Эртакларда муродига етолмаган шаҳзода нега тоғларга бош олиб кетади? – Рамзлар ортидаги сир


Сақлаш
13:16 / 20.07.2026 125 0

Қишлоқнинг куни ҳам, туни ҳам узоқ бўлади. Ётсанг тонг отмайди, турсанг кун ботмайди. Кундузи ҳамсоялар билан қувалашиб, кечаси катталардан матал эшитиб, вақтни соб қиласан. Аммо кўчага чиқиб ҳеч кимни топмасанг, қўшнининг боласини чақириб борсанг-у, уйидагилари ўйнагани чиқармаса-чи?! Қуёш турган жойида қотади. Фурсатнинг имиллаган этаклари нимадир нарсага илашиб қолгандай туюлади. Шундай пайтлари ич-ичингдан тўлиб кетасан. Товуқ катак ёки ўзинг чиқа оладиган бирор баландлик устига чиқиб, энангдан эшитган қўшиқни бақириб айтасан:

 

“Ҳалима, Мамат-а,

Ҳамсая, келағай!

Муштдай қорнинг тўймайма,

Энанг қурғур қўймайма?!”

 

Табиийки, қўшиғинг кутаётган одамингнинг қулоқларига бориб етмайди. Лекин унда сеҳр бордай туюлади. Беихтиёр енгил тортасан. Гўёки ҳозиргина қадимий афсунни ўқидинг, энди ижобат бўлиши учун гартак сабр керак...

 

Дарҳақиқат, халқ қўшиқларидан тилсим кутишимизга асос бор. Улар ўзида ҳар хил рамзий ишора ва код ташийди. Тўғри, вақт ўтиши давомида рамз билан боғлиқ билимлар унутилиши мумкин. Аммо анъананинг кучи рамзнинг ўзини сақлаб қолаверади. Шунданми, ҳамма айтувчи ҳам ўз қўшиғидаги “ёққу-яқ” каби ҳаяжонли ҳайқириқлар ортидаги қадимий мазмунни англаб етмайди.

 

Ҳолбуки, ушбу ҳайқириқни фолклоршунос олим Шомирза Турдимов “олий қувват бирлиги бўлган илоҳий қарсак[1], қарсак жўрлигидаги қўшиқ ва рақс ёрдамида руҳоний билим ҳамда ахборот олиш ҳайқириқларидан бири” дея изоҳлаган. “Рақс ва қўшиқ ижросидаги “яққу-яқ” ёки “жаққу-жақ” қайтариқларидан пайдо бўлувчи оҳанг тебранишлари киши руҳиятига таъсир этиб, уни олий қувват тебранишларига ростлайди; бу ҳолатни сўфийлар зикридаги “ҳувва-ҳув” қайтариғи билан баробар қўйиш мумкин” дейди олим.

 

“Тоғлар боши нурама,

Кийик шохи бурама.

Бой қизини бермаса,

Бойни бало урама...

Яққу-яққу, яққу-яқ...”

 

Эсласангиз керак, эртакларда мурод-мақсадига ета олмаган шаҳзода тоғ-тошларга бош олиб кетади. “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонларимиз қаҳрамонлари ҳам албатта тоғ ошадилар. Чунки тоғ ер билан осмонни боғловчи нуқта. Аждодлар руҳи ва ҳомий эранлар жойлашган муқаддас макон. Унда дуолар ижобат, муродлар ҳосил бўлади. Айни пайтда кийик ҳам муқаддас ҳомий. Қолаверса, кийикнинг шохи қанча улкан бўлса, унда илоҳий қудрат шунча кўп бўлади деган тасаввур бор. Энди ўйлаб кўринг, ошиқнинг “ортида” баланд тоғ ва шохлари катталигидан буралиб кетган муқаддас кийик тургач, бой қизини бермай қаёққа боради?! Шундай қилиб, қўшиқдаги “яққу-яқ” қайтариғи орқали инсон, табиат ва олий қувватлар ўртасидаги қадимий маънавий алоқа яна бир бор намоён бўлади.

 

Ҳануз эсимда. Болаликда тунлари кўзимга ҳар хил шарпа кўринадиган одат чиқардим. Кечаси тушимга гоҳ лўли кампир, гоҳ келинчак кириб, бақириб уйғонардим. Шунда отам билан онам Тўқбой қишлоғидаги бир чолнинг уйига олиб борди. Чолда бургут қанотининг суяги бор экан. У тўнини устимга ёпди-да, атрофимда чир айланиб қўшиқ айтди. Қўшиқнинг ҳамма сўзлариям ёдимда қолмаган. Лекин унинг бургут қаноти суяги билан ора-тура елкамга савалаб, “олло-ҳу[2], олло-ҳо!” дея қичқиргани ҳалиям қулоқларим остида жаранглаб турибди. Мутахассисларнинг фикрича, “ҳу”, “ҳо” сўзлари дастлабки сўзлардан бири ҳисобланиб, қадимда шу сўз, ҳайқириқлар ёрдамида яратганга юкунилган. Унинг илдизлари энг қадимги динларга бориб тақалади. Ўша чолнинг «олло-ҳу»сидан кейин тунда ваҳима босмайдиган, тушларимда қора кийинган кампирни-ю оқ кийинган келинни кўрмайдиган бўлдим.

 

Албатта, ҳамма халқ қўшиқлари ҳам илоҳий мазмун ташийвермайди. Уларнинг орасида миллий ўзагимиздан ўсиб чиқмиш маънавий тушунчалар асосида тўқилган интизорлик, арз-дод, муҳаббат қўшиқлари ҳам мўл. Шундай қўшиқларнинг энг машҳурларидан бири – “Қарғалар”.

 

Бу қўшиқнинг кенг тарқалиши ва машҳур бўлиши 1916 йилги мардикор олиш воқеаларига бориб боғланади. Сибир ўрмонларида дарахт кесган марғилонлик Худойберди қори уни хиргойи қилган. Қўшиқ матнига ватандан узоқда юрган мардикорларнинг соғинчи, дил ноласини қўшган. 1970-йилларда “Ялла” ансамбли уни замонавий усулда куйлагач, яна-да машҳур бўлиб кетди.

 

Аммо фолклорга оид манбалардан аниқлашадики, мазкур қўшиқнинг тарихий илдизлари анча қадим – рус босқинидан олдин ҳам айтилган. Ўшанда ҳам унда соғинч мотивлари устунлик қилган. Чунки у соғинч изтиробида ёнаётган қалблар қўшиғи. Таҳлил учун қўшиқдаги айрим мисраларни эслаймиз:

 

“Қарғалар учса қарайлик

Марғилоннинг йўлига.

Ҳиди келса маст бўлайлик

Ҳандалакнинг бўйига...”

 

Қўшиқ сўзларидаги “қарға” рамзи тушунарли бўлиши учун баъзи масалаларга ҳам тўхталсак.

 

Замонавий адабиётда янгиликлар анча жадал рўй беради. Фольклорда ундай эмас. Шу учун ҳам минг йил олдинги халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бизга яқинроқ даврда яратилган халқ ижодида ҳам айрим қушларнинг хабар рамзи бўлиб келганини кўрамиз. Масалан, зиндонда ётган Ҳакимбек осмонга боқиб, тепасида ғознинг айланиб учаётганини кўради. Уни ўзига чорлаб, “ғойибнинг қуши” дея атайди. Кейинроқ ўзи ҳақидаги хабарни ҳам элига айнан шу ғознинг оёғига боғлаб учиради. Қисқаси, ғоз ўзбек фольклорида хабарчи – ижобий хабарларни етказувчи мавжудот. Совуқ хабарлар эса асосан ўрдак билан етказилади. Чунки қадимги мифологик тасаввурга кўра ғоз билан ўрдак уч оламни (осмон, ер, сув) бирлаштира олган илоҳий қуш саналади.

 

Халқ оғзаки ижодида хабарчи қушлар фақат ғоз ва ўрдакдангина иборат эмас. Турна, лайлак, қалдирғоч, бойқуш кабилар ҳам қўшиғу достонларимизда ўзи билан хабар келтирган. Жумладан қарға ҳам шундай қушларнинг биттаси. Фольклорда ҳатто унинг хабарчига айланиши билан боғлиқ афсоналар бор. Ўша афсонага кўра, Тангри узоқ яшаган қарғани чақириб, ундан “дунёга келиб нимани кўрдинг?” деб сўрайди. “Қарағай бўйи қор ёғди, ҳам ёғди-ю, ҳам кетди” деган жавоби хуш ёқиб, унга минг йиллик ҳаёт ва шу узун умри давомида хабарчилик вазифасини инъом этади. Шундан халқда қарғалар ҳақида Тангрининг мингта хабарчи қуши деган тасаввур пайдо бўлган. Қарғанинг ғоз билан ўрдакдан фарқи шуки, алоҳида ижобий ёки салбий хабар келтирмайди. Бу қушлардан келган мужда яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин, янаям аниқроғи, улар хавотирли хабарлар ташийди. Худди бойўғли каби.

 

Ҳандалакнинг бўйи-чи? Ҳаммамизга маълум, ҳандалак баҳорги полиз экинларининг ичида энг эртачиси. Шу учундир, эҳтимол, у халқ оғзаки ижодида қизнинг вужудидаги илк аёллик куртаклари рамзига айланган. Бунга таянган ҳолда ҳандалакнинг бўйини ҳам севги, майл ҳамда аёл жозибасига интилишнинг халқона, чуқур илдиз отган ифодаси дея тушуниш ўринли. Негаки, юқорида ҳам айтганимиздай, халқ оғзаки ижодидаги ҳамма рамзлар ҳам халқнинг мифологик қарашлари асосида яралмаган. Уларнинг аксари руҳий ҳодисаларни ташқи олам ҳодисалари билан қиёслаш, умумлаштириш асосида вужудга келган. Бу қиёсларнинг тасодифий эмаслиги, замирида чуқур кузатиш ва ҳаётий билим ётгани бора-бора анъанавий рамзга айланишга сабаб бўлган. Мана энди қўшиқнинг яширин маъноси равшан: олисга мардикорликка кетган йигит кўнгил қўйган қизининг шу орада бўйи етиб, турмуш қуриб кетишидан хавотир олмоқда, висол орзусида ёнмоқда. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, бу образ фақат мифологик тасаввур маҳсули эмас. Мардикорчилик йўли билан совуқ ўлкаларга, хусусан Сибир томонларга кетган йигитнинг кундалик ҳаётида қарғалар энг кўп кўзга ташланадиган қуш ҳисобланади. Уларнинг иссиқ ва совуқ ҳудудлар ўртасида қатнаб юриши эса мусофир онгида қарғани ватан ва маҳбуба томондан келиши мумкин даракнинг рамзига айлантиради. Шу маънода қўшиқдаги “қарғалар учса қарайлик” сатрлари мусофирнинг осмонга умид билан тикилган нигоҳини, хабарга зор руҳий ҳолатини ҳам ифода этади.

 

Кўриб турганингиздек, сўзлар ортидаги рамзни тушунганимизда унинг маъноси ўзгаради. Биз учун оддий туюлган иборалар анча чуқур, теран мазмун касб эта бошлайди. Демак, эртаклардаги ғорнинг эшикларини маълум сўзни айтиб очиш мумкинлигида муҳим ишора  бор. Мисол тариқасида ўзбек халқ қўшиқларининг ранг-баранг намуналарини ўз ичида жамлаган “Шода-шода марварид” китобидаги ушбу мисраларни таҳлил қилиб кўрамиз:

 

“Олма пишганда галинг,

Тейина тушганда галинг.

Ангса[3] сочим жамалак,

Белима тушганда галинг...”

 

Қўшиқда бир қарашда оддий ёз фасли ҳақида гап кетаётганга, ёзда келишини сўраб, қиз ўз севган ёрига ноз-карашма қилаётганга ўхшаб туюлади. Лекин биргина олма сўзининг ортидаги маънони англаганимизда тасаввуримизда мутлақ бўлак манзара намоён бўлади.

 

Шундай қилиб, йигит, аниқроғи ёр нима учун айнан олма пишганда келиши шарт? Тасвирий санъатга оид муҳаббат мавзусидаги асарларда ҳам кўрган бўлсангиз керак. Ошиқ-маъшуқнинг бири иккинчисига олма узатиб туради. Олма қизнинг қўлида турса қизил, йигитнинг қўлида турса оқ бўлади. Зеро, у – муҳаббат рамзи. Қизил бўлса қизнинг, оқ бўлса йигитнинг муҳаббати маъносини ифодалайди. Бундан чиқди, юқоридаги қўшиқда на ёз фаслига доир, на ноз-карашма билан боғлиқ гап ёки кечинма бор. Аксинча, бу ерда қиз ўзининг ҳали ёш эканлигини, муҳаббатни тушунмаслигини айтиб, йигитдан узр-маъзур сўрамоқда. Ушбу мазмун қўшиқнинг айтилиш оҳанги-ю, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қарашларига ҳам мос тушади.

 

Яна бир қўшиқ  борки, уни ўзбекларнинг деярли ҳаммаси эшитган. Лекин маъноси ҳақида-чи, ҳаммаям ўйлаб кўрдимикин?

 

“Томда товуқ ётади, воҳай бола,

Оёғи совуқ қотади, воҳай бола!..”

 

“Томда товуқ ётади...” – бир ўқишдаёқ жумлалардаги аллақандай шўх, қитмир оҳангни ҳис этасан киши. Сабаби, у аслида ҳам ҳаётий қиёслаш ёрдамида маълум ҳолатни юмор қилмоқда. Яъни, жумладаги “товуқ” оддий товуқ эмас. Бу ерда инсонга ишора бор.

 

Туркий халқлар мифологиясида қадимдан Она лочин, Семурғ каби қуш образлари бўлган. Улар азиз-авлиёлар ҳомийлигининг рамзи ҳисобланиб, ўзи билан ҳимоя, ойдинлик олиб келган. Товуқ ҳам бир жиҳатдан шуларга ўхшаш рамз, аммо у илоҳиймас, хонаки қуш. Шу туфайли у оддий аёл маъносини ўзида акс эттиради. Албатта, бу ерда киноя ҳам йўқ эмас. Ахир ҳалигача аёллар бир-бирини ранжитмоқчи бўлганда “товуққа ўхшайсан” деб чақиб олишади-ку. Лекин қўшиқ мазмунига кўра у нега совқотади? Чунки ёлғиз, пинжига олиб иситадиган “хўрози” йўқ. Ровийнинг қўшиқ айтиб тегишаётганининг ҳам боиси шунда. Қўшиқ ҳақидаги гапни мухтасар қилсак, у инсоннинг бир ҳолати хусусидаги ўзига хос қочирим, аския.

 

Шу ўринда шоҳ  Искандар ҳақидаги афсона беихтиёр ёдимга тушади. Унга кўра, Искандарнинг сочини олган ҳамма сартарошлар ўлимга маҳкум қилинаркан. Сартарошлар ўлдирилиб-ўлдирилиб, охири битта қолибди. У ҳам шоҳнинг ҳузурига олиб борилибди. Сочини қиртишлатиб бўлгач, Искандар унинг жонини олишга иккиланибди. Ўлдирай деса, мамлакатида бошқа сартарош қолмаган. Ўлдирмай деса... Шунда у сартарошни “бошим билан боғлиқ синоатни ҳеч кимга айтма!” деб қўйиб юборибди.

 

Сартарош тирик қолганидан хурсанд. Лекин ўзи воқиф сирни ҳеч кимга айтолмай қийнала бошлабди. Қанча вақт ўтса, дарди шунча оғирлашибди. Кунлардан бир куни кимсасиз жойдан қудуқ топиб, бор ҳақиқатни унга айтибди. Кейинчалик қудуқнинг ичидан бир қамиш ўсиб чиқибди. Чўпон бу қамишдан най ясаб чалса, “Искандарнинг шохи бор!” деган куй таралибди. Алқисса, “куйган ердан куй чиқади” деган нақл шундан қолган экан.

 

Халқ тўқиган бошқа афсоналарда бўлгани каби бунда ҳам теран ҳаётий ҳақиқат бор. Ахир тарихга назар солсак, халқимиз бугунги кунга қадар осон йўлни босиб ўтмади. Озмунча қамаллар, босқину қирғинларни бошдан кечирмади. Неча бор эркини, озодлигини бой бериб, душманга таланди, овозини чиқармай, тортган азобларини, орзу-ҳавасларини ҳеч кимга айтолмай яшашга мажбур бўлди. Бироқ шундай пайтда ҳам миллий ўзлиги, гўзаллик иштиёқи, бой тафаккурини сақлаб қола билди. Ўша ўзлик, иштиёқ ва тафаккур турли метафора ҳамда рамзларга бой қўшиғу достон бўлиб янгради. Айтилмаган ҳасратлар, ошкор қилинмаган дардлар, жуда муҳим ҳақиқатларни ўз бағрига олиб, бизгача етиб келди. Бу қўшиқлар ортида эса олам ва одам ҳақидаги бой билим, рангин туйғулардан иборат гўзал дунё бор. Ушбу дунёдан бебаҳралик биз учун катта маънавий узилишни юзага келтиради. Бу хазинадан баҳрамандлик эса битмас-туганмас маънавий қувват манбаидир.

 

Байрам АЛИ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 2-сон.

“Рамзлар ортидаги олам” мақоласи

 



[1] Қарсак қадимда Тангридан қут сўраш ҳаракатларининг муҳим элементи ҳисобланган.  

[2] Олло – Аллоҳ.

[3] Ангса – елка

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39741
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//