Маҳмуд Торобийнинг пири – Шамсуддин Маҳбубий тарихи


Сақлаш
16:15 / 11.08.2026 78 0

Юртимиздан Ислом оламида машҳур бўлган кўплаб мутафаккирлар етишиб чиққан бўлиб, уларнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Хусусан, Бухоро шаҳри фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшган алломалари билан ном қозонган. Бироқ тарихий тадқиқотларда Бухородаги Маҳбубийлар сулоласи, хусусан, Шамсуддин Маҳбубий ҳаёти ва илмий мероси етарлича ўрганилмаган. Шу боис, микротарих йўналишида Шамсуддин Маҳбубий фаолиятининг ўрганилмаган қирраларини юзага чиқариш тарих фани учун долзарб вазифадир.

 

ХIII–ХIV асрларда Бухорода кўплаб фақиҳлар фаолият юритиб, улар бу илмни авлодма-авлод мерос қилиб қолдирганлар. Бундай сулолавий оилалар сирасига Оли Моза, Ҳасирийлар, Хайзахазийлар ва Ақилийларни киритиш мумкин[1].

 

Ислом ҳуқуқшунослигида ўзига хос ўрин тутган Маҳбубийлар (Садр уш-шариа) оиласининг Бухоро фиқҳ илми ривожидаги ҳиссаси салмоқлидир. Тарих фанлари доктори, профессор И.Бекмирзаевнинг тадқиқотларига кўра, 1238 йилда Маҳмуд Торобий Садр унвонини Оли Моза оиласидан олиб, Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ибн Иброҳим Маҳбубийнинг ўғли – Шамсуддин Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубийга (ваф. 630/1232–1233 йил) берган. Натижада Оли Моза оиласининг Бухорода диний-сиёсий ҳукмронлик даври якунланиб, Маҳбубийлар сулоласи фаолияти бошланган[2].

 

 

Мўғуллар истилосигача бўлган даврда (Х–ХII асрлар) Бухорода шаҳар бошқаруви “Садр” унвонига эга маълум оилалар томонидан амалга оширилган. Халқ орасида юксак нуфузга эга бўлган бу сулолалар нафақат сиёсатда, балки илм-фан соҳасида ҳам пешқадам бўлганлар. Жумладан, Маҳбубийлар оиласи Ўрта Осиё ҳанафий мазҳаби тарихида муҳим рол ўйнаган[3].

 

Манбаларга кўра, мазкур сулоланинг насл-насаби саҳоба Убода ибн Сомит Ансорийга (р.а.), она томонидан эса ҳазрати Умар ибн Хаттобга (р.а.) бориб тақалади. Убодага нисбат берилиб Убодий, унинг набираси Маҳбуб ибн Валид шарафига эса Маҳбубийлар деб аталган[4]. Бухорода садр унвонини эгаллаган ва Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган намояндалари бўлган Маҳбубийлар ХИИ асрдан бошлаб нуфузли оилага айланган.

 

Марказий Осиёда сиёсат ва илм-фан пешқадамларидан бўлган Маҳбубийлар Бухоро ва Кирмонда таълим ва таълиф ишлари билан шуғулланиб, ҳанафий мазҳаби ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Бироқ тарихий нотинчликлар ва кутубхоналарнинг вайрон этилиши оқибатида бошқа кўплаб Ўрта Осиё ҳуқуқшунослари каби улар ҳақидаги маълумотлар ҳам тўла сақланиб қолмаган.

 

Маҳбубийлар сулоласининг йирик намояндаларидан бири – Шамсуддин Маҳбубийнинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ибн Иброҳим Убодий Маҳбубий Бухорий бўлиб, у “Садр уш-шариа ал-акбар” (катта Садр уш-шариа) номи билан танилган. Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий унинг ҳақида шундай ёзган: “У йирик олимлардан бўлиб, отаси ҳузурида фиқҳ илмидан юқори даражага эришган. Усул ва фуруъ ал-фиқҳ бўйича мукаммал салоҳиятга эга эди”[5].

 

Шамсуддин Маҳбубий дастлаб фиқҳ илмини отаси имом Убайдуллоҳ ибн Иброҳимдан (баъзи манбаларда Мавлоно Жалолиддин Убайдуллоҳ деб ҳам юритилади) ўргарган ва ўз даврининг улуғ алломаси даражасига етган. У Бухоронинг Самарқанд дарвозаси ташқарисидаги Нов қишлоғида таваллуд топган. Ўз навбатида, унинг ўғли Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий ҳам отасидан таълим олиб, “Танқиҳ ул-уқул фи фуруқ ал-манқул” асарини ёзган[6].

 

Шамсуддин Маҳбубий қаламига мансуб “Таҳқиқ ул-фуруқ” китоби ҳам илмий доираларда машҳур бўлган. Аллома ҳижрий 635 йилда (милодий 1237–1238-йиллар) вафот этган[7].

 

Шамсуддин Маҳбубийнинг отаси – Мавлоно Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад Жалолиддин Маҳбубий 1146 йилда таваллуд топган. У ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг саҳобалари Убода ибн Сомитнинг (р.а.) авлодларидан ҳисобланади. Жалолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий ўз даврининг йирик олими бўлиб, фиқҳ илмига доир “Жомеъ ус-сағир” ва “Китоб ул-фуруқ” каби асарларни ёзиб қолдирган[8].

 

“Тарихи Муллозода” асарида қайд этилишича, Шамсуддин Маҳбубийнинг бобоси улуғ Садр Бурҳон ал-миллат вад-дин Абдалазиз ибн Умар ал-Мозий бўлган.

 

Маълумки, 1220 йилда Чингизхон улкан қўшин билан Бухорони босиб олиб, шаҳарни вайрон этган ва қирғинлар уюштирган. Чингизийлар зулмига қарши 1238 йилда Бухорода Маҳмуд Торобий бошчилигида халқ қўзғолони кўтарилди. Ушбу ҳаракатда Шамсуддин Маҳбубий ҳам фаол иштирок этган. Манбаларга кўра, унинг эл орасидаги юксак обрўси ва таъсири катта бўлган. Шу боис Маҳмуд Торобий уни ўзига пири комил деб билган ва унинг кўмаги билан халқни мўғул-татар истилочиларига қарши курашга сафарбар этган[9].

 

Тарихий манбаларда ёзилишича, Маҳмуд Торобий атрофига тўпланган халқ Бухорони мўғул-татар босқинчиларидан озод қилган. Бу жангда мағлубиятга учраган мўғуллар Карманага қараб чекинганлар. Шундан сўнг жума намозида ўқилган хутбада Маҳмуд Торобийнинг номи зикр этилиб, Шамсуддин Маҳбубий расман “Садр аш-шариа” деб эълон қилинган[10]. Анъанага кўра, жума хутбасида ҳукмдорнинг номи тилга олинган. Бу ҳолат бухороликлар Маҳмуд Торобийни сиёсий раҳбар, Шамсуддин Маҳбубийни эса диний пешво сифатида расман тан олганини англатади.

 

Бироқ Бухородаги бу қўзғолонни бостириш учун Хўжанддан Маҳмуд Ялавоч катта қўшин билан етиб келади ва ўртада шиддатли жанг бошланади. Мазкур тўқнашувда Маҳмуд Торобий ҳам, Шамсуддин Маҳбубий ҳам ҳалок бўладилар[11]. Шамсуддин Маҳбубийнинг жасади Чашмаи Аюб яқинидаги Шаръобод мозорига – ўз ота-боболари қабри ёнига дафн этилган [12].

 

Хулоса қилиб айтганда, Шамсуддин Маҳбубий ўз даврининг етук фиқҳ олими ва йирик дин арбоби сифатида Бухорода фаолият юритган. У Маҳбубийлар сулоласи вакили ўлароқ “Садр” унвонига сазовор бўлган ва шу тариқа давлат бошқарувида ҳам муҳим сиёсий таъсир доирасига эга бўлган.

 

Мазкур таҳлиллар Шамсуддин Маҳбубийнинг ҳам диний, ҳам сиёсий жабҳаларда ўз замонасининг тарихий жараёнларида марказий ўрин тутганини кўрсатади. Хусусан, унинг Маҳмуд Торобий бошчилигидаги мўғул босқинчиларига қарши миллий-озодлик ҳаракатида иштирок этиши юксак ватанпарварлик намунасидир. Бу жиҳати билан Шамсуддин Маҳбубийнинг фожиали тақдири ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган улуғ аллома Шайх Нажмиддин Кубронинг ҳаётий йўли билан ҳамоҳангдир.

 

Қаландар САМАНДАРОВ,

Тошкент амалий фанлар университети катта ўқитувчиси

 

Фойдаланилган манбалар

 

1. Бекмирзаев И. Бурҳонуддин Маҳмуд ал-Бухорийнинг “Ал-Муҳит” асари ва унинг Мовароуннаҳр қозилигида тутган оʻрни: т.ф.н. дисс. – Тошкент, 2009.

2. Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоиб аʼломил аҳёр. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2018.

3. Мелибоев А. Маҳбубийлар оиласи ҳақиҳлари // Ислом тафаккури журнали, 1-сон, 2025. 2832-бетлар.

4. “Дурдона”, 2012.  Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Маʼлумотнома. – Бухоро: “Дурдона”, 2012.

5. Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний: масʼул муҳаррирлар Ҳ. Болтабоев, М. Маҳмудов. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2015.



[1] Мелибоев А. Маҳбубийлар оиласи фақиҳлари // Ислом тафаккури журнали, 1-сон, 2025. – 2832-betlar.

[2] Бекмирзаев И. Бурҳонуддин Маҳмуд алБухорийнинг “Ал-Муҳит” асари ва унинг Мовароуннаҳр қозилигида тутган ўрни: т.ф.н. ... дис. – Тошкент, 2009. – B. 43.

[3] Мелибоев А. Маҳбубийлар оиласи фақиҳлари // Ислом тафаккури журнали, 1-сон, 2025. – 29 bet.

[4] Мелибоев А. Маҳбубийлар оиласи фақиҳлари // Ислом тафаккури журнали, 1-сон, 2025. – Б. 29.

[5] Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоиб аъломил ахёр. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2018. – Б. 238.

[6] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Маълумотнома. – Бухоро: “Дурдона”, 2012. – Б. 104.

[7] Мелибоев А. Маҳбубийлар оиласи фақиҳлари // Ислом тафаккури журнали, 1-сон, 2025. –  Б. 30.

[8] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Маълумотнома. – Бухоро: “Дурдона”, 2012. – Б. 104.

[9] Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний: масъул муҳаррирлар Ҳ. Болтабоев, М. Маҳмудов. – Тошкент: MUMTOZ SOZ, 2015. – Б. 154.

[10] Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний: масъул муҳаррирлар Ҳ. Болтабоев, М. Маҳмудов. – Тошкент: MUMTOZ SOZ, 2015. – Б. 157.

[11] Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) / Алоуддин Атомалик Жувайний: масъул муҳаррирлар Ҳ. Болтабоев, М. Маҳмудов. – Тошкент: MUMTOZ SOZ, 2015. – Б. 158.

[12] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Маълумотнома. – Бухоро: “Дурдона”, 2012. – Б. 105.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38135
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//