Ўзбекистонда тунги ҳаётни тартибга солиш керак. Бизда одамлар на тунда, на кундузи ухламаяпти.
Яқинда қишлоққа бориб қайтдим. Одатда ҳаёт суръатини қишлоқда яхшироқ ҳис қиламан. Ҳар қандай ислоҳот, ўзгариш ёки ривожланиш қишлоққача етиб борсагина унинг натижаси ҳақида гапириш мумкин. Кейинги икки-уч йил ичида эса қишлоқлардаги ҳаёт суръати шаҳарларникидан қолишмайдиган, айрим жиҳатларда ҳатто ундан ҳам жадал тус олди.
Келинг, бир бошдан тушунтирай. Қишлоқда одамларнинг аскари четга ишлагани кетган, кўпчилиги Тошкентда савдогар, ўз ерида қолгани эса мол ва савдо-сотиқ билан (бюджет ташкилотида ишлайдиганлардан ташқари) банд. Қишлоқларда охирги йилларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси гуркиради. Биргина маҳалланинг ўзида 3 та кафе-ошхона, 10 га яқин мини-маркет ва кичик дўконлар, гўшт дўконлари, футбол майдонлари, гўзаллик салонлари, дорихона, қурилиш материаллари савдо нуқталари, чорва еми сотиладиган шахобчалар, авто ювиш жойлари, болалар учун кўнгилочар масканлар фаолият кўрсатяпти. Бу қишлоқ иқтисодиётининг ривожланаётгани, янги иш ўринлари яратилаётганидан далолат беради.
Бир қарашда зўр, қишлоқда ҳам аҳоли ҳаётининг фаровонлик кўрсаткичи ўсган. Аммо масаланинг мени ўйлантираётган бошқа жиҳати бор. Мазкур хизмат кўрсатиш объектларининг катта қисми тўлиқ сутка давомида ишлайди. Натижада кафе ходимлари ярим тундан кейин уйига қайтади, айрим дўконлар тунги ўн иккигача очиқ бўлади ва эрталаб яна иш бошлайди. Автомойка, ем-хашак дўконлари ҳамда уй шароитида ташкил этилган кичик бизнеслар мижозга қараб кечаю кундуз хизмат кўрсатаверади.
Бу эса шу соҳада меҳнат қилаётган тадбиркорлар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мунтазам равишда тўлиқ дам ололмаётганини англатади. Албатта, шаҳарларда бу ҳолат янада кучлироқ намоён бўлади. Энг ташвишлиси, шаҳарларга хос бўлган 24/7 турмуш тарзи энди қишлоқларга ҳам кириб келди. Бунинг оқибатида нафақат катталар, балки болаларнинг ҳам уйқу режими бузилиб боряпти.
Айтганларимни яна бир жиҳат билан асослаш мумкин. Бугун кўплаб ота-оналар, бобо-бувилар ярим тунгача давом этадиган ишларда банд. Табиийки, болалар ҳам улар билан бирга юради. Болани ухлатишга, қарашга одам бор деб ўйлайсизми? Афсуски, аксарият оилаларда бунга имконият йўқ.
Бизнинг болалигимиздаги “Болалар вақти” деган кўрсатувлар аллақачон урфдан қолган. Ҳеч бўлмаганда мен кузатаётган муҳитда кечки соат саккиз ёки тўққизларда ухлайдиган болалар жуда кам. Бу ҳолат, айниқса, ёш оналар зиммасига янада оғир юк юкламоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қиладиган аёллар кўпинча ярим тундан кейин уйига қайтади. Бироқ эрталаб яна барвақт туриб фарзандларига қараши, рўзғор ишларини бажариши ва ишга тайёргарлик кўришига тўғри келади.
Авваллари тушлик пайти қисқа дам олиш имкони бўларди. Аммо иш вақти аниқ чегараланмаган хизмат кўрсатиш соҳасида бу имконият ҳам деярли қолмаяпти.
Аёлнинг ўзи ишламаса ҳам, оила аъзоларининг тунгача давом этадиган меҳнат тарзи унинг ҳаётига таъсир кўрсатади. Чунки у кўпинча уйдагиларнинг барчаси қайтиб, овқатланиб бўлмагунча рўзғор ишларини якунлай олмайди.
Шу тариқа, бир томондан сақланиб келаётган айрим маиший анъаналар, иккинчи томондан эса бозор иқтисодиёти, истеъмол маданияти ва юқори меҳнат суръати энг катта юкни ёш аёллар зиммасига юклаяпти. Улар кеч ётиб, эрта туради; бир вақтнинг ўзида фарзанд тарбияси, рўзғор юмушлари ва меҳнат фаолиятини олиб боради. Натижада мунтазам уйқу етишмаслиги уларнинг саломатлигига, оилавий муносабатларга ва ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатади (Бу алоҳида муҳокамага арзийдиган мавзу. Бироқ ҳозирги гап жамиятда уйқу маданиятининг издан чиқиб бораётгани ҳақида).
Биз наинки хизмат кўрсатувчи, балки хизмат сотиб олувчи сифатида ҳам бедормиз. Юқорида болалар уйқуга тўймаётгани ҳақида айтдим. Мисол, боғча ёшидаги болалар ва мактаб ўқувчилари отаси ёки акалари билан бирга стадионларга келиб, баъзан тунги соат бир-иккиларгача у ерда қолади. Бу такрорланадиган ҳолат. Албатта, спорт билан шуғулланиш фойдали. Аммо бу соғлом уйқу ҳисобига бўлмаслиги керак. Чунки эртаси куни болалар боғча ёки мактабга бориш учун барвақт туриши лозим. Кеч ухлаш эса уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Кечқурунги бедор нуқталарнинг барида болаларни учратишимиз уларнинг ҳам катталар билан бирга 24 соатлик истеъмол муҳитининг иштирокчисига айланиб бораётганини кўрсатади.
Хуллас, энди нафақат ўзимиз, балки болаларимиз ҳам хизмат кўрсатиш соҳасининг 24/7 мижозларига айланиб бормоқда. Натижада соғлом уйқу маданияти тобора йўқоляпти.
Энди шаҳарга қайтсак. Шаҳарлар ёвуз ва ёввойи суръат босимида. Буни овқатланиш масканлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Барчамиз мазали овқатларни ва ошхона билан боғлиқ сифатли хизматларни яхши кўрамиз. Шу билан бирга, юртимизда умумий овқатланиш хизматлари қўшни Қозоғистон ёки айрим хорижий давлатларга нисбатан арзонроқ. Шу боис кўчада овқатланиш кўпчилик учун қулай танловга айланган. Талаб юқори бўлгани учун деярли ҳар қадамда ошхона ва кафе фаолият юритади.
Аммо тунги ҳаёт тартибга солинмагани сабабли, иш куними ёки дам олиш куними – фарқи йўқ, ярим тунгача овқатланиш масканларида вақт ўтказишга одатланиб қолдик. Биз уйга қайтамиз, аммо шу пайтгача бизга хизмат кўрсатган ходимлар ишини давом эттиради.
Масалан, тунги соат 11–12 да ёпиладиган ошхоналарда фаррошлар ва идиш-товоқ ювувчиларнинг иши эндигина бошланади. Улар кўпинча соат иккиларда уйига қайтади, учларда эса ухлайди. Бу уларнинг ҳар кунлик турмуш тарзи. Мунтазам уйқу етишмаслиги эса вақт ўтиши билан саломатликда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Албатта, улар меҳнат қилишга мажбур. Аммо савол туғилади: ярим тундан кейин ишлагани учун қўшимча ҳақ оладими? Афсуски, аксарият ҳолларда йўқ. Аксинча, айнан шу хизматларда энг кам иш ҳақи тўланади.
Энди мана шу ерда савол туғилади: Касаба уюшмалари бу масалага қай даражада эътибор қаратмоқда? Ахир тунги меҳнат шароитлари ва ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уларнинг асосий вазифаларидан бири эмасми?
Кўплаб Европа давлатларида тунги меҳнат учун қўшимча ҳақ тўланади ва бундай меҳнат муносабатлари қатъий тартибга солинади. Бизда эса одамлар соғлиғи ва уйқуси эвазига ишлаётган бўлса ҳам, иш топганидан мамнун бўлишга мажбур.
Меҳнат қилувчиларнинг ўзи бунга мажбур бўлиши мумкин. Аммо давлат бошқаруви органлари ва масъул ташкилотларнинг вазифаси меҳнат ҳуқуқлари ҳақида аҳолини хабардор қилиш ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишини назорат қилишдан иборат эмасми?
Энди 24/7 режимида ишлаётган курерлар, дорихона, дўкон ва супермаркет ходимларини олайлик. Уларнинг меҳнат ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинганми? Уйқуга тўймаслик, ҳатто умуман ухлай олмаслик эвазига улар нимага эришмоқда?
Ўзи умуман тунги ҳаётни бу қадар фаоллаштиришдан мақсад нима? Тадбиркорликни ривожлантириш, кўпроқ иш ўрни, кўпроқ даромад олишми? Аммо буларнинг бари, охир-оқибат, нимага хизмат қилади? Хизмат кўрсатиш соҳаларининг 24/7 мижозлари ким? Албатта биз! Яъни туну кун ухламаётган, англаб-англамай нимадир сотиб олаётган, еётган, кўраётган, кўнгил очар масканларга бораётган биз.
Дейлик, биз хизмат кўрсатиш соҳаларида ишламаймиз. Аммо деярли ҳаммамиз хизмат кўрсатиш соҳаларининг кечки мижозига айланиб бўлганмиз. Масалан, эркаклар футбол томоша қилиш учун кафе, бар ёки махсус жойларга йиғилишини олайлик. Биз ўз вақтида ухлаяпмизми? Ахир катта инсон учун соғлом уйқу кечки соат 9–10 ларда бошланиши керак. Шундагина эрталаб барвақт туриб, ишга тайёр ҳолда бориш мумкин.
Афсуски, биз жуда кеч ухлаймиз. Шунинг учун кунимиз ҳам кеч бошланади. Яқинда Facebook тармоғида Хитой ва Ўзбекистондаги иш куни таққосланган видеони кўрдим. Унда Хитойда одамлар эрта ётиб, эрта туриши, шунинг учун иш жойига ўз вақтида етиб келиши ва уйқуга тўйгани сабабли меҳнат унумдорлиги юқори бўлиши айтилган.
Ўзбекистонда иш бошлаган хитойликлар эса бизнинг меҳнат тартибимиздан ҳайратланган. Чунки биз соат тўққизда ишга келсак ҳам, уйқуга тўймаганимиз сабабли иш унумдорлиги кўпинча соат ўн бир-ўн иккилардагина ошади.
Демак, тунги фаол турмуш тарзи, доимий истеъмолчи бўлиш одати ва хизматлардан кечки вақтда фойдаланиш эҳтиёжи меҳнат самарадорлигимизга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бир томондан тадбиркорлик ривожланмоқда, иккинчи томондан эса ишлаш салоҳиятимиз ва меҳнат унумдорлигимиз пасаймоқда.
2021 йилда Венецияда бўлганимда қизиқ ҳолатга душ келгандим. Кечки соат 7 лар атрофи супермаркетга сув сотиб олиш учун кирдим. Супермаркет ходими “Nou, nou” деб, италянчада нималардир айтиб ташқарига чиқишимни ишора қилди. Сув сотиб олмоқчи эканимни тушинтиришга уринганим сайин унинг баттар жаҳли чиқди. Кейин маълум бўлдики, у ерда соат еттидан кейин супермаркетлар, дўконлар ва овқатланиш жойларининг аксарияти ёпилар экан. Ҳатто оддий овқат буюртма қилиш ҳам қийин эди. Фақат айрим қиммат ресторанлар махсус буюртма асосида кечаси ишлайди. Табиийки, бундай жойларга аҳолининг катта қисми бормайди. Якшанба кунлари эса кичик дўконлар умуман ишламас экан. (Энди ўзимиздаги маҳалла дўконларини эсланг: ҳатто тунги соат 12 да ҳам гавжум, атрофида эса музқаймоқ еб юрган болаларни кўриш мумкин.) Одамлар у ерларда тунни кўчада эмас, дам олиш билан ўтказади. Худди шундай ҳолатни Лондонда ҳам кузатганман. У ерда ҳам кечқурун одамлар кўчада анча кам бўлади. Тўғри, Венециядагидек ҳаёт бутунлай тўхтаб қолмайди. Аммо иш кунлари одамлар ярим тунгача кўчада юрмайди, овқатланиш жойларида ўтирмайди, дўкон айланмайди.
Бироқ жума кечқурундан якшанба тушгача манзара бутунлай ўзгаради. Кўчалар гавжумлашади, одамлар, айниқса ёшлар бўш вақтини ташқарида ўтказади. Шу кунлари метро ҳам тунги соат 3–4 гача ишлайди.
Хуллас, капитализмнинг энг ривожланган марказларидан бири бўлган ушбу мегаполис ҳам тунги ҳаётини муайян тартибга солган. Биз эса ҳали бу масалада аниқ ёндашувни шакллантира олмадик. Қачон дам олиш, қачон ухлаш кераклигини ҳам унутиб қўяётгандекмиз. Соғлом уйқу ҳақидаги тасаввуримиз ҳам аста-секин йўқолиб бормоқда.
Ўзи соғлом уйқу дегани нима?
Соғлом уйқу – кечки соат 9 дан тонгги соат 4 гача бўлган уйқудир. Ана шу вақтда организм мелатонин гормонини ишлаб чиқаради. Инсон айнан шу вақт оралиғида ухлагандагина мия ва организм тўлиқ дам олади. Қолган вақтдаги уйқу бу даражада самарали бўлмайди.
Афсуски, бугун бундай соғлом уйқу ҳатто болалар ҳаётидан ҳам тобора йўқолиб бормоқда.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Нега мақола давомида асосан хизмат кўрсатиш соҳаси ҳақида гапиряпман? Бунинг жавобини қуйидаги статистикадан ҳам кўриш мумкин:
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ва фаолият кўрсатаётган жами корхоналар ва ташкилотларнинг тахминан 65–67 фоизи айнан хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасига тўғри келади (Stat.uz).
Жами хизмат кўрсатувчи субъектлар: 350 000–380 000 дан ортиқ расмий корхона ва ташкилотлар (Stat.uz).
Кичик бизнес ҳиссаси: Хизмат кўрсатиш субъектларининг 80% дан ортиғини кичик бизнес ва микрофирмалар ташкил этади.
Йўналишлар бўйича тақсимланиши
Хизмат кўрсатиш ва хизмат кўрсатиш объектлари (шахобчалар, шифохоналар, меҳмонхоналар ва бошқалар) тармоқлар бўйича қуйидагича ажралади:
Савдо ва маиший хизматлар: ~145 000–150 000 та субъект (умумий хизматларнинг қарийб 40–45 фоизи) (Stat.uz).
Яшаш ва овқатланиш (меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар): ~28 000–30 000 та обект (Stat.uz).
Кўрганингиздек, хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётда энг катта улушни эгаллайди. Кичик бизнес, савдо, умумий овқатланиш ва яшаш хизматларининг 24/7 режимига ўтиши, бир томондан, тадбиркорлик ривожига хизмат қилаётган бўлса, иккинчи томондан, шу соҳада меҳнат қилаётган ходимлар ва тадбиркорларнинг ўзини ҳам уйқусиз қолдирмоқда. Шу билан бирга, биз ҳам истеъмолчи сифатида тобора кўпроқ бедор ҳаёт тарзига кўникиб бормоқдамиз.
Лекин бу ерда яна бир эътиборли жиҳат бор. Ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиши лозим бўлган касаба уюшмалари, болаларнинг уйқу режими ва бунинг таълимга таъсирини ўрганиши керак бўлган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, аҳоли саломатлиги учун масъул Соғлиқни сақлаш тизими, шунингдек, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиши лозим бўлган мутасадди ташкилотларнинг ўзи ҳам бугун уйқуга тўймаётгандек. Уларнинг ходимлари ҳам тунги 11–12 гача ишхонада қолиши, бошқарув тизимларидаги ярим тунги ёки тонгги 5:00 даги (бир кулгинг, бир йиғлагинг келади) мажлислар, фақат шунга дош бера оладиган ходимларгина ишга қабул қилиниши – бугун ҳеч кимга сир бўлмаган вазият.
Яна бир тоифа бор. Аслида бу муаммони кўтариши, жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиши ва зарур бўлса, қонунчиликни такомиллаштириши керак бўлган тоифа – депутатлар. Афсуски, бу масалада уларнинг фаоллигини деярли сезмаяпмиз.
Европада эса тунги ҳаётнинг фаоллашуви, истеъмолчиликнинг ортиши ва аҳоли уйқуси ҳамда саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратган, капитализм инсоннинг вақти ва эътиборини чек-чегарасиз истеъмол қилишига бефарқ қарамаган кучлардан бири айнан депутатлар бўлган.
Майли, масъул идоралар бу ҳақда ҳали етарлича гапирмаётган бўлса ҳам, ҳар ким, аввало, ўзи ва яқинларининг саломатлиги ҳақида қайғурсин. Имкон қадар вақтида ухланг, уйқуга тўйишга ҳаракат қилинг.
Уйқусизлик сизга барибир миллиардлар олиб келмайди. Борди-ю, олиб келган тақидирда ҳам соғлигингиз эвазига бўлиши мумкин.
Яна бир нарсани унутманг: ҳар сафар тунги соат ўн-ўн биргача овқатланиш жойида ўтирганингизда, сизнинг орқангиздан йиғиштириш учун ишини давом эттираётган, уйига тунги соат бир-иккиларда қайтадиган инсон борлигини ёдингиздан чиқарманг, унинг қизарган кўзларини, инчунин.
Тилланисо ЭШБОЕВА
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ