Бу бино халқ мулки – уни асраб қолинг


Сақлаш
15:14 / 11.07.2026 250 0

Шаҳарсозлик бу – фақат янги бинолар қуриш эмас, балки мавжуд ресурсларни тўғри бошқариш санъати ҳам. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи жойлашган бино шаҳар матоси(урбан фабриc)нинг узвий қисми ҳисобланади. Буни янада яхшироқ ҳис қилишингиз учун қуйида ушбу объектнинг тарихий хронологиясини келтирамиз:

 

1933–1936 йиллар. Иншоот ўша давр меъморий услубида, сейсмик чидамлилик талабларини ҳисобга олган ҳолда бунёд этилган.

 

1939–1940 йиллар. Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан бино базасида музей ташкил этилади. Асосий ташкилотчилар Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ва Мақсуд Шайхзода эди.

 

 

1949 йил. Музей олдидаги майдонга ҳайкалтарош Леополд Дитрих томонидан яратилган Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.

 

1968 йил. Бинода йирик реконструкция ва экспозицияни янгилаш ишлари амалга оширилади. Музей учун махсус Бухоролик ҳунармандлар томонидан «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун» достонлари сюжети асосида гиламлар тўқилади, ҳайкалтарош А. Гришченко томонидан Бобур ҳайкали яратилади.

 

 

 

1972 йил. Буюк рассом Чингиз Аҳмаров «Навоий лирикаси» зали учун монументал фрескалар чизади. Яратилган бу каби санъат намуналари бинонинг ички архитектураси билан уйғунлашиб, «санъат синтези» концепциясини таъминлайди.

 

1994 йил. Рассом Иқболжон Илҳомов Бобурга бағишланган зал учун машҳур «Бобурнинг Самарқандга кириб келиши» картинасини чизади.

 

Бино қалин ғиштли конструкция ва термоинерция хусусиятига эга. Бундай конструктив ечим шу пайтгача қадимий қўлёзмаларни сақлаш учун табиий иқлим назоратини таъминлаб келган. Аммо бугун бинодаги хазиналаримизни сақлаш учун янгича шароит кераклиги боис музей янги бинога кўчирилмоқда. Бу жуда яхши ечим бўлиши мумкин. Лекин ушбу тарихий бинонинг келгуси тақдири нима бўлади? Ҳеч ким бу саволга жўяли, аниқ жавобни бермаяпти. Камига янги бино битгунига қадар музей фондидаги қўлёзма ва тошбосма манбалар, шунингдек, «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига; музейнинг бошқа экспонатлари эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Антропология институтига вақтинчалик сақлаш учун кўчириб ўтказилмоқда. 

 

 

 

Ва яна асосий мавзу – музейнинг келгуси функционал тақдири (реконструкция ёки янги мақомда фойдаланиш, фасадини, ички ҳолатини замонавий стандартларда таъмирлаб, атрофини ободонлаштириш) нима бўлади? У асраб қолинадими ёки тадбиркорлик субъектига айланадими?

 

Нега бу бино асраб қолиниши шарт?

Бино музей сифатида сақланмаса, унга шаҳар учун функционал хизмат қилдирадиган «янги ҳаёт» бериш шарт. Масалан, ундан кутубхона ёки жамоат маркази сифатида фойдаланиш мумкин. Ушбу бино локацияси ва ички фазовий тузилиши (заллар кетма-кетлиги, акустика, ёруғлик тушиши) уни замонавий илмий кутубхона, ўқув заллари ёки ёшлар учун маданий коворкингга айлантириш учун идеал, дейиш мумкин. Айниқса, шаҳар марказида бундай тинч муҳит ва тарихий аурага эга жойлар камайиб бораётган бир вақтда.

 

 

Музей экспонатлари янги бинога кўчиши табиий жараён. Лекин 1933 йилги архитектурани «эски» деб ҳисоблаб, унга янги вазифа юкламасдан ташлаб қўйиш шаҳарсозликда йўл қўйиладиган энг катта хатолардан бири бўлади, дейиш мумкин.

 

Бу бино халқ мулки. Шунинг учун бино қандайдир тижорий объект эмас, кутубхона, илмий-тадқиқот маркази ёки шаҳар жамоатчилиги учун очиқ маданий маскан сифатида қайта ишга туширилиши энг мантиқий ва ҳақли ечим бўлади.

 

Мирзаёр ЭРКИНОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39890
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//