Темурийлар даври ҳукмдорларининг илм-фан ва маданиятга ҳомийлиги ўнлаб қимматли тарихий асарларнинг яратилишига асос бўлди. Хожа Тожиддин ас-Салмоний, Ҳофизи Абру, Фасиҳ Ҳавофий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир ва Мирзо Ҳайдар каби муаллифлар қолдирган мерос шулар жумласидандир.
Мазкур манбаларда Амир Темур даври воқеалари каби ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан бир қаторда муҳим этник маълумотлар ҳам учрайди. Хусусан, асосий этник қатламлар амир, саркардалар ва қабила етакчиларининг номлари орқали ёритилган.
Ўша даврда Мовароуннаҳр аҳолисининг асосини турк ва тожиклар ташкил этган. Шунингдек, ўтроқ аҳоли билан бир қаторда дуғлот, олчин, жалойир, арлот, барлос, манғит, маркит, қанғли, қипчоқ, арғин, қавчин ва найман каби ўнлаб кўчманчи ҳамда ярим ўтроқ қабилалар истиқомат қилган.
Бу этногенетик жараёнлар бирламчи манбаларда қуйидагича акс этган:
Фасиҳ Ҳавофийда: апардий, араб, арлот, жалойир, қўнғирот, манғит, мўғул, ўйрот (ойрат), сулдуз, тожик, татар, турк, туркман ва ўзбек;
Абдураззоқ Самарқандийда: қавчин, барлос, жалойир, қурчи, ўзбек, туркман, сулдуз, арғун, татар, арлот, найман, халаж, манғит, макрит, ахтачи;
Заҳириддин Муҳаммад Бобурда: барлос, дуғлот, арлот, сулдуз, керойит, тоғчи, чағроқ, макрит, қавчин, жалойир, туркман;
Мирзо Ҳайдарда: бекчик, булғачи, барин, қирғиз, қорахитой, керайит, қанғли, дуғлот, қавчин, арлот, қипчоқ, жалойир, курлакут.
Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида арлот, жалойир, барлос, сулдуз, найман, мўғул, қавчин, қипчоқ, арғун ва дуғлот каби этнослар етакчи мавқени эгаллаган. Шунинг билан бирга, минтақада ўйрот, ясурий, нукуз, тойжиют, чиноз, макрит, бурулдой, туркман, дўлдой, тағойи ва қўнғирот каби нисбатан кам сонли уруғ-қабилалар ҳам яшаган.
Темурийлар даври форсий манбаларида тилга олинган йирик этнослардан бири арлотлар бўлиб, улар бу даврда асосан Мурғоб дарёсининг ўрта ҳавзасида истиқомат қилган. Амир Темур вафотидан сўнг арлотларнинг мавқеи янада кучайиб, айрим вакиллари марказий ҳокимият учун кечган курашларга фаол аралашган. Хусусан, Эроннинг Шаки вилояти доруғаси Саййид Али арлот Мироншоҳ Мирзога мухолифлик қилиб, ҳокимиятни қўлга киритишга интилган.
Темурийлар даврида арлотларнинг яна бир гуруҳи Хуросонда яшаган. ХIV аср ўрталарида апардийлар билан бирга Малик Ҳусайндан (Куртлар сулоласидан Малик Ғиёсиддиннинг ўғли) қочиб, амир Қазаған хизматига ўтган бу гуруҳ кейинчалик Хуросон, Маймана ва Фарёб ҳудудларида ўрнашган.
Темурий ҳукмдор Алоуддавла арлотлар сардори, авваллари Шоҳрухга хизмат қилган амир Ёдгоршоҳ арлотнинг қизига уйланган. Амир Ёдгоршоҳ ва унинг ўғли Султон Маҳмуд бошлиқ арлотлар Алоуддавла ҳокимиятини қўллаб-қувватлаган асосий куч бўлган. Мазкур гуруҳ кейинчалик Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқишига ҳам кўмаклашган. Бу даврда арлотларга Ёдгоршоҳнинг фарзандлари – Пир Муҳаммад, Жаъфар ва Зайнулобидинлар бошчилик қилган.
ХIV–ХV асрларда арлотларнинг яна бир тармоғи Мўғулистонда яшаган. Мўғул хони Юнусхон (Бобурнинг она томондан бобоси) даврида уларнинг обрўси анча баланд бўлган, бироқ кейинчалик Султон Аҳмадхон арлот амирларини давлат ишларидан четлатган.
Арғунлар ҳам даврнинг йирик этносларидан бири бўлиб, Фарғона водийси, Зарафшон воҳаси, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда истиқомат қилган. Улар Амир Темур эътироф этган қирқта ўзбек қавмидан бири ҳисобланган ва Темурийлар даврида йирик ер эгалари – тархон мақомига эга бўлган.
Улуғбек қўшинида арғунлар салмоқли қисмни ташкил этган бўлса-да, Улуғбекнинг Абдуллатифга қарши курашида унга хиёнат қилганлар. Шундан сўнг арғунларнинг бу гуруҳи Абу Саид Мирзо томонига ўтиб, унинг ҳокимиятини қўллаб-қувватлаган. Абу Саид даврида арғун амирлари (Ўрус арғун, Нур Саъид, Султон Арғуний ва Саййид Асил Арғуний) ҳар қачонгидан ҳам нуфузли бўлган. Султон Арғуний ва Нур Саъид кейинчалик Мирзо Муҳаммад Жўкийга ҳам хизмат қилган.
ХV асрда арғунларнинг бир қисми Қобул ва Қандаҳорни бошқарган. Уларнинг етакчилари Зуннун арғун ва унинг ўғиллари – Шоҳ Шужў (Шоҳбек) ҳамда Муқим арғунлар эди. Арғунларнинг бу гуруҳи Ҳусайн Бойқаро марказий ҳокимиятни эгаллагач, унинг умрининг охиригача садоқат билан хизмат қилган.
909/1503–1504-йилларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ака-ука Шоҳ Шужў ва Муқим арғунлар билан курашиб, Қобулни қўлга киритган. “Бобурнома”га кўра, ўша пайтда арғунларнинг қўшини 6–7 минг кишидан иборат бўлган.
Арғунларнинг бошқа бир гуруҳи бевосита Бобурга хизмат қилган. “Бобурнома”да қайд этилишича, унинг қўшинида арғунларнинг алоҳида ҳарбий бўлинмалари бўлган. Бобурга хизмат қилган арғун етакчилари давлат бошқарувида ҳам фаол қатнашган; жумладан, амир Султон Ҳусайн арғун маълум муддат Қоракўлни бошқарган. Арғунларнинг кейинги авлодлари Мовароуннаҳрда қолиб, вақт ўтиши билан маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетган.
Барлослар Темурийлар давридаги энг нуфузли ва форсий манбаларда энг кўп тилга олинган қабилалардан биридир. Темурий шаҳзодаларнинг аксарият саркарда ва мулозимлари барлослар вакилларидан чиққан. Жумладан:
Шоҳрухнинг амирлари: Тўкал барлос, амир Нуширвон барлос, Пир Луқмон барлос, Султоншоҳ барлос, Султон Боязид барлос (кейинчалик Абдуллатиф хизматига ўтганлар);
Пирмуҳаммад ибн Жаҳонгир Мирзонинг амири: Баҳлул Муҳаммад барлос (Дарвеш барлоснинг ўғли);
Улуғбекнинг амири: Пирмуҳаммад барлос;
Пир Муҳаммад ибн Умаршайхнинг амири: Чўлпоншоҳ барлос;
Абу Бакр Мирзонинг амирлари: Поянда Султон барлос, Ҳусайн барлос;
Ҳалил Султоннинг амири: Поянда Султон барлос;
Рустам ибн Умаршайхнинг амири: Саъид барлос;
Искандар Мирзонинг амирлари: Тоғай Буға барлос, Нурак барлос, Довуд Малик барлос, Жалбоншоҳ барлос;
Абу Саид Мирзонинг амирлари: Ғиёсиддин Али Форсий барлос (Тус юришига бошчилик қилган), Низомиддин Аҳмад Тўкал барлос (Қандаҳор ҳокими);
Абулқосим Бобурнинг амири: Пир Султон барлос;
Ҳусайн Бойқаронинг амирлари: Муҳаммад Бурундуқ барлос (аввал Шоҳрух Мирзонинг амири бўлган), Музаффар барлос, Аҳмад Таваккул барлос, Жаҳонгир барлос, Ислим барлос, Султон Жунайд барлос;
Султон Маҳмуд ибн Абу Саиднинг амирлари: Шайх Абдулло барлос, Маҳмуд барлос ва бошқалар.
Барлослар ва темурий ҳукмдорлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ҳам бир хил даражада илиқ бўлмаган. Тахт учун курашлар натижасида айрим барлос амирлари бошқа ўлкаларга кўчиб кетишга мажбур бўлганлар. Жумладан, Темурий Алоуддавла ва унинг ўғли Султон Иброҳимдан юз ўгирган бир гуруҳ барлос амирлари ўз яқинлари билан Мовароуннаҳрдан Журжон ва Мозандаронга – Ҳусайн Бойқаро ҳузурига бош олиб кетган.
Темурийлар даврида барлосларнинг яна бир гуруҳи Хўжандда яшаб, шаҳарни идора қилган. Бу гуруҳ Шайбонийхонга қарши аёвсиз кураш олиб борган ва шаҳар босиб олингандан кейин ҳам кўчманчи ўзбекларга таслим бўлмаган. Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳ шундай ёзади:
Олти мингча киши ғавғо айлаб,
Икки барлосни мирзо айлаб.
Барлослар Мўғулистонда ҳам етакчи ҳарбий ва сиёсий куч ҳисобланган. ХV аср охири – ХVI аср бошларида бу ердаги барлосларга амир Мирак Мирзо бошчилик қилган. Бўлажак мўғул хонларининг отабеги (тарбиячиси) фақат барлослар вакилларидан тайинланган; масалан, Мир Ғўри барлос Абдурашидхоннинг отабеги бўлган. Бу ҳолат барлосларнинг мўғул хонлари саройида юқори мавқега эга бўлганини кўрсатади.
Барлослар Туғлуқ Темурдан тортиб Абдурашидхонгача бўлган даврда мўғул хонлари тарихида муҳим ўрин тутган бўлса-да, кейинчалик Абдукаримхон билан муносабатлар кескинлашган. Натижада Абдукаримхон амирлар – Мирзо Муҳаммад ва Мирзо Аҳмад бошчилигидаги 3 минг аҳолини мамлакатдан сургун қилган.
Даврнинг фаол этносларидан бири баҳрин (борин)лар бўлиб, уларнинг бир қисми Мовароуннаҳрда, бошқа бир қисми эса Мўғулистонда истиқомат қилган. Сўнгги темурийлар даврида баҳринлар мамлакатдаги етакчи этник гуруҳлардан бири сифатида фаолият юритган.
Уларнинг аксарияти мўғуллар билан иттифоқда бўлиб, Бобурнинг мўғул хонлари билан қариндошлик алоқалари туфайли у билан ҳам яхши муносабатда бўлган. “Бобурнома”да қайд этилишича, Тўлун хожа борин Бобурнинг мўғуллар орасидаги энг ишончли кишиси бўлган. Баҳринлар Бобурнинг қатор жангларида, жумладан, Шайбонийхонга қарши Сарипул жангида 400–500 кишилик ҳарбий гуруҳ билан қатнашган. Шунингдек, Бобурнинг Аҳмад Танбалга қарши курашида Жон Ҳасан бошлиқ боринлар ҳам яқиндан кўмаклашган.
Шарқий Чиғатой улуси кучайиб-заифлашуви жараёнида баҳринлар ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган. Мўғул хони Увайсхон вафотидан сўнг улар кучайиб, ҳаттоки мўғул хонларига ҳам хавф сола бошлаган. “Бобурнома”да Эрзан борин ва Мирак туркман ёш мўғул хони Юнусхонни асир олиб, 30 минг уйлик мўғуллар билан бирга Самарқандга келгани айтилади. Мирзо Улуғбек қабила бошлиқларини жазолаб, қолганларини Мовароуннаҳрга жойлаштирган, Юнусхонни эса асирларнинг бешдан бир қисми билан отаси Шоҳрух Мирзо ҳузурига жўнатган. Баҳринлар кейинчалик Тошкент, Зарафшон воҳалари ва Фарғона водийсида ўрнашиб қолган.
ХV асрда Мовароуннаҳрда яшаган йирик этнослардан яна бири дуғлотлар эди. Уларнинг Фарғона, Самарқанд, Қоратегин ва Ҳисорда тарқоқ ҳолда яшагани “Бобурнома”да эслатилган. Манбага кўра, Ҳисор дуғлотлари Бобурга беғараз хизмат қилган.
Дуғлотлар Темурийлар даврида ҳам асосий ҳарбий кучлардан бири бўлган. Бобур улар билан яқин муносабатда бўлиб, хусусан, Аҳмад Танбалга қарши курашда Муҳаммад Ҳисорий ва Султон Ҳусайн бошлиқдаги дуғлотлар бўлинмасидан ёрдам олган. Дуғлотларнинг аксарияти Шарқий Чиғатой улусида (Мўғулистонда) яшаб, мўғул хонларига хизмат қилган ва бу илиқ муносабатлар Султон Саидхоннинг ўғли Абдурашидхон даврига қадар давом этган.
Жалойирлар ҳам Темурийлар давридаги йирик этнослардан бири бўлган. Бироқ Амир Темурга нисбатан садоқатсизлик қилгани учун уларнинг айрим гуруҳлари тарқатиб юборилган ва шу боис Темурийлар даври манбаларида улар бошқа қабилаларга қараганда камроқ тилга олинган. Жалойирлар кейинчалик темурий ҳукмдорларга ҳам итоатсизлик кўрсатган; жумладан, Абу Саид Мирзо амир Ҳалил бошчилигидаги жалойирларнинг хиёнатидан сўнг бу элга нисбатан қаттиқ чоралар кўрган.
Темурий Ҳусайн Бойқаронинг саройида Ҳусайн Али (Ҳасан Али) жалойир деган амир бўлиб, у Туфайлий тахаллуси билан қасидалар битган. Мовароуннаҳрдаги жалойирлар кейинчалик ўзбек, қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ халқлари таркибига сингиб кетган.
Форсий манбаларда тез-тез тилга олинган этнослардан яна бири сулдузлар эди. Бу даврда сулдузларнинг бир қисми Сеистонда яшаб, уларга Пир Али Сулдуз бошчилик қилган. ХV аср ўрталарида сулдузларнинг яна бир гуруҳи Андижонда бўлиб, уларни Жалолиддин Бузурк Сулдуз бошқарган. Сулдузларнинг ушбу гуруҳи кейинчалик Бобур хизматига ўтиб, унинг ҳарбий юришларида иштирок этган.
Темурийлар даври манбаларидан кўриниб турибдики, аксарият темурий ҳукмдорларнинг қўшинида сулдуз гуруҳлари мавжуд бўлган. Бунга Амир Темур давриданоқ сулдузларнинг нуфузи туман даражасида бўлгани ва темурий шаҳзодаларга суюрғол қилинган ҳудудларга юборилган қўшинлар таркибида сулдузлар кўпчиликни ташкил этгани сабаб бўлган. Темурийлар сулоласининг таназзулидан сўнг сулдузлар Шайбонийхон хизматига ўтган. ХVI–ХVII асрларда Мовароуннаҳрдаги сулдузлар батамом ўтроқлашиб, маҳаллий аҳоли таркибига сингиб кетган.
Мазкур даврдаги фаол қабилалардан бири қипчоқлар бўлиб, улар Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда истиқомат қилган. Улар Амир Темур давридаёқ етакчи ҳарбий кучга айланган эди. Ҳукмдор вафотидан сўнг қипчоқлар янада кучайиб, темурий ҳукмдорларга таҳдид сола бошлаган.
Хусусан, Абу Саид Мирзонинг ўғли Султон Маҳмуднинг Ҳисравшоҳ қипчоқ деган амири чексиз ваколатларга эга бўлган. Ҳисравшоҳ бошчилигидаги қипчоқлар Султон Маҳмуд вафотидан кейин марказий ҳокимиятни тан олмай, мустақил сиёсат юритган ва ҳатто Темурийларга қарши бош кўтарган. Жумладан, Ҳисравшоҳ Султон Маҳмуднинг ўғли Бойсунқур Мирзони ўлдирган, бошқа ўғли Султон Масъуднинг эса кўзига мил тортган.
Қавчинлар Мовароуннаҳрдаги йирик қабила бўлиб, етакчи ҳарбий куч мақомига эга эди. Улар Фарғона водийси, Қашқадарё ва Бухоро ҳудудларида ўрнашган бўлиб, Темурийларнинг барча жангларида қатнашган ва ҳукмдорнинг шахсий гвардияси саналган.
Қавчинлар ўзларининг садоқати билан бошқа этнослардан ажралиб турган, шунинг учун ҳам аксарият темурийлар ёнида қавчин амирлари бўлгани манбаларда қайд этилган. Жумладан:
Шоҳрухнинг амирлари: Тўплоқ қавчин, Кепакчи қавчин, Жаҳонмулк қавчин (Шоҳрухнинг болаликдаги мулозими, амир Милкотнинг ўғли, амир Хорийнинг амакиваччаси бўлиб, Амир Темур вафотидан кейин Шоҳрухга қарши исён кўтарган);
Улуғбекнинг амирлари: Хизр қавчин, Шоҳ Вали қавчин, Увайс қавчин (улар 1425 йилги Мўғулистонга қарши юришда қатнашган), Али қавчин, Мироншоҳ қавчин (1449 йил сентябрда Улуғбек ўғли Абдуллатифдан енгилиб, Самарқанддан паноҳ топмоқчи бўлганда уни шаҳарга киритмаган);
Мирзо Искандарнинг амирлари: Хурқужоқ қавчин, Баён қавчин;
Абдуллатифнинг амири: Саодат қавчин (Домғон доруғаси бўлиб, Абдуллатифга қарши чиққан, бироқ Абдуллатиф уни омон қолдирган);
Абу Саид ва унинг ўғиллари Аҳмад ҳамда Маҳмуд Мирзоларнинг амирлари: Пирдарвиш қавчин, Қулмуҳаммад Буғдо қавчин, Буғо қавчин;
Умаршайх ва Бобурнинг амирлари: Мир Қанбарали қавчин, Али Мазидбек қавчин, Қосимбек қавчин (Ўш ҳокими бўлиб, Бобур уни ўз отасидек ардоқлаган);
Ҳусайн Бойқаронинг амири: Ҳусайн Али қавчин (Ҳамадон ва Даргузин ноиби).
Бу даврда қавчинларнинг яна бир қисми Қошғарда истиқомат қилган.
Ҳазоралар Мовароуннаҳр ва Хуросондаги этнослардан бири бўлган. Бу ҳақда Абдураззоқ Самарқандий шундай ёзади: “Ҳазорайи Оқо деб машҳур бўлган ҳазора қавми кўп эл ва улусдан иборат бўлиб, сон-саноқсиз чорва молларига эгадирлар. Шоҳрух даврида ўлпон тўлаб турган. Шоҳрухдан кейин мустақил бўлиб олиб, мол-мулки кўп бўлса ҳам йўлтўсарлик қилиб, мусулмонларни қатл эта бошлаган”.
Ҳазора ва никударийларнинг кейинги вакиллари ХV аср охири – ХVI аср бошларида ҳам шимолий Афғонистонда яшаган. Шайбонийхон 1510 йилда ҳазоралар устига юриш қилса-да, уларни топа олмаган. Бу даврда Ғазни, Карнуд ва Ғур тоғларида ҳазора ва никударийлар яшаганини Бобур ҳам тасдиқлайди.
Темурийлар даври манбаларида тилга олинган этнослардан яна бири чағрақ (чиғрақ, чакрак)лардир. Бу даврда чағракларнинг бир қисми Фарғона билан Қошғар орасидаги тоғли ҳудудларда яшаб, чорвачилик билан шуғулланган. “Бобурнома”да бу ҳақда шундай дейилади: “Андижон вилоятининг саҳронишинларидан бир чағрак элдир, қалин элдур. Беш-олти минг уйли эл бордур. Фарғона билан Қашғар орасидаги тоғда бўлурлар. Отлари кўп ва қўйлари қалиндур”. Шунга ўхшаш маълумот Мирзо Ҳайдарнинг асарида ҳам учрайди. Унга кўра, Қошғар ҳокими Абубакр дуғлот чағракларни Ўзган аҳолиси билан бирга қириб юборган.
Мовароуннаҳрда яшаган қабилалардан яна бири тоғчи (тағочи)лардир. “Тоғчи” сўзи “тоғлик” деган маънони англатади. Ҳозиргача сақланиб келинаётган Зомин ва Чироқчи туманларидаги Тоқчи, Жиззах тумани ҳамда Китоб шаҳридаги Тоқчилик, Шеробод туманидаги Тоқчигузар топонимлари айнан тоғчи этноними асосида вужудга келган. Тоғчилар баъзан ўзларини Дашти Қипчоқ ўзбек-қатағонларига мансуб деб билишади. Бироқ тоғчиларнинг аждодлари жанубий Ўзбекистон ҳудудида Дашти Қипчоқ ўзбеклари келишидан анча олдин ҳам истиқомат қилган.
“Бобурнома”да тилга олинган, Умаршайх Мирзонинг амирларидан бўлган Вайс Лоғарий Самарқанднинг тўқчи элатидан чиққан. Манбада қайд этилган тўқчи этноними тоғчи ёки тағочининг кейинчалик ўзгарган шакли бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса ўша даврда Самарқандда ҳам тоғчиларнинг алоҳида гуруҳи яшаганидан далолат беради.
Темурийлар даврида Мовароуннаҳрда истиқомат қилган яна бир этнос қарлуқлар эди. Қорахонийшунос К.Шониёзовнинг ёзишича, қарлуқлар ХIV–ХV асрларда икки этник қатламдан иборат бўлган. Биринчи қатлам Фарғона водийси, Тошкент воҳаси ва Тохаристонда милодий VI асрдан буён яшаб келган. Иккинчи қатлам эса мўғуллар ҳукмронлиги даврида (ХIII–ХIV асрнинг 60-йиллари) Или дарёси бўйлари ва Еттисувдан кўчиб келиб, Тошкент ва Зарафшон воҳалари ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий вилоятларида ўрнашган ва бу ерда аввалдан яшаб келган қарлуқлар билан қўшилиб кетган.
ХV асрда қарлуқларнинг бир қисми Дашти Қипчоқ ҳудудида кўчманчи ҳаёт кечирган ва кейинчалик Шайбонийхоннинг ҳарбий юришларида фаол қатнашган. Яна бир гуруҳи ХIV асрда Тароз шаҳри билан Сирдарё оралиғидаги яйловларда кўчиб юрган. Фарғона водийсида ҳам қарлуқларнинг жамоалари истиқомат қилган бўлиб, “Бобурнома”да улар кўп бор тилга олинган.
Шунингдек, Мовароуннаҳрда ўйрот, ясурий, нукуз, тойжиют, чиноз, макрит, бурулдой, туркман, дўлдой, тағойи ва қўнғирот каби уруғ-қабилалар ҳам яшаган. Улар йирик этносларга нисбатан кам сонли бўлишига қарамасдан, минтақанинг этно-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этган.
ХV асрда Мовароуннаҳрда илк ўрта асрларда ва ундан кейинги даврларда келиб ўрнашган араблар ҳам ҳаёт кечирган. Уларнинг сони кўп бўлмаган ва асосан Бухоро воҳаси, Самарқанд ҳамда Каттақўрғон атрофлари, шунингдек, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тарқоқ ҳолда истиқомат қилган.
Бундан ташқари, турли истилолар натижасида Амир Темур ва темурий ҳукмдорлар томонидан Мовароуннаҳрга кўчириб келтирилган халқлар ҳам бўлган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг бошқа ҳудудларга мажбурий олиб чиқилиши ҳолатлари ҳам кузатилган. Масалан, мўғул хони Эсан Буға (Юнусхоннинг акаси) Андижонни эгаллагач, аҳолининг бир қисмини Қошғарга асир сифатида олиб кетган; “Тарихи Рашидий”да бу аҳолининг қисқа вақт ичида мўғуллашиб кетгани қайд этилган. Шайбонийхон юришлари даврида эса ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам ярим кўчманчи этнослар Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Ҳисор ва Қундуз каби ҳудудларидан чиқиб, қўшни вилоятларга, хусусан, Қобулга кўчиб борган.
Темурийлар даврига келиб Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидаги демографик ва этник манзара қисман ўзгарди. Бу даврдаги этномаданий жараёнларнинг асосий хусусиятларидан бири ўлкага кўплаб турк-мўғул этносларининг келиб жойлашиши натижасида турклашиш жараёнининг кучайганидир. Натижада асосан форсийзабон аҳоли яшайдиган шаҳарлар муҳитига ҳам туркий унсурлар фаол кириб борди.
Давр этномаданий жараёнларининг яна бир жиҳати ҳукмрон доира сиёсати туфайли уруғ-қабилаларнинг бўлиниб кетиши ва турли ҳудудларга тарқалишида намоён бўлди (бунга барлослар ва жалойирлар мисол бўла олади). Бу каби парчаланишлар уруғларнинг тез фурсатда маҳаллий халқ билан қоришиб кетишига сабаб бўлган.
Темурийлар даврида Мовароуннаҳрнинг демографик манзараси, ижтимоий таркиби ва этномаданий жараёнлари кучли марказлашган давлатчилик тизими ҳамда иқтисодий юксалиш шароитида янги босқичга кўтарилди. Ҳукмдорларнинг фаол шаҳарсозлик ва урбанизация сиёсати, ички ҳамда ташқи миграция омиллари, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг қўллаб-қувватланиши воҳаларда ўтроқлашиш жараёнларини тезлаштириб, кўп қатламли маданий муҳитнинг шаклланишига замин яратди. Мазкур давр ижтимоий-демографик динамикасини тизимли таҳлил қилиш Ўрта асрлар Марказий Осиё жамиятининг ички қонуниятларини ва бугунги миллий-этник жараёнларнинг тарихий илдизларини чуқурроқ англашда муҳим аҳамият касб этади.
Севинч УЛАШОВА,
Афрасиаб Университй доценти, тарих фанлари доктори
Тарих
Дин
Санъат
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ