“Миллат қариши”, демографик қулаш ва ишчи кучи етишмовчилиги. Мамлакатлар чайлдфри “бадали”ни қандай тўламоқда?


Сақлаш
11:10 / 23.07.2026 191 0

Чайлдфри. Бу тушунча ривожланган мамлакатлар аҳолиси учун тобора актуаллашиб бориши билан бирга, мазкур ҳукуматлар учун турли ресурс талаб этувчи “оғир юк”ка ҳам айланмоқда.  Чунки туғилишлар сонининг пасайиши ортидан демографик инқироз, миллатнинг тобора қариши ва шу тариқа, ишчи кучининг камайиши тенденцияси кузатилади. Бу эса иқтисодиётга жиддий зарба келтириш билан бирга сиёсат ва жамиятнинг ҳам қайсидир маънода таназзулига олиб келади.

 

Хўш, чайлдфри феномени ўзи нима? У нимаси билан фойдали-ю қандай оқибатлари бор? Аввалига уни оммалаштириб, кейинчалик унга қарши ҳаракат бошлаган мамлакатлар энди қандай йўл тутмоқда? Қуйида шу саволлар асосида сўз боради.

 

Чайлдфри нимани англатади?

 

Жамиятдаги анъанавий оила моделининг муҳим шартларини четлаб, фарзанд дунёга келтириш ва тарбиялашдан онгли равишда воз кечадиганлар чайлдфри деб аталади. Улар учун авлод қолдириш ва фарзанд тарбияси ҳаёт мазмуни саналмайди. Улар вақти ва куч-ғайратини ўзига, карьерасига ёки бошқа қизиқишларига бағишлашни маъқул кўради.

 

Чайлдфри борасида сўз юритиларкан, қуйидаги тушунчаларни аниқ фарқлай олиш муҳим.

 

Социологлар болаларни ёқтирмайдиганларни реджектор, шунчаки фарзандсиз яшашни истовчиларни – аффексьонадо, фарзанд кўришни истайдиган, бироқ жисмоний имкониятлари тўғри келмайдиганларни чайлдлесс, болаларни ёмон кўрадиганларни бўлса чайлдхейт деб атайди. Бундан ташқари, “кўнгилли фарзандсизлар” номли демографик термин ҳам мавжуд бўлиб, у анча кенг қамровли танловни англатади.

 

Ва ттабиийки, фарзандсизликнинг ҳар қандай тури мамлакат демографиясига бевосита таъсир ўтказади. 

 

Бу феномен қачон, қандай пайдо бўлган?

 

Merriam-Webster луғати маълумотларига кўра, Childfree ғояси ва термини илк бор 1901 йилда пайдо бўлиб, 1970 йилларда Қўшма штатларда феминизм ва эмансипация (қарамликдан, чекловлардан қутилиш, мустақиллик) фонида кенг қўлланила бошлайди. Асоси чайлдфри бўлган илк ташкилотлар, жумладан, “Истакка кўра она бўлиш миллий Альянси” ҳам ўша даврда пайдо бўлиб, асосий мақсади – фарзанд кўришдан ихтиёрий воз кечувчиларнинг ижтимоий гуруҳини аниқлаш ва “фарзанд кўриш мажбурияти” стереотипларини четлаб, шундай ҳаёт тарзини ҳам нормаллаштиришдан иборат бўлган.

 

Шундан бошлаб фарзандсизликни қўллаб-қувватлашга қаратилган турли ташаббус ва ғоялар тобора ортиб, қўллаб-қувватланган.

 

1990 йилларда бу феномен жамоатчилик орасида оммалашиб, тобора мустаҳкам бўлиб борса-да тўлиқ ўрганилмаганлигича қолади. 1991 йил фарзандсизлик асосига қурилган “Инсоният йўқолиб кетиши йўлидаги ихтиёрий ҳаракат”га асос солинади. 1992 йилда эса калифорниялик ўрта мактаб ўқитувчиси Лесли Лафайет Childfree Network (CFN) оммавий (ижтимоий) тармоғини яратади ва фарзандлилар учун имтиёзларни бекор қилиш – унинг асосий талабларидан бири бўлади. Мазкур Фарзандсизлар жамияти мамлакат бўйлаб 33 та бўлим-филиалига эга бўлиб, унга АҚШда 5 мингдан ортиқ фуқаро аъзо бўлган. Кейинчалик бу ҳаракат Европа ва Австралияда ҳам оммалаша бошлайди.

 

2014 йилга келиб чайлдфри халқаро трендга айланиб улгуради: ёшлар молиявий мустақилликка эришишда қийинчиликларга дуч келиб, фарзанд дунёга келтиришдан чўчий бошлайди, яна аксарият жуфтликлар карьеранинг маълум даражасига етгандан кейингина фарзанд ҳақида ўйлаш мумкин, деган позицияда йўл тутади.

 

1982 йил АҚШда ўзини “Кўнгилли фарзандсиз” деб атовчи аёллар  2,4 фоизни, 1995 йил 6,6 фоизни ташкил этган бўлса, Мичиган университети олимларининг тадқиқотлари 2020 йилга келиб  27% аҳолида фарзанд кўриш истаги йўқлигини акс эттирган. 44 ёшгача бўлган аёллар орасидаги туғруқ ҳолатлари бўлса 4 фоизга камайган.

 

1971 йил Буюк Британияда 30 ёшгача бўлганларнинг 18 фоизигина фарзандсиз бўлган. Лекин 2022 йилга келиб ушбу кўрсатгич 50 фоизга етган. Мос даврда Австрия ва Испанияда тахминан 20% катта ёшли аҳоли фарзандсиз бўлган. Nikkei газетаси прогнозига кўра, 2005 йилдан кейин туғилган тахминан 42% япониялик умуман фарзандли бўлмаслиги мумкин. Польшада бўлса 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёлларнинг 32 фоизигина фарзанд дунёга келтириш ниятида эканини маълум қилган.

 

Танлов оқибатлари

 

OECD – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 2025 йилги маълумотларига кўра, глобал миқёсда туғилиш даражаси  ўнлаб йиллардан буён пасайиб, тарихдаги энг паст даражага яқинлашмоқда. Ва табиийки, дунё аҳолисининг ўсиш сурати ҳам секинлашмоқда.

 

Ташкилот шунингдек, кейинги 25 йилда Шарқий Осиё, Европа ва Россияда аҳоли сони сезиларли даражада камайишини прогноз қилиб, унинг оқибатлари инсоният келажаги учун ҳали ноаниқ эканини қайд этади.

 

Масалан, кам туғилиш ортидан мамлакатларда ишчилар, олимлар ва инноваторлар камроқ етишиб чиқиши, бу эса иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилиши ёки узоқ муддатли турғунликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, туғилиш камайгани сайин мамлакатда ўз-ўзидан қариялар улуши ортиб, бу ҳолат бюджетга оғирлик қилиши, ижтимоий ҳимоя ва нафақа тизимига юк хавфи, шунингдек, молия тизимининг барқарорлигига шубҳа ортиб боради.

 

Бошқа томондан, болалар сони камайиб, аҳоли миқдори пастлаши ўз-ўзидан уй-жой ва болалар парваришига сарфланадиган харажатлар ҳам камайишини англатади. Бунга сарфланадиган ресурсларни эса бошқа соҳалар ривожига йўналтириш мумкин, деган назарий қарашлар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, туғилиш камайгани сайин потенциал иш кўрсатадиган фуқаролар жисмоний ресурсларини фарзанд тарбиясига эмас, иш фаолиятига йўналтириши орқали иқтисодий ўсиш кузатилиши мумкин. Иқлим ўзгариши, табиий ресурслар камайиши ва атроф муҳитнинг инсон омили билан ёмонлашуви каби экологик муаммолар ҳам аҳоли сони камайиши билан яхшиланиши, ҳеч бўлмаганда барқарор қолиши мумкинлиги айтилади.

 

Ижобий натижалари қанчалик кўп бўлмасин, мамлакатлар аллақачон унинг узоқ муддатли оқибатларини сеза бошлади:

 

Масалан, жанубий Европа мамлакатларидан Испанияда 25%, Италияда 26% оилалар уй-жой танқислиги, ишсизлик ва иқтисодий ноаниқликларни сабаб қилиб фарзандсизликни танламоқда. Феномен ташаббускори – АҚШда 20-24 ёшли аёллар ўртасидаги фарзандсизлик 2014 йилда 75 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 85 фоизга етган. 25-29 ёшли аёллар ўртасида эса 50 фоиздан 63 фоизгача ортгани маълум бўлган.

 

Чайлдфрига қарши қачон, қаерда ва қандай чоралар қўлланилган?

 

СССР даврида 1941 йилдан 1992 йилгача “Бўйдоқ, ёлғиз ва фарзандсиз фуқароларга солиқ солиш” тўғрисидаги қонун амалда бўлган. Унга кўра, боласи бўлмаган 20-50 ёш оралиғидаги эркаклар ва 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган турмушдаги аёллар маошининг 6% миқдорида солиқ тўлаши талаб этилган. Шунга ўхшаш солиқ 1909 йилда Болгарияда, 1946—1973 йиллари Польшада ҳам жорий қилинган — фарзандсиз полякларга даромад солиғи оширилган ставкада қўлланилган.

 

Замонавий Польшада ҳам демографик кризис муаммоси кескин тус олган: 2022 йил якунида мамлакат аҳолиси 37,7 миллион нафарни ташкил қилиб, 2023 йилги прогнозларда барчаси оптимистик сценарий бўйича кетса, 2060 йилга бориб Польша аҳолиси 34,8 миллионгача, пессимистик сценарий бўйича эса 26,7 миллионгача қисқариши, яъни 8 фоиздан 29 фоизгача демографик йўқотиш бўлиши мумкинлиги айтилади.



Бу қанчалик аёллар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмасин, мамлакатда абортлар тақиқланган, фарзандсизликка қарши курашиш кампаниялари бўлса кўчаларда фарзанд кўришга тарғиб қилувчи ижтимоий банерларни ўрнатган.

 

Демографик инқирозга яқинлашаётган яна бошқа мамлакатлар турмуш ва туғруқ орқали аҳоли сонини ошириш мақсадида молиявий ва ижтимоий чоралар, шунингдек, турли рағбатлантирувчи тизимни ҳам йўлга қўйган.

 

Масалан, Венгрияда  Янги турмуш қурган жуфтликларга давлат томонидан катта миқдорда имтиёзли кредитлар берилиб, улар 3 нафар фарзанд кўрса, давлат қарздан тўлиқ кечиб юборади. 3 нафар ва ундан кўп фарзандли ҳамда 30 ёшгача бўлган оналар эса даромад солиғидан умрбод озод этилади.

 

2026 йилги маълумотларга кўра, Бутанда туғилиш 1,8 даражага тушиб кетгани туфайли “Third Child Plus” (учинчи фарзанд +) дастурини йўлга қўйди. Дастур оиладаги учинчи ва ундан кейинги ҳар бир бола учун улар 3 ёшга тўлгунга қадар 10 минг нгултрум (105 АҚШ доллари миқдорида ойлик тўловни назарда тутади.

 

Ҳатто, яқин йилларгача аҳолиси сони энг кўп мамлакат сифатида қайд этиладиган Хитой ҳам 3 йиллик аҳоли сонининг камайиши кузатилганидан кейин, “Бир оила – бир фарзанд” сиёсатидан кечиб, 3 нафаргача фарзанд кўришга рухсат берди. Бугунги кунда ҳукумат болали оилаларни солиқ имтиёзлари, узайтирилган таътил ва уй-жой хариди учун субсидиялар билан рағбатлантирмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда туғилишлар сонини ошириш мақсадида 3 ёшгача бўлган болаларнинг ҳар бири учун 3600 юань (тахминан 530 доллар) миқдорида пул тўлаш амалиёти ҳам жорий этилган.

 

Жанубий Кореяда ҳам туғилишлар сони пасайиб, аҳолининг қариб бориши миллий хавфсизлик даражасидаги муаммо сифатида баҳоланмоқда. Мамлакат ҳукумати ушбу глобал инқирозга қарши курашиш учун соҳага юзлаб миллиард доллар маблағ йўналтирган. Масалан, фарзанд туғилган биринчи йил давомида ҳар ой бериладиган нафақа миқдори босқичма-босқич оширилиб, ойига 500 000 вон (ўртача 365 доллар)га етказилди. Мамлакат шунингдек, 7 ёшгача бўлган болалар учун алоҳида ойлик тўловларни ҳам назарда тутади.

 

Ҳомиладор аёлларга бўлса тиббий харажатлари учун 1 миллион вон, фарзанд дунёга келганда эса оилаларга 2 миллион вонлик бир марталик ваучер берилади.

 

Ўзбекистонда вазият қандай?

 

Бошқа мамлакатлар ўзи курашиб эришган “Чайлдфри”нинг оқибатларини иқтисодий ва ижтимоий томонлама бадалини тўлаётган бир вақтда Ўзбекистон аҳолиси сони доимий тарзда ўсиб бормоқда.

 

Аниқроқ айтадиган бўлсак, феномен Ўзбекистонда оммавий тус олмаган, Аксинча, айни дамда демографик ўсиш авж олмоқда. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил қилиб, 1989 йилги кўрсатгичга нисбатан икки баробар ошган. Бу эса аҳолининг йилига ўртача 1,8% га кўпаяётганини англатади. 2025 йилнинг ўзида 879,6 минг нафар чақалоқнинг дунёга келиши бўлса мамлакатдаги туғилиш коэфиценти юқорилигича қолиб, ҳар бир аёлга ўртача 3,4 бола тўғри келаётганини кўрсатади.

 

Таққослаш учун, Бутандаги туғилиш даражаси 1,8 га тушиб кетган. Жанубий Кореяда бўлса бир аёлга  0,72 (биттадан ҳам эмас) бола тўғри келиб, мамлакатда энг кам туғилиш даври ҳукм сурмоқда.

 

Ўзбекистон аҳолисининг мунтазам ўсиб боришида энг аввало қадриятлар ва оила институтининг мустаҳкамлиги асос бўлса, диний фактор, репродуктив саломатлик борасидаги билимларнинг маълум даражада етишмаслиги, болалар ўлимининг камлиги ва албатта, чайлдфри феноменининг авж олмагани (деярли йўқлиги) кабилар тўлдирувчи омил сифатида қайд этилади.

 

Масалан, оила қуриш ва фарзанд дунёга келтириш Ўзбекистонда энг муҳим ва асосий ҳаётий босқичлардан саналади. Навбатдаги авлодни дунёга келтириш эса шахсий танловдан ҳам кўра ижтимоий бурч сифатида кўрилади. Бундан ташқари, мамлакат аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан ташкил топганидан келиб чиқсак,, исломда фарзандга оиланинг ризқи, барака олиб келувчи неъмат, деб ишонилиши доимий авлодлар генерациясини таъминлашга ҳисса қўшади.

 

Бироқ шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, репродуктив саломатлик бўйича баъзи билимлар етишмаслиги ёки бошқа сабаб билан таваккалга асосланиб бир оилада уч ва ундан ортиқ фарзанд дунёга келиши — мазкур хўжаликда ресурс ва тарбиянинг тенг тақсимланмаслигига олиб келган, бунинг ортидан болаларнинг сифатли овқатланмаслиги, тарбиясидаги камчиликлар ва баъзан вояга етмай пул топиш масъулиятини елкасига олиши каби оқибатлар ҳам етарлича учраб туради. Бу эса мамлакат келажагига сифат билан эмас, фақат сонда ҳисса қўшишга олиб келиши мумкин.

 

Муқаддас МУСАЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39693
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//