Халқимиз орасида антиқа ва кўнгилга хуш ёқмайдиган бир ибора бор. «Китоб ўқиб, шаҳар олармидинг?» Дақёнусдан қолган бу стереотип китоб зиёсига эш бўлмаган оломоннинг бошида кўп йиллар тошдек мустаҳкам қотиб қолган. Табиийки, бу ўз-ўзидан юз бермаган. Бир давр бўлдики, ўқиган етарли қадр топмади, ўқитганнинг эса машҳур қизиқчимиз киноя билан айтганидек, мақоми тракторчиникидан ҳам тушиб кетди.
Боз устига, ишлаб турган, катта китоблар ресурсига эга кутубхоналар тизими завол топди. Мамлакатда фаолият юритган бир неча минг кутубхоначилар – маънавият тарқатувчиларнинг маоши жуда паст даражага тушиб кетди.
Аслида китоблар иқтисодиёт учун миллиардлик бозор эди. Аммо туман марказларидаги китоб дўконлари, киоскаларгача йўқ қилинди, аниқроғи, маиший буюмлар сотадиган савдо шохобчаларига айлантирилди. Алифбонинг ўзгариши эса шундоқ ҳам илдиз ота бошлаган муаммони янада чигаллаштирди. Катта авлод лотинча ўқий олмади, кичиги эса кириллча. Дард устига чипқон дегандай, бу ҳам китоб ва газета савдосига ҳалокатли таъсир этди. Охир-оқибат бутун бошли бир авлодни бой бердик.
Дунёда геосиёсий рақобат билан бирга, тафаккур учун, технологиялар учун кураш тобора авж олаётган ҳозирги мураккаб бир шароитда ўқимаган боланинг ўқигандан қандай фарқи борлигини билиб олиш қийин эмас. Шу маънода китобхонлик – ҳар қандай тараққиётнинг бош белгисига айланди.
Масалан, охирги йилларда жадал ривожланаётган Хитойда аҳолининг ҳафталик ўртача китоб ўқиш вақти 8 соат 27 дақиқани, АҚШда эса 7 соатни ташкил қилади. Германияда катта ёшли аҳоли йилига ўртача 48 та китоб ўқийди. Сўнгги йилларда ахборот технологиялари соҳасида революция қилган ҳиндистонликлар эса йилда 16 та китоб мутолаа қиларкан. Бизда эса бу рақам атиги биттани ташкил қилмоқда. Миллатимизнинг тўлиқ ҳур, фаровон яшашдек ушалмай келаётган асрий орзу-умидларини фақат китоб ўқиш, илм олиш орқалигина амалга ошириш мумкинлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланган бир даврда шу ҳол... Бугун иқтисоди ўта ривожланган давлатларга қарам бўлмай десак, арзон ишчи кучи етиштириб берадиган ўлкага айланиб қолишни истамасак, ҳар биримиз ҳар куни ўқишимиз керак.
Мен «Дунё мамлакатлари» китобини ёзиб, бир хулосага келдим: барча мамлакатларнинг таназзули ва фожиасининг туб илдизида элнинг ялпи саводсизлиги, қўли китоб кўрмаслиги ва тор фикрлайдиган раҳбарлари давлат сиёсатини юритиши ётаркан.
Бугун халқимизда жиноятчилик, агрессия ортиб кетаётгани, яқин қариндошларда бир-бирга оқибатсизлашиб бораётгани, миллатни зумда сотиши мумкин бўлган ватангадолар кўпаётганининг сабаблари ҳақида ўйлаяпмиз. Назаримда, бунинг жавоби ҳам илмсизлик, китоб ўқимасликка бориб тақалади. Чунки китоб ўқиш, адабиётга ошнолик инсонда «ижтимоий когниция»ни, яъни бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушуниш ва эмпатия қилиш қобилиятини ривожлантиради.
Яхшики, сўнгги йилларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Масалан, 2017 йилнинг 12 январь куни «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича» фармойиш қабул қилинди. «Китоб ўқишни бешикдан бошлаш керак» деган ғоя илгари сурилди. Шу тариқа китоб ўқиш шунчаки севимли машғулот эмас, балки миллий ўзликни англаш воситаси ва кундалик маданиятнинг ажралмас қисмига айлантириш мақсади қўйилди. Чунки Ўзбекистон фақат иқтисодий ва технологик модернизация қилиш билан тўлиқ янгиланиб қолмас эди. Уни маънавий ва мафкуравий жиҳатдан бир неча поғона кўтармасдан, кун тартибини тугал дея олмаймиз.
Бундай ҳаракатларнинг натижаси кўп куттирмади. Охирги ўн йилда нашриётлар сони 5,5 баробар ошиб, 118 тадан 652 тага етди. Матбаа корхоналари эса 1 804 тадан ошди. Мамлакат миқёсида китоб дўконлари сони 712 тага етди.
Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган «Ижод» жамоат фонди томонидан ҳар йили кўплаб ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари кўп минг нусхада нашр этилмоқда. Соврин жамғармаси катта бўлган турли китобхонлик танловлари ўтказиляпти, китобхонлар қимматбаҳо ютуқланри қўлга киритяпти. Бу йил илк бор «Ёш китобхон» танлови ғолиблари бош совринни шахсан Президент қўлидан қабул қилиб олди. «Миллий китобхонлик ҳаракати»нинг жорий йилдан кўлам ва салмоғи янада кенгайди: Бош мукофот эгаси 50 минг долларгача пул олиш имкониятига эга бўлади. Илк бор давлат ёзувчилар ва таржимонларга тўғридан-тўғри грандлар ажратила бошланди. Китобхонлик маданиятини оммалаштиришда хусусий сектор, жамоат ташкилотлари ва давлат ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ижтимоий фойдали ва жуда талабгир бўлган катта маърифий лойиҳаларга киришди. «Сўз» каби аввал ҳеч учрамаган дастурлар акс-садоси олис қишлоқларгача бормоқда, ижодий шахсларни бирлаштирувчи ижобий ҳамжамиятга айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам ижодкорлар томонидан жуда илиқ кутиб олинди.
Миллатнинг ҳар фуқаросига йилига битта китоб камлигидан ёзғириб турган эдик, қарорда 2030 йилга бориб аҳолининг китобхонлик даражасини йилига ўртача 10 та китобга кўтариш вазифаси қўйилди, чоралар белгиланди.
Ёшлар агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси тузилди. «Истеъдодли муаллиф» каби катта лойиҳалар жорий этилиб, қалами ўткир, катта ижодий салоҳиятга эга ёшларга турли майда ташвишлар билан чалғимасдан ижод қилиш учун қулай шароитлар яратиб берилди.
Жорий йилдан бошлаб республика бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига китобларни таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатлари учун ҳар йили ажратиладиган маблағлар миқдорини 20 миллиард сўмга етказиш белгиланди.
Президент имзолаган ҳужжат, шубҳасиз, муҳим йўлкўрсаткич бўлди. Ҳудудлар бўйича китоб сотуви ва кутубхона ташрифлари асосида Китобхонлик индексининг жорий этилиши, «Бир кунда бир саҳифа» номли умуммиллий онлайн ташаббуснинг йўлга қўйилиши бунинг исботи дейиш мумкин. Давлат хизматчилари учун «Китоб ўқиш соати»ни ташкил этиш, катта-кичик барча идораларида «китоб бурчаклари»ни яратиш ҳам ўзини оқлайдиган ташаббус бўлди.
Яна нималар қилиш керак?
Бозор қонуниятига кўра, яхши китобларнинг соф рекламасини йўлга қўйиш вақти аллақачон келган. 30 йил бўлдики, бирор телеканалда бирор ўқишга арзирли китобнинг рекламасини кўрганимиз йўқ. Экранга олиб чиқиш камида уятсизлик ҳисобланган матоҳлардан тортиб, сифати кафолатланмаган дорилар, соғлиққа зарар ичимликларгача реклама қилинаётган бир вақтда, биз ҳазрат Навоий ёхуд Қодирий бобомизнинг шоҳ асарларини реклама қилишни ўзимизга эп билмайдиган истеъмолчига айландик.
Яқинда бир бола «Китобингизни ўқимоқчиман, лекин қиммат экан. Шунга, дейлик 10 ойга 100 мингдан тўлаб бермоқчиман, рози бўлсангиз», деб ёзди. Кўриняптики, ўқишга иштиёқи катта янги авлод ўсиб келяпти. Аммо баъзан китоблар нархи баландлик қилиши ҳам бор ҳақиқат. Шундай вазиятлар учун кам фоизли кредитлар бериш ҳақида ҳам ўйлаб кўрса бўлар балки. Бу ечим ҳам йиллар ўтгач фойдали сармоя бўлганини исботлайди, назаримда.
Бугун республикамиз миқёсида жами 17 467 та кутубхона бўлиб, уларнинг умумий фонди 89 миллион китобни ташкил қилади. Улардан унумли фойдаланиш, тарғиб қилиш чораларини қайтадан кўриб чиқиш зарурати бор бугун. Шунингдек, сўнгги йилларда пайдо бўлиб бораётган хусусий кутубхоналар тармоғини (ҳозирда 80 та) ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар яратиш зарур.
Ўқиш – тафаккурни кенгайтирувчи ва жамиятда қотиб қолган стереотип-қарашларни вайрон қилувчи энг таъсирчан қурол, ундан тўғри фойдаланишимиз керак. Муҳими, китоб ўқиш кўр-кўрона, зўрма-зўраки мажбуриятга айланиб қолмаслиги, балки у завқланиш, гўзал туйғуларни ва чин инсоний фазилатларни сайқал топтириш воситасига айланишига эришиш керак. Ҳиммати бор, халқнинг кўзини очиш истагида бўлган тадбиркорларимиз ҳар бир қишлоқда китоб дўкони, кутубхона очиши, илм аҳлига ҳомийлик қилишни ўзига шараф, бурч деб билишига эришиш эса бизни истеъмолчи жамиятдан ҳақиқий миллатсевар ва зиёли элга айлантирарди. Ана шунда бундай юрт авлоди эса нафақат шаҳар, балки бутун дунёни олиб беради сизга.
Лазиз РАҲМАТОВ,
Сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори
Жараён
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ