2029 йил инсоният жиддий синовдан ўтади. NASA мукофотлаган икки ўзбек астрономи билан суҳбат


Сақлаш
13:10 / 07.07.2026 161 0

2022 йил 26 сентябрда инсоният тарихида мисли кўрилмаган воқеа юз берди. Чексиз коинотда ўзича парвоз қилиб юрган астероидлардан бири – Диморфоснинг йўлдошига “NASA”нинг DART (Double Asteroid Redirection Test) космик аппарати аниқ йўналтирилган зарба берди. Ва бу астероид миллиард йиллардан буён муқим бўлган орбитасини – парвоз йўналишини ўзгартириб, бошқа йўналишда уча бошлади. Яъни астероид инсон иродасига бўйсунди.

 

Миссиянинг мақсади оддий эмас эди. Биламизки, коинотдаги сон-саноқсиз юлдузлару сайёралар орасида она Еримиз чанг зарраси кабидир. Ҳозиргача олисларда учиб юрган миттигина комета-ю астероидлар ҳам унга жиддий хавф туғдириши, дейлик, ундаги ҳаёт шамини ўчириб қўйиши мумкин.

 

Шу боис олимлар кўп йиллардан бери Ерга потенциал хавф туғдирувчи астероидлардан инсониятни ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашади. DART миссияси Ер шарини фазовий хуружлардан ҳимоя қилишнинг реал механизмларини синаб кўриш йўлидаги илк тажриба бўлди. Бу тажрибани дунё бўйлаб 28 та обсерватория ва юзга яқин олим кузатиб борди. Улар орасида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтининг етакчи ходимлари Отабек Бурҳонов ва Камолиддин Эргашев ҳам бор эди.

 

Майданак обсерваториясининг ноёб астроиқлим имкониятидан унумли фойдаланган ўзбек олимлари меҳнати, олинган илмий маълумотлар ва таҳлиллар NASA томонидан юқори баҳоланиб, бу икки олим нуфузли “Group Achievement Award” мукофотига муносиб кўрилди. Бу нафақат шахсий ютуқ, балки Ўзбекистон астрономиясининг жаҳон фанига қўшган улкан ҳиссасидир.

 

Отабек Бурҳонов – астроном олим, физика-математика фанлари номзоди, ЎзФА Астрономия институти лаборатория мудири. 2012 йилдан буён институтнинг Майданак расадхонасида олиб борилаётган барча маҳаллий ва халқаро илмий лойиҳаларни мувофиқлаштиришга раҳбарлик қилади. Унинг илмий ишлари астрономик объектларни кузатишнинг замонавий усуллари, олинган маълумотларни қайта ишлаш учун математик дастурлар тузиш ва турли операцион тизимларда ишлаш методикасига қаратилган. “WoS” (Web of Science) ва “Scopus” базаларида индексланувчи халқаро журналларда 55 та илмий мақоласи чоп этилган. Юқори илмий нуфуз белгиси ҳисобланган h-индекси (Ҳирш индекси) 20 га тенг. Олим иштирокида иккита ўқув қўлланмаси тайёрланган. Кўплаб давлат ва халқаро грантларга илмий раҳбарлик қилган. Халқаро TWAS грантида масъул ижрочи сифатида қатнашган.

 

 

Отабек Бурҳонов Япония, Хитой, Россия, Германия астрономлари билан илмий ҳамкорлик қилади. У АҚШнинг NASA ташкилоти ҳамда SVOM каби йирик халқаро космик миссияларда фаол иштирок этиб келмоқда.

 

Камолиддин Эргашев – физика-математика бўйича фалсафа доктори. Катта илмий ходим, астрономия соҳасидаги истиқболли ёш олимлардан бири. Қуёш тизимидаги кичик жисмлар – астероидларнинг физик хусусиятларини ўрганади. Астрофизика соҳасида 50 дан зиёд илмий мақола ва тезиси чоп этилган. Халқаро илмий марказлар (Япония, АҚШ ва Европа мамлакатлари) билан ҳамкорликда ўнлаб астероидларнинг йўлдошларини кашф этишда фаол қатнашган. Қуёш тизимидаги 30 га яқин кичик жисмнинг айланиш ва шакл хусусиятларини аниқлаган. “NASA”нинг сайёравий мудофаа мақсадидаги DART миссияси доирасида оптик кузатувлар олиб бориб, тажриба муваффақиятини илмий тасдиқлашга катта ҳисса қўшган.

 

– Бу лойиҳада ишлаш имконияти қандай пайдо бўлди? Шу ҳақида гапириб берсангиз.

 

Отабек Бурҳонов:

 

– Биз асосан Майданак расадхонасида ишлаймиз. Юлдузлар, астероидлар ва бошқа осмон жисмларини мунтазам кузатиб, маълумот тўплаймиз. Албатта, бу ишни ёлғиз ўзимиз бажармаймиз. Чунки осмонга бир ўзинг тикилсанг, кўп нарсани кўролмайсан. Дунё расадхоналари, олимлари ҳамкорлик қилсагина бирон арзирли натижага эришиш мумкин. Биз ҳам дунёнинг астрономия марказлари, етук олимлари билан ҳамкорлик қиламиз. Доимий мулоқотдамиз. Бир куни чехиялик ҳамкорларимиз “Янги, қизиқ ва масъулиятли лойиҳа бор, қатнашасизларми?” дея таклиф қилишди.

 

Албатта, улар бизнинг техник ва илмий имкониятимизни яхши билгани, салоҳиятимизга ишонгани учун таклиф қилишди. Майданак расадхонаси жуда қулай жойлашган, унинг астроиқлими – тоғдаги юқори шаффофлик, паст атмосфера тўсиғи ва ёруғликнинг минимал ифлосланиши жаҳон даражасидаги кузатувларни амалга оширишга имкон беради. Қолаверса, бу астероидни биз анчадан буён мунтазам кузатиб келаётган эдик.

 

Шу боис DART миссиясининг стратегияси, илмий мақсадлари ва вазифаларини батафсил ўргандик. Унда қатнашиш, янги илмий ютуқларга эришиш ўз йўлига. Бироқ яна бир фойда – Ўзбекистон номини жаҳон майдонида яна бир поғона кўтариш имконияти бор эди. Шунинг учун дарҳол рози бўлдик. Энг сифатли, ишончли ва илмий жиҳатдан қимматли маълумотлар олаётганимизни ҳамма кўриб турди.

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Отабек ака айтганидек, биз бу объектни DART эксперименти бошланишидан анча олдин кузата бошлаган эдик. Чехиялик ҳамкорларимиз буни билишарди. Расмий таклиф тушгач, аллақачон тўплаган маълумотларни тақдим этдик. Самодаги митти юлдузча – астероид орбитасини ўзгартириш йўлидаги тажрибага қўшилишга илмий имкониятимиз етишини исботладик. Яъни, дунё бўйлаб DART миссиясини кузатадиган халқаро жамоага қўшилишимиз тасодиф эмас, балки салоҳиятимизнинг тан олиниши бўлди.

 

Жами 28 та обсерватория ва юзга яқин олим иштирок этган бу йирик халқаро лойиҳада Ўзбекистондан икковимиз қатнашдик. Бу катта масъулият ва айни вақтда шараф ҳам эди. Бир ярим йил давомида маълумот тўпладик. Уларни қайта ишлаб, чуқур таҳлил қилиб, астероид тизимидаги ўзгаришларни аниқлаб, илмий жамоатчиликка тақдим этиб бордик.

 

– Ушбу лойиҳа фанга нима берди? Оддий одамлар учун ҳам бирон нафи борми?

 

Отабек Бурҳонов:

 

– Бу жуда муҳим савол. Физика ва кимё фанлари лабораторияда тажриба ўтказиши, ғоя ва назарияларини текшириб кўриши мумкин. Аммо астрономияда бу иложсиз иш. Асосий қийинчилик шундаки, осмондаги воқеаларни Ерда қайта яратиш имкони йўқ. DART миссияси эса инсоният тарихида илк бор табиий йўлдош орбитасини сунъий тарзда ўзгартиришга муваффақ бўлди. Бу фақат илмий ютуқ эмас, балки инсониятнинг коинотга нисбатан ўз кучи ва имкониятини намойиш этишидир.

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Ҳозиргача Қуёш тизимида бир ярим миллионга яқин астероид аниқланган. Уларнинг қирқ мингдан ортиғи вақти-вақти билан Ерга яқинлашиб туради. Баъзилари глобал хавф туғдирса, айримлари маълум ҳудудлар учун жиддий хатар. Агар шундай хавфли объект Ер билан тўқнашиши аниқ бўлиб қолса, инсоният нима қила олади?

 

DART эксперименти мана шу саволга жавоб топиш учун ўтказилди. Назарий таклифлар кўп эди: астероидни бўяш, портлатиш, тортиб кетиш ва ҳоказо. Лекин назарияни амалда синаб кўрмасангиз, у фақат ғоя бўлиб қолаверади. Шунинг учун астероиднинг ўзига эмас, унинг хавфсиз йўлдошига зарба берилди. Мақсад – орбита ўзгарадими-йўқми, шуни текшириш эди. Натижада астероид йўлдошининг тезлиги 33 дақиқага ўзгарди. Бу инсониятнинг осмон жисмлари орбитасини бошқара олишининг илк ишончли исботи бўлди. Келажакда бундай экспериментлар кўпайиши мумкин.

 

– Бу ўзбек астрономияси учун ҳам катта ютуқми?

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Албатта. Бу шунчаки мукофот эмас, балки узоқ йиллик меҳнат, профессионаллик ва жамоавий ишнинг самараси. Ҳозир фан жуда тез ривожланмоқда. Агар орқада қолиб кетишни истамасак, йирик халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этмоғимиз шарт. Бизда ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Айрим табиий ва сунъий тўсиқларга қарамай, бундай лойиҳаларда қатнашишнинг ўзи катта ютуқ ва келажак учун муҳим қадам.

 

– Нега бизда фан кутилган даражада ривожланмаяпти деб ўйлайсиз?

 

Отабек Бурҳонов:

 

– Бизнинг халқда илмга қобилият ва истеъдод азалдан етарли – буни тарихимиз ҳам яққол исботлайди. Лекин кейинги ўн йилликларда айрим омиллар таъсирида ташаббускорлик ва мустақил фикрлаш камайиб кетди. Чунки совет давридаги марказлашган тизим кўпчиликни “тайёр кўрсатма” билан ишлашга ўргатиб қўйган. Ҳолбуки, ҳақиқий илм айнан мустақил тафаккур, таваккал қилиш ва янги йўллар излашни талаб этади. Бизда ҳалигача собиқ тузумдан қолган давлат режалаштириш тизими ҳукмронлик қилмоқда. Афсуски, бу касаллик фан соҳасини ҳам четлаб ўтмади. “Бир йилда фалонта мақола чиқаришинг керак”, “Планни тўлдиришинг шарт” деган мажбуриятлар илм аҳлининг тинкасини қуритмоқда. Кечирасиз-у, бу завод эмас, бу – илм! Тажриба ва тадқиқотлар қандай якун топишини ҳеч ким башорат қила олмайди. Ҳеч ким! Бир йилда фалонта мақола ёзиш мажбурияти остида ишлаётган олимдан сифат кутса бўладими? Бундай сунъий тизимда кўзбўямачилик кўпаяди, ҳақиқий илм эса ўлади.

 

Энг ачинарлиси, олимларимизни баҳолашда миллий мезонларимиз йўқ. Чет элнинг “Web of Science” ёки “Scopus” деган тизимларига кўр-кўрона эргашиб юрибмиз. Ваҳоланки, давлатимиз томонидан Алишер Навоий номидаги муҳташам кутубхона барпо этилган. Нима учун бу имкониятдан унумли фойдаланмаяпмиз? Грантларни шу кутубхонага йўналтириб, маҳаллий олимларимизнинг миллий рейтинг тизимини яратиш фурсати етмадими? Тўғри, хорижнинг технологиясини ўзлаштириш керак, аммо ёндашувни ўзимиз ташкил этсак бўлади-ку!

 

 

Илмий ишлар сифати масаласи ҳам долзарб. Кўп диссертациялар формал ҳимоя қилинмоқда, уларнинг амалий аҳамияти ва жорий этилиш даражаси деярли сўралмайди. Чет элда илмий ишнинг натижаси реал ҳаётга татбиқ этилса, давлат ёки хусусий сектор томонидан қўлланади. Бизда эса олим кўп ҳолларда нафақат ўз муаммоси, балки ютуқлари билан ҳам ёлғиз қолади. Диссертация ёзибсан, илмий ишингни ёқлабсан, натижаси қани деб сўровчи йўқ. Чунки илмий натижага қизиқадиган муҳит, тизим йўқ. Илмий ютуқларни ҳаётга жорий қилишнинг механизми ишламайди.

 

Диссертациялар савияси пастлиги масаласига қайтсак. Ривожланган давлатларда STEM (фан, технология, инженерия ва математика) йўналиши бўйича қатъий талаблар бор. Ишончим комилки, педагогика соҳасидаги сохта олимларимизнинг бирортаси STEM талабларига жавоб бермайди. Ишларнинг сони кўп, аммо сифати паст. Педагогика йўналишида қатор диссертациялар ёқланаяпти, бироқ уларнинг аксарияти ўта паст савияда. Бунинг иккита асосий сабаби бор: биринчиси – ўша илмий ишларнинг ҳақиқий қийматини холис баҳолайдиган мукаммал тизим йўқлиги. Иккинчиси – амалий натижаларнинг назорат қилинмаслиги. Ҳеч ким тадқиқотчидан “Мана, диссертация ёзибсан, қандай натижа олдинг? Уни қаерда қўлладинг?” деб сўрамайди. Натижада савиясиз, ҳеч кимга кераги йўқ китоблар чоп этилаверади. Вазиятни яхшилаш учун миллий илмий рейтинг тизимини яратиш ва илмий ишларнинг амалий самарасини баҳолаш механизмларини жорий этиш шарт.

 

Таълим занжиридаги яна бир оғриқли нуқта – мактаблардаги аҳвол. Кўпинча “нега юртимиздан яхши муҳандислар етишиб чиқмаяпти?” деб бонг урамиз. Сабаби оддий: замин бўш. Мактабларда айниқса физика ўқитувчилари етишмайди, ваҳоланки, аниқ фанларнинг асосини физика ташкил этади.

 

Ўқитувчи обрўси пасайгани, ота-оналар билан муносабатнинг ўзгариши ҳам таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хорижда вазият бутунлай бошқача. Бир мисол: Германияда бошқа соҳа вакиллари ўқитувчилар билан тенг маош ва имтиёзлар талаб қилганида ўша пайтдаги канцлер Ангела Меркел ОАВ орқали кескин жавоб берган эди: “Уялмайсизларми? Сизлар қўлларингиздаги оддий ручкани тутишни ўрганиб, шу даражага етгунингизча мана шу ўқитувчиларнинг қўлида тарбия топгансиз-ку!”. Мана шу биргина жумла билан ўқитувчиларнинг мақоми ва маоши атрофидаги баҳсларга чек қўйилган.

 

Бизда эса муаллимларнинг қадри тушиб кетган. Кўча-кўйда “ўқитувчи бўлиб барака топармидинг?” деган совуқ гаплар ҳали ҳам қулоққа чалинади. Тўғри, озми-кўпми ўзгаришлар бўлаяпти, лекин ҳали тизим тубдан соғломлашгани йўқ. Ваҳоланки, тез орада ўқитувчининг қадри олтинга тенг бўлади. Чунки замонавий технологиялар кириб келгани сайин барибир ҳақиқий билимдон, фидойи устозларга эҳтиёж ортиб бораверади. Муаллимни ҳурмат қилмасак, жамиятда билим даражаси пасайиб кетиши муқаррар.

 

Яхши ўқитувчи тайёрлаш билан иш битмайди, унга етарли шароит яратиш ва уни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш шарт. Бугун мактабларда ўқитувчиларни ҳақорат қилиш, ҳатто уларга қўл кўтариш ҳолатлари ҳақида тез-тез эшитаяпмиз. Яқинларим, қариндошларим орасида ҳам педагоглар бор. Яқинда улардан бири мактабдан кетиб қолибди. Сабабини сўрасам, “Тарбиясиз бир ўқувчига қаттиқроқ гапирган эдим, устимдан шикоят қилишибди. Ойлигимдан ўн фоиз жарима тўладим. Бунақа шароитда қандай ишлайман?” дейди.

 

Энг катта хато – ҳали соҳада кадрлар миқдорини таъминламай туриб, улардан юқори сифат талаб қилаётганимиз. Масалан, мактабларда оддий физика ёки бошқа аниқ фан ўқитувчилари етишмайди. Бори ҳам зўрға дарс ўтаяпти. Биз эса ўша ўқитувчига “Миллий сертификат олиб кел, мақола чиқар, у қил, бу қил” деб шарт қўямиз. Аввал соҳани тирик кадрлар билан тўлдириб олайлик. Ишлаётган қатламдан ташқари, камида ўн фоиз захира кадрлар шакллансин. Шундан кейингина талабни босқичма-босқич кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Бу муаммоларни нега ижтимоий тармоқларга олиб чиқиб, бонг урилмайди деган савол туғилиши табиий. Бироқ “Айтилмаган жойга борма, айтилган жойдан қолма” деган нақл бор. Таълим менежменти бўйича катта лойиҳа ва таклифлар бор, аммо вақтни фақат виртуал дунёдаги баҳсларга сарфласак, асл илмий фаолиятдан, мукофот ва натижалардан маҳрум бўламиз. Олим одам вақтини ё унга, ё бунга ажратиши керак.

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Менингча, энг катта тўсиқлардан бири – соҳада аниқ давлат буюртмаси ва стратегик йўналишнинг етишмаслиги. Масалан, биз телескопларни модернизация қилиш бўйича лойиҳа тақдим этганмиз. Янги, қиммат телескоп сўрамадик. Борининг самарадорлигини ошириш, замонавий сенсорлар ва бошқарув тизимлари билан жиҳозлашни таклиф қилдик. Бу орқали кузатувлар сифатини анча яхшилаш мумкин эди. Аммо... Кенгаш лойиҳамизни рад этди.

 

Муаммо нимада? Муаммо – илмий-техник кенгашларда соҳани чуқур тушунадиган мутахассислар камлиги. Давлатдан тахминан бир-икки млрд сўмча маблағ сўрагандик. Мақсадимиз – шу маблағ эвазига учта йирик телескопни модернизация қилиш эди. Аслида биз сўраган пулга битта ҳам янги телескоп сотиб олиб бўлмайди, лекин бор ускуналарни янгилаб, фан хизматига шайласа бўларди.

 

Энг қизиғи, Илмий-техник кенгаш таркибида хорижда – ҳашаматли расадхоналарда ишлайдиган асли ўзбекистонлик бир олим бор экан. У соф назариётчи. Кенгашда туриб “Бу лойиҳа ҳозирги ўзбек фанига керак эмас. Мана, Чилидаги энг замонавий телескопга 10 млрд доллар ажратилди. Чилида ҳамма телескоплар автоматлаштирилган, у ерга бориб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ” деб даъво қилди.

 

Биз эса шўро давридан қолган учта эски телескопни асраб қолиш ва модернизация қилиш учун бор-йўғи бир млрд сўм сўраяпмиз! Хорижда тайёр шароитда, катта маош билан маза қилиб ўтирган ўша олимга бизнинг муаммолар бегона. Бу худди Мария-Антуанетта “Халқ нон сўраяпти” деган гапга жавобан “Нон бўлмаса, торт ея қолишсин” деган машҳур латифага ўхшайди. Яна бири чиқиб “Бунақа нарсаларга Инновация вазирлигидан пул сўраманглар” дейди. Инновация пул бермаса, илмий ускунани янгилашга ким пул беради?

 

Энг катта фожиамиз – Илмий-техник кенгашларда айнан шу соҳанинг иссиқ-совуғини кўрган, кузатув ва тажриба қилган ҳақиқий амалиётчи мутахассисларнинг йўқлигида! Кенгашда ўтирганларнинг аксарияти математик, механик ёки соф назариётчи. Улар умрида бирор марта расадхонада тунаб, кузатмаган, эксперимент нималигини билмайди. Эксперимент қуроли, ускунаси қандай ишлаши ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас. Биз “ёшларни чет элга юбориб ўқитиб келамиз” деймиз-у, лекин у ерга борганлар ҳам фақат назария билан шуғулланиб, кузатув машаққатини кўрмай, пул топиш илинжида ўша ёқларда қолиб кетаяпти.

 

Биздан эса доим “жаҳон даражасидаги илм” талаб қилишади. Майли, сўрашсин, лекин аввал ўша даражадаги шароит ва маблағни бериб қўйишсин!

 

Бугун фанни ривожлантирмоқчи бўлсак, биринчи навбатда тадқиқот институтларида техник-муҳандис (инженер) лавозимини жорий этишимиз шарт. Чунки ёшларни учинчи-тўртинчи курсда ўқиётгандаёқ шу лавозимга ишга олиб, тарбиялаш керак. Ҳозир грантлар ҳисобидан зўрға жон сақлаб турибмиз. Амалдаги қонунчиликка кўра, талабани кичик илмий ходим қилиб ишга ололмаймиз – бунинг учун камида магистрлик дипломи керак. Улар бакалавр даражаси билан бир йил олдимизда боши қотиб, сарсон бўлиб юришади.

 

Қолаверса, бакалавр босқичини битирган ёшларнинг деярли ҳаммаси оила қурган бўлади. Айниқса, илм йўлидан кетишни танлагани. Чунки илм руҳий сокинликни ҳам талаб қилади. Энди улар оила боқиши керак. “Кичик илмий ходим бўлолмаса, лаборант қилиб ишга ол” дейишингиз мумкин. Лекин институтда бор-йўғи беш-олтита лаборант штати бор, унинг ойлиги эса атиги бир миллион икки юз минг сўм атрофида! Бу пулга оила боқиб бўладими? Бу маошга фақат уйда ўтириб зериккан, рўзғор ташвиши бўлмаган ёки ёши катта инсонлар келиши мумкин, холос.

 

Ҳолбуки, ҳозирги техника замонида бизга янги технологияларни сувдек ичиб юборган ёшлар керак. Ёши катта ходимлар тажрибали бўлиши мумкин, лекин уларга “Компютерда мана бу матнни териб беринг” ёки “Word” дастурида тезгина ҳужжат тайёрлаб беринг” десангиз, клавиатурадан ҳарф қидириб соатлаб ўтиришади. Фанга замонавий фикрлайдиган, ускуна тилини тушунадиган ёш кучлар ва уларни ушлаб туриш учун муносиб шароит керак.

 

– Илмга қадам қўйишингиз тақдир тақозосими ёки қатъий танлов? Айнан сирли астрономия соҳасини танлашингиз замирида ёшлик романтикаси ётадими ёки аниқ мақсад?

 

Отабек Бурҳонов:

 

– Болаликдаги орзуларим мени кўкка – учувчиликка етакларди. Учувчи амакимга ҳавас қилиб улғайдим. Ҳатто самовий парвозлар учун махсус жисмоний тайёргарликдан ҳам ўтдим. Бироқ тақдир экан, тиббий кўрсаткичларим тўғри келмагач, оила катталари “Майли, ҳозирча математика соҳасида ўқиб тур-чи” дея маслаҳат беришди. Шу тариқа Андижон давлат университетининг математика факултетига йўл олдим.

 

Астрономияга боғланиб қолишим – болаликдан самога интилишим ва ҳаётимда учраган буюк устозларнинг туҳфаси деб ўйлайман. Замон алғов-далғов бўлиб кетди, аммо илмга содиқлик кетмади. Иқтидорларни таний оладиган ноёб қалб эгаси – устозим Муйдин Мўминов ҳаётим чароғбони бўлди. У киши мени компютер технологиялари оламига олиб кирди, сўнг Астрономия институтига йўналтирди. У ерда эса яна бир устозим Салоҳиддин Нуриддинов мени илмнинг чинакам заҳматли ва шарафли йўлига бошлаб кетди.

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Менинг болаликдаги орзуларим эса бутунлай бошқача эди – журналист бўлмоқчи эдим. Гапга чечанлигимдан буни сезиш қийин эмас (кулади). Қишлоқда ўсган оддий бир бола сифатида қизиқишларимнинг чеки йўқ эди. Бир парча тахтага мих қоқиб, ўзимча қуёш соати ясаганим ҳалигача ёдимда. Радиотехникага иштиёқим баланд эди, тинимсиз нималарнидир кашф қилишга уринардим. У даврларда ҳозиргидек шароит, робототехника ёки дастурлаш тўгараклари қайда дейсиз?! Бор-йўғи ички бир интилиш бор эди, холос.

 

Қишлоқ кутубхонасидан “Ёш радиотехник” китобларини топиб ўқирдим. Рус тилини мукаммал билмасам-да, ундаги мураккаб схемаларни бир кўришдаёқ англардим. Эҳтимол, Худо берган иқтидор шудир. Ўзимча митти радиоузаткичлар ясардим. Мана шу болалик оташи мени Ўзбекистон миллий университетининг физика факултетига етаклаб келди. Кейинчалик тақдирим астрономия билан туташди. Бугун ҳам қалбимдаги икки ишқни айро қилганим йўқ: электроника ва астрономияни бирдек олиб бораяпман.

 

– Илм йўлининг энг машаққатли, энг оғир нуқтаси нимада деб ўйлайсиз?

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Биласизми, илмнинг ўзи мураккаб эмас. Энг қийини – унинг атрофидаги ижтимоий ва маиший муаммолар. Бугунги кунда асл мутахассисларни, ёш истеъдодларни соҳада ушлаб қолиш энг оғриқли нуқтамизга айланди. Ёш олимлар тирикчилик важидан ёки каттароқ имконият излаб чет элга кетмоқда. Баъзилари эса илмдан бутунлай совиб, соҳани ташлаб кетаяпти. Инкор этиб бўлмайди: олимга фақатгина парвоз қилувчи юксак ғоялар эмас, балки ердаги оддий шароит ҳам керак. Шароит бўлмаган жойда энг истеъдодли одамни ҳам тутиб туролмайсиз. Шу боис бизнинг бугунги бош мақсадимиз фақатгина мақола ёзиш эмас, балки ўзимиздан кейин ёшлар фахр билан ишлай оладиган мустаҳкам, соғлом бир тизим қолдиришдир.

 

– Астрономияда сизнингча ҳали жавоби топилмаган энг катта савол нима?

 

Отабек Бурҳонов:

 

– Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша ечилмаган тугунлари, йиллар давомида жавоб изланаётган муаммолари бор. Агар барча жумбоқлар ечилиб бўлганда эди, фаннинг ривожи тўхтаб қолган бўларди. Бугунги кунда астрономия ва астрофизика соҳасида ҳам бизни ўйлантираётган энг катта масалалардан бири – масофани ўлчаш аниқлиги муаммоси.

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Астрономия – ўзига хос мураккаб соҳа. Биз ўрганаётган объектларимизни ушлаб кўра олмаймиз, уларнинг ҳидини туйиш ёки бевосита лаборатория шароитида тажриба ўтказиш имкони йўқ. Биз фақат узоқдан кузатамиз ва математик моделлар тузамиз. Аммо энг қизиғи шундаки, кўп ҳолларда биз тузган моделлар реал кузатув натижаларига мос келмайди. Шундай пайтда олимлар тенгламани тўғрилаш учун унга бирон-бир “номаълум функция”ни қўшишга мажбур бўлишади. Масалан, галактикаларнинг ҳаракат тезлиги ва уларни ушлаб турувчи энергия ҳисоб-китоб қилинганда, кўзга кўринадиган материянинг кучи етишмаслиги аён бўлади. Математик жиҳатдан етишмаётган бу бўшлиқни тўлдириш учун фанга “қоронғи энергия” ва “қоронғи материя” тушунчалари олиб кирилди. Аслида “қоронғи” деб номланишининг боиси ҳам унинг нималигини билмаслигимизда. Бу инсоният ўзи тушунмаган, табиатини англаб етмаган нарсага берган шартли ном, холос. Тасаввур қилинг, биз коинотнинг бор-йўғи беш фоизини кўра оламиз, қолган 95 фоизи эса биз учун ҳали ҳам сирли ва қоронғилигича қолмоқда. Бу ҳали ҳеч ким ичига кириб кўрмаган, тажрибада тўлиқ исботланмаган катта бир муаммо.

 

– Яна ўн-йигирма йилдан кейин илм дунёсида қандай инқилобий ўзгаришлар бўлишини кутаяпсиз?

 

Камолиддин Эргашев:

 

– Бугунги кунда фан шиддат билан ривожланмоқда. Яқин ўн-йигирма йилликда астрономия ва космик тадқиқотлар соҳасида инқилобий ўзгаришлар юз бериши муқаррар. Хусусан, 2029 йилда Ер сайёрасига жуда яқин масофадан ўтиб кетиши кутилаётган Апофис астероиди инсоният учун катта синов бўлади. Диаметри 370 метрча бўлган бу улкан осмон жисмининг Ер билан тўқнашиш эҳтимоли олимларни жиддий ўйлантираяпти. Ҳисоб-китобларга кўра бу каби объектларнинг таъсири жуда улкан ҳудудларни яксон қилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, яқин ўн йилликда инсониятнинг “Сайёравий мудофаа тизими” жиддий синовдан ўтади.

 

Отабек Бурҳонов:

 

– Келажакда тадқиқот услубларимиз ҳам тубдан ўзгаради: маълумотларни таҳлил қилишда сунъий онг асосий ўринга чиқади. Кузатувларимиз Ердан космосга, яъни атмосферадан ташқарига кўчади. Ҳозир режалаштирилаётган икки ва беш метрлик янги авлод телескоплари коинот сирларини очишда янги уфқларни белгилаб беради. Эндиликда илмий натижаларни биргина муассаса ёки биргина олим қўлга киритиши қийинлашиб бормоқда. Фан энди глобал ҳамкорлик майдонига айланади. Бутун цивилизация, турли миллат ва давлатлар бирлашиб, коинот сирларини биргаликда ўрганадиган давр келди.

 

Шаҳноза РОФИЕВА суҳбатлашди

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 2-сон.

“Илм ва коинот чорраҳасида” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39889
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//