Oyina.uz бугунги ўзбек замонавий санъати қандай яратилаётганини ижодкорларнинг ўзи ва уларнинг иш жараёнлари орқали кўрсатишни мақсад қилган «Ичкаридан» номли махсус суҳбатлар лойиҳасини давом эттиради.
Лойиҳанинг навбатдаги қаҳрамони – «Парадокс», «Носталгия», «Миф» каби ноодатий кўргазмалари орқали жамиятнинг оғриқли нуқталарига ойна тутиб келаётган рассом Элнур Эгамов. У суҳбатда замонавий ўзбек тасвирий санъатининг бугунги ҳолати, тизимдаги муаммолар ҳақида сўзлаб берди.
Рассом билан суҳбатлашиш учун шаҳар марказидан бироз узоқлашиб, Қўйлиққа – «Турон» кутубхонаси филиалида жойлашган устахонасига йўл олдик. Кутубхонанинг иккинчи қаватидаги нимқоронғи зал оралаб кичик хонага кирамиз. Иш қуроллари сочилиб ётар, деворлардаги картиналарни эса рассом қутиларга жойларди. Элнур Эгамов бироз ҳорғин, шу билан бирга кўзларида нимадандир умид бор.
Фото: Холида МУСУЛМОН
Бунинг сабаби кўп ўтмай аён бўлди — рассом ўзининг энг муҳим асарлари яратилган устахонаси билан хайрлашмоқда, кейинги манзил эса ҳозирча номаълум. Ана шундай паллада Элнур Эгамовдан замонавий тасвирий санъат, ижодий изланишлар ва бугунги ўзбек рассомининг ҳаёти ҳақида эшитамиз.
Июль ойида тўрт йилдан бери ижод қилаётган устахонамдан чиқишимни айтишди. Бино Маданият вазирлиги тасарруфига ўтаётган экан. Ижарага жой изладим, лекин нархлар кутубхонага тўлаётганимдан бир неча баробар юқори. Ижод бизнес ёки ишлаб чиқариш эмаски, «фойдаси тез қайтади» деб юқори ижара пули билан таваккал қилолсам.
Фото: Холида МУСУЛМОН
32 ёшимгача алоҳида устахонам бўлмаган. Чилонзордаги икки хонали уйимизда балконга кўчирилган ошхонанинг ўрнида ижод қилардим. Лекин уйда оила, фарзандлар ёнингизда бўлганда соатлаб картина қаршисида ўтиролмайсиз, ўзингизни ижодга тўла бағишлолмайсиз.
Бу ерни ижарага олганимдан олти ой ўтиб, илк шахсий кўргазмамни ўтказдим. Юракда ижод йиғилиб ётган эдида. Ундан кейин ҳам тез-тез кўргазмалар қилдим. Устахонаси, ишонадиган макони бўлиш рассом учун қай даражада муҳимлигини шундан ҳам билиш мумкин.
Устахона – бугунги ўзбек рассоми дуч келаётган муаммоларнинг фақат биттаси, холос. Биздаги Рассомлар уюшмаси ва Бадиий академия ташқаридан қараганда ижодкорларни қўллаб-қувватлайдигандек кўринади. Лекин ислоҳотларнинг таъсири фақат «тепада айланмай» оддий ижодкоргача етиб бориши керак. Бюджетдан ажратилаётган маблағлар тизимли, самарали ва адолатли тақсимланиши муҳим.
Четдан делегация келса ҳам фақат «катта бўри»ларнинг ишлари кўрсатилади. Натижада пирамиданинг тепасидаги ўн-ўн беш рассом яхши яшайди, қолганлари эса ижодидан эмас, қўшимча ишлардан кун кўради. Ёки эски даврлардан ҳалигача сақланиб келаётган «откат» тизими – «картинангни 50 мингга сотиб бераман, йигирмаси сеники, ўттизи меники», қабилида иш юритилади.
Балки «давлат нимадир қилиб берсин», дейишим хатодир. Лекин Ўзбекистондан дунёга таниладиган рассомлар чиқишини истасак, аввало уларни қўллаб-қувватлаш керак. Тасвирий санъат орқали келадиган фойда ишлаб чиқаришдан ҳам юқори бўлиши мумкин. Дунёда шундай давлатлар бор – одамлар у ерга нафақат табиатини, балки музейлари, галереялари ва кўргазмаларини кўриш учун ҳам боради. Бундан эса нафақат санъат, балки туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам ютади.
«Идеализм». Мукаммал кўринадиган ҳаёт ортида илма-тешиклар бўлиши мумкин. Аммо ҳамма «рамка» ичини кўрсатади.
Фото: Холида МУСУЛМОН
Мен ҳам қирққа яқинлашяпман. Табиийки, бу ёшга келган рассомнинг оиласи, рўзғори, устахона ижараси, бўёқ ва бошқа харажатлари бўлади. Аввалига катта умид билан ишлайди, йиллар давомида муаммоларга ҳам чидаб юради. Лекин на кутган даромад, на кутилган ҳомий чиқмаса, ичидаги олов ҳам аста-секин сўна бошлайди.
Мана, шоирларда анча авлод алмашинуви бўлди. Ёшлар янги қон бўлиб кириб келди, уларнинг ўз услуби, сўзи бор. Тасвирий санъатда эса ҳали катта авлод алмашмади. Сал бошқачароқ иш қилсангиз, «йўқ, бунақаси бўлмайди», деб эски ўлчовларга маҳкам ёпишиб олишади. Ёш истеъдодлар гўё тўғонда тиқилиб қолгандек. Тўғон очилса, ана ўшанда янгиликларни кўрасиз.
Муаммолар ҳақида гапирганда таълим, айниқса, олий таълим масаласига тўхталиш жуда муҳим. Келинг, ўзим мисолимда айтиб берсам. Қашқадарёнинг Китоб туманида туғилганман. Тасвирий санъатга қизиқишим раҳматли амаким Ҳошим Эгамовдан ўтган. Бешинчи синфдан битиргунимча тумандаги тасвирий санъат мактаб-интернатида ўқидим. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтида аввал бакалавр, кейин магистр босқичини тамомладим. Аммо соҳадаги билимимнинг 90 фоизини туманимдаги ўша лицейда олганман. У ерда эркинроқ эдик, кўпроқ «эксперимент» қилардик. Институтдаги қолипли тизим ўрта таълимдаги билимни бойитиш ўрнига чеклаб қўйди. Муомалага қараб баҳолаш, ўзиникини ҳақ деб билиш, ижод ва меҳнатни етарлича қадрламаслик талабани синдиради.
Кейинчалик институтнинг ўзида дарс ҳам бердим. Педагоглар илмий-услубий қўлланмаларни янгиламас, ўзидан олдинги ва ҳатто, совет давридаги қўлланмаларнинг муаллифи ва йилини ўзгартириб, дарс ўтарди. Ўшалар ҳам асосан назарияга таянилган бўларди.
Биздаги тасвирий санъат таълимида турфа ёндашувлар етишмайди. Масалан, Озарбойжонда академизм (Академизм — XVII–XIX асрларда Европа бадиий академияларида шаклланган, қадимий антик давр ва Уйғониш даври санъати қоидаларига қатъий амал қилишга асосланган санъат йўналиши) бўйича алоҳида, замонавий санъат бўйича алоҳида таълим берадиган муассасалар бор экан. Иқтидор мана шундай хилма-хилликда очилади. Кимдир академизмни танлаб, кейин бошқа йўналишга ўтишни истар, бошқаси замонавий санъатдан кетиб, кейин академизмга эҳтиёж сезар. Муҳими, танлов кўп бўлиши керак.
Авваллари акварелда ижод қилардим. Узоқ йиллар шахсий кўргазма қилишга журъатим етмай, умумий кўргазмаларга қўшилиб юрганман. Интернет орқали чет эллик рассомларнинг ишларини мунтазам кузатиш эса нафақат илҳом, балки ўзимга ишонч ҳам берди. Биринчи шахсий кўргазмамда ўша пайтда ҳали Ўзбекистонда деярли қўлланмаган инсталляциялардан фойдаландим.
Шу жойда агар замонавий билимни интернетдан излаб топсак, янги йўналишларни ижодкорнинг ўзи йиллар давомида мустақил ўрганса, олий таълимнинг вазифаси қаерда қоляпти, деган савол ҳам ўртага чиқади...
Аслида кўплаб муаммоларни кучли танқид ва таҳлил билан аллақачон бартараф этса бўларди. Афсуски, бизда айнан шу бўғин деярли ишламайди.
Тасвирий санъатни танқид қиладиган одам модернизмни ҳам, абстракционизмни ҳам, реализмни ҳам, хуллас, соҳа дунёсидаги жамики «-изм»ларни тушуниши, шу пайтгача яшаб ўтган рассомларнинг ижоди ва йўналишларини яхши билиши керак. Ана ундан кейингина танқид қилишга ҳақли бўлади.
«Ўзан». Қишлоқда сўзана ҳожатхона пардаси қилиб ишлатилаётганини кўрган рассом уни ўзан сифатида тасвирлаган
Фото: Холида МУСУЛМОН
Шундай танқидчининг битта яхши ёзилган мақоласи рассомларни тебратиб юбориши мумкин. Афсуски, бугун бунақа мутахассис деярли йўқ. Тўғри, Камолиддин Беҳзодда санъатшунослик бўлими бор. Лекин бўлажак санъатшуносларга дарс бераётган педагогларнинг ўзини ҳам қайта ўқитиш керак. Юқорида айтганимдек, кўп билимлари эски даврда қотиб қолган.
Аввал яхши санъатшунослар бўлган, лекин уларнинг аксарияти замонавий санъатни тушунмайди ёки унга эски қарашлар билан ёндошади. Ҳозирги ёш санъатшуносларни ҳам айблагим келмайди. Улар ҳам биз каби тизимнинг маҳсули. Бу соҳанинг нонини ейман деса, даромад тополмайди. Диплом олади, музейга оддий ходим бўлиб ишга киради. Биладики, бирор катта рассомнинг танқидчиси бўлиб на обрў ва на моддий барқарорликка эришади.
Биласиз, кўргазмаларда ҳар бир асарнинг остига аннотация ёзилади. У томошабинга асарни тушунишга ёрдам беради. Аслида аннотация тайёрлаш санъатшуноснинг вазифаси. Аммо бизда буни кўпинча рассомларнинг ўзи қилади. Шунинг учун ҳам бу йўналиш яхши ривожланган, деб айтолмайман. Устоз Бобур Исмоилов, ёш рассомлардан Сардор Эркиновлар аннотация билан яхши ишлайди. Ўзим эса охирги кўргазмам — «Миф»да барча асарлар учун аннотация тайёрладим. Биринчи шахсий кўргазмам олдидан танлаган санъатшуносим панд бергани учун ўзим фақатгина кўргазманинг умумий изоҳини ёзишга улгурган эдим.
Тасаввур қилинг, бир она боласини кўргазмага олиб келди. Ўзи шифокор, эри тадбиркор, хуллас, санъатдан узоқ одамлар. Фарзанди: «Ая, бу ерда нима тасвирланган?» деса, «Билмайман, болам, бир момони чизибди», дегандан кўра, аннотацияни ўқиб: «Бу ерда Аёз момони тасвирлаган экан, унинг мифологиясида мана бундай маъно бор экан», деса, бола ҳам тасаввур қилади, асарнинг кучи ҳам икки-уч баравар ортади. Албатта, аввало картинанинг ўзи гапириши керак. Аннотация эса томошабинга қўшимча калит беради.
Хўш, замонавий санъатнинг ўзи нима? Биз ҳали классик санъат қарашларини тўлиқ англаб улгурмасимиздан, дунё аллақачон бошқа босқичга ўтиб бўлди. Леонардо да Винчи анъаналарига эргашиб, ёруғ-соя, майда деталлар ва реализмни мукаммал даражада ишлаётган ижодкорлар жуда кўп. Аммо замонавий санъатнинг асосий қадри энди техник маҳоратдан кўра ғоя ва фалсафада намоён бўлмоқда.
Баъзан реализмдагилар бу йўналишдаги ишларни кўриб, «Шу ҳам санъатми?» деб қолади. Лекин уларнинг ижодига нисбатан ҳам «Бу тасвирнинг ғояси қани?», дейиш мумкин. Бугун шунчаки тарихий шахс ёки бўзрайиб турган портретни маҳорат билан чизишнинг ўзини санъат деб бўлмайди. Асар ортида фикр, муносабат, савол борлиги ҳам муҳим.
«Идеализм». Мукаммал кўринадиган ҳаёт ортида илма-тешиклар бўлиши мумкин. Аммо ҳамма «рамка» ичини кўрсатади.
Фото: Холида МУСУЛМОН
Замонавий тасвирий санъатда ўз йўлимизни яратишимиз муҳим. Бугунги ўзбек замонавий санъати – ўзбеклигини унутмаган ҳолда, эркин ижод қилиш, дегани менинг назаримда. Дейлик, бирор асарим океан ортидаги халқаро кўргазмага олиб борилди. Ўша ерга кирган ўзбек томошабин ўнлаб асарлар орасидан уни кўрибоқ «бу бизники», деёлса, ана ўшани ўзбек замонавий санъати деса бўлади. Қайсидир ранг, деталь ёки руҳ билан муаллиф ўзбеклиги сезилиб туриши керак.
Замонавий санъат ҳақидаги қарашларим ижодимда ҳам акс этади. Мен эркин график рассомман. Ишларимга назар ташласангиз, уларни оқ-қора ечим, чизиқ ва графика қонуниятлари бирлаштириб туради. Исталган ғоямни хоҳлаган материалда ифодалайман. Материал танлашда ўзимни чекламайман. Бу рассомчилик бўёғи, буниси темирчилик асбоби ёки қурилиш материали, буниси чиқинди, деб ажратиб ўтирмайман. Муҳими, у ғояга хизмат қилсин.
Йўналиш ва услубимни тез-тез ўзгартириб тураман. Одатда, катта сакрашлар бўлмайди. Ҳар қандай янги тажрибамда ҳам аввалги услубимнинг камида ярми сақланиб қолади. Аслида энг муҳими ҳам шу — рассомнинг ўзаги йўқолмаслиги керак. Ўзимнинг ижодий тилимни ҳазиллашиб «элнуризм» деб атайман.