Янги давр ўзбек шеършунослигида асарларни анъанавий бадиий тасвир воситалари доирасидан олиб чиқиб, глобал назариялар ёндашуви асосида концептуал таҳлил қилиш муҳим. Бу, биринчидан, адабиётшунослик нуқтаи назаридан жаҳонга бўйлашишга ҳаракат бўлса, иккинчидан, ўзбек адабиёт намуналарини халқаро мезонлар асосида «ўлчаб кўриш» имконини беради. Ўзбек миллий колоритини акс эттирган асарларни жаҳон андозалари асосида таҳлил қилиш бирмунча эътирозларни юзага келтирсада, асарларнинг жаҳонга юз тутиши учун жуда муҳим. Масалан, миллий рамзларимиз ва табиатимиздаги ўзига хослик хорижлик китобхон ёки мутахассис учун шунчаки маҳаллий экзотика бўлиб кўриниши мумкин. Аммо биз уларни дунё илмий жамоатчилигига яхши таниш бўлган халқаро концепциялар тилига ўгирсак, мазкур маҳаллий тимсоллар бир зумда умуминсоний руҳий тилга кўчади.
Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубованинг «Гужумдан бир шоха (Она Тўрткўл тарихи садолари)» лиро-эпик достони тўлиқ бош қаҳрамон Бахтиёрнинг синглисига йўллаган мактублари асосига қурилган. Унда бош қаҳрамоннинг ҳаётидаги фожиалар, соддалиги ортидан учраган туҳмат ва бандилик изтироблари акс этган. Бу руҳий инқироз достонда шунчаки шеърий тарзда ифодаланмасдан, экологик-маданий муҳитга хос бўлган био-морфологик ва гидрологик когнитив метафоралар тизими воситасида тасвирланади.
Инглиз олимлари Ж.Лакофф ва М.Жонсоннинг концептуал метафора моделига кўра, инсон ўз ичидаги руҳий инқироз (травма) каби абстракт тушунчаларни яшаб турган табиий-экологик муҳит объектлари воситасида кодлайди. Достондаги Қорақалпоғистон-Хоразм воҳаси иқлими учун матонат ва чидамлилик тимсоли бўлган ботаник субъект – гужум дарахти бутун асардаги кўчимнинг асосини ташкил қилади.
Инсоннинг ижтимоий ва жисмоний иҳоталаниши, туҳмат туфайли жамиятдан узилиши тизимли равишда Дарахтдан цинган шоха метафорик модели орқали мажозийлашади. Бу ифода услуби тушунтириш ва тушунишни осонлаштириши, айтилмоқчи бўлган фикрни ўқувчига осонроқ етказилиши билан аҳамиятли. Мазкур когнитив кўчим достоннинг дастлабки мактубидаёқ ўз ифодасини топади, шу мактубда қаҳрамоннинг жазони ижро этиш муассасасида экани ҳам очиқланади:
...Ўн кун бўлди бунда шамол ёқимсиз жуда
Шу шамолда гужумда бир шоха сингари...
Ҳам ожизман, ҳам ёлғизман...
Ушбу мисраларда «шамол» – лирик қаҳрамон ҳаётини остин-устун қилиб юборган ташқи салбий ижтимоий кучлар (туҳмат ва суд жараёни), «гужумдаги цинган шоха» эса маҳкумлик ва ёлғизлик ичида қолган инсон «Мен»ининг когнитив кўринишидир. Бу ерда метафора – қаҳрамоннинг ўз руҳий аҳволини концептуаллаштириш усулидир.
Қаҳрамон ўз ўтмишини, соғлом ва эркин даврларини эслаганда ҳам айнан шу мадад когнитив кодга қайтади:
Гужумдан бир шоха эдим ўсган, яйраган,
Уяламан, «қаерликсан, ўғлим», десалар...
Бу ерда Гужумдан ўсган шоха – Юртга дахлдорлик концептуал мувофиқлиги мавжуд. Аммо ижтимоий ҳаётдаги янглишиш дарахтнинг яхлитлигига путур етказган. Шоира достон давомида ушбу метафорик занжирни изчил ривожлантириб боради ва инсоннинг янглишиши табиатнинг қонунияти каби муқаррар, аммо фожиали эканини кўрсатади:
Ҳаёт гулу мен шоха эдим,
Синиб йўлда қолганимми ё?
Йўқ, мен хато, мен янглиш эдим...
Когнитив лингвопоэтика нуқтаи назаридан қараганда, ушбу бандда Жисмоний синиш / Йўлда қолиш – Руҳий ташқаридалик / Экзистенциал травма сифатида тасвирланади. Муаллиф оддий тилдаги кўчимлардан (троплардан) онгли равишда воз кечиб, бутун бир инсон қисмати драматизмини воҳанинг бош рамзи – емирилишга ва сувсизликка чидамли гужум шохасининг синиши орқали глобал тизимли концепцияга айлантиради. Бошқача айтганда, қаҳрамон ўз инқирозини табиатнинг морфологик шикастланиши сифатида онгда қайта ишлайди.
Концептуал метафора назариясининг асосий қоидаларидан бири шундаки, Манба соҳа (Соурcэ Домаин) сифатида олинган метафорик тизим динамик характерга эга бўлиб, у Мақсад соҳасидаги (Таргет Домаин) эврилишлар ва ривожланиш босқичларини ҳам параллель равишда ифодалаб бориши лозим. Бу ерда Мақсад соҳа бу – биз тушунишга, тушунтиришга ёки тасвирлашга ҳаракат қилаётган мавҳумлик, Манба соҳа эса ана шу мавҳумликни ифодалаш учун фойдаланиладиган аниқ ўхшатиш ёки кўчим. Масалан, биз таҳлил қилаётган достонда гужум дарахтининг шохаси синиши ёки унинг қайта пайвандланиши каби ботаник жараёнлар инсон руҳиятидаги жароҳат (травма) ва ижтимоий-руҳий реабилитациянинг жисмоний намойиши сифатида кузатилди.
Гулистон Матёқубованинг «Гужумдан бир шоха» достонида дастлабки қисмларда кузатилган Жисмоний синиш – Руҳий ташқаридалик / травма когнитив кўчими қаҳрамоннинг ички эволюцияси натижасида ижобий био-морфологик трансформация босқичига ўтади. Достон қаҳрамони Бахтиёр Навоий шаҳри қурилишида иштирок этиши, кечки бўлимда таълим олиши ва рассомлик («мўйқаламни тутқазди дадил») билан шуғулланиши натижасида ҳаётга, оилага ва жамиятга қайта мослаша бошлайди. Бу ижтимоий реабилитация жараёни оддий тилда баён этилмай, балки агро-биология соҳасига тегишли бўлган «Пайванд қилиш» кўчими орқали концептуаллаштирилади:
Шоха эдим, гужумдан цинган,
Пайванд қилди мени ниҳолга.
Мен бўй олиб, тик ўсяпман,
Ёруғ юз-ла чиқиб баҳорга...
Когнитив лингвопоэтика нуқтаи назаридан ушбу бандда учта асосий ментал мувофиқлик (тафаккурдаги мутаносиблик) юзага келади:
Цинган шоха – Жазо муддатини ўтаб, руҳан эзилган қаҳрамон;
Пайванд қилиш жараёни – Ижодий меҳнат, таълим ва яқинларининг (сингил ва онанинг) маънавий қўллаб-қувватлаши;
Янги ниҳолга айланиб тик ўсиш – Руҳий юксалиш, ўзликни қайта топиш ва «иккинчи умр»нинг бошланиши.
Ушбу метафорик модель орқали шоира инсон ҳаётидаги энг оғир хато ва жиноятлар ҳам динамик ҳаракат, ўз устида ишлаш ва меҳнат орқали тузатилиши мумкинлигини кўрсатади. Жаҳон адабиётшунослигидаги травма тадқиқотлари (Траума Студиэс) призмасидан қараганда, Пайванд метафораси қаҳрамон онгидаги психологик жароҳатнинг соғайиш ва тикланиш механизми сифатида намоён бўлади. Тилдаги анъанавий мажозийликдан фарқли ўлароқ, бу ерда метафора қаҳрамоннинг ўзини ўзи англаши ва келажакка бўлган ишончини шакллантирувчи бош когнитив қуролдир.
Достонда Қорақалпоғистон-Хоразм воҳасининг маданий-экологик ва ҳаёт манбаи бўлмиш Амударё (Жайхун) образи нафақат географик объект, шу билан бирга лирик қаҳрамоннинг ички психологик олами билан яхлитлик ҳосил қилган марказий когнитив субъектдир. Бу ерда дарёнинг табиий фаолияти (сув кўпайиши, камайиши ёки тўлқинланиши) инсон руҳиятидаги изтироб динамикасини ифодаловчи бош когнитив қуролга айлангани кўринади:
Тушларимда Амударё оқиб келар мен томон,
Мен у томон боролмасман, айблиман, юзда доғ.
На хаёлу, на тушларга умид боғлай билмасман,
Амударё тортилади юрагимдай безовта.
Ушбу мисраларда Ж.Лакофф назарияси асосида Дарёнинг тортилиши – Ички иҳоталаниш / Экзистенциал ёлғизлик концептуал кўчими намоён бўлади. Дарёнинг суви камайиб, ўзанига тортилиши – қаҳрамоннинг туҳмат оқибатида жамиятдан, яқинларидан ва озодликдан маҳрум бўлиб, ўз ички оламига мажбуран қамалиб қолиши билан мутаносиблик ҳосил қилади. Дарёнинг жисмоний «безовталиги» лирик «Мен»нинг ички эмоционал чайқалишлари билан бир-бирини кучайтирган ҳолда уйғунлашади.
Достонда гидрологик метафоралар тизими статик ҳолат билан бирга вақт ва хотира оқимини ҳам ҳаракатга келтиради:
Амударё тортилади, тўлқинлари тўлғонар,
Олиб кетар тўлқинида болалигим, севинчим...
Хаёлларим тез оқар дарё...
Ушбу бандда когнитив поэтиканинг фундаментал моделларидан бири бўлган Дарё тўлқини – Вақт оқими / Хотира кўчими концепцияси мавжуд. Қаҳрамон онгида ўтмиш ва болалик (Тўрткўлдаги беғубор йиллар) сув тўлқинлари туфайли ювилиб, узоқлашиб кетаётган физик материал сифатида қабул қилинади. Инсон фикрлаш жараёнининг тезлиги, ҳаётий хаёлларнинг тизимсизлиги сувнинг оқиш тезлиги (тез оқар дарё) орқали метафорик тарзда кодланади.
Когнитив лингвопоэтик нуқтаи назардан ушбу гидро-метафоралар занжирини қуйидаги кенгайтирилган концептуал мувофиқликлар тармоғи орқали ифодалаш мумкин:
Дарёнинг тортилиши – Қаҳрамон руҳиятининг кучсизланиши, умидсизлик ва бандилик;
Тўлқинларнинг тўлғониши – Виждон азоби, изтироб ва пушаймонлик динамикаси;
Тўлқиннинг болаликни олиб кетиши – Вақтнинг бешафқатлиги ва йўқотилган эркинлик соғинчи;
Тез оқар дарё – Хаёллар ва когнитив жараёнларнинг назоратсиз оқими.
Гулистон Матёқубова анъанавий достончиликдаги дарё тасвирига хос бўлган муболағавий (масалан, хонликнинг қудратини кўрсатиш ёки шунчаки манзара яратиш) қолиплардан воз кечади. Дарё – қаҳрамоннинг руҳий шериги, унинг ички оламининг поэтик реаллашувидир. Натижада, асар матнида табиат ҳодисалари лирик «Мен» билан бир бутунлик, яхлитлик ҳосил қилади.
Умуман олганда, достонда инсоннинг мавҳум ички изтироблари Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳасининг экологик, маданий ҳаётига мос келувчи табиат ҳодисалари ҳамда жонли тимсоллар воситасида тизимли равишда тасвирланган. Ўзбек бадиий асарларини жаҳон адабиётшунослигидаги назарий тизимлар доирасида тадқиқ этиш адабий тафаккуримизнинг бойлигини кўрсатиши табиий. Мазкур талқин асарларимизнинг миллий руҳи ва бўёқларини асло йўқотмайди. Аксинча, уларнинг ички мазмунини бойитиб, жаҳон адабий харитасида ўзбек ижодкорларининг ҳам ўз муносиб ўрни борлигини кўрсатади.
Дадахон МУҲАММАДИЕВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Тарих
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ