15 йил аввал Гарри Поттер нега нашр қилинмаган? Ўзбек ўсмирлар адабиёти муаммоси


Сақлаш
12:54 / 02.09.2026 115 0

Бир сюжет аркасидан иборат саргузашт роман, муаллифнинг оғир руҳий тушкунлик ва маиший муаммолардан қочиш учун ўйлаб топган сеҳрли дунёси миллениаллар орасида фавқулодда аҳамиятли маданий ҳодиса бўлди – «Гарри Поттер» бутун бир авлоднинг дунёқарашига таъсир кўрсатган феноменга айланди.

 

Асардаги сеҳр, рамз ва саргузаштлар жозибаси болалар учун оҳанрабодек фон бўлди, ўсмирларни ундаги ёлғизлик, ўз ўрнини излаш, дўстлик, йўқотиш, оғир танловлар ва улғайиш каби кечинмалар баёни мафтун этди. Жумладан, мени ҳам. Шунинг учун бу эпик романлар туркумининг беш қисмини икки йил мобайнида таржима қилдим. Ўша пайтлар талабаман, кундузи ўқиш, кечалари таржима билан банд бўлардим. Кези келиб кундузги ўқиш ҳам иккинчи даражали масалага айланди. Ўй-хаёл фақат таржимада, бу машғулот ортидан инглиз тилида ўйлашни, сарказм ва қочиримларни ўргандим.

 

Аммо пойтахтнинг эътиборли ноширлари қўлимдаги таржимани босиб чиқаришдан бош тортишди, кўплар муаллифлик ҳуқуқларини олиш қийин бўлади, деди. Бир гал эса «бу китобдаги айрим қаҳрамонлар, сеҳр-жоду масаласи бизнинг эътиқодимизга зид» деган рад жавобини ҳам олдим. Ўнлаб ноширларнинг «йўқ» мазмунидаги «ўйлаб кўрамиз»ларидан кейин таржима ишим тўхтади. Шу охирги жавобдан сўнг ҳозиргача ўйлайман: бизнинг эътиқодга, миллий ўзликка мос ўсмирларбоп қандай бадиий асар бор ўзи?

 

Бизда, одатда, ўсмирлар ва, ҳатто, катталарга мўлжалланган бадиий асар ҳам кўпинча тарбиявий вазифаси олдиндан белгилаб қўйилган дидактик асар бўлади. Қаҳрамон яхши, хулоса аниқ бўлиши, тугун охирида ечилиши керак. Лекин ўсмирликнинг ўзи бундай эмас – ўсмирлик саволлар, шубҳалар, ички зиддиятлар, ўзини излаш ва «мен кимман?» деган саволлар давридир.

 

«Young adult» адабиёти айнан шу мураккаб давр учун яратилади. У болалар ва катталар адабиёти орасидаги «оралиқ ҳодиса» эмас. Ўсмирлар адабиёти мустақил адабий майдон бўлиб, ўсмирнинг саволларини марказга қўяди. Улар ўз аксини қаҳрамонда кўришни, қаҳрамон билан бирга адашишни, хато қилишни, қўрқиш ва охир-оқибат ўз танловига келишни хоҳлайди. Гаррининг етимлиги, Гермионанинг ўзини исботлашга интилиши, Невиллнинг қўрқув устидан ғалаба қозониши, Снейпнинг ўтмиш билан яшаши, дементрлар образидаги ҳалокатли тушкунлик ва унинг кўланкасини қувиш учун бахтли хотиралар зарурати – барчаси сеҳрли дунёга жойлаштирилган, аммо моҳиятан жуда реал инсоний муаммолар. Бу ерда сеҳр – метафора. Хогвартс эса болаликдан катталикка ўтиш жараёнининг бадиий маконига айланган. Романни «эътиқодий сабабларга кўра» нашр этолмаслигини билдирган инсон саводли, ўткир адабий мунаққид эди. Ҳойнаҳой, у асарнинг ўзидан хавфсирамаган. У ўзбек аудиторияси, болага китоб сотиб олувчи катталар асарнинг тимсоллар тилини тўғри тушунишига шубҳа қилган. Ҳозир мен ҳам шу хулосадаман.

 

Менимча, «Гарри Поттер»нинг авлод хотирасидаги ўрнини фақат оммавий маданият ёки маркетинг билан изоҳлаб бўлмайди. Бу асар бир авлодга ўзининг қўрқувлари, ижтимоий муносабатлари, йўқотишлари ва улғайиш жараёнини, жамиятдаги табақаланиш ҳамда бошқа меъёр, ёзилмаган қоидаларни рамзлар тимсолида қайта идрок этиш имконини берди. Асарнинг энг катта мўъжизаси сеҳрнинг ўзи эмас, миллионлаб одамларни бир хил хотира ва ҳиссиёт атрофида бирлаштира олганидадир.

 

Китобдаги ҳар бир муҳим образ ва деталнинг ортида муайян рамз ва ижтимоий маъно яширин. Чунки Хогвартс – жамиятнинг кичик модели. Унда бой ва камбағал, имтиёзли, «тоза қон» ва аралаш келиб чиқишга эга болалар муносабатлари орқали реал дунёдаги табақаланиш ва ижтимоий тенгсизлик акс этади. Айни шу маънода асардаги «тоза қон» ғояси ирқий ва ижтимоий устунлик мафкурасининг рамзий ифодаси сифатида намоён бўлади. Волдеморт ва унинг тарафдорлари инсоннинг қадрини келиб чиқиши билан ўлчайди. Бу қараш Гермиона образи орқали янада кескинлашади: у оддий одамлар оиласида туғилган бўлсада, билими, жасорати ва ахлоқи билан кўплаб «тоза қон» сеҳргарларидан устун туради. Шу тариқа асар ўсмирларга инсоннинг қийматини келиб чиқиши эмас, танловлари белгилашини уқтиради.

 

Йигирма ёшни қоралаган роман тавсифи билан қимматли вақтингизни олмайман. Буларни ёзишдан мақсад – ўзбек ўқувчилари ҳам мана шундай, балки ундан ҳам яхшироқ бадиий асарларга эҳтиёжманд эканини таъкидлаш эди.

 

Аммо бизга «Гарри Поттер»нинг сунъий нусхаси керак эмас. Ўзбек болаларига ўз қаҳрамонлари, руҳияти, мифологияси билан яшайдиган асарлар зарур. Ўсмирнинг саволлари, иккиланиши, ёлғизлиги, биринчи муҳаббати, дўстликдаги хиёнати, оила билан зиддияти ва ўзлигини излашини адабиётнинг муносиб мавзуси деб биладиган асарлар керак.

 

Шу билан бирга, асарларда суиқасд, моддий бойликнинг устуворлиги, ижтимоий табақаланиш, тенгсизлик, ҳокимият ва манфаатлар тўқнашуви, ёлғон ахборот ва манипуляция каби жамиятда мавжуд муаммоларга ҳам мурожаат қилиш мумкин. Мана шундай оғриқли масалалар акс этадиган асарлар ўқувчини ўзи яшаётган жамият ҳақида ўйлашга ундайди.

 

«Гарри Поттер»даги қадим юнон афсоналари, мифологик образлар ва архетипларга мурожаат тасодифий эмас. Бу анъана замонавий сюжетни қадимий маданий хотира билан боғлаб, ўқувчи учун таниш ва нотаниш маъноларнинг бир вақтда идрок этилишини таъминлайди.

 

Бизда ҳам бундай бадиий база бор. Бўлганда ҳам катта омборхона, дейиш мумкин: халқ оғзаки ижоди, «Гўрўғли» туркум достонлари, «Лисон-ут тайр», «Ҳамса» достонлари замонавий адабиёт учун туганмас сюжет, образ ва рамзлар манбаи бўла олади. Масала фақат улардаги универсал ғояларни замонавий ўқувчи учун қайта бадиийлаштиришда.

 

Бунинг учун, аввало, воқеликка ва адабий меросимизга ягона каноник нуқтаи назар орқали ёндашиш анъанасидан воз кечиш зарур. Мумтоз матнни фақат бир маънода талқин қилиш, қаҳрамонни фақат бир мезон асосида баҳолаш унинг янги авлод учун табдил имкониятларини чеклайди. Зотан, ҳар бир давр ўз саволларини беради ва мумтоз меросга ўз нуқтаи назари билан қайта қарайди. Шу билан бирга, айнан ўсмирлар адабиётида тасвир техникасининг ўзига эмас, сюжетнинг зичлиги ва драматик ҳаракатга кўпроқ эътибор қаратиш талаб этилади. Чиройли тасвир, метафора ва тил жозибаси муҳим, албатта. Аммо ўсмир ўқувчини асар ичида ушлаб турадиган асосий куч – ҳаракатдаги сюжет, зиддият, кутилмаган бурилиш ва қаҳрамоннинг ўзгаришидир.

 

Ноширларнинг рад жавобларидан ҳафсалам пир бўлганидан буён салкам 15 йил ўтибди. Бу орада асарнинг тўлиқ ўзбекча таржимаси ўқувчиларга етиб борди. Бундан бағоят хурсандман, албатта. Аммо бу кам. Адабий таржимада анча машқ қилган ўқувчи сифатида ўзбек адабиётида айнан ўсмирлар сегментидаги бўшлиқ тўлишини истайман. Ўсмирларимиз қўлидан туширмай ўқийдиган, қаҳрамонлари ҳақида баҳслашадиган, уларга ишонадиган ва, ҳатто, интернетда ўз версиялари – «фанфик»ларини ёзадиган асарлар кўпайишини орзу қиламан. Менимча, бизга айнан шундай тирик адабиёт керак. Ўсмирни фақат (тарбияламай) «тарбиялайдиган» насиҳатномалардан кўра, хаёлини ром қиладиган, тайёр хулоса бермайдиган, янги саволлар туғдирадиган, бир китоб билан чекланмай, бутун бир ўқувчилик маданиятини пайдо қиладиган адабиётга эҳтиёжимиз бор.

 

Мунира БАХТИЁР

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40039
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//