Сукунат ичида яшаётганлар: Япониядаги қўғирчоқлар қишлоғи қандай яралган?


Сақлаш
10:31 / 06.08.2026 106 0

Болалигим ҳали телевизор каналлари саноқли бўлган даврларда ўтди. Ўша пайтлар атиги учта телеканал мавжуд эди. Ҳар бир бола каби мен ҳам мультфильм ва болалар фильмларини томоша қилишни яхши кўрардим. Аммо болалар учун ажратилган вақт жуда қисқа бўлган. Шу сабабли, телевизор қаршисида ўтириш биз учун кичик байрамдек туюларди.

 

Кунларнинг бирида мактабдан қайтганимда уйда ҳеч ким йўқ эди. Тушлик қилиб бўлгач, уй жимжитлиги мени чўчита бошлади. Ёлғизлик билинмасин деб телевизорни ёқиб, овозини баланд қилиб қўйдим. TV1 каналида Япония ҳақида кўрсатув кетаётган экан. Аввалига шунчаки қўйилган телевизор аста-секин мени ўзига торта бошлади. Экрандаги манзаралар, тартибли кўчалар, япон маданияти ва одамларнинг ҳаёти менга ниҳоятда қизиқ туюлди. Кўрсатув тугаганида эса ичимда бир истак уйғонди:

 

«Қани эди, мен ҳам бир кун ўша ерда бўлсам…»

 

Ана шу оддий кўрсатув Япония деган мамлакатни қалбимга олиб кирганди. Эндигина 5-синф ўқувчиси бўлсамда, ўша кундан Япония ҳақида орзу қила бошладим. Албатта, у пайтда келажакда қандай имкониятлар бўлишини тасаввур ҳам қилмасдим. Бу шунчаки болаларча орзу эди.

 

Йиллар ўтди. Таълим олиш жараёнида чет элга чиқиш, дунё кўриш истагим кучайди. Аммо Япония ҳануз менга жуда узоқ ва эришиб бўлмас орзудек туюларди. Лекин бир кун келиб бу орзум ушалди – Ниппонда таълим олиш имкониятига эга бўлдим.

 

Болаликдаги орзу рўёби ва қайта кашф этилган Япония

 

Сакуралар мамлакатига илк қадам қўйган кунимдан бу ерларни қайта кашф эта бошладим. Ҳар бир сафар, ҳар бир манзил янгича ҳис ва ҳайрат уйғотарди. Аммо 2026 йил баҳоридаги саёҳат мен учун Япониянинг мутлақо бошқа қиррасини очди.

 

 

Нагоро номли «Scarecrow Village» – қўғирчоқлар қишлоғига кириб бораётганимизда, машина ойнасидан ташқарига қараб негадир ичим ғаш торта бошлади. Тоғлар орасида яшириниб ётган бу кичик қишлоқ жуда сокин эди. Жуда ҳам сокин…

 

Шундай сукунат борки, ҳатто шамолнинг ҳам овози эшитилади. Кўчалар бўм-бўш. Уйларнинг айрим деразалари ёпиқ, баъзиларининг томлари эса эскириб кетган. Гўё бу ерда вақт юришдан тўхтагандек. Аммо энг қўрқинчлиси, сукунат эмасди. Энг қўрқинчлиси – шу сокин қишлоқда «одамлар» борлиги эди.

 

Аввалига бу сезилмади. Йўл четида ўтирган чолни кўрдик. Кейин далада ишлаётган аёлга кўзимиз тушди. Бекатда эса кимлардир автобус кутаётгандек эди. Аммо яқинлашган сайин юрак алланечук бўла бошлади. Улар қимирламасди. Кўзлари боқарди, аммо тирик эмасди. Улар қўғирчоқлар эди.

 

Лекин оддий қўғирчоқлармас…

 

Одамлар ўрнини қўғирчоқлар эгаллаган қишлоқ – Нагоро

 

Ҳар бирининг юзида қандайдир ҳикоя яшарди. Бирининг нигоҳида чарчоқ, бошқасида соғинч, яна бирининг юзида эса ёлғизлик акс этарди. Гўё бу қишлоқдаги ҳар бир қўғирчоқ кимнингдир ўрнини босиб тургандек эди.

 

 

Сафар давомида ёши каттароқ маҳаллий бир аёл билан ҳамсуҳбат бўлдим. Унинг ҳикоясига кўра, бу қўғирчоқлар оддий безак эмас. Нагоро бир пайтлар жуда гавжум қишлоқ бўлган. Болалар кулгиси янграйдиган, мактаблари тўла, далалари серҳаракат жой эди. Аммо вақт ўтиб, ёшлар катта шаҳарларга кетган. Қариялар эса бирин-кетин бу дунёни тарк этган. Қишлоқ аста-секин бўшаб қолган.

 

Ва бир кун келиб Цукими Аяно Нагорода одамларнинг ўрни бўшаб қолаётганини ҳис қилгач қўғирчоқлар ясай бошлаган. Ўшанда у шунчаки ҳайкал яратмаган, балки хотираларни тирилтираётган эди. Ҳар бир қўғирчоқ кимнингдир давомидек яшарди. Мактабдаги «ўқувчилар» – аллақачон ёпилиб кетган мактаб хотираси, автобус кутаётган қария – энди ҳеч ким кутмайдиган бекат хотираси, дарё бўйидаги балиқчи эса қачонлардир шу ерда яшаган инсоннинг сояси эди.

 

Шунинг учун ҳам Nagoro Scarecrow Village'да қўрқув эмас, юракни эзадиган бир ғам ҳис қилинади. У ерда қўғирчоқлар эмас, йўқолиб кетаётган ҳаёт яшайди. Энг таъсирлиси, эски мактаб биносига кирганда синфхоналарда қўғирчоқ «ўқувчилар» ўтиради. Кимдир деразадан ташқарига термилган, яна кимдир дафтарига эгилган… Гўё ҳаёт бир лаҳзага музлаб қолгандек туюлади. Бир лаҳзага ҳаммаси ҳақиқийдек кўринади. Гўё ҳозир қўнғироқ чалинадию, болалар югуриб чиқади.

 

 

Nagoro Scarecrow Village аслида қўғирчоқлар қишлоғи эмас эди. У – соғинч яшайдиган қишлоқ эди.

 

Қайд этилишича, қўғирчоқларнинг ҳар бирининг исми, жинси, ҳатто Nagoro Scarecrow Village аҳолиси сифатида рўйхатдан ўтган рақами ҳам бор. Суҳбат давомида ойдинлашдики, қаршимдаги аёл айнан шу қўғирчоқларнинг яратувчиси экан. Унинг ҳикояси эса бунданда таъсирли эди.

 

Отага қиёсланган қўғирчоқ ва унинг ортидан шаклланган Nagoro Scarecrow Village

 

 

Цукими Аяно Нагоро қишлоғида улғайган. Кейинчалик ўқиш учун Осакага кетган. 2002 йил қишлоғига қайтганида эса отаси аллақачон вафот этганини билади. Отасининг йўқлигига кўниколмаган Цукими уни ёнида ҳис қилиш учун отасига ўхшатиб катта қўғирчоқ ясайди. Унга отасининг кийимларини кийдириб, уй олдига ўтқазиб қўяди. Кун ботаркан, қишлоқ аҳолиси унинг олдидан ўтиб, худди тирик одамни кўргандек салом бера бошлайди. Шу ҳолат Цукимига илҳом беради ва у яна қўғирчоқлар ясай бошлайди.

 

Бугунги кунда Нагоро қишлоғида 370 дан ортиқ сcареcроw қўғирчоқлари мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўзига хос. Бирининг қўлида қармоқ бўлса, бошқаси далада ишлаётгандек. Автобус бекатларида автобус кутаётган йўловчилар, мактабдаги ўқувчилар, кафедаги меҳмонлар… Гўё бу ерда бутун ҳаёт жимжит давом этаётгандек.

 

«Бу ерга келган одам ўзи энг соғинган инсонини топади», дейди Цукими.

 

Лекин мен бу гапни эшитишдан аввал буни аллақачон ҳис қилиб улгурган эдим. Қишлоқдаги яна бир хона худди маҳалла аёллари йиғилиб ўтирадиган эски уйларни эслатади. Хонанинг ўртасида бир аёл ёнбошлаб ётарди. Уни кўришим билан беихтиёр олдига шошдим. Негадир унинг юзини кўришга ошиқдим. Чунки у менга энг меҳрибон, энг азиз инсоним — бувимни эслатиб юборган эди.

 

 

Шу лаҳза болаликка қайтгандек бўлдим. Ҳар ёз ота-онам билан Қўқоннинг Бувайда туманидаги бувим ва бувамникига борардик. Биз учун 25 май мактаб тугаган кун эмас, балки болаликнинг энг ширин кунлари бошланадиган сана эди. Тенгдошларимиз ёзги лагерларга ошиқса, биз бувимникига боришга шошардик. У пайтларда телефонлар йўқ эди. Бизнинг келишимиз улар учун доимо кутилмаган совға бўларди. Тошкентдан тонгда йўлга чиқиб, тушлик вақтида етиб борардик. Уйга кирганимизда эса бувим одатда худди шу қўғирчоқ каби, хона ўртасида, эшикка орқа қилиб ёнбошлаб ётган бўларди. Бир қўлини бошига ёстиқ қилганча, бир қўлини белига қўйиб дам оларди. Шу тариқа, ўша қўғирчоқ бир неча сонияга бўлсада, менга бувимни қайтариб бергандек бўлди.

 

Одинахон МУҲАМEДОВА

Naruto University of Education

университети тадқиқотчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 38172
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//