Туркий халқлар жаҳон тарихида Узоқ Шарқдан Европа ва Шимолий Африкагача бўлган ҳудудларда йирик давлатлар барпо этиб, геосиёсий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатган. Улар ўз даврида барқарор бошқарув ва мустаҳкам давлатчилик анъаналарини шакллантирган. Шу боис, турли халқлар вакиллари, айниқса араб муаллифлари томонидан туркийлар тарихи ва маданиятига бағишланган кўплаб асарлар яратилган.
Туркий халқлар ҳақида асар ёзган олимлардан бири Абу Ҳомид Мақдисийдир. Абу Ҳомид Мақдисий ХV асрда яшаган шофиъий фақиҳ, муҳаддис ва тарихчи олим. У Қуддусда илмий муҳитда вояга етиб, дастлабки таълимни отасидан олган. Мақдисийнинг илмий юксалишида ўз даврининг забардаст уламоларидан Ибн Ҳажар Асқалоний, Тақиюддин Мақризий, Ибн Қози Шаба каби зотларнинг ҳиссаси катта бўлган. Таъкидлаш жоиз, Абу Ҳомид Мақдисий тарихнависликда Ибн Халдун мактабининг давомчиси ҳисобланади. Боиси, у Ибн Халдуннинг шогирди бўлмиш Тақиюддин Мақризийдан таълим олган ва ўз асарларида мазкур икки уламонинг илмий қарашларини мужассам этган. Бу ҳолат олимнинг асарларида, хусусан, “Туркий халқларнинг Миср диёрларига келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари” номли тарихий асарида яққол намоён бўлади. Муаллиф ушбу асарида кўп ўринларда Мақризий маълумотларидан кенг фойдаланган ва унинг тарихий хулосаларини ёқлаган.
Энди бевосита асарнинг мазмуни ва мақсадига тўхталсак. Мазкур асарнинг яратилишидан мақсад инқироз шароитида ҳукмрон доираларга давлат бошқарувининг самарали усулларини кўрсатиб беришдан иборат эди. Бу борада муаллиф ўзига хос тарихий-таҳлилий услубни қўллайди. Унинг бу ёндашуви маълум маънода тарихчи Ибн Арабшоҳ томонидан Амир Темур шахсини тадқиқ этишда қўлланган услубни эслатади. Маълумки, Ибн Арабшоҳ Амир Темурга нисбатан салбий муносабатда бўлишига қарамай, унинг давлат бошқарувидаги маҳорати, адолатпарварлиги ва ҳарбий истеъдодини ўз даври ҳукмдорлари учун ибрат сифатида тасвирлаган эди. Шу тариқа у рақиб томон вакилининг ижобий жиҳатларини кўрсатиш орқали замондошларини ислоҳотларга ундашни мақсад қилган.
Абу Ҳомид Мақдисий ҳам худди шундай услубдан фойдаланиб, ўтмишдаги муваффақиятли сиёсий тажрибаларни ўз давридаги бошқарув тизимининг камчиликларини бартараф этиш учун мезон сифатида тақдим этади. Муаллифнинг фикрича, тарих фақат ўтмиш воқеаларининг баёни эмас, балки давлат ва жамият ҳаётини такомиллаштиришга хизмат қилувчи амалий тажриба мактабидир.
Асарнинг ёзилишига туртки бўлган муҳим тарихий омиллардан яна бири 1382 йилдан бошлаб Мамлук Салтанатида сиёсий ҳокимиятнинг туркий мамлуклар қўлидан черкас амирлар қўлига ўтиши ва бунинг натижасида ХV аср ўрталарига келиб давлатнинг чуқур таназзулга юз тутганидир. Муаллиф туркий мамлуклар ҳукмронлиги давридаги сиёсий барқарорлик, қатъий тартиб-интизом ва самарали бошқарув тажрибасини черкас ҳукмдорлари учун намунавий модел сифатида тасвирлайди. Шу орқали у ҳукмрон табақага тарихий тажрибадан сабоқ чиқариш зарурлигини эслатиб, мамлакатни инқироздан олиб чиқиш йўлларини кўрсатишга ҳаракат қилади.
“Исломнинг улуғвор ва гўзал давлатлари ҳамда туркий халқларнинг Миср диёрларига келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари борасидаги мушоҳадаларим” асари туркий халқлар, хусусан, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганишда жуда қимматли манба бўла олади.
Асарда туркийларнинг руҳий ва ахлоқий сифатлари
Мақдисийга кўра, туркийлардаги юксак ахлоқ уларнинг қон-қонига сингиб кетган Аллоҳ берган табиий фитратдир. Туркийларнинг кўпчилигида ички софлик ва қалб саломатлиги устуворлик қилади. Улар маккорлик, ҳийла, алдов ва пасткашлик каби иллатлардан йироқ. Айниқса, асарда Миср диёрига яқин орада келган туркларнинг ниҳоятда софдил ва беғубор эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилади.
Туркийларнинг ахлоқий фазилатларидан бири улар орасида ҳасад ва кўра олмаслик каби иллатлар деярли йўқлигидир. Агар улардан бирортасининг мансаби ва мартабаси кўтарилса ёки бойиб кетса, қолганлари: “у бунга лойиқдир, буни унга Аллоҳ берди”, деб айтишади. Муаллиф бу ҳолат араб фақиҳларида умуман учрамаслигини билдиради. Шунингдек, у қасам ичиб айтади-ки, ҳасад арабларнинг кўксини бутунлай тўлдириб юборгандир.
Муаллиф туркийларнинг қони қайноқ, феъл-атвори шиддатли ва қизиққон бўлишига қарамай, масаланинг асл моҳияти тушунтирилган заҳоти ғазаблари дарҳол сўнишини таъкидлайди. Айниқса, бой ҳаётий тажрибага эга кекса кишилар орасида бу вазминлик яққол кўзга ташланади. Туркийлар хато қилиб қўйсалар, тезда пушаймонлик ҳис этишларига ва Аллоҳга тавба айтишларига кўп бор гувоҳ бўлганини айтади. Шу ўринда арабларни турклар билан солиштириб, туркий халқлардаги бундай юксак ахлоқий сифатлар арабларда йўқлигини, борди-ю топилганда ҳам, минглаб араблар орасидан фақат бир кишидагина учраши мумкинлигини айтиб ўтган.
Туркий халқларнинг табиати қанчалик қизиққон ва тезда ғазабланишга мойил бўлмасин, улар оддий инсонларга нисбатан ғоят раҳм-шафқатли, заиф ва камбағалларга нисбатан эса кўнгли очиқ эди. Туркий халқларда хотиманинг, яъни, умрнинг якуни қандай бўлишидан хавфсираш туйғуси жуда кучли. Уларнинг ҳаққига: “Умрингиз узоқ, ризқингиз баракали бўлсин”, дея дуо қилинса, улар: “Йўқ, яхшиси, хотимамиз хайрли бўлишини сўранг”, деб жавоб қайтарадилар. Муаллиф бу ҳолат ўз миллатдошлари бўлган араблар табиатига бутунлай зид эканини таъкидлар экан, ўша даврда араблар орасида фитна ва бузғунчиликлар авж олганини қайд этади. Шунингдек, у агар араблар Шом ва Миср ўлкаларида турклар ўрнига ҳукмронликни қўлга киритган тақдирда, бу ҳудудларда зулм ва адолатсизлик янада ортиб кетишини ҳам қўшимча қилади.
Мақдисий туркийларни яна бир фазилати – жасорат ва юраги бақувват эканини келтириб ўтади. Улар ўлимга дуч келишса, асло ҳайиқмасликларини айтиб, бу ҳолат мўғуллар ва европалик салбчилар билан бўлган жангларда яққол исботини топганлигини қайд этади.
Муаллиф туркий халқларнинг ўзига хос фазилатларидан бири сифатида уларнинг хиёнатдан йироқ эканини алоҳида таъкидлайди. Агар туркийлар бирор вақф мулкига ёки давлат аҳамиятига молик ишга масъул этиб тайинлансалар, унга хиёнат қилишлари ёки уни ноҳақ ўзлаштиришлари ўта кам учрайдиган ҳолатдир. Шунингдек, улар бирор етимнинг молини бошқаришга ёки васиятни ижро этишга масъул бўлсалар, бу вазифанинг масъулиятини ҳис қиладилар ва омонатни қатъий асрайдилар. Туркий халқларнинг бундай омонатдор бўлишларининг учта асосий омили бор. Биринчидан, улар ҳукмдорлар ҳузурида қатъий жавобгарликка тортилишдан ҳайиқишган. Иккинчидан, Аллоҳ уларга ризқни кенг қилиб қўйгани боис, моддий жиҳатдан бировнинг молига эҳтиёжи бўлмаган ва табиатан тўқликка ўрганишган. Учинчидан эса, Яратганнинг охиратдаги азобидан қўрққани ва қиёматдаги ҳисоб-китобни доимо ёдда тутганидир.
Туркларнинг яна бир юксак фазилати, яъни тавозега бой ва камтарлиги алоҳида эътирофга эга. Муаллифнинг қайд этишича, улар айниқса уламолар, фақиҳлар ва солиҳ инсонларга нисбатан беқиёс эҳтиром кўрсатадилар. Бундай зотларни мажлисларнинг тўрига ўтқазиб, мулоқот ва савол-жавобда ниҳоятда мулойим бўладилар. Уламоларни ўзларидан юқори қўйишни асло ор ёки кибр деб билмайдилар. Зеро, турк халқининг каттаси-ю кичиги ана шундай юксак ахлоқий тартиб-қоидалар асосида тарбия топган. Шунингдек, уларнинг ўз тенгқурлари, ҳатто ёши ёки мартабаси кичик бўлганлар билан муносабатида ҳам юксак одоб ва камтарлик устувордир. Мажлисларда бир-бирларига иззат-икром кўрсатиб, юқори ўринларга таклиф этишлари доимий ҳолат бўлиб, бу уларга асло малол келмайди. Мақдисий ушбу хислатлар арабларнинг феъл-атворига бутунлай зид эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтади.
Олим туркий халқларнинг яна бир фазилати сифатида уларнинг дўстлик аҳдига ниҳоятда вафодор эканини қайд этади. Агар дўстларидан бирининг бошига мусибат тушса, лавозимидан четлатилса, сургун қилинса ёки бетоб бўлиб қолса ҳам, у биродарларининг эътиборидан асло четда қолмайди. Мартабаси пасайгани сабабли ундан юз ўгирмайдилар; аксинча, унга бўлган меҳр-муҳаббатлари, хизмат ва эҳсонлари янада зиёда бўлади. Унга отлар, мол-мулк, сарповлар ва бошқа зарурий ашёларни жўнатиб турадилар. Ҳатто дўстлари олис ўлкаларда бўлса-да, уларга совға-салом ва туҳфалар юборишдан тўхтамайдилар.
Олим туркий халқларнинг яна бир фазилати сифатида уларнинг тезда насиҳатни қабул қилишларини келтиради. Улар ўзларига насиҳат қилган ҳар бир кишидан, у хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳ ноҳақ, яхшиликни ўрганишга интиладилар. Бу ҳолат уларнинг қалби нақадар соф ва беғубор эканлигидан далолат беради. Айниқса, насиҳатгўй киши солиҳ ва тақводор бўлиб кўринса, унга бутунлай ишонадилар. Ҳаттоки уларнинг онгидаги идрок шакли шундай-ки, агар бирор киши биринчилардан бўлиб келиб менга зулм қилинди деб арз қилса, ўша кишининг сўзини ҳеч бир шубҳасиз ҳақиқат деб қабул қиладилар, ҳаттоки ўша киши ноҳақ бўлса ҳам. Шундан сўнг унинг рақиби келиб, очиқ-ойдин далиллар ва юзлаб исботлар келтирса ҳам, унинг гапини қабул қилишлари қийин кечади. Шунинг учун ҳам биз, даъво ким ҳақ бўлганники эмас, балки биринчи бўлиб келганникидир, деб айтамиз.
Туркийларнинг аҳоли хавфсизлиги ва ҳуқуқни таъминлашдаги ҳиссаси
Мақдисий ўз асарида туркий халқларнинг Миср ва Шомдаги бошқаруви даврида аҳоли хавфсизлиги тўла кафолатлангани, жамиятда қатъий тартиб ва қонун устуворлиги ўрнатилганини таъкидлайди. Олимнинг эътироф этишича, Туркийларнинг тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бутун мусулмон олами учун энг улкан хизматдир. Шу сабабли, у туркийлар давлат хазинасидан бериладиган бойликлар ва улкан ер-мулкларга эга бўлишга мутлақо ҳақли, деб ҳисоблайди. Айниқса, туркийларнинг ҳам ички, ҳам ташқи хавфсизликни таъминлашдаги ролини юқори баҳолаб, уларнинг мўғуллар босқини, салибчилар юришлари ва тартибни бузувчи, қароқчи арабларга қарши олиб борган мислсиз курашларини алоҳида қайд этади.
Тарихдан маълум-ки, мўғулларнинг Шом ва Миср ўлкаларига, шунингдек, ислом оламининг муқаддас марказлари ҳисобланган Макка ва Мадина шаҳарларига қиладиган тажовузларини айнан туркий халқлар тўхтатиб қолган. Улар Фаластиннинг Айн Жолут майдонида мўғул ҳукмдори Хулагухон қўшинини тор-мор келтириб, ислом оламини буюк фалокатдан асраб қолишган. Мазкур жангда мусулмон Туркий қўшинларига Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг жияни Султон Сайфуддин Қутуз қўмондонлик қилган. Мазкур тўқнашувда мўғулларга қоъмондонлик қилган Китбуға исмли саркардаси ҳам ўлдирилган.
Шу билан бирга, Миср, Шом ва Фаластин ҳудудлари мунтазам равишда европалик салбчиларнинг тажовузкорона юришларига нишон бўлган. Мазкур босқинлар оқибатида тинч аҳоли беҳисоб талафотлар кўрган ҳамда минтақанинг моддий ва маданий бойликлари аёвсиз талон-торож қилинган. Муаллиф туркий халқларнинг минтақада ҳокимият тепасига келиши салбчиларнинг тажовузларига чек қўйганини ҳамда уларга берилган қақшатқич зарбалар туфайли аҳолининг осойишталиги ва хавфсизлиги қайта тикланганини алоҳида эътироф этади.
Муаллиф бу даврда аҳоли осойишталигига раҳна солган яна бир тоифа сифатида кўчманчи, қароқчи араблар эканлигини алоҳида таъкидлайди. Бунинг асосий сабаби сифатида бадавийларнинг шариат одобларидан бехабар эканликлари ва исломий тарбия доирасида шаклланмаганликларини кўрсатади. Чўлдаги ҳаёт ҳамда доимий чорва кетидан юриш натижасида уларнинг идроки тўпорилашган, табиатлари қўпол ва қалблари қаттиқлашган бўлиб, бундай тоифанинг тўғри ва адолатли йўлни топиши ўта мушкулдир. Бу фикрларни Мақдисийдан олдин яшаган тарихчилар ҳам таъкидлаб ўтган. Шулардан энг кўзга кўринганларидан бири жамиятшунослик фанининг асосчиси Ибн Халдундир. Унинг қайд қилишича, араблар ўзларидаги ваҳшийлик табиати тақазосига кўра босқинчи ва талончидирлар. Улар жамият учун фақат зарар ва зиён етказадилар. Ибн Халдун, аслида, бу араблар учун табиий ҳолат эканлигини қайд қилиб, араблар кўчманчи бир халқ эканлигини айтади. Кўчманчиликдаги ваҳшийлик арабларнинг суяк-суягигача сингиб кетган. Шу тариқа ваҳшийлик уларнинг хулқи ва табиатига айланганлигини айтади.
Арабларнинг назарида ваҳшийлик завқли нарса, чунки унда қонунлар бўйинтуруғидан чиқиш ва бирор сиёсий етакчига бўйсунмасдан эркин ва озод яшаш имкони бор. Бироқ бу ҳолат маданият ва тамаддунга зид, тескаридир. Араблар тошга фақат қозонларига ўчоқ тоши ясаш учун эҳтиёж сездилар. Бу тошларни тайёр бино ва иморатларни бузиб ташиб келтирадилар. Тош топиш мақсадида биноларни вайрон қиладилар.
Мақдисийнинг таъкидлашича, араблар ҳокимият жиловини қўлга олсалар, халқ устидан оғир зулм ўтказишлари муқаррардир. Бу борада Ибн Халдун ҳам ўзининг атрофлича мулоҳазаларини баён қилган. Унга кўра, араблар қонунлар ижросини таъминлаш, халқни зарар ва зиёндан ҳимоя қилиш ҳамда инсонларнинг бир-бирига тажовуз қилишининг олдини олиш масалаларига етарли даражада аҳамият бермайдилар. Уларнинг асосий интилишлари талон-торож ва оғир солиқлар орқали халқнинг мол-мулкини қўлга киритишдан иборат. Шу сабаб, уларнинг ҳукмронлиги остида аҳоли бирор-бир ҳукм ва қонунларга бўйсунмаган ҳолда, давомли тартибсизлик ичида қолади. Бундай тартибсизлик эса инсоний қадриятларни маҳв этади ва тамаддун асосларини емиради.
Мақдисий ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий муҳитни тавсифлар экан, халқ орасида “Туркнинг зулми – арабнинг адолатидан афзал” деган ибора ота сўзи даражасига чиққанини айтиб ўтади. Бу жумла аслида жуда чуқур фалсафий маънога эга. Мазкур иборани атрофлича таҳлил қиладиган бўлсак, туркий халқларнинг Миср ва Шомда бошқарувни қўлга олиши минтақада қатъий тартиб-интизом ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлаганини кўришимиз мумкин. Асарда келтирилган “Туркларнинг зулми” тушунчаси, ҳатто зулм ҳам муайян тизим ва ҳуқуқий доира ичида амалга оширилганини кўрсатади. Яъни, қонун устувор бўлган жамиятда ҳатто қаттиққўллик ҳам олдиндан тахмин қилса бўладиган характерга эга бўлади; бундай тизимда шахс ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлларини ёки кўриладиган чораларни олдиндан билиш имконига эга бўлади. Аксинча, бадавий “арабларнинг адолати” муайян ҳуқуқий тизимга эмас, балки тартибсизлик ва ноаниқликка таянган.
Бундай шароитда жазолаш ва мукофотлаш тизими мантиқий асосга эга бўлмай, мутлақо тасодифий характер касб этган. Жамият мавҳумлик ва бош-бошдоқлик ичида қолар экан, у ердаги адолат ҳам, зулм ҳам кутилмаган ҳодисага айланади. Инсонлар ўз ҳаракатларининг натижасини олдиндан билмаганлари боис, бундай “адолат” ижтимоий хавфсизликни таъминлай олмайди. Шу сабабли, туркий бошқарувдаги қатъий низом ва ҳуқуқий аниқлик кўчманчи қабилаларнинг тартибсиз ҳамда ўзгарувчан бошқарувидан кўра аҳоли учун манфаатлироқ ва хавфсизроқ ҳисобланган.
Мақдисий ўша даврдаги Миср ва Шом минтақасидаги ижтимоий барқарорликни тасвирлар экан, оддий халқ орасида қурол кўтариб юриш эҳтиёжи йўқолганини алоҳида қайд этади. Унинг ёзишича, аҳоли нафақат қуролга, балки ҳимоя воситаси сифатида бирор таёққа ҳам эҳтиёж сезмайди; ҳаттоки қурол сотиб олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Бунинг асосий сабаби эса халқнинг ўз жони, мол-мулки ва оиласи хавфсизлигидан кўнгли бутунлай тўқ эканлигидир. Муаллиф ушбу осойишталикни туркийлар томонидан ўрнатилган қатъий тартиб-интизомнинг натижаси деб билади.
Мақдисий шу даврни туркийлар ҳокимиятга келишидан олдинги босқич билан қиёслайди. Аввалги сулолалар даврида, ҳатто пойтахт Боғдод каби шаҳарларда халифа ва ҳукмдорлар бўлишига қарамай, қароқчилар тунда машъалалар ва ҳайқириқлар билан хонадонларга очиқчасига бостириб киришгани, бундай бузғунчиликлар, айниқса Аббосийлар халифалигининг сўнгги даврларида авж олганини таъкидлайди. Шу боис, Мақдисий Миср ва бошқа ҳудудлар халқини туркийлар таъминлаб берган ушбу тинчлик ва хавфсизлик неъмати учун Аллоҳга шукрона айтишга ундайди.
Муаллиф минтақада туркийлар томонидан ўрнатилган тартиб ва адолатнинг нақадар кучли эканлигини исботлаш учун яна бир ҳаётий мисол келтиради. Унинг қайд этишича, бозор ва кўчаларда қаттиқ жанжаллашиб, шовқин-сурон кўтарган одамлар, агар энг қуйи мартабадаги турк жангчиси қўлида таёқ билан келиб қолса, дарҳол тарқалиб кетадилар. Ваҳоланки, агар ўша низо устидан нуфузли қозилар ўтиб қолса-да, жанжаллашаётганлар уларга эътибор ҳам бермай, низоларини давом эттираверадилар. Айнан шу сабабли, ўша давр халқи орасида туркийларнинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини ифодаловчи: “Турк – Мисрнинг тузидир”, деган гўзал бир ибора шаклланган. Ушбу иборанинг моҳиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин: мазкур минтақада туркларнинг сони аҳолининг қолган қисмига нисбатан кам бўлса-да, уларнинг мавжудлиги жамият омонлиги ва тартиб-интизоми учун худди таомдаги туз каби зарурий эҳтиёж ҳисобланган.
Мазкур ўхшатишни яна бир жиҳатдан таҳлил қилсак, туз овқатга қўшилгандан сўнг унинг барча қисмларига бир хил тарзда тарқалади ва умумий маза беради. Яъни, таомнинг бир томони шўр, иккинчи томони эса тузсиз бўлиб қолмайди. Бу ҳолат туркийларнинг ҳам жамиятда ижтимоий табақаланишга йўл қўймай, халқнинг барча қатламларига нисбатан тенг ва бир хил адолатли муомалада бўлганликларини англатади. Шундай экан, турклар ўрнатган тартиб ва адолат мезонлари жамиятнинг барча бўғинларига бирдек дахлдор бўлган.
Туркийларнинг ҳарбий маҳорати
Мақдисий туркларнинг ҳарбий санъатдаги маҳоратига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳарбий илмни чуқур эгаллаганликларини алоҳида таъкидлайди. Муаллифнинг қайд этишича, турк жангчилари қурол-яроғ билан муомалада юксак салоҳиятга эга бўлиш баробарида, от чоптириш, найзабозлик ва қиличбозликда ҳам тенгсиз маҳорат намойиш этганлар. Айнан шу хислатлар уларни жанг майдонининг мард ва енгилмас қаҳрамонларига айлантирган.
Туркларнинг жанговарлик маҳорати ҳақида нафақат Мақдисий, балки деярли барча давр муаллифлари маълумот берган. Хусусан, машҳур араб адиби Жоҳиз ушбу ҳарбий маҳоратни бироз муболаға билан шундай таърифлайди: “Хорижий битта ўқ узгунча, турк ўнта ўқни нишонга уради”. Жоҳизнинг ёзишича, турклар нафақат турғун нишонларни, балки ёввойи ҳайвонлар ва ҳатто шиддат билан шўнғиётган қушларни ҳам бехато уришган. Уларнинг ҳайратланарли маҳорати шундаки, юқори тезликда от чоптириб бораётган ҳолда барча йўналишларга – олдинга ва ортга, ўнг-у сўлга, юқори ва пастга қарата бирдек аниқликда ўқ узишга қодир бўлишган.
Туркий халқларда элшунослик
Мақдисий туркий халқларнинг ташқи кўриниши ва жисмоний ҳолатига алоҳида тўхталиб, уларнинг тана аъзолари, айниқса, бош ва кўзлари ниҳоятда соғлом эканини таъкидлайди. Туркий халқларнинг кексалари ҳам бақувват бўлиб, тана ва кўз соғломлиги сақланиб қолади. Улар орасида мажруҳ, кўзи хира, кўр, мохов ёки шунга ўхшаш оғир хасталикларга чалинганларни деярли учратмайсиз.
Туркийларнинг ташқи қиёфаси нурли, жозибали ва кишини лол қолдирадиган даражада гўзалдир. Хоҳ ёш, хоҳ қария бўлсин, уларнинг жисмоний кўркамлиги ҳайратланарли бўлиб, юзи хунук ёки кўриниши ваҳимали кишилар деярли йўқ.
Мақдисий бундай ташқи гўзаллик шариатда ҳам мақталган сифат эканини таъкидлайди. Зеро, ташқи кўринишнинг гўзаллиги шариатда мақбул ва талаб қилинган нарсадир. Шу боисдан ҳам, шариат қоидаларига кўра, намозда имомликка ўтишда, агар бошқа сифатлари тенг бўлган тақдирда юзи гўзал киши хунук кишидан устун қўйилади. Чунки инсон нафси гўзалликдан лаззат олади.
Мақдисий туркий халқларнинг инсоний хусусиятларини ўрганар экан, туркий аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва уларнинг нафосатига алоҳида эътибор қаратади. Муаллифнинг таъкидлашича, аёл кишидаги ташқи гўзаллик никоҳнинг туб мақсади – насл давомийлигини таъминлаш ва оилавий барқарорликни қарор топтиришда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Мақдисий туркий аёлларни гўзаллик борасида намуна сифатида кўрсатиб, уларнинг ташқи жозибаси эркаклариникидан ҳам устун эканини қайд этади. Муаллиф келтирган маълумотларга кўра, туркий аёллар орасида ҳусни энг юксак чўққига чиққанлари тарихан ўта юқори ижтимоий ва моддий қийматга эга бўлганлар.
Шунингдек, асарда туркий аёллар билан кечадиган оилавий ҳаёт ва турмуш муносабатлари шаҳарлик аёлларга нисбатан руҳий ҳаловат ҳамда маънавий покизалик жиҳатидан устун экани тажрибалар асосида баён қилинади. Муаллифнинг хулосасига кўра, агар туркий аёллардаги ташқи гўзаллик иффат ва одоб каби маънавий камолот сифатлари билан уйғунлашса, бу оилавий тотувлик ва ҳаётий мамнуниятнинг энг олий даражасини таъминлайди.
Мақдисий туркий халқларнинг моддий маданияти, хусусан, кийиниш одоби ва ташқи қиёфасининг улуғворлигига юқори баҳо беради. Муаллифнинг қайд этишича, туркийларнинг либослари ўзининг нафислиги, ўзига хос услуби ва кишида ҳайбат уйғотувчи кўриниши билан ажралиб туради. Гарчи кийим шаклларидаги айрим ўзгаришлар кейинги давр маҳсули бўлса-да, улардаги миллий ўзига хослик ҳайратланарлидир.
Муаллиф туркий халқларнинг таомланиш маданиятига алоҳида эътибор қаратади. Унга кўра, туркийларнинг таомланишдаги ўзига хос жиҳати, таом ва ичимликларнинг нафислиги ҳамда сараланганлигидир. Туркий халқлар истеъмолда ҳар бир нарсанинг энг гўзал, фойдали ва покизасини танлашга интиладилар. Уларда дабдабали дастурхон тузашга ва нафис ширинликларга нисбатан кучли мойиллик сезилади.
Истеъмол қиладиган маҳсулотлари рўйхатидан махсус парваришланган қўй гўшти, сариёғ ва мурч билан тайёрланган паловлар, семиртирилган товуқ, ғоз ва бошқа турли паррандаларнинг гўшти ўрин олган бўлиб, улар асосан қовуриш ва буғлаш усулларида тайёрланади. Шунингдек, куннинг тонгги ва кечки қисмида турли сифатли шарбатларни соф ёки аралаштирилган ҳолда ичиш одат тусига кирган.
Муаллиф туркий халқларнинг турмуш тарзи ва ижтимоий фаровонлигини уларнинг яна бир муҳим фазилати сифатида тавсифлайди. Хусусан, хонадонлардаги тўкин-сочинлик, оилавий ҳаётнинг барқарорлиги ҳамда ҳар бир шахснинг ўз ижтимоий мавқеига мос равишда хизматкорлар, чорва ва моддият билан таъминлангани алоҳида қайд этилади.
Туркий халқларнинг меъморчилик маданияти ўз даврининг юксак чўққисига чиққан бўлиб, амир ва аслзодаларнинг нақшинкор қасрлари, тилла суви югуртирилган муҳташам саройлари ҳашамат бобида туркийлар Миср ва Шомда салтанат қуришдан олдинги ҳукмдорлар масканларидан устун туради.
Улкан ҳудудларда давлатчилик маданиятини шакллантирган туркий халқлар ижтимоий адолатга асосланган низам яратишни ўзларининг бош мақсади деб билдилар. Гарчи тарихий жараёнларда чекинишлар бўлган бўлса-да, улар ўрнатган бошқарув тизими кўп жиҳатдан халқчил ва адолатли экани билан ажралиб турди. Шу жиҳатдан туркий халқларда давлатчилик тизимини ўрганишда Абу Ҳомид Мақдисийнинг “Исломнинг улуғвор давлатлари ва туркий халқларнинг Миср диёрига келишидаги илоҳий ҳикматлар” номли асари беқиёс аҳамиятга эга манбадир. Муаллифнинг шахсий ҳаётида араб уламолари томонидан дуч келган адолацизликлар ва фитналар унинг тарихий жараёнларга холис назар ташлашига, туркий халқларнинг фазилатларини араблар билан қиёсий таҳлил қилишига туртки бўлган.
Мақола ва манба таҳлилидан келиб чиқиб, қуйидаги муҳим хулосаларни илгари суриш мумкин:
Биринчидан, асарда Мақдисий туркий халқларни юксак маънавият ва соф фитрат соҳиблари сифатида тасвирлайди. Уларнинг қалб поклиги, ҳасаддан йироқлиги, омонатга хиёнат қилмасликлари ва айниқса, масъулият ҳисси билан яшаши жамиятдаги ижтимоий адолатнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилган. Бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ушбу ахлоқий мезонлар туркий халқларнинг давлат бошқарувидаги муваффақиятларининг бош омили сифатида кўрсатилади.
Иккинчидан, туркийларнинг минтақадаги бошқаруви “Мисрнинг тузи” деб таърифланиши бежиз эмас. Улар нафақат ташқи хавф – мўғуллар босқини ва салбчилар юришидан ислом оламини ҳимоя қилди, балки ички тартибсизликларга, қароқчилик ва бошбошдоқликка чек қўйди. Халқ орасида “Туркнинг зулми арабнинг адолатидан афзал” деган иборанинг пайдо бўлиши, туркийлар ўрнатган қатъий низом ва ҳуқуқий аниқлик кўчманчи қабилавий бошқарувдан кўра инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлигини кафолатлашда самаралироқ бўлганини кўрсатади.
Учинчидан, асарда туркий халқларнинг маданий ва жисмоний қиёфасига берилган таърифлар уларнинг нафақат маънавий, балки моддий тамаддун соҳасида ҳам пешқадам бўлганини кўрсатади. Меъморчилик, пазандалик ва кийиниш маданиятидаги нафислик, аёлларга бўлган юксак эҳтиром ва илм аҳлига кўрсатилган камтарлик туркийларнинг ўзига хос юксак маданиятини ифодалайди.
Абу Ҳомид Мақдисийнинг ушбу асари бизга ўзлигимизни англашда янги фикрларни беради. Туркий халқларнинг тарих саҳнасидаги вазифаси фақат қилич билан эмас, балки адолат, омонатдорлик ва илмга бўлган чексиз ҳурмат билан йўғрилгани мазкур асарнинг бош ғоясидир. Ушбу тарихий ҳақиқатларни ўрганиш ва жамиятга тақдим этиш, бугунги кун кишилари учун ўз аждодларининг бошқарув маҳорати ва ахлоқий қиёфасидан ибрат олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Элёрбек ТУРДИМИРЗАЕВ,
ЎзР ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1. Cahız. Türklerin faziletleri. İstanbul. 2017.
2. Cüneyt Kanat. Tarihin medya ile imtihanı. İstanbul. 2021.
3. Ibn Haldun. Mukaddime. İstanbul. 2022.
4. Ibn Kasir. Al-Bidoya van-Nihoya. Al-juz’us-sobe’ ashar. Giza.
5. Ismoil Posho al-Bag‘dodiy. Hadiyyatul-orifin asmo‘ul-muallifin osorul-musannifin. Al-mujalladus-soniy. Istambul. 1900.
6. J. Azimqulov. Turklarni fazilatlari harb ishiga oid manba o‘laroq // “O‘zbekiston tarixi” jurnali. Toshkent. 2025 yil 3 soni.
7. Muhibiddin Abu Homid al-Maqdisiy. Bazl an-nasoih ash-shar’iyya fima ‘ala as-sulton va vulot al-umur va sair ar-ra’iyya. Ar-Riyod. 1996.
8. Muhibiddin Abu Homid al-Maqdisiy. Duvalul-islomiyish-sharifatul-bahiyya va zikru ma zohara li min hikamillahil-xafiyya fi jalbi toifatul-atrok ila ad-diyaril-misriyya. Bayrut. 1997.
9. R. Şeşen. İbn Hassûl’ün Tafdîl el-Etrâk alâ Sâir el-Ecnâd Adlı Risalesinin Tercümesi // İslâm Tetkikleri Enstitüsü Dergisi. İstanbul. 1975. Cilt VI. Sayı 1-2. S. 121.
10. Ramazan Şeşen. Türk memlüklerin faziletleri. İstanbul. Yeditepe. 2019.
11. Shamsuddin as-Saxoviy. Ad-Dav’ al-lome’ li-ahlil-qarnit-tose’. Al-juz’us-sobe’. Bayrut. 1992.
12. Şihabeddin b. Fazlullah Yel-Ömeri. Mesalikü’l Yebsar. İstanbul. 2014. S. 11.
13. U. Haarmann. Rather the injustice of the Turks than the righteousness of the Arabs // Studia Islamica. Paris. 1988. № 68.
Тарих
Дин
Санъат
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ