Бутунжаҳон иқтисодий форуми (WEF) ҳисоботларига кўра, мактабда ўзлаштирилган билим, формула ва академик қоидаларнинг 60–70%и инсонга катта ҳаётда тўғридан-тўғри керак бўлмайди. Хўш, унда мактабга бориш нимага керак ва унинг вазифалари аслида нимадан иборат? Нега хусусий мактабларга бўлган қизиқиш ортмоқда ва улар давлат мактаби бера олмаётган қандай афзалликларни таклиф қиляпти? Мақолада мана шу саволларга атрофлича жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Бу йил ўғлим бошланғич синфни тамомлаб, ўрта мактабга қадам қўяди. Битирув кунидан бошлаб, миямда тинимсиз “энди нима қилсам экан”, деган фикр айланарди. Чунки катта синфларда ўқувчилар ўз ҳолига ташлаб қўйилади, ўқитувчи етишмайди, боланинг ўқишга бўлган қизиқиши сўнади, деган турли гапларни эшитиб юрардим. Кейин уйимга яқинроқ бўлган хусусий мактаблардаги нарх-наво билан қизиқа бошладим. Бир нечтасига “экскурсия”га ҳам бордик. Лекин охир-оқибат ўғлим ўзининг синфида қолишга қарор қилди. Мен эса бу жараёнда ўтказган кичик “тадқиқотим” натижаларини ота-оналар билан бўлишишга қарор қилдим.
Охирги йилларда “FOMO” (fear of missing out) бирор муҳим воқеани ўтказиб юбориш, ниманидир бой бериш қўрқуви фарзанд тарбиясида ҳам жуда ёрқин акс этаётганини кўриш мумкин. Бир ёшга тўлар-тўлмас, болани ривожлантириш курсларига олиб бориш, бирданига 2-3талаб тил ўргатиш, кун тартибида фақат овқатланиш учун бўш вақт қолдириш орқали ота-оналар фарзандининг кафолатли бахтиёр келажагини яратишга уринмоқда. Шунингдек, кўп ота-оналар орасида болани бошланғич синфда давлат мактабида, юқори синфга ўтгач, хусусий мактабда ўқитиш керак, деган фикр юрар экан. Балки, қайсидир маънода улар ҳақдир ҳам. Лекин боланинг ёш ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, 11-12 ёшида болалар орасида айни буллинг, “ўзиники” ва “бегона”га ажратиш даври бошланади ва бу ўқувчининг янги синфдошлари томонидан яккалаб қўйилиши, оқибатда ўқишдан бутунлай совиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, бу масала чуқурроқ ёндашув ва таҳлилни талаб этади.
– Болаларда билимга бўлган қизиқишнинг сўнишига тизим айбдор эмас, дейди психолог Суҳроб Тиллаев. – Бунга сабаб бола психологияси. 5-синфдан бошлаб болаларга таълим олиш қизиқ эмас, балки гуруҳда авторитет ҳисобланган одамларнинг фикри қизиқроқ бўлади. Айнан билимлар қадрланадиган кучли муҳит ўқувчи учун кучли мотивация ҳисобланади. Ҳар бир фан ўқитувчи орқали қабул қилинади. Ўқитувчи ёқса, фан ҳам ёқади, ёқмаса, фанни ҳам ёмон кўради. Лекин ўқувчи ўзидан кучлироқ муҳитга тушиб қолса бу ҳам унинг ўқишга бўлган иштиёқини сўндириши мумкин. Масалан, бола қайсидир фан бўйича синфда ҳаммадан орқада қолса, у фанни ёмон кўриб қолади ва қизиқиши сўнади. У кучли муҳитда ундан кутилган натижани кўрсата олмагани учун шунчаки мағлубиятни тан олади.
Халқаро тадқиқотлардан маълум бўлишича, янги ёки яхши таъмирланган бино, қулай ўриндиқлар ва интерактив доскалар боланинг келажакдаги муваффақиятини белгиламайди. Муваффақиятни муҳит ва мета-кўникмалар яратади:
PISA тестлари натижалари таҳлилидан маълум бўлишича, агар оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати (ота-онанинг даромади, уйдаги китоблар сони) билан боғлиқ маълумотлар олиб ташланса, хусусий ва давлат мактаби натижалари ўртасидаги фарқ деярли йўқолади. Хусусий мактабларнинг ютуғи алоҳида методикаларда эмас, балки боласининг келажагига бефарқ бўлмаган, ўзига тўқ оилалар фарзандларини саралаб олиши билан белгиланади.
Gallup тадқиқотларидан кўринадики, хусусий мактаблар ўқувчига берадиган асосий капитал бу – нетворкинг ва Soft Skills (юмшоқ кўникмалар). Хусусий мактаб битирувчилари катта ҳаётда кўпроқ ўз ишидан мамнунлик ва руҳий барқарорлик белгиларини намоён этишади. Бунга сабаб “яхлит ривожланиш”да. Яъни хусусий мактабда ўқувчилар хато жавоб бергани учун кимдир уришишидан қўрқмайди, ўзини анча эркин ҳис қилади, уларда тақдимот, эмоционал интеллект, танқидий фикрлаш кўникмалари яхшироқ ривожланади. Энг асосийси эса, ижтимоий капитал бўлиб, хусусий мактаб битирувчилари келгусида ўз синфдошлари билан бизнес-ҳамкор бўлиши ёки бир соҳада ишлаши эҳтимоли юқорироқ бўлади.
– Хусусий мактабда идеал ҳолатда таълим қадрланадиган муҳит яратилиши керак. Телефон ёки қандақадир моддий буюмлар “крутой”лик даражасини белгиламаслиги лозим. Яъни боладаги барча базавий эҳтиёжлар қондирилган ва ягона “крутой”лик белгиси бу – унинг билими, ақлий салоҳияти билан қандайдир муваффақиятга эришгани бўлиши лозим. Фарзандларимнинг таълим олиши учун хусусий мактабни танлаганимнинг биринчи сабаби шу. Иккинчиси бу – нетворкинг. Мен амалиётда бизнесдаги муаммоларни синфдошлар ҳал қилган ҳолатларга кўп дуч келганман. Яъни хусусий мактаб келгусида нетворкинг сифатида ёрдам бериши лозим, дейди Суҳроб Тиллаев.
Аммо ҳамма хусусий мактабларда ҳам идеал муҳит ҳукмрон деб бўлмайди. Шахсини ошкор қилмаслигимни сўраган бир ўқитувчининг айтишича, у ишлаган хусусий мактабда ҳар бир бола қўшимча даромад манбаи сифатида кўрилгани учун, ўқувчиларни уришиш тақиқланган экан. Бир куни иккита бола ўртасида муштлашув содир бўлган ва ўқитувчи жанжални бошлаган ўқувчига дашном берган. Ярим соат ўтар-ўтмас, боланинг бобоси келиб, “мени кимлигимни биласанми?” дея бутун мактабни бошига кўтарган. Охир-оқибат ўқитувчини “болага қўпол муомала қилгани учун” ишдан бўшатишган. Бу жараёнда ким ҳақ ёки ноҳақлиги менга қоронғи, бироқ болада конфликтларни биргина “қўнғироқ” орқали ҳал қилиш кўникмасини рағбатлантирувчи ҳамда ўқитувчи ҳуқуқларини поймол қилган мактаб маъмуриятига саволларим бисёр.
– Мактабда ўқитувчиси қизимга 4 баҳо қўйган, аслида эса 5 қўйиши керак бўлган. Фахрий ёрлиқ эса фақат 5 баҳо олганларга берилган. Қизим ўқитувчининг олдига бориб, нега менга 4 қўйдингиз деса, бошида ўзинг унча яхши ўқимадинг, шунинг учун табелга 4 тушиб, фахрий ёрлиқ ололмадинг деган. Бошида биз вазиятга аралашмасдан, қизимизга ўзинг ҳал қил, дедик, лекин бир неча уринишлардан кейин ҳам масала ҳал бўлмагач, биз директорга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ваҳоланки, болалигимда бу ёшда давлат мактабида муаммоларни ўзим ҳал қилардим. Яъни, ўша пайтларда тизим боланинг мустақил ҳаракат қилишига йўл қўярди. Бунақа вазиятларда ота-она жанжаллашмасдан, ҳиссиётга берилмасдан, рационал ечим топиши ва болага шу орқали ўрнак бўлиши лозим, дейди Суҳроб Тиллаев.
Хусусий мактабларнинг шинам ва қулай муҳити ўз навбатида «иссиқхона синдроми» хавфини юзага келтиради. “Комфорт” шароитда ўсган болалар келажакда шафқатсиз реал рақобатга тўқнаш келганда эсанкираб қолишлари мумкин. Бунга қарама-қарши ўлароқ, давлат мактаблари битирувчилари катта синфлардаги ресурс танқислиги ва юқори рақобатдан ўтиб, психолог Анжела Дакворт таърифлаган Grit (ирода ва ҳаётий чидамлилик) кўникмасини эгаллашади.
Демак, айтиш мумкинки, давлат мактаби ҳар бир болага алоҳида эътибор ва «юмшоқ кўникмалар»ни етарлича бера олмаслиги мумкин, аммо ўзига хос «ижтимоий чиниқиш»ни беради. Яъни ижтимоий келиб чиқиши турлича бўлган 35-40 кишилик синф аслида реал ҳаётнинг кичрайтирилган модели вазифасини ўтайди. Хусусий мактаб эса шунчаки академик билимни эмас, балки қулай муҳит, ўзига бўлган ишонч ва ўзлигини намоён қилиш имкониятини беради.
Хусусий мактаб тарафдори бўлган ота-оналарнинг аксарияти бу ерда бола тўлиқ назорат остида бўлиши ва уни қўшимча репетиторларга бериш, дарс қилдириш, қорнини тўқлаш кабилар ҳақида бош қотиришга ҳожат қолмаслигини айтади. Бироқ бу ўринда мени ўйлантирадиган бошқа жиҳат бор: эрталаб 8-30дан кечки 17-00гача мактабда бўлган бола билан ота-она ўртасида эмоционал алоқа йўқолмайдими? Бола катта ҳаётда керак бўладиган энг муҳим кўникмаларни ва тарбияни ота-онасидан олиши керак эмасми? Эксперт Суҳроб Тиллаевнинг таъкидлашича, ҳозир хоҳ давлат мактаби бўлсин, хоҳ хусусий – асосий вазифаси билим беришдан кўра бевосита ижтимоий ва тарбиявий функцияларни бажариш бўлиб қолган.
– Мактаб боланинг дарсларда гаплашмай ўтириши, ортиқча савол бермаслиги, вазифаларни ўз вақтида бажаришига қараб баҳолайди. Лекин бу унинг билимини, иқтидорини белгиловчи асосий омиллар эмас. Мактаб интизом ва бўйсунувчанликни рағбатлантиради. Тўғри, интизом боланинг муваффақиятга эришишида муҳим, бироқ бу боланинг интеллектини баҳолашда ҳал қилувчи мезон эмас. Ота-она эса фарзандини шартсиз, қандай бўлса шундайлигича қабул қилиши керак. Қандай яшаш, мулоқотга киришиш, муаммоларни ҳал қилиш, конфликт вазиятлардан чиқиб кетиш, пулга ва меҳнатга бўлган муносабатларни мактаб эмас, ота-она ўргатади.
Ўқитувчи ёки дўстлари билан уришиб қолганида бола келиб, ҳаммасини айтиб бера оладиган, йиғлаб ичини бўшатадиган ва йўлида давом эта оладиган хавфсиз оролча бу – оила бўлиши керак. Чунки болага ниманидир шунчаки ўргатиб бўлмайди, фақат шахсий намуна орқали кўрсатиш лозим.
Шу ўринда Таълим социологияси ва карьера консалтинги тадқиқотлари натижаларини келтириб ўтаман:
Боланинг касб танлашида ота-оналар таъсири ҳал қилувчи аҳамиятга эга (50% – 70%). Улар боланинг қай даражада катта орзулар қила олиши, хавфсизлик чегараларини белгилайди ҳамда танловни молиялаштиради. Бола ота-она йўлини такрорлаши ёки, аксинча, қайсидир тажрибаси сабаб, унга қарама-қарши йўлни танлаши мумкин.
Ўқитувчи ва менторларнинг вазифаси эса болани илҳомлантириш ва йўналтиришдан иборат бўлиб, касб танловида 15% – 35% таъсирга эга. Ўқитувчи болада фанга бўлган меҳрни уйғотади, яширин иқтидорни пайқаб, интизомни шакллантиради.
Бу ерда хулоса аниқ: фарзандининг яхши билим олиши ва олдига катта мақсад қўйишида мактабдан кўра, ота-онанинг роли муҳимроқ. Муҳит эса мавжуд қизиқиш ва интилишни ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин.
Хусусий мактаб афзалликлари ҳақида гап кетганда, мен суҳбатлашган ота-оналардан бири хавфсизлик масаласига урғу берди. Катта фарзандим хусусий мактабда ўқийди ва дарслари тугагач, мен қўнғироқ қилиб гаплашганимдан кейингина мактаб қоровули уни дарвозадан чиқаради. Ўғлимнинг қаердалиги, нима қилаётганидан кўнглим хотиржам. Иккинчи ўғлим эса давлат мактабида ўқийди ва кўпинча танаффус пайтида бозорга бориб, ул-бул нарсалар олиб келганини айтади. Тўғриси, мен нега болаларни ҳали дарслар тугамай туриб, мактаб ҳудудидан ташқарига чиқарилишини тушунмайман, деди суҳбатдошим. Бу борада унинг гапларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Фарзандим 4 йил давомида мактабда ўқиётган бўлса, оналарнинг “завуч” хонасида соч юлишишидан тортиб, ўқувчиларнинг “тўдалашиб муштлашиши”гача бўлган ҳар хил воқеаларни эшитдим. Бу масала ҳанузгача эътибордан четда қолаётгани ғалати.
Давлат мактаби ва хусусий мактаб ўртасидаги фарқни таҳлил қиларканмиз, табиийки, нарх-наво масаласини ҳам четда қолдира олмаймиз. Тошкентдаги хусусий мактаблар нархи ойига ўртача 6,5 миллион сўмдан бошланади. Давлат мактаби эса бепул. Бироқ ота-она давлат мактабида ўқиётган фарзанди учун хусусий мактаб таклиф этадиган тўлиқ инфратузилма — яъни қўшимча фанлар бўйича репетиторлар, спорт ва санъат тўгараклари, транспорт ҳамда сифатли овқатланишни алоҳида сотиб олса, оилавий бюджетдан кетадиган харажат кутилмаганда хусусий мактаб тўловига жуда яқинлашади.
Молиявий фарқ бор-йўғи 10–20 фоизни ташкил қилгани ҳолда, вақт ва асабларни тежаш борасида, албатта, устунлик хусусий мактабда. Давлат мактаби вариантида оилада кимдир логист ёки ҳайдовчи вазифасини бажариши керак. Болани мактабдан олиб, тушлик тайёрлаш, тўгарак ва репетиторга ташиш, жараённи доим назорат қилиш ва кечки пайт соат 19:00 дан кейин уй вазифасини қилдириш каби вазифалар одатда, оналар зиммасига тушади ва бундай оналар, ўз-ўзидан ишга тўлиқ диққат қарата олмаслиги ёки бутунлай ишдан воз кечишига тўғри келади.
Хулоса ўрнида
Биз, ота-оналар, ўзимиз билмаган ҳолда «кимнинг фарзанди кўпроқ муваффақиятга эришади» деган чексиз ва ҳолдан тўйдирувчи пойгага кириб қоляпмиз. Замонавий дунё, трендлар ва ижтимоий тармоқлар бизга доимо «энг яхши мактаб», «энг қиммат тўгарак» ва «кафолатланган порлоқ келажак»ни сотишга уринади. Аммо бу жараёнда энг муҳим нарсани унутиб қўймаслигимиз керак: бизнинг асосий вазифамиз фарзандимизни пойга иштирокчисига айлантириш эмас, балки уни шунчаки севиш.
Давлат мактаби бўладими ёки хусусий, бинонинг чиройлилиги ёки парталарнинг қулайлиги — боланинг келажагини ҳал қилмайди. Энг муҳими – фарзандимиз ўзига қизиқ бўлган соҳа ва билимларни эгаллаши мумкин бўлган соғлом муҳитни яратиб бериш, унинг шахсий танловини, қизиқишларини ва хатоларини ҳурмат қилишни ўрганишдир.
Висола ҚАРШИБОЕВА,
журналист
Адабиёт
Тил
Маънавият
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ