Кеча, 24 июль – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан ижтимоий тармоқларда миннатдорлик постлари жойланди. Oyina.uz самимий табрикларнинг айримларини бир жойга йиғди.
“Бу ўзгаришлар учун мен бир инсонга раҳмат айтишим керак...”
Дам олиш куни уйни “генеральная уборка” қилатуриб, шкаф тепасида анча вақтдан бери турган жомадонни очиб кўрдим. Ичида арзимас майда-чуйдалар униқиб ётибди: қорайиб кетган калит; елимланган конверт; турли йилларда олинган турлича васиқалар; Фузулий ғазаллари жамланган ихчам китоб; Хитой тилида ёзилган қандайдир рисола; ўқишдан “ачислена” бўлган дўстимнинг “зачўтка”си ва ҳоказолар. Ҳаммасини эслашга тиришдим. Бу нарсалар қандай қилиб бир ерга тўпланиб қолди, нима учун мантиқсиз равишда алоҳида тўплаб қўйган эдим?
Калит
2016 йил ёз. Янгийўл тумани Тожик маҳалладан ҳовли-уй қуришга ер олдим. Пулини бўлиб-бўлиб беришга келишдик. Ошна-оғайни, қариндош-уруғ икки хоналик ЯТББ (яшаб турса бўладиган бошпана) қурдим. ЯТББга кўчиб кирдик. Бу орада нарх-наво ўзгариб кетди, пул келадиган бошқа келишувларим барбод бўлди, уйни гаровга қўйиб кредит олишга роса ҳаракат қилдим. Биров кредит миқдорини ярмича пул (пора) сўрайди, биров қурилишдан тўғри келган афти-ангоримга қараб гаплашгиси келмайди ва ҳоказо. Савдо бузилди, ЯТББ ҳам. Яхшигина тушдим.
Елимланган конверт
Кўкчадаги роддом ҳовлисида хомуш турибман. 2010 йил 8 март. Қўлимда рецептлар ёзилган майда-чуйда қоғозчалар. Ҳалигина туғилган ўғлим ва онаси учун шулар керак экан. Раҳматли устозимнинг синглиси Нигора Шермуҳаммедова вазиятдан хабар топиб, тезда роддомга келди. Рецептни кўриб, уни ёзган докторнинг юзига қоғозни йиртиб-йиртиб отди: “Она-болага дахли йўқ-ку бунинг”. Доктор индамади-ю, лекин кечқурун рецепт ёзилган беш-ўнта калта қоғоз бериб, шуларни срочно олиб келинг, папаша, бўлмаса болани қутқариб қолалмаймиз, деган. Конвертда ана ўша кунги рецепт жойланган ва устига шундоқ ёзилган: “Саййидбобо туғилган кунда олинган дори-дармонлар...”
Васиқа – 1, 2
1) Менда Тошканга уч ойлик вақтинчалик прописка қўйилганим ҳақида жуда кўп васиқалар бор. Аммо буниси айрича қимматли бўлгани учун жомадонга алоҳида сақлаб қўйган эканман. Гап шундаки, бу теппа-текинга бўлган ягона прописка. Уй эгасига “бир пиёла чой” берилмаган, йўл ҳақи берилмаган, нозирга беш-тўрт сўм қистарилмаган. Фозил Фарҳод топган бир инсофли опанинг уйига вақтинчалик прописка қилинган эдик. Ўша пайт 2010 йиллар эди.
2) “Ўлим гувоҳономаси” – укам Шаҳзод авария туфайли оламдан ўтди. Судда аввария содир қилган иккала шафёр айбдор деб топилди ва ўша заҳоти амнистия туфайли жиноий жавобгарликдан озод қилинди. Отам ер тепди, онам чуввос қолиб йиғлади, мени алам ёқди, на чора. Билсак, шундай турдаги ҳолатлар бўйича терговни ноябрь-декабрга қадар чўзиб турилса, буёғи амнистия экан. Инсон ўлими билан боғлиқ жиноятларни алоҳида тартибда кўриб чиқса бўлар экан, шунчаки кечириш орқали бир томонни оташга солиш тўғри иш бўлмаган экан. Буни кейинроқ тушундик.
Фузулий китоби
2009 йил. “Шарқ зиёси” китоб дўкони олдидан ўтаётганда, шу китобни олиш учун бир дақиқагина дўконга кирдим. Икки кун олдин кўрганман, олишга пулим етмаган, китоб қайси жойда турганини ҳам биламан. Эски жигулини четроққа олиб, китобга кириб чиқдим. Тўхташ тақиқланган деган белги йўқ эди. ГАИ ходимлари машинамиз олдида кутиб олишди ва каттагина жарима ёзишди. Аввалига роса ялинтирди. Муроса қилолмадик. Кейин ўрлигим тутиб, шунча машина турибди, нега айнан менга шунақа қиляпсиз, яшаб бўлмай қолди-ку дастинглардан, деб ҳайқирганча қўлимдаги баклажкани ерга улоқтирдим. Ҳолат бўйича шикоят қилиш, ҳақлигингни исботлаш учун қонуний инструментлардан фойдаланиш қаёқда? Халқда бундай тафаккурнинг ўзи бўлмаган.
Хитой тилидаги рисола
Ўша жаримани тўлаш учун шоир укам Бобур Элмурод иккаламиз мук тушиб, пул ишлаш учун ҳар мақомга йўрғаладик. У ўқишни тамомлаган, тайинли иш йўқ, ижарада уйимда иккаламиз туну кун ишлаймиз. Буюртма чиқса бас, луғатимизда билмаймиз, қила олмаймиз, деган жумла йўқ. Ҳамма ишни бажарамиз. Шарқшунослик университетида ўқийдиган бир магистрант Хитой тилида диссертациясини ёзишга кўмаклашимизни сўради. Таклиф қилинаётган сумма каттагина, бироқ бизлар хитой тилини билмаймиз. Биз ўйлаб ўтирмай бу ишга киришдик, аванс олдик... гогллаб... увиллаб... чувиллаб... кулги ва йиғи орасида мутаассир бўлиб ишни якунладик. Энг қизиғи, ўша йигит диссертацияни “аъло”га ҳимоя қилиб, раҳмат акалар, деб яна озроқ пул бериб кетган. Ўша пулга бўкиб ичдик ва Бобур зўр шоир бўлишга, мен эса зўр файласуф олим бўлишга бир-биримизга ваъда бериб, бундайчикин ишларни абадул абад тўхтатдик.
“Зачўтка”
Дўстим тиришқоқ бола эди. Айни имтиҳонлар вақтида отаси қазо қилди. Йиғлаб қишлоққа кетди ва бир ойлар дарсга келолмади. Кейин ўқишдан ҳайдалди. Биров нима бўлди, нега дарсга келмаяпти, деб сўрамади. Унга академик таътил олиш имкони берилмади. Ректорни айтмай қўяқолай, декан, ўҳ-ҳў, катта одам, у билан талаба ўртасида диалог йўқ эди.
Жомадоннинг ўзи
Тошкентга кетаётганимни эшитиб, Ҳасанбой сартарош йўқлаб келибди: “Кетсанг, нарсаларингни шунга сол, мен буни армиядан олиб келганман. Болаларим ортингдан ўқишга борсин, илоҳим...” Сартарошни қайтиб кўрмадим. Жомадон эса йигирма йилки мен билан бирга. У 2 та “обшита”, 23 та ижара квартира кўрди. Бу бўладиган гап, нолиш йўқ. Худога шукр, жомадоним ўз уйимни ҳам кўрганига етти-саккиз сана бўлди.
Хуллас, ана шунақа гаплар. Кейин кўўп нарса ўзгарди. Бошбошдоқлик камайди. Бу ўзгаришлар учун мен бир инсонга раҳмат айтишим керак: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга. Лекин, уяламан қурғур.
Беҳзод ҚОБУЛОВ
“Биргина шу қўрқувни юз минглаб юртдошларимиз қатори мендан ҳам олиб ташлади”
Прописка муаммоси энг чўққига чиққан вақт эди. Кўча томоннинг пардаларини зич ёпиб, чироқлари ёқмай ўтирардик ҳеч ким яшамайди, деб ўйлашлари учун. Эшикни ҳеч кимга очмасдик.
Бир куни эшик тақиллади. Табиийки, очмадик. Бир пайт подъездда перфоратор тариллашни бошлади. Жон-поним чиқиб кетди. Эшикни очмаганимиз учун бузиб киришмоқчи, деб ўйладим. Нима бўлса бўлди, пичоқ суякка қадалди, деганда важоҳат билан эшикни очдим!
Очсам, юқори қаватда мен корейс тилидан дарс берадиган ўқувчим йўлак чироғини ўрнатиш учун тешик очаётган экан дрелл билан.
Биргина шу қўрқувни юз минглаб юртдошларимиз қатори мендан ҳам олиб ташлагани учун президентимиз Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман! Туғилган кун муборак бўлсин, Президентим!
Санжар САИД,
блогер
“Оиламиз ва фарзандларим номидан чин қалбдан миннатдорлик билдираман”
Ислоҳотларнинг уйимизга ташрифи: Бир оила тақдиридаги катта ўзгаришлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлиги лавозимига киришган илк кунлариданоқ бир фикрни бот-бот такрорлаган эдилар: “Ислоҳотларнинг натижасини одамлар ўз тақдирида, кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак”.
Бу сўзлар ўшанда кўпчилик қатори мен учун ҳам чиройли бир шиордек туюлган бўлиши мумкин. Аммо вақт ўтиб, бу даъват оддий одамларнинг, жумладан, менинг оиламнинг ҳаётини буткул ўзгартирган ҳақиқатга айланди.
Ёшим ҳозир 50 да. Шу кунгача журналистика соҳасида сидқидилдан меҳнат қилиб келдим, кам бўлмадим. Лекин очиғини айтиш керак, юқори давлат мукофотлари, эътирофлар биз каби оддий ижодкорлар учун фақат ушалмас орзудек эди. Баъзан ўзимдан анча ёш ука-сингилларимизнинг кўксида медалларни кўрганда, ичимдан бир ширин ҳавас ўтса-да, “кўкрак нишони олиш ҳам тепадан ҳал этилса керак”, деган андиша билан бироз уялиб ҳам қўярдим.
Албатта, юртимизда давлат мукофотлари ва медаллар бериш тизими аввалдан бўлган, бу янгилик эмас. Бу гапларим билан Президентимиз мутлақо янги тартиб жорий қилди, демоқчи эмасман. Гап шундаки, бугунги шиддатли ислоҳотлар замонида, ҳаёт суръати тез ўзгараётган бир пайтда менинг камтарона меҳнатим ҳам эътибордан четда қолмагани одамни тўлқинлантириб юборар экан. Бироз нокамтарлик туюлса-да, ҳаётимдаги ўша энг қувончли, унутилмас дамларни бугун қайта эслагим келди. 2021 йилда Давлат мукофоти олган журналистларни тақдирлаш маросимида мен ҳам Президентимизнинг эътиборларига тушдим ва “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу қувонч устига чиройли қувонч бўлиб, ортидан Мустақилликнинг 30 йиллиги кўкрак нишони ҳам топширилди.
Энг муҳими, ўзгаришлар фақат мен билан чекланиб қолмади. Юртимиздаги таълим тизимидаги ислоҳотлар фарзандларим тақдирида энг катта ютуқларга пойдевор бўлди.
2016 йилда катта қизим олий ўқув юртига шартнома (контракт) асосида ўқишга кирди. Ўша пайтлар оддий оила учун шартнома пулини тўлаш қанчалик оғир бўлганини бошидан ўтган билади. Кейинги йил иккинчи қизим ҳам ҳужжат топширди. Юрагимда озроқ ҳадик бор эди. Агар у ҳам контрактга кирса, иккаласини бирдек ўқитишга қийналиб қолардик...
Худди шу пайтда Президентимиз ташаббуси билан ижодий йўналишдаги олийгоҳларга қабул тизими ўзгарди. Тест синовлари асосий омил сифатида эмас, балки абитуриентнинг ҳақиқий ижодкорлик қобилияти биринчи ўринга қўйиладиган бўлди. Бунинг натижасида Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига ҳужжат топширган қизим ижодий имтиҳонлардан энг юқори балл олиб, ўз иқтидори билан бюджет асосида ўқишга қабул қилинди. Оиламиздан ташвиш булутлари тарқаб, уйимизга қувонч кирди.
Яна бир ҳақиқий мўъжиза ўғлимнинг тақдирида юз берди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда мутлақо янги тизим – Президент мактаблари ташкил этилди. Тўғриси, у ерга фақат “танкаси” борлар киради, деган эскича қарашлар ҳали йўқолмаган эди. Бироқ ўғлим ўз билимига ишониб, Тошкентдаги Президент мактабига ҳужжат топширди ва шаффоф имтиҳонлар орқали юқори натижа билан ўқишга кирди. Ўғлим ушбу мактабни муваффақиятли тамомлаб, халқаро рейтингда ТОП-20 таликда турувчи дунёнинг энг нуфузли таълим масканларидан бири – Нью-Йорк университетига (NYU) грант асосида қабул қилинди. Тасаввур қиляпсизми, 4 йиллик ўқиш учун нақд 360 минг долларлик грант!
Агар мамлакатда мана шундай тизимли ислоҳотлар бўлмаганида, биздек фақат ойлик маошга кун кўрадиган оддий инсонларнинг фарзанди бундай улуғвор университетлар остонасини боса олармиди? Асло йўқ! Янада қувончлиси ва оиламиз учун фахрлиси – ўғлим мана шу улкан ютуқлари эвазига Президентимиз билан шахсан учрашиш бахтига муяссар бўлди ва Давлатимиз раҳбарининг дуоларини олди. Бу бир ёш йигитнинг ҳаёти учун унутилмас воқеа, бутун умрга етадиган катта куч-қувват бўлди. Мана шу эмасми Президентимиз айтган “ўзгаришларнинг одамлар тақдиридаги акси”? Бугун биз бу бахтни ҳар сонияда ҳис қиляпмиз. Балки кимдир бу дил сўзларимни, самимий миннатдорлигимни нотўғри талқин қилар.
Аммо бугунги қутлуғ сана – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд топган айёмлари муносабати билан ичимдаги, юрагимдаги ушбу ҳақиқатларни ёзмасликка виждоним йўл қўймади. Чунки сохталикдан йироқ бўлган бу раҳматлар ортида бир журналистнинг, бир отанинг, энг муҳими – ўз ҳаётида адолатни кўрган оддий бир халқ вакилининг асл туйғулари мужассам. Бизга мана шундай адолатли тизимни, ёшларимиз ўз иқтидорини кўрсата оладиган имкониятлар эшигини очиб берган, оддий халқнинг дардини тинглаб, орзуларини рўёбга чиқараётган Юртбошимизга оиламиз ва фарзандларим номидан чин қалбдан ташаккур билдираман. Ҳурматли Президент! Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин! Халқ ва келажак авлод учун қилаётган эзгу амалларингиз бардавом бўлсин, соғлик-саломатлик сизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ,
журналист
“Фақат битта шартим бор – гапларимни Президентимиз эшитсинлар”
2-3 ҳафтадан бери турли ҳудудларда ижтимоий ҳимоя тизимидаги вазиятни ўрганиш учун одамлар билан суҳбатлашаман. Сирдарёда 8 болани асраб олган, жами 10 фарзандга ота-оналик қилаётган Гадоевлар хонадонига бориб келдим. 8 боладан интервю олиб, 8 марта кўзимда ёшни аранг тутиб турдим. Улар болалар шаҳарчасида ўтган кунларини эслашди. Назоратсизлик, қаровсизлик, чўнтаккесарлик, наркотик моддалар истеъмоли… ортда қолди дейди улар ота-онасини маҳкам қучоқлаб.
***
5-6 йиллаб кўчага чиқмаган бир неча аёл билан гаплашдим. Уларнинг ногирон фарзандлари бор, шунинг учун ўқиш-ишни ташлашларига тўғри келган, шахсий ҳаёт, ривожланиш ҳам тўхтаган. Мен уларни кундузги парвариш марказларидан топдим, ўтган йилдан бери болаларни шу ерда 5-6 соатга қолдириб, кимдир ўқияпти, кимдир ишга киряпти. Баъзи аёллар боласининг ёнида бўлиш учун шу ерга ишга кирган, дефектология, массажни ўрганган, даромад топяпти.
***
Ижтимоий ҳамроҳ марказида ҳам бўлдим. Ёши улуғ кишилар пенсиядан кейин уйда зерикади, гаплашишга шерик қидиради. Мазза қилиб бадантарбия қилаётган қариялар билан гаплашдим. Яна у ерда диний мотив билан айбланиб 18 йил умри қамоқларда ўтган, ҳатто Жаслиққача борган собиқ маҳбус ҳам соғлиғини тиклаётган экан. 2017-йилдан кейин озодликка чиқибди, уйланибди, 2 қизли бўлибди, новвойхона очибди…
***
Реаблитатсия марказига бордим. Қайнонаси битта тухум қизғониб дўппослаган ёки эри кредитларга кўмиб, ишламай, ур тепки-сур тепки қилган аёллар 40 кун давомида марказда бошпана топгани, психологик-ҳуқуқий ёрдам олгани ҳақида гапириб беради. Отам йўқ эди, давлат отамга айланиб қолди, қийналсам, идораларга боравераман дейди яна бири.
***
Азиза деган ижтимоий ходим билан танишдим. У билан бирга хонадонларга кирдим. Бир йигитчага пропискасидан қатъий назар 1-гуруҳ ногиронлик белгиланибди, адаптиве спортга қатнаша бошлабди. Ҳечкими йўқ онахонга эса ҳар куни ижтимоий асситент келаркан: овқатини қилиб беради, уйини тозалайди, дори-дармонини олиб келиб беради.
***
Парковка тизимида қонуний ойлик олиб ишлаётган Муҳсина билан сурдотаржимон ёрдамида “гаплашдим”. 6 миллион ойлик оляпман, ишимдан фахрланаман дейди у имо-ишоралар билан. Мен ундан бармоқлар ёрдамида “бахтлиман” деб айтишни ўргандим.
***
Ўтган куни эса яна бир таъсирли воқеа бўлди. Видеоархивларни кўраётиб, 2021-йилда 21-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Президентимиз билан учрашувда режиссурага ўқиш орзусини айтиб берган экан. Менга қизиқ бўлди, 5 йилдан сўнг боланинг ҳаёти қандай ўзгарди, ўқишни битирдими, йўлини топдими?
Йигитчани қидириб топдим, телефонда гаплашдим. Эсингиздами, сиз билан шунақа воқеа бўлган экан, деб гап бошласам “эсдан чиқариб бўладими, Президентимиз ёрдами билан ўқишга кирдим, бу йил битирдим, ўшандан кейин ҳаётим ўзгарди, талаба бўлдим, бу йил ўқишни битирдим, уй берди давлат, 50 миллион пул олдим…қаердадир буни айтиб бергим келяпти”…
***
Ижтимоий ҳимоя фильми баҳона жуда кўп одамлар билан гаплашдим. Уларнинг эски ва янги муаммоларини, ҳасратлари ва қувончларини эшитдим. Шу пайтгача олган ёрдамлари, уларга кўрсатилган хизматлар ҳаммаси бепул ва беминнат бўлганини айтишди. Фақат камера-микрофон олдида эмас, камера ўчганида ҳам айтган гапи шу бўлди.
Ҳаммаларининг илтимоси битта: “Гапларимни Президентимиз эшитсинлар, раҳматимни айтганимни қўйинг кўрсатувингизга. Фақат шу шарт билан дардларимни айтаман”.
Хулосам шуки, давлат узоқ вақт ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламни инкор қилган, кўриб-кўрмасликка олган. Улар жамият учун ҳам маргинал қатламга айланган.
Заиф қатламга ажратиладиган пуллар нотўғри тақсимланган, коррупсияга ботган. Баъзилар ногиронлик белгилаганда, 2-3 ой нафақасини “собес” билан баҳам кўришга мажбур бўлган. Ваҳоказо, ва ҳоказо. Албатта, соҳада муаммо кўп, қамраб олинмаганлар ҳали кўп, қаерда қандай хизмат ва имконият борлигини билмайдиганлар улардан-да кўп.
Аммо мен ғишт қолипдан кўчгани, жараён кетаётгани, давлат ўзининг фуқароларини тенг кўриш учун тизимларини ўзгартиришга уринаётганига гувоҳ бўлдим.
Ҳали филм монтажини тугатишга улгурганимча йўқ. Лекин одамларнинг омонат гапини етказиш бурчим: “Раҳмат сизга, Президент! Узоқ умр кўринг”.
Азиза ҚУРБОНОВА,
блогер
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ