Августнинг жавобсиз баҳси: Имтиёз имкониятми ёки ижтимоий адолат принципларининг бузилиши?


Сақлаш
17:41 / 26.08.2026 119 0

Август – кўп йиллардирки абитуриентлар учун “ҳаёт-мамот масаласи”, келажакни ҳал қилувчи натижалар кутиладиган ой бўлиб келган. Сабаби, кимларгадир талабалик бахтини берувчи, яна бошқаларнинг меҳнат миграцияси ёки оилавий ҳаёт, турмуш томон ташланадиган илк қадамини қатъий белгиловчи мандат натижалари айнан шу ойда эълон қилинади. Шунинг учун ҳам кўпчилик бу санани ҳам қўрқув, ҳам ҳаяжон билан кутади. Бироқ ҳамма ҳам эмас…

 

Ҳамма ҳам эмас, чунки мамлакатда Олий таълим муассасаларига имтиёзли тарзда қабул қилинувчи қатор жамият вакиллари мавжуд. Улар учун мандат натижалари ёз об-ҳавосидек деярли тайин.

 

Масалан, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреатлари тегишли йўналиш ва ихтисослашув бўйича давлат ОТМларининг бакалавр ва магистратура босқичларига кириш имтиҳонларисиз, давлат грантлари асосида қабул қилинади.

 

Тавсияномага эга ҳарбий хизматчилар (Ўзбекистон Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижага эришганлар) эса тегишли олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра, ўзлари тўплаган балларнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга. Яъни, айтайлик ҳарбий абитуриент имтиҳон натижаларига кўра 100 балл тўпласа, унга яна 50 балл имтиёз сифатида берилиб, жами 150 балл натижага эга бўлади.

 

Яна Қуролли кучлар ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига ҳам квота асосида ОТМга кириши учун тавсияномалар берилади. “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндорлари ҳам кириш имтиҳонларига кирмай туриб тўлиқ давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинади. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига эга абитуриентлар ҳам давлат гранти квоталарига қўшимча равишда имтиҳонларсиз қабул қилинувчилар қаторига киради.

 

Бундан ташқари, тил сертификатига эга номзодлар, 5 йиллик иш стажига эга хотин-қизларга, халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари, “Ниҳол мукофоти” совриндорлари, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, ИИВ органлари ходимларининг фарзандлари ва яна қатор тоифалар ОТМда ўқиш учун турли имтиёзларга эга саналади. Шунингдек, Президент мактаблари битирувчилари ҳам агар таълимини Ўзбекистонда давом эттириш истагида бўлса, маҳаллий ОТМларга кириш имтиҳонларида иштирок этмасдан туриб имтиёзли равишда грант асосида қабул қилинади.

 

Шу каби турли тизимлараро ижтимоий тенгликни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидор ва меҳнатни рағбатлантириш мақсадида йўлга қўйилган ушбу имтиёзлар унга эга чиқаётганлар томонидан қанчалик адолатли бўлиб кўринмасин, амалда меритократия принципи (билим ва салоҳият асосида муносиб танлов)нинг бузилишига олиб келади. Юқори балл тўплашига қарамай имтиёзи бўлмагани учунгина ОТМга киролмай қолиш ёки контракт асосида қабул қилиниш – билимларни баҳолашда “адолатсиз рақобат” хулосасини беради.

 

Мана шу баҳсли масала турли йилларда мавсумий муҳокама мавзусига айланиб қолган. Бу йилги мавсум ҳам бундан мустасно бўлмади. Фаоллар бу сафар асосий урғуни Президент мактаби битирувчиларига қаратди. Аслида, катта рақобат билан кечувчи қабул жараёнлари уларнинг юқори билим даражасида эканлигини кўрсатади. Мактабдаги таълим бўлса сифатли ва халқаро даражадаги билимларни бериш билан бирга, ўқувчида танқидий фикрлашни ҳам ривожлантириб, ҳар бир ўқувчи учун юқори академик тайёрлов вазифасини ўтайди.

 

Бугун танқид остига олинаётган масала оддий – шундай тафаккурга эга бола учун талабалик ўрнини кириш имтиҳонида қатнашиш орқали банд қилиш қандай қийинчилик туғдиради?! Бу ҳақда жамоатчилик фаоли Исроил Тиллабоев шундай ёзади:

 

“ОТМлари имтиёзлар ҳақида гапирганда хотин-қизлар, ҳарбийларнинг болалари, “Зулфиячи”ларданам юқори, жуда катта имтиёз ҳақида гапириш керак: бу Президент мактаби битирувчиларининг Ўзбекистондаги исталган ОТМга грант асосида кириш имтиёзи. Мана шу имтиёзга ўлай агар, тушунмайман! Нима учун республикадаги 14 та Президент мактабини ҳамма битирувчиси яна тўғридан-тўғри грантга кириши керак?! Қишлоқ мактабида 40 та болани ичида, қийин шароитда “отилиб чиқиб” ўқиган ўқувчи билан 1 синфда 24 тагина бола билан, шунда ҳам жуда кўп фани 12 та ўқувчи орасида, чексиз евростандарт шароитида, 5000 бола ичидан саралаб олинган ўқувчи очиқ жангга киришга қўрқадими? Қўйиб беринг, жанг қилиб эришсин, шунда қадрига етади бу грантни. Нега уларга шунча шароитни қилиб берамиз-у яна грантини ҳам таъминлаймиз, улар аслида ҳаммаси (!) жаҳоннинг топ ўқишларига киришлари керак эмасми, шунча ҳаракатимизга яраша? Мен масалан хотин-қизлар имтиёзидан кўра мана шу имтиёзга қаршиман”.

 

Изоҳларда Президент мактабларига кириш – олий таълим муассасасига киришдан-да мураккаброқ эканлигини таъкидлаганлар, мактабга қабул қилгач ҳар ўқув йилида турли сертификат имтиҳонларидан ўтиши ҳақида қайд этганлар билан бирга, бу илми билан “эл қатори” имтиҳонда иштирок этиш уларга қандай қийинчилик туғдиришини савол остига олганлар ҳам бор.

 

Аслида, уларга берилаётган имтиёз – мамлакат учун интеллектуал капитал вазифасини ўташи эҳтимоли юқори: улар Президент мактабларида ўқиш мобайнида эришган ютуқ, ўзлаштирган билими билан таъкидланганидек, жаҳоннинг топ–университетларига ҳам катта грант асосида қабул қилиниши мумкин. Лекин Ўзбекистон тақдим этадиган грант мантиғи – айнан шундай билимга эга иқтидорларни Ватанда олиб қолиш, шу тариқа, мамлакатдаги турли соҳаларни ақлий салоҳияти юқори бўлган мутахассислар билан таъминлашни назарда тутар, балки. Яъни, давлат молиявий шаклда киритган сармоясидан амалий жиҳатдан шу тариқа натижа олишни кўзда тутган бўлиши мумкин.

 

Хусусий университетлардан бирининг асосчиси Бектош Ҳотамов ҳам имтиёзлар тизими туфайли 57 балл билан давлат грантига кирган ва 168,7 балл билан умуман ОТМга қабул қилинмаган абитуриентларнинг тест натижаларини қиёслаб, ижтимоий адолат ҳақида гапирган:

 

“Ўқишга киришда имтиёзлар масаласини бир ўйлаб кўриш керак деб ўйлайман. Тушунаман, хотин-қизларга имтиёз бериш, ҳарбийлар ва ички ишлар ходимларининг фарзандларига имтиёз бериш, ҳарбий қисмда тавсиянома олиб келганларга хуллас яна кимларгадир имтиёз бериш керакдир…

 

Лекин аҳволга қаранг, 57 балл билан бири давлат бюджетига кирмоқда, 168,7 билан ҳеч қайси бирига кира олмаяпти… Қандайдир ижтимоий адолат тизими бузилиб қолмаяптими? Ўзи таълимда кимгадир имтиёз бериш нимага керак? Ҳеч тушунмайман, бу олий таълим бўлса, мажбурий бўлмаса… Ўзи маъно нима ростдан ҳам?”, деб ёзади у.

 

Facebook фойдаланувчиларидан бири – Шавкат Ўймовутли имтиёзлар қай тартибда қўлланилса адолатдан бўлиши бўйича шундай таклифлар билдирган:

 

“... Гап муайян тоифадаги ёшларга қарши чиқиш ҳақида кетаётгани йўқ. Асосий масала – олий таълимга қабулда ҳақиқий адолат ва тенг рақобат муҳитини таъминлашда.​ Биз илгари сураётган ёндашув оддий: барча абитуриентлар учун ягона мезон – фақат ва фақат билим бўлиши шарт.​

 

1. Ҳарбий хизматчилар фарзандларига алоҳида квота​. Ҳарбий хизматчиларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатини давлат томонидан муносиб тақдирлаш шарт. Аммо бу қўллаб-қувватлаш бошқа бир абитуриентнинг ҳақи эвазига бўлиши керакми?​ Тасаввур қилинг: бир абитуриент 155 балл тўплаб ҳам умумий рақобатда грантга киролмайди. Бошқа бири эса алоҳида квота сабаб анча паст балл билан грант соҳибига айланади. Нега ота-онанинг касби фарзанднинг билим мусобақасидаги натижасига таъсир ўтказиши керак?​

Таклиф: Синов ҳамма учун тенг бўлиши лозим. Билими етган абитуриент — у кимнинг фарзанди бўлишидан қатъи назар — умумий грантга киради. Агар ҳарбий хизматчининг фарзанди грантга киролмаса, давлат уни бошқача шаклда қўлласин. Масалан, у контрактга кирса, тўлов Олий таълим вазирлиги ҳисобидан эмас, отаси хизмат қилаётган Мудофаа ёки Ички ишлар вазирлигининг ўз бюджетидан тўлансин. Ўқиш тугагач, битирувчи ўша тизимда маълум муддат ишлаб бериш мажбуриятини олсин.​ Шунда ҳарбийнинг фарзанди ҳам ёрдамсиз қолмайди, бошқа абитуриентларнинг ҳам ҳаққи топталмайди. Бу орқали имтиёз бекор қилинмайди, шунчаки унинг молиялаштириш манбаси манзилли ва адолатли қилиб ўзгартирилади.​

 

2. “Темурбеклар мактаби” ва Президент мактаблари битирувчилари​. Ушбу муассасаларда ўқувчилар учун шундоқ ҳам энг замонавий таълим, кучли лаборатория ва махсус тайёргарлик шароитлари яратилган. ​Шундай экан, савол туғилади: энг яхши шароитда ўқиган ва юқори билим олган ўқувчига яна қўшимча балл ёки имтиёз бериш қайси адолат мезонига тўғри келади? ​Иқтидорли ўқувчининг устунлиги — унга берилган қўшимча балларда эмас, олган билимида намоён бўлиши керак. Замонавий мактабни битирган ёшлар умумий имтиҳонда ўз билими билан бемалол рақобатлаша олиши лозим. Махсус таълимнинг маҳсули — сунъий имтиёз эмас, юқори билимдир!​

 

3. “Имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар” масаласи​. Имтиёзларни асослашда кўпинча оғир ижтимоий ҳолат рўкач қилинади: етим боланинг репетиторга пули йўқ, кам таъминланган оила фарзанди қўшимча тайёргарлик кўролмайди… Булар — реал муаммолар. Лекин уларнинг ечими олий ўқув юртига киришда бошқаларнинг ҳақини олиб бериш эмас! ​Агар етим ёки кам таъминланган бола репетиторга бора олмагани учун имтиёзга муҳтож бўлса, бу — мактаб таълими тизими ишламаётганидан далолат. Муаммони ОТМга кириш пайтида сунъий балл улашиш билан эмас, мактаб давридаёқ ҳаммага сифатли ва бепул таълим бериш орқали ҳал қилиш керак.​

 

4. Биз таклиф қилаётган тизимнинг моҳияти. ​Барча абитуриентлар — ҳарбийнинг фарзандими, Президент ёки оддий мактаб битирувчиси — қабул имтиҳонида бир хил ва тенг шартларда қатнашиши керак. Ҳеч кимга қўшимча балл берилмайди, ҳеч кимга бошқалар (бюджет)нинг ҳисобидан алоҳида грант ажратилмайди. ​Ижтимоий ҳимоя мутлақо алоҳида механизмлар орқали амалга оширилади: ​Ҳарбий фарзандига ёрдам керак бўлса — тегишли вазирлик ўз бюджетидан контрактни тўлаб берсин. ​Етим ёки кам таъминланган болага ёрдам керак бўлса — мактаб давридаёқ бепул ва сифатли тайёргарлик муҳити яратилсин.​ Шунда ижтимоий ҳимоя ҳам таъминланади, олий таълимдаги тенг ва ҳалол рақобат ҳам бузилмайди.​

 

Адолат — кимгадир алоҳида имтиёз улашиш эмас, барча болаларга таълим олиш учун тенг имконият яратишдир. Давлат имтиҳон куни келиб “Кимга бекордан-бекор грант берайлик?” деб эмас, ўқувчилик йилларида “Ҳаммага қандай қилиб бир хил сифатли таълим берайлик?” деган савол устида бош қотириши керак.​ Олий таълимга қабулда эса фақат ва фақат битта мезон қолиши шарт: БИЛИМ. ​Чунки абитуриентдан: “Сен кимнинг фарзандисан?” деб эмас, “Сен нимани биласан?” деб сўраш адолатдандир”, деб ёзади муаллиф.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 18 август куни ОТМЛарга қабул натижалари ва якуний кўрсаткичлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Унда вазир ўринбосари Сардор Ражабов ОТМларга имтиёзлар тизими орқали қабул амалиёти кенгайиб бораётгани ва бу борада жамоатчиликда туғилаётган эътирозларга муносабат билдирди. Унга кўра, миллий сертификат тизими тест тизимидан-да мураккаброқ бўлиб, таълим жараёни таҳлил қилинганида ҳам бирламчи натижаларга кўра, сертификат ёрдамида максимал балл билан ОТМга кирган талабаларнинг деярли 60 фоизи ўқишда аъло баҳоларга ўқиётгани аниқланган. Умумий имтиёз билан кирганлар орасидаги энг юқори натижани бўлса имтиёз билан кирган аёл-қизлар кўрсатаётгани маълум бўлган.

 

Таълим бўйича мутахассис Комил Жалилов ушбу таҳлилга жавобан имтиёзлар тизимига қарши эканини билдирди, сертификат имтиҳони чиндан мураккаброқлигини тасдиқлади ва ОТМларга қабул бўйича таклиф билдирди:

 

“... Мен ўқишга киришда имтиёзларга қаршиман — бу Конституцияга зид ва тест натижалари валидлигини йўққа чиқаради. Бу ҳақида олдин ҳам кўп ёзганман. Лекин миллий ёки халқаро сертификатлар (IELTS, SAT, A-Level ёки бошқа) асосида ўқишга киришнинг «имтиёз» деб ҳисобланишига ҳам қаршиман: бу имтиёз эмас, сертификатлар абитуриентнинг тегишли фандан мактаб битирувчиси учун қўйиладиган талабларни бажарганлигини тасдиқлайди…

 

Умуман, менинг назаримда, ёки ягона имтиҳон (мактабни битирганда топшириладиган имтиҳон — шунинг натижалари билан ОТМга кирилади), ёки сертификат тизими бўлиши керак. Ҳозирги тест тизимидан воз кечиш керак: бир кунда 5 та фандан тест абитуриентнинг бутун мактаб дастурини қай даражада ўзлаштиргани ва қай даражада ОТМда ўқишга тайёрлигини валид аниқлаб бера олмайди. Бу дегани — агар ягона имтиҳонга ўтилсада, у ҳам сертификат тизимига ўхшаб ҳар бир фандан алоҳида бўлиши, унда ёпиқ тест топшириқлари билан бирга очиқ тест топшириқлари ҳам бўлиши керак. Шу билан бирга, миллий сертификат тизими ҳам ҳар хил ортиқча гап-сўзлар ва шубҳаларга имкон қолдирмайдиган даражада ишончли бўлиши керак”.

 

Лекин вазирлик бир неча йилдан кейин сертификатга эга абитуриентларга максимал балл бериш амалиётини қайта кўриб чиқиш ниятида эканини билдирган.

 

Умуман олганда, агар тўғри шаклда амалга оширилса ва талаба яхши натижа кўрсатса, давлатнинг муайян тоифаларни қўллаб-қувватлаш тизими мамлакатнинг энг истиқболли қарорлардан бири бўлолади. Шунда ҳам бу жараён билимли абитуриент имконияти эвазига амалга оширилмаслиги зарур.

 

Агар акси бўлса, бир томондан киритилган сармоя, билдирилган ишончнинг “ҳавога учиши”, бошқа томондан шу талаба тўплаган натижанинг 2-3 баробари билан ҳам ОТМ дарвозаси ортида қолган потенциал малакали мутахассиснинг соҳага маълум муддат кечроқ кириши билан мамлакат бир неча карра ютқазади. Ва гап бир эмас, бир неча юзлаб талаба ҳақида бормоқда.

 

Бу масала гап бошида айтилганидек, ҳар йил “чалинадиган куй” ўлароқ одатий такрорланадиган, бироқ ечими йўқ муаммолар қаторига кириб қолмаслиги, аксинча, бу борада ҳар томонлама тўғри, адолатли ва билимлардан устун келмайдиган шакл ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39810
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//