Ўзбек шеъриятида қандай тенденциялар яшаяпти?


Сақлаш
16:15 / 04.08.2026 607 3

Сўзмунчоқ... Бу номни илк бор эшитганимда, сўзларнинг мунчоқдек тизилганини, нафис бир сўз маржонини тасаввур қилгандим ва лойиҳанинг номланишига қойил қолгандим. Лойиҳага жалб этилган ижод намуналарини ўқир эканман, бу ном бежиз танланмаганига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

 

Чоп этилган китобларнинг номлариёқ муаллифларнинг бадиий дидидан дарак бериб турибди: “Қушлар саловати”, “Гарашалик кўнгил”, “Ахтарим”, “Ҳадик”, “Бурч”, “Уч”, “Гулимоҳ”, “Тажоҳил ул-ориф”, “Тошлоқ кўчалар”...

 

Кўча. Бекат. Одамлар.

Майдаликдан дил тўйган.

Назаримда одамлар –

Кўкка қарамай қўйган.

 

Шоира Наргиза Асадованинг юқоридаги мисраларида “майдалик” ва “кўк” истиоралари орқали инсон руҳиятидаги қарама-қаршиликлар ифодаланади. Бугунги кунда инсонлар фитратидаги айрим майдаликларга сабаб уларнинг кўкка тикилмай қўйгани эмасмикан, деган ҳақли савол ўқувчи кўнглида туғилади.

 

 

Наргиза Асадованинг “Қушлар саловати” китобида табиат ва инсон масаласи марказий ўринда туради. Шоира баҳорнинг келишини шундай тасвирлайди:

 

Даст кўтарди бойчечак қаддин,

Парча қордан чекмай хижолат.

Сумалаклар синиб биллурдай,

Борлиқ узра ўзгарди ҳолат.

 

Мумтоз адабиётда “Қизорди гул уяттин анжуманда”, “Нозиклик ичра белича йўқ тори гисуйи, Ўз ҳаддини билиб белидин ўлтирур қуйи” каби ташхис санъатининг ажойиб намуналари бор. Гулнинг хижолатдан қизариши, сочнинг ўз ҳаддини билиши каби ифодалар ташхис – жонлантириш санъатини юзага келтиради. Наргиза Асадованинг шеърларида ҳам ана шундай жонлантиришларни кузатамиз. Бойчечакнинг қор олдида хижолат чекиши унинг қорлар ичра очилишини янада таъсирчан ифодалайди.

 

Шоиранинг нафақат табиат, балки кўнгил лирикасида ҳам ўзига хос тасвирий ифодалар, антитезалар мавжуд. Жумладан, муаллиф “Яна телефон ҳақида” шеърида шундай иқрорликка келади:

 

Мумкин, бир лаҳзада ўлмоқ, тирилмоқ

Сенинг табассуминг, қароқларингдан.

Азизим, не бўлсам, бўламан ҳозир –

Кутяпман...

Қўрқяпман...

Қўнғироғингдан.

 

“Қушлар саловати” – жим кўнгилнинг ботиний нидоларидан ташкил топган шеърий маржондир. Уни ўқиш жараёнида табиат, жамият, муҳаббат каби мавзуларнинг инсонни қуршаб турган муҳит билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлишини кузатиш мумкин.

 

“Сўзмунчоқ” доирасида Ирода Умарованинг “Гарашалик кўнгил” китобининг ҳам нашр этилиши шоиранинг мухлисларига ажойиб туҳфа бўлди. Шеър ёзиш – муттасил ўсиб бориш демак. “Гарашалик кўнгил” китобини мутолаа қилиш жараёнида шоиранинг китобдан китобга қадар ижодий жиҳатдан ўсганига амин бўлдим.

 

Талабалигимда Ирода Умарованинг “Учинчи дунё” китобини бошдан-оёқ ёд олганман. Ундаги инжа тасвирлар, ичкин иқрорлардан лол қолганман. “Гарашалик кўнгил”даги шеърлар эса улғайган, ақли ҳам, руҳи ҳам муайян мувозанатга келган, етукликка эришган аёлнинг фикрий ва ҳиссий туғёнларидан иборат. Бу ҳолат шоиранинг китобдан китобга ўтган сари ижодий камолот касб этаётганини кўрсатади.

 

 

Ичкин туйғуларни реал ва таъсирчан ифодалаш – Ирода Умарова шеърларига хос хусусият. Қуйидаги лирик шеърда ҳам муаллифнинг ички исёнлари латофат билан ифодаланган:

 

Ҳар тун ухласам-у, турмасам дейман,

Биламан, ёдингиз уйғотганини.

Ҳануз тушунмайман бозор дунёда,

Сизни нима учун йўқотганимни.

 

Шеърни ўқиган шеърхон беихтиёр ўзининг қалбидаги йўқотилганлар ҳақида ўйлай кетади, Ирода Умарованинг ҳар сатри ўқувчини ўз қалбига юзлантиради. Шеърхон ўзининг қалбидаги ҳисларни тафтиш этишга тушади:

 

Ишқ бу – тариқатдир, гўзал тариқат,

Шеърга айлантирар ҳар оҳимизни.

Севгилим, қандайдир... соғиндим фақат...

Севгилим… Билмайман гуноҳимизни…

 

“Гуноҳимиз” деб номланган бу шеърда аслида севиш – гуноҳ эмас деган ғоя илгари сурилади.

 

Шундай...

Жонлантириб олис хулёни,

Унут оҳангларни такрорлаб қалбан –

Бутун одамзодни, бир кам дунёни

Тинглаб яшаяпман кўзларим билан...

Эҳ бечора, деманг, шундай чорам бор,

Сизда бундай инъом йўқдир, ранжиманг –

Қулоқ пардаларга етмоғи душвор,

Сасларни ҳисларда қилгум таржима…

 

Бу каби иқрорлар ўқувчини чуқур мулоҳазага чорлайди. Шоирлик аслида турли хил сасларни ҳиссиётлар орқали таржима қилмоқдир. Айни шу таржима санъати шоиранинг шеърларида кўп учрайди. У Ватан ҳақида ёзадими, қишлоғи Гараша ҳақида ёзадими – ҳар гал ҳисларнинг самимий таржимасига дуч келаверасиз.

 

Бобур Элмуроднинг шеърлари замон ва жамиятга берилган саволларнинг бадиий ифодасидай таассурот қолдиради. Китобнинг номланиши ҳам “Тажоҳил ул-ориф” – шу номли шеърда айтилганидай: “Билиб билмасликка олиш” дегани. Шоир ҳам ушбу тўпламдаги шеърларида жуда катта-катта мавзуларни билиб билмасликка олади, яъни тажоҳил ул-ориф қилади. Уларни тайёр хулоса шаклида эмас, савол шаклида ўқувчи идрокининг рўпарасига қўяди.

 

Чиқмай туриб бирор мансабга,

Тушмай туриб бирор амалдан.

Қай бир модда билан юрагим

Қовурғамга ноҳақ қамалган.

 

Ушбу сатрлардаги фалсафа, рамзий-мажозий образлар, сўроқнинг ноодатийлиги беихтиёр ўқувчини чуқур тахайюлга чорлайди: юракнинг маскани қафас бўлгани ҳолда унинг эрк исташи ниҳоятда табиий ҳол. Шоир кичик тўртликда айни шу ҳолатни тасвирламоқда.

 

 

“Боши ёнар одамлар ҳақида туш” шеъри бугунги кун жамиятига тутилган кўзгудир. Ушбу шеър рамзий мазмунга эга, унда “ёнаётган бошлар” образи орқали инсон тафаккури, маърифати ва фидойилиги тасвирланади.

 

Хаёлан бораман – бир ёруғ макон,

Кўринмас заминнинг ой-у қуёши.

Бу юртда ўзгача эрур ҳар инсон,

Гугурт донасидек ёнувчан боши.

 

Шеърда, айниқса, фидойиликнинг давомийлиги ва маърифатнинг абадийлиги таъсирли ифодаланади. Шеърнинг кейинги қисмида бу идеал манзара реал ҳаёт билан кескин қарама-қарши қўйилади. Шоир уйғонгач, жамиятда бундай фидойи, ёниб яшайдиган инсонлар жуда кам эканини англайди:

 

Ўзимга келаман, у юртдан чиқиб,

Тепамда чарақлаб туради қуёш.

Наҳотки бу юртда минг йилдан буён,

Тинимсиз ёнади фақат битта бош.

 

Лирик қаҳрамон ўзи ҳам ёнишни, яъни жамият учун хизмат қилишни истайди, бироқ бунинг учун “бош эгиш” зарурлигини ҳис қилади. Аммо:

 

Бошқа у тушларни кўрмайман – қасам,

Юракда бир оғриқ ўртанар лов-лов.

Баъзан ёниш учун бош эгай десам,

Ҳеч кимнинг бошида ёнмайди олов.

 

Шоир бу каби ижтимоий мазмунга йўналган шеърлари билан жамиятга саволлар ёғдираркан, унинг лирик шеърларида ҳам тирик бир руҳ кўринади: содиқ, самимий, сирли. У ёрга бўлган муносабатини ич-ичига яширган: ҳатто ёрни ўйлаши учун ҳам фақат ич-ичида шароит бор:

 

Мен сенинг ҳақингда ўйлашим учун,

Фақат ич-ичимда бордир шароит.

 

Бу сатрлар орқали инсон ҳатто хаёлини-да ичига яшириши лозим ва мумкинлигидан ҳайрат ва изтиробга тушасиз. Банданинг бандага бўлган меҳри Худо олдидагина ҳақ эканига иқрор бўларкан, муаллиф шеърни шундай якунлайди:

 

Ишқилиб Худога аён бўлсин-да,

Сени ич-ичимдан яхши кўришим.

 

“Тажоҳил ул-ориф” тўпламида Бобур Элмуроднинг гоҳ дадил саволлари олдида мулзам қоласиз, гоҳ ичкин иқрорларидан изтиробга тушасиз, аммо ҳар қандай мавзудаги шеърнинг ҳам руҳингизга ёруғлик, ойдинлик бахш этаётганини ҳис қиласиз.

 

Баҳодир Баҳром ижоди билан ҳам талабалик даврларимдан танишман, шоирнинг саволлари, қарашлари, муддаолари улканлашгани, мулоҳазалари бир қадар теранлашгани “Гулимоҳ” тўпламида кўзга ташланади.

 

Шоирнинг Рауф Парфига бағишлаб ёзган шеърида улкан зиддият мавжуд:

 

Минг йилки, суронлар турар Туронда,

Минг йилки, судралар занжирбанд ҳурлик.

Минг йилки, орзулар гуллайди қонда,

Минг йилки, ҳурликдай туйилар хўрлик!

 

“Занжирбанд ҳурлик”, “қонда гуллаган орзулар”, “ҳурликдай туйилган хўрлик” каби истиоралар зид маъноли тушунчалар орқали реал ҳаётдаги зиддиятлар ифодаланади. Федерико Гарсиа Лорканинг “Энг қайғули шодлик” номли тўпламининг номланишида ҳам шунга ўхшаш зиддият бор. Бу адабиётшуносликда оксиморон санъати дейилади. Рауф Парфида ҳам “оловли музларга исинайлик, юр” каби тасвирларни учратамиз. Оксиморон санъати муаллиф руҳиятида қарама-қарши кечинмалар пўртанасидан вужудга келадиган бадиий ифода усулидир. “Гулимоҳ” китобидаги шеърлар билан танишаркансиз, муаллифнинг бир-бирига зиддек кў֯ринган, аммо аслида бир-бирини тақозо қилувчи руҳий олами борлигига амин бўласиз.

 

 

Шоирнинг шеърларида ўтмиш ва бугуннинг яширин баҳси, ташқаридан кулиб турган, ичида оташлар ёнган йигитнинг тақдири, инсонларнинг она Ватанга бўлган ҳис-туйғуларидаги парадокслар акс этади. Энг муҳими, шоир мавҳум ҳоларларни ҳам ниҳоятда аниқ тасвирлайди, муаллиф ҳис қилган оғриқлар ўқувчини ҳам четлаб ўтмайди:

 

Бироқ ёдга тушса исмингиз,

Куйган этдай ачишади жон.

Юрагимда ўша... йиғингиз

Кўтаради бир дунё исён.

 

Халқимизда “ичим ачиди”, “ичим куйди” деган иборалар бор. Кўпинча улар ўз-ўзидан, табиий ишлатилади, маъносига эса кўп ҳам эътибор қаратилмайди. Аммо “Сиз кетдингиз” шеърида муаллиф афсус, севги, соғинч, изтироб каби мавҳум туйғуларни инсон ҳис қилар даражада аниқ тасвирлайди: куйган эт жуда ёмон ачишади – дори қўйсангиз ҳам, қўймасангиз ҳам. Айни шу ҳолатни муаллиф ўзининг ишқ изтироби билан боғлаганки, натижада дарднинг, оғриқнинг моддийлашуви рўй берган.

 

“Гулимоҳ” тўпламида ўз-ўзини тафтиш этиб чарчамаётган, ҳатто ўзидан-да яширган дардлари мавжуд бўлган, руҳидаги иккита инсонни мувозанатга келтиришга интилаётган лирик қаҳрамонни кўрамиз. У шеърдан шеърга ўтгани сари саволлари, исёнлари кўпая боради. Аммо бу исёнлар ортида Олий Тақдирга бўлган улуғ бир таслимият борлиги аёндир.

 

Юлдуз Ўрмонованинг “Ахтарим” тўпламининг номланишиёқ диққатимни тортди. Шоиранинг юлдузи – ахтари ким экан? Шу номли шеърни ўқидим ва тахминим тўғри чиқди. Ахтари – онаси экан. Умуман, Юлдузнинг бошқа мавзудаги шеърларида ҳам Она мавзуси тез-тез бўй кўрсатади. Бу мавзу ярадан силқиб турган қон мисол унинг шеърларидан ҳам силқиб туради. Онасини бевақт йўқотган фарзанднинг фарёди Юлдуз шеърларининг матности маъноларига жамланган.

 

Онам – ёруғ ахтарим,

Бутун умр ахтарим.

Манзил қайда, хатларим

Излаб-излаб қолдилар...

 

Ёруғ юлдузини йўқотиб қўйган йўловчининг руҳий ҳолатини очиб берувчи бу шеър 4+3 туроқ, 7 ҳижолик вазнда ёзилган.  Шу боис осон ўқилади, аммо ҳазм қилиш оғир. Фольклоршуносликда бундай ўлчамдаги шеърлардан қаҳрамоннинг руҳий ҳолатида катта ўзгаришлар кетаётганда ёки унинг жисмоний ҳаракати тезлашганда фойдаланилиши ҳақида маълумотлар бор. Юлдузнинг ушбу шеърида ҳам қаҳрамон руҳиятидаги эврилишлар акс этади. Онасини излаётган, бироқ кутилмаганда уни топа олмай қолган боланинг ҳоли кўз олдингизда гавдаланади.

 

 

Юлдузнинг шеърларида ёлғиз жангчини кўраман: у ёлғиз курашади, аммо нолимайди. Аксинча, қисматидаги мана шу кемтикни ўзига хос бир устунликка айлантира олади:

 

Юрагингни оташга ташла,

Ортингга қарама қайрилиб.

Билсанг, қалбинг улғайтар гўзал,

Мағрур, инжа туйғу Айрилиқ.

 

Лирик қаҳрамон айрилиқлардан қалбини улғайтира олган, ёлғизликдан ҳикмат топа билган инсон сифатида кўз олдимизда гавдаланди. Унинг шеърларида баъзан ҳикматлар орифона фалсафага йўғрилади. “Нақшни севган наққошни севади”, деган гап бор. Ана шу фикр ғояси билан суғорлилган бир шеърининг якуни шундай:

 

Меҳр оби ҳаёт ахир,

Хароб этсанг уволмасми?

ҲАҚни севган бандасини

Севолмасми, севолмасми...

 

Бу ишқ сен учунмас асли

У учундир, Унинг учун

 Ошиқман бир, ошиқман жим,

Ошиқман зўр, ул ошиқман.

 

Одатда, аёл-қизлар шеъриятида “ошиқман” деган иқрорни кўп учратмаймиз. Юлдузнинг ушбу иқрорида эса бандага эмас, балки унинг воситасида уни Яратган Зотга бўлган ишқ акс этгани учун ҳам бу ошиқликни қабул қиламиз, ундан ҳайратга тушамиз.

 

“Сўзмунчоқ”нинг янги сўзлар кашфига ҳам дебоча бўлаётгани қувонарли ҳол. Юлдузнинг бир шеърида шундай сатр бор: “Менинг кўзларимда куйгу лим”. Бу ерда “куйгу” сўзи “кулгу”га зид маънода қўлланган. Куйиш, куйик маъносидан кўра оғирроқ юкни ўзида ташимоқда. Сўзларнинг янгича қиёфа касб этишида замонавий шеъриятнинг аҳамияти беқиёс эканини “Ахтарим” тўплами мисолида кўриш мумкин.

 

Навоийлик Алишернинг “Бурч” тўпламида муаллифнинг дунёга бераётган саволлари бисёр. Баъзан бу саволларга муаллифнинг ўзи жавоб излайди: мазкур саволларга жавоб топиш муаллуф учун бурчдай туюлади. Турли шеърларида эса бу изланишларнинг натижасини ўқувчига тақдим этади. Ватан ва ижара мавзусидаги шеъри кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган:

 

Сенда мусофирман, сенда фуқаро,

Сенда руҳим асир, исканжада тан.

 “Ўлан тўшагим” деб ёзаман, аммо,

Сенда ижарада яшайман, Ватан!

 

Бу шеърда шоирлик ва фуқаролик позицияси ўзаро зиддиятга киришади. Аммо самимият сабаб ўқувчи долзарб ва кескин мавзудаги ушбу шеърни енгил қабул қилади. Юракдан чиққани учун ҳам бу сатрлар ўқувчи қалбидан осон жой олади.

 

 

Шоирнинг китобини варақлаш жараёнида илоҳий таслимият уфуриб турган сатрларга ҳам дуч келасиз:

 

Кимдир шоир бўлиб ўкирди кўкка,

Бошқаси шеър ўқиб ақлдан озган.

Барибир, барчангиз чиқасиз йўққа,

Худо ҳаммамиздан чиройли ёзган.

 

Муаллиф ишонч ва эътиқод тўла иқрорининг натижаси ўлароқ, кўплаб чиройли шеърлар яралган. Уларнинг ичида муҳаббатнинг сўлим қўшиқларини, айрилиқнинг изтиробларини, замона зайлидан оғриган дилнинг саволларини кўриш мумкин. Навоийлик Алишернинг барча шеърларининг ичидан қизил ип янглиғ ўтган бир хусусият бор: самимият. Ана шу самимият сабаб шоирнинг шеърлари дилларга илиқлик ва ҳарорат олиб киради.

 

Анвар Ботирнинг “Уч” тўпламидан мумтоз садолар эшитилади. Бу фақат унда ғазаллар мавжудлиги билангина изоҳланмайди: шоирнинг бармоқ вазнида ёзилган шеърларида ҳам мумтоз руҳ устувор. У қандай шаклда ёзмасин, шеърларида илоҳий бир жозиба, сирли бир туйғу кўзга ташланади:

 

Биламан, мендаги бу феъл-атворим

Сизга анчагина келтирган ташвиш.

Чунки менинг ишим Ҳаққа ёлвориб,

Бир Уни дейиш-у, бир сизни Севиш!

 

Шоирнинг ушбу шеърида илоҳий ва дунёвий муҳаббатнинг узилмас занжир ила боғлиқлиги, Ҳазрат Навоий назарда тутган “Ҳақиқатга бадал бўлди мажози” ҳолати акс этади. Лирик қаҳрамон ёрни Олий Жамолнинг ҳусни зоҳир бўлган борлиқ сифатида кўради. Бу тушунча мумтоз адабиётда “мазҳар” атамаси билан ифодаланади. Мазҳар куйланган шеър ва ғазаллар Анвар Ботирда талайгина.

 

Энди бундан буён икки дунём тенг,

Энди Яъқуб тенгдир, Жамшиду Жом тенг.

Тенгсиз денгизлару сенсиз Ишқ аро,

Пири Мажнун бўлдим сўнгсиз Ишқ аро.

Ҳаттоки буларнинг бирорига сен

Тенгласанг ва ёки тенгламасанг ҳам!

 

Бу сатрларда шоир мумтоз образларни шунчаки санаб ўтмаган, балки уларнинг ҳар бирига ўзини тенг қўяди. Маънавий ҳолати, ишқининг кўлами улардан зиёд бўлса зиёдаки, кам эмаслигини таъкидлайди. Пири Мажнун ибораси лирик қаҳрамон ишқининг камолга етганини ифодалаган. Бу образлар шоирнинг ғазалларида янада тўйинган ҳолда бўй кўрсатади.

 

 

Муаллифнинг Машраб, Огаҳий каби мумтоз шоирларга, Дилором Эргашева каби давримизнинг етук ғазалнависларига боғлаган мухаммас ва мусаддаслари шоирнинг таъби назми ирмоқлари анча чуқур булоқлардан сув ичганини кўрсатади.

 

Сайфиддин Окановнинг “Тошлоқ кўчалар” тўплами болалигимиздаги тошлоқ ва чанг кўчалардаги самимиятни ёдимизга солади. Ундаги сатрлар қаъридаги туйғулар ростлиги, яшалгани, самимияти билан дилимизни ром этади:

 

Дилим лов-лов ёнади ҳамон,

Тарқамади ишқдан мастлигим.

Сезиб қолдим кетганинг замон

Ҳеч кимга ҳеч ўхшамаслигинг.

 

 

“Йўқолган пичоқнинг сопи олтиндан” деганларидай, ошиқ ёрини йўқотган ониданоқ унинг ягона эканини англай бошлайди. Бундай самимий сатрлар “Тошлоқ кўчалар”да кўп учрайди. Муаллиф руҳидаги некбинлик унинг шеърларида ҳам яққол акс этади. Бахтсизликдан ҳам ҳикмат топадиган, омадсизликдан нолимасдан, ундан гўзал ечим ва хулосалар чиқара оладиган лирик қаҳрамон шундай дейди:

 

Сўнг ўзимни овутаман:

Ҳожат йўқдир ҳеч мазахга.

Қолармиди қадри унинг,

“Етаверса ҳамма бахтга...”

 

“Ҳамма бахтга етаверса, унинг қадри қоладими?” дея савол беради шоир. У ўзининг бахтсизлигидан нолимайди, аксинча, изтиробларини ёниқ сатрларда ифодалайди. Умуман олганда, Сайфиддин Окановнинг шеърларида ижтимой масалаларни ҳам, ишқ ҳасраталарини ҳам, юморга йўғрилган сатрларни ҳам учратиш мумкин. Буларнинг барчасини бирлаштириб турган нарса – шоирнинг оптимист қалби. У нима ҳақида ёзмасин, фикрини гўзал ечим билан ифодалайди. Айнан шу жиҳат муаллиф шеърларининг ўқишлилигини таъминлайди.

 

Равшан Ҳақмуроднинг исёнли шеърлари бор. У тўпламининг номини “Ҳадик” деб қўйгани мени ўйлантирди. Аммо шеърларини ўқиш асносида билдимки, бу ҳадик ўз жонигагина эмас, балки миллатнинг келажагига бефарқ бўлмаган шоирнинг кўнглидан ўтган туйғулар натижасидир.

 

Мавлоно Румийни ўқиб англадим,

Минг бир савол ичра бўзлаб юргандим.

“Нимани изласанг – ўшасан” деди,

Ажаб, мен Худони излаб юргандим.

 

Дастлаб бу тўртликни ўқиб “шоиримизнинг даъвоси катта экан-ку” деган хаёлга бордим. Аммо кейинги шеърларини ўқиш асносида Худони излаб кетаётган руҳни, дарёга интилган қатрани, қуёшга интилган заррани кўриш мумкин.

 

Менинг ҳеч кимим йўқ Аллоҳдан ўзга,

Гарчи шайтонга ҳам бергайман фириб.

Гарчи исён қилгум ҳар бир нафасда,

Шунда ҳам чарчамас Худо кечириб...