Навоийни ўқи(ма)ган шоирлар – Ёшлар шеъриятида Ҳазрат образи борми?


Сақлаш
11:23 / 09.09.2026 165 0

Ёш шоирлар ижодида шундай образлар борки, улар бевосита Алишер Навоий меросига боғланади. Шу маънода улуғ мутафаккирнинг нафақат шахси, балки яратган образлари ҳам шеъриятимизга мавзу ва ташбеҳ бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Навоийдан тортиб Машраб бобомгача

Шоирни сийлаган элни севаман, –

 

дейди шоир Бек Али.

 

Муаллиф наздида Алишер Навоий шоирликни белгиловчи асосий категорияга айланган. Халқнинг маърифатга ошнолиги, шеърни қадрлаши ҳам Навоийга нисбатан баҳоланмоқда. Ушбу қараш Шаҳриёр Шавкат шеърларида ҳам кўринади:

 

Шамширлар тирнамиш қанотимизни,

Бўронлар чорламиш гирдибодига!

Бирга-бир тикканмиз ҳаётимизни,

Бобо Алишернинг қутлуғ ёдига.

 

Айни шу руҳдаги мисралар Алибек Анварийнинг “Таскин манзиллари” асарида ҳам кўзга ташланади:

 

Келса юрагим сезади...

инкорми, имдодми – нима фарқи бор?

Ёзар... ўчиради... ёзади...

Термизми, Ҳиротми – нима фарқи бор?

 

Юқорида тилга олинган ижод концепциясига дахлдорлик ушбу шеърда автобиографик аҳамият касб этади. Шунингдек, “Навоий – шоирлик мақомининг чўққиси, Ҳирот эса шеърият пойтахти”, деган фикрга ишора қилинган. Яъни, ўша шеърият пойтахтидаги олиймақом Алишер бўладими, ёки Термизда яшаётган Алибек бўладими, нима фарқи бор, ижод концепцияси бир хил (“Ёзар... ўчиради... ёзади...”) экани ҳақида хулоса ясалади. Шаҳар орқали инсонга ишора этиш – синекдоха усулида кўчим юз берган. Бунга шеърий санъат сифатида мажоз деб қарасак, алоҳида хусусиятига кўра мажози мурсол санъати деб баҳолаш мумкин. Метафора – истиорадан фарқли мажози мурсолда икки объект ўртасида қиёсий алоқа эмас, реал боғлиқлик муҳимлигини ҳисобга олсак, Ҳирот бутун мавжудлиги билан Навоийни билдирмоқда.

 

Акмал Нур. “Қайс”, 2018. Мато, мойбўёқ.

 

Яна бир шоир Сирожиддин Иброҳим Алибек Анварийга бағишланган шеъри якунида:

 

Шеър деган бу илоҳий қайғу,

Бизга боқмас боққандек ётга.

Зуваламиз қорган балки у,

Ахир, Термиз яқин Ҳиротга, –

 

дея “Термиз-Ҳирот” адабий-географик тандемига қўшимча поэтик бўёқ беради. Бу мисрада Ҳиротга географик яқинлик адабиётга маънавий ёндошлик сифатида талқин қилинмоқда. Алишер Навоийга географик жиҳатдан яқин бўлиш шоирларга ғурур бағишлаши шеърнинг оригинал бадиий хулосаси бўлган.

 

Шоир Мансур Жумаев эса ҳазрат Мир Алишер Навоийга бошқа тенгдошлари берган “статус”ни яна бир поғонага кўтаради.

 

Момо алёр, бобо шеърим,

пир тўзитган қабо шеърим,

ҳазрат Амир Алишербек

бобом кийган або шеърим.

 

Бунда “ҳазрат Амир Алишербек” дейиш орқали шоирнинг нафақат адабий, балки миллий-ижтимоий аҳамияти ҳам урғуланмоқда. Тарихий-маданий таҳлил усулига кўра, иккинчи мисрадаги “пир” тимсоли ҳам Навоийга ишора қилмоқда ва унинг маънавий-тасаввуфий даражасини кўрсатмоқда.

 

Мансур Жумаев “Мажлиси унс” шеърида Озарбойжоннинг Қорабоғида ўтган туркий адиблар анжумани ҳақида ёзар экан:

 

Ишқ эмас бу, сабаб бу,

Шеър эмас бу, шабаб бу:

Навоийга назира,

Фузулийга татаббу, –

 

дея мушоирада иштирок этган барча туркий шоирларнинг бутун ижодини Навоийга назира эканини билдиради.

 

Шоирнинг “Китобсевар қизга” шеърида Алишер Навоий сиймосига янги поэтик қиёфа берилади:

 

Бугун эса таваллуд айём,

сиз туғилган бу кун ҳам оний.

Талпинаман сизга бу оқшом,

қўлларимда –

Ҳазрат Навоий!

 

Навоий – муҳаббат, ишқ изҳори тимсоли. Ошиқ йигит учун китобсевар севгилининг туғилган кунига энг катта совға – Навоий, метонимик маъно кўчишида Навоий қаламига мансуб китоб.

 

Малик Набиев. “Навоий иш устида”, 1969. Мато, мойбўёқ. ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида сақланмоқда.

 

Қофия ортидан қувганча гоҳи

Маънини қўлтиқлаб, югурамиз зир.

Қофия – шеърларнинг қўғирчоқ шоҳи,

Маъно – Навоийдек донишманд вазир, –

 

дейди Мансур Назаров Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган “Сўроқ” китобида. Бунда Навоий бадиий образ даражасига чиқмаган бўлса-да, ташбеҳ тарзида унинг ижтимоий фаолиятига урғу берилган. Муаллиф “Шеърда қофия бўлсин, усиз шеър бўлмайди, лекин қофия давлат раҳбари бўлса ҳам, маъно деган бош вазирга бўйсунсин, шунда шеър давлати барқарор бўлади”, дея назмда “парламентар республика” ўрнатишга уринади.

 

Ёшлар шеъриятида Алишер Навоийга лирик қаҳрамон сифатида мурожаат қилинган ўринлар ҳам учрайди. Шаҳриёр Шавкатнинг “Ваҳима” шеъри метродаги издиҳомда шоирнинг пайдо бўлиши билан бошланади:

 

Кимдир бирдан чинқирди оғир,

Пайқаганлар ўтишди четроқ.

“Бу нимаси?

Метрода шоир!”

Аслида-чи?

Шоирда метро!..

 

Шоирнинг оломон ичида ҳам алоҳида экани, якка шахс экани чиройли ифода қилинган. Бироз муболағали “шоирда метро” жумласи билан шоир қамрови жиҳатдан шу метро тўла оломонни ўзига сиғдира олишини айтмоқчи бўлади. Шеър давомида эса:

 

Давомими?

Бундан-да даҳшат!

Бир хабар жаранглаб кетади:

“Эшиклар ёпилар,

кейинги бекат –

Алишер Навоий бекати...”

 

Метродаги поездлар ва оломонни ўзига сиғдирганини иддао қилган шоир метрополитенда “ваҳима” кўтаргани билан ғурурланиб кетар экан, бирдан овоз янграйди: “Алишер Навоий бекати”. Яъни, бундай поездлар, бундай издиҳом, улар орасида “шоирда метро” дегувчилар ҳам ўтиб кетаверади. Навоий эса ўтгувчи эмас, у бекат. Шу поездлар, оломон, унинг ичидаги шоирларнинг неча мингини қабул қила оладиган бу дунё метрополитенининг бир улуғ бекати! Шаҳриёр Шавкат мазкур шеърида Алишер Навоийнинг адабиётдаги даражасини поетик талқин қилар экан, унга тўлақонли бадиий образ сифатида ёндашади.

 

Хуршид Абдурашид бугунги инсоннинг, хусусан, замон зиёлисининг аҳволини истеҳзо ила тасвирлашда Алишер Навоий образидан фойдаланган:

 

Автобуслар ўтар, ана, бекатда –

Навоий ўлтирар, чеҳраси ҳорғин.

Ишда ўтирмоғи зарур бир пайтда,

Кечикиб турибди, бирпас олиб тин.

 

Хуршид “Ўзимга танбеҳ” шеърида ҳам Алишер Навоий ва унинг адабиётдаги ўрни ҳақидаги қарашларини очиқлаб ўтади:

 

Бошдин баланд сакрай олмадик нуқул,

Кўп борса, бош тегди дарахт шохига.

Алишер Навоий очди бир йўлким,

Ул йўл олиб чиқур фалак тоқига.

 

Ҳусан Мақсуднинг “Ҳиротдан келган мактуб” шеърида эса Навоий том маънода лирик қаҳрамонга – ровийга айланади ва бу орқали муаллиф бугунги миллатнинг маънавий қиёфасига унинг ракурсидан назар ташлашга уринади:

 

Орамизда беш юз йиллик йўл

(узоқлашар тобора у ҳам...),

Аммо менга узатганча қўл,

талпинасан мудом, набирам.

 

Ўзбек жамиятини кемираётган дабдабабозлик, кўзбўямачилик ва бошқа иллатларга эътибор қаратилади, ёшлар шеърияти ҳам четда қолмайди:

 

Мақтовларга ўчсан, болажон,

минбарларга ўзни урасан.

Битганларинг руҳсиз, чалажон

ва уларни шеър деб юрасан.

 

Лирик қаҳрамон миллат болаларини уйғотиш, уларга ҳақиқатни англатишни истайди. Энг сўнгида “Чўп ҳолича қолмасин қалам, жаҳолатга қарши тиғ бўлсин”, дея дуо қилади. Бу шеър ёшлар ижодида дунёга Навоий ракурсидан қарашга уриниш борлигини кўрсатиши билан аҳамиятга эга.

 

Алишер Навоий асарлари қаҳрамонлари халқимиз орасида шу даражада оммавийки, умуммиллий тимсолга айланиб кетган. Лайли ва Мажнунни эслайлик, бугун бу икки ном тилга олинганда одатда бадиий образлар назарда тутилмайди.

 

Лойимга шоирлик мақомин бериб,

Қоргансан ҳалоллик таомин бериб,

Мени рафиқликда Мажнун этгансан,

Лайлимга қовурғам давомин бериб, –

 

деб ёзади Бек Али Яратганга мурожаат қилинган шеърида. Сал аввал таъкидланганидек, бу ерда “Хамса”даги “Лайли ва Мажнун” сюжетига ишора ҳам йўқ. Лекин машҳур ошиқ-маъшуқ номларининг ўзиёқ шеърга талмеҳ сифатида ранг берган. Умуман, шу каби тимсолларни шеърда қўллаш Алишер Навоий ижодидан хабардорликни ёки таъсирланишни билдирмайди. Улар адабиётда ва халқ орасида муҳаббат архетипига айланиб бўлган. Аммо билвосита барибир ҳазратга олиб боришини таъкидлаш лозим деб ўйлаймиз.

 

Жунун даштларини кезганим диққат,

Шўрлик лайлилар ҳам инкор этолмас...

 

***

Менман саҳроларда адашган Мажнун,

Бир исм айтурман, тилларда достон...

 

Бек Алининг юқоридаги мисраларида Лайли ва Мажнун образлари билан дашт ва саҳро хронотоплари ҳам бирга келган. Аммо биринчи байтдаги “шўрлик лайлилар” ифодаси шоирнинг ўз сезимларидан ўсиб чиққан, ўз лирик кайфиятига боғлиқ бирикма экани бўртиб кўринади. Иккинчи байтда ҳам лирик қаҳрамон Мажнун сиймосида ўзини кўради ва тилларда достон бўлган ўша исм – Лайлини ёдга олади.

 

Ёш ижодкорлар: Акмал Мурод, Исломжон Қўчқоров, Суҳроб Зиё, Нажмиддин Эрматов, Мансур Жумаев.  Рустам Назармат олган сурат. Тошкент, 2018.

 

Хотин-қизлар ижодида ҳам айни тенденция кўзга ташланади. Мисол учун, Гулрух Худоёрованинг:

 

Йиғласам, ёшимнинг қасдига

Гўрўғли минади Ғиротга.

Лайлолар йиғлабми қолди деб,

Мажнунлар боради Ҳиротга... –

 

дея бошланадиган шеърини олайлик. Айтилишича, лирик қаҳрамон йиғласа, Мажнун “Лайли йиғлаяпти, шекилли”, деб Ҳиротга йўл олар экан. Бизнингча, шоира қадим достонлардан афсонавий ошиқ-маъшуқ араб ўлкасида яшаб ўтганини билгани ҳолда Алишер Навоий “Хамса”ни қаерда ёзганига устуворлик бериб ишора қилмоқда.

 

Яна Мансур Жумаев шеърига эътибор қиламиз:

 

Бундай қараманг, дейсан,

мен шундай қарадимми?

Лайлосига мубтало

Мажнундай қарадимми?

 

Яна “Лайли-Мажнун”лик кайфиятидаги сатрлардан бири. Муаллиф бошқа шеърида ушбу севги тарихини Навоий куйлаган ошиқлик можароси тариқида тилга олади:

 

Мажнун топган каби Лайлини

беҳуш эдим,

айтдим кўнгил майлини:

пойингга йиқилсам кунда беш маҳал,

чеҳранг соғинчидан чалғитмайдими?