Изсиз кетган урушлар – ўзбек адабиётида ёзилмайдиган мавзу


Сақлаш
16:28 / 17.07.2026 58 0

Йиллар ўтгани сари ўқиганларинг онгости қатламларида сараланиб, улардаги фикр-ғоялар умумлашиб, хос жиҳатлари бўртиб кўрина бошлар экан. Жумладан, анчадан бери эътибор қилганим – бадиий адабиётимизда Ўзбекистоннинг руслар томонидан босиб олиниши мавзуси мутлақо ёритилмагани бўлди. Тўғри, руслар келганда бугун Ўзбекистон дея фахр билан тилга олаётган юртимиз бошқача номларда аталган. Бироқ биз ўша Бухоро, Хива, Қўқон хонликларида яшаган халқларнинг бевосита авлодларимиз. Бошқа ердан келиб қолганимиз йўқ. Аждодларимиз бир умр шу юртларни ватан тутиб келишган.

 

Бироқ шунинг аксига ўхшаб кетадиган бошқа бир ҳолат ҳам бор. Аввалига босқинчи рус маъмуриятининг, кейин уларга хизмат қилишни шараф деб билган ярим миллий – ўрисқул маъмуриятнинг талаби ва ташвиқи билан Ўрта Осиёнинг Русияга қўшиб олинишининг прогрессив аҳамияти ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган, юзлаб, минглаб турли даражадаги илмий ишлар бажарилган. Бироқ бадиий адабиётимиз барибир бу мавзуга бефарқ қолаверган.

 

Бу ҳолат бирдан бошланмагандир, ахир... Қачон ўз тарихимиздан, ўзлигимиздан уяла бошлаганмиз? Қачон босқинчини оқлаб, ўзимизни ёмонлай бошлаганмиз? Нега доим босқинчини эмас, ўзимизни, боболаримизни айблаб келамиз? Бунинг сабаби борми?

 

Мен тарихчи эмас, адабиётшуносман. Бадиий адабиёт амал қиладиган қонунлар сал бошқачароқ. Адабиётда факт эмас, миф устунлик қилади. Масалан, Чўлпон романи қаҳрамонларининг ҳар бири, ҳатто, бетимсол Зебининг жоҳил отаси Раззоқ сўфининг-да, Акбарали мингбошининг-да, Мирёқубнинг-да кўнглида ўз олами бор. Ва уларнинг ҳар бири ўзича ички бутунликка эга. Бироқ уларнинг бари бизнинг замонамиз золим, одамларимиз жоҳил, бошлиқларимиз аҳмоқ, юртбошиларимиз эса сотқин, деган миф билан яшайди. Уларнинг хатти-ҳаракатини шу миф бошқаради. Ҳақиқатда шундаймиди? Ҳеч қачон шу саволни ўзимизга бериб кўрмаганмиз.

 

Балким, улар ишонган миф ёлғондир?! Улар ўз бахтсизлигига чора тополмай, замондан дод дегандир, балки шу мифни ўзларига йўлбошчи, ҳаётий аъмол қилиб олгандир?

 

ХХ аср ғарб илмида мустамлака мафкураси деган тушунча бор эди. Бу тушунча мустамлака остида яшаган халқлар онгида босқинчиларни оқлаш тамойилининг пайдо бўлиш сабабларини тушунтирар экан. Масалан, Жазоир халқи кўп йиллар Франция мустамлакаси бўлган. Президент Де Голл Жазоирга мустақиллик берганидан сўнг ҳам бу юрт аҳли Францияга моддий ва маънавий қарамликдан қутула олмади. Жазоирликлар ҳамон тилда Франция бизнинг олдимизда қарздор, десалар ҳам, амалда Францияга интилиб яшайди. Энг ёмони шу. Сиёсий мустақиллик бор, аммо маънавий қарамлик кетмаган. Ўзимизда ҳам руслар келмаганда Афғонистон бўлардик, дея оғзидан кўпик сачратиб ҳайқиргувчилар бор. Балки Эрон бўлардик, балки Туркия ё Сингапур бўлардик, балки Япония бўлардик, десангиз, сизга жиннига қарагандай тикилишади. Чунки булар ҳеч қачон ўзига ишонмайди. Чунки адабиётимиз халқни шундай тарбиялаган!

 

Мен адабиётшуносман. Кейинги юз эллик йиллик, ҳатто, ҳозирги адабиётимизга қарасам ҳам, фақат маҳдудликни, фақат маҳзунликни кўраман. Шахснинг ички маҳдудлиги ё маҳзунлиги ҳақида гапирмаётирман. Бу бошқа масала. Мен бадиий асар қаҳрамонлари яшаб, ҳаракат қилаётган муҳитда миллий маҳдудлик, миллий маҳзунлик ҳукмрон бўлгани ҳақида гапираётирман. Адабиётимизнинг барча қаҳрамонлари замон ёмон, замон золим, дея дод солади. Биронта асарда шахсий бахтсизликка қаҳрамоннинг ўзи сабабчи бўлиб чиқмайди.

 

Илк буюк насрий асарларимиз – “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён”ни ўқисангиз, битта Ҳомид ё мулла Абдураҳмондан бўлак ҳамма гўзал инсон эканини кўрасиз. Бироқ ҳар икки асар фожиага тўла ва бу фожианинг сабаби замонанинг золимлиги, жоҳилияти билан изоҳланади. Бундай жоҳил, инсон эрки, муҳаббати бўғилган муҳитда шахс бахтли бўлиши мумкин эмас, деган хулоса табиий равишда қалқиб чиқади. “Кеча ва кундуз”да Зебининг кўнгли ва табиатдан бўлак бирон ёруғлик тасвири йўқ. Ҳамма томон қоп-қора. Ўқиган сари юрагингни зулмат қамраб боради. Муқаррар бахтсизлик туйғуси асар тароватини босиб кетади. Чўлпон бу асарни ёзаётганда миллатга, инсонга, келажакка ишончини йўқотган бўлса керакки, ўқувчининг кўнглига “Инсон – ҳеч ким!” деган ғоя ўрнашиб олади. Зебининг бахтсиз тақдирига ачинган ҳар бир ўқувчининг дилида “Хайрият, ўша замондан қутилганимиз яхши бўлган экан”, деган ўйлар қарор топади. Шўро даври адабиётида эса бу тамойил изчил амалга оширилди. Шўро давридан бошқа ҳаммаси ёмон, деган фикр одамларнинг онги қолиб, қонигача сингдирилди.

 

Ўзбек адабиётида Ойбекдай кўнгли гўзал, инсонпарвар, миллатпарвар бошқа адибни топиш қийин. Унинг “Қутлуғ қон” романида шундай бир эпизод бор: Мирзакаримбойнинг тўрт-бешта мардикори қишнинг изғирин бир тунида на дарчаси, на ўчоғи, на мўриси бор бир ҳужрада дийдираб ўтиради. Ёқадиган ўтини ҳўл, аччиқ тутундан ичкаридаги одамлар қув-қув йўталади. Бу эпизод ўша замондаги камбағалларнинг қанчалик қийналиб яшаганини кўрсатиш учун керак эди. Бироқ муаллиф ҳам, ўқувчи ҳам, бу одамлар кечқурун ёқиш учун нега қуруқ ўтин ғамлаб қўймади экан, гувала девордан бир кесакни олиб, дудбўрон қилишга ақли етмадими, деб сўрамайди. Чунки асар ўтмиш ёмон эди, деган миф асосига қурилган...

 

Энг ёмони, авваллари Ўрта Осиёнинг Русияга қўшиб олингани (яъни, ўзимиз шуни хоҳлаганимиз) ҳақида афсона ва эртаклар тинглаб келган, ўзимиз ҳам шу чўпчакларни ёқлаб гапирган ва ёзган бўлсак, Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам бу масалага жиддий қарамаяпмиз. Энг оддий ва мантиқ талаб этиб турадиган бир саволни – мустақилликдан олдин ким эдик, деган саволни ўртага ташлаётганимиз йўқ. Мустақилликни қандай йўқотдик, дея ўзимиздан сўрамаяпмиз. Истиқлол бор экан, демак, ишғол ҳам, истибдод ҳам бўлган. Лекин ишғолга қарши турдикми, истибдодга дарров бўйин эгмадикми, деган саволлар ҳам ҳамон жавобсиз.

 

Бор китобларнинг аксариятида ватанимиз ўша замонда жуда қолоқ эди, шу боис рус босқинига тоб беролмадик, деган умумий фикр ўтказилади, холос. Бундан ҳам афсусланарлиси, Ватан озодлиги учун кураш тафсилотлари, қаҳрамонлари ҳақида ёзилмайди. Гўё, халқимиз индамайгина бошини босқинчи кундасига қўйиб бергандек.

Ё, иқтисодий жиҳатдан қолоқ халқлар босқинчиларга осонгина таслим бўлади, деган қонун ё қоида борми?

 

1716 йили Русия императори Биринчи Пётр буйруғи билан княз Александр (Искандар) Бекович-Черкасский бошчилигида олти-етти минг кишилик босқинчи қўшин жанубга юриш бошлайди. Бироқ русларнинг Турон ҳудудига бу илк кўз олайтириши аянчли якун топди. 1717 йили аскарларнинг кўпи ажалга дуч келиб, тириклари Хоразм қўшинларига асир тушди. Умрининг охиригача қул бўлиб яшади. Мағлубият Русиянинг босқинчилик иштаҳасини бўғди. То 1873 йилгача – юз эллик йил — Русия Хоразмга қайта ҳужум қилишга журъат этмади.

 

Русиянинг Ватанимиз ҳудудига иккинчи марта кўз олайтириши 1837 йилдан, рус армияси Орол денгизининг шимолий соҳилига етиб келиб, ҳозирги Аралск шаҳрига пойдевор қўйган даврдан бошланиши ва роппа-роса қирқ йилдан сўнг – 1877 йили Қўқон хонлигининг тугатилиши билан ниҳоя топганини кўпда эслайвермаймиз. Ҳолбуки, эслаш керак. Тарих такрорланмаслиги учун ҳам уларни доим эслаб туриш шарт.

 

Мана шу қирқ йиллик даврда уруш тўхтовсиз давом этгани, Оқмачит қалъаси, Туркистон, Олмоти, Бишкек, Авлиёота (ҳозирги Қозоғистоннинг Тороз шаҳри), Чимкент, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қўнғирот, Хива шаҳарлари учун қақшатғич жанглар бўлгани, генерал Скобелевнинг Андижондаги, Туркманистоннинг Геоктепасидаги қирғинлар ҳақидаги ҳақиқат ҳамон халқимизга содда ва тушунарли тилда, бадиий адабиёт воситасида етказиб берилгани йўқ.

 

Истиқлол йилларида бу маъсумликдан қутула бошлаганимиз сезилмоқда, албатта. Шонли ўтмишимиз, буюк боболаримизни тинмай эслайверганимиз туфайли бўлса керак, миллатимизга, ўз-ўзимизга ишонч ортди. Давлат тилимиз ўзбекча бўлди, ички ва ташқи сиёсатни ўз билганимизча ва ўз миллатимиз манфаати йўлида олиб боришни ўргандик. Шунинг баробарида тарихга ҳам бошқача ёндаша бошладик. Бир замонлар Буюк Темур бобомизнинг ҳатто номини тилга олиш тақиқланган бўлса, бугун у ҳақда баралла гапирамиз, китоблар ёзамиз, фильмлар оламиз, ўзбек миллий давлатчилигининг тамал тошларини қўйган буюк соҳибқирон, деб улуғлаймиз. Ҳатто, темурийларга қарши қилич кўтариб, уларнинг салтанатини супуриб ташлаган Шайбонийхон ва бошқа шайбонийзодаларни ҳам ўргана бошладик. Булар ҳам бизники, булар ҳам буюк эди, деб гапирамиз, ёзамиз.

 

Бироқ Русия ва Туркистон, Русиянинг Туркистонни ишғол қилиши, Қўқон хонлигини тугатиши, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини вассал қилиб олиши, деган мавзулар ҳамон етарлича ёритилмаган. Ҳолбуки, тарих нуқтаи назаридан бугунги кунимизга энг яқинлиги, манбалар кўплиги жиҳатидан бу даврни ўрганиш имконияти, масалан, темурийлар давлатчилиги тарихини ўрганишдан кўра осонроқ эди. Назаримда, бу мавзуга жиддий қўл урилмаётганининг бир сабаби ҳамон Русия билан қалин ва яқин алоқаларнинг сақланиб келаётганида бўлса керак. Руслар миллий қаҳрамон деб санайдиган генерал Скобелев Фарғона водийсини қонга ботиргани, қардош туркманларни қирғин қилгани ҳақида гапирсак, ёзсак, гўё, руслар хафа бўлиб қоладигандай тутамиз ўзимизни. Биз тарихимиздан хулоса чиқарайлик, улар ҳам ўзининг кимлигини билсин, деган оддий ва мантиқли фикрга келмаймиз.

 

Афсуски, ҳаётда бунинг аксини кўриб турибмиз. Ўзидан ўн баробар кучли душманга қирқ йил қуролли қаршилик кўрсатган халқимизнинг қаҳрамонлиги на тарих китобларимизда, на бадиий асарларда ўзининг муносиб баҳосини олди. Аксинча, мағлубиятда нуқул ўзимизни айблаймиз, холос.

 

Мисол керакми? Яқинда интернетни кавлаб ўтирсам, ютуб тармоғида “Қаҳвали суҳбатлар” деган бир кўрсатувга дуч келдим. Суҳбатга эксперт сифатида таклиф этилган ёш тарихчи олим Туркистоннинг руслар тарафидан ишғол қилиниши ҳақида гапираётган экан. Шунисига қизиқдим. Лекин олган таассуротим йиғлатгудек бўлди. Нима эмиш, Зирабулоқ жангидан сўнг Бухоро амири шаталоқ отиб қочган, ҳатто, амирликдан ҳам воз кечиб, ўрнини укасига бўшатиб берган эмиш. Босқинчи генерал фон Кауфман, қани, энди Бухоро билан сулҳ тузайлик, деса, қалтираб-титраб янги амир келганмиш. Ярим подшо Кауфман мен бу амирни танимайман, тан ҳам олмайман, менга амир Музаффарни топиб келтиринглар, деганмиш. Ниҳоят, амир Музаффарни топиб келишса, у кела солиб, фон Кауфманнинг оёғига йиқилганмиш, генерал уни қўлтиғидан олиб турғазиб, мен сизнинг олдингизда тиз чўкишим керак, чунки сиз олийнасаб ҳукмдорсиз, мен бир оддий солдатман деганмиш...

 

Хуллас, шунақа тарихимизга беписанд, ноилмий ёндашув. Ёвқур боболаримиз қолиб, манфур душмандан қаҳрамон ясаш иллати ҳамон давом этмоқда.

 

Бироқ ҳаммага маълум бошқа бир ҳақиқат ҳам бор. Яъни, бу жанг генерал Кауфман учун мағлубиятга тенг ғалаба бўлган. Шу жангдан сўнг роса эллик йил давомида руслар Бухорога қурол билан бостириб киришга журъат қилмади, Бухоро амирлиги нисбий бўлса-да, мустақиллигини сақлаб қолди.

 

Боболаримиз шамолга эмас, бўронга қарши тупуришни ҳам уддаладилар, аммо афсуски, ҳаётнинг одамдан, ҳатто, миллатлардан устун қонунлари бор. Шу қонунларни англаб етолсак, бундан буёғига бўйин эгишни эмас, улардан фойдаланишни ҳам уддалайдиган даражага етишамиз.

 

Менингча, бу давр ҳақида гапириш ва ёзишнинг муддати аллақачон етишди, ҳатто, ўтиб ҳам кетмоқда. Ким эдиг-у ким бўлдик, деган саволни ҳар куни ўзимизга бермасак, унга ҳар куни жавоб айтмасак, миллий ўзлигимиз хавф остида қолади. Мустақил давлатимизни қўрғон қилиб ўраб олармиз, аммо қўрғон ичида ўзини билмаган қўрқоқлар ўтирса, қўрғонни ўраб олгандан наф йўқ.

 

Мусулмон НАМОЗ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 37617
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//