Яқин кунларда «Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ёпилди» деган гап зиёлилар ва кенг жамоатчиликнинг муҳокама мавзусига айланди. Oyina.uz Адабиёт музейининг тақдирига бефарқ бўлмаган миллат зиёлиларининг муносабатини бериб боради.
Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги адабиёт музейини кўчириш ҳақидаги хабарларга кўзим тушди. Шукур Жабборнинг аниқ фактларга таяниб ёзилган мақоласини ўқиб, чуқур ўйга толдим. Унда ўртага ташланган масала – музейни сақлаб қолиш, унинг келажак тақдири қандай бўлиши ва кўчириш билан боғлиқ шошқалоқ қарорлар ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган жиддий хавф-хатарлар ҳар қандай маърифатли инсонни ташвишга солади. Мавзу юзасидан фикр билдирган Жаббор Эшонқул эса «Иллат излаганга иллатдир дунё, Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё» байтини келтирибди. Назаримда, ушбу вазиятда бу каби фикрлаш масаланинг асл моҳиятини бутунлай бошқа томонга буришга уринишдир. Ахир, ҳали биноси қуриб битказилмаган жойга мавжуд музейни кўчириш ҳақида гап бормоқда. Энг ачинарлиси, бу ноёб ашёларни, бебаҳо китобларни, олимларнинг қўлёзмалари ва архивларини вақтинча сақлаш учун Ислом цивилизацияси маркази омборига жойлаштириш таклиф этилмоқда. Мавжуд миллий бойликларимизни бундай хавф остига қўйиш – ақлга сиғмайдиган даражадаги таҳликали тадбир. Бирламчи йўлнинг ўзидаёқ қанча талафот етиши мумкин уларга...
Бу воқеалар анча ёшни қоралаб қўйган, совет тузумининг аччиқ сабоқларини ўз кўзи билан кўрган ҳамда ўша давр воқеаларидан яхши хабардор бир инсон сифатида хотирамда муҳрланиб қолган ўтмиш манзараларини уйғотиб юборди. Тарих қайтарилишидан, бебаҳо меросимиздан айрилиб қолишдан қўрқаман. Шунинг учун ўтмишда йўл қўйилган мана шундай хатоларни эслаш ва бугунги авлодга ўша аччиқ фактларни бир-бир санаб ўтишни ўзимнинг бурчим деб билдим.
Дилором Каримова
Ўтган асрнинг 70 йилларида «Ҳамза» театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) янги бинога кўчирилди. Унга қадар театр менинг ёшлигим ўтган Хадра майдонида, «Ватан» кинотеатри ўрнида фаолият юритарди. Бугунги ёшлар «Ватан» кинотеатрининг қандай бўлганини тасаввур ҳам қила олишмайди. Ваҳоланки, у ниҳоятда гўзал, Рим меъморчилиги анъаналарига монанд архитектура негизида қурилган бино эди. Зиналарда тепага кўтариладиган муҳташам фасади яхши сақланган, фақат ички қисми бироз таъмирга муҳтож эди, холос. Ўша пайтларда болалик хотирамда муҳрланиб қолган бир баҳс эсимда: бинонинг бетакрор фасад (пештоқ) қисмини сақлаб қолган ҳолда, орқа томонини реконструкция қилиш масаласи ўртага ташланганди. Бироқ шошма-шошарлик билан қилинган қарор туфайли бино бутунлай бузиб ташланди ва ўрнига янги театр барпо этилди...
Институтни тамомлагач, айнан шу «Ҳамза» театрида фаолият бошлаганман. Тан олиш керак, ўша даврда қурилган бино театрнинг барча талабларига, спектакль қўйиш қонуниятларига тўлиқ жавоб берарди. Фасадидаги театр санъати тимсоллари ва ички архитектураси томошабинни сеҳрли бир дунёга тайёрлар, зал саҳна билан ўзгача муҳит яратарди. Аммо кўп ўтмай, шундай бир давр келдики, шаҳардаги барча йирик бинолар ўша пайтдаги олий раҳбарнинг шахсий дидига, унинг Рим ва Италия услубига, яъни муҳташам устунлар-у дабдабаларга бўлган ишқибозлигига мослаб ўзгартирилди.
«Ҳамза» театри
Оқибатда Тошкентда бир-бирига эгизакдек ўхшаш, миллийликдан йироқ бинолар кўпайиб кетди. Афсуски, бу «дид» «Ҳамза» театрини ҳам четлаб ўтмади. Бугун бу бино театр маскани эмас, кўпроқ ҳашаматли мажлислар залини эслатади. Ичкарига кирсангиз, театр руҳини ҳис қилмайсиз: тепада ёрқин ва булутлар тасвири туширилган оппоқ шифт, чироқлар ўчганда ҳам залдаги қоронғиликни ўғирлайдиган ортиқча жило... Санъат қонуниятига кўра, томошабин ўтирадиган зал қоронғиликка чўмиши, бутун диққат-эътибор эса ёруғ саҳнадаги воқеаларга қаратилиши лозим. Ҳозирги театрда, гўё минбардан кимдир маъруза қилаётган расмий мажлислар залида ўтиргандек ҳис қиласиз ўзингизни. Шахсан менда ҳар сафар шундай оғриқли таассурот уйғонади.
Яна бир мисол – Давлат Сатира театрининг ташкил этилиши билан боғлиқ. Ўтган асрнинг 80-йилларида, театр биноси ҳақида ҳали лойиҳа ҳам йўқ бир пайтда, ўша пайтдаги раҳбарият, хусусан, Раъно Абдуллаеванинг қатъий ташаббуси билан ушбу театр ташкил этилди. Қоғозда театр бор, лекин амалда унинг на саҳнаси, на ўз биноси бор эди. Натижада бечора актёрларимиз ўн йилдан ортиқ вақт давомида саргардонликда ҳаёт кечиришди. Доимий сафарлар, тинимсиз гастроллар... Худди ўтмишда сайёр масхарабозлар қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар аравада томоша кўрсатиб юргандек, ўзбек сатирасининг энг ёрқин намояндалари ҳам кўчманчи ҳаётга маҳкум этилди. Ниҳоят яқинда театрга янги бино қуриб топширилди, бироқ унгача қанча-қанча истеъдодли актёрларимиз ушбу бахтни кўролмай, армон билан ўтиб кетди, қанчадан-қанча дурдона асарлар кенг томошабин эътиборидан четда қолиб кетди. Бинони тайёрламай туриб, ижодий жамоани кўчага ҳайдашнинг бадали мана шундай оғир бўлади.
Ҳозирги Давлат Сатира театри
Болалигим билан боғлиқ бўлган яна бир муқаддас маскан – Чорсу даҳасидаги, ҳозирги гўшт бозорининг яқинида жойлашган Табиат музейи эди. Бу шунчаки экспонатлар йиғиндиси эмас, чинакам санъат асари даражасида яратилган жонли дунё эди. Музей павильонларига қадам қўйган инсон ўзини гўё бутун ер юзини сайр қилгандек ҳис этарди: саҳролар, тундралар, ўрмонлар, Африка ва Американинг ёввойи табиати ўша ерда қайтадан гавдалантирилганди. Масалан, тропик ўрмонлар бурчагидаги улкан дарахтларнинг ҳар бир барги юксак маҳорат билан шохларга бириктирилган эдики, уларни тирик дарахтдан фарқлаш қийин эди. Ҳайвонлар табиий ҳолати ва ўз иқлимига мос муҳитда жойлаштирилганди: фил, йўлбарс, арслон, кийик, тимсоҳлар ўз маконида тургандек тасаввур уйғотарди.
Гулнора Каримованинг даврида мана шу бетакрор санъат маскани ер билан яксон қилинди. Бир куни ўша ердан ўтаётиб, музей ҳовлисида тупроққа қоришиб ётган дарахтларни кўриб юрагим эзилди. Ваҳоланки, ўшанда ҳам жамоатчиликнинг эътирозларига жавобан: «Биз буни йўқ қилмаймиз, шунчаки бошқа жойга кўчирамиз, бинонинг жойи ўзгаради, холос» деган ваъдалар берилганди. Лекин мен ўз кўзим билан кўрган ҳақиқат – лойга қоришган тарих ва тупроққа айланган меҳнат эди. Музей ўрнида эса бугун замонавий тадбиркорлик мажмуаси (бизнес-марказ) қад ростлаб турибди.
Ўша даврдаги асоссиз ташаббуслар қурбонига айланган масканлардан яна бири – ўзим таҳсил олган, 1945 йилда асос солинган муқаддас Театр институти бўлди. Бу даргоҳ ўзбек санъатининг буюк сиймоларини тарбиялаган, миллий маданиятимизнинг олтин пойдевори эди.
Унинг муҳташам, мўъжазгина, ниҳоятда чиройли биноси бор эди. Энг асосийси – у ердаги ўқув театри ва саҳнаси бўлиб, ҳар қандай мукаммал спектаклни саҳналаштириш имконини берадиган профессионал механизмлар, айланма доира, пардалар ва махсус ёруғлик мосламалари билан жиҳозланганди. Акустикаси (товуш акс-садоси) шу даражада мукаммал эдики, қадимги Европа ва рус театрларининг энг сара биноларини эслатарди. Шунингдек, парда ортидаги гримхоналар, бой либослар омбори – барчаси бир бўлиб талаба ва педагогларнинг эркин ижод қилиши учун бутун бир тизимни ташкил қиларди. Афсуски, бу ерни ҳам ҳеч бир изоҳ ва тайёргарликсиз бузиб ташлашди. Институтни эса ҳали янги бино қурилмасдан туриб, Глинка кўчасидаги мослаштирилмаган, оддийгина мажлислар залига эга бинога вақтинча жойлаштиришди. Ўнлаб режиссёр ва актёрлар авлоди профессионал театрдан йироқ бўлган ўша расмий мажлислар залида спектакль ўйнаб, ўқишни тамомлашга мажбур бўлди.
Институт бузиб ташланганидан сўнг, орадан деярли йигирма йилга яқин вақт ўтибгина шаҳар чеккасида янги бино қуриб берилди. Аммо ўтган йиллар давомида йўқотилган илмий пойдевор, дарс қолдирган ижодий муҳит ва профессионал шароитларнинг ўрнини ким тўлдиради?
Булар – макони тайин қилинмасдан, аниқ режасиз кўчага ҳайдалган миллий меросимизнинг оғриқли саҳифаларидир. Бугун ҳам тарихий қарорлар қабул қилишда мана шу ўтмиш сабоқларини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Маънавиятимиз учун тузатиб бўлмас йўқотишлардан яна бири, шубҳасиз, «Турон» кутубхонаси бўлган. Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг изи қолган, Наим Каримов каби олимларимиз асраб қолиш учун жон куйдирган «Турон» кутубхонаси биносининг бузилиши тарихимизга берилган оғир зарба бўлди. Бу маскан нафақат меъморий ёдгорлик, балки миллий уйғониш рамзи эди.
«Турон» кутубхонаси
Чиндан ҳам Тошкентнинг тарихий Чорсу мавзесида жойлашган эски Турон кутубхонаси шунчаки меъморий ёдгорлик эмас, миллатимиз фожиаси ва ўтмишидан сўзловчи тирик хотира эди. Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги жадид зиёлиларимиз, халқимизнинг ойдинлари унинг зиналардан юриб, шу масканда миллат тақдирига дахлдор қанча ислоҳотлар қилганди. Афсуски, бу тарихий хотира ҳам, меъморий мерос ҳам асраб қолиш учун қилинган барча ҳаракатларга қарамай, шафқатсизларча яксон қилинди.
Бироқ энг даҳшатли фожиа кейин юз берди: Жадидлар ҳақида ёзаётган китобимга манба қидириб кутубхона кўчирилган янги жойга бордим. Картотекада номи турган китобларни сўраганимда, ходимлар хижолат бўлиб: «Кутубхонани кўчириш жараёнида йўқолган бўлса керак...» деган жавобни беришди. Мана ҳақиқий фожиа! «Турон» кутубхонасининг номига муносиб бирор муҳташам маскан барпо этилмасдан туриб, китобларнинг қўлма-қўл, уйдан-уйга кўчирилиши оқибатида тарихимизнинг олтин саҳифалари йўқолди ёки кимларнингдир қўлида кетди. Бу шунчаки эътиборсизлик эмас, миллат маънавиятига қарши қилинган энг катта жиноятлардан биридир.
Пушкин боғи яқинида жойлашган мўъжазгина Ёш томошабинлар театри кўплаб юртдошларимиз қатори менинг ҳам болалигим, санъат ва театрга бўлган илк муҳаббатим шаклланган муқаддас даргоҳ эди. Шунингдек, бино шунчаки театр эмас, ўз даврида жадидлар йиғилиб, муҳим ижтимоий масалаларни муҳокама қилган тарихий маскан эди.
Афсуски, болалар учун муносиб, замонавий театр биноси қурилмасдан туриб, бу маскан ҳам осонгина бузиб ташланди. Театр жамоасини эса Абай кўчасидаги собиқ мажлислар залига кўчириб қўйишди. Санъат аҳли ўша расмий нутқлар учун мўлжалланган ноқулай залда ижод қилишга мажбур қолди. Биз эса бир бутун театр тарихининг йўқ бўлишига шунчаки гувоҳ бўлиб қолавердик.
Яқинда Сайилгоҳ кўчасидаги собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биносининг бузиб ташланиши эса ақлга сиғмайдиган иш бўлди. Бу бино туппа-тузук, мустаҳкам қурилган архитектура намунаси бўлишидан ташқари, тарихимизнинг энг қора, аянчли ва қатағон кунларини эслатиб турувчи тирик ёдгорлик эди. Тарихий манбаларга кўра, унинг даҳшатли ертўлаларида Совет даврида қанчадан-қанча миллат ойдинлари, зиёлиларимиз судсиз-сўроқсиз қийноққа солинган. Шунингдек, у ерда ўша даврга оид минглаб махфий ҳужжатлар сақланар эди. Бугун у ҳужжатлар қаерда, бино нима мақсадда йўқ қилинди? Ушбу маскан ўрнида навбатдаги дабдабали меҳмонхонани қуриш ўрнига, ўша ертўлаларни сақлаб қолиб, музей ташкил этиш маънавий бурчимиз эмасмиди? Кимларнинг хаёлига келади бундай қарорлар ва нима мақсадда қилинади? Оддий фуқаро ва ижодкор ўлароқ, мен фақат мана шу аччиқ фактларни кўриб, муносабат билдира оламан, холос, афсуски.
Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси
Туркияда бўлганимда бир нарсадан ҳайратланганман: у ерда империя саройлари ҳовлисидаги асрий, ҳатто мутлақ қуриб қолган дарахтларни ҳам шунчаки кесиб ташлашмайди. Қуриган шохларини тозалаб, ўша давр гувоҳи, тарихий ёдгорлик сифатида асраб-авайлашади, тагига нечанчи йилдан бери яшаётганини ёзиб қўйишади. Ҳатто аждодлардан қолган тош ётқизилган кўҳна йўлаклар ҳам дахлсиз сақланади.
Биздачи? Гўё фақат бузиш, ўрнига эса бир хил қолипдаги руҳсиз «катак-катак» уйлар, дабдабали ресторан ва меҳмонхоналар қуриш пойгаси кетаётгандек. Баъзан бугунги Тошкентга қараб, шаҳар улкан бир емакхонага айланиб бораётгандек хавотирга тушади одам. Ҳаммаёқ ресторан, тўйхона ва кафелардан иборат бўлиб қолаётгандек гўё... Бу нарсалар одамни ташвишлантиради. Тўғри, тараққиётга, янгиланишга қарши эмасмиз. Лекин қани ўша муносиб маънавият масканлари? Афсуски, бугун қадрият ҳисобланган деярли ҳар бир обида охир-оқибат навбатдаги бизнес объектига айланиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу эса шунчаки шаҳарсозлик масаласи эмас, балки жамият маънавияти ва қадриятларининг тижоратлашиб бораётганидан далолатдир.
Алқисса, муносиб янги бино тайёр бўлмасдан туриб Адабиёт музейини кўчириш ҳам мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Агар мақсад ҳақиқатан ҳам экспонатларни асраш бўлса, бино тўлиқ битгандан кейин уларни тўғридан-тўғри кўчириш мумкин эди-ку! Нима учун ўртада айланма йўллар қидирилмоқда?
Турон кутубхонаси китоблари каби, музей экспонатлари ҳам қўлма-қўл бўлиб, вақтинча у ерга, вақтинча бу ерга ташланар экан, ундаги талофатлар, йўқолишлар муқаррар. Моддий манфаат, пул ва марказдаги қимматбаҳо ерга эга бўлиш иштиёқи устун келганда – миллатнинг қадри, обрўси ва бойлигининг қадри қолмайди. Биноларни йиллар давомида таъмирланмаганини баҳона қилишади. Ундай бўлса, нима учун ўз вақтида таъмирлаб, ўқувчилар, олимлар қатнайдиган масканга айлантирилмади?!
Бинонинг деворий расмлари, рассомларимиз яратган монументал асарларни қандай кўчиришади? Бу шунчаки алдов ва ўша жойда навбатдаги бизнес-марказни қуриш учун ўйлаб топилган баҳона, назаримда.
Шукр Жабборов каби миллатпарвар инсонлар бу мавзуларда бонг уриб мақолалар ёзмоқда. Аммо қани бизнинг қолган олимларимиз, ёзувчиларимиз? Зиёли ким ўзи? Зиёли – ўз миллати маданиятини, юрти бойлигини жони, ақли, ҳаёти билан асраб қолишга сафарбар қилинган инсондир. У фожиаларга шунчаки четдан қараб турувчи томошабин эмасди-ку! Худо ҳаққи, миллат ишонадиган зиёлиларимиз борми бугун?!
Халқимизнинг миллий масалаларда қанчалик бирлаша олишини бундан беш-олти йил олдинги тил муаммоси атрофидаги тўполонларда ҳам кўрган эдик. Ўшанда айрим русийзабон ҳамшаҳарларимиз, ҳатто эл таниган баъзи санъаткор ва балериналаримиз «Мен ўзбек тилини билмасам, шифокорлар рецептини қандай ўқийман, қандай яшайман?» деган асоссиз важлар билан юртимизда икки тиллилик жорий этилишини талаб қилиб чиқишганди. Ўх-хў, ўшанда халқимиз қандай жунбушга келганди! Олимлар, зиёлиларнинг сўзи қанчалик улкан кучга эга эканини ўшандаги тил курашларида кўргандик.
Нарироқни, Ўзбек тилига давлат тили сифатида ягона мақом берилиши атрофида юз берган баҳсларни эслайлик. Ўшанда айрим ташқи сиёсий кучлар ва ичимиздаги «бешинчи колонна» мамлакатда икки тиллиликни жорий этишга уринишганди. Бироқ ўзбек тили соҳасидаги жонкуяр олимларимиз, тилшуносларимиз ўзларининг салмоқли, илмий асосланган мантиқий фикрлари билан майдонга чиқишди. Миллатимиз ўз она тили ҳимоясига қалқон бўлди ва натижада конституциямизда ўзбек тилининг ягона давлат тили сифатидаги мақоми сақлаб қолинди. Бу – зиёлиларимиз ва халқимиз бирдамлигининг буюк ғалабаси эди! Хўш, нега бугун тарихимиз йўқ қилинаётганда, бурчак-бурчакда кўкка бўй чўзаётган руҳсиз уйлар маданий меросимизни «ютиб» юбораётганда зиёлиларимиз жим турибди? Бизнесингизни қилаверинг, аммо нега айнан тарихий масканларимизга кўз олайтирасиз, демаяпти?
Бугун давлатимиз раҳбари ижодкорлар, илм ва санъат аҳлига чексиз эҳтиром кўрсатяпти, мукофотлар билан сийлаяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад – жамиятда маънавият илдизларини асраш, давлат ва миллат таянчига айланадиган чинакам зиёлилар қатламини шакллантиришдир. Чунки мамлакат пойдеворини, унинг эртанги кунини айнан мана шу уйғоқ фикр эгалари ҳимоя қилади. Аммо бугун мукофот ва орденларни тақиб олганлар нега миллат дарди ва тарихи поймол қилинаётганда жимгина томошабин бўлиб турибди? Шу ўринда тарихнинг бир аччиқ сабоғи эсга тушади:
«Бобурийлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори Баҳодиршоҳ инглиз босқини хавфи арафасида вазири билан маслаҳатлашади. Вазир унга: – Сиз вақтида ҳақиқий зиёлиларнинг гапига қулоқ тутишингиз керак эди, – дейди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: – Менинг атрофим тўла олимлар, шоирлар ва ёзувчилар-ку! – дея сарой аҳлини кўрсатади. Шунда жасур вазир ҳақиқатни айтади: – Йўқ, булар зиёлилар эмас, булар – зиёнлилар! Улар фақат ўз чўнтагини қаппайтириш, шоҳга ёқадиган гапларни гапириш ва маддоҳлик билан банд. Миллат тақдири уларни қизиқтирмайди...»
Кўп ўтмай, буюк салтанат бой берилади, Ҳиндистон юз йилдан ортиқ вақт мобайнида мустамлакага айланади.
Агар бугун биз ҳам лоқайдлигимиз, қўрқоқлигимиз ва сукутимиз билан миллий меросимиз бузилишига жим қараб турсак, ўша «зиёнлилар»га айланиб қолмаймизми? Фикрини эшитишга муштоқ турадиганимиз – катта шахсларимиз, зиёлиларимиз бор, улар бундай маънавий вайронагарчиликка йўл қўймасликлари шарт. Чунки шу пайтгача пойтахтда бузилган тарихий биноларимиз ўрнига улардан-да гўзалроқ ёки фойдалироқ бирор маърифат маскани барпо этилмади. Аксинча, фақат банклар, ҳашаматли меҳмонхоналар, ресторанлар ва бизнес-марказлар қад кўтарди. Биз эса тарихимиз, хотирамиз ва миллий ўзлигимиздан айрилиб қолавердик.
Тарихий обидаларни ва маънавий меросимизни фақатгина ғишт ва пойдевор деб билиш – миллат ўзлигини, унинг тирик хотирасини инкор этишдир. «Турон» кутубхонаси, Ёш томошабинлар театри, собиқ МХХ биноси каби ўтмиш гувоҳларининг бузиб ташланиши ҳамда муносиб бино тайёр бўлмасдан туриб музейларнинг шошилинч кўчирилиши оқибатида ноёб китоблар, тарихий экспонатлар ва деворий асарларнинг йўқолиши жамиятимиз учун чуқур маънавий фожиадир. Биз эса яна бир маънавий фожиага томошабин бўлмаслигимиз – Алишер Навоий номидаги адабиёт музейни асраб қолишимиз керак!
Дилором КАРИМОВА,
Ўзбекистон халқ артисти
Наргиза Одинаева ёзиб олди.
Жараён
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ