Қўқон хонлигида молия тизимининг юзага келиши бевосита давлатчиликнинг қарор топиши билан боғлиқдир. 1709 йилда Бухоро хонлигидан ажралиб чиққан янги давлат олдида ҳокимиятни мустаҳкамлаш, қўшинни таъминлаш ва бошқарув тизимини юритиш каби вазифалар турарди. Бу эса хазина даромадларини шакллантириш ва уларни мақсадли тасарруф этиш заруратини келтириб чиқарди.
Хонликда молиявий масалалар марказлашган бошқарув орқали тартибга солинган. Хазинани шакллантириш ва сарфлашда хонга яқин нуфузли амалдорлар муҳим ўрин тутган. Давлат аҳамиятига молик масалалар оталиқ, мингбоши, парвоначи, ғазначи ва меҳтар каби мансабдорлар қатнашчилигидаги доимий кенгашда ҳал этилган.
Манбаларга кўра, хонлик молия тизимининг ўзига хос жиҳати шунда эдики, харажатлар замонавий давлатлардагидек олдиндан йиллик бюджет асосида қатъий режалаштирилмаган. Маблағлар кўпроқ муайян эҳтиёжлар ва юзага келган заруратларга қараб тақсимланган.
Давлат молияси фақат ички эҳтиёжларга эмас, балки қуйидаги муҳим йўналишларга ҳам йўналтирилган:
Хўжалик ва инфратузилма: Янги ерларни ўзлаштириш, каналлар (Умархон даврида Янги ариқ, Мадалихон даврида Хонариқ, Худоёрхон даврида Улуғнаҳр) қазиш ҳамда сув иншоотларини қуриш.
Ҳарбий таъминот: Қўшиннинг жангговар салоҳиятини сақлаш. Ҳарбий хизматга кирувчиларга от ва от-абзал берилиб, сафар олдидан мартабасига қараб (юзбошига 2 тилла, элликбошига 1,5 тилла, аскарга 1 тилла) мукофотлар ажратилган.
Йиллик маошлар (1851 йил ҳисобида): Юзбошиларга 147 сўм, элликбошиларга 98 сўм, ўнбошиларга 65 сўм ва оддий аскарларга 43 сўм миқдорида кумуш танга берилган.
Шу тариқа, Қўқон хонлигида молиявий манбалар ва хазина маблағлари нафақат кундалик сарой эҳтиёжларини қоплаган, балки мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, сув хўжалигини юритиш ва марказлашган ҳарбий кучни сақлаб туришнинг асосий воситаси бўлиб хизмат қилган.
Хазина маблағлари қаерга сарфланган?
Қўқон хонлиги хазинасига келиб тушган маблағлар ва уларнинг сарф-харажат йўналишлари архив ҳужжатлари асосида қуйидагича тадқиқ этилади:
Архив манбалари хонлик хазинаси фақат жорий сарой эҳтиёжларини эмас, балки муҳим иқтисодий ва ижтимоий мақсадларга ҳам сарфланганини кўрсатади. Бу жараёнлар асосан қуйидаги йўналишларни қамраб олган:
Инвестицион харажатлар ва мулк хариди: Келгусида барқарор даромад келтирувчи ерлар ва боғларни сотиб олишга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, Худоёрхон даврида Оқмасжид яқинидаги 10 таноб мевазор (4 таноб узумзор ва 6 таноб анорзор) 50 тиллага сотиб олингани қайд этилган (бунда 1 таноб ернинг нархи ўртача 5 тиллага тўғри келган).
Сарой ва хўжалик таъминоти: Танобонадан тушган маблағлар сарой ўрдасининг кундалик харажатларини қоплаган. Бу харажатлар қатъий назоратда бўлиб, махсус тайинланган амалдорлар томонидан кузатиб борилган. Масалан, 1870–1871 йилларда Олтиариқдаги Далаилхон мадрасасига ажратилган маблағлар ва ғалла, пахта, ўрик ҳамда ўтиндан олинган солиқлар Муҳаммад Содиқ қўриқчи назорати остида мақсадли сарфланган.
Натурал тўлов тизими: Хазинада ҳисоб-китоблар фақат нақд пул (тилла, танга, чақа) орқали эмас, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари воситасида ҳам амалга оширилган.
Хонликда пул ва натурал қийматнинг ўзаро боғлиқлигини 1875 йилга оид махсус архив дафтари асосида яққол кўриш мумкин. Қизилмуш ҳудудидаги ерларни харид қилиш жараёни бунга яққол мисол бўла олади:
Маҳсулот ва пул уйғунлиги: Ер эгаларига (Абдужалилбой, Муҳаммад Холиқбой, Мулла Умар Узоқ ва бошқалар) нақд пул ўрнига жўхори, мош, гуруч, пахта ва қовун пуллари берилган. Ҳужжатда бу маҳсулотларнинг миқдоригина эмас, балки уларнинг бозор қиймати ҳам тилла ва танга ҳисобида аниқ кўрсатиб ўтилган.
Қамрови ва вақф ерлари: Ҳисоб-китоблар фақат хусусий мулкларни эмас, балки Довуд хўжа эшон дарвешларининг хонақоҳи ва қишлоқ масжиди каби вақф ерларига тегишли харажатларни ҳам ўз ичига олган. Жумладан, вақф ерлари бўйича ҳисобланган маҳсулотлар ҳам алоҳида қайд этилган (масалан, хонақоҳ вақфи бўйича 39 тилла 7 танга).
Якуний ҳисоб: Мазкур дафтардаги умумий жамланмага кўра, 240 чориқ жўхори (80 тилла), 86,5 чориқ пахта (66,5 тилла), 3 чориқ ғалла (1,5 тилла), 3 чориқ мош (1 тилла 13 танга), қовун пуллари ва 679 чориқ гуруч (320 тилла) жами 500 тиллалик умумий қийматни ташкил этган.
Архив ҳужжатлари Қўқон хонлиги хазинаси фақат пул тўплаш ёки сарфлаш воситаси бўлмай, балки мулкдорлик муносабатларини кенгайтириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва таълим-маърифот муассасаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилганини кўрсатади. Молиявий ҳисоб-китобларда пул ва натурал маҳсулотларнинг бир тизимга келтирилиши хонликда мураккаб ва пухта ўйланган хўжалик ҳисоби юритилганидан далолат беради.
1875 йил Робби аввал ойининг 8-санаси. Қизилмушдаги ерларга 500 тилла ҳисобидаги ғалла ажратилди. Учта чек-ер – Абдужалилбой, Муҳаммад Холиқбой, Мулла Умар Узоқ. 64 чориқ жўхори, (бозор нарҳи билан хисоблаганда 3 чориқ жўхорига бир тилла 6 ярим танга); 2 ярим чориқ 100 пайса мош – (бозор нархида 1 чориқ 16 чакса мош учун бир тилла), ҳисобланган қовунлар учун 3 тилла, 34 чориқ 12 чакса гуруч – 2 чориқ 2 чаксасига – 16 тилла 6 танга, яна омбордан 5 чориқ 4 чакса пахта – 5,25 тилла. Жаъми 47,25 тилла (чораги билан) .
Икки ярим чек-ер. Дўст Муҳаммадбой ва Ҳасанбой. 11 чориқ 9 чакса жўхори – 3 тилла 16 танга, 4 чориқ шишак пахта (бир чориғига – 1 тилла) 4 тилла 0,25. (Четири тилла с четвертю) 57 чориқ гуруч – 27 тилла, яна омбордан 4 чориқ 6 чакса пахта – 4 тилла 7 танга. Жаъми 39 тилла 8 танга.
Бир чек – ер. Муҳаммад Назарбой сариқ. 15 ярим чориқ жўхори – 5 тилла 3 танга бир мири, 3 чориқ 14 чакса пахта 3 тилла 17 ярим танга, қовун пулидан 15 танга, 8 чориқ 12 чакса гуруч – 10 тилла 15 танга, , яна омбордан 1 чориқ 12 чакса пахта - 1 тилла 3 чорак. Жами 15 тилла 3 чорак бўлди.
Икки ярим чек-ери. Шаҳарлик Муҳаммадалимбой. 3 чориқ пахта – 3 тилла, қовун пули – 2 тилла 4 танга, 63 чориқ 5 чакса гуруч – 29 тилла 15 танга, яна омбордан 4 чориқ 6 чакса пахта – 4 тилла 7 танга жаъми 39 тилла 8 танга.
Бир чек-ери. Хаким тўра. 4,5 чориқ пахта – 4,5 тилла, 2,5 чориқ жўхори- 16 танга, 18,5 чориқ гуруч – 8 тилла 13 танга, яна омбордан 1 чориқ 12 чакса пахта – 1 тилла 3 чорак, жаъми 15 ва 3 чорак тилла.
Бир ярим чек-ери. Эслатиб ўтилган Рахматуллоҳ арқонфуруш ва Муҳаммад Назарбой амин, Дўстмуҳаммад, Абдужалил. 44 чориқ 10 чакса гуруч – 21 тилла, яна омбордан 2 чориқ 10 чакса пахта – 2тилла 12 танга жаъми 23 тилла 12 танга [5.4.].
3 тартиб) Бир чек-ери. Муҳаммад Азим. 3 чориқ 4 чакса жўхори – 1 тилла 2 танга, 3 чориқ 3 чак 20 чориқ 10 чакса гуруч – 9 тилла 13 танга, яна омбордан 1 чориқ 12 чакса пахта – 1 тилла 3 чорак, жаъми 15 ва 3 чорак тилла. Жаъми 15 тилла 3 чорак тилла[4.5.].
Бир чек-ери. Муллажон махзум (Уста Ибодуллоҳ ва Мулла Исматуллоҳларнинг сағираси – етими) 2,5 чориқ пахта – 2,5 тилла, 24 чориқ 7 чакса гуруч – 11,5 тилла, яна омбордан 1чориқ 12 чакса пахта – 1 тилла 3 чорак, жаъми 15 ва 3 чорак тилла[5.6.].
3 чорак чек-ер. Саид сўфидан қолган мерос. 4 чориқ жўхори – 1 тилла 6 танга, 1 чориқ пахта – 1 тилла, қовун пули – 23 танга, 14 чориқ 14 чакса – гуруч – 7 тилла, 1 чориқ 5 чакса – 1 тилла 6 танга. Жаъми 11 тилла 16 танга[5.7.1.].
Икки ярим чек-ер. Довуд хўжа эшон дарвешларининг хонақоҳи вақфи. 3 чориқ 12 чакса жўхори – 1 тилла 6 танга, қовун пули – 30 танга, 3 чориқ буғдой – 1,5 тилла, 12 чакса мош – 8 танга, 60 чориқ 2 чакса гуруч – 30 тилла 2 танга, яна омбордан 4 чориқ 6 чакса пахта – 4 тилла 8 танга. Жаъми 39 тилла 7 танга [5.7.2.].
Бир чек-ер. Қишлоқ масжидининг вақфи. 2 чориқ жўхори – 13 танга, 11 чориқ пахта – 13 танга, 26 чориқ12 чакса гуруч – 12 тилла 12 танга, яна омбордан чориқ 12 чакса пахта – 1тилла 3 чорак. Жаъми 15 тилла 3 чорак.
Бир чек-ер. Мулла Абдували оқсоқол. 29 чориқ 12 чакса гуруч – 14 тилла, яна омбордан 1чориқ 12 чакса пахта – 1 тилла 3 чорак. Жаъми 15 тилла 3 чорак.
Ярим чек-ер. Мулла Муҳаммад Зокир домла.14 чориқ 14 чакса гуруч – 7 тилла, яна омбордан 14 чакса пахта – 17 танга. Жаъми – 7 тилла7 танга.
Мазкур архив ҳужжатларининг мақолага киритилиши ўқувchiga фақат тадқиқотчининг тайёр хулосасини берибгина қолмай, балки хонлик давридаги молиявий ҳисоб-китобларни ўз тасаввурида гавдалантириш ва мустақил илмий хулоса чиқариш имконини беради. Рақамлар, маҳсулот турлари, ер майдонлари ва уларнинг баҳоси бевосита ҳужжат тилидан етиб келгани фикрларни умумий мулоҳазадан аниқ архив далили даражасига олиб чиқади. Ер хариди билан боғлиқ ҳисоб-китобларда маҳсулот миқдори, бозор нархи ва умумий қиймат ўзаро узвий боғлиқ бўлган.
Хазина маблағлари фақат тайёр мулкларни сотиб олишга эмас, балки хон ерларида деҳқончиликни ташкил этиш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам сарфланган. Бу ҳолат Ўзбекистон Миллий архивининг 1043-фонд, 511-ҳужжати билан тўлиқ тасдиқланади. Хусусан, Марғилон беки ва Худоёрхоннинг туғишган укаси Султон Муродбекнинг Дадхоҳ саркорга йўллаган эслатма-паттасида Хонабоддаги ерларга экиш учун ғалла уруғи ҳамда ҳўкиз сотиб олишга маблағ ажратиш сўралган:
“Ҳурматли Дадхоҳ саркорга: Хонабоддаги ерларга экиш учун ғалла уруғи беринг. Шу билан бирга, ҳўкиз сотиб олиш учун 6 тилла 10 танга ажратиб, имкони борича Дўст Муҳаммадни тезроқ қайтариб юборинг. Ҳолатни тасдиқланган деб ҳисобланг. 1288/1871–1872 йиллар”[5.8].
Қўқон хонлиги молия тизимига оид манбалар таҳлили шуни кўрсатадики, хазина маблағлари шунчаки жорий харажатларни қоплаш воситаси бўлиб қолмаган. У янги ерларни ўзлаштириш, уруғлик ва иш ҳайвонлари билан таъминлаш орқали қишлоқ хўжалигини юритиш ва келгусида барқарор даромад олишга қаратилган хўжалик ишларини ҳам бевосита молиялаштирган.
Сарой девонхонасида юритилган дафтарлар ва молиявий ҳужжатларда хазина маблағларининг ҳаракати мунтазам қайд этиб борилган. Бу эса хонлик молия тизимининг амалий механизмини, харажатларнинг мақсадли йўналтирилишини ва давлат бошқарувининг иқтисодий асосларини чуқур англашда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.
Зумрадхон ХАТАМОВА,
CAMU халқаро тиббиёт университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Молия-араб тилидан олинган сўз бўлиб, пул маблағлари деган маънони англатади. Батафсил маълумот учун қаранг: Ўзбек тилининг изоҳли луғати: Ж.2.Е-М // Таҳрир ҳайъати: Т.Мирзаев (раҳбар) ва бошқалар, – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, 2006. – 611-б.
Молия атамаси дунёда биринчи марта 1577 йилда “Республика хусусида олти китоб” асарида француз олими Ж.Боден томонидан ишлатилган. Баъзи адабиётларда молия finansi лотин тилидан олинган деган маълумотлар ҳам учрайди. Батафсил маълумот учун: Ваҳобов А., Маликов Т. Молия. Тошкент, 2011. – Б.30.
2. Бобобеков Х. Н. Қўқон тарихи. Т.: Фан, 1996. – Б. 238.
3. Хорошхин А.П. Сборник статей касающихся до Туркестанского края. СПб, 1876. С.31.
4. Иванов П.Очерки по истории Средней Азии. – С.182.; Троицкая А.Л. Материалы по истории Кокандского ханства XIX в. Москва, 1969. – С.16.
5. ЎзМА 1043-фонд, № 15-дафтар, №497, №497, 2т, №497, 3т, №497, 3т, №497. 3 т, №497. 3т, № 497.3т
6. Хатамова, З. Қўқон хонлигида солиқ тизими. Фарғона, 2022.
Тарих
Дин
Санъат
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ