Ўзбек адабиётида трансформацияга учраган образ – қайнона қандай тасвирланган? Санобар Тўлаганова таҳлил қилади


Сақлаш
17:26 / 26.08.2026 234 0

Адабиёт азалдан инсонни олий қадрият сифатида талқин ва тадқиқ қилиб келган. Коинот гултожи бўлмиш одамзодни тугал ўрганиш ва у ҳақида қатъий хулосага келиш мушкул иш. Адабиётшуносликнинг марказий объекти саналган инсон шахси турли даражада ўрганиб келинмоқда. Инсон моҳиятини ўрганиш ва очиб бериш адабиётнинг абадий муаммо экани сир эмас. Бадиийлик мезонларига кўра, асар майдонида иштирок этувчи ҳар бир персонажнинг ҳаракат траекторияси ва бадиий юки бўлиши лозим. Ҳар бир образ ўзида ғоя ва мазмун ташийди. Ҳар бир эпизод муаллиф концепциясини намоён этувчи қисм саналиб, яхлитликни таъминлашга хизмат қилган. Ўзбек адабиётидаги ана шундай персонажлардан бири – қайнона образига эътибор қаратмоқчимиз. Сабаби қайнона образи жамият ҳаётидаги ижтимоий онгнинг маҳсули сифатида миллий, тарихий, диний ва ахлоқий қадриятларни ўзида акс эттиради.

 

Устоз адабиётшунос олимлар И.Султон ва М.Қўшжонов билан озгина фурсат бирга ишлаш насиб этди. Устозлар суҳбатини тинглаш, уларнинг баҳс-мунозараларига гувоҳлик ҳар қандай назарий китобдан олинган билимдан фойдали бўларди. Айниқса, Иззат Султон жуда ҳушёр ва мавзунинг моҳиятини тез англаб етарди. Қўшжонов домла эса муаммога кенгроқ ва эркинроқ ёндашарди. Бир сафар замон драмалари ҳақида гап кетганда Иззат Султон: “Адабиётнинг абадий ўзгармас мавзулари бор. Улар орасида айримлари борки, кўпчилик буни тан олгиси келмайди, масалан қайнона ва келин мавзуси туганмас муаммо, аммо тадқиқот қилинмайди, маишийлиги учундир балки…” дедилар. Хўш, қайнона образи адабиётда қандай акс этди ва асар композициясидаги ўрни қандай, образнинг адабий-эстетик қиймати борми?

 

Қайинлик ва оналик мақоми

 

Аввало, сўзнинг мазмунига эътибро берайлик. Луғатга кўра, кайнона эрнинг онаси; никоҳ орқали ҳосил бўлган қариндошлик тизимида келиннинг эр томонидан бўлган онаси ҳисобланади[1]. Қайнона икки тарафлама алоқадорлик доирасида қўлланилади. Яъни “эрнинг онаси” ёки “хотиннинг онаси” шаклида бўлиши мумкин. Сўзнинг этимологик жиҳати: “икки компонентдан ташкил топган – туркий қайин (никоҳ орқали пайдо бўлган қариндошликни билдирувчи ўзак) + она. “Қайин” ўзаги асосида шаклланган терминологик уяга қайнота, қайноға, қайниси, қайнсингил сўзлари ҳам киради”. Баъзи туркологик тадқиқотларда “қайин” ўзаги қадимги туркий “қайиш, қовушиш” (бирлашмоқ) феъли билан боғланади, деб тахмин қилинади[2].

 

Туркологик манбаларда келтирилишича, қайин уруғи – бу эр ёки хотиннинг қариндошлари бўлиб, бу сўзнинг этимологияси қайин дарахти номи билан боғлиқлиги айтилган. Туркий халқларда дарахт образи (илдиз, шоx-шабба, новда) уруғ-аймоқ тузилишини ифодалаш учун кенг қўлланилган рамзий тизим сифатида қабул қилинган. Рус туркологи ва этнографи Н.П.Дыренкова туркий ва олтой халқлар қариндошлик тизимлари бўйича тадқиқотларида  бу масалага диққат қаратади. “Суяк – ота уруғи (қон-қариндошлик, ота томондан); Тоғай – она томондан қариндошлар; Қайин – хотин ёки эр орқали боғланган қуда-қариндошлар – никоҳ орқали ҳосил бўлган, қондош бўлмаган қариндошлик тури”[3] сифатида қайд этилади. Олима қайнонани қариндошлик тизмасидаги муҳим шахс сифатида ўрганади.

 

Ғарб адабиётида “қайнона” шарқ халқлари сингари маъно урғусига эга бўлмайди ва уни деярли архетип шаклида учратиш қийин. Айрим манбаларга кўра қайнона ўрнини ўгай она мотиви эгаллайди. Рус эртакларини тизимли равишда ўрганган олим В.Пропп қайнонани “сохта қаҳрамон”, “зиёнкор” ёки синовчи функциясини бажаради – у қаҳрамон (келин)нинг йўлига тўсиқ қўяди” деб таъкидлайди.[4]. Эътиборлиси, кўп ҳолатда қайнона ижтимоий идеал даражасига кўтарилмайди ёки марказий қаҳрамон сифатида гавдаланмайди. У иккинчи даражали қаҳрамон сифатида воқеликка қўшимча маъно бериш ва зиддиятни кучайтиришга хизмат қилади.

 

Ўзбек мақол ва маталларида қайнона-келин муносабатига алоқадорлари кўп учрайди. “Қайнонали келин қарқара, қайнонасиз келин масхара”,  “Қайнона – қирқ йиллик душман”, “Яхши қайнона – келиннинг иккинчи онаси”,  “Келин билан қайнона – бир қозонда қайнаса ҳам дарди бирмас” каби мақоллар мазмунига кўра қайнона икки қиррали маънони изоҳлайди:

 

1.Тажрибали ва устоз мақомидаги она.

2.Мунозарали ва янгиликка қарши чиқувчи аёл сифатида намоён бўлади.

 

Анъаналар қўриқчиси

 

Анъанавий ўзбек оиласида  қайнона – оила ички ҳаётининг амалий бошлиғи, назорат қилувчиси, иш бошқарувчиси каби вазифага ўзини маъсул санайди. Қайнона оиладаги аёллар орасида юқори мақомга эга, уй юмушларини тақсимлаш, келиннинг ота-онасиникига бориши, ўғилга муносабат, бола тарбияси каби ишларда бошқарувчилик қилади.  Теранроқ назар солинса, қайнона оила қўрғонининг ҳимоячиси, анаъналар қўриқчиси тарзида жонланади. Келин янги оилага келар экан мана шу хонадон қадриятларини, талабларини ҳисобга олиши одатга айланган. Одатга кўра қайнона хосланади, келин мосланади.

 

Кўп муаммолар ҳам мана шу икки аёл, қайнона ва келин орасида юз беради. Ижодкорлар айнан мана шу зиддиятдан асарда ҳаракатга келтирувчи мотив сифатида фойдаланишади. Кейинги пайтда қайнонани кўпроқ келин билан ўзаро рақиб сифатида талқин қилиш ҳолати кўзга ташланмоқда. Одатда қайнона ва келин орасидаги мунозаралар янгилик ва эскилик орасидаги муносабатлар шаклида тақдим этилади. Келин аънаналарнинг давомчиси эмас, балки янги анаъналарни жорий этувчи персона сифатида бўй кўрсатади. Муаммонинг илдизига назар солинса, ўгай она – қайнона – кундош тарзида бериш, унинг салбий жиҳатларини бўрттириб тасвирлаш етакчи шаклга айланди дейиш мумкин.

 

Ўзбек адабиётида қайнона образи кўп ҳолатда ижтимоий муаммоларни очиб берувчи адабий тип сифатида ифода қилинмоқда. Қайнона миллий характер ва ижтимоий онгни белгиловчи ўзига хос қаҳрамон қиёфасида тасвирланади. Ўтган аср аввалида бунёд этилган янги ўзбек адабиётида қайнона образи жамиятдаги эскича фикрнинг тимсоли сифатида ифода қилинди. Жадидлар оилани ислоҳ қилиш орқали миллат тафаккурини янгилашни мақсад қилди. Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Қодирий, Чўлпон сингари ойдинларимиз миллат оиласининг янги моделини шакллантириш умидида таълим ва тарбияга диққат қаратишди. Жадидлар аёлни миллатнинг тарбиячиси ва давомчиси сифатида қабул қилишди, уни маърифатли қилиш марказий муаммо тарзида тақдим этилди.

  

Ўзбек ойим – янгилик ва эскилик ўртасидаги аёл

      

Дастлабки миллий романлар муаллифи А.Қодирий ижодида аёллар образи талқини ўзига хос аҳамият касб этади. Ўзбек ойим “Ўткан кунлар” роман бадииятини таъминлаган, муаллифнинг характер яратишдаги маҳоратини кўрсатган жозибали образ сифатида ўзида бир қанча маъноларни ташийди.

 

Романнинг биринчи бўлимида Туркистон хонлари ва миллат ҳаётига, турмуш тарзига чуқурроқ қаралади. Яъни биз юқорида айтган ташқи муносабатлар масаласи ёритиб берилади. Романнинг иккинчи бўлимидаги “Ота-она орзуси” номли фаслида оилага, ўзбек олиасининг ичкарисига назар солинади. Зиддиятларни кучайтирувчи сабаблар очиқланади. Мазкур бўлим романдаги жиддий кўтарилиш ва бурилишларга бой саҳналардан ташкил топган. Ўзбек ойим асарда эврилишлар юзага келишида катализатор вазифасини бажаради. Образ замирида миллат дунёқараши, савияси ва характери, қадриятга муносабат, тафаккурдаги янгиланиш каби мазмун жойланган. Ўзбек ойим маърифий ислоҳотчилик ғоясига қарши турувчи ва эски анаъналарни маҳкам тутувчи ижтимоий тип сифатида тасвирланади.

 

 

Ëзувчининг бадиий маҳорати туфайли Ўзбек ойимни қоралаш ҳам, оқлаш ҳам осон эмас. Унинг қиёфасида ўз даври тутумлари ва ахлоқий қадриятлари ичида ҳаракат қилувчи, психологик жиҳатдан ишонарли тирик образ жонланади. Шу сабаб Ўзбек ойим ҳақида жуда кўп мақолалар ёзилган. Устоз У.Жўрақуловнинг “Ўзбек ойим нега оғма?” деган ажиб мақоласида образ моҳиятига чуқур кирилади, ишончли асос берилганлиги билан эътиборга лойиқ. Ўзбек ойим образи миллий реалистик асарда аёл характерини чуқур ёритиб беришнинг гўзал намунасидир. Ўзбек ойим қайнона бўлишни орзулаган аёлми? Уни нима мажбур қилди кундошни хонадонига олиб киришга? Ўзбек ойим ўғлини ундан “айирган” жодучи “анди”дан қасос олишни ният қилади, алам аламзадаларни бунёд қилади. Шу боис хонадонида кундошлик чироғини ёқади. Айни шу жиҳат Ўзбек ойимнинг романдаги ўрнини таъминлаган.

 

Адиб салкам бир фаслни Ўзбек ойимни таништиришга қаратади. Унинг табиатини, жамиятдаги мавқеини ва руҳий ҳолатини чуқур асослайди. “Ўзбек ойим эллик беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди”[5]. Ўзбек ойимнинг ўткирлиги “ёлғиз эригагина эмас, Тошканд хотинлариға” ҳам ҳавас эди. Нуфузли хонадонларнинг тўйи ва уйларининг “тўрини Ўзбек ойимға” аталган бўлади. Ўзбек ойим сўзини ўтказган ва “ўткирлиги эрлар томонидан ҳам тасдиқ” этилганлиги шарҳланади. Изоҳлар нима учун кераклигини кейинроқ англаб етамиз.

 

Романда кундошлик мотивига ҳомийлик қилиш Ўзбек ойим зиммасига юкланади. Аммо бу “ҳомий”лик муқим бўлмайди. Адиб бу ҳолни шунчаки қайд этиб ўтмайди, балки асослайди, мантиқ тизгинини тутади. Ўзбек ойимни тушуниш учун муаммога у томондан келиб ёндашайлик-чи... У ҳақлимиди ўғлининг ҳаётига дахл қилишга? Зайнабнинг бахтсизлигига ким масъул эди?

 

Отабек – ёлғиз ўғил. Онаси “эллик беш ёшлар”да, ўғилни уйлантираман, ҳавасларимни қондираман деб турганда ягона умиди сўроқсиз уйланди. Онанинг ёшини ҳисобга олсак, Отабек кечроқ кўрилган ва кутилган фарзанд. Ўзбек ойим тенги аёллар аллақачон неварали бўлиши менталитетимиз учун табиий ҳол. Кейинги воқеалар вазиятни янаям таранглаштиради. Ҳасаналидан ўғлининг уйланиш хабарини эшитиб “Оқ сутимни оққа, кўк сутимни кўкка соғдим... Энди Тошкандга келмасин ул ўзбошимча бетиюқ!” деб умидлари кесилиб ҳасрати ортади.

 

Орадан ўн беш кун ўтиб ўғли Марғилондан келди. “Уч ойлаб кўрмаган ўғлини қучоғиға” олиш ўрнига ундан аразлайди, “саломига алик ҳам олмади”. Ўғил бундай кутувга руҳан тайёр бўлганлиги учун ортиқча таъсирланмайди. “Бир-икки қайта узр айтиб кўргандан сўнг Ўзбек ойимнинг эпақаға келишига ишонмай қолди ва шунинг учун ул ҳам гўё билмаган, тушунмаган кишидек юрий берди”. Борган жойида сийлов кўрган, калондимоғ Ўзбек ойим бу ҳолдан рози бўлмаслиги бор гап.  Ўғлининг бу иши унинг нафсига озор беради. Она учун кутилмаган ва кўрилмаган ҳол. Отабек онасини рози қилиш учун ҳаракат қилдими, кўнглини кўтаришга уриндими... аммо нима учундир асарда бу ҳақида айтилмайди.

 

Ëзувчининг асл мақсади ҳам шунда асли! Оилада кундошликка вазиятнинг пишиб етилишига замин ҳозирлаш, қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини очиб бериш. Мантиқан фикр юритилса, онанинг дилини оғритган фарзанд хатосини ювиш учун кўнгил олиши, юпатиши лозим эди. Аммо ўғилнинг кўнгли Марғилонда, умид кўзлари йироққа қадалган. Ўзбек ойим Отабекдан бундан ортиғини кутади, аммо ўғил яна Марғилонга шошади. Эътибор бераяпсизми, муаллиф кундошликка тагзамин бўлган вазиятнинг маромида етилишига, воқеликнинг таранглашишига имкон яратяпти. Ўзбек ойимнинг руҳиятидаги зиддиятлар жуда нозиклик билан очиб берилади.

 

Ўғил Тошкентда бир муддат қолиб, “отасиға аллақандай баҳона” қилиб “онасиға билдирмаёқ” кетади. Энди онанинг аҳволини тасаввур қилиб кўринг! Бу ҳолни муаллиф “Ўлганни устига чиқиб тепиш” деб шарҳлайди. Ўғилнинг сўзсиз кетиши туфайли араз ғазабга айланади. Ўзбек ойим “ночор ўттуз кунлаб” ўғлини кутади, вақтни “марғилонлиқни қарғаш” билан ўтказади.

 

Отабек келди. Она кутган иззат-ҳурмат, тавба қилиш ўрнига ўғил ўзини бефарқдай тутади. Отабек совуққонлик билан “энди араз биткандир” деган ўйловидан ташқарига чиқмайди. Ғазабга гина-адоват аралашади. “Ўғлим, менга салом бериб нима қиласан, марғилонлиқ онангнинг дуосини ол!” дейди. Отабек онасининг киноясига кулиб қўйишдан бошқа чора топмайди, “эскича араз” сақланиб қолаверади. Адиб кўпроқ Отабек соғинчига урғу беради, онанинг соғинчи, кўнгли кейинги даражага ўтказилади. “Отабек яна ўн беш кунни ўтказиб, тағин бир нозик сабабни ўртаға ташлаб онасининг рухсатисиз Марғилонға жўнаб соладир”. Матнга эътибор қаратсак, Отабек Марғилонда “бир ярим ой”, Тошкентда “ўн беш” кун туради. Ўзбек ойимнинг кундош хулосасига келишида рол ўйнаган омилларни ёзувчи изчиллик билан ёритиб берган.

 

Ўзбек ойим “мени ўғлимдан ажратса, ўзи ҳам суйганидан ажрасин” деган қарғиш билан ўзини овутади. Юқорида айтганимиздек, она ўғлидан эмас, “анди”дан ўч олиш учун ҳам Зайнабни хонадонга олиб келади. Аламзада аёл ҳали кўрмаган келинидан ўғлини қизғанади, унга нисбатан нафрат туяди. Аёл Отабекни айбдор деб топмайди, балки “калвак” ўғлини алдаган марғилонлик жодугарни қарғайди. Ўғлини Тошкентга боғлаш йўлларини қидиради, талабига мос қиз ҳам топилади. Ниҳоят, Юсуфбек ҳожини ҳам “юмшатади”. Ҳожи кўнгандай бўлади-ю: “Яхши. Ваъда ҳам берайин, аммо сан унашмай тур”, деб шарт қўяди. Ўзбек ойим тилагини шу жойигача пишитиб келганига суюниб “Унашмайман, лекин ўғлингизга унашдиқ, деб эшитдирармиз... Тузикми?” деб эрини йўриғига солади. Демак, унаштирдик, деб ўғлини алдайди.

 

Вазиятни ойдинлаштириш Юсуфбек ҳожига юклатилади. “Бу кун онанг санинг олдингға тиз чўкиб ва онанг кўнгли учун мен ҳам ораға тушиб сандан сўраймиз”. Ота-она тиз чўкишга рози ҳолда изн сўрайди. Ўзи эмас, “онанг” учун дея ялинади. Отабек ҳаётида бурилиш ясаган таъсирли саҳна: она ва отанинг фарзанди олдида эгилиши, ялиниши. “Шу билан бирга санинг сабаби вужудинг бўлған бир киши ўз ҳаёти ичида боласи орқалиқ бир орзу-ҳавас кечирмакчи... Унинг бу орзусиға ҳақ берасанми, йўқми – яна ихтиёр ўзингда...”. Фаслнинг номланишидаги орзу сўзининг маъноси очилади. Сўз қўллашда “андиша”ни маъқул билган муаллифнинг орзу сўзини мана шу қисмда ўн тўрт марта қўллаши бежиз эмас.

 

Ота-онанинг орзуси

 

Муаллиф оилани барбод қилишга хизмат қилган одат – кундошликни қоралашда Ўзбек ойим образидан унумли фойдаланади. Мусулмон оиласида тарбияланган Отабек учун бошқа имкон қолдирилмайди. Юсуфбек ҳожи “турмушнинг рукн ва асосини бир даража айтиб ўткан, Отабек эса буни шу муҳитнинг бир ўғли бўлиб эшиткан эди”. Шу ўринда муаллиф жадид ғоясини бир қадар очиқчасига айтади.

 

Отабек Зайнабни ота-она орзуси сўзи билан синоним тарзда қўллайди. Отабек бир неча ўринда “орзу ва ризолиқ” сўзини тенг қўллаши бежиз эмас. “Отабек ота-она орзусиға ўз таъбирича жонсиз ҳайкал бўлиб ризолиқ берди”. Ëзувчи ота-она орзуси ва унинг фожиасини очишга бироз шошгандай, назаримизда. Отабек уйланиш хабарини айтишни ўз зиммасига олиб Марғилонга отланади. Шу саҳнада унинг руҳий ҳолати қалдирғоч воситасида очиб берилади. “Бахтлик қалдирғоч: олған совғаси ҳам қўрқунч эмасдир, ота-онасининг ҳам орзу-ҳаваслари йўқдир. Уларнинг турмуш қонунлари жуда енгил, икав-икав, суйган-суйганни оладирлар-да тоғларда, ерларда, кўкларда учиб юруйберадирлар”.

 

Муаллиф қиёс орқали турмушнинг қора бурчакларига ишора қилади. Тасвирнинг давомида деҳқоннинг ашуласи берилади. “Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!”  Қўшиқ унинг келажагидан ром очгандай. Отабекнинг хулосаси: “Икки ёрни ажратқучи бу фалакнинг гардиши эмас, ота-онанинг орзуси!”  Муаллиф керагидан ортиқ даражада “орзу” сўзига қадалганига гувоҳ бўламиз. Кундош балоси, Кумуш вафоти, Зайнабнинг ақлдан озиши –  орзунинг бадали. “Тўланган товон” туфайли асарнинг адабий-эстетик қиймати, таъсир қамрови ортади. Буларнинг бошида Ўзбек ойим туради.

 

Ўзбек ойим романдаги эски тузум ва янги дунёқараш ўртасидаги тўқнашувни очиб беришга хизмат қилган. У асардаги иккинчи даражали қаҳрамонларнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоланади. Ўзбек ойим кўп қиррали образ. Оила обрўсини устун қўйиши, эски урф-одатга содиқлик, манманлик, она тасаввуридаги “тўғри йўл”ни ўғлига мажбуран ўтказишга интилиши характер мантиғини далилайди.

 

Қодирий асарларида қайнона образининг бир неча типини кўриш мумкин. Офтоб ойим Ўзбек ойимнинг зидди сифатида талқин қилинади. У ўзбекона андиша, иффат ва аҳлоқнинг гўзал тимсоли. Куёви Отабекка чексиз ҳурмат билан қарайди, унинг ҳурматини жойига қўяди. Қизи куёвига эркалик қилганда, уни тартибга чақиради, тўғри йўлга солади. Офтоб ойим ўзбек адабиётидаги энг гўзал она ва қайнона типига мансубдир. “Меҳробдан чаён” романида Нигор ойим эрининг инжиқликларига сабр билан итаот қилган оқила аёл тимсоли. Анварни ўз фарзандидек кўради, унинг етимлигига ҳамдардлик қилади, қайишади. Муаллиф образни асардаги ғоявий мақсадидан келиб чиқиб талқин қилган.

 

Тасвирда ифоданинг янгиланиши

 

Қодирийдан кейин яратилган асарларда реализмнинг сатира билан қоришиқлигини кўриш мумкин. Чўлпон насрида аёл талқини бутунлай ўзгача ифода топган. Ëзувчи аёлга эзилган, ҳаққи топталган, уни тушунишга уринган, ҳамдард сифатида ёндашади. “Кеча” романида қайнона функциясини кундошлар бажаради. Чўлпон Қодирийдан фарқли равишда аёл қадрига диққат қаратади, уни ижтимоий муамммо сифатида талқин қилади.

 

Ғафур Ғуломнинг “Ëдгор” қиссасида ўзбек қайнонанинг ҳалол ва пок қиёфаси яратилган. У Саодатга нисбатан чин оналик меҳр-мураввати билан қарайди. Андиша ва қаноат сифати образни тўлдиради, янаям таъсирни орттиришга хизмат қилади. Ғ.Ғулом образни халқона руҳ ва миллий бўёқларда чизади. Ёзувчи она ва қайнона қиёфасини меҳр-муравватнинг тимсоли сифатида тасвирлайди. Қайнона образи мазмунан янгиланганига гувоҳ бўламиз.

 

 

Қайнона эски анъаналар давомчиси сифатида тасвирланиши С.Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” комедиясида ўз аксини топди. Асарда қайнана марказий қаҳрамон даражасида тасвирланади. Албатта, бундай муносабат давр вазиятининг талаби эди. Фармонбиби – катта бир оилани (рамзий маънода жамиятни ҳам) қаттиққўллик ва адолат билан бошқаради. Муаллиф уни икки ёқлама тасвирлайди. Фармонбиби тартиб интизомни, ҳалолликни ҳимоя қилади, адолатни ёқлайди, оила манфаати ва келинларининг шаъни учун қайғуради. С.Аҳмад унинг характерини комизим орқали ёритиб беради. Фармонбибининг хатоси – эскирган бошқарув усулини маҳкам тутиши ҳамда янги авлод эркинлигига қарши туришидир.

 

Ў.Ҳошимов ижодида қайнона образининг мазмун мундарижаси янаям кенгаяди, инсонийлиги жиҳатидан янги босқичга кўтарилади. Ëзувчи қайнона образи ифодасида миллий ахлоқий қадриятларга алоҳида урғу беради.  Тасвирда қора бўёқлар ўрнига, мавжуд стереотиплар янгиланади, ёрқин ранглардаги инсоний сифатлари билан улуғланади. Ёзувчининг “Икки эшик ораси” романида бир қанча аёллар образи ҳаракатланган. Улар орасида асар бадиий бутунлигини таъминлашга ҳамда асарнинг адабий-эстетик салмоғини оширишга хизмат қилган персонажлар талайгина.

 

Қора амма – уруш даври фожиаларининг алам-изтиробидан юксалган аёл. Қиёфасида ўзбек аёлининг гўзал хулқини, сабр-қаноатини жамлаган образ. Ўғли Кимсан урушдан қайтмайди, келини бўлиши лозим бўлган Робияни ўзи узатади. Робияга энг яқин дўст ва “ҳомий” сифатида гавдаланади. У қайнона типининг нодир намунаси. Халқ донишмандлиги ва оқиллиги Қора амма сиймосида акс этади. У қайнонадан онага эврилади. Янги маънавий босқичга кўтарилади. Асарни миллат қадриятлари қомуси дейиш мумкин. Сабаби асарни тутиб турувчи асос халқ, қаҳрамони ҳам халқ! Қора амма қисмати эса мана шу улкан феноменал ҳодисанинг бир саҳнасидир. Асардаги Ориф оқсоқолнинг хотини Холпош хола қайнона сифатида тасвирланган. У Фотима ва Зуҳро келинларига қайноналик позициясидан келиб чиқиб муносабатда бўлади. Ёзувчининг “Дунёнинг ишлари” автобиографик асарида Пошшо ойим қайнона типажининг ўзгача кўриниши сифатида таассурот қолдиради. Пошшо ойим қайнона+она шаклида намоён бўлади. Ёзувчи миллий-диний қадриятлардан улгу олган аёл қиёфасини яратади.

 

 

Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романидаги Болхин момо образи қайнонанинг янги типи дейиш мумкин. Болхин момо – умрини қора меҳнатга сарфлаган, мустамлакачилик азобини тотган, хўрланган, ичидаги олов тафтида ёниб яшаган матонатли ўзбек аёлининг жамланган тимсолидир. Унинг табиатида оғир турмуш ва ноҳақликдан орттирилган аламзадалик ҳамда қаттиққўллик бўртиб кўринади. Келинининг меҳнатига, хазон бўлган умрига куяди, ич-ичидан ачинади. Момо образида қадри оёқости қилинган, туйғулари топталган, орзуларини бой берган бахтсиз онанинг изтироблари акс этган. Бир мақола доирасида насрни тўлиқ қамраб олиш имконсиз.

 

Ўзбек насрида қайнона образнинг тадрижий йўли миллий тафаккур ҳамда ижтимоий онгнинг даражасини кўрсатади. Адабиётда бу образ дастлаб этник анаъналар қўриқчиси, кейинчалик ижтимоий маиший муаммо (Қодирий), хурофот ва жоҳиллик (Чўлпон), жамият ҳаётида тартибни ҳимоя қилувчи (С.Аҳмад), улуғлик ва олийжаноблик (Ў.Ҳошимов), ҳаёт зарбаларидан дийдаси қотган (Т.Мурод) аёл тимсолида жонланди. Кузатишларимизга кўра образ тадрижида мазмун жиҳатдан трансформацияга учраганини кўриш мумкин. Бундай кузатувлар адабиётшуносликда талқин ва таҳлил имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Санобар ТЎЛАГАНОВА,

филология фанлари доктори, профессор



[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2006–2008 (А. Мадвалиев таҳрири остида).

2. Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг этимологик луғати (туркий сўзлар). – Тошкент: Университет, 2000–2009 (бир неча жилдли нашр). – [“қайин” ўзаги ва унга алоқадор терминлар].

[3] Н.П.Дыренкова. “Род, классификационная система родства и брачные нормы у алтайцев и телеут” // Материалы по свадьбе и семейно-родовому строю народов СССР / Под ред. В.Г. Богораза и Л.Я. Штернберга. – Л.: Издание Комиссии по устройству студенческих этнографических экскурсий, 1926. – Вып. I. – С. 247–259.

[4] Пропп В. Я. Морфология волшебной сказки. Научная редакция, текстологический комментарий И. В. Пешкова. – М.: Издательство «Лабиринт», 2001. – 192 с.

[5] А.Қодирий. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён. Ғ.Ғуломтномидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, Т., 1993. Б. 105.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39936
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//