Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда Шайбонийлар сулоласи (1500-1601) ва Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510) шахси теварагида тортишувлар, бир-биридан фарқли кўплаб кўзқарашлар билдириляпти. Юртдошларимизнинг бир қисми Шайбонийхонни минтақада “ўзбек” атамасининг кенг тарқалишини бошлаб берган, тобора чўкиб бораётган Темурийлар ўрнида қайтадан йирик сулола бошқарувини йўлга қўйган, юртни Сафавийлар – бошқа мазҳаб эгалари босқинидан сақлаб қолган қаҳрамон ўлароқ кўрса, яна бир гуруҳ ватандошларимиз уни Темурийлардек буюк сулолани йўқ қилган, давлатчилигимиз илдизига болта урган, Бобурни Ҳиндистонга қувиб юборган киши деб билади. Хўш, буларнинг қай бири тўғри, бундай кўзқарашларнинг негизида нима ётади, бундай ёндашувлар келиб чиқишига туртки бўлган омиллар – ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари дарсликлари, ўзбек жамиятига етказиб берилаётган маълумотлар қанчалик илмий ва ишончли? Бу каби саволларга тўлиқроқ тўхталишдан олдин юртдошларимиз орасида тортишувларни келтириб чиқарган айрим масалалар билан қисқача танишиб чиқсак.
“Чор Россиясини, советларни, ялпи олганда, милоддан олдинги VI–V юзйилликларда Эрондан келиб минтақани босиб олган Аҳамонийларни, IV юзйилликликда Юнон юртидан бостириб келган македониялик Александрни, милодий VII–VIII юзйилликларда Яқин Шарқдан келган арабларни, XIII юзйиллик бошларида Жанубий Сибирдан, аниқроғи, Байкалбўйидан йўлга чиққан мўғулларни ҳам босқинчи деймиз. Шунга ўхшаб Муҳаммад Шайбонийхон бошчилигидаги “ўзбеклар”ни ҳам босқинчи дейишимиз керак, чунки улар ҳам юртимизга бошқа ердан – Дашти Қипчоқ – Волгабўйи ва Сирдарё қирғоқларидан кириб келган, деган қарашлар ҳам элдошларимиз орасида учраб туради. Уларнинг бу қараши негизида қуйидагича “ҳақиқатлар” ётади:
- бугунги ўзбеклар яшайдиган ҳудудлар Амударё – Сирдарё оралиғига тўғри келади, шунинг учун бу дарёлардан четдаги ерлар биз учун “ёт, чет, бегона”;
- мустақиллигимизнинг илк йилларида кенг тарқалган қараш – “бизнинг ота-боболаримиз тагли-тугли, ўтроқ бўлган, Евросиё кенгликларида – Олтойдан – Қора денгиз бўйларигача чўзилган ерлардаги кўчманчи салтанатлар, айниқса, Европани титратган хунлар ва улар йўлбошчиси биздан эмас, биз ундай босқинчиларнинг авлоди эмасмиз” ва ҳак.
Бу каби ёндашувлардан келиб чиқадиган, яъни ўзбек элининг чегараларини фақатгина Амударё – Сирдарё оралиғи билан чеклайдиган бўлсак, унда қуйидагича қарама-қаршиликлар келиб чиқади: 1) ўзбекларнинг буюклари деб қараладиган Алишер Навоий Ҳиротда – бугунги кундаги афғон ерларида туғилган бўлиб, уни қандай қилиб ўзимизники дея оламиз; 2) Кушонлар, Эфталийлар, Турк хоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийларни – чекланиб ўрганишимиз керак бўлган Амударё – Сирдарё оралиғидан ташқарида шаклланиб, кейинчалик ушбу дарёлар оралиғига кириб келган ва бу ерни бошқарув марказларига айлантирган сулолаларни ҳам “босқинчи”, “келгинди” дейишимиз керак бўлади. Ва шу мантиққа кўра, ушбу сулолаларнинг кўпчилиги бошқарув марказларини икки дарё оралиғи ва унга қўшни ерлардаги Бақтрия (Балх, Термиз, Нахшаб), Чоч, Фарғона, Самарқанд ва Бухорода қурган бўлсаям, уларга “четдан кириб келган” деб ёндашаверамизми?!
Кўпинча ўтмишдаги миллий ўзликларидан бири бўлмиш “турклик”, “туркийлик” билан боғлиқ тарих тушунчаси доирасида қаралиб келган Турон – Туркистон эл-улусларининг ажралмас бир бўлаги бўлган бугунги Ўзбекистон ўтмиши ёритиларкан, у хоҳ собиқ Шўролар чоғида бўлсин, хоҳ мустақиллигимиз қўлга киритилган 1990-йилларнинг бошидан бугунгача бўлсин, ўзбек халқи ўтмиши, келиб чиқиши, этник шаклланиш босқичлари бўлсин, урғу кўпроқ туркийликка бериб келинади. Тарихий қаҳрамонлар шу доирада танланади, тил томондан қардошлар туркийлар экани айтилади, Ўрхун – Энасой битиктошлари илк ёзувда берилган энг эски сўзларимиз экани, “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонлари туркий ўртам – муҳитдаги оғзаки асарлар экани урғуланади. Бундай ёндашувнинг илк илдизлари ярим афсонавий бўлса-да, Қорахонийлардан бошлаб ўзбек хонликларининг сўнгги йилларигача ёзилган тарихий асарларда ўз кўринишини топган: илдизларимиз Ёфас ўғли Турк ва унинг издошларидан бошланиш олади.
ХХ юзйиллик бошларигача ёзилиб келинган тарих асарларида Амударё – Сирдарё оралиғи турғунлари – бугунги ўзбекларнинг этник шаклланишида таянч бўлган ҳудуд аҳолисининг келиб чиқиши ва этномаданияти ўзгача экани-ю, миллий тарихга бўлган муносабати, ўзлик тушунчасининг қардош ўлкалардан бошқача экани, ўзгалар кўчманчи, ўзбеклар ўтроқ, деган ёндашувга урғу берилганига кўзимиз тушмайди. Илк бор миллий тарихни илмий ва янги йўриқларда ёзиш эҳтиёжи туғилган ХХ юзйиллик бошларида жадидлар ҳам тарихга ёндашар экан, бошида шундай йўл тутиб, Олтой ва Сибирни, Волга-Уралбўйи ўзбеклар учун ҳам бешиклик қилганини яширмади, Чингизхонни босқинчи, Темурни қаҳрамон деб билмади, уларни бир-бирига қарама-қарши қўймади. Шўроларнинг қув, айёрлик билан юритган “қардошларни бўлиб ташла ва улар устидан ҳукмронлик қил” сиёсатини яхши англамаган айрим ерли ойдинларнинг “ўзбек халқи ўтроқ, минтақадаги барча шаҳарларни уларнинг ота-боболари қурган”, деб урғу берилган айрим ишларни айтмаганда, бундай янгича ёндашув кенг ёйилмади, ўз қўллаб-қувватловчисини топмади. Бу бир тузоқ эканини тушунган илғор жадидларнинг кўпчилиги бу йўлдан бормади ва туркийларни тарихан иккига – ўтроқ ва кўчманчи ўзаро ёвга айлантирадиган бу қутқуга учмадилар. Бироқ мустақилликнинг илк йилларида қўшни ўлкаларнинг ҳар бири ўз ота-боболарини “улуғлаб”, бошқаларига тош ота бошлаган, ким туб аҳоли, ким келгинди, ким маданиятли, ким қолоқлигига урғу берилиб, шу йўсинда ўзини дунёга танитишга, миллий давлатчилигини мустаҳкамлашга уринилган кезларда юртимизда ҳам бу борада бошқача ёндашувлар бўлди. Қўшнилардан кимдир Ўғузхон-у Султон Санжарни “менинг отам” деса, яна кимдир узоқ Мисрдаги Султон Байбарсни улуғлай бошлаб, “кўчманчилар маданияти менгагина тегишли” деб жар солди. “Амир Темур меники, минтақадаги энг буюк салтанатни менинг ота-бобом қурган, бир вақтлар мен сенларни бошқарганман” деб, ўзбекларнинг аждодлари ўтроқ бўлганига, улар доимо кўчманчиларга қарши курашиб келганига урғу берган тарихчиларимиз ҳам топилди.
Бу эса Турон – Туркистон эллари орасида минтақавий ўзликнинг унутилишига, миллий ўзликни бошқаларига қарама-қарши қўйиш, бири иккинчисини камситиш, ким туб ерли (автохтон), ким келгинди эканини айтиш орқали ажратишга интилишлар кучайди. Шундай чигалликлар, қарама-қарши ёндашувлар оғушида қолган айрим ойдинлар буни ҳукумат кўламига олиб чиқиб, “Темурийлар ўтроқ, туб ерли, шаҳарлик”, “Шайбонийлар кўчманчи, келгинди” деган кўзқарашларни юртдошларимизнинг турли қатламларига кириб боришига эришди. Биргина Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” тарихий романининг ўзиёқ уларнинг ўчоғига мой сепди. Айрим ёзувчилар орасида эса “кўчманчи ўзбеклар келмаганда бу ер ҳар томонлама тугал, тўла-тўкис бўларди, ўрта асрларда қолоқ бўлиб қолишимизга Шайбонийхон ва у билан келганлар сабабчи” деган сўзларни очиқ суҳбатларда, ижтимоий тармоқларда айта бошлади. Бундай қараш тарихий романларга сингдирилди, уларни ўқиган юртдошларимиз орасида Шайбонийхонга қарши ётсираш кайфияти уйғонди...
Аслида қайта-қайта айтилаверадиган бундай фикрнинг негизида қуйидаги муносабат ётади: 2000-йиллар бошида марказий телеканалларнинг бирида биринчи раҳбар “Амир Темур ва Темурийлар бизнинг давлатчилигимизни чўққига олиб чиқди, юртимиздан етук олимлар етишиб чиқди, маданият юксалиб, илм-фан, бунёдкорлик ишлари ривожланди. Ундан кейин нима бўлди? Қаердандир Шайбонийхон келиб, шундай салтанатни йўқ қилди, Темурийларнинг барчасини қириб ташлади, ривожланиш, тараққиёт тўхтади, бошбошдоқлик, парокандалик бошланди. Шайбонийлардан бугунги кунга нима қолди, ҳеч нима қолмади, ҳеч қандай ривожланиш бўлмади, қурилиш, бунёдкорлик ишлари завол топди, XVI – XVIII асрларда, ҳаттоки XIX асрнинг ярми қоронғи бўлди, бирорта ўзгариш бўлмади. Бу даврларда бирор нарса бўлганини кўрсатадиган нима бор, нима бўлганини кўрсатадиган маълумотлар ҳам оз-ку!” дейди. Шундан сўнг Темурийлар даврида юксалиш бўлиб, ундан кейинги 3-4 асрда гўёки бунинг бутунлай тескариси бўлганига урғу берилиб, матбуотда чиқишлар қилинади, китоблар, дарсликлар, мақолалар ёзилади.
"Шайбонийхон" картинаси, рассом: Масъуд Холов
Бироқ ойдинларимиз, айниқса, тарихчиларимиз, агар ёзма манба ўқиган бўлса, албатта, ичидан қандайдир бир қиринди ўтган, “ҳа, бу гаплар ҳам ўткинчи, аслида бундай эмас, биз ҳам вазият тақозосидан келиб чиқиб “хўп” деб турибмиз-да” деган бўлсалар ажаб эмас! Чунки ёзма манбалар ва кейинчалик амалга оширилган кўплаб илмий изланишлар шуни кўрсатган эдики, Шайбонийхон келганда Темурийлар Амир Темур давридагидек буюк эмас, Эрон-у Кичик Осиёдаги, Кавказ, Волгабўйидаги чегаралар у ёқда турсин, ёнгинамиздаги Тошкент, Туркистон, Хоразм қўлдан кетган, бу ерларда Чингизийлар ва уларнинг ёндош сулолалари бошқаруви палак ёзган, Андижон ва Самарқанд темурий шаҳзодалар бир-бири билан ер талашадиган айри-айри давлат, Бухородаги тархонлар Темурийлар бошқарувини тан олмай қўйган, Ҳисорда бутунлай бошқа уруғ вакиллари ўз эркида, Ҳирот маркази Хуросонда Ҳусайн Байқаро ва унинг ўнлаб ўғиллари бир-бири билан келишмай қолган бир паллада вазиятни кўриб-билиб турган ҳар қандай янги сиёсий куч бу ерларни бир ҳамлада эгаллашини тасаввур қилиш қийин эмас эди.
Демак, “Шайбонийхон келиб, буюк давлатни, буюк маданиятни йўқотиб юборди” деб ёндашмасдан, “Шайбонийхон Амир Темур билан эмас, ўзаро қирпичоқ бўлиб ётган Темурийлар билан урушди, урушгандаям бир бутун, гуллаб-яшнаб ётган салтанат билан эмас, вилоятлар даражасидаги давлатчалар билан урушди” деб тушуниш, тушунтириш керак бўлади, бизнингча. Шу ўринда, модомики, “биз ўзбеклар шаклланиш чегараларимиз кунчиқарда Жанубий Сибир, Олтой, Шарқий Туркистонда бўлган, кунботаримиз эса Волгабўйи, Қора денгиз қирғоқларида бўлган” деб ёзиб, барча туркий халқлар каби “Турк хоқонлиги-ю, Қорахонийлар бизники” деб ёндашар эканмиз, Шайбонийлар қайлардандир эмас, яқинимизда, бир вақтлар бўлганидек, бугунги кунда ҳам ўзбекларнинг қайнар булоқларидан бири бўлган Сирдарё қирғоқлари – Ясси (Туркистон)да шаклланган сулола бўлганини унутмаслигимиз керак. Ахир бу ерлар биз ўзбеклар ўзагини ташкил этадиган Амударё – Сирдарё оралиғининг ажралмас бир бўлаги эмасми?!
“Шайбонийхондан бошлаб XIX юзйилликнинг ўрталаригача юртимизда бирор қурилиш ишлари бўлмади, илм-фан тушкунликка юз тутди, улардан бирор нарса қолмади” деб айтадиган бўлсак, Шайбонийлар ва Аштархонийлар чоғида ёзилган юзлаб китобларга туширилган маълумотлар-у, ҳозирги кунгача етиб келган меъморий ёдгорликларни “йўқ” санашимиз керак бўлади. Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга қўшни ерлар Шайбонийхон қўл остида қайтадан бирлаштирилиб, Убайдуллахон ва унинг ёндошлари бошчилигида Ҳирот-у Кандаҳоргача етиб борган чегаралар тўғрисидаги маълумотларга қандай қилиб кўз юмамиз, бу даврда Бухоро-ю, Балхда, Фарғона-ю Хоразмда ёзилган тарихий асарларга, ёзма маълумотларга қандай қилиб тескари бурилиб оламиз? Абдуллахон II бошқаруви чоғида ўзбеклар томонидан Сибирнинг қайта эгалланиши, Улуғтоғ (Марказий Қозоғистон)да Амир Темур битиктош ёздирган қоятош яқинида ўз битикларини ёзиб қолдирган ҳукмдорнинг амалга оширган қурувчилик – бунёдкорлик ишлари: сув тўғонлари, кўприклар, мадраса-ю масжидларни “бўлмаган” деймизми? Сув иншоотларининг бугунги кунда ҳам халқ орасида “Абдуллахон банди”, “Абдуллахон кўприги” деб аталишини шунчаки “булар ҳеч нарса эмас” деб кўзга илмаслик яна қачонгача ўзини оқлайди...
"Убайдуллахон" картинаси, рассом: Масъуд Холов
Тўғри, тан олиш керак, сўнгги ўрта асрларда Турон – Туркистонда Қорахонийлар давридагидек, Амир Темур ва унинг айрим издошлари давридагидек юксалиш бўлмагандир. Бироқ бунда айбни Шайбонийхон-у унинг издошларидан қидирмаслик керак. Бугунги кунда бутун дунё жамоатчилиги яхши билади, XVI юзйилликда Европада денгиз тижорий йўлларининг очилиши натижасида ўша кезларда жаҳон иқтисодиётининг қон томири бўлган Буюк ипак йўлидаги савдо-сотиқ ишлари касодга учраб, Яқин Шарқдан Турон орқали Чин ўлкасига йўл олган туя карвонлари бу йўлдан онда-сонда ўтадиган, маҳаллий бозорлар ҳувуллаб қолган бир давр бошланди. Бу тушкунлик биргина Турон – Туркистонда эмас, барча қўшниларимизда, араб ва форс ўлкаларида, Ҳиндистон-у Хитойда таъсирини кўрсатди. Ушбу глобал тушкунликнинг бош айбдорлари ўлароқ фақат Шайбонийлар ва улардан кейинги ўзбек сулолаларини кўрсатиш тарихий чинликка тўғри келадими? Шундай бўлса-да, ушбу сулола вакилларининг ўзларидан мерос қолдирган шаҳарлари-ю, ўзлари билан етаклаб келган бир неча ўнлаб туркий уруғлар минтақада халқимиз номининг қанчалик кенг ёйилиб, деярли барча воҳада – Хоразм, Бухоро, Нурота, Жиззах, Тошкент, Зарафшон, Қашқа ва Сурхон воҳаларида, шунингдек, Фарғона ва Ҳисор водийларида Амударёнинг юқори ва ўрта қирғоқларида, Шимолий Афғонистонда ўрнашиб, Темурийлар чоғида “турк”, “чиғатой турки” деб аталган элнинг янада кўпайиб, янада довруқли бўлгани, натижада минтақанинг энг кўп сонли туркий аҳолиси бора-бора “ўзбек” атамаси теварагида бирлашиб, бугунги кунда ҳам шу сонни, шу салмоқни сақлаб қолганининг ўзи Шайбонийларнинг хизмати эмасми?!
Қуйида Турон – Туркистон элларида янги бир босқич бўлган Шайбонийларнинг минтақадаги хизматини янада ёрқинроқ тушуниш учун бу масалани шу каби бўлимларда – сарлавҳаларда кўриб чиқамиз
Шайбонийлар чоғи кўчманчи ўзбек уруғлари ва уларнинг минтақадаги тарқалиш географияси
XIII юзйиллик иккинчи чорагидан XVI юзйиллик бошларигача, яъни 300 йилликда Марказий Осиё ва унга қўшни ҳудудлардаги сиёсат саҳнасига йирик кўчманчи уруғлар чиқиб, минтақада чингизий сулолалар – Олтин Ўрда, Чиғатой улуси ва Элхонийлар, қисман эса Темурийлар ҳукмронлик қилгани кўзга ташланади. Ушбу сулолалар чоғида ерли аҳолининг бир бўлагини ташкил этган кўчманчи аҳолининг кўпчилиги туркий, сезиларли бир қисми эса турклашган мўғул уруғлари эди. XVI юзйиллик бошларида Шайбонийлар сулоласи Турон – Туркистонда, бугунги Марказий Осиёда бошқарувини ўрнатгач, этномаданий жараёнлар янада ёрқин тус олиб, минтақада юзга яқин уруғ номи кенг учрай бошлайди. Айни ўша кезлардаёқ минтақанинг бугунги қардош эллари бирор этник атама теварагида бирлаша бошлагани учун бу даврни синчиклаб ўрганиш талаб этилади.
Чиғатой улуси, Темурийлар ва Шайбонийлар бошқаруви чоғидаги этник атамалар Маҳмуд Кошғарий ва яна бир қатор Қорахонийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар даврига тегишли ёзма манбаларда тилга олинган туркий этнонимлардан анча фарқ қиларди. Қизиғи шундаки, уларнинг кўпчилиги мўғул ёки мўғулча тил қолипларига мослаштирилган туркий этнонимлар бўлиб, қуйида улар орасида етакчи бўлган уруғларни келтириб ўтамиз:
1) қиёт, 2) қўнғирот, 3) барлос, 4) баҳрин, 5) жалойир, 6) арлот, 7) сулдуз, 8) манғит, 9) салжуйит, 10) қовчин, 11) қатағон, 12) найман, 13) дурман, 14) бурқут, 15) уйшун, 16) макрит, 17) ўймовут, 18) бадай, 19) керайит, 20) олчин ва ҳ.к. [Рашид-ад-дин 1952: 64-80; Абулғозий 1992: 28-43]. Шу билан бирга, ўша кезларда қанғли, қарлуқ, қипчоқ, уз, уйғур, минг, юз, қирқ, ёбу, қишлиқ, туркман ва яна ўнлаб туб туркча негиздаги этнонимлар билан аталувчи аҳоли гуруҳлари ҳам сиёсий ва ҳарбий томондан бирмунча фаол аҳоли гуруҳлари ўлароқ билинарди. Ушбу уруғларнинг барчаси бўлмаса-да, сезиларли бир бўлаги Дашти Қипчоқ ўлкаси, айниқса, ушбу тарихий ўлканинг Волга – Уралбўйи, Ғарбий Сибирдан Ўрта Сирдарё оралиғигача чўзилган кенгликларда яшаб, кўпчилиги Муҳаммад Шайбонийхон бошчилигида Амударё – Сирдарё оралиғига келгач, бу ердаги ўнлаб туркий ва турклашган мўғул уруғлари билан бирлашувчи натижасида “92 бовли (уруғли) ўзбек” тушунчаси кенг ёйилади [Ахмедов 1965: 16; Султанов 1977: 165-176].
XVI – XVIII юзйилликларда Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ҳудудларга Дашти Қипчоқдан бўлган кўчишларни элатлар бўйича босқичма-босқич келтирадиган бўлсак, кўпроқ қуйидагича тарихий манзара етакчи бўлгани кўзга ташланади:
1-босқич. XVI юзйиллик бошларидан бошлаб кўчманчи ўзбек уруғларининг йирик кўчишлари. Минтақанинг кўпроқ Хоразм, Зарафшон, Тошкент, Қашқа ҳамда Сурхон воҳалари ва Фарғона водийсига кўчишлари юз беради.
2-босқич. XVII – XIX юзйилликлар оралиғида қозоқ уруғларининг Тошкент воҳаси, Шимолий Хоразм ва Зарафшон воҳаларига кўчишлари.
3-босқич. XVIII юзйилликнинг ўрталарида қорақалпоқ уруғларининг Хоразм, Тошкент ва Зарафшон воҳаси ҳамда Фарғона водийсига кўчишлари.
Ушбу кўчишларнинг қандай кўламда кечганига кўз ташлайдиган бўлсак, негизи дашти қипчоқлик элатларга бориб тақаладиган қардош эллар – ўзбекларнинг кўчманчи тоифаси, қозоқлар ва қорақалпоқлар орасида бирмунча салмоқли ва изчил бўлганига кўзимиз тушади.
Буни ўрта асрларга тегишли Темурийлар, Шайбонийлар ва ўзбек хонликлари чоғида яратилган форсча ва чиғатой туркчасидаги ёзма манбалар билан бирга, бугунгача сақланиб қолган юзлаб этноним ва этнотопонимлар кўрсатиб турибди. Бугунги кунда минтақанинг бошқа ўлкаларига қараганда юртимиздаги ҳар бир вилоятда Бурқут, Баҳрин, Жалойир, Минг, Қирқ, Юз, Манғит, Қўнғирот, Кенагас, Қушчи, Хитой, Қипчоқ, Сарой ва яна ўнлаб этнотопонимларнинг қишлоқ номи ўлароқ сақланиб қолгани кузатилади [қар. Қораев 1978; Туйчиев 1980: 34-45; Охунов 1994; Населенные пункты 2001; Туробов 2002; Бегалиев 2004; Нафасов 2009].
"Абдуллахон" картинаси, рассом: Масъуд Холов
ХIX юзйиллик сўнгги ўнйилликлари – XX юзйиллик бошларига тегишли чет эл манбаларида, айниқса, рус тилли муаллифлар – элчилар, сайёҳлар, тилчи, шарқшунос, ҳарбийлар ёзиб қолдирган этнографик билгилар ҳам ўзбекларнинг кўчманчи уруғлари Ўрта Осиёнинг қайси воҳаларида ўтроқлаша бошлаганини кузатишда қўл келади. Биргина Зарафшон воҳасидаги ўзбек уруғлари тўғрисида русча ёзма манбаларда келтирилган билгиларга юзланадиган бўлсак, Зарафшоннинг қайси оқимларида, қайси микровоҳаларида қандай этноним ва этнотопонимлар кенг ёйилганини кузата оламиз. 1840-йилларда Бухоро шаҳри ва теграларида бўлган Н.Хаников, 1870-йилларда Зарафшон дарёси қирғоқларини кезган А.Д.Гребенкин, XIX юзйилликнинг сўнгги ўнйилликларида Самарқанд шаҳри ва унга яқин туманларда бўлган турколог В.В.Радлов, археолог тарихчиси В.Л.Вяткин қайдлари орқали Шайбонийлар чоғида бошланган ўтроқлашув жараёнлари бўйича бир тўхтамга келиш мумкин [Хаников 1843; Гребенкин 1872; Вяткин 1902; Радлов 1989: 532-578]. Қисқаси, ўзбекларнинг кўчманчи қатлами Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкалардаги қуйидагича воҳаларда тарқалганини юқорида айтиб ўтилган форс, чиғатой туркчаси, рус ва бошқа тиллардаги тарихий билгиларга таяниб, белгилай оламиз:
1. Амударё дарёсининг қуйи оқими – Хоразм воҳаси. Орол денгизининг кунгай – жануб томони, бугунги қорақалпоқ ерлари ва Шимолий Хоразм туманлари, Тошовуз вилоятининг бир қисми (Даш-ўғуз, Туркманистон).
2. Сирдарё дарёсининг ўрта оқимидаги Ясси (Туркистон), Саврон, Сиғноқ ва улардан шимолдаги Қорачуқ (Қоратов)нинг нариги этакларидаги Сузоқ, Чўлоққўрғон каби туман ва қишлоқлар.
3. Тошкент воҳасининг кунчиқаридаги тоғлик ҳудудлар – Тангритоғ (Тяншан)нинг Чотқол, Қурама каби тизмалари, Илоқ (Оҳангарон) ирмоғи қирғоқларидан Сирдарё дарёсигача чўзилган текисликлар.
4. Жиззах воҳаси. Зомин, Бахмал, Фориш каби микровоҳаларни ўз ичига олган ҳудуд.
5. Зарафшон воҳаси. Бир неча юзлаб қишлоқларни ўз ичига олган бу ҳудуд Панжикентдан Бухоро оралиғигача чўзилган бўлиб, Самарқанд, Кармана, Нурота, Бухоро каби воҳаларни ҳам қамраб оларди.
6. Қашқадарё воҳаси. Юқори ва Қуйи Қашқадарё ўлароқ икки қисмга бўлинади.
7. Сурхон воҳаси. Боботоғ, Бойсун, Кўҳитанг каби тоғ этаклари, Термиз – Шеробод ва яна бир неча катта-кичик микровоҳаларни ўз ичига олган ҳудуд.
8. Ҳисор воҳаси. Амударё дарёсининг юқори оқимида, Ҳисор тоғларидан Бадахшон тоғларигача чўзилган бир қатор микровоҳаларни қамраб олган ҳудуд.
9. Амударёнинг ўрта оқими. Бугунги Туркманистоннинг Келиф, Керки, Чоржўй, Афғонистоннинг Андхуй тумани ва тегралари.
10. Шимолий Афғонистон (Жанубий Туркистон). Балх, Қундуз, Бадахшоннинг кунботари, Таҳор, Жузжон (Жавузжон), Шибирғон ва яна ўнлаб вилоят ва туманларни ўзи ичига олган ҳудуд.
11. Фарғона водийси. Бугунги Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ва унга туташ ҳудудлар, шу жумладан, Хўжанд ва Ўратепа.
Бу каби Ўрта Осиёнинг 10 дан ортиқ воҳаларида, ҳар бири тарихан айри-айри тарихий-маданий вилоят бўлган ҳудудларда кўчманчи ўзбек уруғларининг кенг ёйилиши ўз даврининг сиёсий ва этник жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, бу жараён минтақадаги бугунги сиёсий хариталарнинг қолиплашувини чизиб берган тарихий воқеликдир. Тўғри, минтақа ўтмишида юз берган ҳар бир воқелик, айниқса, йирик сулолаларнинг ўртага чиқиши, турли элат ва уруғларнинг кўчишлари тарихда ўз ўрнини қолдирган, ҳатто бугунги этномаданий ҳолатнинг юзага келишида ўз улушини қўшган, бироқ Шайбонийлар чоғи ўзининг кенг кўламлилиги ва изчиллиги билан бу масалада кўпчилик сулолалардан ажралиб туради. Буни қуйидагича ўзига хосликларда кузата оламиз:
1) Хоҳ Темурийлар, хоҳ ундан олдинги Чиғатой улуси чоғида бўлсин, ҳар иккаласидан фарқли ўлароқ Шайбонийлар бошқарган кезларда Турон – Ўрта Осиёда, айниқса, Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ерларда битта этник ўзлик (“92 бовли ўзбек”) теварагида юзлаб уруғларнинг уюшуви ва кўпинча биргаликда ҳаракат қилиб, минтақанинг ўнлаб воҳаларига бориб ўрнашуви кенг кўламли бўлган эди.
Биламизки, Қорахонийлар чоғида Ўрта Осиёнинг кўпроқ кунчиқар томонлари – Шарқий Туркистон, Фарғона ва Еттисув ўлкаларида бир-бирига яқин уруғлар тарқалган эди – чигил, қарлуқ, яғмо, тухси, уйғур ва б. Хоразмшоҳ – Ануштегинийлар чоғида Амударёнинг қуйи оқими – Қуйи Сирдарёда кўпроқ ўғуз ва қипчоқлар ёйилган эди. Чиғатойлар ва Темурийлар чоғида бир неча ўнлаб турк-мўғул уруғлари Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкаларда – Дашти Қипчоқ, тарихий Озарбайжон, Хуросонда анча кенг ёйилган эди, бироқ уларнинг этник ўзлиги ушбу ўлкаларнинг этномаданий ўзига хосликларига бирмунча мослашган бўлиб, ялпи туркий ўзлик бирмунча тарқоқ кўриниш олганди. Биргина “чиғатойлар”, “чиғатой турки” деган ўзлик Ўрта Осиёнинг, айниқса, Амударё – Сирдарё оралиғининг барча воҳаларига кенг ёйилиб улгурмагани бунинг ёрқин ўрнагидир. Ўша кезларда “барлос”, “арлот”, “сулдуз”, “қовчин” каби уруғлар Амударё – Сирдарё оралиғида йирик уруғлар ўлароқ билинар, бироқ улар билан боғлиқ аҳоли масканлари – қишлоқ ва овуллар сони унчалик кўп эмас, тарқалиш кўлами ҳам чекланган эди.
2) Шайбонийлар чоғида минтақанинг йирик шаҳарлари ва туман кўламидаги маъмурий бирликларининг марказлари – қўрғон ва шаҳарчалар теграсида ўнлаб янги аҳоли масканлари, қишлоқ ва овуллар юзага келди. Бу сўнгги ўрта асрлардаги ёзма манбалардаги билгилар, ХХ юзйиллик бошларидаги статистик маълумотлар, этник ва элшунослик билан боғлиқ хариталарда ўз кўринишини топган. Ҳатто бугун ҳам Ўзбекистон ва унга қўшни айрим ҳудудлардаги вилоят ва туман марказлари теграсидаги қишлоқларнинг номланишига кўз ташлайдиган бўлсак, кўпроқ Шайбонийлар чоғига тегишли уруғлар рўйхати – шажараларда келтирилган этнонимлар билан аталишини кўрамиз. Вилоят ва туманлар кесимида этнотопонимлар бирмунча фарқланиши, ўзаро ажралиб туриши кузатилса-да, Қиёт, Қипчоқ, Дурман, Қўнғирот, Найман, Сарой, Манғит, Минг, Кенагас, Жалойир, Уйшун ва яна ўнлаб этнонимлар юқорида санаб ўтилган воҳа, микровоҳа ва водийларнинг деярли барчасида бугунгача сақланиб қолгани кўзга ташланади.
3) “92 ўзбек уруғи” тушунчаси остида уюшган уруғлар ўнлаб воҳаларда тарқалиб, ўз қишлоқларига асос солиш жараёни барча воҳаларда бирдай кечмагани, айрим воҳаларда, масалан, Хоразм ва Зарафшон воҳаларида анча эртароқ юз бергани, ўтроқлашув жойларга қараб қисқа ёки узоқ муддатда бўлиб ўтгани, қадимдан аҳолиси зич, деҳқончиликка қулай ерлардан кўра кўпроқ нисбатан оз қўлланилган, яйловларга эга, кам ўзлаштирилган ерлар уруғлар орасида ўзаро “бўлиштирилгани”га дуч келинади. Жиззах воҳасининг тоғлик Сангзор микровоҳаси, Зарафшон воҳасининг қамишзор, ботқоқ ерлари ёки воҳанинг ўрта оқими сўл қирғоғидаги Қарши чўлигача чўзилган даштлик яйлов ҳудудлар ўнлаб ўзбек уруғлари учун янги маскан бўлгани бунга ўрнак бўла олади. Бу жараённинг энг порлоқ ўрнаклари Қашқадарё воҳасининг шимолий томонлари – Чироқчи – Кўкдала – Косон туманлари, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Пастдарғом, Ургут туманларидир. Бу ерларда ўнлаб йирик ўзбек уруғи – минг, сарой, найман, уз, қушчи, ёбу каби уруғлар томонидан яқин асрларда ўзлаштирилгани, айримлари ХХ юзйилликнинг илк ярмида ўтроқлашгани билинади. Шунга ўхшаш жараён Тошкент воҳасида ҳам юз берган бўлиб, буни Муҳаммад Солиҳнинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асари (XIX юзйиллик)да келтирилган қуйидаги билги ҳам кўрсатиб турибди: «Банокент шаҳридан то Овлуғ қишлоғигача бўлган оралиқда 92 та қишлоқ бор ва ҳар бир қишлоқдаги халқ 91 ўзбек уруғларидан бирига мансубдир. Қишлоқлар тоғ оралиғидаги эни 4-6 фарсах келадиган водийда жойлашган. Водий ўртасидан Оҳангарон дарёси оқиб бориб, Сирдарёга қўшилади” [Ўринбоев, Бўриев 1983: 53].
Қисқаси, Шайбонийлар ва унинг издоши бўлмиш Аштархонийлар чоғида юз берган сиёсий ва этномаданий жараёнлар кейинчалик Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари бошқаруви чоғида ҳам давом этган бўлиб, минтақанинг ўнлаб катта-кичик воҳа ва микровоҳаларининг ўзлаштирилишига олиб келади. Бугунги кунда ушбу жараёнларнинг излари этнотопонимлар, ўзбек шевалари (қипчоқча), этнографик ўзига хосликлар (емаклар, тураржой, миллий спорт – “Бухороча кураш”, ҳунармандчилик, тўқимачилик, нақшлар, ономастика ва б.лар)да ўрнагида сақланиб қолганига дуч келамиз.
Демак, Шайбонийхон ва унинг издошлари бошчилигида амалга оширилган сиёсий ва ҳарбий ишлар, кўчиш – миграция ва ўтроқлашувлар бугунги ўзбек халқининг шаклланишида ўзига хос муҳим бир босқичга айланди ва айрим босқичларга қараганда анча кенг кўламли, изчил ва сезиларли бўлди.
- Биринчидан, айнан шу босқичда илгари “турк”, “чиғатой турки” деб юритилган аҳоли эндиликда “ўзбек” миллий ўзлиги остида бирлашди.
- Иккинчидан, минтақанинг ўнлаб воҳаларида ушбу ўзликдаги кишилар яшайдиган қишлоқ ва овуллар сони кескин ошиши юз берди.
- Учинчидан, Дашти Қипчоқда куртак ёзиб, бошланғичда туркийларнинг сезиларли бир қисм ҳарбий этник гуруҳлари учун бирлаштирувчи, танитувчи атама бўлган бу ном Шайбонийхон билан янада кенг ҳудудларга – Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга қўшни ҳудудларда ёйилиб, томир отди. Натижада минтақанинг энг кўп сонли аҳолисини ташкил қилувчи янги бир жамият юзага келиб, минг йиллардир минтақада қўлланилиб келаётган туркий тилнинг давомчиси – меросчиси ўлароқ ўзбек тили билина бошлашига замин яратилди.
Ғайбулла БОБОЁР,
Тарих фанлари доктори, профессор
Қўлланилган адабиётлар
Абулғозий. Шажарайи турк. Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи Б. Аҳмедов. Нашрга тайёрловчилар: Қ. Муниров‚ Қ. Маҳмудов. Тошкент: Чўлпон, 1992.
Ахмедов Б. Государство кочевых узбеков. М.: Наука, 1965.
Ахмедов Б. А. Историко-географическая литература Средней Азии XVI–XVIII вв.: письменные памятники. Ташкент: Фан, 1985.
Бегалиев Н.Б. Ўзбек этнонимлари тарихидан. Самарқанд: СамДЧТИ, 2004
Вяткин В.Л. Материалы к исторической географии Самаркандского вилаета // СКСО. 1912. Вып. VII. – Самарканд, 1902.
Гребенкин А. Д. Узбеки // Сборник. Русский Туркестан: Сборник ст. Вып. II. Москва: Университет, 1872.
Маликов А.М. Тюркские этнонимы и этнотопонимы долины Зерафшана (XVIII – начало ХХ в.). Ташкент, 2018.
Населенные пункты Бухарского эмирата (конец XIX – начало XX в.) / Материалы к исторической географии Средней Азии. Ташкент: Университет, 2001.
Нафасов Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Тошкент: Муҳаррир, 2009.
Охунов Н. Жой номлари таъбири / Муҳаррир: З. Ҳакимов. Тошкент, 1994
Радлов В.В. Из Сибири. Страницы дневника. М., 1989.
Рашид-ад-дин. Сборник летописей, Т. I., Кн. 1 / Пер. с персидского Л. А. Хетагурова. – М. -Л.: Изд-во АН СССР, 1952.
Султанов Т.И. Опыт анализа традиционных списков 92 «племен илатийа» // Средняя Азия в древности и средневековье. М.: Наука, 1977. С. 165-176.
Туйчиев У. Отражение этнонимов в топонимии Булунгурского района // Ономастика Средней Азии. Фрунзе, 1980. Вып. 2. С. 34-45.
Туробов А.М. Самарқанд этноним ва этноойконимлари. Самарқанд: СамДЧТИ, 2002.
Қораев С. Географик номлар маъноси. Тошкент: Ўзбекистон, 1978.
Ханыков Н. В. Описание Бухарского ханства. СПб. 1843
Ўринбоев А., Бўриев О. Тошкент Муҳаммад Солиҳ тавсифида (XIX аср). Тошкент: Фан, 1983.
Адабиёт
Тил
Маънавият
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ