Миллатлар тарихида шундай қарорлар бўладики, уларнинг аҳамияти бир кун ёки бир йил билан эмас, балки кейинги ўнлаб йиллар, ҳатто асрлар тақдири билан ўлчанади. Шубҳасиз, миллий алифбо масаласи ҳам шулар жумласидандир. Чунки алифбо — бу шунчаки ҳарфлар йиғиндиси эмас, у миллатнинг ёзма тафаккури, илмий салоҳияти ва рақамли келажагини ўзаро боғлаб турувчи мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.
Жорий йил 7 июль куни Олий Мажлис томонидан қабул қилинган алифбо лойиҳаси қисқа фурсатда пайдо бўлган эмас. У қарийб ўн йил аввал республиканинг таниқли олимлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ, унинг изчил изланишлари, ўзаро баҳс-мунозаралар ва илмий муҳокамалар маҳсулидир. Бу жараёнда тилшунос олимлар билан бир қаторда, педагоглар, ахборот технологиялари мутахассислари, ҳуқуқшунослар, ноширлар, дастурчилар, журналистлар ва бошқа соҳа вакиллари фаол иштирок этди.
Шу йиллар давомида ишчи гуруҳ томонидан алифбонинг бешта турли лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Хусусан, 2021 йил 16 март куни такомиллаштирилган алифбо лойиҳаси расман эълон қилиниб, мамлакат миқёсида кенг муҳокама қилинган эди. Олимлар, мутахассислар ва фуқаролар томонидан билдирилган юзлаб таклиф ва мулоҳазалар синчиклаб ўрганилди, ҳар бир ечимнинг илмий, амалий ва техник жиҳатлари таҳлил қилинди. Натижада илмий баҳслардан ўтган, турли қарашларни ўзида уйғунлаштирган якуний лойиҳа шакллантирилди.
Энг муҳими, таклиф этилаётган алифбо амалдаги ёзув тизимида йиллар давомида сақланиб келаётган асосий имловий ва техник муаммоларни бартараф этади, шу билан бирга, ёзувни сунъий равишда мураккаблаштирмайди. У таълим тизимида ҳам, давлат идоралари фаолиятида ҳам, ноширлик фаолиятида ҳам, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳам осон қўлланиладиган, изчил ва замонавий ечимни таклиф этади. Бошқача айтганда, бу лойиҳа ҳарфларни шунчаки алмаштириш эмас, балки ўзбек ёзувини яхлит тизим сифатида такомиллаштиришга қаратилган.
Шу боис бугун “қайси ҳарф чиройлироқ?” деган савол эмас, “қайси алифбо ўзбек тилининг бугунги ва эртанги эҳтиёжларига кўпроқ жавоб беради?” деган савол ва унинг жавоби биз учун муҳим бўлиши лозим. Алифбо ҳиссиёт ёки шахсий дид билан эмас, балки тилнинг фонетик тамойиллари, графика, ахборот технологиялари асосида баҳоланадиган илмий тизимдир.
Алифбонинг ички тизими
Амалдаги алифбо ҳақида сўз кетганда, савол “Бугунги ўзбек алифбоси замонавий тил, таълим ва рақамли технологиялар талабларига тўлиқ жавоб бера оляптими?” тарзида қўйилиши лозим.
Агар саволга ижобий жавоб бера олганимизда, алифбони такомиллаштириш ҳақида ўн йиллаб баҳслар бўлмас эди. Агар мавжуд ёзув тизими барча соҳаларда муаммосиз ишлаганида, тилшунослар, дастурчилар, педагоглар ва бошқа мутахассислар бу масала устида йиллар давомида бош қотирмаган бўлар эдилар.
Демак, бугунги муҳокаманинг марказида муайян ҳарф эмас, балки алифбонинг ички тизими турибди.
Дунёда турли қонуният асосида тузилган алифболар мавжуд. Лекин энг идеал алифбо, энг аввало, бир муҳим қонуниятга таянади: бир товуш — бир ҳарф. Бу тамойил шунчаки назарий қоида эмас. У ёзув тизимининг соддалиги, изчиллиги ва барқарорлигини таъминлайди. Бола савод чиқараётганда ҳам, тилшунос луғат тузаётганда ҳам, дастурчи матнни қайта ишлаётганда ҳам айнан шу тамойил енгиллик яратади.
Амалдаги ўзбек алифбосида эса мазкур тамойил тўлиқ таъминланмаган: айрим ҳарфлар икки белги орқали ифодаланади. Қўш белгили бу ҳарфларни тўғри ёзиш эса муаммо эканлиги бор ҳақиқат. Бу ҳолат инсон учун ҳам, компьютер учун ҳам турли қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун таклиф этилаётган ўзгаришларнинг бош мақсади айрим ҳарфларни “чиройлироқ” қилиш эмас, балки алифбони яхлит ва мантиқий тизимга айлантиришдир.
Нега Oʻ ва Gʻ ўрнига Ö ва Ğ таклиф қилинмоқда?
Бугунги кунда энг кўп муҳокама қилинаётган, таъбир жоиз бўлса, алифбо ислоҳотига асосий сабаб бўлган бош муаммо ҳам — Oʻ ва Gʻ ҳарфларидир. Бир қарашда улар оддий, кичик кўринади. Лекин масала ҳам айнан ана шунда – кичик белги катта муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Амалда Oʻ ва Gʻ ҳарфларида қўлланиладиган белги ягона эмас. Бир одам тўғри апострофдан фойдаланади, бошқаси тескари белгини қўяди, яна бири қия белгини ишлатади. Ташқи кўриниши яқин бўлган бу белгилар компьютер учун мутлақо бошқа-бошқа кодлар ҳисобланади.
Натижада бир хил сўз турли кўринишда ёзилиб кетади, электрон қидирув тизими айрим матнларни топмайди. Давлат ахборот тизимларида бир фуқаронинг фамилияси бир нечта кўринишда қайд этилиши мумкин. Электрон ҳужжатлар, маълумотлар базалари, автоматик саралаш ва рақамли хизматларда турли номувофиқликлар юзага келади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу муаммо имло қоидасини ўзгартириш билан ҳал бўлмайди, чунки муаммо тилда эмас, белгининг техник табиатида. Компьютер инсон кўзи каби кўрмайди, у ҳар бир белгини алоҳида код сифатида қабул қилади.
Алифбо лойиҳасига киритилган Ö ва Ğ эса мустақил ҳарфлардир. Улар ягона Юникод кодига эга, барча замонавий операцион тизимлар, веб-платформалар ва дастурий муҳитлар томонидан бир хил қабул қилинади. Бу эса йиллар давомида йиғилиб келган техник муаммоларни илдизидан бартараф этади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, таклиф қилинаётган ҳарфлар биз учун бегона эмас, бу ҳарфлар жадид боболаримиз томонидан ишлаб чиқилган, 1929 – 1940 йилларда амалда бўлган, шу билан бирга, 1993 йилда қабул қилинган алифболарда ҳам мавжуд. Демак, бу ўринда тарихий тажриба ҳам инобатга олинган.
Нега Sh ва Ch ҳам ўзгармоқда?
Айримлар “Фақат Oʻ ва Gʻни ўзгартириш кифоя, Sh ҳамда Ch ни эса қолдириш мумкин”, деган фикрни билдирмоқда. Бир қарашда бу таклиф имло ислоҳотини енгил ўтказишга хизмат қиладиган ечим каби кўринади. Аммо илмий-амалий нуқтаи назардан бу тўғри бўлмайди: айнан шу чала тузатиш яна қачондир алифбони такомиллаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқиши мумкин.
Зеро, бугунги кунда Sh ҳамда Ch ҳарфлари фақат назарий эмас, амалий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Масалан, луғатларда сўзларни алифбо тартибида жойлаштириш, автоматик саралаш, морфологик таҳлил, матнни рақамли қайта ишлаш, қисқартмалар ясаш каби жараёнларда Sh ва Ch алоҳида эмас, иккита мустақил ҳарф сифатида қабул қилинади. Бу эса, компьютер дастурлари учун қўшимча алгоритмлар талаб қилади. Isʼhoq, asʼhob каби сўзларда эса йўқ жойдан истисно қоидаларини жорий этиб, вазифасига зид равишда тутуқ белгисини қўллашимизга тўғри келмоқда. Жадид намояндаларидан Иброҳим Тоҳирий имло қоидаларида истисноларнинг бўлиши унинг тўғрилигини шубҳа остига қўяди, деган эди.
Таклиф этилаётган Ş ва Ç ҳарфлари қўлланилганда эса мазкур товушлар мустақил ҳарф сифатида ифодаланади. Натижада инсон учун ҳам, компьютер учун ҳам ягона ва изчил тизим вужудга келади.
Нега айнан Ö, Ğ, Ş ва Ç танланди?
“Нима учун бошқа белги эмас, айнан шу ҳарфлар?” деган савол ҳам табиий.
Бу ерда танлов ташқи кўринишга эмас, илмий ва амалий мезонларга асосланган.
Биринчидан, мазкур ҳарфларнинг ҳар бири битта мустақил графемадан иборат. Демак, улар “бир товуш — бир ҳарф” тамойилига тўлиқ мос келади.
Иккинчидан, бу ҳарфлар халқаро рақамли стандартларда мустаҳкам ўрин эгаллаган. Улар шаклдошлари орасида кенг тарқалган бўлиб, алоҳида Юникод кодлари мавжуд ва барча замонавий ахборот тизимлари томонидан қўллаб-қувватланади.
Учинчидан, мазкур графемалар туркий тиллар ёзувида кенг қўлланиб келаётгани ҳамда аввал ҳам икки марта алифбомиз таркибидан ўрин олгани боис улар ўзбек ёзуви учун ҳам мутлақо табиий ҳисобланади.
Шунинг учун бу танлов тасодифий эмас, балки тилшунослик, ахборот технологиялари ва халқаро тажрибанинг кесишган нуқтасида қабул қилинган ечимдир.
Нега ng алифбо таркибидан чиқарилди?
Муҳокамаларда энг кўп учраётган саволлардан яна бири — ng ҳақида. Аввало, Ng ўзбек тилида чекланган фонетик муҳитда учрайди. У ҳеч қачон сўз бошида келмайди. Қолаверса, у минг йил давомида араб алифбосида ҳам, кейин кирилл алифбосида ҳам ва ниҳоят, амалдаги лотин алифбосида ҳам n ва g ҳарфлари орқали ифодаланган. Яъни бу товушнинг икки ҳарф билан ифодаланишида азалий кўникма мавжуд. Энг муҳим жиҳат шуки, бошқа ҳарфий бирикмалардан фарқли ng бирикмаси амалиётда ҳеч қандай муаммога сабаб бўлмаяпти, аксинча уни яхлит ҳарфга айлантириш амалиётда янги муаммоларни юзага келтиради. Жумладан, сон-саноқсиз адабиётларни янгиланган алифбога ўгиришда электрон дастурлар ko‘ngil, singil, dengiz сўзларидаги ng товуши билан бирга menga, shakllangan, shtanga каби сўзлардаги бир-бирига алоқасиз n в g ҳарфларини ҳам яхлит ҳарфга айлантириб юборади. Шунингдек, жуда кўп сўзларни ёзишда иккиланиш пайдо бўлиб, саводхонликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Нега тутуқ белгиси тўлиқ бекор қилинмади?
Тутуқ белгисига нисбатан ҳам турли фикрлар билдирилмоқда. Лекин у ўзбек тилида муайян вазифани бажаради. Айрим ҳолларда товушларни ажратиш, талаффузни аниқлаш ва маънони фарқлашда унинг аҳамияти сақланиб қолмоқда.
Шунинг учун илмий ёндашув уни бутунлай йўқотиш эмас, балки қўлланиш доирасини аниқ белгилашдан иборатдир. Бу, бир томондан, ёзувни соддалаштирса, иккинчи томондан, тилнинг табиий хусусиятларини ҳам асраб қолади. Шу маънода тутуқ белгисининг қўлланиш доирасини такомиллаштириладиган имло қоидаларида алоҳида кўриб чиқиш мумкин бўлади.
Муҳокамаларда билдирилаётган таклифлардан бири – унлилар сонини 9тага етказиш масаласи. Бу ҳозирги ҳолатда амалга ошиши қийин бўлган масала, чунки бу таклиф қабул қилинса, алифбода жиддий инқилобий ўзгариш юз беради. Унлиларнинг қаттиқ-юмшоқлик бўйича жуфтланиши ўтган асрларда бўлган бўлса-да, буни бугун ҳатто айрим филологлар ҳам ажрата олмайди. Ҳозирги алифбо ислоҳоти эса, муаммолар яратишга эмас, уларни ҳал этишга қаратилган.
Алифбо ислоҳоти ҳақида фикр юритар эканмиз, бундай жиддий ва илмий масалага ҳиссиёт, одат ёки шахсий дид нуқтаи назаридан эмас, балки илм-фан, миллий манфаат ва келажак эҳтиёжлари нуқтаи назаридан ёндашиш зарур.
Мақсад – барқарор ёзувга эришиш
Таклиф этилаётган алифбо лойиҳасини мукаммалликнинг сўнгги нуқтаси, деб айтиш тўғри бўлмайди. Зеро, дунёда мутлақо мукаммал алифбонинг ўзи йўқ, аммо ҳар қандай ислоҳотнинг қадри унинг мавжуд муаммоларни қай даражада ҳал қила олиши билан ўлчанади. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур лойиҳа амалдаги алифбода йиллар давомида кузатиб келинган бир қатор лингвистик, имловий ва техник муаммоларга изчил ечим таклиф этади.
Бугунги кунда ўзбек тили олдида янги вазифалар турибди. У нафақат кундалик мулоқот ва бадиий адабиёт тили, балки замонавий илм-фан, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, электрон давлат бошқаруви ва халқаро ахборот алмашинувининг ҳам тўлақонли воситасига айланиши керак. Бу мақсадга эришиш учун тилнинг ички қонуниятларига таянган, изчил ва технологик жиҳатдан барқарор ёзув тизими зарур. Такомиллаштирилаётган алифбо айнан шу эҳтиёжларга жавоб беради.
Шубҳасиз, ҳар қандай янгилик дастлаб саволлар ва турли муносабатларни келтириб чиқаради. Бу табиий жараён, бироқ тарихий тажриба шуни кўрсатадики, илмий асосланган қарорларнинг ҳақиқий қиймати вақт ўтиши билан янада яққол намоён бўлади. Кеча баҳсли туюлган кўплаб янгиликлар бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлангани каби, бу ислоҳотнинг ижобий самараси ҳам йиллар давомида ўзини намоён этади.
Шу боис бизнинг вазифамиз ҳар қандай ислоҳотни, жумладан, миллий алифбога киритилаётган тузатишларни эҳтирос билан эмас, далил билан, тахмин билан эмас, илм билан баҳолашдан иборат. Чунки тилнинг келажаги ҳақида қабул қилинган ҳар бир оқилона қарор, аввало, миллатнинг келажагига қўйилган сармоядир.
Иномжон АЗИМОВ,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш
ва малака ошириш маркази директори,
филология фанлари доктори, профессор.
Тарих
Дин
Санъат
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ