СИ технологияларининг илмий тадқиқот жараёнига кириб келиши адабиётшунослик соҳасида ҳам янги муҳим муаммони юзага чиқарди: илмий мақола, диссертация ва бошқа академик матнларни тайёрлашда СИдан фойдаланишнинг мақбул чегараси қаерда? Тадқиқотчининг мустақил илмий ҳиссаси қандай белгиланади? СИ иштирокини аниқлашга қаратилган техник воситалар ҳам ҳар доим қатъий хулоса бериш имконига эга эмаслиги бу саволларни янада мураккаблаштиради. Шу боис илмий муаллифлик, оригиналлик, академик ҳалоллик ва натижа учун шахсий жавобгарлик масалалари янги технологик шароитда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Эндиликда масала СИ адабиётшуносга ёрдам бера оладими ёки йўқми, деган савол билангина чекланмайди. Балки “СИ иштирокидаги тадқиқотда инсон-олимнинг ўрни қаерда, унинг мустақил фикри ва талқин қилиш ваколати қандай сақланиб қолади?” деган муҳим савол ўртага чиқади. Муаммо СИнинг илмга кириб келаётганида эмас, ундан фойдаланишнинг аниқ илмий мезонлари ва методологияси етарлича шаклланмаганидадир. Бундай методология, аксинча, мавжуд муаммоларни тартибга солишга хизмат қилади.
Адабиётшуносликда технологиялардан фойдаланиш яқинда пайдо бўлган эмас. Бадиий матнни рақамли технологиялар ёрдамида ўрганиш анъанаси Digital Humanities (рақамли гуманитар фанлар) ва Computational Literary Studies (компьютер адабиётшунослиги) доирасида анча аввал шаклланган. Катта матн корпусларини статистик таҳлил қилиш, стилометрия, муаллифлик атрибуцияси, тематик моделлаштириш каби усуллар анъанавий close reading – матнни синчиклаб ўқиш ва талқин қилиш билан бир қаторда адабий жараённи кенг миқёсда ўрганиш имконини берди.
Бу борада Франко Мореттининг distant reading (масофавий ўқиш) концепцияси алоҳида аҳамиятга эга. Олим алоҳида асарларни батафсил таҳлил қилиш билан чекланмасдан, адабий жараённи жанрлар, адабий шакллар ва тарихий тенденциялар доирасида кенгроқ ўрганиш заруратини илгари сурди. Моретти бу ёндашув моҳиятини “Distant reading: where distance ... is a condition of knowledge” – “масофавий ўқишда масофа билишнинг шартидир”, деган фикр билан ифодалайди (Moretti, 2013, p. 48). Бу ерда “масофа” бадиий матндан бутунлай воз кечишни эмас, балки алоҳида асар доирасидан чиқиб, жанр, шакл ва адабий тизимларни кенгроқ миқёсда кўриш имкониятини англатади. Бу ёндашув адабиётни катта миқёсда таҳлил қилишга асосланган янги ва айни пайтда баҳсли йўналишнинг ривожланишига таъсир кўрсатди.
Бироқ бугунги генератив сунъий интеллект аввалги рақамли воситалардан жиддий фарқ қилади. Илгари компьютер, асосан, катта ҳажмдаги матнни қайта ишлаш, статистик қонуниятларни аниқлаш ва материалларни таснифлашга ёрдам берган бўлса, бугун СИ матнни умумлаштирмоқда, асарларни қиёсламоқда, таҳлил йўналишларини таклиф қилмоқда ва ҳатто академик услубда матн яратмоқда. Демак, у тадқиқотчининг фақат техник меҳнатига эмас, фикрлаш ва матн яратиш жараёнига ҳам яқинлашмоқда.
Сўнгги халқаро тадқиқотлар бу имкониятлар кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади. Катта тил моделлари адабий матнни таҳлил қилиш, қаҳрамонлар муносабатини аниқлаш, услуб ва муаллифлик хусусиятларини фарқлаш, метафора ва риторик воситаларни талқин қилиш, умумлаштириш ва таржима каби вазифаларда синовдан ўтказилмоқда. 2026 йилда N.Mozaffari, B.Mehrangmarani ва A.Khorramrouz томонидан амалга оширилган кенг қамровли тадқиқотда дастлаб бешта йирик илмий базадан 1075 та материал аниқланган. Шундан 325 та такрорий материал чиқариб ташланиб, 750 та манба дастлабки саралашдан ўтказилган, 180 та мақола тўлиқ матн асосида кўриб чиқилган ва якунда 48 та тадқиқот таҳлил учун танлаб олинган (Mozaffari et al., 2026, p. 5). Муаллифлар таҳлил натижаларини умумлаштириб, “LLMs have been applied to eight major literary tasks” – катта тил моделлари адабиётшуносликнинг саккиз асосий вазифасида қўлланилганини қайд этадилар (Mozaffari et al., 2026, p. 1). Улар комплекс адабий таҳлил ва интерпретация, персонажлар муносабати ва хусусиятларини аниқлаш, услуб ва муаллифлик атрибуцияси, метафора ва риторик воситаларни талқин қилиш, адабий матнни баҳолаш ва генерация қилиш, персонаж репликаларини аниқлаш, матнни умумлаштириш ҳамда адабий таржимани қамраб олади.
Бу натижалар СИнинг адабиётшуносликдаги иштироки энди фақат назарий эҳтимол эмас, балки турли йўналишларда синовдан ўтказилаётган реал илмий амалиётга айланганини кўрсатади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: агар СИ қисқа вақт ичида ўнлаб манбаларни умумлаштирса, назарий қарашларни қиёсласа, бадиий матн юзасидан талқинларни таклиф қилса ва буларни равон илмий матнга айлантира олса, адабиётшунос олимнинг вазифаси нимадан иборат бўлиб қолади?
СИ катта ҳажмдаги маълумот билан инсондан тезроқ ишлаши мумкин. Аммо тез ишлаш чуқур билишни англатмайди. Бадиий асарни ўқиш матндаги сўз ва жумлалар маъносини тушунишдангина иборат эмас. Адабиётшунос асар ортидаги даврни, ижтимоий ва маданий муҳитни, ёзувчининг бадиий ниятини, образлар руҳиятини, рамз, киноя ва ишораларни, баъзан очиқ айтилмаган маъноларни ҳам англашга ҳаракат қилади. Энг муҳими, у асар ҳақида мустақил илмий позиция шакллантиради.
Замонавий тадқиқотлар ҳам айнан шу нуқтада СИнинг жиддий чекловлари сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Mozaffari ва ҳаммуаллифлар таҳлил қилган 48 тадқиқотдан атиги иккитаси бевосита адабий метафораларни интерпретация қилишга бағишланган. Муаллифларнинг хулосасига кўра, LLMлар нисбатан одатий ва структуралашган метафораларни таҳлил қила олса-да, ижодий, кўп қатламли ва мураккаб метафораларни англашда “significant limitations” – жиддий чекловларга дуч келади (Mozaffari et al., 2026, p. 12). Тадқиқотда катта тил моделлари матн ости маънолари, эмоциялар ва мураккаб муносабатларни аниқлаш, кўп босқичли мантиқий таҳлил, узун матнларни яхлит тушуниш ҳамда имплицит ва метафорик алоқаларни англашда ҳам қийинчиликларга дуч келаётгани қайд этилади (Mozaffari et al., 2026, p. 10).
СИ ишончли ва равон кўринадиган талқинни таклиф қилиши мумкин. Аммо равон ёзилган ҳар қандай таҳлил асосланган илмий талқин бўла олмайди. Бу ҳолат 2025 йилда ACL доирасида амалга оширилган KRISTEVA тадқиқотида янада аниқ рақамлар билан намоён бўлди. Тадқиқотда СИнинг close reading – матнни синчиклаб ўқиш ва далилларга асосланган интерпретация қилиш қобилияти реал университет машғулотлари материаллари асосида тузилган 1331 та савол орқали синовдан ўтказилди. Натижада замонавий тил моделлари 49,7 фоиздан 69,7 фоизгача аниқлик кўрсатган. Энг муҳими, улар 11 та вазифанинг 10 тасида тажрибали инсон экспертларидан ортда қолган (Sui et al., 2025, p. 32829).
Демак, бугунги СИ бадиий матн ҳақида талқин яратиш қобилиятига эга бўлса-да, бу талқиннинг ўзи уни адабиётшунослик нуқтаи назаридан чуқур ва ишончли қила олмайди. СИ ва инсон ўртасидаги асосий фарқ маълумотни қайта ишлаш тезлигида эмас, балки маънони контекстда англаш, далилларни ўзаро боғлаш ва улар асосида мустақил илмий позиция шакллантиришда намоён бўлади. Шунинг учун СИ даврида илмий матн яратиш билан илмий фикр яратиш ўртасидаги фарқ янада муҳимлашади.
СИ даврида илмий муаллифликни фақат “матнни ким ёзди?” деган савол билан белгилаш етарли бўлмай қолмоқда. Унданда муҳимроқ саволлар юзага келмоқда: Муаммони ким кўрди? Саволни ким қўйди? Илмий қарорни ким қабул қилди? Натижа учун ким жавоб беради?
Ана шу саволлар адабиётшуноснинг мустақил илмий позициясини белгилайди. Бу ҳолатни “адабиётшуноснинг илмий субъектлиги” тушунчаси орқали ифодалаш мумкин. Илмий субъектлик тадқиқотчининг тайёр фикр ортидан эргашмасдан, бадиий матн билан мустақил муносабатга киришиши, муаммони ўзи кўриши, савол ва гипотезани шакллантириши, далилларни баҳолаши ҳамда якуний илмий қарорни ўзи қабул қилиши демакдир.
СИ турли талқинларни таклиф қилиши мумкин, аммо улардан қай бири матнга яқин, қай бири назарий жиҳатдан асосли ёки баҳсли эканини тадқиқотчи ҳал қилади. Бундан ташқари, СИ нотўғри манба кўрсатиши, мавжуд бўлмаган иқтибос келтириши ёки ишончли кўринган, аммо матн билан тасдиқланмайдиган хулоса таклиф қилиши мумкин. Илмий ишда эса “бу маълумотни СИ берган эди” деган изоҳ муаллифни жавобгарликдан озод қилмайди.
Шу маънода СИ ва олимнинг муносабатини шартли равишда “асимметрик интеллектуал ҳамкорлик” деб аташ мумкин. Чунки уларнинг ваколати тенг эмас: СИ қиёслайди, вариантлар таклиф қилади ва маълумот билан ишлашни тезлаштиради; тадқиқотчи эса илмий мақсадни белгилайди, натижани баҳолайди ва якуний қарор учун жавоб беради.
Масалани “СИдан фойдаланиш мумкинми ёки мумкин эмасми?” деган танловга боғлаш бугунги вазиятни тўлиқ ифодаламайди. Муҳими, ундан қаерда, қандай мақсадда ва қайси чегарагача фойдаланиш мумкин? Бизнингча, СИ иштирокидаги адабиётшунослик тадқиқотини шартли равишда беш босқичда ташкил этиш мумкин.
СИдан тўғри фойдаланиш ўзбек адабиётшунослигининг халқаро илмий майдон билан мулоқотини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин. Жаҳон адабиётшунослигидаги кўплаб замонавий назарий тадқиқотлар инглиз ва бошқа хорижий тилларда эълон қилинмоқда. СИ илмий мақоланинг дастлабки таржимасини олиш, асосий тушунчаларни аниқлаш, турли назарияларни қиёслаш ва тадқиқотчига зарур манбалар доирасини белгилашда катта кўмак бериши мумкин. Бу замонавий нарратология, когнитив поэтика, рецептив эстетика, интермедиаллик, рақамли гуманитар фанлар ва компьютер адабиётшунослиги каби йўналишларни миллий адабиётшунослик билан фаолроқ мулоқотга киритиш имконини беради.
Бироқ бу ерда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак. Яъни, хорижий назарияни таржима қилиш уни ўзлаштириш дегани эмас. Масалан, Focalization, narrator, discourse, mimesis, defamiliarization каби тушунчаларнинг таржимасини олиш мумкин, лекин уларнинг назарий мазмунини англаш ва миллий адабий материалга қай даражада татбиқ этиш мумкинлигини белгилаш тадқиқотчининг вазифасидир. Акс ҳолда хорижий назарияни тез топиш уни миллий адабиётга механик татбиқ қилиш хавфини туғдиради. Ҳолбуки, назария асарни тушунишга хизмат қилиши, асар эса назарияни тасдиқлаш учун танланган мисолга айланмаслиги лозим.
СИ академик услубда матн яратиш, режа тузиш, маълумотларни умумлаштириш ва назарий қарашларни бир-бирига боғлаш имконига эга бўлган шароитда илмий ишнинг ташқи мукаммаллиги унинг ҳақиқий қийматини белгилаш учун етарли бўлмай қолмоқда. Мақола равон ёзилган, диссертация замонавий атамаларга бой, манбалар рўйхати катта бўлиши мумкин. Аммо илмий экспертиза учун асосий савол бошқа: Тадқиқотчи қандай янгилик қилди? У қандай муаммони кўрди? Қандай янги савол қўйди? Унинг мустақил гипотезаси нимадан иборат? Қайси натижа бевосита бадиий матн таҳлилидан келиб чиқди? Мавжуд адабиётшуносликка қандай янги фикр қўшилди? Шу маънода СИ илмий матн ёзишни осонлаштиргани сари муаллифнинг мустақил илмий ҳиссасини аниқлаш муҳимлашиб боради. Бу, айниқса, ёш тадқиқотчиларни тайёрлашда эътиборга олиниши керак. Уларга фақат СИга яхши prompt ёзишни эмас, СИ жавобига шубҳа қилиш, асл манбани топиш, муқобил қарашларни қиёслаш ва машина таклиф қилган хулосани рад эта олишни ҳам ўргатиш лозим. Чунки СИга яхши савол бериш технологик кўникмани, ҳали бошқалар қўймаган илмий муаммони ечиш эса тадқиқотчилик маҳоратини билдиради.
Яна бир масала ўртага чиқади: илмий шаффофлик. Агар СИ фақат имловий ёки оддий техник вазифаларда ишлатилган бўлса, масала бир қадар содда. Аммо у хорижий манбаларни излаш, таржима, назарий қарашларни қиёслаш, гипотезани синовдан ўтказиш ёки жиддий таҳрир жараёнида иштирок этган бўлса, унинг тадқиқотдаги вазифасини кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Бу СИни “ҳаммуаллиф” деб тан олиш дегани эмас. Аксинча, тадқиқотчи технологиядан қаерда ва нима мақсадда фойдаланганини очиқ кўрсатади. Келажакда илмий мақолаларда “қайси СИ воситаси қандай вазифада қўлланилди ва натижа қандай текширилди” деган қисқа методологик изоҳнинг берилиши илмий шаффофликнинг бир қисмига айланиши мумкин.
Сунъий интеллектнинг адабиётшуносликка кириб келиши келажакка оид тахмин эмас, у бугунги илмий жараённинг бир қисмига айланиб улгурди. Шу сабаб асосий масала технологияни қабул қилиш ёки рад этишда эмас, унинг илмий тадқиқотдаги ўрни ва чегарасини тўғри белгилашдадир. СИ маълумотни тез топади, катта ҳажмдаги материални қиёслайди, таржима қилади ва эҳтимолий талқинларни таклиф этади. Бу эса тадқиқотчи учун вақтни тежаш имкониятини беради. Аммо илмий муаммони кўриш, оригинал савол қўйиш, гипотеза шакллантириш, далилларни баҳолаш ва якуний хулоса учун жавоб бериш адабиётшуноснинг вазифаси бўлиб қолади. Шу сабабли инсон ва СИ муносабатининг самарадорлиги уларни тенглаштиришда эмас, вазифаларни тўғри тақсимлашда намоён бўлади. Буни қуйидаги формула билан қисқача ифодалаш мумкин: СИ имкониятлар майдонини кенгайтиради – адабиётшунос маънони танлайди, асослайди ва у учун жавоб беради.
Ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам бу янги имкониятлар эшигини очади. СИ халқаро назарий майдон билан мулоқотни тезлаштириши, тил тўсиғини қисқартириши ва тадқиқотчининг изланиш доирасини кенгайтириши мумкин. Бироқ бу жараён мустақил илмий тафаккур ҳисобига кечмаслиги лозим. Шу боис келажак адабиётшуноси СИдан фойдаланмайдиган олим эмас, балки ундан фойдалана туриб ҳам мустақил ўқийдиган, янги савол қўядиган, шубҳа қиладиган, текширадиган ва ўз илмий позицияси учун жавоб берадиган тадқиқотчи бўлиши керак. Масаланинг моҳияти ҳам шунда, яъни сунъий интеллект адабиётшуноснинг ўрнини эгалламайди; у адабиётшунос бўлиш учун зарур интеллектуал мезонларни ўзгартиради.
Юқоридагилардан шундай умумий хулоса келиб чиқади:
СИдан назоратсиз фойдаланиш – хавф.
СИдан бутунлай воз кечиш – имкониятни бой бериш.
СИдан аниқ методология асосида фойдаланиш – илм тараққиётининг янги имконияти.
Обиджон ШОФИЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
1. Moretti, F. (2013). Distant Reading. London: Verso.
2. Mozaffari, N., Mehrangmarani, B., & Khorramrouz, A. (2026). Applications, Performance, and Research Gaps of Large Language Models in Literary Studies: A Scoping Review. Human Behavior and Emerging Technologies, 2026, Article 8695447. DOI: 10.1155/hbe2/8695447.
3. Sui, P., Rodriguez, J. D., Laban, P., Murphy, J. D., Dexter, J. P., So, R. J., Baker, S., & Chaudhuri, P. (2025). KRISTEVA: Close Reading as a Novel Task for Benchmarking Interpretive Reasoning. Proceedings of the 63rd Annual Meeting of the Association for Computational Linguistics, 32829–32849. DOI: 10.18653/v1/2025.acl-long.1577.
Тарих
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ