“Самарқанд” – Ўзбекистонда уч тилда чоп этилган биринчи газета


Сақлаш
18:23 / 25.08.2026 130 0

“Самарқанд” газетаси халқнинг кўзини очишга боис бўлди”. Мазкур фикрни улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Самарқанд” газетасининг ўз давридаги аҳамияти ҳақида ёзганди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлиги ва муҳаррирлигида чоп этилган мазкур нашр, ҳақиқатан ҳам, миллий матбуотимиз тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий газета очиш йўлида Чор ҳукуматининг норизолигию қоғозбозлиги ортидан беш йил сарсонгарчиликка дучор бўлади. Бу ҳақда Садриддин Айний шундай хотирлаган: “1908 нчи йилдан ўз идорасинда бирон газета чиқармоқ фикриға тушуб, 1913 нчи йил апрель ойинда бу мақсадиға етишуб, “Самарқанд” газетасининг бир неча рақамини чиқаришга муваффақ бўлғон”[1]. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланган маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди [2].

 

Абдулла Авлонийнинг фикрига келсак, дарҳақиқат, “Самарқанд” ўзидан аввал чиққан нашрлардан фарқ қилади. Бунда Беҳбудийнинг матбуот соҳасида тўплаган тажрибаси қўл келган. Газетанинг ўзгачалигига биринчи далил шуки, бизда унгача ҳеч бир нашр уч тилда чоп этилмаган. Муҳаррир газетани фақатгина ўзбек тилида чиқариб, форсча сўзлашадиган аҳолини эътибордан четда қолдира олмасди. Унинг ўзи бу ҳақда шундай деган: “Самарқанд” жаридаси ўзбекий, форсий ва русий тилларинда ва Туркистоннинг ўрта шевасинда таъсис этилиб эди. Мундан мақсад шул эдики, ғарбдаги баҳри Хазардан бошлаб шарқдаги Ғулжа ва Кошғарғача, шимолдаги Қозоғистондан бошлаб жанубдаги Афғонистон фосили Аму наҳри ўртасиндаги восеъ арозиға сокин турк ва тожик биродарларимизға бақадри тоқат хизмат этмак... Мактаб бўлсун, мадраса бўлсун, ишкўл бўлсун – ислоҳ ва тараққийсиға ёрдам учун халқни даъват қилмоқ эди. Фосид урф ва ботил расмларни, ёмон одатларни шаръан ислоҳиға кўшиш этмоқ эди” [3].

 

Муҳаррир истилоҳи Навоий асарлари луғатида “ёзувчи, таҳрир қилувчи” маъносини бериши таъкидланади. Бироқ ХХ аср бошига келиб муҳаррир фақат ёзиб, таҳрир қиладиган эмас, балки таҳрирдан ўтган хабар ва мақолаларнинг газетада берилишини бошқарадиган, муаллиф жалб этадиган, яна бир қанча вазифаларни бажарадиган масъул шахс даражасига чиққанди. Маҳмудхўжа Беҳбудий эса Шарқу Ғарб тушунчасидаги муҳаррирнинг вазифасини бемалол бажара олган. Айниқса, ўзининг қаламига мансуб мақолаларни муҳаррир нуқтаи назари билан қараб, қисқа ва лўнда тарзда ёзганини кўрамиз. “Таҳсил ойи”, “Миллатлар қандай тараққий этарлар?”, “Эҳтиёжи миллат” каби кўпгина мақолалари фикримизга далилдир.

 

 

Нашр нимаси билан ва қайси йўналишларда халқнинг кўзини очди?

 

Газетада мустамлака исканжасида туриб бўлса-да, миллат болаларини ўқитиб, ўзлигини танитиб, маърифат воситаси-ла озодликка эришиш ғояси тарғиб этилди. Бу йўлда таҳририят жамоаси барча жанрдаги – ахборий, таҳлилий, бадиий, ҳажвий материаллардан унумли фойдаланди. “Маҳаллий хабарлар”, “Ибратлик хабарлар”, “Мусулмон олами хабарлари” доимий босилган. Муайян янгиликларни “Ибратлик хабарлар” деб номлашнинг ўзи ҳам муҳаррирларнинг мақсадини англатади (кейинроқ “Дохилий хабарлар” ва “Хорижий хабарлар” тарзида ўзгартирилган).

 

Миллат учун бирор ибрат бўларли воқеа ҳақида ёзилса, ундан сабоқ олиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб кетилган. Жумладан, Уммон мамлакати мусулмонлари “Жамъият ул-иттифоқ” деган ташкилот тузишгани, шу тариқа ёшларни ўқитиш учун пул тўплашга қарор берилгани ҳақида айтилиб, хабар охирида “Туркистон ва Бухоро учун ибрат” деган қайд қистириб ўтилган (бу ўринда юртимиз ҳудуди иккига ажратиб тилга олингани боиси, ўша даврда халқимиз икки идоравий-бошқарув остида – генерал-губернаторлик ва амирлик таркибида яшарди).

 

Янгилик жанрига Ғарб журналистика назарияси томонидан берилган ўзига хос таъриф мавжуд: “When a dog bites a man, that is not news. But when a man bites a dog, that is news” (Агар ит одамни тишласа, бу янгилик эмас. Бироқ одам итни тишласа, бу янгиликдир) [4]. Бундай мазмундаги янгиликлар “Самарқанд” газетасида ҳам бериб борилган. “Ажаб воқеа” сарлавҳали материал фикримизга далил бўла олади:

 

“Хўжандда Абдулрофеъ маҳалласида Файзия деган эри ўлган бир хотун ила онинг 14 ёшлик бир қизи бор экан. Мазкур хотун ёшлик чоғида эрсиз қолганидан онинг ҳамсоясида бўлган Зарифқори исмлик бир одам онинг аҳволидан хабардор бўлуб, дафъи эҳтиёжи хусусида баъзан ёрдам бериб турганини мазкур маҳалла аҳолиси айтадурлар.

 

 

Кунлардан бир кун 65 ёшға етган Зарифқори ўшал хотуннинг қизига муҳаббат қўюб, олмоқ фикрида юрганида тақрибан 60 ёшлик Файзия хотун Зарифқорининг 16 ёшлик Зиёвуддин деган ўғлиға ошиқ бўлур.

 

 

Бир кун бетоқатлиғидин Зарифқори қизиға ошиқ бўлганини Файзияға билдурганида, бу хотун ҳам онинг ўғлиға ошиқлигини изҳор этибдур. Ҳамда агар шунинг чораси топилса, унга-да бир чораси топилмоғи мумкинлигини баён қилибдур.

 

Бу сўзни эшитиб жону дилидан Зарифқори рози бўлуб, балатохир Файзия кампирни ёш ўғли Зиёвуддинға ва унинг 14 ёшлик қизини ўзиға ақд ва тўй қилибдур” [5].

 

Ғарбона мисолда итнинг одамни тишлагани одатий, одамнинг итни тишлаши ноодатий ҳолдир. Жадид матбуотидан олинган янгиликда ҳам мана шундай ғайриоддий воқеа баён қилинган. Кекса аёлнинг бўз йигитга узатилиши маҳаллий халқ наздида чини билан “Ажаб воқеа” бўлган. Муҳаррир эса газетхонлар икки оила бошлиқларининг нафс қутқусида ақл бовар қилмас даражада тил бириктиришидан тегишли хулоса чиқаришини кўзлаган.

 

Ғарб журналистикасида ахборотда муносабат бўлмаслиги, яъни мухбирнинг воқеа-ҳодисага бетарафлиги билиниб туриши кераклиги уқтирилади. “Самарқанд” газетасида ҳам шундай манзаранинг гувоҳи бўлдик. Масалан, қуйидаги янгиликка эътибор қилинг. “Питербург. Усмонли элчихонаси расмий эълон айтадур: Шаркуйда (Мармара денгизи бўйида) булғорлар мусулмон иморатларининг ҳамасини хароб этибдур. Шаҳарда фақат 5–10 иморат бузилмай қолибдур” [6]. Лекин шу жиҳати ҳам борки, муҳаррир газетага босиш учун қандай хабарни танлашида гап кўп. Масалан, юқоридаги икки энлик ахборотда Беҳбудийнинг дунёқараши ялт этиб турибди.

“Самарқанд” газетасида яна шундай хабарлар учрайдики, воқеа-ҳодисага таҳририятнинг муносабати очиқ билдирилади: “5 августда Янги Чорсу маҳалласидаки чойхонада Абдулфаттоҳ бойбаччани номаълум кишилар тафангча ила отуб қочубдурлар. Мақтул отасидан қолган кўб молларни сафоҳат йўлида сарф қилуб, ёмон одамлар ила қўшулушуб юрган эканки, ёмон рафиқлари букун ўзининг бошиға бало бўлибди.

 

Идора:

 

“Агарда отаси ўқутса эди, боласи бало бўлмас эди” [7].

 

Матнда мухбирнинг муносабати яққол сезилиб турибди. Шу билан ҳам қаноат қилмасдан, таҳририят яна хулоса қўшади: “Агарда отаси ўқутса эди, боласи бало бўлмас эди”. Бу фикрда фақат бир бой боласининг эмас, балки бутун Туркистон халқлари таназзулининг бош сабаби кўрсатилган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесасида ҳам айни шу иллат қаламга олинган.

 

Жадидлар гўёки бетарафдек кўринган хабарлар замирида ғоявий кураш мавжудлигини яхши англаган. Нотўғри талқин қилинган, атай бузилган, ғайри мақсадга йўналтирилган ахборотни ажрата билганлар, шунга кўра иш тутганлар, айрим пайтда тарафкашликка ҳам йўл қўйганлар. Қуйидаги мисолга диққатингизни қаратамиз:

 

“Истанбул. Адрина вилоятига пуплардан Патриёрхға келган хабарга кўра, турк аскари онда 22 христиён қишлоғини ёндурубдурлар. Ва кўб одамни калисоға қамаб, оташ берубдурлар. Бир қишлоқда 600 кишидан икки нафари эсон қолибдур. Гўё “Иттиҳод ва тараққий” фирқаси мунда христиёнларни қириб, ўринлариға мусулмонларни қолдирмакчидурлар.

 

“Самарқанд”:

 

Пупларнинг бу хабари кўп муболағали ва “Иттиҳод ва тараққий” фирқасиға душманлик учун бўлса керак. Бул хабар дуруст бўлган тақдирда ҳам булғорларнинг гуноҳсиз мусулмонлар ҳақинда қилган жабр ва зулмларининг муқобилида юзга бирдур” [6].

 

Мазкур ахборот уруш даврида душман давлат томонидан тарқатилгани инобатга олинса, муносабатнинг қай томонга йўналтирилганини англаш қийин эмас. Ахборот кураши биринчи жаҳон уруши арафасида авж олгани шу каби мисоллардан англашилади.

 

“Самарқанд” газетасида чиққан “Мусулмон синематографияси”, “Янги мактаблар”, “Муслималар учун мактаб”, “42 хонали мактаб ҳақида”, “Кафказ мусулмонларида русча таҳсил” сингари юзлаб материаллар мустамлакада эзилган авомни маърифатли халққа айлантириш, шу йўл билан озодликка эришиш мақсадини кўзлаган.

 

Жадид матбуотида собиқ шўро давридагидек умумий гапларга чирмаб мавҳум ёзилмаган, балки Ғарбнинг илғор журналистикасидаги каби демократик тамойилларга таянилган, айни пайтда миллий манфаатлар ҳам унутилмаган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўзбек миллий матбуоти тамалини қўйган жонкуяр муҳаррир сифатидаги иш тутумлари бугунги журналистикамиз учун ҳам ибрат мактабидир.

 

Ҳалим САИДОВ,

ЎзЖОКУ профессори, филология фанлари доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Садриддин Айний. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қисқача таржимайи ҳоли // “Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1920 йил 8 апрель.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, 18-фонд, 1-рўйхат, 8752-иш.

3. Маҳмудхўжа Беҳбудий. На учун илтифот этмайдурлар // “Самарқанд” газетаси, 1913 йил 16 август.

4. . Conrad C.Fink. Introduction to professional newswriting. – USA: Longman Publishers, 1998. – P. 15.

5. Муҳаммад Саъд. Ажаб воқеа // “Самарқанд” газетаси, 1913 йил 16 июль.

6. Дохилия хабарлари // “Самарқанд” газетаси, 1913 йил 26 июль.

7. Хўжандда // “Самарқанд” газетаси, 1913 йил 16 август.

 

“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2025 йил, 1-сон.

“Самарқанд” газетаси халқнинг кўзини очишга боис бўлди” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39694
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//