Шу кунларда «Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи» бошқа бинога кўчирилиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 1934-1940 йилларда қурилган ушбу иншоот узоқ пайт шаҳарнинг ноёб архитектура намуналаридан бири бўлган ҳамда турли даврларда турли идораларга хизмат кўрсатганди.
Меҳнат ва маданият саройи (уйи)
1929 йил Ўзбекистон пойтахти Самарқанддан Тошкентга кўчирилгач, янги пойтахтнинг меъморий қиёфасини яратиш учун жиддий иш бошланади. Турли республикалардан архитекторлар таклиф этилади.
Улардан бири Стефан Полупанов, кўплаб ўзбек шаҳарларида қурилиш ишлари билан шуғулланади, хусусан, Ўзбекистон ССР Ҳукумат уйи биносининг тарҳини чизади. Айнан у 1934 йилда собиқ Шайхонтоҳур кўчасида қурилиши бошланган «Меҳнат ва маданият саройи (ёхуд уйи)» биноси лойиҳаси муаллифига айланади.
Меҳнат ва маданият саройи қурилиши ҳақдаги хабар, 1933-йил
Полупанов ушбу иншоот қурилишида 1920-1930 йилларда совет давлатида пайдо бўлган ва урфга кирган «конструктивизм» усулидан фойдаланган. Саройдан театр, кинозали, техникум, санъат устахонаси кабилар ўрин олиши керак эди.
Навоий музейи биноси 1940-йилда
Бироқ, 1935 йил, ҳали қурилиш ишлари кетаётганда пайт иншоот вазифаси ўзгартирилади ва у Тошкент вилояти Ижроия қўмитаси тасарруфига ўтказилади (СССРда Марказий Ижроия қўмитаси 1938 йилгача олий давлат ҳокимияти идораси ҳисобланган. Ўз навбатида вилоятларда Ижроия қўмиталари асосий бошқарув тузилмаси – ҳокимият вазифасини бажарган).
Ижроия қўмитаси биноси
Иншоот вилоят ижроия қўмитасига (ҳокимиятга) ўтганидан сўнг, унинг биринчи қисми Муқимий номидаги театрга берилади. Турли йилларда бу ерга Эстрада театри, Ёш томошабин театри ва Ёшлар театри жойлашади.
Навоий музейи биноси 1944-1945 йилларда
Вилоят ҳокимият биноси бўлган вақтда иншоотда катта ўзгаришлар амалга оширилмайди.
Ижроия қўмитаси, 1949-1950 йиллар
1949 йил бино олдидаги майдонга машҳур ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали қўйилади. Унинг очилишида республика раҳбарияти ва ёзувчилар иштирок этади. Тез орада ҳайкал атрофида фавворалар ўрнатилган боғ ташкил қилинади ва бу ер шаҳарнинг асосий марказларидан бирига айланади.
Алишер Навоий ҳайкали очилиши. Чапдан бешинчи ёзувчи Ойбек. Ўнгдан иккинчи эса Ўзбекистоннинг ўша даврдаги Бош вазири Абдужаббор Абдураҳмонов. 1949-йил
Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи
1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг, пойтахтда янги қурилиш-режалаштириш ишлари бошланади. Шу муносабат билан, 1968 йил собиқ Тошкент вилояти Ижроия қўмитаси биносига Алишер Навоий номидаги музей жойлаштирилади.
Музей олдидаги Навоий ҳайкали ёнида ёзувчилар аллеяси барпо этилади.
Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллик юбилейи муносабати билан ташкил этилган ушбу музей мустақилликдан сўнг «Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи» номи остида ушбу иншоотда фаолиятини давом эттиради.
Эстрада театри (Навоий музейи) олдида ўтирган отахон. 1960-йиллар