Алифбо ислоҳоти муҳим масала. У қайси макон, географик ҳудудда бўлмасин, дахлидаги маълум жамиятнинг ҳар қайси аъзоси ундан турли даражада фойдаланади. Шунингдек, авлодлар келажагига асосий таъсир ўтказувчи муҳим омиллардан бири саналади. Демакки, у билан боғлиқ ҳар қандай жараёндан жамоатчилик ҳам, албатта, хабардор қилиниши, тегишли ҳужжат ва асослар билан аввалдан таништирилиши ва улар ўз ўрнида муҳокамага ҳам қўйилиши муҳим.
Куни кеча Сенатга юборилган “Алифбо лойиҳаси” жамоат фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли баҳс-мунозаралар мувзусига айланди. Кимдир уни давлат бюджетидан ортиқча сарф-харажат, деса, бошқаси аллақачон амалга оширилиши керак эди, деган қарашни илгари сурди.
Ўз она тилини ҳурмат қилган ҳар қайси юртодошимиз бу ислоҳотга муносабатини билдириши табиий ва шарт. Oyina.uz шундай фикрларни бир жойга йиғди.
Яна бошидан ҳарфларни ўргатиш ва ўрганиш, табиийки, авлодлараро қайта узилиш қилади
Менга ҳозирги лотин алифобоси қулай кўринади. Мен унда ёзаман ва ўқийман – каналим кузатувчилари билади. Мендан катта авлод мени ўқишга қийналади, биламан. Лекин барибир лотин алифбосида ёзиб келяпман.
Алифбони ўзгартириш – ниҳоятда катта транзакцион харажатлар деб ўйлайман. Энди яна бир авлод ундан олдинги авлод билан бошқа тилда ёзишади. Бу қиммат ва қийин нарса. Яъни алифбомиз қандай бўлса, шундай қолгани яхши. Ўзгартириш учун мантиқий сабаб топа олмаяпман. Тиллар бор, масалан, француз тили – 8 та ҳарф ёзилиб иккитаси ўқилади, 200 йилдан бери шундай фойдаланишяпти. 5% лик иқтисод аргументига қўшилиш ниҳоятда қийин. Айниқса буни ютқазиш харажатлари – бир авлод яна саводсизланишини ҳисобга олсак.
1993 йилда туғилганман. Ҳозирги лотин алифбода саводим чиққан. 30 ёшли авлод, мен тенги ва мендан кичик камида 15 миллион одам ўқиган алифбони бу косметик ўзгариш учун яна бошидан алмаштириш фикрига қўшилмайман. Ёки мен ўзгариш афзаллигини тушунмаяпман, ёки ўзгартириш тарафдорлари ўзгариш билан боғлиқ энг асосий транзакцион харажат – миллионлаб одамларни саводсизлаштириб қўйишини инобатга олишмаяпти.
Яна бошидан ҳарфларни ўргатиш ва ўрганиш, табиийки, авлодлараро қайта узилиш қилади. Масалан, катта ёшдагилар ҳали ҳам эски лотинча алифбони билишмайди, ўқий олишмайди. Каналимни кириллчада юритишимни кўпчилик ҳали ҳам сўрашади. Давлат ишхоналарида ишлайдиганлар, айниқса. Менимча, ёши катталар шунинг учун ҳам ўзгаришга қарши эмаслар. Барибир ҳозир ёзадиганимиз – улар ишлатадиган алифбо эмас эди, кейингиси ҳам бўлмайди.
Менга бошқа нарсаси алам қиляпти – универсализми. Ҳозир Ўзбек тилида халқаро инглиз алифобоси асосига олинган – яъни дунё учун универсал – qwerty клавиатурасида ёзиб келардим. Менимча, кўпчиликда шундай. Барча электрон мосламаларда инглиз алифбоси бор. Кириллча клавиатурада ўзбекча матн ёзиш қийин эди, масалан ғ ни тўғри ёзиш имконсиз, ёки ў ни (сезган бўлсангиз, ёзишни кириллчада ўрганганлар o‘ ни ҳали ҳам u деб ёзади, “bo‘ldi”ни “buldi” кўринишида).
Энди лотинчада ҳам барча ускуналарда тўғри ёзиш қийинлашади. Универсал клавиатура эмас, махсуси керак бўлади.
Алифбони ўзгариши яхши нарса эмас. Албатта бу яна бир неча авлод саводсиз ёзишига замин яратади. Менимча, инглизча ва русчада ёзишга мажбур бўлиб қоламиз.
Беҳзод ҲОШИМОВ,
иқтисодчи
Алифбо – миллат тақдири ва хавфсизлиги даражасидаги масала
Алифбо ислоҳи бўйича қонун Парламентда маъқулланиб, Сенатга юборилибди.
Парламент йиғилишларининг ёпиқ ўтиши, “халқ уйи” дея аталувчи даргоҳнинг шаффоф эмаслиги ва депутатлар фаолиятининг очиқ ёритилмаслиги – тизимли муаммо, албатта. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо баъзи истисно ҳолатлар борки, унда қатъият муҳимроқ рўл ўйнайди. Шахсан мен алифбо ислоҳоти атрофидаги тугамас баҳсларга нуқта қўйилаётганидан хурсандман. Алифбо – миллат тақдири ва хавфсизлиги даражасидаги масала. Агар бу мавзудаги муҳокамаларни давом эттираверганимизда, яна 35 йил берилса ҳам бир тўхтамга келолмасдик. Баъзида миллий манфаатлар учун қатъий сиёсий ирода керак.
Илёс САФАРОВ,
журналист
Алифбо ислоҳоти билан яна “ассалом, имло хатолари” бўлади
Тўғри, муҳим масалаларда сиёсий ирода бўлгани фойдали. Мен жуда ҳурмат қиладиган журналистимиз Илёс Сафаров алифбонинг шу тарздаги ислоҳи ўзига маъқул бўлгани учун ҳам бунга ижобий муносабат билдиряпти, менимча.
Мен эса аввалбошидан қарши эдим. Чунки алифбодаги ислоҳот инсоннинг ҳарфлаб эмас, яхлит сўзни ўқий олишига хизмат қилувчи омиллардан бири – сўздаги ҳарфлар сонини ўзгартиради. Бу дегани бутун ўзбекларда ўқиш когнитив жараёни маълум муддат секинлашади дегани. Ҳа, тўғри, ўрганиб кетамиз... Аммо унга вақт керак бўлади. Алифбо ислоҳоти билан яна “ассалом, имло хатолари” бўлади.
Умид қиламанки, шу билан нуқта қўямиз... Бир соҳа ривожланиши учун маълум вақт барқарорлик керак...
2023 йили эълон қилган постимни қайта жойлаяпман. Пост ҳам эмас, филология фанлари доктори Азиз Жўраевнинг китобларидан парча. Китоб 2017 йил чиққан. Постни 2023 да улашганман. Ўша йили университетда алифбо ислоҳоти масаласида йиғилиш бўлган, ўша ерда ишлаётган бўлишимга қарамай, шундай йиғилиш бўлганини уйга келиб кечқурун фейсбукдан билганман. Тушунишимча, менинг ислоҳотга қаршилигимни билишгани учун университетнинг иккита тил кафедрасидан биттасининг мудири бўлишимга қарамай, мени йиғилишга чақиришмаган. Ҳозир ҳам бир нарса ўзгаришига ишонмаяпман-у, лекин етук тилшунос олимнинг бу мавзу юзасидан фикрини халқ билиши керак деб ҳисоблаганим учун улашяпман:
“Стандарт ўзбек тилининг (оғзаки ва ёзма лингводидактик намунанинг) вужудга келиши ва шаклланишини ўзбек тилининг маориф тизимига киритилиши, мактабда фан сифатида ўқитилиши билан, яъни ХХ асрнинг боши билан, боғлашимиз мумкин (яна қиёсланг: “1930 йилгача ўрта мактабларда ўзбек тилидаги таълим тажрибавий характерда эди” Архангельский, 1962, 348, сн. 1).
Деярли бир аср давомида ўзбек ёзуви ва имлосини ислоҳ қилиш ёки алмаштириш билан боғлиқ тадбирлар (1922, 1929, 1934, 1940, 1956, 1993, 1995) ёзма ўзбек тилини сурункали беқарорликка дучор этди. Бунинг оқибатида маданиятимизда матн таназзули ҳодисаси юз берди. Ислоҳотлар оралиғида яратилган лингводидактик матнлар орасида ёзув, имло, талаффуз, пунктуация ва услуб жиҳатидан илгари шаклланган ёки шаклланаётган уйғунлик узлюксиз равишда бузилиб борди (бу ҳақда қаранг: Азиз Б.Джураев, 2001, 299-300; Азиз Б. Джураев, 2001, 20-29; Джураев, 2006, 30–33).
Алифбонинг имло билан, имлонинг талаффуз (орфоепия) билан, охирги иккаласининг матн анъаналари билан, матн анъаналарининг риторика билан, риториканинг эса услублар билан боғлиқлиги ҳар ислоҳотда мураккаб ўзгаришлар занжирини келтириб чиқараверди.
Ҳар сафар лингводидактик намуна синдирилиб, янгисини яратиш учун вақт, меҳнат ва пул сарф қилинаверди. Ҳар сафар ўзбеклар лисоний онгига ўзгартириш киритилиб, онгнинг кодификацияланган нормани ҳис қилиш, саралаш ва назорат қилиш қобилияти қайта шакллантирилаверди. Бу ҳол стандарт ўзбек тилининг (ёзма ва оғзаки лингводидактик намунанинг) мавжудлик шаклига таъсир этмай қолмади. Унинг ҳеч бир даврда тўлақонли ривож топа олмагани ҳам шундандир.
Ўзбекча лингводидактик намуна тарихидаги мураккабликлар фақат шу билангина чекланмайди. Бу ўринда ўзбек тили тарқалган асосий ҳудуднинг (Ўзбекистоннинг) кеч марказлашиши, ўзбек тилининг лингводидактикага кеч киритилиши, кўп шевалилик, руслаштириш сиёсати, аҳоли этник интеграциясининг заифлиги, урбанизациянинг ривож топмагани, қашшоқлик, ва, ниҳоят, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар орасида функционал саводнинг пастлиги тилнинг стандартлашишига жиддий тўғаноқ бўлганини эслатиб ўтиш керак.
Стандарт ўзбек тили (лингводидактик намуна сифатида) ХХ аср давомида дидактик рационализациялаштириш ва давлат миқёсида расмийлаштиришга уринишнинг турли шаклларини бошидан кечирди.
Жўраев А. Стандарт ўзбек тили. Тошкент, 2017. 8-9.”
Ирода АЗИМОВА,
тилшунос
Ими-жимида “ўтказиб” юборилишига қаршиман
Лотин алифбосини такомиллаштиришга қарши эмасман, қўллаб-қувватлайман ҳам. Аммо шундай муҳим ҳужжатнинг ими-жимида “ўтказиб” юборилишига қаршиман.
Шу лойиҳани жамоат муҳокамасига қўйиб, алифбони ҳар куни ишлатадиган одамлар билан маслаҳатлашиб, кейин қабул қилса қандай бўларкин?
Фарҳод ФАЙЗУЛЛАЕВ,
жамоатчилик фаоли
Алифбо жиддий масала. Уни ўзгартириш учун ҳаёт-мамот даражасидаги оқлов бўлиши керак
Янги лотин алифбоси ҳақида бир оғиз. Бир неча йил олдин ҳазиллашиб, ёшлар учун менда энг зўр бизнес ғоя ва тавсия бор, дегандим – полиграфия ва босмахона бизнесини. Ўзбекистонда ҳар 4-5 йилда ё паспорт, ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси, ё ҳамма ишлатадиган бошқа нарса ўзгаради ва қайта чоп этилиши керак. Бу қонуният ва хатосиз ишлайдиган кутилма дегандим. Мен ҳазиллашмаган эдим.
Буниси ҳаммасидан ошиб тушди – “Ўзбек тилида ёзилган ва мавжуд бўлган барча нарсалар қайта чоп этилар” экан. Ҳамёнингиздаги сўм ва паспортдан бошлаб, дарсликларгача ва чет элдаги элчихоналар эшигидаги ёзувгача.
П.С. Ҳаммасини бошқаттан чоп этмаймиз, 5–10 йил эски лотин ёзувида яшаб юрамиз деган аргументнинг ўзи абсурд. Демак, уч хил ёзувдаги Ўзбекистон сўзи билан яшар эканмиз. Баттар саводсизликни яратадиган нарса. Ўзгарса, аксинча ҳамма нарсани зудлик билан қайта чоп этиш керак. Акс ҳолда, янада баттар шароитда, уч хил ёзувда “вақтинча” яшаб юрамиз. 30 йил кириллда ёзиб юргандек.
Парламентда шу алифбо масаласида муҳокама бўлаётганда қуйидаги саволлар кўтарилганмикан?
Мамлакатдаги барча мактабларда ҳожатхона масаласи ҳал бўлдими? Ичимлик суви ҳар бир мактаб ва хонадонда борми? Ёзда совутиш, қишда исиниш ва свет масаласи ҳал бўлдими? Болалар йўлда, мактаб олдида машиналар томонидан қирилиб кетаётгани, минглаб одамлар аварияларда ўлиб кетаётгани масаласи ҳал бўлдими?
Парламент кун дарижасида (таҳр.: кун тартибида), менимча, кундалик ҳаётдаги ҳаёт-мамот масалалар рўйхати чексиз ва ечилмаган муаммолар жуда кўп бўлиб, улар учун ажратиладиган диққат ва ресурслар эса чекланган эди.
Мен табиийки тилшунос эмасман, шунинг учун бу мавзудаги гапларим умуман аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Шунга менинг гапларимни жиддий олмаслик керакдир. Лекин бир мисол келтирай.
Bog‘cha сўзидаги g‘ ва ch ҳарфларининг шапкаси ва думи чап тарафга қараганми ёки ўнг тарафга деган муҳокамада, менимча, яна бир бор, менимча, энг муҳим жойи – боғчада болалар хавфсиз овқатланяптими, овқатдан заҳарланишмаяптими, боғчага хавфсиз келиб-кетишяптими, қишда совуқ эмасми, гигиена шартларига риоя қилиняптими, у ерда болажонлар яхши таълим олишяптими, тазйиқ бўлмаяптими каби масалалар муҳимроқ бўлса керак.
Боғчанинг ичидаги мана шу масалаларни “Парламент” ёзувли футболкани кийиб олган одам ҳал қилиб, ижросини текшириб чиқиб кетаётганида, кейин эшик тепасидаги ğ нинг шапкасини тўғирлаб, ç нинг думини ясаб кетса айни муддао бўлади, балки.
Балки мен ҳам яхши тушуна олмаётгандирман – тилшунос ё бу мавзуда мутахассис эмасман. Шунинг учун фикрларим катта аҳамиятга эгамасдир, лекин шу тил фойдаланувчиси сифатида бу масала менга ҳам тааллуқли, икки тийинлик фикримни билдираман.
Мен аслида ҳозирги ёзувда муаммо нимада эканлигини ва жорий лотин алифбоси қандай мураккабликларни туғдираётганини билмадим. Янги алифбо ислоҳотини олдинга сураётганлар ва Парламентда маъқуллаб бераётганлардан яхшироқ аргументларни билмоқчи эдим. Улар кўпдир, лекин ҳалигача пичоққа илинадиган аргументни кўрмадим. Алифбо жиддий масала. Уни ўзгартиришда – мен учун бўлганда ҳам – ҳаёт-мамот даражасидаги оқлов бўлиши керак. Алифбони ўзгартириш жуда масъулиятли иш бўлиб, авлодлар ва мамлакат тақдирига таъсир этадиган, белгилайдиган нарса. У юзаки косметик сабабларга асосланиб ва ёпиқ эшиклар ортидан қилинадиган иш эмас, деб ўйлайман.
Баъзи фикрларимни жамласам:
Биринчидан, савод ва якдиллик масаласи. Бизга алифбо ислоҳоти анчадан бери керак эди, ниҳоят ирода кўрсатяпмиз дейишибди. Қўшиламан, мен анчадан бери орзу қилар эдим, ҳаммамиз битта ёзувда ёзайлик, деб. Алифбо ва ўзбек тили масаласида нуқта қўйиш деганда барчамиз битта имлога, яъни лотинда ёзишга батамом ўтамиз, 30 йилдан бери қилинмаган иш ваниҳоят қилинади, деб ўйлагандим. Лекин бу янги ислоҳот натижасида битта ёзувда бирлашиш эмас, қўшимча учинчи ёзувда ёзадиган авлодни яратиш жараёни содир бўлади деб ўйлайман. Кириллда, эски лотинда ва янги лотинда ёзадиган уч хил авлод. Олдин иккита лагер бўлган бўлсак, энди учта лагерга бўлинамиз. Ўзимизни алдамайлик, эртага Парламент қайси ёзувни маъқулласа-да, кимга қайси ёзув қулай бўлса ўшанда ёзишда давом этаверади. Масалан, 30 йилдан бери кирилл ёзувида ёзиб келишди-ку, ҳатто давлат идоралари ва иш юритишда ҳам.
Иккинчидан, қулайлик масаласи. Аксарият одамлар Парламент ёки давлат идораси ёпиқ эшиклар ортида тасдиқлаган алифбода эмас, балки кундалик ҳаётида ишлатадиган, мактабда ўрганган, атрофидагилар фойдаланадиган, йиллар давомида ўзлашган ёзувда ёзишда давом этади. Масалан, o‘ ҳарфининг шапкаси у тарафга эмас, бу тарафга қараб туриши қандай аҳамиятга эга деган муҳокамалар ва ўзгартиришни мен бутунлай ўтказиб юбордим ва клавиатурамда бор бўлган шапкани шу дақиқагача ёзиб келдим. Осмон узилиб ерга тушмади, менимча. Алалоқибат, o‘ нинг шапкаси қаерга қараб туриши умуман аҳамиятсиз экан, шапкаси йўқ, энди бошида иккита нуқта.
Шу қулайлик ҳақида 3 йил олдин ёзган эдим. Масалан, мен ҳам ўзбек лотин алифбосида ёзаётганда телефонимда ҳам, компьютеримда ҳам инглиз клавиатурасидан фойдаланаман. Дўкондан олган телефон/компьютеримда ўзбек тилbда ёзиб кетавераман. Яъни ҳозирда лотин алифбосида ёзиш учун мен ва исталган техник қурилма эгасида (хоҳ у Ўзбекистонда бўлсин, хоҳ Испанияда, хоҳ Конгода) ўзбек лотин алифбосида ёзиш имконияти стандарт (дефаулт) тариқасида ўрнатилган, инглиз тилидаги клавиатура орқали, шунга ўзбек тилида тез ёзиш ва ўқиш нисбатан осон. Таклиф қилинган 4 та янги ҳарфни кенг қамровли клавиатурамда ёза олмас эканман. Янги ö, ç ҳарфлари учун клавиатурани қаттиқроқ босиб туришим, ҳарфларни суришим ва тасдиқлашим керак экан. Учта ортиқча ҳаракат. Бу муаммо эмас, унинг учун нималарнидир ўрнатишингиз, дастурларни янгилашингиз керак холос, дейишингиз мумкин, лекин шунинг ўзи абсурд эмасми. Тилда ёзиш ва ўрганиш қулай бўлиши керак деб ўйлайман. Яъни янги алифбода ёзишнинг қулайлик нуқтаи назаридан транзакцион харажати катта. Ундан кўра ёзмай қўяман ўзбек лотин алифбосида дейдиганлар бўлади. Бунинг оқибатида эса уйғунлик бўлиши учун одамлар янада кўпроқ инглиз тилида ёзишга ўтишлари мумкин.
Шахсан мен эртага Парламент қайси ёзувни тасдиқлашидан қатъи назар эски алифбода ёзишда давом этаман. uzbekonomics телеграм канали эски лотин алифбода қолади. Чунки қулай, шунга ўрганганман. Алтернатива эса ўзбек тилида умуман ёзмаслик.
Учинчи ва энг муҳими қолдириб кетилаётган масала бу пул, пул ва яна бир бор пул. Ўзи Парламентнинг асосий иши пулни тақсимлаш эди. Янги алифбонинг бир оқибати – Ўзбекистондаги ва ташқаридаги ўзбек тилидаги жамики ёзувни ўзгартириш, қайта чоп этиш, қайта бўяш керак. Менимча, бунинг кўламини ҳаммамиз яхши тасаввур қила олмасак керак – ҳамёнингиздаги купюрани, паспортни, ҳужжатларни, ҳар бир хонадондаги конституция китобини, дарсликларни ва умуман Ўзбекистон деган ёзув бор барча нарсани қайта чоп этиш керак.
Албатта, босқичма-босқич бўлади, ҳозир ҳаммасини ўзгартиришга мажбур эмасмиз, дейишлари мумкин. Лекин айнан шунинг ўзи янги муаммо-да. Паспортимизда Ўзбекистон сўзи эски o‘ билан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамизда янги ö билан, конституция китобимиз бети янги ö билан... Ўзбек тили жуда чалкаш ва тарқоқ бўлиб қолади-ку. Дарсликлар эски босмада, янги босмада... Универсализм бўлиши учун, демак, ҳаммасини, бутунлай ҳаммасини жуда тез фурсатда қайта босиб чиқариш керак. Бу нима дегани, катта пул дегани. Шунча пул борми ўзи бюджетда ва прогнозда? Менимча йўқ. Унчалик бой мамлакат эмасмиз-ку, шунча пулни косметик ўзгарган алифбо учун сарф қилишга. Агар шунча пул бўлса, унда нега баъзи мактабларда ҳалигача ичимлик суви ҳам, ҳожатхона ҳам йўқ? Нимага, нимага, нимага? Бундай саволлар кўп. “Ö нинг шапкасига пул бор-у, болаларнинг саломатлиги ва ҳаёти учун йўқми?” деган савол ўша Парламентнинг ёпиқ эшиклари ортида берилганмикан?
Мана шу охирги фикрни ҳам баъзилар айтди/айтади: “Бюджетдан бошқа бемақсад ва фойдасиз нарсаларга катта маблағлар шундоқ ҳам кетмоқда, бу масалага кетса кетибди, ҳеч нарса қилмайди”. Бундай мантиқ ва ёндашув мутлақо нотўғри. Агар ҳақиқатдан ҳам харажатларимиз кўп бўлса ва уни билсак, аввал уларни қисқартиришимиз керак, янги харажатларни кўпайтирмасдан. Шундай эмасми?
Ботир ҚОБИЛОВ,
иқтисодчи
Алифбо ислоҳи: нима учун саволлар берилади-ю, жавоби эшитилмайди?
Биринчи марта ҳозирги алифбомиз ноқулайлиги ҳақида 2017 йил ёзган эдим, адашмасам. Ўшанда ўнга яқин аргумент айтганман, чунки узоқ йиллар нашриётларда матн билан ишлаб, бу “тескари тирноқлар” туфайли йўқотилаётган ресурсларни кўриб қийналар эдим, ачинар эдим. Яъни ҳақиқий алифбо амалиётчиси сифатида ҳозирги ўзбек-лотин алифбоси ноқулай ва серисрофлигини жуда кўп кўрганман.
Ўшандан бери бу мавзуда айтилмаган савол ва унга берилмаган жавоб қолмади. Жуда кўп баҳсларда қатнашдим, талай аргументлар, дебатларни кўрдим, кенгашларда овоз беришлару баённомалар, баёнотлару муносабатларда аралашиб, қоврилдим. Охири тушундимки, алифбо ислоҳоти ҳар сафар баҳслар сабаб тўхтайди. Ҳеч ким мутахассислар, олимларга қулоқ солмайди. Ҳар сафар масала нимадир “сабаб” бўлиб ёпилади.
“Суғур куни”ни яшаётгандекман…
Катта эҳтимол билан 1993 йилги алифбонинг ўзгаришига жиддий бир амалий ё техник эҳтиёж йўқ эди, айниқса, ҳозирги шаклда ўзгаришига. Энди ҳеч бўлмаса оддий техник-шаклий ўзгаришларга адекват қарайлик. Шунчаки ҳозирги алифбода бир бет матнни хатосиз териб кўрайлик. Шунда кўрасиз, алифбомиз “бир ҳарф – бир товуш” принципида ишлайдиган бошқа алифболарга “ютқизади”.
Қозоқ бовурларимиз бизнинг тажрибадан ўрганиб алифбо ислоҳотини қилишмоқда. Яқинда туркий давлатлар бирлашиб қабул қилган “ўртоқ алифбо”да ҳам алифбо қулайлиги ва “бир ҳарф – бир товуш” принципи инобатга олинган. Биз эса ҳамон ўша исрофгарчилик билан яшаб, балки ўнинчи марта бир хил саволларни бериб, жавобларини эшитмай ўтирибмиз.
Алифбони ўзгартириш нима учун кераклиги ҳақида Қонунчилик палатасидаги муҳокамаларда айтилган, яна бир бор (балки юзинчи марта) такрор берилган саволларга аниқ ва асосли аргументлар билан жавоб берилган. Унда харажатлардан тортиб техник масаларгача кўтарилган ва жавоблар айтилган. Gаzeta.uz муҳокамани матнга кўчириб e’lon qildi. Бир ўқиб чиқишни тавсия қиламан.
Агар биз ўз мамлакатимиз номини бир хилда ва тўғри ёза олмасак, Ўзбекистон номини ўз алифбомизда турлича ёзиб келаётган бўлсак, буни тузатиш керак.
Қўйинглар, шу масала ечилсин, тўғри алифбода яшайлик, ҳамма қатори. Ва ўша талаб қилинаётган “бундан-да жиддийроқ муаммолар”га ўтайлик.
Шаҳноза СОАТОВА,
Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер
Депутатларимиз қабул қилган қонунда ҳаммаси аниқ ёзилган
4 та ҳарфнинг ўзгариши катта харажатми? Алифбо муҳокамаси вақтида энг кўп шу савол кўтарилади. “Норозиман” дейдиган тоифанинг энг катта аргументи ҳам харажатга бориб тақалади.
Энг аввало, муҳим нуқта – бизда алифбо алмашмаяпти, иккита ҳарфнинг шапкаси ўзгаряпти, иккита ҳарфнинг шакли ўзгаряпти!!!
Давлат алифбо ислоҳотида қачон жуда катта харажат қилади, қачонки бутунлай бошқа алифбога ўтса. Масалан, Қозоғистон кириллдан лотинга ўтишга қийналяпти. Чунки бу жуда катта иш ва ҳақиқатдан катта харажат талаб қилади.
Аммо 4 та ҳарфнинг шаклини ўзгартиришда вазият мутлақо бошқача. Депутатларимиз қабул қилган қонунда ҳаммаси аниқ ёзилган.
Паспорт (ID карта) – ўз кучида қолаверади, алмаштириш талаб этилмайди. Қачонки, муддати тугаса, ўшандагина янги 4 та ҳарф ишлатилган вариантини оласиз, унгача бемалол юраверасиз.
Демак, фуқаролар учун паспорт (ID карта) харажати нолга тенг.
Пул – миллий валютамиз банкноталари ҳам ўз кучида қолаверади. Қачонки Марказий банк янги партияда сўм банкноталарини босиб чиқарсагина, янги 4 та ҳарфдан фойдаланади. Унгача ҳеч қанақа ортиқча харажат қилинмайди.
Дарсликлар – қоидага кўра, дарсликлар шундоқ ҳам маълум йилда (1–5 йил) янгиланиши керак. Ўша янгиланиш вақти келгандагина янгиланади, унгача ҳаммасини қайта босамиз, дейилмайди.
Китоблар – китоблар билан ҳам муаммо йўқ. Шу пайтгача чоп этилганини ўқишда давом этаверамиз, хотирамиздан ö ва ğ ҳарфини ўчириб ташламаяпмиз-ку. Янгисини чоп этишга табиий эҳтиёж туғилганда, янги 4 та ҳарфдан фойдаланамиз. Барчаси жуда оддий.
Кўчалардаги ёзувлар, пешлавҳалар, баннерлар ва ҳ.к. – буларда ҳам ўша қоида ишлайди. Ҳар қандай визуал материалнинг фойдаланиш ва емирилиш муддати бор. Масалан, 3 йил, 5 йил, 10 йил. Шу муддатлар ичида мажбуран алмаштириш талаб этилмайди. Қачон фойдаланиш муддати охирига етиб келса, ўшанда янгисига алмаштирилади. Масалан, кўчадаги “Тошкент шаҳри” деб ёзилган катта ёзув 5 йил давомида осилиб турса ҳам, ҳеч қанақа муаммо эмас, уни албатта эртагаёқ “Toşkent şahri” деб ўзгартириш шарт бўлмайди.
Хат учун бланклар, веб-сайтлар, ёрлиқлар, ресторан менюлари, чипталар ва бошқа шу каби ёзув билан боғлиқ маҳсулотларда ҳам худди шу қоида ишлайди. Қачон янгисини чиқаришга табиий эҳтиёж туғилганда 4 та янги ҳарфдан фойдаланилади. Унгача сунъий равишда алмаштириш ёки мажбурлаш талаб этилмайди.
“Ng” ҳарф бирикмасининг алифбодан чиқарилиши бўйича
Ижтимоий тармоқларда “энди “bodring”, “mening”, “boring”, “keling” сўзларни қанақа ёзамиз?” дея берилаётган саволлардан билиш мумкинки, ўзгаришлар бироз нотўғри талқин қилинмоқда.
“Ng” ҳарфи билан ёзувда ҳеч нарса ўзгармайди, bodring – bodring, mening – mening, boring – boring, keling – keling ёзилаверади. Яъни “ng” деган товуш бекор қилинмаяпти, уни талаффузда ишлатаверамиз, шунчаки алифбодан алоҳида 2 та ҳарфдан ташкил топган “ng” ҳарф бирикмаси чиқариб ташланяпти ва бу тўғри қарор.
Ўзбек тилида товушлар кўп, лекин уларнинг барчасига ҳам ҳарф йўқ. Бошқа тилларда ҳам худди шунақа. Бу фожиа эмас.
Кўпчиликни қўрқитган алдамчи тасаввур шу бўлди-ки, энди “bodring” сўзини – bodrin, “keling” сўзини – kelin шаклида ёзамиз, дея ўйлашди. Лекин бундай эмаслигини билиб олдингиз деган умиддаман. Хуллас, ҳеч нарса ўзгармаяпти бу борада.
“Ўткан кунлар” романининг 2 хил варианти.
Ҳозирги алифбода: 220 бет, 607 минг 721 символ.
4 тагина ҳарф ўзгарса: 207 бет, 568 минг 877 символ.
Фарқ: 13 бет, 38 минг 844 символ.
Агар бир йилда 10 минг дона “Ўтган кунлар” романи чоп этилса, бу 130 минг бет тежалади дегани. Биттагина китобда şunça. Энди сиз буни миллионлаб тираждаги дарсликлар ва китобларга кўпайтиринг.
Мен ҳали битта ҳарф учун 2 та, баъзан 4 та тугмани босишга сарфланадиган вақт ва кучни айтмаяпман. Буни ўлчаш қийин чунки.
Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ҳуқуқшунос
Тил халқнинг фикрлаш тарзи ва миллий кодидир
“Алифбо ислоҳоти – бу шунчаки ҳарфларнинг шаклини ўзгартириш ёки навбатдаги имловий тартиб эмас. Бу – ўз вақтида геосиёсий вазият ва техник номукаммаллик сабаб занжирбанд қилинган она тилимизни ўз табиий озодлигига қайтаришдир. 30 йил давомида тилимизни тайёр компьютер клавиатурасига сиғдиришга уриндик ва бунинг бадалини бутун бошли авлоднинг саводхонлик даражаси, рақамли тизимлардаги оқсоқликлар ва миллионлаб иқтисодий исрофгарчиликлар билан тўладик.
Қанчалик аччиқ бўлмасин, бу адолатли эътироф. Гап алифбодаги 4 та белгининг ўзгаришида эмас, балки алифбога нисбатан қарашнинг ўзгаришида. 1993 йил 2 сентябрда Ислом Каримов томонидан имзоланган илк қонунда ўзбек лотин алифбоси мукаммал, яхлит ва диакритик (ҳарф усти ёки остидаги) белгиларга эга шаклда лойиҳалаштирилганди. Унда бугун биз қийналаётган товушлар учун Ç ç (Ch), Ş ş (Sh), Ğ ğ (G‘) ва Ö ö (O‘) ҳарфлари белгиланган эди. Бу вариант ўша даврда янги мустақил бўлган туркий давлатларнинг умумий лотин андозасига бирлашиш, маданий ҳамда сиёсий интеграциялашув стратегиясига тўлиқ мос келарди.
Аммо 1995 йил 6 майда қонунга киритилган ўзгартириш билан алифбомиз ҳозирги ноқулай аҳволга келтирилди. Бунга Туркия билан сиёсий муносабатларнинг совуқлашгани сабаб умумий туркий белгилардан қочиш ва компьютер клавиатураси стандартига сиғиниб, тилни техникага қурбон қилиш омили сабаб бўлган, дейишмоқда депутатларимиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Сенатга юборди. Сенат кўриб чиқиши кутилаётган янги қонун лойиҳаси алифбони 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат қилишни назарда тутмоқда.
Яъни муаммоли тўртта ҳарф яхлит, диакритик шаклга ўтказилади. Бу тизим инсоннинг ўқиш ва ёзиш тезлигини оширади, компьютерда териш жараёнини соддалаштиради. Бугун Сенат муҳокамасига тақдим этилган янги лойиҳа миллат маданияти, маорифи ва келажаги учун узоқ йиллик стратегик инвестициядир. Тил халқнинг фикрлаш тарзи ва миллий кодидир. Уни замон ва технология талабларига мослаш эса давлатчилик масъулияти ҳисобланади.
Эндиликда техника тилни чеклаши эмас, балки рақамли дунё имкониятлари ўзбек тилининг содда, мукаммал ва яхлит тизимига хизмат қилиши керак. Халқ ўз алифбосини компьютер клавиатурасига эмас, балки клавиатурани ўз тилига мослаштирадиган даврга ниҳоят етиб келди” дея пост жойланган Pressuzb телеграм каналида.
Тарих
Жараён
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ