Ўқувчилардаги ватанпарварлик, тарбия ва хорижий тил муаммоси – Уч даъвога уч раддия


Сақлаш
16:49 / 15.07.2026 168 0

Ярим аср аввал устоз Ғайбулла Саломов ёзган бир илмий мақола ичида “Триотезис ва... трио-антитезис” деган кичик сарлавҳа бор эди. Домла унда бир профессорнинг уч ғоя-тезисини инкор қилиб, уч антитезис тақдим этганди. Орадан шунча вақт ўтгач, камина ҳам шу чиройли номдан фойдаланиб, бу замонда ғоят урф бўлган уч ақида юзасидан мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

 

Бу ғоялар бир маҳал миллатнинг улуғ раҳнамолари томонидан олға сурилган ва ўз вақтида долзарб эди, аммо ҳозир шароит бошқа. Илм-фан ҳам, ижтимоий қарашлар ҳам битта фикрни маҳкам тутиб олиб, ўшани алқаб, бошқа ҳар қандай нуқтаи назардан “муҳофаза” қилганда эмас, аксинча, миллий манфаат йўлида айтилган турли мулоҳазаларга йўл берганида кўпроқ равнақ топади.

 

Ўзгача нуқтаи назарларга жамиятда доим эҳтиёж бор.

 

Яна, узрхоҳлик билан айтиб ўтайликки, бу уч муносабат муайян бир муаммо теварагида бўлмай, бир-биридан озми-кўп олисроқ соҳаларга оид.


Бизга нечта тил керак?

 

Ҳамма ўрганиб қолган, шиор мақомидаги ғоялардан бири – мактабда бола кўп тилни ўрганиши кераклиги ҳақидадир. Ҳамма жойда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизга икки эмас, тўрт тил лозим” дегани, Исҳоқхон Ибратнинг “Луғати ситта алсина” (“Олти тилли луғат”) тузгани ёки Бешинчи Карлга нисбат бериладиган “Нечта тил билсанг, шунча одамсан” афоризми келтирилади. Болалар кўп тилни, айниқса, хорижий тилларни билиши шарт деб уқтирилади. Бу – биринчи тезис.

 

Шунга кўра, мактабда учта – ўзбек, рус ва яна бир хорижий тил (асосан – инглизча) ўқитиляпти. Рус мактабларида – рус, ўзбек ва инглиз тили. Қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тилли мактабларимизда эса тўртта тил – ўша элнинг ўз она тили, ўзбек (давлат) тили, хорижий тил ва рус тили тақдим этилади. Хўш, Қорақалпоғистондаги қозоқча мактабларда-чи? Она тили бўлган қозоқча, Қорақалпоғистон Республикасининг давлат тили ҳисобланган қорақалпоқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили – ўзбек тили, ана ундан кейин рус, инглиз тиллари... нақд бешта тил бўладими?

 

Антитезисга ўтсак.

 

Бола, боши айланиб кетмай, шунча тилни эркин эгаллаб олаверадими? Йўқ, албатта. Мутлақо! Хошо ва калло!

 

Россиядаги рус мактабларида иккита: рус ва яна бир хорижий тил ўқитилади. Албатта, буларнинг ҳар бири учун дарс соатлари кўпроқ, демак, тил ўрганиш осонроқ кечади. Бир неча тилни баравар ўрганиш – тўртта-бешта қуённи қувиш каби мушкул.

 

Ғалати дилемма: биз истеъдодли, қобилияти зўр ўқувчиларни, “бўладиган бола бошидан” дея ажратиб, ихтисосликка йўналтириб, чуқур таълим бермоқчимиз. Ва айни чоқда даққиюнусдан қолган ёппачилик касали ҳам авжида. Исбот дейсизми? Ёдингизда бўлса, уч-тўрт йил аввал барча мактаб ўқувчилари мусиқа чалишни ўрганиши шарт, ҳамма таълим даргоҳлари чолғулар билан таъминланади, деб қарор чиққан эди. Бироқ... ҳар бир бола мусиқага уқувли бўлиб туғилмайди-ку? Нега ҳамма мусиқа чалиши керак?.. Оқибат, бу ташаббус ора йўлда қолди.

 

Бир неча тилда сўзлашиш ҳам мусиқий қобилият каби хислат – ҳаммага насиб этавермайди. Бамисоли шогирд бир вақтнинг ўзида ҳам этик тикиш, ҳам новвойлик, ҳам боғбонлик, ҳам асаларичиликни эмас, шунинг биттасини ўрганганидек. Ўзга тилларни қўятуринг, ҳатто ўз она тилини ҳам барча бола бирдай яхши билмайди. Шу ҳолда бир неча тилни тиқиштириш унинг бор уқувини ҳам йўққа чиқармайдими?

 

Аксар полиглотлар бир тилни яхши билиб олганидан кейин бошқасини ўрганишга ўтар экан. Бирваракайига бир неча тилни “шимириш” самарали метод эмас. Ҳиндистонда ҳиндчадан ташқари инглиз тили ўқитилади, аммо инглиз тили – иккинчи она тилимиз, дея учинчи лисон ўргатилмайди. Нега энди биз ҳам русчани, ҳам инглизчани юклаймиз боланинг бошига? Бу педагогика қоидаларига ҳам зид-ку!

 

Кўп тил билган яхши. Лекин ҳамма – ҳар бир одам бир неча хорижий тилни билиши шарт эмас, лозим ҳам эмас. Энг ёмони, чет тилини зўр ўрганиш мажбурланса, бола ўз она тилини унутиши мумкин. Яъни ўзганики деб ўзиники қурбон этилади.

 

Ҳар бир одам – бир миллат вакили. Миллийлик унинг моҳияти, уникал идентификацияси. Тараққий этган мамлакатларда ана шу ноёбликни сақлашга эътибор қаратилади. Чунки ҳар бир киши ўз она тилининг стихияси ичида яшайди, ўша тилда сўзлайди ва фикрлайди. Тил билан тафаккур бир нарса – киши она тилини қанча яхши билса, унинг тафаккур дунёси шунча кенг, теран бўлади. Аммо бизда бунинг акси: илгари рус тили иккинчи синфдан, хорижий тил эса бешинчи синфдан ўқитиб келинган. Энди эса, буям кам кўринибди шекилли, ўзбек, инглиз ва рус тили бирваракайига биринчи синфдан ўқитиляпти. Чунки қайсиям бир донишманд, тўрт-етти ёшида бола бир неча тилни эгаллашга қобилу мойил бўлади, дея “марҳамат” қилганмиш.

 

Инглиз тили ватанида чет тиллар қандай ўқитилишини биласизми? Англияда хорижий тил фақат 7-синфга келибгина қўшилади, аммо уни ўрганиш ихтиёрий. Учинчи тил ўқитишга эса умуман йўл қўйилмайди. АҚШда хорижий тил ўргатиш мактаб дастурига киритилмаган.

 

Энг бой ва илғор давлатларнинг халқи – энг кўп тил билувчи халқ эмас. Аксинча. Францияда фақат 57 фоиз мактаблардагина хорижий тил ўқитилади, хитойликлар чет тилини билишда дунёда 68-, японлар 80-ўринда, итальянлар эса улардан ҳам орқада. Бас, маълум бўладики, миллий тараққиётнинг шарти – бир неча тилни билишда эмас экан. Гапнинг пўскалласи, илғор юртларнинг ҳеч бири ёшлар чет тилни кўп ўргангани сабабли тараққий этган эмас.

 

Хўш, биздаги тил таълимининг натижалари қандай?

 

Болаларда ўз она тили – ўзбек тилини билиш даражаси тушиб кетяпти. Чунки биринчи синфга қатнайдиган, мактабдан сўнг уйини топиб келиши ҳам қийин бўлган жужуқ бир эмас, учта тилни ўрганишга мажбур. Аслида, у ҳали она тилида бир амаллаб гапиради, у ёғини сўрасангиз. Бунақа “ақлий штурм”нинг нафидан кўра зиёни кўпроқ бўлмасмикан? Яна, рус ва инглиз
тили дарслари учун бу соатлар асосан ўзбек тили ҳисобидан олиб берилади. Яъни
боланинг она тилини билиш даражаси ўсмай қолади. Биз тил билиш деганда тест саволларига жавоб бериб, балл тўплашни эмас, бирон воқеани чиройли баён этиб қоғозга тушира олиш, маданиятли одам бўлиб гапириш каби бирламчи талабларни кўзда тутяпмиз.

 

Олимларнинг аниқлашича, кўп тилни биладиган полиглот одамлар икки тоифа бўларкан: биринчиси – бир неча тилда енгил мавзуларда шалдиратиб гапира олади, афсуски, улар ўша тилни чуқур билмайди; иккинчи тоифа эса ўзга тиллардаги бадиий ва илмий асарларни кўп ўқийди, теран тушунади. Аммо бу кейинги гуруҳга мансуб аксар кишилар ўша чет тилларда яхши гапира олмас экан.

 

Бизнинг мақсад – қайси соҳада бўлмасин, малакали мутахассис етиштириш
бўлиши керак эмасми? Ишни яхши билган устага, у дудуқ, ҳатто соқов бўлса ҳам,
мижоз ёпирилиб келади. Ўнта тил билсангиз-у, топширилган ишни эплай олмасангиз, фирма сиздан воз кечади. Демак, маорифнинг вазифаси полиглот тайёрлаш эмас, балки билимли ёшларни етиштириш бўлмоғи керак. Ёшлари кўп тил билгани сабабли ўта ривожланган мамлакатлар бўлса, уни айтинг. Шахсий соҳада ҳам, бирон полиглот – азбаройи кўп тил билгани важидан илм-фанда ё бошқа соҳада оламшумул ютуққа эришганини билмайман. Буюк олимлар, асосий ишидан ташқари, эҳтиёж сезиб бошқа тилларни ўрганиши бу – бошқа гап.

 

Яна мактабга қайтсак. Унда нечта тил ўқитилса ҳам, бу фанга ажратилган дарс соатларининг асосий қисми она тили таълимига берилиши дуруст. Ўз тилини яхши билмай, уни дилдан ҳис қилмай ўсган бола миллатига куюниш, ватани ютуқларига суюниш ҳиссини қаёқдан олсин?

 

Камина истиқлолнинг дастлабки йилларида энди ўзбекчиликка кенг йўл очилади, она тилимиз равнақ топади, тараққиётнинг миллий йўлига тушамиз, деб умидланган эдим. Ундай бўлиб чиқмади: глобаллашув ўпқонига бошимиз билан шўнғиб кириб кетдик. Ва ажабки, ўз ихтиёримиз билан шунга интиляпмиз, гўёки ўзбекчиликни тезроқ тарк этиб, ундан узоқлашмоқчимиз. Болалар кўп тил ўргансин, дейиш ана шу йўлдаги энг “беозор”, аммо энг хавфли чақириқ, аслида.

 

Камина Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Биз туркистонийларга туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозим”, деб бундан бир аср ва бир мучал аввал айтган сўзларини инкор этиш ниятим йўқ. Аммо у даврда бошқа тилларни ўрганиш асносида ўзбек тилини бой бериш хавфи йўқ эди. Бугун эса бундай хавф – аниқ мавжуд.

 

Маърифатпарвар оталаримизнинг сўзлари мағзини чақиш учун салкам бир аср керак бўлди. Улар, дунёдан бехабар юравермайлик, камида тўртта тилни билайлик, деб бонг урган. Аммо улар бугунги ҳолатни кўрганида, болалар она тилимиздан узоқлашяпти, бу кетишда унинг ўзбеклиги кетади, бола аввало ўзбек тилини яхши билиб олсин, бошқа тилларни мажбур ўргатиш уларни она тилидан узоқлаштиряпти, деб ташвишланган бўлар эди, менимча.

 

Зотан, мақсад – ўзбек элини билимли, маърифатли халққа айлантирмоқ. Илгариям бир нави эди, аммо таажжубки, мустақилликка эришиб, миллийликка йўл очилганидан сўнг туғилганларнинг тилини ҳакка чўқиб кетганини кўриб айтамизки, бизга ҳам жаҳоннинг энг тараққий этган эллари каби аввало битта тил керак экан, тўртта ё саккизта эмас. Бир тилда ривожланайлик. Ана шунда тил билан тафаккур уйғунлашади, миллат сифатида ҳамфикр бўламиз. Тилимиз дилимизни англатади.

 

Албатта, ижтимоий тараққиёт туфайли жамиятнинг айрим вакиллари ул-бул чет тилини ўрганади. Бунинг устига, беш-олти тилда писта чаққандай осон сўзлаша оладиган туғма полиглотлар ҳам бўлади. Аммо ҳаммани бир неча тил ўрганишга мажбурлаш беҳуда иш. Билимнинг ками – кам бўлганидай, ортиғи ҳам зиён. Киши нимани мажбуран ўрганса – безади.

 

Масаланинг яна бир томони бор. Бу замонда ўзбек тили эмас, бошқа тил керак, деган кўп ота-оналар фарзандини рус мактабига беряпти. Билмадим, бутун дунёда шунақами, ё фақат биздами – русча ўқиган аксар болаларнинг фақат таълими эмас, тарбияси ҳам ўрисча бўлаётир: ўзини доим “прав” деб билади, ота-онага тик гапиради, “қолоқ фикрламаслиги”дан фахрланади, руҳан собиқ оғалар тарафида. Миллатига бегона “узбек”...

 

Мен бунақа ўзбеклардан бирон бир гениал одам чиққанини кўрмадим. Улар Бешинчи Карл айтган икки ё учта одамга айланиб ҳам қолмайди, балки бошқа халққа қўшилади-кетади. Ўзбек тилини сал-пал тушунгани билан, бир умр русча ўйлаб, шуни таржима қилиб гапириб, қийналиб яшайди. Бундай нонни тескари тишлайдиганлар, булбул очиб чиқарган какку боласидек, бошқа юртларга кетади-боради. Ота-она энди уни қайта ўзбек қилиб тарбиялашга ожиз. Баъзи “илғор фикрли”лари эса боласининг бунақа эканига хурсанд ҳам.

 

Бошқа миллат вакилига айланган одам дин-имонини “янгилаб”, муртадга айланиши ҳам ҳеч гап эмас. Болаларни “сеҳрли диёр”ларга юбориб, ўзи ҳам кетиш илинжида “яшил патта”га кўз тикканлар шуни ҳам бўйинга олиб иш кўриши зарур. Мен уларнинг невара-чеваралари ўзбек бўлиб, мусулмон бўлиб қоладими-йўқми, шуни айтяпман.

 

Тўғри, рус мактабида ўқиган бўлса-да, ўзбекчилик муҳитидан айрилмаган, кўнгил кўзи очиқ одамлар ҳам йўқ эмас, лекин бу бўлак оқловга камлик қилади.

 

Ўттиз беш йил муқаддам биз эркин давлатмиз, озод халқмиз, деб эълон қилдик. Аммо эрк бир кунда эришиладиган мақом эмас экан. То ҳануз мустақиллашяпмиз. Тил соҳасида қачон мутлақ эркка эришишимизни айтайми? Биз рус тилини ҳам инглиз, олмон ё араб лисони каби чет тили деб қабул қилган кун! Яъни бола мактабда ё рус тилини, ё француз, инглиз, олмон... тилларидан бирини ўргансин. Бир мактабда рус тили, яна бирида инглиз, наригисида француз ё араб тили хорижий тил сифатида. Ана шунда бола рус ё инглиз, араб ё фаранг тилида қойиллатиб сўзлайдиган бўлади.

Инглизчани билмайдиган инглиз олими, япон тилидан бехабар япон сиёсатчиси, гуржи тилини тарк этган гуржи қассоби бўлиши мумкин эмас.

 

Биз гоҳо ўзбек тилини ҳанузгача ўрганмаган ўзга миллат вакилларини ёзғирамиз. Аммо... ўзбекча ёзиш уёқда турсин, ҳатто сўзлаша олмайдиган ўзбек шифокорлари, ўзбек инженерлари, ўзбек дипломатлари бор-ку! Ана ўшалар бўлиши керак эмасми нафрат нишони? Ва бугун улар бир ҳовучгина эмас-да!

Улуғ доҳийлар ўз курашида халқ оммасига таянади, уларга бу йўлда ўн минглаб, юз минглаб зиёлилар кўмакка келади. Уларнинг бари она тилининг фидойиси, халқдан айрилмай, халқ билан бирга бўлади. Бироқ ажабки, ҳозирги кўп ўзбек зиёлилари болаларини эл-юртга бегона қилиб тарбиялаётир, фарзандини бошқа тилдаги мактабга қўядиганлар – аксари “миллатнинг гули” аталмиш ойдинлар!

 

Яқинда бир дўстимиз жўрасининг дарвозасини тақиллатиб борган экан, бир ўспирин (ўша кишининг невараси) эшик очиб “Вам кого?” деб сўрабди...

Ўзбек давлатининг пойдеворида ўзбек тили туради. Шу тил бор – Ўзбекистон
бор. Бироқ бугун кўплар, болам чет тилини ўрганиб олса, нони бутун бўлади, деган
гапни эътиқод даражасига кўтарган. Аммо бу қорин бандаларининг гапи. Чингиз Айтматовнинг Собитжон отли мангқурти учун бу ҳаётда икки идеал бор – юмшоқ стулда ўтириш ва оғизга ёғлироқ таом тушиб туриши, бошқа ҳаммаси қуруқ гап. Она тили, ўз миллати йўқ...

 

Уларга боқиб, унсиз ҳайқираман: ўзбек боласи аввало она тилини билсин! Ўзбек тилида сўзлашсин! Дунёни ўзбекона идрок қилсин!..

 

Ватанпарварлик ва Дидерих Ҳёслинг

 

Етмиш-саксон, ҳатто юз йилча аввал советлардан қочиб хорижга кетган жабрдийда ватандошларимиз бор. Америка, Германия, Туркия, Сауд Арабистони ва бошқа ўлкаларда истиқомат қилишади. Улар ҳақида эшитсак, мижжасида ёш билан яшаётган, дилини юрт соғинчи ўртаётган кишилар кўз олдимизга келади, қани энди иложи бўлса, ўз ватанида яшасалар, ватангадолик эмас, ватандорлик насиб этса, дея тилак билдирамиз. Кимдир Ўзбекистонга келиб, қайтар чоғи икки ҳовуч тупроқни табаррук дея олиб кетганини эшитсак, ўпкамиз тўлади.

 

Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарида хориждаги ўзбеклар ҳаёти тасвирланган лавҳада бир киши “Отам менга ватан соғинчини мерос қолдирди”, дейди. Ҳа, ватан шундоқ табаррук. Ватансевар одам унда яшаб туриб ҳам юртини соғинади, бадхоҳ кимсалардан қизғанади. Юртнинг хоки – кўзга тўтиё. Қирғиз адиби Султон Раевнинг “Тупроқ” ҳикоясида Японияда узоқ яшаган Мурод онаси вафот этганини эшитиб, унинг қабри узра сочиб қўйиш ниятида ўзи севган Фудзияма бағридан бир сиқим тупроқ олиб, авайлабгина қоғоз халтага солиб, аэропортга келади. Бироқ уни чегарадан ўтказмайдилар: “Япон тупроғи – муқаддас бойлигимиз, унинг бир чимдимини ҳам четга чиқармаймиз...”

 

Биз ватанпарвар кўринмоқни қойиллатамиз. Кўп анжуманларда бир гуруҳ йигит байроқ силкишга масъул бўлади; она юрт ҳақида қўшиқ айтилса, каттаю кичик ўрнидан туриб, пастда имлаб турган “режиссёр” йўриғида рақсга тушади. Шиорларни ёшлар ёд билади, жўровоз бўлиб айтади...

 

Ватан чексиз ардоққа лойиқ. Кимки ватансевар эмас экан, шоир Муҳаммад Юсуф айтганидай, унга одамнинг раҳми келади. Буни иккинчи тезис деб билайлик.

Бунга нисбатан қандайдир эътироз – антитезис бўлиши мумкинми?

 

Худойи таоло бизга истиқлол неъматини берди. Хом сут эмган бандамиз-да, ана энди олисдаги ўзбеклар қайтиб келади, дилларида тошиб турган меҳр билан Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшади, деб ўйладик. Чунки юрагида ватани бор одам уни ташлаб кета олмайди, илло уларнинг боболари шунга мажбур бўлган.

 

Аммо... йиллар ўтди. Мен хориждаги бирон ўзбек ота-бобосининг киндик қони тўкилган тупроққа кўчиб келганини эшитмадим. Улардаги юрт соғинчи – гўзал эртак, хулё бўлиб туюла бошлади. Узоқда туриб, ҳавойи бўса юборгандек. Рост, Афғонистондан, яна бошқа жойлардан келиб, “иш очган” ўзбек тадбиркорлар бўлди, бироқ ташрифлари омонат экан, фойда кўриш қийинлашса, “Ўз уйим – ўлан тўшагим” дегандек, қайтақолишади.

 

Улар-ку, бунча замон ўтиб бегоналашиб қолгандир десак, мустақилликнинг илк йилларида ҳар неки топганимизни аямай, билимдон, уқувли ёшларимизни бир дунё эзгу тилаклар билан “Умид” жамғармаси орқали Ғарбнинг илғор давлатларига юбордик. Ўқисин, юрт корига ярасин, деб ният қилдик. Бир гуруҳи ўқиб битирди, Ўзбекистонга қайтиб келди, бироқ айримлари ўша юртларда қолиб кетди. Балки муносиб иш ёки тузукроқ маош топиб берилмай қолган ҳоллар ҳам бўлгандир. Аммо... улар эндигина оёққа туриб келаётган Ватаннинг кунига ярамадилар-ку!

 

Биз қандай ватанпарвармиз?

 

Ё ватанпарварлик деганлари қўшиқ қилиб айтиладиган чиройли сўзлар, кўтаринки бир пафос-у, моддий манфаат ўртага тушганда бир четга суриб қўйиладиган туйғуми?

 

Илгари “озод совет юртим” деб мадҳ этиларди, аммо истиқлол туфайли алоҳида мамлакат бўлганимиздан сўнг Ватан мадҳи мустақилликни тараннум

этиш билан қўшилиб кетди. Шу ватанпарварлик деб билинади.

 

Ҳеч бир мамлакат бўлиниб-парчаланишни истамайди. Чунки унда шу давлатнинг ўзи йўққа чиқади. Ёшлар онгига ватаннинг ҳар бир қарич ери муқаддас, деган ғоя чуқур сингдирилади; уни қўриқлаш учун, керак бўлса, жон бериш кераклиги уқтирилади. Бироқ маълумки, асалнинг ҳам ози ширин. Ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, ҳатто эзгулик каби фазилатлар ҳам меъёрида бўлса яхши. Ҳаддан зиёд яхши кўриш илоҳийлаштиришга олиб келади. Содиқфуқарочилик – сохта ватанпарварлик ана шундан келиб чиқади.

 

Олмон ёзувчиси Ҳайнрих Маннинг “Содиқфуқаро” романида Дидерих Ҳёслинг деган образ бор. У Германияни севишини ҳаммага эълон қилиб юради. Бу олчоқ нуқул миллатнинг бирлиги ва жипслигини, армиянинг қудратли бўлишини тарғиб этади, аммо ўзи ҳарбий хизматдан қочади. “Ватанпарвар”лиги патологик даражага етиб бориб, пировардида фашистга айланади. “Содиқфуқаро” романи фашизм қандай келиб чиққанини кўрсатиш учун ёзилган. Биз мана шунақа кўпик ватанпарварлардан эҳтиёт бўлишимиз, хўжакўрсин юртсеварликка рағбат бермаслигимиз керак.

 

Истиқлол мадҳи – бош мавзу. Маданият, адабиёт, санъат, сиёсат, тарих фани
олдига ватанни улуғлаш, ёшлар онгига ватанпарварликни сингдириш бош вазифа қилиб қўйилган.
“Ватан, Вата-а-а-н!” деган қўшиқлар садоси ҳамма ёқни тутиб кетди. Буям кам экан, “Ватан туйғуси” деган дарслик ёзиб, туйғуни... ўқув предмети (фан) даражасига кўтардик.

 

Ота-онасини севадиган одам буни уларнинг юзига айтмайди, бир домла тарғиб қилганидек, қўлини ўпиб меҳр изҳор қилмайди. Бунақада “иззат-ҳурмат” хўжакўрсинга бўлиб қолади. Чунки асл севги дил тўрида туради, тилга чиққани заҳот унга залаҳат етади.

 

Ватанни севиш ҳам байроқ қилиб кўтарилмайди, ҳарёққа силкиб, намойиш қилинмайди.

Сергей Есениннинг “Анна Снегина” достонида Лабутя деган бир “ботир” бор. Доим ўзининг қаҳрамонликларидан лоф уриб юради. Аммо қишлоққа ёв ҳужум қилиб, қирғин-тўполон бўлганда эса... сомон ғарамига яшириниб жон

сақлайди...

 

Айтинг-айтинг, болаларимиз сохта ватанпарвар бўлиб ўсмасин!

 

Буни диний томондан ҳам асослаш учун баъзилар Пайғамбаримиз Муҳаммад
(с.а.в.) “Ватанни севмоқ – имондандир”,
деган деб уқтиради. Бу нақл ҳозир машҳур ҳадис мақомида. Аслида, у бирон саҳиҳ тўпламда йўқ. Унда нега бунча оммалаштирилди? Бояги чучмал ниятга хизмат қилгани учунми?..

 

Қарангки, мустақилликдан ортиқ даражада фахрланиш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш одамларни оммага айлантираркан, мақтаб-мақтаб туриб ҳаққингизни юлиб кетсалар ҳам мағрур ва масрур тураверар экансиз, алданаётганингизни билиб туриб ҳам, тан олгингиз келмас экан. Гоҳида эса ватанпарварлик туйғусини кучайтириш кимларнингдир фойдасига, кимларнингдир эса зиёнига хизмат қилар экан.

 

Ўттиз йилдан ошди – Марказий Осиё давлатлари ўзини дунёнинг энг қадимги маданий маскани, ўз титул элини дунёда дастлаб пайдо бўлган (олий нав!) халқ қилиб кўрсатишга, шуни исботлашга ружу қўйди. “Миллий улуғлик”ни рўёбга чиқариш учун аксар ҳолларда қўшни эл-халқларнинг тарихини бузиб кўрсатиш, ўша халқдан чиққан таниқли одамлар – буюк олимлар, амир-умароларни ўзиники қилиб талқин этиш авж олди. Гўё қадимийлик, ўтмишда барча улуғ сиймолар шу ҳудуддан чиққани юксак шараф келтирадигандек. Агар бу даъво асосли бўлса, юнонлар энг мукаррам халқ саналиши керак эмасми, ахир, маданиятнинг, илм-фан, санъатнинг булоғи ўша ерда-ку? Лекин бугун олам эли юнонларнинг эмас, иши юришган япон ва корейсларнинг тилини ўрганиб ётибди. “Кўҳна халқ тили” бўлгани боис эмас, иқтисодий қудратли бўлгани учун. Демак, ўтмишни васф этиб, ўзини овутиб, гердайиб юрадиган замонлар ўтиб кетибди.

 

Аслида, ҳеч бир “қадимий” халқ Одам ота замонида тўралган эмас, “янги” бирон-бир эл ҳам кейинроқ яралмаган. Ниҳояти, бирон даврда бир эл бошқасига қўшилган, номи янгиланган ва ҳоказо. Башариятнинг миллион йиллик тарихи олдида эса бу фарқни... йўқ деса бўлади.

 

Мактаблар фойесида ўзбек жадидларининг расми, ишлари баён этилган лавҳалар осилган. Аммо биз уларга кўпинча оғизда эргашяпмиз. Бу йўлдаги биринчи қадам – улуғлик васвасасидан воз кечиш, ўзимизни ўзимиз мақташга барҳам бериш бўлади. Жадид оталаримиз, биз беқиёсмиз, боболаримиз буюк бўлган, деб кўкракка урмаган, балки аксинча, дунёнинг илғор халқларидан ортда қолиб кетяпмиз, уйғонайлик, деб ташвиш чеккан.

 

Яқинда “Фейсбук”да қайсиям бир хонанда Эйфель минораси тагига бориб “Лазги” айтаётганини кўрдим. Ашула жўшқин, чўгирма кийган бир йигит ва тиллақош таққан бир қиз рақсни қийиб ижро этишяпти. Аммо биров қараётгани йўқ, ҳамма ўз иши билан бепарво ўтиб кетяпти. Ачинарли,
одамнинг орини келтирадиган манзара. Булар Парижга ўзи бормагандир, сафар учун бирор бир маданият муассасаси ақча ажратиб, йўлланма
бергандир?

Шу ишлар... керакми? Улар кимга, нима наф беради?

 

Бунинг тагида “Ўзбекистонни дунёга танитамиз!” деган ғалати бир шиор ётади. Ёдингизда бўлса, чорак аср аввал шу ғоя кун тартибига қўйилган эди. Танилишнинг йўли кўп. Биз энг осон йўлни тутдик: “Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт ва санъат каби дунёга машҳур қилолмайди”, дедик.

 

Хўш, тез танилишга қандай эҳтиёж бор? Дарров таниб олсалар, нима мўъжиза юз беради? Кейинроқ эътироф этилиш жуда ёмонми? Масалан, Ямайка деган митти орол-давлат бор, Наманган вилоятича келади. Билганим – Усейн Болт деган чопағон фуқароси бор, югуриш бўйича жаҳон рекордчиси. Юртини дунёга танитган. Аммо... шу билан Ямайканинг ўқи ўздими ё рақиблари тўздими?!

Кенг маънода, спорт ва санъат – одамларни муаммолардан чалғитиш, алаҳситиш воситаси. Уларда эришилган ютуқлар рейтинг кўрсаткичларини вақтинча кўтаради, аммо тунда отилган мушак каби бир чақнаб, тез сўнади.

 

Ватан – ҳаммага азиз, ҳаммага табаррук. Ватанини севмаган киши унга бегона, еттиётдан баттар. Аммо онасини севишини дабдаба билан эълон қилган киши – мунофиқ бўлганидек, она юртга муҳаббатни кўзкўз этмоқ ҳам нораво.

 

Таълим ва тарбия – қондош, эгизак

 

Ижтимоий тармоқда Олий Мажлиснинг қайси бир фракцияси аъзолари бўлган депутатлар ўзаро “дебат” қилаётганини кўриб қолдим.

 

Ёш депутат йигит минбардаги аёлга “Сиз мактаб муаллими фақат таълим берсин, тарбияга аралашмасин, деяпсизми, агар шундай бўлса, мен бунга розиман, чунки ўқитувчининг вазифаси таълим бериш, тарбия эса мактаб иши эмас”, деди. Чамаси, йиғилишда шу фикр “ўтиши” керак эканми, бунга эътироз қиладиган киши топилмади.

 

Сел ёпирилиб, ҳаммаёқни вайрон қилса, унга қарши биров белкурак олиб чиқиб, биров бульдозер миниб дегандай, ҳамма курашиши керак. Мироб-ирригаторларнинг ўзи даф қилсин, деб ўлтира бериш ҳамиятли одамларга ярашмайди. Акс ҳолда, кеч бўлади. Қолаверса, иморат қурилишида юз бераётган қинғайиш унинг ичида ишлаётган кишиларнинг ўзига эмас, четдаги одамга яхшироқ кўриниши ҳам бор гап. Шунинг учун гарчи бу соҳадан узоқроқ бир одам бўлсам-да, ўзбек маорифининг ҳозирги ҳолини кўриб, қани, қаёққача борар экан, деб кузатиб жим ўлтиришга сабрим чидамай, баъзи муаммоларни айтгим келди. Бунинг нонини еяётган биродарларимиз четдаги, қандайдир илинжи ёки даъвоси йўқ кишиларнинг мулоҳазаларини ҳам эшитиб кўрсалар, зиён қилмас.

 

Гап айланиб яна ўша мавзуга қайтдик. Тил масаласида ўзига хос паритетларга амал қилиш лозим. Яъни қўшни мамлакатлардаги ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиёти учун ажратилган дарс соати биздаги қозоқ, тожик ё қирғиз мактабларида она тили ва миллий адабиёт учун ажратилган миқдордан кам бўлмасин. Ҳозир эса тафовут жуда катта. Айрим қўшниларимизда ҳатто ўзбек мактаб ўқувчисининг дафтари устидаги ёзувлар ҳам ўша мамлакатнинг расмий тилида тўлдирилиши шарт қилиб қўйиляпти. Ҳолбуки, уларнинг конституцияларида ҳам, тил қонунларида ҳам шу давлатда яшовчи бошқа миллату элатларнинг тилини, маданиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун шароит яратиш кафолатланган.

 

Ўз элидан, она тилидан воз кечган одамни Чингиз Айтматов мангқурт деб атаган. Ажаб, ҳеч ким ўз ихтиёри билан шўрпешона мангқурт бўлишни истамайди. Уни шу кўйга соладилар. Одам боласини мангқурт қиладиган палид элни улуғ ёзувчи жуанжуанлар деб номлайди.

 

Замонавий жуанжуанлар ўзи тарбия бераётган болаларнинг бошига тери қоплаб ўтирмайди. Унинг ўрнига, дунёда барча ихтиро ва илмий кашфиётлар бизга тегишли, биз энг мард ва олийжаноб элмиз, аждодларимиз ҳеч қачон ҳеч кимдан енгилмаган, энг бой ва ифодали тил ҳам – бизнинг тил, сенинг халқинг эса ХИХ аср ўрталаригача, сизларни маданиятли қилиш учун бостириб келгунимизга қадар саводсиз, жоҳил эди, деб уқтиради-қўяди. Ўз онасига камон тортиб ўқ узадиган жўломонларни етиштиради.

 

Замонавий жуанжуанлар ота-боболари юртида яшаётган болалар билим олаётган мактабларни ёпиб, унгача эса ўша тилдаги дарс соатларини ҳеч аямай қисқартириб, болаларнинг миллий ўзига хослигини йўққа чиқариб, янги-янги мангқуртларни тарбиялашга уринаётир...

 

Назаримда, бугунги ўзбек педагогикаси ўзининг асосий, магистрал йўлини
белгилаб ололмаяпти. Шу сабабли, ўтган
ўттиз-қирқ йил ичида мактаб ўқувчилари (муаллимлар ҳам!) турли методлар синови учун “тажриба қуёни” бўлишди. Ҳеч ким, ҳой, нима қиляпсизлар, демади. “Тест тизими” дейсизми, “рейтинг” дейсизми, “янгича педагогик технология” дейсизми, ҳаммасини кўрдик. Ўрта мактаб ҳали ўн йиллик таълимга ўтади, ҳали ўн бир йилликка. Тўлиқсиз ўрта мактаб ҳам шунга қараб, гоҳ саккиз йиллик қилиб белгиланади, гоҳ тўққиз йиллик. Мактаб – чала билим беради деб топилиб, гимназия, коллежлар бодраб кетди. Водариғ, ўн-ўн беш йил ўтмай, улар ҳам барҳам топди.

 

Бироқ “аввалги ҳолатга қайтиш”нинг инерция кучи шу ерга келганда соб бўлди – ҳануз олий таълим соҳасида бояги тажриба амалда: уни бакалавриат, магистатура деб атайдилар. Гўё бакалавриат – тўлиқсиз мактаб, магистратура – 11-синф каби бўлиб қолди.

 

Бу ва биз бирма-бир санай олмаган яна бир талай ишкаллик-муаммолар аслида нимадан келиб чиқяпти? Менимча, тақлиддан. Биз ҳозир ким нимани чет элники деса, кўзимизга эталон бўлиб кўринадиган ҳолга тушдик.

 

Чет элдагиларни-ку алдай олмаймиз, шундай экан, демак, ўзимизни ўзимиз алдашга уринар эканмиз-да, деган бадбин хаёлга берилади киши. Талай йиллар аввал “Тараққиётнинг ўзбек модели” деб оламга жар солдик. Ҳадемай илғор бир давлатга айланиб кетамиз, ҳамма биздан ўрганади, ҳозир ҳам олам бизга маҳлиё, деб чирандик. Қани ўша “тараққиёт локомотиви”? Бу “модель” ҳақида китоблар битган алломалар, қанисиз?! Ахир, бу модель... йўқ нарса экан-ку!

 

Ўзбек мактабининг, ўзбек педагогикасининг бугунги аҳволини кўрсатадиган яна бир ойна – кўплар боласини русча мактабга бераётгани. Кўп тилли мактабларнинг ўзбек синфларида ўттиз-ўттиз беш бола ўқиса, рус тилли синфларда ўқувчи сони қирқдан ошади. Аксар ота-оналар “йўлини қилиб” бўлса ҳам фарзандини русча ўқитиш пайида. Негаки, ўзбек мактаблари замондан ортда қолди. Бунга эса, менимча, ўзбек мактабларида илгари синалган маъқул тартиботлардан воз кечилиб, турли мавҳум экспериментлар ўтказилаётгани сабаб бўляпти. Айримларини санаб кўрсатай:

 

1. 1993 йилда лотин ёзувига ўтишга доир қонун чиқди. Деярли тайёргарликсиз, 1995 йилдан мактаблар лотин ёзувида ўқита бошлади. Болаларга лотин ёзувли дарсликдан бошқа ҳеч нима йўқ эди ва бу “китобсизлик” ўттиз йилча чўзилди. Оқибат, болаларнинг савияси, савиясигина эмас, ҳатто саводи ҳам пастлаб кетди.

 

2. Буям кам кўринди шекилли, айнан ўша йиллар “балл системаси” деган янгилик жорий этилди. У билим беришнинг янги усули эмас, баҳо қўйишнинг мураккаб тури экан. Муаллим синфга калькулятор кўтариб кирар, болалар қанча балл тўплаганини ҳисоб-китоб қилиб бўлгунича дарс ҳам тугар эди. Вақт билим беришга эмас, балл ҳисоблашга кетарди. Кўп тажрибали муаллимлар ишидан қўл ювиб, қўлтиғига артганини эшитганмиз.

 

3. Болага қўйилган баҳо ўқитувчининг савиясини белгилаш, маошини тайинлашга мезон қилиб олинган. Ўқитувчи “икки” ё “уч” қўйса, яхши сабоқ бермаган, деб ойлик устамалардан маҳрум бўлади. Маоши камайиб кетмаслиги учун муаллим бечора “уч”га лойиқ ўқувчига “беш”, “икки”чи болага “тўрт” баҳо қўйишга мажбур. Ота-оналар эса, болам зўр ўқияпти деб хурсанд. Бунинг касрига билимдон болаларнинг иштиёқи ҳам сўнади. Бирон қолоқ ўқувчи кейинги йилга қолмайди. Бутун синф “аълочи”лардан иборат!

4. Мактабнинг билим бериш даражаси шу йил уни битирган нечта ўқувчи олий ўқув юртига кирганига қараб аниқланади. Бир қараганда, тўғридек. Аммо... абитуриент худди шу мактабда ўқигани учун эмас, репетиторга қатнагани боис талаба бўлаётгани маълум-ку!

 

Энг чатоғи, кўплар мактабни олий ўқув юртига кириш йўлида бир пиллапоя, оралиқ босқич деб биладиган бўлиб қолди. Мактаблар ҳам шу нуқтаи назарга мослашди. Ҳолбуки, ўрта мактаб – ҳар қандай юксак илм-билимнинг пойдевори, устуни. Қолаверса, 70-80 фоиз бола институтга кирмайди, мактабда олган билими билан яшаб ўтади. Шундай экан, энг юксак талаб аввало ўрта мактаб олдига қўйилиши керак.

 

5. Олий ўқув юртига уч-тўртта фандан тест топшириб кирилгани боис, ўқувчи юқори синфларда “керакли” фанлардан бошқасини писанд қилмай, бирёқлама, чала билим олишга ўтяпти. Мактабга бориб, дарсга қатнаш ўрнига репетиторнинг уйида бўлади. Репетитор ҳам фақат ўз фанидан сабоқ беради, албатта. Демак, ҳозирги мактаб битирувчиларининг аксарини ўрта маълумотли деб бўлмайди. Ҳатто ўзи танлаган олий ўқув юртига кириб, уни битирганларнинг билимида ҳам бирёқламалик барибир сезилади.

 

6. Сир эмас – мактабларимизда одобсизлик, бадқилиқлик авжида. Ўқитувчилар бундан безиллаб туради. Ахлоқсиз болага тарсаки тортиш у ёқда турсин, ҳатто қаттиқроқ койиган муаллим ҳам жазоланадиган бўлиб қолди. Матбуот, ижтимоий тармоқлар эса болага танбеҳ берган, тоқат қилиб бўлмаган ҳолда гоҳо унга бир шапалоқ туширган муаллим бечора кейин “қанақа жазолангани”ни ҳаммага эълон қилиб, уни обрўсизлантиришдан чарчамайди. Чунки ўз анъаналаримизни тарк этиб, таълим-тарбияда американизмни байроқ қилиб кўтардик; уларда эса болага, сен нотўғри айтяпсан, дейишдан аввал кечирим сўраш лозим...

 

Шарқ ва Ғарб тарбия усули тўқнашган жойда устунлик иккинчисига берилгани боис ўзбек мактабларида бу соҳада бошбошдоқлик авжига чиқди. Чунки Ғарб оламида ўқитувчи – бор-йўғи бир хизмат бажарувчи, Шарқда эса отадан улуғ, табаррук бир зот... Шунинг касрига мактабнинг, ўқитувчининг мавқеи тушиб кетди. Бир қисм ота-оналар, ҳатто ўқувчилар ҳам, муаллимни менсимайди.

7. Маориф, таълим консерватив соҳа бўлиши лозим. Ажабки, бизда консерватизм қолоқлик деб ўқитилади. Консерватизм, яъни муҳофазакорлик – энг яхши анъаналарни йўқотмай, авлодларга етказишдир. Маориф соҳаси эса ҳар йили ё ҳар беш йилликда янгиланавермай, барқарорлигини сақлаб қолиши шарт. Пайдарпай “янгилик” киритила берса, таълимда узилиш юз беради. Биздагилар эса йил оша қандайдир “эксперимент” ўтказмаса, зерикиб қоладигандек.

Тўғри, янги ғояларсиз ижтимоий ҳаёт тўхтаб қолади. Аммо ҳали синаб кўрилмаган, натижаси номаълум ҳар қандай янгиликни бутун мамлакат бўйлаб эмас, икки-уч мактабда, боринг ана, бир туманда синаб кўриб, зўр натижа берсагина оммалаштирган маъқул. Йўқса, бу ташаббуслар худди рейтинг тизимига ўхшаб, ўнғарилмас зиён келтириши турган гап.

 

Эҳтимол, бу соҳадаги иллатларнинг барчасини санаб кўрсата олмагандирман.
Эҳтимол, бугунги таълимнинг ютуқли томонларига эътибор
қилмагандирман. Омади гап шуки, ҳар бир ота-она фарзандим яхши ўқиб билим олсин дейди, шу сабаб боласини таълим сифати дурустроқ, “эксперимент”лари камроқ бўлган рус мактабларга топширяпти.

 

Энг алам қиладиган жойи – ҳали япон, ҳали корейс, ҳали фин таълим тизимларига хос усулларни қўллаб кўряпмиз, ҳатто бир бола мактабни битиргунича унинг бошида синаб ҳам кўряпмиз. Баайни, киши танасида бир хил эмас, турли гуруҳга мансуб қонни “омухта” қилиш беморни ҳалокатга элтгани каби, бунақа “тажриба”лар билим оширишга кўмаклашмайди, балки бор билимни ҳам пароканда қилиб юборади. Нима, ўзбек таълим тизими йўқми, неча ўнлаб Ўзбекистон халқ ўқитувчилари, пойтахт ва вилоятлардаги педагогика институтлари, қолаверса, бутун бошли вазирлик қарийб юз йилдан бери ўзбек педагогикасининг миллий тизимини ишлаб чиқмаганмикан? Ўтган аср бошида Ҳамза ва Беҳбудий, Авлоний ва Қориниёзийлар тамал тошини қўйган ўзбек педагогикаси бугун эскирди, деб капитуляцияга имзо чекиб ўзга, менталитети, ахлоқи ва тарбияси бутунлай бошқача бўлган миллатларнинг таълим усуларини татбиқ этишдан мурод нима? Ўзбек боласи мактабда ўқиб билим олиши учун таълим услуби ўзбек руҳига мос ва мувофиқ бўлиши керак эмасми? Ҳар хил мамлакатларнинг турфа ўқитиш усулларини нега ҳеч ётсирамай, сира ҳам иккиланмай қабул қилаверамиз? Таълим миллий асосга қўйилмагунича миллат маърифати ўсмайди-ку!

 

***
Бу эътирозлар нигилизмга берилишдан – қоралашу қарши фикр айтиш истагидан эмас, келажагимиз борасидаги хавотирдан пайдо бўлган. Эҳтимол, мулоҳазалар бўрттириброқ айтилгандир, балки мақбул ечим шу икки ҳолатнинг ўртароқ бир еридадир.

 

Мақола дебочасида “бу уч муносабат муайян бир муаммо теварагида бўлмай,
бир-биридан озми-кўп олисроқ соҳаларга оид”, деб айтган эдик. Аммо,
эътибор қилгандирсиз: кенг маънода олсак, учала антитезис ҳам ёшларга билим беришга, тарбиялашга оид бўлиб чиқди, яъни мамлакатимизнинг келажагига бевосита дахлдор. Бу борада дилимиздагини очиқ айтмасак, яхши кўринишга уриниб, “маъқулмўмин одам” деган имижни шакллантириш ғамини еяверсак, ўзимизга ҳам, халқимизу Ватанимизга ҳам хиёнат қилган бўламиз.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

 

“Туфаккур” журнали, 2026 йил 2-сон.

“Булбул очган какку боласи” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 37617
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//