Нега тилимиз қардош халқлар академик манбаси олдида кифтини қисиб қолган? Луғат қандай бойитилади?


Сақлаш
16:12 / 03.09.2026 113 0

Машҳур актёр Мел Гибсоннинг “Шерюрак” фильмини деярли ҳамма билади, қайта-қайта томоша қилган. Актёрни айнан шу фильм учун санъат поғонасининг чўққисига қўйганлар бор. Лекин Гибсон иштирокидаги яна бир фильм борки, на мавқе, на ижро, на таъсир жиҳатдан “Шерюрак”дан асло қолишмайди. Мавзу ҳам бир-бирига яқин: бирида Ватан, бирида тил. Бирида жанг Ватанни тузиш, ёвдан қайтариб олиш, иккинчисида Ватан тарихини тузиш йўлида кечади. Иккаласи ҳам қийин, иккаласи ҳам жондан кечиладиган жанг асли. Бири майдонда бир марта кечса, иккинчиси кундалик турмушда ҳар кун кечади.

 

Фильм номи “Даҳо ва Мажнун” деб аталади. У Оксфорд профессори Жеймс Муррейнинг Оксфорд инглиз луғати (ОЕД)ни тузишдаги машаққатлари ҳақида. Аҳамияти жиҳатидан бу луғат ҳозиргача дунёда мавжуд луғатлар ичида энг мукаммали бўлиб қолмоқда. Унинг Муррей ва жамоаси тузган 12 жилддан иборат биринчи нашри 1928 йилда нашр этилди ва 400 минг сўз ҳамда 1,8 миллион иллюстратив иқтибосни ўз ичига олди. ОЕД шунчаки луғат эмас, тарихий тамойилларга асосланган, яъни инглиз тилидаги ҳар бир сўзнинг пайдо бўлишидан бошлаб мавжуд давргача қай тарзда етиб келгани ҳақидаги академик манба эди. Бу дегани у нафақат тил, балки мамлакат тарихи ҳақида ҳам илмий асосга айланди.

 

Албатта, берилган жуда қисқа муддат ичида 2-3 та ёрдамчи билан Муррейнинг ўзи бундай кенг кўламдаги ишни уддалолмасди. Қолаверса, маблағ жуда оз эди. Муррей 10 йил давомида кунига 14–18 соатлаб ишлади, 11 фарзандини ҳам бунга жалб қилди. Бироқ бунинг ўзи ҳам етарли эмасди, у ўз халқига таяниш орқали бу “жанг”ни ютиб чиқди. Қандай ютганига кейинроқ қайтамиз.

 

Мазкур фильмни кўрар эканман, энг аввало кўз олдимга ўзимизнинг луғат келди. Дарров интернетдан ОЕД нинг айни пайтдаги луғат бойлигини кўрдим: 600 мингдан ортиқ сўз бор экан. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг (2022 йилги нашри) 80.000 сўз ва уларга 3 миллионга яқин матбуот ҳаволаларидан (мисол-карточкалар) иборат эканлигини кўрдим. Ўйлаб қолдим, Навоий ва Шекспирни деярли бир даврда яшаган ва тенг даражали ижодкорлар деб биламиз. Манбаларга кўра, Навоий ўз ижодида 26.000–30.000 гача сўзларни, Шекспир эса 28.000–30.000 гача сўзларни қўллаган. Демак, ҳар икки даҳо ижоди тил кўлами, лексик бойлик бўйича деярли бир сатҳда ётади.

 

Аммо бугун ўзбек тилининг расмий изоҳли луғати ва инглиз тили луғатидаги сўзлар миқдори ўртасида нега бунчалик оламшумул фарқ мавжуд? Ё Навоий давридан кейин инглиз мамлакати шу қадар юксалиб кетгани ва бизнинг орқада қолиб кетганимиз боисиданми бу?! (Албатта, бу риторик савол.) Мазкур ҳолат тилнинг бойишига ўз таъсирини кўрсатдими? Шубҳасиз, денгиз савдо йўлларининг очилиши Англия учун жуда катта тараққиёт даврини бошлаб берган. Бизда эса айни шунинг таъсирида Буюк Ипак йўлининг ўрни сусайиб, тарихимиз ўзининг қора паллаларига кираётган бир давр эди. Аммо тарихни яхшилаб элакдан ўтказсак, тилимиз бойлигига таъсир ўтказадиган воқеалар шунгача ҳам, шундан кейин ҳам бўлмади дейиш қийин.

 

Келинг, бир бошдан эслаймиз. Турк хоқонлиги тили, кейин араблар, кейин чингизийлар, қисман шайбонийлар ва руслар келиши таъсирида тилимиз доимий янгиланишни бошидан кечириб борган. Бу ташқи таъсир бўлса, маҳаллий жараёнлар – жумладан, дунёга интеграция қилишни истаган жадидлар ҳаракати ҳам тилимизга кўп тушунча ва сўзларни қўшган. Янада муҳим факт: биз ўзида туркийларнинг уч катта диалекти – қарлуқ, қипчоқ ва ўғузни бирдай қамраган халқмиз. Унинг устига, тилимизда арабий-форсий сўзлар қўшни қирғизлар ёки қозоқларга қараганда кўп миқдорда сақланганини тил билгичлари эътироф этади. (Назаримда, бу нарса ҳам бизнинг фойдамизга ишлаши керак, тилда сўзлар қанча кўп бўлса, шунча яхши.)

 

Аммо шундай шароитда ҳам бизнинг изоҳли луғат бойлигимиз атиги 80.000 сўз ва сўз бирикмаларидан иборат бўлса, қўшни Қозоғистоннинг “Тушунтирма сўзлиги” 150.156 лексик бирликни ўз ичига олади. Бугунги кунда дунё тилига айланиб бўлган 600.000 сўзлик инглиз тилини қўя турайлик, лекин наҳотки тарихи ҳам, ўзлиги ҳам, тили ҳам ўта яқин қўшнимиздан тилимиз деярли бир баробар камбағал бўлса?! Ахир биз Ўрта Осиёда марказлашган давлат қурган, уч йирик тамаддун шаҳри ҳам ўлкамизда бўлган аждодлар авлоди сифатида фахрланмаймизми? Марказлашган давлат ва тамаддун шаҳарлари тил бойлигини янада кўпайтириш учун бир асос эмасмиди?!

 

Юқорида Оксфорд инглиз луғатини фақат тил бўйича эмас, тарихий академик манба деб ҳам айтдим. Яъни юрт тарихи ҳам ўша луғатда акс этган. Аммо бизнинг тарихимиз тил луғатимизга тўлиғича кирмаган кўринади. Ёки сиз ростдан ҳам тилимизнинг қўшни қозоқлардан ҳам бир баробар камбағал эканига ишонасизми? Мен ишонмайман. Бу бой тарих, бу меросхўрлик билан, қолаверса, ҳозирги интеграциялашув шароитида ўзлашган сўзларни ҳисобга олсак, менинг чамамда, тилимиз 200.000 дан 300.000 гача бўлган сўзларни қамрайди! Инглиз тилидай боймиз, 600.000 та сўзни топса бўлади, деб лоф уриш фикридан мутлақо йироқман. Аммо ҳақиқатни ҳам юзага чиқариш керак.

 

Келинг, энди ҳақиқат билан юзлашиб кўрамиз. Ҳақиқат ўзи нимада? Ҳақиқат тилимизнинг қашшоқлигидами ё уни етарли юзага чиқариб бера олмаётганимиздами? Шубҳасиз, иккинчиси эканини биласиз. Аммо юзага чиқара олмаслигимизга сабаб нима? Ахир луғат тузувчиларининг бирдан-бир мақсади ҳам аслида тилимизнинг кенг, бой қамровини кўрсатиш бўлмайдими? Шундайлиги ҳам айни ҳақиқат. Бу ерда гап луғат тузувчиларида эмас, жараённинг ўзида. Ўзбек тилининг янгиланган изоҳли луғати тузилаётган даврда (2020–2021) мен ҳам ўша Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг (луғат шу институт тилчилари томонидан нашрга тайёрланган) докторанти бўлганман. Ва озми-кўпми, қатнашувчиси бўлмасам-да, жараёнлардан хабарим бор. Луғат тузишда энг асосий омил – ўша сўзга манба кўрсатиш. Мазкур сўз ёзма нутқда шу пайтгача ишлатилганлигининг манбаси бўлиши лозим. Эҳтимол, у асар, матбуот, газета, журнал ёки бошқа нарса бўлар. Ўша изоҳ-ҳавола бўлмаса, уни луғатга қабул қилиб бўлмайди. Кўпчилик луғат тузувчилар айни шу ерда муаммога йўлиқади (манбалар эса сон-мингта, Ўзбек тилининг изоҳли луғати 3 миллионта (!) мисол-карточкага эга эканини ёзгандим, бу дегани 3 миллионта манба кўриб, ўқиб чиқилган). Жумладан, ўзбек луғат тузувчи олимлари ҳам.

 

Сўзимиз аввалидаги Оксфорд олими Жеймс Муррей ҳам айни шу жойда муаммога учради ва у масалани ҳал қилишнинг йўлини топди. Тил жонли нарса, шундай экан у бир кишига тегишли эмас, бутун халққа оиддир. Бундай луғатни олим бутун халқ билан тузиш керагини англаб етди ва уларга мурожаат йўллади. “Инглиз тилида сўзлашувчи ва ўқувчи халққа мурожаат” деб номланади тарихда бу чиқиш. Мурожаатда одамлар ўзлари билган сўзни манбаси, манба муаллифи, чиққан санаси, бети билан биргаликда ёзиб юбориши керак эди. Мурожаат фақат Англияда эмас, АҚШ, Австралия каби инглиззабон юртларда ҳам катта резонанс берди. (Бир ўйлаб кўринг, Изоҳли луғатни тузиш жараёнига қўшни Афғонистон ёки Тожикистондаги ўзбекларни ҳам жалб қилсак, нималарга эришамиз?!) Одамлар битта сўз баҳонасида тарихга кириш умидида тинимсиз мактуб юбораверишди. Юборилаётган хатлар шунчалик кўплигидан Британия Қироллик почтаси Муррейнинг уйи олдига алоҳида шахсий почта қутисини ўрнатиб беришга мажбур бўлди. Хатларни сақлаш ва саралаш учун махсус катта қутидан иборат жой қурилди. Жами 3,5 миллионта хат олинган экан. Буларни саралаш ҳам Муррей ва жамоасига енгил бўлмаган, албатта. Аммо тарихдаги энг улкан лексик манба шу тариқа вужудга келиб қолди.

 

Ўзбек тилининг изоҳли луғати ҳам мана шундай кенг кўламдаги иштирокка муҳтож. Эҳтимол, биз буни қандайдир флешмоблар (фақат 21 октябрь арафасида эмас, бутун йил давомида ўтказиладиган) орқали қила олармиз. Лекин бир нарса аниқки, 5 ё 10 кишидан иборат жамоа мавжуд 100.000–200.000 лик сўзни луғатга олиб киролмайди. Бунга жуда узоқ вақт керак. Одамларни, халқни жалб этиш эса бу йўлда яхши ечимдир. Иккинчидан, бу ҳар бир одамнинг ўз тилига ва тарихга тегишлилик, муҳимлик туйғусини оширади.

 

Тилимизда шундай сўзлар бор, беихтиёр уларнинг изоҳли луғатда ё адабий, илмий-фалсафий тилда йўқлигига ўкинасан. Шундай сўзлардан бири “яғдей” сўзи. Мазкур сўз ҳам қипчоқ, ҳам ўғуз лаҳжасида учрайди. Бу дегани Ўзбекистоннинг қарийб 70 фоиз ҳудудида учраш эҳтимоли бор. Жуда кенг маъноларга эга. Қирғиз, туркман тили изоҳли луғатларига киритилган. Туркман тилининг туркманча-русча сўзлашгичида 20 га яқин маънолари саналади. Қирғиз тилидан рус тилига эса “самочуствие” бўлиб таржима қилинган. Биз “ўзини ҳис қилмоқ” деб калка таржима билан ишлатамиз бу сўзни, аслида эса бир сўз билан “яғдейим ёмон, яғдейим яхши” деб бемалол қўллаш мумкин. Мен туғилган жойда доимий шу тарзда қўлланади. Туркманча изоҳида бу сўз борлиқ, атмосфера маъносида ҳам қўлланилиши айтилган. Демак, шундай катта, муҳташам, ҳам сиёсий, ҳам фалсафий, руҳий ва маиший маъноларга эга туркий сўзимиз изоҳли луғатга киролмай қолган. (Менинг изоҳли луғатга доир саволларим ҳам айни шу сўзнинг луғатда нега йўқлиги боисидан бошланган.)

 

Яна бир қиррадор сўзимиз бор: “иттик”. Менинг шевамда (Бухоро), кейинчалик билишимча, Қашқадарёда ҳам фаол қўлланади. Бу сўзни бир гал уйғур шоирининг шеърида ҳам учратгандим. Ўзим ҳам оғзаки ва ёзма нутқимда фаол ишлатаман. Лекин изоҳли луғатда йўқ экан. Абдунаби Бойқўзиев уни ўзи тузган “Ўзбек тили Қизил Китоби”га киритиб, бешта маъносини санаб ўтади (ғолиб, ўткир, пеш, йирик, равон). Нега айнан бу сўзларни келтиряпман – сабаби, юқорида айтганимдек, ўзбек халқи туркийларнинг уч лаҳжасини ҳам қамраб олган, афсуски, бу изоҳли луғатда тўлиқ ифодасини топмаган. Тилимизда фаол қўлланадиган, муҳташам маъноларга эга асл туркий (!) сўзлар ҳам ундан тушиб қолган.

 

Яна бир сўз бор: орқайин. Фикримча, тўлиқ туркий сўз. Жуда фаол қўлланади тилимизда. Шу номли подкастлар бор. Адабий асарларда ўнлаб, йигирмалаб марта қўлланилгандир. Лекин унинг ўрнига “хотиржам, бамайлихотир, бемалол” каби арабий-форсий сўзларимиз бор-у, бу ҳам бош луғатимизда йўқ, афсуски.

 

Буларни ёзишимдан мақсад нима: аввало, тил, луғат масаласи бир кишининг иши эмаслигини, маълум бир олимлар, тузувчилар жамоасининг елкасига ҳамма ишни ортиб бўлмаслигини, халқ бунда иштирок этиши лозимлигини урғулаш. Агар халқ иштирок этса, шевалардаги деярли ҳамма сўзлар луғатга кириб боради. Иккинчидан, катта қамровга эга бўлган тилимиз бугун қардош халқлар академик манбаси олдида кифтини қисиб қолгандек. Аслида эса паҳлавондек қад кериб туриши учун жуда катта асос бор. Шунингдек, тил – бу тарих. Тилимиздаги сўзлар тўлиқ қамраб олинмас экан, тарихимиз тўлиқ ҳолда мавжуд деб бўлмайди. Демак, изоҳли луғат тузишни қайта бошдан бошлашимиз ва уни мукаммал бир шаклга келтиришимиз керак.

 

Охирги, энг асосий сабаб – мавзу долзарблигини кун тартибидан туширмаслик. Токи тилимиздаги сўзларни йиғиш, жамлаш, луғат қилиш умуммиллий ҳаракатга айланиб, ўша 200.000–300.000 лик қамровга эришилмас экан, бу йўлдаги ҳаракатларни тўхтатиш ёки “яқиндагина янгиладик, шу етарли” деб сустлашиш ярамайди. Бунга албатта давлат бош ҳомий бўлиши керак. Туркияда тил департаментига банкларни бириктириб қўйиш тажрибаси бор. Бу йўлни ҳам қўллаб кўриш лозим. Иккинчи бир тажриба эса изоҳли луғатни онлайн бойитиб бориш. Масалан, ОЕД доимий равишда янгиланиб борадиган “тирик” манба, унинг онлайн версиясига ҳар чоракда (йилига 4 марта) ўртача 700 дан 1000 тагача янги сўз, ибора ва бирикмалар қўшиб борилади. Худди шундай тажрибаларни ўзимизда ҳам амалга ошириш пайти етди. Тилимиз ҳозирнинг ўзидаёқ бунга муҳтож.

 

Тилланисо ЭШБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

18:09 / 30.09.2026 0 75
Муаллимга жўнатилмаган мактуб





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38841
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//