Қўқон хонлигига бормасдан “ишлаган” Британия жосуси


Сақлаш
16:15 / 03.09.2026 118 0

XIX асрнинг биринчи ярмида Марказий Осиё дунё сиёсатининг эътибор марказига айлана бошлади. Бу ҳудудга нафақат савдогарлар ва сайёҳлар, балки дипломатлар, ҳарбийлар ҳамда турли мақсадларда маълумот тўпловчи шахслар кириб келарди. Хусусан, Британия учун минтақа Ҳиндистон хавфсизлиги, савдо йўллари ва Россиянинг кириб келиш эҳтимоли нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотган. Шу сабабли йўллар, шаҳарлар, дарёлар, тоғ довонлари, ҳукмдорлар ва маҳаллий сиёсий кучлар ҳақидаги ҳар қандай маълумот муҳим аҳамият касб этган.

 

Ана шундай мураккаб даврда Марказий Осиёга келган британлар орасида Александр Бёрнс алоҳида ўрин тутади. У тарихда кўпроқ саёҳатчи ва тадқиқотчи сифатида танилган бўлса-да, фаолияти бу доирадан анча кенг эди. Британия ҳукумати ва Ост-Индия компанияси хизматида бўлган Бёрнс сафарлари давомида географик, сиёсий ҳамда стратегик маълумотлар тўплади: хариталар тузди, йўлларни ўрганди, турли ҳужжатларни йиғди ва минтақадаги сиёсий вазиятни жамлади.

 

Александр Бёрнснинг Қўқон хонлигига оид маълумотлари ўзбек тарихшунослигида мутлақо номаълум эмас. М.Мирмақсудов томонидан унинг 1838 йил 1 февралда Қобулдан Ҳиндистон генерал-губернатори котибига йўллаган ҳисоботи ўзбек тилига таржима қилинган ва Ш.Қўлдошев тадқиқотида илова сифатида келтирилган. Бироқ Бёрнснинг Қўқон хонлиги ҳақида етарлича батафсил маълумот тўплагани, уларнинг манбалари ҳамда саёҳатчи, дипломат ва разведкачилик фаолияти ўртасидаги боғлиқликни тадқиқ этиш долзарбдир.

 

Бунда эътиборга молик бир жиҳат бор: Бёрнс Қўқонга бормаган эди. Шунга қарамай, у Хонликнинг сиёсий, иқтисодий, географик ва ижтимоий соҳага оид муҳим маълумотларини Британия ҳукуматига етказиб турган.

 

Хўш, Қўқонга қадам қўймаган Бёрнс бу маълумотларни қаердан олган? У оддий сайёҳ бўлганми ёки Марказий Осиёда Британия манфаатлари учун маълумот тўплаган жосус? Балки унинг фаолиятида бу икки тушунча бир-биридан унчалик узоқ эмасдир. Бу саволларга жавоб излаш унинг Қўқон ҳақида қолдирган қисқа, аммо ниҳоятда қизиқарли маълумотларига бошқача нигоҳ билан қараш имконини беради.

 

Бёрнс ҳақидаги ҳикояни унинг хариталарисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки оддий сайёҳ ёки савдогар кўрган шаҳарлари, табиати ва одамлари ҳақида хотиралар ёзиб қолдириши мумкин. Аммо йўлларни ўлчаш, масофаларни белгилаш, ҳудудларни харитага тушириш, тоғлар ва дарёларни қайд этиб, бу материалларни профессионал картографга топшириш оддий саёҳатчининг ишидан кескин фарқ қилади.

 

Бёрнс Европага қайтгач, Осиёнинг турли ҳудудларида тўққиз йил давомида олиб борган тадқиқотлари натижасида тайёрлаган қўлёзма хариталари, кузатувлари ва ҳужжатларини Жон Эрроусмитга топширганини ёзади. Эрроусмит эса ана шу материаллар асосида Марказий Осиё ва Инд дарёси ҳудудларини қамраб олган йирик харитани тайёрлаган.

 

Бу ерда харита шунчаки географик тасвир эмаслиги намоён бўлади. Унда қайси йўл қаердан ўтиши, манзилларгача бўлган масофалар, тоғлар ва довонларнинг жойлашуви, дарёлар ҳамда водийларнинг хусусиятлари акс этган. XIX асрда бундай маълумотлар савдогар, дипломат ва ҳарбийлар учун бирдек қимматли эди. Айниқса, Европа давлатлари учун ҳали тўлиқ ўрганилмаган Марказий Осиё каби минтақада аниқ харита катта стратегик аҳамиятга эга бўлган.

 

Британиянинг Марказий Осиёга қизиқиши Россиянинг минтақага кириб бориши туфайли Ҳиндистон хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кучайган эди. Шу сабабли географик, сиёсий ва стратегик маълумотлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, Александр Бёрнснинг сафарлари оддий қизиқиш эмас, балки тизимли маълумот тўплашга қаратилган мураккаб мақсадларга хизмат қилган.

 

Бёрнснинг 1834 йилда Лондонда нашр этилган уч жилдлик “Бухоро саёҳатномаси” асарида Қўқон хонлигига бағишланган “Қўқон ҳақида эслатма” қисми мавжуд. У Қўқонни бевосита кўрмаган бўлса-да, унинг савдо ва алоқа йўллари контекстида, хусусан, Ярканд ва Туркистон ўртасидаги муҳим йўл сифатида тилга олади. Бёрнс Қўқонни Бобурнинг оталик салтанати деб атаб, уни Юз уруғи бошқарганини, ҳукмдор Бобур авлодидан эканини даъво қилганини, ҳудуди Бухородан кичик ва сиёсий қудрати пасайиб бораётганини ёзади. Шунингдек, хонликнинг асосий маҳсулоти ипак эканини қайд этади.

 

Шаҳарлар борасида Бёрнс Қўқонни пойтахт, “очиқ шаҳар” ҳамда Бухоро билан тенглаштириладиган энг йирик марказлардан бири сифатида тавсифлайди. Марғилон қадимги пойтахт, Андижон эса аҳамиятли шаҳарлардан бири деб кўрсатилади. Унинг ёзишича, Қўқон хони Россия ва Константинопол билан алоқаларни сақлаган, бироқ Ярканд ҳукмдорларига нисбатан дўстона муносабатда бўлмаган.

 

Бёрнс бу маълумотларни тасодифан тўпламаган. У 16 ёшидан Ост-Индия компаниясида хизмат қилиб, форс ва ҳинд тилларини ўрганган ҳамда 1822 йилдан таржимонлик қилган. 1829 йилда Бомбей ҳукуматига Ҳинд дарёси бўйлаб тадқиқот ва разведка сафарини таклиф қилган. 1831 йилда Лоҳорга от етказиб бериш вазифаси орқали Ҳинд дарёси водийсини ўрганиб, Афғонистон ва Ҳиндукуш орқали Бухорога борган. Бу сафарлар унинг 1834 йилги асарига асос бўлган.

 

Иккинчи босқичда, яъни 1836–1838-йилларда Бёрнс Афғонистонга махсус миссия элчиси сифатида қайтиб, сиёсий жараёнлар, Россия ҳаракатлари ва Қўқон хонлиги ҳақида ҳисоботлар юборган (масалан, 1838 йил 1 февралдаги Қобул ҳисоботи). У 1841 йилда Кобулдаги қўзғолон вақтида ҳалок бўлган.

 

Ўша даврда Бухоро турли ҳудудлардан келган савдогарлар ва карвонлар орқали улкан ахборот алмашинув маркази эди. Бёрнс Бухорода маҳаллий савдогарлар ва суҳбатдошлар орқали Қўқон ҳақида маълумот тўплаган. Унинг фаолиятида жосуслик элементлари яққол кўринади, зеро у 1838 йилги ҳисоботида маълумотларни “ишончли шахслардан” олганини ёзиб, уларни таҳлил қилган ҳамда Британия ҳукуматига Россиянинг Қўқонга кириши, хонликнинг қаршилиги ва минтақанинг стратегик аҳамияти юзасидан тавсиялар берган.

 

Қўқоннинг Россия ва Константинопол ҳамда Ярканд ҳукмдорлари билан муносабатлари ҳақидаги маълумотлар оддий сайёҳ қизиқишидан кенгроқ аҳамиятга эга бўлиб, минтақадаги сиёсий кучлар нисбатини тушуниш учун муҳим эди. Жосуслик фаолиятида Бёрнс учун йўлнинг ўзи ҳам ахборот манбаси эди: карвон йўналиши, ҳокимиятдаги ҳукмдорлар, хавфсиз йўллар ва бозордаги маҳсулотлар унинг учун қимматли эди. Чунки жосуснинг асосий қуроли ахборот ҳисобланиб, Бёрнс Марказий Осиёда айнан шу мақсадда иш олиб борган.

 

Бёрнс “Бухоро саёҳатномаси”нинг кириш қисмида шундай ёзади: Европага қайтгач, тўққиз йиллик тадқиқотлари натижасида тайёрлаган қўлёзма хариталари, узунламасига кесим чизмалари, кузатувлари ва бошқа асл ҳужжатларини Жон Эрроусмитга топширган. Ушбу материаллар асосида тайёрланган катта ва мукаммал харитага энг сўнгги ҳамда ишончли географик маълумотлар жамланган бўлиб, у дунёнинг мазкур қисми географиясини ўрганишда янги илмий тасаввурларни юзага чиқаради. Жаноб Эрроусмит ҳам мазкур харитани ўз маблағи, таваккали ва масъулияти остида гравюра усулида нашр этганини таъкидлаган.

 

Бёрнснинг кириш сўзидаги “тўплаган бошқа асл ҳужжатларимни” деган ибораси унинг фақат кўрганларини ёзиб қолдирмай, мақсадли равишда маълумот ва ҳужжатлар йиғганини кўрсатади. У Қўқон хонлиги ҳудудига бормаган бўлса-да, китобига у ҳақда маълумотлар киритган. Бироқ бу Қўқонга бағишланган мустақил тадқиқот ёки бевосита саёҳат таассуроти эмас, балки муаллифнинг Ярканд ва Марказий Осиё йўллари ҳақидаги мулоҳазалари орасида берган қисқа эслатмасидир. Асл матндан тайёрланган таржимаси қуйидагича:  “Ушбу йўлларнинг биринчиси қадимги Фарғона бўлган Қўқон орқали ўтади ва қор эриши натижасида сув тошадиган уч ёз ойидан ташқари вақтларда доимо ўтиш учун яроқлидир. Бу йўлда саёҳатчи нафас олишда қийинчилик сезадиган икки жой бор. Сургун қилинган Хўжа ва Қўқон ўзбеклари билан юз берган нотинчликлар сўнгги йилларда бу йўлни карвонлар учун ёпиб қўйган. Бироқ у Ярканд ва Туркистон ўртасидаги энг яхши алоқа йўли ҳисобланади. Помир текислиги ва Окс водийси орқали, Бадахшон ва Балхдан ўтувчи йўл эса анча айланма бўлиб, шунингдек, ундан фойдаланиш қийинроқ.

 

Мен Бухоро савдоси ҳақида сўз юритганимда ушбу икки йўналишни ҳам тасвирлаб берганман. Шунинг учун бу ерда Бобурнинг оталик салтанати бўлган Қўқон ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш кифоя. Уни Юз уруғидан бўлган ўзбек хони бошқаради ва у Бобурдан авлод эканини даъво қилади. Бу Бухорога нисбатан анча кичик ҳудуд бўлиб, ҳозир унинг қудрати пасайиб бормоқда. Қўқон ипаги билан машҳур.

 

Мамлакат пойтахти Қўқон бўлиб, у Сир дарёси бўйида жойлашган очиқ шаҳардир. У Бухоронинг тахминан ярмича катталикда бўлиб, мазкур атрофдаги энг йирик шаҳар ҳисобланади. Қадимги пойтахт Марғилон бўлган. Бироқ Андижон ҳам анча машҳур шаҳар ҳисобланади. Ярканд хитойликлари ғарбдан келган барча маҳаллий аҳолини “индижонийлар” деб атайдилар.

 

Қўқон аҳолиси салла ўрнига бош кийимлар кийишади. Қўқон хони Россия ва Константинопол билан алоқаларни сақлаб туради, бироқ Ярканд ҳукмдорларига нисбатан дўстона муносабат мавжуд эмас”[1.236-237-б.].

 

Бёрнс оддий сайёҳ каби фақат кўрган шаҳарлари ёки табиат манзараларини тасвирлаш билан чекланмайди. У Қўқонга олиб борувчи йўлларнинг қайси фаслда очиқлиги, қаерларда қор эриши туфайли сув тошиши, карвонлар ҳаракатига нима тўсқинлик қилиши ва Ярканд билан Туркистон ўртасида қайси йўл энг қулай эканини қайд этади. Шундан сўнг Қўқоннинг ҳудуди, қудрати, пойтахти, Марғилон ва Андижон каби шаҳарлари, ипаги ҳамда Россия ва Константинопол билан алоқалари ҳақида маълумот беради. Буларнинг барчаси оддий саёҳат хотираларидан кўра анча жиддийроқ ахборот бўлиб, йўллар, масофалар, шаҳарлар, сиёсий кучлар ва ташқи алоқаларга оид бундай маълумотлар ўша даврда разведка учун жуда қимматли эди.

 

Александр Бёрнснинг 1838 йил 1 февралда Қобулдан Ҳиндистон генерал-губернатори котибига йўллаган ҳисоботи ҳамда Қўқон хонлиги бўйича маълумотларни тўплагани жосуслигидан далолат беради. Ҳисоботнинг иккинчи бандида Бёрнс қуйидаги маълумотларни келтирган: “Мен Россиянинг ўзга йўналишдаги, Бухоронинг шарқидаги Қўқон хонлигига нисбатан босқинлари юзасидан турли маълумотларни ишончли шахслардан йиғишга эришдим. Қўқон хонлигига нисбатан ўз тижоратини муваффақият билан йўлга қўйиш бўйича Россиянинг ўхшаш режалари мавжуд ва Осиёнинг ушбу узоқ қисмида, бир қарашда келиб чиқадиган барча ҳодисалардан кўра жиддийроқ оқибатларда Россия иштирок этиши мумкин”.

 

Мазкур банд Бёрнснинг маълумотларни “ишончли шахслардан” мақсадли равишда йиғганини таъкидлаши орқали унинг разведка фаолиятини яққол намоён этади. У бу маълумотларни оддий сайёҳлик таассуротлари сифатида эмас, Россиянинг минтақадаги ҳаракатларини аниқлаш ва Британиянинг стратегик манфаатлари йўлида сиёсий ҳисобот шаклида етказган.

 

Ҳисоботда Россиянинг Қўқон яқинида қалъалар қураётгани, аскарлар сони, қудуқлар, ғалла захиралари, қозоқ аҳолисининг жойлашуви ва 12 ҳудуд атрофида таъсир ўрнатилгани батафсил қайд этилади. Булар чегара ва ҳарбий кучни баҳолашга хизмат қилувчи ахборот эди. Бёрнс Муҳаммад Алихоннинг ҳокимиятга келиши, Бухоро билан нисбати, Россия ва ташқи сиёсий мавқеини ҳам ўрганиб, Қўқонни стратегик нуқта сифатида кўрган.

 

У Қўқонни Қашқар, Ёркент, Хўтан, Кашмир ва Ладак йўллари билан боғлаб, уни Россия ва Британия манфаатлари тўқнашадиган сиёсий ва савдо макони сифатида тасвирлаган. Ҳисоботлар тўғридан-тўғри Ҳиндистон генерал-губернатори котибига йўлланган бўлиб, замонавий тадқиқотлар унинг фаолиятида разведка маълумотларини йиғиш вазифаси бўлганини кўрсатади.

Шу боис Бёрнсни фақат сайёҳ ёки дипломат сифатида баҳолаб бўлмайди; унда географик тадқиқот ва савдо манфаатлари билан бир қаторда мақсадли разведка ахборотини тўплаш ҳам муҳим ўрин тутган. Қўқонга бормаган бўлса-да, унинг сиёсий ҳолати, ҳарбий салоҳияти ва ташқи алоқалари ҳақида турли манбалар орқали маълумот тўплаб, ҳукуматга етказгани фаолиятининг энг қизиқ жиҳатларидан биридир.

 

Зумрадхон ХАТАМОВА,

CAMU халқаро тиббиёт университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.                 Burnes, A. (1834). Travels into Bokhara. Vol. 2. London: John Murray.  — Қўқон ҳақидаги “Notice of Kokan”, 236–237-бетлар.

2.                 Burnes, A. (1839). Reports and Papers.... Calcutta. — 1838 йилги ҳисоботлар учун асосий манба.

3.                 Мирмақсудов М. Александр Бёрнснинг 1838 йилги ҳисоботида Қўқон хонлигидаги айрим жараёнлар. https://shosh.uz/aleksandr-byornsning-1838-yilgi-hisobotida-quqon-honligidagi-ayrim-jarayonlar/

4.                 Қўлдошев Ш.  Қўқон  хонлиги ва Шарқий Туркистон: сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари. Тошкент, 2021.

 

Манба: Alexander Burnes, Travels into Bokhara, II жилд, Лондон, 1834, VI боб, “Notice of Yarkund, and its Intercourse with Pekin, Bokhara, and Tibet”, 236-237-бетлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

18:09 / 30.09.2026 0 75
Муаллимга жўнатилмаган мактуб





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38839
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//