Тилшунос олим Элдор Асанов «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсия қилади


Сақлаш
15:17 / 13.08.2026 88 0

Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан «Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб» тавсиясини беришда давом этади. Лойиҳанинг 92-иштирокчиси таниқли этнограф, тарихчи олим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Элдор Асанов.

 

Аввало, қандайдир универсал топ-10 китоб йўқлигини айтиб ўтиш керак. Одамнинг феъл-атвори, қизиқиши, қадриятлари ва ҳаёт йўлига қараб бундай рўйхатлар фарқ қилади. Шунинг учун қуйидаги рўйхатни менинг тажрибам деб қабул қилишингизни сўрайман. Аслида менинг ўзим ҳам алоҳида ўнта китобни ажратиб кўрсата олмайман, ҳатто бу топдан сўнг фикрим ўзгариб қолиб, кейинги сафар бошқа китобларни тилга олишим ҳам мумкин. Чунки ҳар бир номни танлаш пайти бошқа вариантларни ҳам ўйладим.

 

Бу ерда номи қайд этиладиган китоблар шахсий йўлимни қисман акс эттиради ва айни пайтда маълум балансни кўрсатишга хизмат қилади, чунки мен одамлар уч регистрда китоб ўқиб бориши керак деб ўйлайман:

 

1.    Ўз йўналиши, соҳаси бўйича профессионал адабиёт – касбий ўсиш учун;

2.    Турли йўналишларда интеллектуал ва маданий адабиёт – тарихни, бугунни, инсониятни яхшироқ тушуниш учун;

3.    Бадиий адабиёт – инсонни, ҳаётни, ҳиссиётларни ва жамиятни чуқурроқ англаш, шунингдек, фикрлаш ва фикрни ифодалаш учун зарур бўлган тил, тасаввур ва тавсифлаш воситаларини бойитиш учун.

 

Аммо топ-10 нинг бошига барибир бадиий адабиётни қўйган бўлардим. Чунки инсон касбий адабиётдан ҳам аввал бадиий адабиёт орқали тилни, ҳиссиётни, одамни ва ҳаётни тушунишни ўргана бошлайди.

 

1. Лев Толстой, “Уруш ва тинчлик”(Война и мир) ёки унинг бошқа романлари ва унга яқин даврда яшаган бошқа классикларнинг асарлари. XIX асрда оммавий саводхонлик кенгайди, китоб саноати ривожланди, натижада олдинлари кўпроқ сиёсий ва интеллектуал элитага хизмат қилган бадиий адабиёт кенгроқ қатламларнинг дунёқарашига кучли таъсир ўтказадиган воситага айланди. Бу омиллар таъсирида шу даврда ижод қилган романнависларнинг асарлари кенг оммага етиб бориб, ҳам уларга шуҳрат келтирди, ҳам жамиятга катта таъсир ўтказди. Худди шу давр адабиётида реализм ҳукм сургани қайсидир маънода бугун дунёни реалистик кўришимиз, тушунишимиз ва тавсифлашимизга сабаб бўлди.

 

Толстой, Достоевский, Чехов кабилар бу мактабнинг бизнинг авлодга танишроқ, яқинроқ вакиллари. Булардан ташқари, Бальзак, Жорж Элиот, Флобер, Золя, Диккенс ва бошқаларни ҳам айтиш мумкин. Ҳар ким ўзига маъқулини танлайди.

 

2. Орхан Памук, “Қора китоб”(Кара китап) – шахсан менга жуда кучли таъсир қилган роман. Бу энди реализм эмас, балки Ғарб модернизмини Шарқ символизми билан уйғунлаштирган постмодернистик матндир. Атрофга янгича қарашга мажбур қиладиган роман.

 

3. Ўзбек халқ достонлари – бадиий адабиётнинг мутлақо бошқа, халқона йўналиши. Айниқса, “Кунтуғмиш” кутилмаган даражада мукаммаллиги, воқеалар ривожи, драматизми, қаҳрамонларнинг ҳиссиётлари ниҳоятда жонли кўрсатиб берилгани билан мени ҳайрон қолдирган.

 

4. Жалолиддин Румий, “Маснавийи маънавий” – форс адабиётининг гўзаллигини, Шарқ анъанасининг теранлигини ўзида жамлаган буюк асар. Рўйхат чекланмаганида, унинг қаторида тилга олинадиган яна бир неча форс, турк ва араб мутафаккири бор эди.

 

5. Дэвид Кристианнинг китоблари. Бугун фанда Big History – “Катта тарих” концепцияси оммалашмоқда. Бу йўналишнинг асосчиларидан бири бўлган америкалик тарихчи Дэвид Кристиан Катта портлашдан бугунги кунгача бўлган тарихни сабаб ва оқибатлар кетма-кетлиги сифатида ўрганишни таклиф қилади. Унинг икки китоби бор: оммабоп тилда ёзилган "Ибтидо ҳикояси: ҳамма нарсанинг катта тарихи” (Origin Story: A Big History of Everything) ва илмий услубдаги "Вақт хариталари: Катта тарихга кириш" (Maps of Time: An Introduction to Big History). Бу китоблар қайсидир маънода Лоренс Краусс, Стивен Хокинг, Роберт Ҳазен, Ричард Докинз ва Юваль Ҳарариларнинг ўрнини босади – уларнинг мавзуларини ўзида бирлаштиради.

 

6. Жаред Даймонд, "Қурол, микроб ва пўлат: инсон жамиятларининг тақдирлари"(Guns, Germs, and Steel: The Fates of Human Societies) – инсоният тарихи ва тарих илмининг ишлаши ҳақида тасаввуримни ўзгартириб юборган китоб. Унинг аҳамияти – фактларни талқин қилишни ўргатади ва айни пайтда тарихга кенг кўламда қараш, кишилик тарихини умумий контекстда, умумий қонуниятлар негизида тушуниш кераклигини уқтиради.

 

7. Дэвид Грэбер, Дэвид Уэнгроу, "Ҳамма нарсанинг тонги" (The Dawn of Everything) – юқоридагига ўхшаш, лекин янада баҳслироқ китоб. Инсон жамиятларининг илк тарихи ҳақида жуда бой маълумот беради ва айни пайтда фанда ҳукм сурган қарашларни шубҳа остига олади. Китобнинг бош ғояси – қадимги одамлар биз ўйлагандан кўра ақллироқ бўлган, ниҳоятда мураккаб маданиятлар яратган, мураккаб жамиятлар қурган, шу боис тарихни фақат қолоқликдан ривожланиш томон йўл деб тушунмаслигимиз керак.

 

8. Фернан Бродель, "Моддий тамаддун, иқтисод ва капитализм, XV–XVIII асрлар"(Civilisation matérielle, économie et capitalisme, XVe–XVIIIe siècle). Броделнинг бу китоби тарихчиларнинг қарашларини ўзгартириб юборган, унинг услубини ва ғояларини акс эттирган фундаментал асардир. У тарихни урушлар, сиёсат, подшолар орқали эмас, озиқ-овқат, кийим-кечак, савдо, шаҳар ҳаёти, бозорлар орқали тавсифлайди, тарихий жараёнларни секин ўзгарадиган тузилмалар орқали тушунишни ўргатади.

 

9. Дерек Бикертон, Adam’s Tongue, "Одамнинг тили: инсон тилни, тил инсонни қандай яратди?" (How Humans Made Language, How Language Made Humans?). Америкалик тилшунос Дерек Бикертон бу китобида энг қадимги тил бўйича ўз фикрларини беради, тил туфайли инсон бугунги қиёфага эга бўлганини илгари суради.

 

10. Василий Бартольд, Марказий Осиё туркий халқлари тарихи бўйича ўн икки маъруза(Двенадцать лекций об истории турецких народов Средней Азии). Туркий халқлар тарихини содда ва айни пайтда илмий йўсинда тушунтириб берадиган китоб. Китоб анча эскириб қолган, фандаги янгиликларни акс эттирмайди, лекин афсуски, туркий халқлар тарихи бўйича бундан яхшироқ синтез ҳозирча вужудга келмади.

 

Элдор Асанов 1988 йил Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Турли йилларда ЎзМУда Журналистика ва Ўзбек филологияси факультетларида таълим олган. 2023 йилда филология бўйича фалсафа доктори диссертациясини ҳимоя қилган. 2020 йилдан буён ЎзР ФА Миллий археология марказида (ҳозир Антропология институтида) турли лавозимларда ишлаб келади. Бугунги кунда шу институтда Ижтимоий-маданий антропология бўлими бошлиғи.

 

Илмий қизиқишлари ва тадқиқотлари туркий ва эроний тиллар, этногенез, ўзликлар, интеллектуал тарих, тил антропологияси, Марказий Осиё тадқиқотлари ва бошқа йўналишларда.

 

Лойиҳанинг сўнгги 3 сони билан тегишли ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:

-       Академик Шавкат Аюпов тавсияси

-       Генерал-майор Азизбек Икромов тавсияси

-       Халқаро молия бошқарувчиси Ашрафбек Олимов тавсияси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38135
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//