Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда музей ҳақида турли гап-сўзлар тарқай бошлади, хабарингиз борми? Қайси музей, дейсизми?.. Ўзимизнинг дилга яқин Адабиёт музейи-да! Хўш, десангиз, ушбу музейнинг бутун жиҳозлару экспонатларини Тошкентнинг ҳар турли бинолари ертўласига кўчириб ўтказишибди-да, бу бинони таъмирлашга киришишибди! Яхши-ку!
Яхшиликка яхши-я, илло бир ғавғоси бор-да! Нима сабабдан? Таъмирлаш баҳонасида кўчиришади-да, сўнг... Нима, сўнг? Музей йўқ, тамом вассалом! Додингизни кимга айтасиз?!
Йўғ-е! Кимсан бизнинг давлатда ундай кўзбўямачиликларга йўл қўйилмайди. Асло, зинҳор! Ўзим ўз қулоғим билан эшитдим. Нимани?
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат ака Умрзоқов шу хабардан фиғони фалакка чиқиб кетибди.
–Шаҳар ҳокимини танийсизми?
–Таниганда-чи! У кишини ҳокимлик вазифасига киришган куни мўйсафидлар қаторида дуо қилганлар қаторида бўлганман. Яхши тилаклар айтганман. Ажойиб инсон! Ана ўша инсон:
– Адабиёт музейи ҳеч қаёққа кўчмайди, бу – мен энг яхши кўрган музей дебди.
Ола-а!
Ҳа, шундай дебди. Тошкент Юридик институтида ўқиган кезлари, олий ўқув юрти домлалари, барака топсин, талабаларни ҳафтасига музейларга олиб борган экан. Шундан Шавкат Умрзоқовнинг Адабиёт музейига ихлоси баланд экан.
Офарин-н!
Тағин нима дебди денг? Нафақат аввалги биноси, балки ҳазрат Навоий орқа қилиб турган қадимий бино бор-ку, чўзили-иб тушган. Ўшани бошидан охиригача бус-бутун Ўзбекистон Адабиёт музейига олиб берамиз, дебди. Майдони билан! Алишер Навоий ҳайкалидан бошланадиган ушбу маскан Адабиёт музейи эмас, Адабиёт қўрғонига, шаҳарчасига айланади, дебди.
Офари-н-н! Бу гап давлатимиз Раҳбарига ҳам роса ёқиши муқаррар! Ахир ўзбек адабиёти дунё халқлари орасида энг қадимий, энг нуфузли адабиётлардан! Буни шаҳар ҳокими ҳам, бинони бузиш-таъмирлаш хаёлига келган яна аллакимлар ҳам яхши билишади!
Бокуда кўрган экан Адабиёт музейини, ўшандан ҳам ўтказиб юборамиз дебди.
Э, отасига раҳмат ҳоким буванинг! Ишқилиб, фаришталар омин десин-да!..
Пойтахт ҳокими кичкина одам эмас, тағин, музейга ихлоси баланд ҳокимни қаерда кўргансизлар?! У ўзимизнинг одам, адабиёт одами. Миллат одами!
Эзгу ният ила Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
адиб.
Тарих
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ