Вақтни забт этиб бўлмайди. Уни қандай бошқариш мумкин?


Сақлаш
16:28 / 15.07.2026 86 0

Замонавий дунёда вақтни бошқариш деярли муваффақиятнинг асосий шарти сифатида кўрсатилади. Тайм-менежмент ҳақидаги китоблар, мотивацион тренер ва бизнес-мураббийлар эса бир овоздан кунни пухта режалаштириш, ҳар бир дақиқани ҳисобга олиш ва вақтни назорат қилиш кераклигини уқтириб, шунда ҳамма ишларга улгуриш мумкинлигини айтади.

 

Савол туғилади: вақтни ҳақиқатан ҳам назорат қилиш мумкинми? Ёки бу замонавий ҳаёт инсонни тинмай “югуришга” мажбур қиладими? Фалсафа тадқиқотчиси Максимилиан Неаполитанский айнан шу саволга жавоб излайди.

 

Самарадорлик маданияти ортидаги босим

 

«Вақтни бошқаришнинг 15 сири: муваффақиятли одамлар қандай қилиб ҳаммасига улгуради?», «Тонг мўъжизаси. Қандай қилиб куннинг илк биринчи соати сизнинг муваффақиятингизни белгилайди?», «Атом одатлар» каби машҳур китобларнинг деярли барчаси бир ғояга таянади: муваффақиятли инсон ҳар бир ишини олдиндан режалаштиради, ҳатто кун тартибини ўн беш дақиқалик бўлакларгача тақсимлайди. Бу қараш асосида эса битта ишонч ётади: инсон ўз вақтига ҳам, ўз ҳаётига ҳам тўлиқ эгалик қила олади.

 

Позитив психология асосчиларидан бири Мартин Селигман эса инсон ўзини бошқариш қобилияти орқали бахтли ва самарали ҳаёт қуриши мумкин, деб ҳисоблайди.

 

Вақт ҳақидаги тасаввур доимо бир хил бўлмаган

 

Одамлар вақтга муносабати бизнинг бугунги қарашимиз билан бир хил бўлмаган.

 

Масалан, қадимги юнонлар вақтни айланма ҳаракат сифатида қабул қилган. Фасллар такрорланади, табиат қайта тирилади, ҳаёт яна бошланади. Шунинг учун вақтнинг мутлақ бошланиши ёки якуни йўқ деб ҳисоблашган.

 

Ўрта асрларда эса Ислом бу тасаввурни ўзгартирди. Энди вақтнинг бошланиши ҳам, охири ҳам бор эди. Унга кўра, олам яратилган ва бир кун келиб Қиёмат билан барчаси якунланади.

 

Модерн даврига келиб, инсон диққатини охиратдан келажакка бурди. Тараққиёт, режалаштириш, шахсий ўсиш ва мақсад сари интилиш ҳаётнинг асосий мазмунига айланди. Шундан буён инсон доимо бир кун келиб барча ишларини тугатишига, ҳаёти изига тушишига ёки бахтга эришишига ишониб яшайди.

 

Аммо ўша машҳур «бир кун» негадир ҳеч қачон келмайди.

 

«Қочқоқ вақт»

 

Кореялик файласуф Хан Бён Чхоль бу ҳолатни «темпорал инқироз» деб атайди. Унинг фикрича, муаммо вақт тезлашганида эмас, балки табиий ритмини йўқотганида. Файласуф бу ҳолатни «дисхрония» тушунчаси билан изоҳлайди. Бугун инсон ҳаёти яхлит ҳикоя эмас, балки бир-бирига боғланмаган майда лаҳзалар йиғиндисига айланиб қолган.

Бир пост, бир хабар, бир видео, яна бир лайк... Кунлар шу тарзда ўтмоқда. Ҳар бир воқеа алоҳида муҳимдек кўринади-ю, барчаси бирлашиб ҳаёт ҳақида яхлит хотира ёки мазмун яратмайди.

 

Биз бугун вақт эмас, “ахборот ичида” яшаяпмиз

 

Авваллари инсонлар вақт оқимида яшаган бўлса, бугун ахборот оқимида яшаяпти. Бу оқимнинг маркази ҳам, манзили ҳам, охири ҳам йўқ. Унинг ягона қоидаси битта: “янада тезлашиш”. Шу сабабли биз вақтни эмас, кейинги хабарни, кейинги билдиришномани ёки кейинги видеони кутишга ўрганиб қолдик. Лаҳзалар эса бир-бири билан боғланмай, шунчаки алмашиб бораверади.

 

Хан Бён Чхоль яна бир қизиқ фикрни илгари суради: Ўрта асрларда тақвим оддий сана ҳисоблагич эмасди. Байрам ва диний маросимлар инсон ҳаётига ички ритм бағишлар, вақтига маъно киритарди.

 

Замонавий тақвимларда эса йиғилишлар, дедлайнлар, вазифалар ва яна навбатдаги режалар жамланган. Шу билан кун, ой ёки йил тугайди. Аммо кўпчилик ортига қараркан: «Бу йил нималарга эришдиму, нималар армон бўлди?», деган саволга жавоб топишда қийналади.

 

“Вақтнинг ифорини” қайтариш мумкинми?

 

Файласуф бу саволга жавоб изларкан, француз ёзувчиси Марсель Пруст ижодига мурожаат қилади. Асарда қаҳрамон мадлен печеньесининг ҳидини ҳис қилиши билан унинг бутун ўтмиши бир зумда кўз олдида жонланади. Оддий бир ҳид вақтни секинлаштиради. Парчаланган хотиралар бирлашади. Ҳаёт яна яхлит ҳикояга айланади.

 

Хан Бён Чхоль фикрича, ҳид инсон хотирасининг энг кучли эшикларидан биридир. Ҳар ким буни камида бир марта бошидан кечирган. Эски китобнинг ҳиди, болаликда кийилган кийимнинг иси ёки ота уйининг таниш ифори... Бундай вақт ифорлари инсонни бир лаҳзада йиллар ортига қайтариши мумкин. Ана шу онларда вақт гўё секинлашгандай бўлади.

 

Баъзан зерикиш ҳам фойдали

 

Хан Бён Чхоль ва немис файласуфи Мартин Ҳайдеггер кутилмаган бир таклифни илгари суради. Инсон вақтни қайта ҳис қилиш учун баъзан ҳеч нарса қилмаслиги керак. Яъни, шунчаки ўтириб, деразадан ташқарига қараш, осмонни кузатиш, ўз фикрлари билан ёлғиз қолиши мумкин.

 

Қизиғи, бу ғоя бугун ижтимоий тармоқларда ҳам оммалашмоқда. TikTok фойдаланувчилари маълум вақт давомида ҳеч қандай контент истеъмол қилмасдан, жим ўтиришни raw-dogging деб атай бошлади.

 

Бу бекорчилик эмас, балки инсоннинг ўз миясини узлуксиз ахборот шовқинидан ҳимоя қилишга бўлган уринишидир.

 

Эҳтимол, биз вақт етишмаётгани учун эмас, уни доимий вазифалар рўйхатига айлантириб қўйганимиз учун чарчаб қолаётгандирмиз. Балки ҳақиқий самарадорлик янада тезроқ ҳаракат қилишда эмасдир. У баъзан телефонни четга сура олишда, шамол шовқинини тинглашда, эски китоб ҳидини ҳис қилишда ёки ҳеч қаерга шошилмай дераза ортига узоқ тикилиб ўтиришдадир. Аслида, вақтни назорат қилишдан ҳам муҳимроқ нарса бор – уни ҳис қилиш. Вақтни забт этиб бўлмаса-да уни ҳақиқатан ҳам яшаб ўтиш мумкин.

 

Сарвар РАҲИМИЙ тайёрлади.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 37619
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//