табиат эгаларининг дунёқараши, юриш-туриши, қизиқиш ва қадриятлар оламини батафсил баён этар экан, тарихда ўтган ва замонавий ҳаётда янгича шаклларда ўзини намоён қиладиган барча тиранлар, яккаҳокимликка даъво қилган диктаторлар айнан некрофил – ўлимсевар характер эгалари эканини кўплаб универсал далиллар билан асослайди. (Қаранг: Мыслители ХХ века. Э.Фромм. “Душа человека”. Москва. Издательство “Республика”, 1992. стр. 14-108.)

 

*       *        *

 “Қул бўлиш осон, озод бўлиш эса

қийинлиги учун ҳам киши қул”.

Н.Бердяев

 

Албаттаки, ҳамма замонлар ва маконларда ҳам некрофил “доҳий”нинг ўзи сингари некрофил тарафдорлари, шайдолари кўплаб топилган. Улар ўз ичидаги қўрқувни даф этиш (тўғрироғи, унинг таъсиридан қочиш!) учун “халқлар отаси”ни, “доҳий”ни, “фюрер”ни, “дюче”ни, “улуғ йўлбошчи”ни ўзларидан кечиб олқишлашади, хизматига шошишади. Уларнинг ҳаёти мазмунини тўлиқ шу фаолият ташкил этади, шундан келадиган даромад эвазига кун кўришади, ўзларини овутгучи руҳий рағбатлар – қўрқув, қуллик, мутелик ўрнини тўлдирувчи компенсация тизимини ўйлаб топишади.

 

Уларнинг ўзларидан бошқача фикрлайдиганлар, ҳар кимнинг етовидан халос бўлишни хоҳловчиларга қарата келтирадиган важлари ҳам, бундоқ қараганда, мантиқли ва тўғридек туюлади: “Нима етмаяпти ўзи сизларга? Очликдан ўлмаётган бўлсак, уст-бошимиз бут бўлса, дунёда шунчалик ҳаётга  ҳам етиша олмаётганларнинг сон-саноғи бўлмаса? Борига шукр қилиб, йўғига қаноат қилсак бўлмайдими? Сиёсатга аралашиб, ким нима фойда кўрди? Шунча кариллаб, нимани ўзгартира олди? Зарар қилса, фақат ўзига, болаларига зарар қилди. Сиёсат ҳеч бир изини қолдирмай йўқ қилиб ташлаган Киров, Троцкий, ака-ука Кеннедилар, она-бола Гандилар олдида сиз билан биз ким бўпмиз? Мана, оч қорним – тинч қулоғим, деб биз кам бўлмаяпмиз-ку!..” ва ҳоказо.

Бироқ шоир, аввало ўзига, қолаверса, сиз-у менга ҳам мана бу сингари оғир саволларни беришда давом этади:

Нопоклар покларга қилганда туҳмат,

титрамай айтдингми кескир сўзингни.

Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,

асраб қололдингми ўзинг ўзингни?!

 

Ва мана шу саволлар қаршисида, хоҳлайманми-йўқми, беихтиёр тарзда ёдимга турли архивларда ўқиганим, саҳифалари сарғайиб кетган тарихий ҳужжатларнинг гувоҳликлари, ижодий уюшмаларда ўтган йиғилишларнинг стенографияларидаги гаплар тушаверади.

Дейлик, ҳали қирқ ёшга бормаган Абдулла Қодирий шаҳарнинг Самарқанд дарвоза депарасидаги ҳовлисида экинлар тагини юмшатиб, ёввойи ўтлардан тозалаш асносида яқинда ёза бошлагани “Амир Умархоннинг канизи” номли асари воқеаларини хаёлида жонлантириб турган бир пайтда, ўша ҳовлидан беш-олти чақирим нарида жойлашган Ёзувчилар уюшмасида бу ёзувчининг қачон, ким билан нима ҳақда гаплашганини ўз қавмдошлари – қаламкашлар жиддий муҳокама қилишади, бир-бирларини сўроқ-саволга тутишади. Жумладан, Қодирийнинг Қозон шаҳрига қилган сафари давомида ҳамроҳ бўлган ёзувчилардан ўша сафар пайтидаги ўзаро суҳбатлар чоғида адиб қайси ёзувчи ҳақида нима гап айтганигача сўраб суриштирилади. Ва бу жараёнда Қодирийнинг хаёлига ҳам келмаган гаплар унга нисбат берилади, ёзувчининг синфий душманлигига “далиллар” йиғилади...

 

Ёхуд А.Қаҳҳорнинг “Сароб” романи муҳокамаси пайти ўз миллати, мамлакати ғамида бошини кундага қўйган Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов сингари “халқ душманлари ва уларнинг думлари” номига айтилмаган туҳмат қолмайдики, залда ўтирган бирор кимса юрак ютиб бу гапларга қарши бир оғиз сўз демайди, ҳеч қурса уларнинг олдини олиш ҳаракатини қилмайди. Аксинча, йиғилиш қаҳрамони “Энди билаётибсизми уни?...” дея сиёсий хушёрлигини намойиш этади. (Булар ҳақда батафсил қаранг: Раҳмон Қўчқор. “Мен билан мунозара қилсангиз”. Тошкент, “Маънавият”, 1998 йил. 43-45-бетлар.)

Осмондан келганда тубан одамлар –

бири чиноркесар,

бири кесар тил.

Бутун қилмишларин қарасанг жамлаб,

Намоён бўлади суврати қотил.

 

Нега шундай? Нега ягона тур, ягона зот вакили бўла туриб одам болалари бир-бировини маҳв этмоққа, бири иккинчисини эзиб-янчмоққа  бунчалар иштиёқманд? Ахир биз “йиртқич” деб номлаганимиз йўлбарс, сиртлон, бўри, илон, ҳатто чиябўрилар – шоқоллар муҳитида ҳам аҳвол бундай эмас-ку. Улар бир-бировига шундай муносабатда бўлишмайди-ку, бири иккинчиси олдида титраб-қақшамайди-ку! Ё бу ҳол одам зотининг ўзгармас яшаш тарзи, пешонасига то қиёмат қадар битган тавқи лаънатми? (Ч.Айтматовнинг “Кассандра тамғаси”ни эслайлик!)

 

Бу саволга жавоб беришдан аввал, энди очиғига кўчиб, бошқа бир саволни ўзимизга бериб кўрайлик:  ҳамма замон ва маконларда омма орасида ҳақ гапни айтишга ўзида журъат топадиганлар кўп бўлганми ёки “фақир киши панада”, “кўзни юмсанг – бой бўласан” сингари “ҳаётий қоидалар”га амал қилганларми?

 

Бу саволга, ҳеч бўлмаганда, ўзимиз ҳозирга қадар қатнашганимиз энг тинч тадбирлар – катта-кичик анжуман-у мажлисларни кўз олдимизга келтириб жавоб айтайлик.

Назаримда, агар виждонга хилоф иш қилмай очиқ тан оладиган бўлсак, иккинчи тоифа одамлар ҳамма замон ва маконларда кўпчиликни ташкил этгани – аччиқ ҳақиқат!

Демак, узоқ замонлар мобайнида одамзоднинг табиатида қўрқув ҳисси доминант – бошқа ҳис ва туйғуларнинг бош кўтариши, “намойишга чиқиши”га йўл қўймаган ҳис сифатида ҳукмронлик қилган. Қанчалик пародоксал эшитилмасин, бу ҳис кўпчиликнинг “яшаш учун кураши”да бош омил, жон сақлашнинг асосий шарти бўлиб келди. Бизнинг миллий тарихимиз ва тақдиримизда кўп кузатилган бу аламли ҳақиқатни теран англаган Эркин Воҳидов ҳам, таассуфлар бўлсинки, ўзининг мана бу саволларига жавоб кўрмай дунёни тарк этди:

Мудом кураш азобини фидойилар кўрганлар,

Инқилоблар ҳосилини муттаҳамлар ўрганлар.

Сиз ҳам бугун панадасиз, жангга бизни қайрайсиз,

Биз бу жангда шаҳид бўлсак, аввало, сиз яйрайсиз.

Ғофил халқим! Тингларманми сенинг наъра – унингни,

Кўрарманми зулуклардан озод бўлган кунингни?..

 

Хўш, бугунги дунёнинг ҳамма маконларида ҳам аҳвол ҳамон шундайми?

Бу саволга кўнглимизнинг бир четида умид учқунларини ёқувчи ЙЎҚ деган жавобни айтсак бўлади, назаримда.

Чунки инсониятнинг ўз тақдирига бефарқ бўлмаган бир қисми, аксарият илғор Ғарб жамиятларидаги аҳоли давлат бошқарув тизими, бу тизим ўтказадиган сиёсат ва сиёсатчилар қаршисида аввалгидек қўрқув ҳиссини туйишдан деярли қутилишган, дейишга барча асослар бор. Албатта, бу ўлкалардаги одамлар ҳам ўлим, бедаво касалликлар, турли табиий ҳамда техноген офатлар қаршисидаги табиий қўрқувни мунтазам туядилар. Бироқ булар, айтилганидек, табиий инстинкт билан боғлиқ ҳислар бўлиб, улар то ўлимига қадар инсон руҳиятига ошно бўлиши аниқ. Ҳатто, айтиш мумкинки, бу табиий ҳислар одам боласини жуда кўплаб нафсий қутқулар, пала-партиш ҳаёт ортидан келадиган турфа хил иллатлардан ўзларини гоҳ билиб, гоҳо эса ҳатто билмай иҳота қилишида муҳим роль ҳам ўйнайди. Зеро, донишманд Аристотель бекорга “Агар киши ҳеч нарсадан қўрқмаса, у эҳтимол қутурганроқ ёки тентакдир” демаган.

 

Бироқ сиёсат ва раҳбарлар қаршисидаги ожизлик, сиёсий тузумга мутелик сингари орттирилган қўрқув ҳиссини биз эслаётган жамият аъзолари деярли унутишган. Ҳолбуки, бу халқлар ҳам турли императорлар, қироллар ва подшолар ҳукмронлиги пайтлари Шарқдагидан-да ваҳшийроқ, қўрқинчлироқ ва ноинсоний сиёсий тузумларни, уларнинг зулму истибдодини бошларидан кўп ўтказишган. Биргина инквизиция даври ваҳшатлари эркин фикрлашга мойил кишилар бошига не-не азобларни солмаган, сиёсатдан қўрқув ҳисси улкан майдонларда уюштирилган қатллар намойишига ҳайдаб чиқилган одамлар қон-қонига, ғайришуури (бессознание)га қадар онгли тарзда сингдирилган. Бу хусусда гувоҳлик берувчи тарихий манбалар, бадиий ва публицистик асарларнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Айни ўринда, ҳеч қурса, Шарль де Костернинг “Тилл Уленшпигель қиссаси”, Виктор Фереалнинг “Инквизиция” асари, Виктор Гюгонинг “Париж Биби Марям ибодатхонаси”, Пауло Коэльонинг “Алиф”  романи воқеаларини ёхуд ҳурфикрлилик фидойилари Жордано Бруно, Галилео Галилей ҳамда фарангларнинг жасур қизи Жанна д`Аркнинг не азобларга мубтало қилинганини эслаш кифоядир.

 

Айни даҳшатли ҳодисалар юз берган, шулар орқали аждодлари қон-қонига ҳукмронлардан, давлат сиёсатидан қўрқув ҳисси асрлар оша сингдирилган мазкур ўлкаларнинг бугунги аҳолиси руҳиятидан, айтилганидек, бу ҳис деярли ўчиб бораётир.

Демак, сиёсатдан, ҳукмрон доиралар таъсиру таҳдидидан қўрқув ҳиссидек орттирилган туйғудан нафақат бир-икки индивиднинг, балки бутун халқнинг ҳам халос бўлиш имконияти бор экан-да.

Хўш, бунга эришмоқнинг, халқимиз, айниқса, бизнинг миллатимиз руҳиятига чуқур ўтириб қолган, сиёсат қаршисидаги қўрқув ҳиссидан қутилмоқнинг не йўл-йўриқлари бор-у, бу жараён қанчалар вақтни талаб қилади?

 

*       *       *

 “Хулқларни ўзгартириб миллатни улуғлаш

ёки обрўсизлантириш ҳукуматга боғлиқ”.

Вольтер

 

Биз бугун ҳавас-ла қараётган илғор Ғарб жамиятлари ушбу – чинакамига юксак инсоний мавқега, аввало, ўз турмуш тарзларига демократик қадриятлар, эркинликнинг энг муҳим меъёр ва талабларини жорий этиш туфайли эришганлар.

 

(Юқорида эсланган омилларнинг ҳар бири алоҳида бир мақолани талаб қиладики, биз ҳозир уларнинг ҳаммаси хусусида эмас, балки мавзуимизга тааллуқли бўлган энг муҳим жиҳатлар ҳақидагина қисқача тўхталамиз, холос.)

Демократиянинг бош талаби – давлат ва жамият бошқарувини амалга оширувчи органлар раҳбарларининг сайланиши ҳисобланади. Фақат шу йўл билангина “демос” – халқнинг “кратос”и – бошқарувига ростакамига эришиш мумкин. Бу борадаги ҳамма гап, бизнингча, дунё ўлкаларида кузатиладиган, мана шу масаладаги бир қараганда кўзга кўринар-кўринмас, моҳиятан эса ниҳоятда муҳим ва жиддий тафовутдадир.

 

Чинакам демократик мамлакатларда давлат ва жамият бошқарувига масъул энг кичик амалдорлардан тортиб президентлар, канцлерлар, бош вазирлар-у конгресслар ва парламентлар аъзоларига қадар – барчасини сайлаш деганда уларни саралаб танлаш тушунилади. Яъни у ёхуд бу лавозимга ўз номзодини кўрсатган кўплаб даъвогарларнинг маълумоти ва меҳнат фаолияти, айни жабҳаларда эришган реал ютуқларидан тортиб оилавий ҳолатига қадар, улар илгари сураётган ғоялар, амалга оширмоқчи бўлаётгани режалар одамлар ҳаётига конкрет нима янгилик ва енгилликлар олиб киришигача синчиклаб ўрганиш, уларнинг “сиёсат майдонига қилган юриши”ни анча аввалдан кузатиш имкони яратилади. Ҳозирга қадарги фаолиятида недир шубҳали ҳодисаларга аралашиб қолган номзодлар бу саралов – танлов – сайлов жараёнининг ярмига ҳам етмай рўйхатдан тушиб қолишлари ҳам аниқ. Мободо, кимдир ўтмишига доир шундай тафсилотларни оммадан яширишга уринса, унинг янги лавозимда эмас, аввалги иш жойида ишлаши ҳам катта сўроқ остида қолиши-да тайин.

 

Мазкур жараённинг айни шундай ошкора, шаффоф шароитда кечишининг муҳим воситаси бўлиб эса майдонга эркин, мустақил оммавий ахборот воситалари чиқади. Уларга у ёхуд бу номзод ёки унинг командасидан недир босим, таъсир ўтказишга ҳаракат содир этиладиган бўлса, бу ҳол ҳам дарҳол ошкор қилинади: бу номзод ҳам, ўзбекча қилиб айтганда, “ўзига ўзи қилади” – “арқонни тилимга бойла!”лаб қолаверади, марафондан чиқиб кетади. Бу жараёнларнинг ҳаммаси тўла қонуний аурада – ҳуқуқий маконда, унинг барча талаб ва қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда кечади.

 

Энди айтинг: мана шу шароитда, шунча талаб ва танловлардан сўнг у ёхуд бу лавозимга (бу ерда вазифага десак ўринлироқ бўлади!) сайланган одам ўзини сайлаган аҳолининг юзига оёқ қўйиши, улардан ўзини юқори  тутиши, халқни менсимаслиги мумкинми? Қўл остидагиларни ҳақорат қилиш бир ёқда турсин, бировни сенлаб гапиришга журъат этадими? Умуман, шу танлов, саралашлардан ишонч қозониб ўтган одам ишни мана шу усулда олиб бориши мумкинми? Охир-оқибат, оммани, бу жамиятларда эса аксарияти шахс мақомидаги мустақил кишилардан ташкил топган халқ бошқарувини шундай олиб боришни ўша одам ва атрофидагиларнинг тасаввури ўзига сиғдирадими?

 

Энг муҳими эса, жамият аъзолари ўзи саралаб сайлагани бу одамлардан, ўзлари сингари инсонлар ва улар юритадиган сиёсатдан нега қўрқишлари керак? Модомики, сиёсат деганлари халқ тақдирига дахлдор қонунлар, қарорлар, низомлар, буйруқлар ва ҳакозо ҳуқуқий ҳужжатлар орқали амалга оширилар экан, лавозимга сайланган одамлар ўзларини хизматчи сифатида танлаган кишилар манфаатларига зарар етказадиган, айниқса, уларни қўрқув ва ваҳимага соладиган шундай ҳужжатлар қабул қилиши, кимларгадир шу руҳдаги топшириқ ёки буйруқ бериши соғлом ақлга қанчалик мос келади? Ёхуд юқорида таъкидланган ошкоралик, оммавий ахборот воситаларининг тезкорлиги ва шаффофлиги шароитида ҳар қандай ноқонуний ҳаракат, инчунун, инсон ҳаёти ва эркинлигига дахл қилиш билан таҳдид солиш ортиқча куттирмай ошкор бўлиши эҳтимоли юқори муҳитда қайси амалдор шундай кирдикорни ўзига эп кўради? Айниқса, бундай ҳаракат, биринчи навбатда, шу қилмишга йўл қўйган амалдорларнинг ўзининг тақдирига ўта салбий таъсир қилишини ҳамма жуда яхши билса.

 

Бу давлатларда, ҳар қанча катта мансаб эгаси бўлмасин, якка шахс қош-қобоғига қараш, ички ва ташқи сиёсатни унинг истакларига мослаш, бир сўз билан айтганда, волюнтаризм иллатига мутлақо йўл қўйилмайди. Барча муаммолар ечими коллегиал тарзда, кўпчиликнинг фикри ва таклифи инобатга олинган ҳолда ҳал этилади. Энг муҳим, мамлакат келажаги ва миллат тақдирига дахлдор масалалар юзасидан эса бутун халқ фикрини сўраб – референдумлар ўтказиш орқалигина бир тўхтамга келинади. 

 

Агар Ғарбнинг жиддий мавзулардаги бадиий ва ҳужжатли фильмларига эътибор берсак, полициячи бўладими ёхуд махсус хизматлар ходимлари бўладими, бирор фуқаронинг эркинлигини чеклашга ҳаракат бошлагани заҳоти аксарият фуқаролар давлатнинг бу одамларига қарата: “Жаноб (ёки хоним), марҳамат қилиб, менинг сайловчи ва солиқ тўловчи эканимни ёдингиздан чиқарманг!” дея жиддий огоҳлантириб қўйишига гувоҳ бўламиз.

Бу нима дегани?

Бу шу деганики, “Билиб қўйинг, парламент аъзолари-ю президентдан тортиб сизга раҳбарлик қилаётган вазирингизгача ўзининг лавозимига менинг берган овозим туфайли сайланган ёки мен сайлаган одамлар уларни шу ишга тайинлаган. Бунга қўшимча, уларнинг барчаси ва сизларнинг барчангизнинг тирикчилигингиз асоси бўлмиш ойлик маошингиз мен тўлайдиган солиқлардан шаклланадиган бюджетдан берилади. Шундай экан, мен билан обдон ўйлаб, қонунга мувофиқ муомала қилишингизни талаб қиламан!”

 

Асосан меҳнаткаш халқ тўлайдиган солиқлар ҳисобига вужудга келадиган бюджет маблағлари сарфи ҳақида ҳам бу мамлакатларда тийин-тийинигача халққа мунтазам ҳисоб бериб борилади. Бу борада узоққа бормай, яқиндагина ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бир фактни эслаш кифоядир.

 

Коррупцияга барҳам бериш борасида дунёда энг олдинги ўринда бораётган Даниянинг бош вазири Метте Фредериксе хоним мамлакат бюджетида кўзда тутилмаган бир чиқим хусусида парламент олдида ҳисоб бермоқда. Гап шундаки, бир йил аввал Данияда экзотик ҳайвонлардан циркларда фойдаланиш маън қилиниши муносабати билан филларни эгаларидан бюджет ҳисобидан сотиб олишга қарор қилинади. Иттифоқо маълум бўладики, бир циркдаги Рамболине лақабли урғочи фил Али лақабли туя билан қалин дўст тутинган экан. Мутахассисларнинг айтишича, уларни бир-биридан айириш ҳар иккисига зарар келтириши муносабати билан ҳукумат филга қўшиб бояги туяни ҳам сотиб олишга мажбур бўлади. Бир йиллик ялпи ички маҳсулоти ҳажми қарийб 350 миллиард долларни ташкил этадиган давлатнинг Бош вазири бюджетдан сарф этилган мана шу арзимаган маблағ хусусида ҳам парламент ҳузурида ҳисобот беришни ўзининг функционал вазифаси, деб билмоқда...

Назаримизда, ҳам мамлакат раҳбарияти, ҳам фуқаролар оммавий тарзда мана шундай даражага етганида – ўзининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита ва билвосита иштирокини яхши билганидагина одамлар сиёсатчилар-у улар ўтказадиган сиёсатдан қўрқиш ҳиссидан халос бўлиши мумкин.

 

*       *       *

 “Подадаги энг намунали қўй бўлиш учун,

энг аввало, қўй бўлиш лозим”.

Альберт Эйнштейн

 

Ана энди мана бу савол ўртага тушади: бизда ҳам сайловлар амалиёти жорий этилган-ку, биз ҳам давлат бошлиғини, қонун чиқарувчи органлар аъзоларини, маҳаллий кенгашларни мустақил сайлай бошлаганимизга қарийб ўттиз йил бўлди-ку, натижа-чи, натижа қани?

Бу саволга жавобни, яна ҳақиқатнинг юзига тик боқиб, биргаликда излашимизга тўғри келади.

Агар демократик, эркин фуқаролик жамиятлари барпо этилган давлатларнинг юқорида эслатилган сайлов жараёни билан биздаги ҳолат солиштирилса, анча-мунча нарсага ойдинлик киради.

 

Аввало, биз ўзимиз сайлашимиз лозим бўлган номзодлар ҳақида нималарни биламиз? Сайлов комиссиялари ва номзодларнинг ўзлари томонидан тайёрлаб тарқатиладиган, сайлов участкаларига қўйиладиган сайловолди ташвиқот варақаларида уларнинг қачон, қаерда туғилгани, ўқиган ва ишлаган жойлари, агар бўлса илмий даражаси-ю, олган унвонлари хусусидаги маълумот бўлади, холос. Сиз билан бизнинг камида беш йиллик ҳаётимизга дахл қиладиган қарорлар қабул қилинишида бевосита иштирок этиши лозим  бўлган (айни талаб кўпинча идеал ҳолида – хомхаёллигича қолади!) бу одамларнинг реал билими, тафаккур даражаси, интеллектуал қуввати, ҳаётий ва касбий кўникмалари, характер хусусиятлари, инсоний фазилатлари сайловга қадар ҳам, сайланганидан кейин ҳам аксар ҳолда номаълумлигича – қоронғилигича қолади. Беистисно барчаси ўз низомларида илмилиқ гапларни бошқачароқ шаклу шамойилда ўнлаб йиллар давомида такрорлайверадиган партиялар томонидан кўрсатиладиган бу номзодларнинг аксарияти

сиёсат деганлари ўзи нима;

давлат ва жамият бошқарувининг қандай усул-услублари бор-у уларнинг қай бири замон синовидан қандай ўтган;

ҳар бир конкрет давлат тузумида сиёсатга бош қўшаётган одамдан мазкур соҳа қандай фазилатларни талаб этади-ю уни не йўқотишларга мажбур қилади... сингари юзлаб саволларнинг жавобини билиш у ёқда турсин, дунёда мана шунақа масалалар ҳам бор эканидан бехабар бўлишади.

 

Гоҳ бевосита, аксарият ҳолларда эса телевидение орқали намойиш этиладиган турли даражадаги мажлислар, йиғилишлар, тадбирларни кузатиб, сомеъларнинг аҳвол-руҳиясига боқиб, киши ёдига беихтиёр бетимсол Ҳамза Ҳакимзоданинг 1917 йилнинг биринчи ярмида – Туркистон халқлари олдида истиқлолга эришишнинг ноёб имконияти пайдо бўлган кунлари ёзган “Мухторият ёки автономия” номли пьесасидаги манзаралар тушади. Муаллифнинг чексиз нафрати ва ғазабини қўзғагани туфайли ҳам инсоний исмга нолойиқ топилиб, “Т.домла”, “Ж. домла”, “С. домла” сингари номлар билан аталган, мухторият – автономия билан ҳафтабил – автомобилнинг фарқига бормайдиган, миллат ва мамлакат тақдири муҳокамасидан кўра Абдурасулбойникидаги уламо ошини афзал биладиган “эл пешволари”нинг шиори ҳам якранг: “Биз нима хаёлда-ю, фалак қандай хаёлда, нима бўлса бўлаверсин!”...   

 

Бу вазиятда эътибор талаб қиладиган жиҳат шуки, ҳамма замонларда халқ ноибларининг айни мана шундай шаклу шамойилда бўлмоқларини ҳар нарсадан кўра кўпроқ хоҳлайдиган бир ҳовуч сиёсатдонлар ушбу манзара иложи борича узоқроқ ўзгармай қолмоғидан манфаатдордирлар. Улар бу майдонда бирор-бир “оқ қарға” пайдо бўлиб қолишининг олдини олиш учун не усулларни, сиёсий-мафкуравий жазаваларни ўйлаб топмайди, дейсиз.

 

*      *      *

 “Агар уни сақлаш учун кишиларнинг терисини шилиш

 зарур бўладиган бўлса, ундай цивилизациянинг манфаатига,

ҳатто унинг ўзига ҳам лаънатлар бўлсин”.

Ф.М.Достоевский

 

...Кўпчилик биладиган бир гап бор: ҳар бир халқ ўз ҳукмдорларига лойиқ бўлади, деган. Агар масалага сал бошқачароқ ракурсдан қарайдиган бўлсак, демак, ҳукмдорларнинг рисолага мувофиқ бўлмоғининг энг муҳим талаби – ўша халқ даражасининг ҳар томонлама юксалиши ҳисобланади.

Демак, муаммо ечими, хоҳлаймизми-йўқми, ўзимизда, ўзимизнинг саъй-ҳаракатимизда қолган. Зеро,

Қалтис лаҳзалар йўқ,

қалтис умр бор,

мўр-малах ном аро ёлғиз номинг бор.

Лаҳзада титроққа айланиб турсанг,

демакки, ичингда битта хоин бор.

Ўлдир,

ичингдаги хоинни ўлдир,

волида кўзига боқишдан аввал,

маъшуқа қўйнида ётишдан аввал,

зулмат уммонига ботишдан аввал.

Йўлдир бу,

нафснинг ботқоғи эмас,

қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.

Бу йўлга юзингни буришдан аввал,

Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

                                                           (Шавкат РАҲМОН)

 

Дарҳақиқат, бу дунёга келиб-кетишига шунчаки қарамайдиган, аввало ўзи, ҳеч бўлмаганда келгуси насллари мана шу дунёда ҳур ва эркин ҳаёт кечиришини жиддий ўйлайдиган ҳар бир инсон “мўр-малах ном аро” унинг ҳам ёлғиз номи борлигини ич-ичдан ҳис қилмоғи, бутун умрини, ҳар қанча қалтис бўлмасин, ҳаётни яхши томонга ўзгартиришдек энг зўр кураш жабҳасига бахш этмоғи талаб этилади. Шундагина унинг волида кўзига уялмай қарашга, маъшуқа қўйнида беркинмай ётишга ҳаққи бўлади, ёлғиз номи зулмат уммонига ботмайди. Бунинг дастлабки ва муҳим талаби эса ичдаги хоинни – ҚЎРҚУВ ҲИССИни ўлдирмоқдир. Зеро, шу аянчли, уятли, ғоят ҳижолатли ҳисдан қутулган қалбдагина бошқа жамики инсоний ҳислар, озод туйғулар бор таровати билан бош кўтаради, улар бу қалбни руҳий юксакликларга олиб чиқади.

 

Раҳмон ҚЎЧҚОР,
филология фанлари номзоди

“Тафаккур” журнали, 2021 йил, 2-сон.

“Ичимиздаги хоин” мақоласи

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

18:09 / 30.09.2026 0 75
Муаллимга жўнатилмаган мактуб





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38839
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//