“Маънавий элчихоналар” – Яқин Шарқдаги ўзбек такка ва зовиялари


Сақлаш
17:58 / 07.09.2026 98 0

Тарих чархпалаги асрлар давомида миллатларни бир-бирига боғлаган. Аммо бу боғланишлар фақат урушлар ёки савдо карвонлари орқали бўлмаган. Инсоният маънавиятининг юксак чўққиси бўлмиш ислом тасаввуф мактаблари Турон-y Туркистондан чиқиб, бутун дунёга нур таратган. Бугун биз “Яқин Шарқдаги ўзбек обидалари” деганда, шунчаки қадимий биноларни эмас, балки узоқ асрлар давомида ватандошларимизнинг имон-эътиқоди, саховати ва миллий ўзлигини сақлаб қолган “маънавий элчихоналар”ни тушунамиз.

 

Ушбу мақолада биз Қуддуси Шарифдаги (Iyerusalim) “Зовия ал-Ўзбекия” (“Ўзбек зовияси”) мисолида Туркия, Миср ва Фаластин тупроқларида барпо этилган ўзбек масканларининг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қиламиз.

 

Мақоламизнинг мағзини тушуниш учун аввало бу атамаларнинг моҳиятига тўхталиш лозим. Кўпчилик буларни шунчаки “масжид” деб ўйлайди, аслида эса уларнинг вазифаси анча кенг бўлган.

 

Зовия (арабча – “бурчак”): Дастлаб масжиднинг бир бурчагида ибодат ва зикр учун ажратилган жойни англатган. Кейинчалик бу тушунча кенгайиб, муайян бир тариқат (масалан, Нақшбандия) вакиллари йиғиладиган кичик масканларга нисбатан ишлатила бошлаган. Зовия – бу маънавий хилватхонадир.

 

Такка (форсча – “суянчиқ”, “тиргак”): Туркий халқлар, айниқса Усмонийлар даврида кенг тарқалган. Бу атама “суяниш жойи”, яъни мусофирлар ва зоҳидлар бошпана топадиган макон маъносини англатади. Таккалар зовиялардан кўра каттароқ бўлиб, у ерда нафақат ибодат қилинган, балки ётоқхона, ошхона ва кутубхоналар ҳам бўлган.

 

Хонақоҳ: Бу ҳам форсча атама бўлиб, асосан Турон-Туркистон ва Эронда қўлланилган. Бу сўфийларнинг жамоавий яшаш ва зикр тушиш жойидир.

 

Бу масканларнинг ташкил этилиши ортида учта асосий мақсад ётган:

 

Ижтимоий ҳимоя: Узоқ Туркистондан пиёда ёки туяларда ҳажга кетаётган зиёратчилар учун бепул меҳмонхона вазифасини ўташ. Ўша даврларда Бухородан Маккага бориш 4 – 6 ой вақт олган. Йўлда касалланган ёки маблағи тугаган ватандошларимиз мана шу таккалардан паноҳ топганлар.

 

Маънавий тарбия: Нақшбандия, Қадария ёки Яссавия тариқатининг таълимотларини кенг ёйиш. Бу ерлар илм-фан ва адабиёт марказлари бўлган.

 

Миллий бирдамлик: Бегона юртларда ўз тилида гаплашадиган, ўз таомини ейдиган ва ўз анъаналарини соғинган инсонларни бирлаштириш.

 

Қуддуси Шарифдаги “Зовия ал-Ўзбекия” тарихи

 

Қуддуснинг энг муқаддас кўчаларидан бири – Виа Долорозада жойлашган бу маскан ўзбеклар учун атаб қурилган зовиялардан саналади.

 

Зовиянинг тарихи XVII аср бошларига тўғри келади. Унинг асосчиси истанбуллик сўфий, асл келиб чиқиши турк бўлган Усмон оға (Усмон Сўфий) эди. У Масжид ул-Ақсонинг “Боб ал-Ғаванима” дарвозаси яқинида масжид ва тўртта ҳужра қуриб, уни Нақшбандия тариқатига вақф қилади.

 

Эътиборли жиҳати, дастлабки вақфномаларда зовия аҳолиси учун қатъий маънавий талаблар қўйилган: соқол олмаслик, тамаки чекмаслик ва нафсга оид иллатлардан пок бўлиш. Агар нақшбандийлар топилмаса, у ерда бошқа туркий дарвишлар яшашига рухсат берилган.

 

Масканнинг ҳақиқий “Ўзбек зовияси”га айланиши XVIII асрнинг биринчи ярмида яшаган Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Ўзбакий номи билан боғлиқ. Унинг вафотидан сўнг (1731 йили) Қуддус ҳокими Оғо Парвоназода шайхнинг қабри устига маҳобатли гумбаз тиклайди. Айнан шу даврдан бошлаб, зовия Туркистондан келувчи “Бухорийлар”нинг бош марказига айланади.

 

XIX аср охири ва ХХ аср бошларида зовияни бошқарган Шайх Рашид ал-Бухорий даври гуллаб-яшнаш даври ҳисобланади. У нафақат диний раҳнамо, балки катта сиёсий арбоб ҳам бўлган. Шайх Рашид Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатига чидай олмай, Қуддусга келиб қўним топган эди.

 

Унинг даврида зовияда Аҳмад Яссавий ва Алишер Навоий асарлари кўчирилган, мутолаа қилинган.

 

Британия консули Жеймс Финн ўз хотираларида: “Бу ердаги шайхлар Бухородан келган, улар жуда юксак маданиятли ва бир неча тилларни биладиган зотлардир”, деб ёзади.

 

Бу мавзуни фақат Қуддус билан чеклаб бўлмайди. Ўзбек зовиялари тизими Яқин Шарқнинг бошқа муҳим нуқталарида ҳам мавжуд бўлган.

 

Ана шундай зовиялар қаторига Туркиядаги энг машҳур ўзбеклар таккаси бўлиб, у 1750 йиллари Ўзбек давлатини Бухоро хонлиги доирасида бошқарган Аштархонийлар сулоласи элчилари ва зиёратчилари учун қурилган эди. Бу такка шунчаки диний маскан эмас, балки Туркия мустақиллик урушининг (1920 – 1923) энг муҳим марказларидан бири бўлган. Истанбул ишғол остида бўлганда, миллий озодлик ҳаракатининг қурол-яроғлари ва мужоҳидлари мана шу ўзбек таккаси орқали Анадўлуга яширинча ўтказилган. Бу ерда тайёрланган ўзбек палови эса озодлик курашчиларига куч-қувват берган.

 

Миср пойтахтида ҳам ўзбекларнинг ўз маҳалласи ва таккалари бўлган. Қоҳирадаги “Ҳавш ал-Ўзбек” шундай таккалар сирасига киради. Асосан мўғул босқинидан қочиб Ғарбий ўлкаларга қочиб кетгандилар. Жумладан туркий Мамлуклар давридан бошлаб туронлик аскарлар ва олималар Қоҳирада катта обрўга эга бўлишган.

 

Ўзбек зовияларини бошқа миллатларнинг масканларидан ажратиб турадиган бир муҳим жиҳат бор эди – бу меҳмоннавозлик ва таом маданияти.

 

Қуддусдаги зовияда ҳар пайшанба куни улкан қозонларда палов дамланган. Бу анъана шу қадар кучли бўлган-ки, маҳаллий араблар ўзбекларни “энг сахий кишилар” деб билишган. Палов пишириш жараёнининг ўзи бир маросим бўлиб, унда фақат эркаклар қатнашган. Бу таом нафақат қорин тўйғазган, балки ватандан узоқдаги одамларни бир дастурхон атрофида жипслаштирган.

 

Нақшбандия тариқатига хос “зикри хуфия” (овоз чиқармасдан қилинган зикр) ўзига хос тошлар (тасбеҳ ўрнида ишлатиладиган кичик тошлар) ёрдамида амалга оширилган. Бу маросимлар зовиянинг маънавий қувватини белгилаб берган.

 

ХХ аср бошлари ўзбек зовиялари учун оғир келди. Сабаби Биринчи жаҳон уруши ҳамда чегараларнинг ёпилиши юз берди. 1917 йили “оқпошшо” ҳокимияти ағдарилиб, ҳокимият тепасига “қизиллар” келгандан сўнг СССР чегараларини ёпди. Туркистондан Ҳажга келувчилар оқими тўхтаб қолди. Бу зовияларнинг иқтисодий ва маънавий таъминотига катта зарба бўлди.

 

Қуддусдаги ўзбек зовиясининг қўшниси афғон зовияси бўлиб, 1919 йилги ўзаро ер низоси туфайли афғон зовиясининг мутаваллиси Шайх Рашиднинг фожиали ўлими жамоат бошини айлантириб қўйди.

 

Исроил ва Араб давлатлари ўртасидаги урушдан сўнг, зовиядаги дарвишларнинг аксарияти Иорданияга кўчиб ўтди. 1983 йили эса Исроил ҳокимияти томонидан зовиянинг бир қисми бузиб ташланди.

 

Бугун Қуддусдаги “Зовия ал-Ўзбекия”ни Шайх Яъқубнинг набиралари сақлаб келмоқда. Энди у ерда аввалгидек юзлаб дарвишлар яшамаса-да, лекин масжид ва кутубхона фаолият юритмоқда. Кутубхонада сақланаётган 179 дан ортиқ нодир қўлёзмалар туркистонликларнинг Иерусалимда нақадар юксак маданият эгаси бўлганидан далолат беради.

 

Хулоса қилиб айтганда, Яқин Шарқдаги ўзбек такка ва зовиялари шунчаки меъморий обидалар эмас, улар ўз Ватанидан минглаб чақирим узоқда бўлса-да, ўз тили ва маданиятини йўқотмаган аждодларимизнинг матонати, ўзбек халқининг ислом цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси, энг муҳими эса, инсонийлик, саховат ва маънавий поклик рамзидир.

 

 

Зафар ШАМСИДДИНОВ,

тадқиқотчи

 

Фойдаланилган манбалар:

 

1.     “Тюркский Атлас” Телеграм канали.

2.     Yusuf Natsheh. Al-Zawiya al-Naqshbandiyya (1033/1623-4) // Ottoman Jerusalem: The Living City 1517 – 1917. PP. 904–912.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

18:09 / 30.09.2026 0 75
Муаллимга жўнатилмаган мактуб





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38839
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//