Кофир қалъа – Миздакхон қабристони тарихи


Сақлаш
17:57 / 07.08.2026 133 0

Oyina.uz республикамиздаги ўзига хос тарихга эга масканлар ҳақида  махсус мақолалар туркумини бериб боради. Биринчи манзилимиз – Қорақалпоғистон Республикаси бўлди.

 

Хўжайли туманининг ғарбий чеккаси. Кўз ўнгимизда қадимий Миздакхон шаҳри ястаниб ётибди. Бир қарашда емирилиб бораётган нуроний тепаликлар, кўҳна деворлар тупроқ бағрига сингиб кетган харобалардек кўринади. Милоддан аввалги IV–III асрларда пайдо бўлган ушбу шаҳар харобалари бугунги кунда турли номлар билан аталади: «Хўжайли Говур қалъаси», халқ тилида «Бевафолар қалъаси», яна бир манбада эса «Кофир қалъа».

 

 

Қалъанинг бундай номланишининг сабаблари ҳақида бир қанча қарашлар бор. Илмий изланишларда «Говур қалъа» милоддан аввалги I минг йилликнинг ўрталаридаёқ пайдо бўлгани ва милодий ХI асрга қадар Миздакхон деб аталгани қайд этилади. Зардуштийлик динининг бош худоси Ахура Мазда номи қалъанинг шундай аталишига асос бўлган бўлиши мумкин.

 

Бироқ тилшунослик нуқтаи назаридан қараганда, «Миздакхон» топонимига Ахура Маздадан кўра Маздак исмининг асос бўлгани эҳтимоли юқорироқдек кўринади. Маздак ибн Ҳамдодон (милодий 470–529 йилларда яшаган) дастлаб оташпарастларнинг диний масканларидан бирида, кейинчалик эса Эрондаги бош коҳин (диний раҳбар) лавозимида фаолият юритган. У асос солган таълимот кейинчалик маздакийлик номи билан тарихга кирди.

 

Хуллас, қаршимизда Миздакхон номи билан аталувчи қадимий қабристон ва археологик иншоотлар мажмуаси: икки юз гектар майдонни эгаллаган ушбу қадамжодаги кўҳна қабрларнинг айримлари 2400 йиллик тарихга эга. Биз ҳақли равишда Миздакхон турбатини Марказий Осиёдаги энг қадимий ва йирик қабристонлардан бири дейишимиз мумкин. Мажмуадаги сўнгги дафнлар ХИВ асрга тўғри келади.

 

 

Миздакхон тарихини маздакийлик таълимоти билан боғловчи маълумотлар ҳам диққатга сазовор. Китобларда маздакийликнинг Хоразмда кенг тарқалгани, ҳатто араблар келганидан кейинги бир неча аср давомида ҳам маҳаллий аҳоли Маздак таълимоти таъсирида яшагани ҳақида маълумотлар учрайди. Арабларга қарши кўтарилган бир неча қўзғолонларга ҳам маздакийлик сабаб бўлгани қайд этилади.

 

Демак, биз турган жой – қабрлар ва харобалар ораси шунчаки бир археологик мажмуа эмас, балки бир вақтлар диний, сиёсий ва маданий ҳаётнинг муҳим марказларидан бири бўлган улкан тарихий обидадир.

 

Антакиянинг илмий асослари

Антакия, кейинчалик Миздакхон деб аталган бу манзил ўрта асрларда Хоразм мамлакатининг энг йирик қалъаларидан бири бўлган. 709 йилда Хоразмшоҳ Чағоннинг иниси Хурозод бир қанча ўзига содиқ кишилари билан Миздакхон қалъасини макон тутиб, шу ерда яшагани ва подшоликка даъво қилгани ҳақида маълумотлар бор. (Манба: «История Хорезма с древнейших времен до наших дней» китоби).

 

 

Миздакхон ҳақидаги маълумотлар араб сайёҳлари ва тарихчиларининг асарларида ҳам учрайди. Х аср тарихчиси Ал-Истахрий «Миздакхон қалъаси Урганчдан икки фарсах ерда жойлашган», деб ёзади. Бир фарсах 6–7 километрга тенг бўлганини ҳисобга олсак, бу маълумот қалъанинг ўша даврдаги географик ўрнини тасаввур қилишга ёрдам беради.

 

Араб олими Мақдисий эса Х асрнинг иккинчи ярмида Миздакхон қалъаси атрофида 12 минг қўрғон бўлгани ҳақида маълумот қолдирган. Бу рақамнинг ўзиёқ Миздакхон атрофида бир вақтлар қандай улкан ва зич аҳоли манзилгоҳлари тизими мавжуд бўлганини тасаввур қилишга мажбур этади.

 

1981 йили «Ўзбекистон» нашриётида чоп этилган «Сайёҳ олимлар» китобида Беруний асарларига таянган ҳолда, Х асрларда Амударёдан Сариқамиш томон оққан дарёнинг «Маздуваст» деб аталгани ҳақида маълумот келтирилади.

 

Олим Г.Хўжаниёзов ва бошқаларнинг ёзишича, 1349 йили, яъни Олтин Ўрда даврида тузилган бир хабарномада ҳам Миздакхон қалъаси тилга олинган. Бироқ Миздакхон тарихининг кейинги қарийб уч асри ҳақида ёзма манбаларда маълумот учрамайди. Қалъа гўё тарих саҳнасидан бир муддат ғойиб бўлади.

 

Фақат ХVII аср ўрталарига келиб, Хоразм подшоси Абулғози Баҳодирхон ўзининг «Шажараи турк» асарида Маздакхон ҳақида яна бир муҳим маълумот қолдиради:

 

 

«Маздақхондан Боқиргонгача туташ Қўшин деган ергача буғдой экиладиган эди... Отлиқ одам ўн кунда буғдойнинг сиртидан айланиб кела олмасди».

 

Бу сўзлар эса бизга бугунги харобалар ўрнида бир вақтлар улкан ҳаёт қайнаганини тасаввур қилиш имконини беради. Бугун биз боқиб турган вайрона қумтепаликлар, қабрлар ўрнида бир вақтлар қалъалар, қўрғонлар, экинзорлар ва одамлар яшаган улкан тураржойлар бўлгани ҳақиқатга анча яқин.

 

Говур қалъа – Антиохия харобаларининг учинчи номи

Говур қалъа асрлар давомида номини бир неча бор ўзгартирган қадимий Антиохия харобаларининг сўнгги – учинчи номи. Қалъа милоддан аввалги ИИИ асрларда Антиох томонидан чегара пости сифатида қурилган ва Антиохия деб аталган. Кейинчалик, милодий VIVII асрларда маздакийлар таълимоти таъсирида Миздакхон номини олган. Ниҳоят, кейинги даврларда бу ҳудудда муқим яшаган туркий халқлар унга Говур қалъа номини берган.

 

Хўш, «Говур қалъа» номи қандай пайдо бўлган?

Маълумки, араблар зардуштийлик динига сиғинувчиларни, умуман, ислом динига ишонмаганларни «кофир» деб атаган. Кейинчалик бу атама ислом динини қабул қилган бошқа халқлар тилида ҳам қўллана бошлаган.

 

Шунинг учун Миздакхон харобалари «бурунги қалмоқларнинг қалъаси», «ўтга сиғинувчилар қалъаси» бўлгани ҳақидаги афсоналар айнан шу даврларда халқ орасида шакллангани, «Говур қалъа» атамаси ҳам шу муҳитда пайдо бўлгани ҳақиқатга яқинроқдек кўринади.