Ҳалоллик, масъулият ва адолатсизлик: давлат хизматчилари қандай муҳитларда ишлаяпти? Ижтимоий тадқиқот


Сақлаш
15:53 / 20.08.2026 120 0

Давлат хизматининг сифати нафақат қонун ва тартибларга, балки идоралардаги корпоратив маданиятга ҳам боғлиқ. 500 дан ортиқ давлат хизматчиси ўртасида ўтказилган тадқиқот Ўзбекистонда бу тизим ҳали тўлиқ шаклланмаганини кўрсатди. Унда ортиқча иш юкламаси, жамоавий муҳит муаммолари, шунингдек, айрим ҳолларда иш талабларининг инсон қадридан устун қўйилиши — корпоратив маданиятни заифлаштираётган асосий омиллар сифатида қайд этилган.

 

Бу қандай тадқиқот?

 

Давлат идорасига мурожаат қилган фуқаро учун хизмат тезлиги, ходим муомаласи ва мурожаатнинг қандай ҳал этилгани муҳим. Лекин бу натижалар кўп жиҳатдан ташкилот ичидаги корпоратив қадриятларга ҳам боғлиқ. Республика Маънавият ва маърифат марказининг Лойиҳалар офиси давлат идораларида корпоратив қадриятлар тизими қандай ишлаётгани ва у ходимлар онгида қай даражада шаклланганини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқот ўтказди.

 

Тадқиқотда Маънавият ва маърифат маркази, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳамда пойтахтдаги 12 та туман ҳокимлигидан 557 нафар давлат хизматчиси иштирок этган. Респондентларнинг ўртача ёши 37, иш стажи 11 йил бўлиб, уларнинг 65,8 фоизини эркаклар, 34,2 фоизини аёллар ташкил этган.

 

Корпоратив қадриятлар асосан ҳалоллик ва масъулият билан боғланади

 

Тадқиқот натижалари давлат идоралари ходимларининг корпоратив қадриятлар ҳақидаги тасаввури нисбатан тор эканини кўрсатади. Респондентларнинг 58,8 фоизи бу тушунчани, аввало, ҳалоллик ва масъулият билан боғлаган. 28,1 фоизи эса жамоавийлик ва ўзаро ҳурматни қайд этган. Инновацион фикрлаш, садоқат, адолатпарварлик, инсонпарварлик ва халқчиллик каби жавоблар эса нисбатан кам танланган.

 

 

Тадқиқотчилар фикрича, бундай ҳолат давлат ташкилотларида корпоратив қадриятлар ҳали ҳам кўпроқ индивидуал ахлоқий фазилатлар сифатида қабул қилинишини кўрсатади. Бу эса ходимларнинг умумий қадриятлар ва мақсадлар асосида ўзини ягона жамоанинг бир қисми сифатида ҳис этиши етарли даражада шаклланмаганидан далолат беради.

 

Ортиқча иш юкламаси кўп ходимлар учун одатий ҳолга айланган

 

Лавозим йўриқномаси ходимнинг вазифа ва масъулиятларини белгилайди. Унга риоя қилиш – меҳнат юкламасининг адолатли тақсимланишида муҳим ўрин тутади.

 

Респондентларнинг 84,2 фоизи ўз лавозим йўриқномасида белгиланган вазифаларни яхши билиши, 11,7 фоизи эса қисман хабардорлигини маълум қилган. Сўровномада ўз вазифаларини билмаслиги, бу борада иккиланиши ва қандай топшириқ берилса, шуни бажаришини қайд этган респондентлар ҳам кам фоиз билан ўрин олган.

 

Шу билан бирга, иштирокчиларнинг деярли ярими (45,8 фоизи) баъзан лавозим йўриқномасида кўрсатилмаган қўшимча ишлар юклатилишини, 20,9 фоизи эса бундай ҳолат доимий учрашини билдирган. Ортиқча иш юклатилмаслигини маълум қилган давлат хизматчилари эса 33,1 фоизни ташкил этган.

 

Oyina.uz айрим давлат ташкилоти ходимлари билан суҳбатда бўлиб, бу рақамлар ортидаги асл вазиятни изоҳлашга ҳаракат қилди.

 

Номи ошкор этилишини истамаган вазирликдаги собиқ ходимнинг турмуш ўртоғи ҳикоя қилишича, ортиқча иш фақат топшириқнинг кўплиги билан ўлчанмайди. Баъзан ходимнинг ишхонадан қачон чиқиши ҳам раҳбарга боғлиқ бўлади.

 

«Турмуш ўртоғим кечки 00:00 гача ишлаб, яна тонг 7:00 да ишга кетарди. «Нега бунча кўп ишлайсиз, ойликка тескари пропорционалку», десам, «ёзилмаган қоида бор – раҳбар кетмагунча сенам кетолмайсан. У хонасида «Zoom масжлиси»да қатнашса, бу жараёнда нимадир керак бўлиб қолиши мумкин, эҳтимол, ҳисобот узатиб туришга тўғри келар, деб ходимлар ўрнида қолади. Лекин ҳеч бир иш қилмайди, уйига ҳам кетолмайди. Кўп ташкилот, вазирликларда ҳам шундай», деганди», – тушунтиради суҳбатдош.

 

Қонунчилик нима дейди?

 

Меҳнат кодексининг 185-моддасига кўра, кунлик иш давомийлиги 6 кунлик иш ҳафтаси учун 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтаси учун 8 соатдан ошмаслиги керак. Амалда эса қонунга зид равишда иш вақтининг узайиши ёки ноаниқлиги кузатилади. Бу эса ўз ўрнида ходимнинг иш сифати ва қадриятларига таъсир қилмай қолмайди.

 

«Шунинг учун иш самарадорлиги доим паст бўлади, ходимнинг иш соатини меҳнат шартномасидаги вақт эмас, раҳбар белгилайди. Шундандирки, вазирлик, ташкилот, ҳокимиятдагилардан доим негатив хабар эшитасиз, ҳаётидан норози бўлиб яшайди, лекин молиявий мотив ёки бошқа муқобил вариант йўқлигидан ишидан ҳам кетолмайди», – дейди у.

 

2023 йилда Юксалиш ҳаракати давлат хизматчилари ўртасида ўтказилган сўровномада респондентларнинг 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилишини маълум қилган. Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Бироқ иш вақтидан ташқари қўшимча ишлайдиган респондентларнинг 81,7 фоизи қўшимча ишлаган вақти учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаб берилмаслигини таъкидлаган.

 

Юқорида ҳикоясини келтирилган суҳбатдошимиз айтиб ўтган «раҳбар ишдан кетмагунча кетмайсан» қабилидаги «ёзилмаган қоида» аслида фақат бир ташкилотгагина хос эмас. Иш вақтининг меҳнат шартномасидаги жадвалдан ташқарига чиқиши айрим ҳолларда очиқчасига кўрсатилади ҳам.

 

Жорий йил август ойининг дастлабки кунларида Мустақиллик байрами олди «Долзарб 40 кунлик» доирасида ҳокимларнинг маҳаллалардаги ободонлаштириш ишлари билан танишиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

 

Хусусан, Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Instagram саҳифасида эълон қилинган видеода (кейинчалик ўчириб юборилган видео таҳририятда мавжуд) туман ҳокими Санобархон Носированинг камида ўн нафар масъул ходими билан бирга соат 5:00да йўлга чиққани ва кечки 23:21 да ҳам маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини кўздан кечираётгани айтилади (тасдиқ сифатида телефондаги вақт кадрда кўрсатилган).

 

Бир қарашда бу раҳбарнинг ишга фидойилиги, халқ учун қайғуриши ҳақидаги лавҳа бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ раҳбарнинг узоқ иш куни атрофидаги ходимлар учун ҳам мажбурий иш вақтига айланиб қолади.

 

ЖССТ билан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигидаги тадқиқотга кўра, иш вақтидан ташқари ишлаш инсон саломатлиги учун салбий оқибатларни олиб келади. 2016 йилда дунё бўйлаб ҳафтасига 55 соатдан кўп ишловчи 745 минг нафар одам инсульт ва юрак ишемик касаллигидан вафот этган. Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 29 фоизга кўп ва бу каби ўлим ҳолатларининг қарийб 72 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келган.

 

Мутахассислар фикрича, ходимларнинг дам олишсиз ишлаши уларда стресс келтириб чиқаради. Қолаверса, ишхонада кўп вақтини ўтказувчи инсонлар бола тарбиясига етарлича вақт ажратолмайди ва натижада оиладаги барқарорликка путур етади. Бу каби омилларнинг жамият учун зарари ҳали тўлиқ баҳоланмаган бўлиб, салбий оқибатлар янада кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.

 

Лойиҳалар офиси ўтказган тадқиқотда ходимларнинг лавозим йўриқномасида кўрсатилган топшириқларга муносабати ҳам ўрганилган. Респондентларнинг 69,6 фоизи ортиқча юклатилган ишларни эътирозсиз бажариши, 26,8 фоизи эса иш ҳажмига қараб эътироз билдиришини айтган.

 

Респондентларга лавозим йўриқномасидан ортиқча ишлар юклатилиши даражаси

 

Яна бир суҳбатдош эса бу рақамлар ортидаги эҳтимолий сабаблардан бирини кўрсатишга ҳаракат қилди.

 

Сиёсий қарорлар қабул қилишда салмоқли ўрин тутган тузилмалардан бирида ишловчи бу аёлнинг айтишича, ишхонада эркак ходимларга иш вақтидан ташқари қўшимча топшириқлар берилиши, уни бажармагунча кетишга рухсат берилмаслиги мумкин.

 

«Чунки эркак раҳбар эркак ходимига бемалол гапини ўтказолади, кўтаради деб вақти келганда бақириш, ҳақорат қилишга ҳам ўтади. Аёл ходимларга эса нисбатан ўзаро ҳурмат, масофа сақланиб қолгани учун бундай босимлар камроқ бўлади. Баъзан ўзимга ҳам ишдан ташқари вазифалар беришса, ҳақиқатдан шошилинч ва зарур бўлса, ишдан кейин қолиб, тугатиб бераман. Аммо топшириқ раҳбарнинг қандайдир адовати ёки эгосини қондириш учун бўлганини сезсам, «иш вақтим тугади, эртага қиламан», деб эътироз билдираман», – дейди у.

 

Бир сафар у лавозим вазифаларига кирмайдиган иш бўйича бўлим раҳбарига эътироз билдирганида «ойлигингизни оляпсизми, ишлайсиз!» мазмунида жавоб эшитган. Ойлик шартномада белгиланган вазифаларни, белгиланган вақтда бажарганлик учун давлат бюджетидан тўланишини эслатганида эса ёқмаётган бўлса, ишдан кетиш ихтиёри ўзида экани таъкидланган.

 

Биргина тажриба, албатта, сўровномадаги 69,6 фоиз кишининг сабабини изоҳламайди. Лекин лавозимда белгиланмаган қўшимча ишларни эътирозсиз бажариш ҳолатлари — раҳбар билан муносабат, босим ва ишни йўқотиш хавфи каби омиллар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Иш талаблари инсон қадридан устун қўйиладиган ҳолатлар ҳам бор

 

Тадқиқотда ходимларнинг ишга муносабати билан бир қаторда иш берувчи талабларининг инсон қадр-қиммати ва хавфсизлигидан устун келиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ўрганилган. Натижалар бу масалада ҳам мувозанат ҳали тўлиқ шаклланмаганини кўрсатади.

 

Респондентларнинг 47,2 фоизи ўз ташкилотида инсон қадри энг муҳим ўринда туришини билдирган. 35 фоизи эса айрим ҳолатларда иш талаблари инсон қадридан устун қўйилишини кўрсатиб ўтган.

 

Ташкилотларда инсон қадрининг аҳамияти

 

28 июль куни Учкўприк туманида юз берган ҳолат — бюджет ташкилоти ходимларини ҳашарга жалб этиш ортидан юзага келган фожиали ўлим, шунингдек, 17 июль куни аномал иссиқ шароитида, Ўзбекистондаги иш берувчиларга очиқ ҳавода ишловчи ходимлар учун ишни қисқартириш ёки тўхтатиб туриш тавсия қилинган бир вақтда ободонлаштириш хизмати ходимлари кўчаларни тозалаб юргани акс этган видеолар инсон қадри масаласини яна бир бор сўроққа тутди.

 

Мазкур ҳолатлар тадқиқотдаги 35% респондент таъкидлаганидек, иш талаблари инсон қадридан устун қўйилишининг икки намунаси, холос. Энг ёмони, бундай вазиятларда хавфсизлик талаблари бир четда қолиб, инсон саломатлиги ва ҳаёти иш кутилмасидан кейинги ўринга тушиб қолиши, оқибати эса баъзан қурбонликлар билан якун топишидир.

 

Адолатсизлик шакллари

 

Тадқиқотда респондентлардан 1,3 фоизи иш жойида адолатсизликка учраганини билдирган. Яна 7,4 фоизи ташкилотида адолат ва очиқ мулоқот муҳитини шакллантириш зарурлигини таъкидлаган. Oyina.uz билан суҳбатда бўлган давлат ташкилотида ишловчи ходимнинг таъкидлашича, унинг ишхонасида лавозимларга мутахассис олишда адолатсизликлар ҳам учраб туради.

 

«Ҳамкасблардан фалончининг таниши, бу одам орқали келган, фалон акахонининг ўғли, деган гапларни эшитаман. Қолаверса, аёлларнинг ҳам бир лавозимдан бошқасига кўтарилиши қийин масала. Статистика учун бир-иккита аёлни раҳбарлик лавозимларига қўйишади, лекин кўпинча уларга нисбатан ички чеклов бор. Бу балки ишончсизликдан, балки ўша аёлларнинг шахсий ҳаётига бориб тақалар. Ёки аёлларга гап ўтказолмаслик, буйруқ беролмаслик, лавозимидан ташқари вазифаларни юклолмаслик билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин», – дейди суҳбатдош.

 

Албатта, бу тажриба барча давлат ташкилотларидаги вазият бир хил эканини англатмайди. Масалан, вазирликлардан бирида ишловчи яна бир респондент ўз бўлимидаги фаолиятига уч йилдан ошган бўлсада, ҳали бирор марта коррупция ёки таниш-билишчиликка дуч келмаганини айтади.

 

«Лавозимга одам қўйишда ноҳақлик эмас, номутаносиблик бўлган. Яъни, тегишли лавозим мутахассислиги бажарадиган ишидан фарқ қиладиган одамларга берилган. Улар ўз соҳаси, йўналишида яхши мутахассис бўлса ҳам, эгаллаб турган ўрнида анча оқсаши аниқ кўриниб турарди», – дейди суҳбатдош.

 

Адолатсизлик фақат ишга қабул қилиш ёки лавозимга тайинлашда намоён бўлмайди. Баъзан юқоридан берилган топшириқларнинг харажати ҳам қуйи бўғиндаги ходимларнинг зиммасига тушади. Бу борада яна бир суҳбатдош вазирликдан ҳудудларга юбориладиган ишчи гуруҳлар билан боғлиқ шундай ҳолат ҳақида гапириб берди.

 

Айтишича, унинг ишхонаси бўйсунадиган вазирлик ҳудудларга тез-тез ишчи гуруҳи юбориб туради. Уларга тушлик ташкиллаш эса қуйи тизим раҳбарларига топширилади. Тушлик тахминан 200 минг сўм атрофида бўлади. Бу маблағ эса ходимларидан йиғиб олинади. Бир сафар шундай вазиятда вазирликка мурожаат қилинган, натижада ходимлардан пул йиққан қуйи тизим раҳбари ишдан олинган.

 

«Тушлик қилган вазирликнинг ходими, ташкиллаштиришга топшириқ берган вилоят раҳбари бўлса, лекин жазони бошқа одам олди. Вазирлик бирор ходимини вилоятга юбораркан, унинг яшаши ва таомланиш харажатлари учун ҳам ўзидан маблағ ажратсинда. Вилоятлардаги раҳбарлар ҳам буни ўзидан қуйи раҳбарга юклайди, қуйи раҳбар эса ходимларига. Яна бу қилган иши учун чора кўриш вилоят раҳбарига юкланади. Вилоят раҳбари ҳеч замонда ўзини жазолайдими? Бу иллат ҳамма вазирликда, ҳар куни бор, афсуски», – дейди суҳбатдош.

 

Яна бир вазирликнинг вилоятдаги бўлимида ишловчи 10 йиллик меҳнат тажрибасига эга ходим ўзининг асоссиз равишда ишдан бўшатилганини ҳикоя қилади.

 

«Бизга қисқартириш келиб қолди. Бир ходимнинг нафақага чиқишига икки йил қолган, бирининг ногиронлиги бор, яна бошқа ходимга ўша пайтлари коррупция бўйича ИИБдан иккинчи марта ариза келиб, бўшатилиши сўралганди. Бошқа бир ёш ходимимиз эса жуда яхши ишларди. Шуларнинг орасида танлов бўлганда мени бўшатиб юборишди», – дейди у.

 

У бунинг сабабини сўраганда раҳбарият ногиронлиги бор одамни бўшатолмаслиги, пенсияга чиқишига озгина қолган ходим эса охиригача ишлаб олиши кераклигини айтган.

 

«Шундан кейин қонунчиликни «титиб кўрдим». Унга кўра, ногиронлиги бор одамни ишга олишда имтиёз бор, уни ишда сақлаб қолишда эса ходимнинг иш унумдорлигига қаралади. Нафақага чиқиши керак бўлган ходим ҳам зўрма-зўраки олиб қолинмайди. Модомики кимнидир ишдан бўшатиш керак бўлса, аввало, унинг билими, иш сифатига қаралиши керак эмасми?», – дея асоссиз танлов ҳақида гапиради у.

 

Унинг қўшимча қилишича, коррупция бўйича икки марта огоҳлантириш келган ходим доим қутулиб қолган. Илк мартасида ишни ёпиш учун унга касаллик варақаси чиқарилган, бир ой ишга келмай юргану, ҳаммаси унутилгач, яна ишлашда давом этган.

 

Жамоавий муҳит ижобий, аммо ички муаммолар мавжуд

 

Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 36,9 фоизи иш муҳитини аъло, 46,3 фоизи яхши, 15 фоизи эса ўртача деб баҳолаган. Фақат 1,8 фоизи иш муҳитига салбий баҳо берган.

 

Жамоавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган норасмий тадбирлар ҳам аксарият ташкилотларда одатга айланган. Респондентларнинг аксарияти туғилган кун, байрам тадбирлари, спорт мусобақалари ва саёҳатларда иштирок этишини билдирган бўлса, кам сонли (9,5 фоиз) ташкилотда бундай тадбирлар умуман ўтказилмаслиги, 6,9 фоизи эса уларда иштирок этмаслигини қайд этган.

 

Ташкилотларда ҳамкасблар ўртасидаги норасмий муносабатлар шакллари

 

Шу билан бирга, респондентларнинг 34 фоизи ташкилотида ҳеч қандай салбий ҳолат кузатилмаслигини билдирган. Қолганлар эса гуруҳбозлик, бефарқлик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, иккиюзламачилик каби иллатлар кўзга ташланишини маълум қилган.

 

Ташкилотларда мавжуд иллатлар

 

Корпоратив қадриятлар индекси

 

Мазкур тадқиқот доирасида берилган жавоблар таҳлил қилиниб, давлат идораларидаги Корпоратив қадриятлар индекси (КҚИ) ҳисоблаб чиқилган.

 

Натижаларга кўра, 0 дан 1 гача бўлган шкалада бу кўрсаткич 0,57 ни ташкил этган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу корпоратив қадриятлар тизими ўртача даражада ривожлангани ва ҳали барқарор шаклланмаганини кўрсатади.

 

 

№

Индекс

Ўртача индекс

Қисқача изоҳ

1.

Тушунча ва хабардорлик

0,67

Қадрият тушунчаси бўйича умумий хабардорлик бор

2.

Қадриятларнинг ҳужжатларда акс этиши

0,61

Тизим ишлайди, аммо тўлиқ самарали эмас

3.

Қоидалар ва тартиб-интизом

0,71

Интизом ва тартиб яхши

4.

Ахлоқ-одоб ва инсон қадри

0,58

Инсон қадри бўйича етарлича иш олиб борилмаган

5.

Таълим ва ривожланиш

0,54

Тренинглар ва ривожланиш кам

6.

Жамоавий муҳит

0,48

Жамоа маданияти қониқарсиз

7.

Ташаббус ва ғоялар

0,44

Ташаббус ва янгиликка нисбатан сустлик

8.

Лавозим вазифалари

0,63

Лавозим вазифалари аниқ, лекин ортиқча юклама бор

9.

Самарадорликни баҳолаш

0,50

Кўп ҳолларда расмий ҳисобдорликка урғу берилади

10.

Масъулият ва хато

0,55

Жавобгарлик бор, лекин тўлиқ шаклланмаган

11.

Коррупция ва салбий ҳолатлар

0,41

Маҳаллийчилик ва коррупция хавфи юқори

 

Ўртача қиймат

0,57

 

 

Корпоратив қадриятларни шакллантириш учун энг аввало, ташкилотда соғлом муҳитни таъминлаш, ходимларга инсоний ва жамоавий қадриятлар борасида намуна бўлиш ва у ҳақда асосий тушунчаларни бериб, вақти-вақти билан муҳокама қилиш муҳим саналади. Тадқиқотда респондентларнинг маълум қисми ишхонада мазкур масалага оид тренинглар ўтказилиб туришини таъкидлаган. Бошқа 20,9% ходим эса бундай ўқувлар ҳақида эслай олмаслиги ёки тренинглар умуман ўтказилмаганини айтган.

 

Бироқ фақат тренингнинг ўзи ҳам етарли бўлмайди. Ходим корпоратив қадриятни кўпинча раҳбарининг кундалик хатти-ҳаракатидан ўрганади. Оддий ходим етакчи мутахассисдан, етакчи мутахассис бўлим бошлиғидан, бўлим бошлиғи раҳбар ўринбосаридан, улар эса раҳбардан намуна олади, умумий қилиб айтганда, яна мавжуд жамоавий муҳит ўрнак бўлиши зарурлиги кўринади.

 

«Давлат ишхоналаридаги эътибор қаратилиши керак бўлган масала бу – кадрлар тақчиллиги. «Нима учун 9–6 режими менга тўғри келмайди» дейдиганлар кўплиги; зўр мутахассислар ва ёшлар нега хусусий секторни танлаб кетишини таҳлил қилиш зарур. Балки маошлар, рағбатлар, карьера ўсиши ва етарлича эркинлик бўйича жозибадорликни ошириш керакдир. Кенг дунёқарашга эга, муносиб кадрларгина эскича фикрлайдиган раҳбарларни алмаштириши мумкин», – дейди вазирликлардан бирида фаолият олиб бораётган суҳбатдошимиз.

 

Бундан хулоса қилиш мумкинки, давлат ташкилотларида яхши ходимларнинг бўлиши ва унинг иш сифати – ходим ўзини қандай ҳис қилиши, раҳбарият билан муносабати, меҳнати қандай баҳоланиши ва қарорларнинг адолатлилик даражаси билан боғлиқ. Булар бирлашиб, ташкилотдаги корпоратив маданиятни шакллантиради.

 

Зиёда РАМАЗОНОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39937
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//