Маънавий мулоқотнинг сўзсиз гувоҳи – Мавлоно шаҳрига саёҳат


Сақлаш
17:14 / 13.07.2026 59 0

“Дунёни кез — Коняни кўр, Коняни кез — дунёни кўр” деган ҳикмат бор. Бу ибора минг йиллик тарихни бағрида асраб келаётган Коня шаҳрининг моҳиятини ифодалайди. Чунки бу шаҳар қадимий меъморий ёдгорликлари билангина эмас, цивилизациялар мулоқоти, илм-фан, маънавият ва маданият уйғунлашган бетакрор макон сифатида ҳам қадрланади.

 

Туркиянинг Марказий Анадолу минтақасида жойлашган Коня асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим маданий ва илмий марказ бўлиб келган. Анадолу Салжуқийлари даврида у давлатнинг сиёсий ва маънавий пойтахтига айланди. Айниқса, XIII асрда шаҳарда илм-фан, адабиёт, тасаввуф ва меъморчилик юксак тараққий этди. Буюк мутафаккир Жалолиддин Румийнинг ҳаёти ва ижоди ҳам айнан Коня билан чамбарчас боғлиқ.

 

Шаҳарнинг қадимий кўчалари, масжид-мадрасалари, мақбаралари ва тарих нафаси уфуриб турган майдонлари гўё ўтмиш билан бугун ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради. Бу шаҳар Мавлоно Румий, Салжуқий уламолари ва машҳур мадрасалари билан танилган маънавият маскани ҳисобланади. Шу боис бу ерда илмга ҳурмат, устозга эҳтиром ва маърифатга интилиш азалий қадрият сифатида сақланиб келмоқда.

 

Шаҳарда таълим олиш эса талабаларга қўшимча имкониятлар тақдим этади. Мавлоно музейи, Алауддин тепалиги, Салжуқийлар даври ёдгорликлари ва қадимий мадрасалар талабалар учун ўзига хос очиқ осмон остидаги дарслик вазифасини ўтайди. Бу муҳит тарих, маданият ва цивилизацияни чуқур англашга хизмат қилади.

 

Шаҳар қадимий қиёфасини эҳтиёткорлик билан асраган ҳолда замонавий тараққиёт йўлидан изчил бораётганини кўриш мумкин. Бу ерда тарихий ёдгорликлар, кенг хиёбонлар, яшил боғлар, янги турар-жой мажмуалари ва замонавий инфратузилма ўзаро уйғунлик касб этган. Коняга илк қадам қўйган киши унинг фақат тарихини эмас, балки маънавий муҳитини ҳам ҳис этади. Бу шаҳар инсонни ўтмиш ҳақида мушоҳада қилишга, цивилизация тараққиёти ва маърифат қадри ҳақида ўйлашга ундайди.

 

Мавлоно шаҳри: Конянинг муқаддас қадамжолари

 

Коня номи тилга олинганда, аввало, буюк мутафаккир, шоир ва тасаввуф оламининг ёрқин намояндаси Жалолиддин Муҳаммад Румий ёдга тушади. Бу шаҳар асрлар давомида унинг номи билан яшаб, унинг маънавий меросини асраб келмоқда. Шу боис Коняга ташриф буюрган ҳар бир инсоннинг илк ташрифи, табиийки, Мавлоно мажмуаси томон йўналади.

 

Мавлоно мақбараси маҳаллий аҳоли учун ҳам, дунёнинг турли бурчакларидан келадиган зиёратчилар учун ҳам оддий тарихий обида эмас. У инсон қалби, меҳр-муҳаббат, бағрикенглик ва маънавий камолот тимсолидир.

 

1207 йилда Балхда таваллуд топган Жалолиддин Румий ҳаётининг асосий қисмини Коняда ўтказади. Анадолу Салжуқийлари ҳукмронлиги даврида шаклланган юксак илмий ва маънавий муҳит унинг ижодий камолотида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. 1273 йилда вафот этган Румий отаси Баҳоуддин Валад ёнига дафн қилинади. Кейинчалик ушбу маскан атрофида Мавлавия тариқатининг йирик маънавий маркази шаклланди.

 

Мажмуага кириш биланоқ яшил фируза рангли баланд гумбаз диққатни тортади. Бу гумбаз нафақат Коня, балки бутун Туркиянинг танилган рамзларидан бирига айланган. Асрлар давомида у шаҳар узра маънавият чароғидек порлаб келмоқда.

 

Музей мажмуасида Мавлоно қабри, унинг яқинлари дафн этилган мақбаралар, ноёб қўлёзмалар, қадимий Қуръон нусхалари, Мавлавия тариқатига оид буюмлар ва тарихий экспонатлар эҳтиёткорлик билан сақланади. Бу ерга ташриф буюрган киши фақат бир буюк шахс ҳаёти билан танишмайди, балки XIII аср Конясининг илмий ва маънавий муҳитини ҳам ҳис этади.

 

Румийнинг бутун дунёга машҳур “Маснавийи маънавий” асари инсон қалби, муҳаббат, сабр, бағрикенглик ва комиллик ҳақидаги юксак фалсафий қарашларни мужассам этган. Шу боис унинг мероси бугун ҳам турли миллат ва дин вакилларини бирдек ўзига чорлаб келмоқда.

 

Мавлавия тариқати ҳам айнан Коняда шаклланган. У инсонни нафсни енгиш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва Яратганга муҳаббат орқали маънавий камолотга эришишга даъват этади. Бу тариқатнинг энг машҳур рамзи — “само” маросими. Айланма ҳаракатлар билан ижро этиладиган бу маросим ташқи томондан рақсга ўхшаса-да, аслида инсон руҳининг Ҳақ сари интилишини ифода этади.

 

Мавлоно музейида ҳукм сурадиган сокинлик кишини беихтиёр тафаккурга чорлайди. Бу ерда турли тилларда сўзлашувчи зиёратчиларни учратиш мумкин. Бироқ уларни бирлаштириб турган ягона қадрият — Румийнинг инсонпарварлик ғояларига бўлган юксак эҳтиромдир.

 

Конянинг яна бир муқаддас маскани Шамс Табризий номи билан боғлиқ. Агар Румийнинг маънавий дунёсига йўл очган шахс ҳақида сўз юритилса, аввало, Шамс Табризий номи тилга олинади.

 

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Шамс билан учрашув Румий ҳаётида туб бурилиш ясаган. Ана шу учрашувдан кейин фақиҳ ва мударрис сифатида танилган олим бутун умрини илоҳий муҳаббат ва маънавий комилликни тараннум этишга бағишлади. Кейинчалик яратилган “Девони Шамси Табризий” ҳам ана шу руҳий яқинликнинг бадиий ифодаси бўлиб қолди.

 

Шамс Табризий масжиди ва мақбараси Конянинг энг сокин зиёратгоҳларидан бири ҳисобланади. Унинг меъморий қиёфасида Салжуқийлар даврига хос соддалик ва салобат мужассам. Илмий адабиётларда Шамс Табризийнинг ҳақиқий дафн жойи хусусида турли қарашлар учраса-да, Конядаги ушбу маскан асрлар давомида унинг хотираси билан боғлиқ муқаддас қадамжо сифатида эъзозланиб келмоқда. Бу ерда ҳукм сурадиган сукут кишини ўйга толдиради. Гўё ҳар бир тош Румий ва Шамс ўртасидаги маънавий мулоқотнинг жим гувоҳидек туюлади.

 

Конянинг тарихий қиёфасини белгилаб берган яна бир муҳим маскан — Алауддин тепалигидир. Анадолу Салжуқийлари даврида айнан шу ҳудуд давлатнинг сиёсий ва маъмурий маркази ҳисобланган.

 

XI–XIII асрларда Коня Салжуқийлар пойтахти сифатида юксалиб, илм-фан, меъморчилик, ҳунармандчилик ва савдо марказига айланган. Ҳукмдорлар саройи, давлат идоралари ва муҳим иншоотлар айнан шу тепаликда жойлашган. Бу ердаги Алауддин масжиди Анадолу Салжуқийлари меъморчилигининг энг қадимий ва салобатли намуналаридан биридир. XII асрда бошланган қурилиш кейинги султонлар даврида давом эттирилган. Масжиднинг кенг ички ҳовлиси, мустаҳкам устунлари ва содда меъморий ечими Салжуқийлар санъатининг юксак намуналаридан далолат беради. Масжид ҳудудида Салжуқий султонларининг мақбаралари ҳам сақланган. Айниқса, Алауддин Кейқубод I ва Қилич Арслон II каби ҳукмдорлар номи Конянинг юксалиш даври билан чамбарчас боғлиқ.

 

Алауддин тепалигига чиққан киши фақат тарихий ёдгорликларни эмас, балки бир неча асрлик давлатчилик, маънавият ва маданият тарихини мушоҳада қилади. Бу ерда ўтмиш ҳануз яшайди, тарих эса сукут билан сўзлайди.

 

Замонавий Коня: тарих давом этаётган шаҳар

 

Коняни фақат қадимий масжидлар, мақбаралар ва Салжуқийлар даври ёдгорликлари билан тасаввур қилиб бўлмайди. Бу шаҳар бугун ҳам ўзининг замонавий қиёфаси, обод маҳаллалари, яшил ҳудудлари, илм-маърифат масканлари ва бетакрор шаҳарсозлик маданияти билан кишида ҳайрат уйғотади. Энг муҳими, бу ерда тарих ва замонавий ҳаёт бир-бирини инкор этмайди, аксинча, бойитиб туради. Шаҳарнинг ана шундай замонавий тимсолларидан бири — Капалаклар тропик боғидир. Селчуклу туманида барпо этилган бу ноёб мажмуа Туркиядаги илк тропик капалаклар боғларидан бири сифатида танилган. Дунёда аналоги йўқ ушбу иншоат ташқи кўриниши билан улкан капалакни эслатади. Унинг ичида йил давомида тропик иқлим сақланади. Бу муҳитда юзлаб турдаги ранг-баранг капалаклар эркин парвоз қилади, экзотик ўсимликлар эса боғни ҳақиқий тропик ўрмонга айлантиради. Бу ерда капалакнинг тухумдан бошлаб, қурт, ғумбак ва гўзал қанотли жонзотга айланиш жараёнини кузатиш мумкин. Табиатнинг бу мўъжизаси нафақат болаларда, балки катталарда ҳам ҳайрат ва қизиқиш уйғотади.

 

Капалаклар боғи ёнидаги Салжуқийлар гуллар боғи эса шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар учун энг севимли дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Турли мавсумларда очиладиган минглаб гуллар, соя-салқин хиёбонлар, сайр йўлаклари ва яшил ҳудудлар Конянинг экологик маданияти қай даражада юксак эканини кўрсатади. Бу ерда сайр қилар эканмиз, бир ҳақиқат янада ойдинлашди: Коня ўтмиш билан яшамайди, балки уни эҳтиёткорлик билан асраб, келажакка олиб ўтмоқда.

 

Замонавий Конянинг яна бир рамзи — Салжуқийлар минорасидир. 163 метр баландликдаги, 42 қаватли ушбу муҳташам иншоот шаҳарнинг энг баланд биноларидан бири саналади. Шиша ва металлдан қурилган осмонўпар бино илк қарашда мутлақо замонавий кўринса-да, унинг номи Конянинг Салжуқийлар пойтахти бўлган шонли ўтмишига ҳурмат рамзи сифатида танланган. Миноранинг юқори қисмидан Конянинг бутун манзараси кафтдек кўринади. Бир томонда Мавлононинг яшил гумбази, Алауддин тепалиги ва асрлар бағридан етиб келган тарихий обидалар намоён бўлса, бошқа томонда кенг кўчалар, янги турар-жойлар ва замонавий шаҳар ҳаёти кўзга ташланади. Гўё бир нуқтадан туриб, Конянинг икки қиёфасини — кечаси ва бугунини бир вақтнинг ўзида томоша қиласиз.

 

Чизги китоб уйи

 

Коня асрлар давомида илм ва маърифат шаҳри сифатида танилган бўлса, Чизги китоб уйи ана шу анъананинг бугунги давомидир. 1991 йилда ташкил этилган ушбу маърифат маскани вақт ўтиши билан оддий китоб дўконидан нашриёт, илмий учрашувлар ва зиёлилар мулоқоти ўтказиладиган марказга айланган.

 

Бу ерда тарих, фалсафа, тасаввуф, ислом цивилизацияси, адабиёт, ижтимоий фанлар ва санъатга оид минглаб китоблар жамланган. Айниқса, туркий халқлар тарихи, Амир Темур ва Марказий Осиё цивилизацияси ҳақидаги нашрларни кўриш кишига ўзгача қувонч бағишлайди. Китоб дўконида ҳукм сурадиган сокин муҳит инсонни мутолаага чорлайди. Бу ерда шунчаки китоб сотилмайди, балки фикр ва ғоялар яшайди.

 

Конядаги энг қизиқарли тарихий иншоотлардан бири — Ипликчи масжидидир. 1201 йилда қурилган ушбу обида Салжуқийлар меъморчилигининг илк намуналаридан бири сифатида қадрланади. Масжиднинг энг ҳайратланарли жиҳати унинг шадирвони(таҳоратхонаси)дир. Бу ерда икки киши қарама-қарши нуқтада туриб, паст овозда гаплашса ҳам, уларнинг сўзлари аниқ эшитилади. Саккиз аср аввал яратилган бу ноёб акустик ечим Салжуқий меъморларининг юксак муҳандислик маҳоратидан далолат беради. Ипликчи масжиди яна бир ҳақиқатни англатади: Салжуқийлар меъморлари биноларни фақат ташқи кўриниши учун эмас, балки инсоннинг руҳий ҳолати, овоз тарқалиши ва муҳитнинг уйғунлиги ҳақида ҳам чуқур ўйлаб барпо этганлар.

 

Шаҳарга ташриф ҳақиқатан ҳам тарих саҳифаларини варақлаш имконини беради. Аммо Конянинг қудрати фақат унинг кўҳна обидаларида эмас. Унинг ҳақиқий кучи — асрлар давомида шаклланган маънавий муҳит, илмга ҳурмат, инсон қадрига эҳтиром ва тарихга садоқатидадир.

 

Бу ерда Мавлононинг ҳикмати ҳам, Салжуқий султонларининг шонли ўтмиши ва осмонўпар бинолар ҳам бир-бирига бегона эмас. Улар ягона бир руҳ — Коня руҳини шакллантирган. Сайёҳ Конядан фақат гўзал манзаралар ёки тарихий хотиралари биланмас, балки бир муҳим хулоса билан қайтади: цивилизация дегани, аввало, инсоннинг ўз ўтмишига эҳтиром билан муносабатда бўлиши экан. Демакки, Коня хотираларда оддий манзил сифатида эмас, балки маънавий кашфиёт сифатида муҳрланиб қолади.

 

Шуҳрат ҲАЙИТОВ

 филология фанлари доктори (DSc)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 37689
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//