Ялдо кечаси арафасида мўл-кўл қор ёғди. Чангу ғубордан зада пойтахт осмони тозариб, тоза ҳаводан энтикиб нафас олаётгандек. Анчадан бери тўзон пардаси ортида деярли кўриниш бермай қўйган Чотқол тизмалари ҳам ниҳоят чиннидай ярақлаб кўзга ташланди. Оппоқ либосга бурканган шаҳарда кўнгилга хуш ёқадиган ажиб бир сокинлик. Якшанба бўлгани учун кўчада машиналар сийрак. Қорнинг залворидан шохи эгилган дарахтлар ҳам кўпдан буён интиқ кутилган бахтдан жилмаяётганга ўхшайди...
Бўзсув соҳилидаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуасига анча барвақт келдим. Тадбиргача ҳали кўп вақт бўлса-да, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фондининг биносига бир қанча ижодкор, зиёлилар келиб улгурган экан. Барчанинг кайфияти чоғ, фойедаги столлар теграсида қаҳва, чой ҳўплаб, суҳбатлашиб туришибди. Тележурналистлар елиб-югуриб камераларини ўрнатаяпти.
Машъум қатағонда қанчадан қанча улуғ боболаримиз қатл қилинган бу масканда ўзгача руҳ ҳукмрон. Ҳадемай бу ерда “Ялдо кечаси” номли янги роман тақдимоти бошланади.
Бундан бир неча кун олдин бир дўстим ҳаяжон билан шундай деди: “Ўткан кунлар” романининг давоми топилибди. Шу чоққача кўздан пана архивларда сақлаб келинган экан. Отабекнинг ўғли ва набиралари қисмати ҳақида. Кеча ўқиб тугатдим. Тил, услуб айнан Қодирийники. Ҳалигача шунинг таъсирида юрибман. Бобо ҳаммадан яшириб ёзиб кетган экан-да”.
Бундай кутилмаган гапга ишониш-ишонмасликни билмай ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ҳартугул, тез орада сир очилди – дўстимизни шошириб қўйган ўша асар устоз адибимиз “Ўткан кунлар” романи оҳангларида битган “Ялдо кечаси” романи экан. Ўзимча бу асарда ҳам ўтли севги қиссасига урғу берилган бўлса керак деб ўйлагандим. Бироқ мутолаа асносида тасаввурим остин-устун бўлиб кетди.
Ҳеч шубҳасиз, “Ялдо кечаси” романи миллий адабиётимиздаги фавқулодда ажойиб асардир. У нафис бадиий ифода услуби, қодирийча гўзал тили, турфа феъл ва мураккаб тақдир эгаси бўлмиш қаҳрамонлари билан мени ром қилди. Шу боис икки кеча-кундуз бош кўтармай ўқидим.
Машҳур “Ўткан кунлар” романи мотивлари асосида ёзилган асарда ялдо туни янглиғ чўзилган “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған” мустамлака даврининг даҳшатлари, жафокаш халқимизнинг бошига тушган адоқсиз кулфатлар чуқур дард ва изтироб билан очиб берилган. Романда Россия империяси босқини арафасидаги ва ундан кейинги даврда ўлкамизда ҳукм сурган аянчли вазият жуда ишонарли тасвирланган. Айниқса, Отабекнинг эл-юрт бошига соя солиб турган мустамлака балосининг олдини олиш илинжидаги ҳаракатлари, адоқсиз изтиробу ўкинчлари менга қаттиқ таъсир қилди. Қодирий ҳазратлари “Ўткан кунлар”да Отабекни маърифатли, ватанпарвар шахс сифатида тасвирлаган эди. Янги асарда Отабек бошига тушган синовларни енгиб ўтиб, эл-юрт озодлиги йўлида чинакам курашчига айланади. Абдулла Қодирийнинг ўзи романнинг давомини ёзганида, у ҳам Отабекни айнан шу йўсинда тасвирлаган бўларди деган ўй кечди хаёлимдан.
Шунингдек, маърифатни ўзига маслак тутган Ёдгорбекнинг янги усул мактаби очиши, газета чоп этиши ҳам чуқур мантиққа асосланган. Биз билган Отабекнинг зурриёди ана шундай йўл тутиши муқаррар эди.
“Ялдо кечаси”да тараққийпарвар боболаримизнинг машаққатли кечмиши, жадидлар ва қадимчиларнинг ғоявий кураши, мустамлакачиларнинг кирдикорлари тарихий далиллар асосида очиб берилган. Даврнинг ҳаққоний манзарасини акс эттириш учун муаллиф қанчадан қанча архив ва манбаларни ўрганиб чиққанини тасаввур қилиш қийин эмас.
Асарда Ёдгорбекнинг фарзандлари бўлмиш Озодбек ва Одилбекни ўзаро ғанимга айлантириб, охири икковини ҳам ҳалокат чоҳига улоқтирган шўро тузумининг ёвуз моҳияти ҳаққоний тасвирланган.
Хуллас, устоз адибимиз Хайриддин Султоннинг кўп йиллик изланишлари, юксак истеъдоди ва теран тафаккури маҳсули сифатида дунёга келган роман замонавий адабиётимизнинг катта ютуғи бўлганига шубҳа йўқ. Ушбу асарнинг фазилатлари тўғрисида ҳали кўп ва хўп ёзилишига ҳам ишончим комил.
Ҳар қандай асарнинг қўлёзмасини ўқиш ўз йўлига, бироқ уни китоб ҳолида мутолаа қилиш бошқача. Ана шунда таассурот ва тасаввур ҳам тўлиқроқ бўлади. Мана, ниҳоят кўпчилик орзиқиб кутган кун келди.
“Ялдо кечаси” асарининг тақдимоти айнан улуғ боболаримизнинг барҳаёт руҳлари кезиб юрган “Шаҳидлар хотираси” мажмуасида, ялдо кечаси арафасида ташкил қилингани замирида ҳам чуқур рамзий маъно бор.
Тақдимотдан кейин китоб билан ортига қайтаётган одамларни кузата туриб, уларнинг кўпчилиги янги асар мутолаасидан бош кўтаролмай, бугунги ялдо кечасини бедор ўтказиши тайин деган ўй кечди хаёлимдан.
Шу куни уйга қайтаётиб, кўп нарсаларни ўйладим. Устоз билан боғлиқ воқеалар бирин-кетин тасаввуримда жонланди...
“Қачон ёзиб улгурдингиз, устоз?”
Камина саккиз йилдан кўпроқ Хайриддин Султон билан ёнма-ён ишлаб, ўзимча улкан адибнинг табиатида жам бўлган қатор фазилатларни кашф этдим. Аввало у киши доимо қатъий ижодий интизомга риоя қилишига амин бўлганман. Вазифа нуқтаи назаридан зиммасида қай даражада катта масъулият борлиги, ҳар куни қанчадан қанча матн ва ҳужжатларни ўқиб, таҳрирдан ўтказишини айтмасам ҳам кўпчилик яхши билади.
Ана шундай шароитда ҳам у киши китоб ўқиш ва ижод қилишга вақт топади. Одатда Ёзувчилар уюшмасида чоп қилинган янги китобларни Хайриддин акага ҳам берамиз. Яшириб нима қилдим, бу китобларнинг аксарияти бизнинг столда ўқилмасдан қолиб кетади. Бироқ у киши бир неча кундан сўнг сатрлар тагига чизиб, аллақандай белгилар қўйилган таниш асарни варақлаб, у ҳақда ўз фикрини баён қилади.
– Қашқадарёлик Нафас Шодмон яхши драматург экан-ку, – деди у киши бир куни Нафас Шодмоннинг “Сайланма”сини кўрсатиб. – Тарихий мавзуларда ёзаркан. Драмаларининг бадиияти баланд, мазмунли, театрларда ҳам қўйилибди. Нега шу пайтгача ҳеч ким унга эътибор бермаган?
Бошқа гал Хайриддин ака бир нечта қалин китобни қўлимга тутқазди.
– Самарқанднинг чекка қишлоғида Хайриддин Бегматов деган кекса ижодкор яшаркан. Бир умр мактабда дарс бериш билан бирга, Амир Темур ҳақида учта тарихий роман битибди. Асарларини ўқидим. Яхши ёзилган. Мана шундай камсуқум ёзувчиларга ҳам эътибор бериш керак.
Хайриддин Султоннинг ижод олами ўзга бир дунё. У кишининг сўнгги йилларда нашр қилинган “Ҳақиқат жамоли”, “Навоий – 30”, “Ишонч телефони”, “Одамлардан тинглаб ҳикоя”, “Уч юз олтмиш тўрт кун”, “Осмони фалакларда” сингари китоблари, бир нечта драма ва киноқиссаларини адабий жамоатчилик катта қизиқиш билан қабул қилди. Барчаси ижодкорлар орасида шов-шув бўлган бетакрор, мағзи тўқ асарлар.
Бир сафар Хайриддин ака янги китобини совға қилганида ҳайратимни яширолмай, “Бу асарни қачон ёзиб улгурдингиз, устоз?” деб сўрадим.
– Иккинчи сменада – кечаси, – деди у киши. – Ижод учун алоҳида вақт, шароит керак деб қўл қовуштириб ўтирсак, умр ўтиб кетади. Сизлар ҳам шунга ҳаракат қилинг. Ҳар куни бир қоғоздан ёзиб борсангиз, бир йилда 365 саҳифали китоб пайдо бўлади.
Кўпинча устознинг навбатдаги ижодий ютуқлари ва жўяли маслаҳатларидан куч олиб, биз ҳам бир-икки кун қоғоз қитирлатиб қоламиз. Бироқ тез орада бундай заҳматга қўл силтаймиз. Чунки “бизнинг ишимиз кўп”, ўзгалар тугул, ўзимиз ҳам чиппа-чин ишонадиган баҳоналаримиз бисёр.
Чароғон кўчалар, мароқли суҳбатлар
Хайриддин Султон бошчилигида Наманган вилоятига хизмат сафарига бордик. Кун бўйи зиммамизга юклатилган ишлар билан андармон бўламиз. Кечқурун эса у кишига эргашиб шаҳар кўчаларида бир муддат сайр қиламиз.
Бундай чоғларда Хайриддин аканинг қулфи дили очилиб, бизга ўзи кўрган, таниқли арбоблардан эшитган ажойиб-ғаройиб ҳангомаларни сўзлаб беради. Ўшанда устознинг ровийлик маҳоратига ҳам тан берганман. Чунки тилга олинган ҳар бир воқеа жуда жонли, таъсирли эди. Енгил юмор, киноя ва қочиримлар билан зеб берилган ҳикояларда турфа табиатли одамларнинг ғалати кечмиши, кўнгил кечинмалари яққол акс этиб турарди.
– Бу воқеаларни қоғозга туширсангиз, ҳар бири ажойиб ҳикоя бўларкан, – дедим бир гал.
– Кўрамиз, – у киши қисқагина жавоб қилди.
Кўп ўтмай Хайриддин аканинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” деган китоби нашр қилинди. Уни ўқиб ҳайрон қолдим. Ахир бу китобда биз Наманган кўчаларида мароқ билан тинглаган таниш воқеалар жамланган эди. Сўнг билсам, у киши ўшанда ёзаётган ҳикоялари мазмунини сўзлаб берган, сайрдан қайтгач, меҳмонхонада тонгга қадар қоғоз қоралаган экан.
Маънавий бедорликка даъват
2025 йил май ойи охирида Хайриддин Султон бошчилигида бир гуруҳ таниқли ижодкор ва зиёлилар билан Қарши шаҳрига бордик. Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида адибнинг асари асосида Ўзбекистон санъат арбоби, машҳур режиссёр Олимжон Салимов саҳналаштирган “Уйғон, болам!” спектаклининг тақдимоти бўлди.
Қишлоқда яшайдиган бир танбал ва нотавон инсонни камбағаллик ботқоғидан халос қилиш билан боғлиқ гоҳ кулгили, гоҳ маҳзун кечадиган воқеалар жуда таниш эди. Дарров эсладим, саҳна асари “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китобидаги ҳикоялардан бири асосида яратилган. Қизиғи, муаллиф ўша ихчамгина ҳикояда тилга олинган воқеаларни ҳар томонлама ривожлантириб, саҳна санъати талабларига усталик билан мослаштирган.
Муаллиф асарнинг ғоясини кучайтириш, таъсирчанлигини ошириш мақсадида гротеск усулидан моҳирона фойдаланган, турли киноя ва қочиримларни усталик билан жой-жойига қўйган. Театр санъатида муҳим саналган воқеаларнинг изчил ривожи, конфликт, кульминация ва ечим ҳам жойида. Албатта, бу ўринда Олимжон Салимовнинг хизматлари ҳам катта бўлган.
Биз, пойтахтдан борган меҳмонлар учун унча таниш бўлмаган санъаткорлар асосий образлардан тортиб, эпизодик ролларгача қойиллатиб ўйнади. Баъзилар вилоят театрларининг ижодий салоҳиятига шубҳа билан қарайди. Бироқ асар зўр бўлса, ана шу масканларда ишлаётган камтарин, камсуқум санъаткорлар истеъдодининг қирралари очилиб кетар экан.
Қарийб бир ярим соат давом этган намойиш чоғида улкан залда бот-бот қаҳқаҳа ва қарсаклар янграб турди. Парда туширилгач, томошабинлар анча вақтгача тик туриб ижодкорларни олқишлади.
Шу куни биз устозимиз истеъдодининг яна бир қиррасини кашф қилиб, Қаршидан ёрқин таассуротлар билан ортга қайтдик.
Клавихо билан учрашув
Ҳар йили соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган 9 апрель санасида ул зотнинг пойтахтимиздаги муаззам ҳайкали пойида оммавий анжуман уюштирилади. Ўтган йили ана шу тадбирнинг дастурини устознинг назаридан ўтказиб олиш учун ҳузурига кирдим.
– Ҳамма маъруза ўқийверса, одамлар зерикиб қолади, – деди у киши дастур билан танишгач. – Бу галги тадбирга испан элчиси Клавихонинг монологини киритсак, яхши бўларди. Сизнинг драматургиядан хабарингиз бор, шу монологни ўзингиз ёзинг.
Бу энди маслаҳат эмас, топшириқ эди. Бажармасдан бошқа чора йўқ. Хуллас, Клавихонинг асарини синчиклаб ўқиб, унинг сўзларини қораладим. Монолог Хайриддин акага маъқул бўлди. Олимжон Салимов шу мўъжаз парчани саҳналаштириб берди. Истеъдодли актёр Илҳом Бердиев маҳорат билан ижро этган Клавихо монологи тадбирда кўпчиликка манзур бўлди.
– Қаранг, баъзилар Амир Темур саройига Испаниядан элчи келганини билмас экан, – деди эртаси куни Хайриддин ака. – Шу мавзуда спектакл яратилса ёмон бўлмайди. Энди бу монологни пьесага айлантирасиз.
Устознинг шу ундови сабаб бўлиб “Клавихо” драмаси ёзилди. Аниқроғи, пьесанинг қораламаси пайдо бўлди. Қўлёзманинг асарга айланишида ҳам устознинг ижодий рағбати, маънан қўллови бор.
Ижод аҳлига елкадошлик
Хайриддин Султоннинг энг катта фазилатларидан бири – Ёзувчилар уюшмаси, ижодкорларга хайрихоҳлигида, ғамхўрлигида десам адашмайман.
У киши ҳеч қачон адабиётимиз равнақи йўлида маслаҳат ва кўмагини аямайди.
Уч йилча бурун юз берган бир воқеани эсласам, ҳалигача мутаассир бўламан. Кунлардан бирида “Носир Фозиловнинг оиласи уйсиз, кўчада қолибди” деган нохуш хабар етиб келди. Маълум бўлишича, раҳматли Носир оғанинг ўғли тадбиркорлик билан шуғулланар экан. Бироқ пандемия сабаб касодга учраб, қарзларини тўлаш учун отамерос уйни сотишга мажбур бўлибди. Шундан сўнг улар Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод уйидан ажратилган коттежда бир муддат яшаган. Афсуски, қирқ ёшнинг нари-берисидаги йигит ҳам кутилмаганда оғир дардга чалиниб, вафот этади.
Кексайган чоғида ёлғиз ўғлидан ҳам жудо бўлган Муборак аянинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунинг устига, унинг Чилонзор туманидаги поликлиникалардан бирида ишлайдиган келини ва ўша ердаги мактабда ўқийдиган икки набираси йўлда қийнала бошлайди. Шу боис келин фарзандларини олиб ота-онасиникига кетибди. Муборак ая эса узоқроқ қариндошиникидан қўним топган эмиш. У умр йўлдошининг иккита қопга жойланган китоб ва қўлёзмаларини ўзи билан олиб кетибди.
Хайриддин ака Носир Фозиловни жуда ҳурмат қиларди. Бот-бот у билан боғлиқ хотираларини тилга олиб, оқсоқол адибнинг танти ва бағрикенг инсон бўлганини таъкидлар эди.
Шундай таниқли ёзувчининг оиласи кутилмаганда пароканда бўлиб кетгани у кишига қаттиқ таъсир қилиб, бир муддат ўйланиб қолди.
– Сирожиддин ака шу масалада Муборак опанинг номидан раҳбариятга хат йўлланганини айтаяпти, – дедим мен.
– Президентимиз ҳам Носир оғани жуда ҳурмат қиларди, – деди Хайриддин Султон. – Хатни ўқиса, албатта эътиборсиз қолдирмайди.
Орадан бир-икки кун ўтгач, Хайриддин ака мени олдига чақирди. Ҳозиргина раҳбарнинг қабулидан чиққан, хонасида жуда таъсирланиб ўтирган экан.
– Ижодкорларнинг бахтига шундай бағрикенг Президентимиз бор, – деди у киши. – Хатни ўқиши билан мутасаддиларга Носир оғанинг оиласига уй ажратиш ҳақида топшириқ берди. Муборак опа билан Ёзувчилар уюшмасига айтиб қўйинг, эрта-индин бу муаммо ҳал бўлади.
Бу гапдан менинг ҳам кўнглим юмшаб, кўзларимга ёш келди.
Чиндан ҳам тез орада Муборак Фозиловага Шайхонтоҳур туманидаги янги қурилган уйнинг биринчи қаватидан икки хонали квартира берилди. ...Муборак ая умрининг охиригача Ўзбекистон Президентидан миннатдор бўлиб яшади. Мушфиқ онахон вафотидан икки кун бурун ҳам менга қўнғироқ қилиб, давлатимиз раҳбарини дуо қилган эди...
Бу ўринда Хайриддин Султоннинг қаламкашлар ва уларнинг оиласига эътибори билан боғлиқ биргина ҳолатни тилга олдим. Бундай воқеалар жуда кўп. Кези келганда ўнлаб истеъдодли ёш ижодкорларга уй ажратилиши ҳамда давлат раҳбарининг пойтахтимизнинг сўлим гўшасида ижод аҳли учун юздан зиёд хонадон барпо этиш ҳақидаги эзгу ташаббусини амалга оширишда у кишининг ҳам хизматлари борлигини яхши биламан.
Қайсидир адиб хасталаниб, шифохонага тушиб қолса ёки бошқа бирон қийинчиликка дуч келса, албатта Хайриддин акадан мадад кутамиз. У киши ҳам йўқ демасдан кимларгадир қўнғироқ қилиб, муаммони ҳал қилиб беради. Лекин ҳеч қачон ёрдамини миннат қилмайди.
Туркий улусга йўлланган девон
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишларидан бирида қардош халқлар адабиётининг энг сара намуналари асосида юз жилдлик мажмуани нашр қилиш ташаббусини илгари сурди. Шундан сўнг Хайриддин Султон раҳбарлигида ана шу эзгу ғояни рўёбга чиқариш учун енг шимариб ишга киришиб кетдик.
Ёзувчилар уюшмасида таниқли ижодкорлар, олим ва таржимонлардан иборат катта ижодий гуруҳ тузилди. Давлатимиз раҳбарининг бу ғояси уларни ҳам жуда руҳлантириб юборган эди. Шу боис барча сидқидилдан ҳаракат қилди. Натижада ярим йил нари-берисида ўзбек, турк, қозоқ, озарбойжон, қирғиз, туркман, венгер адабиётининг ўзбек тилига ўгирилган асарлари бир жойга жамланди. Баъзи ихчамроқ асарлар тезлик билан таржима қилинди.
Биз бот-бот Ёзувчилар уюшмасида йиғилиб, ишнинг боришини муҳокама қиламиз. Шундан сўнг ижодий гуруҳ томонидан тузилган асарлар рўйхатини устозга кўрсатамиз. У киши рўйхатни синчиклаб кўриб чиқиб, жўяли таклиф ва тавсиялар беради. Қозоқ, қирғиз ва бошқа қардошларимизнинг шу чоққача биз номини ҳам эшитмаган баъзи адиб ва шоирларининг анча йиллар бурун адабий нашрларда босилган асарларини эслайди. Бир неча кунлик изланишдан сўнг ниҳоят кутубхона ёки қайсидир ижодкорнинг шахсий архивидан ўша асарлар ҳам топилади.
– Уч-тўрт ойдан сўнг Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилади, – деди Хайриддин ака бир куни. – Ўшангача мажмуанинг ҳеч бўлмаганда йигирма-ўттиз жилдини нашр қилиб, тақдимотини ўтказсак яхши бўларди.
Ишларимиз жадал кечгани боис саммит арафасида “Туркий адабиёт дурдоналари” адабий тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилди. Зариф Мирзақулов икковимиз эртаси куни барвақт ишга келиб, нақ олтита каттагина бахмал сандиққа жойланган юзта китобни у кишининг хонасига олиб кирдик. Хайриддин ака кенг-мўл столда қатор қилиб териб қўйилган яшил муқовали бежирим китобларни кўриб ниҳоятда хурсанд бўлди.
– Бу тарихий иш бўлди, – деди у киши асарларни бирма-бир варақлаб. – Бир вақтлар Навоий ҳазратлари “Не мулк ичраки бир фармон юбордим, анинг забтиға бир девон юбордим” деб лутф қилган эди. Бу мажмуа ҳам ўзбекларнинг қардошларга йўллаган девони бўлади. Сизу биздан қолса, мана шу китоблар қолади. Бу ишга бош қўшган барча ижодкорларга раҳмат...
Шундан сўнг Хайриддин ака ёрдамчиси Нурали Улуғовга қўл телефонини тутқазди.
– Бизни мана шу китоблар олдида суратга олиб қўйинг. Ҳали сизлар бу кунни эслаб, қилган ишингиздан қувониб юрасизлар.
Саммит арафасида Хайриддин ака бошчилигида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида “Туркий адабиёт дурдоналари» мажмуасининг халқаро тақдимоти уюштирилди. Қардош мамлакатларнинг элчилари қатнашган анжуман жуда файзли ўтди. Асосийси, юз жилдлик мажмуа Самарқанддаги саммитда Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларига совға қилинди.
Хайриддин ака бир гуруҳ ижодкорлар билан икки йилча бурун Туркиядаги машҳур кутубхонада ушбу тўпламнинг тақдимотини ўтказиб келди. Кейинги йили у кишининг топшириғи билан биз Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид билан биргаликда Боку шаҳрида уюштирилган шундай тадбирда қатнашдик. Озар дўстларимиз мажмуага юқори баҳо беришди. Тақдимотда Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, атоқли адиб Анор ушбу мажмуани озарбойжон тилида нашр қилиш ташаббусини билдирганида кўнглимиз тоғдай кўтарилди.
“Ўзбек адибларига ҳавасим келади”
2023 йил март ойида Навоий вилоятида юксак савияда ўтказилган “Мумтоз шеърият” халқаро адабий фестивали яқин-йироқ юртларда ҳам овоза бўлди. Бироқ бу тадбирга тайёргарлик жараёни жуда қийин кечган. Бу гал ҳам сўнгги паллаларда Хайриддин Султон жонимизга ора кирган.
Таомилга кўра бундай муҳим тадбирлар ҳақида раҳбариятни хабардор қилиш лозим. Бироқ кутилмаганда шу иш ортга сурилиб кетди. Анжуманга атиги икки-уч кун вақт қолган бўлса-да, тайёргарлик жуда суст.
Охири анжуман ҳужжатларини Хайриддин акага олиб кириб, вазиятни тушунтирдим. Шу пайтгача нима қилиб юрибсизлар деб уришса керак деб ўйлаган эдим. Аммо у киши маъноли бош чайқаб қўйиш билан кифояланди.
– Анор муаллим ҳам келарканми? – деб сўради устоз меҳмонлар рўйхатини кўриб чиққач ажабланиб.
– Ҳа, келишга ваъда берган. Самолётга чипта ҳам олинган.
– Вақт жуда оз қолибди, – деди Хайриддин ака. – Сиз Ёзувчилар уюшмасидан одам олиб, бугуноқ Навоийга жўнанг. Тадбирлар ўтадиган жойларни яхшилаб тайёрланглар. Меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштиришдан тортиб, транспорт, овқатланиш масалаларигача бирма-бир кўриб чиқинглар.
Устознинг ҳузуридан елкамдан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб чиқдим. Кечга яқин Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоиримиз Нодир Жонузоқ билан поездда Навоийга йўл олдик.
Манзилга яқинлашганимизда икковимизнинг ҳам қўл телефонимиз кетма-кет жиринглашга тушди. Қатор вазирликлар, Навоий вилояти ҳокимлигидан қўнғироқ қилишди. Маълум бўлишича, Хайриддин ака Ўзбекистон Президентини “Мумтоз шеърият” фестивали ҳақида хабардор қилган, у киши мутасадди раҳбарларга анжуманни юқори даражада ўтказиш бўйича топшириқ берибди.
Хуллас, анжуман жуда баланд савияда ташкил қилинди. Бундай маросимларда қатнашавериб кўзи пишиб кетган меҳмонлар ҳам юртимизда адабиётга, ҳазрат Алишер Навоий меросига берилаётган юксак эътибордан чексиз ҳайратланишди.
Айниқса, Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ўтказилган очилиш маросимида Хайриддин ака давлатимиз раҳбарининг “Мумтоз шеърият” фестивали иштирокчиларига йўллаган табриги ва Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анорни “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш ҳақидаги фармонини ўқиб берганида залда анча вақтгача қарсаклар тинмади.
Шундан сўнг саройда “Ватан манзумаси” адабий-маърифий композицияси намойиш этилди. Ўша кезларда Хайриддин Султон ташаббуси билан санъат ва адабиёт уйғунлигида саҳналаштирилиб, республика бўйлаб ўтказилаётган ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги ушбу ажойиб дастурни меҳмонлар катта ҳаяжон билан томоша қилишди.
– Юртингизга келганимдан буён нуқул ҳайратланиб юрибман, – деди Нурота зиёратидан қайтаётганимизда меҳмонлардан бири. – Тошкентдаги Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биносини кўрганимда Ўзбекистон Президентининг адабиётга эътиборидан кўнглим ёришган эди. Бугунги анжуман давомида ўзбек қардошларимизга ҳавасим янаям зиёда бўлди. Биз ҳам шундай даражага етишни орзу қиламиз.
Ижод ва шахсият
Шубҳасиз, Хайриддин Султон ўзининг юксак истеъдоди ва кенг қамровли ижоди билан аллақачон халқимизнинг пешқадам адибларидан бирига айланган. У кишининг соф ўзбекона ҳикоялари, қисса ва романлари адабиётимиз хазинасидан жой олиб улгурган.
Яқинда Ўзбекистон Президентининг фармони билан устоз адибимизга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони берилгани бу фикрнинг энг катта тасдиғи бўлди. Шу боис адабиёт мухлислари ушбу янгиликни мамнуният билан кутиб олди.
Шу ўринда ТУРКСОЙ бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раевнинг Хайриддин Султон ижодига бағишлаб чоп этилган “Инсон юрагига йўл қураётган адиб” номли мақоласидан айрим фикрларни сиз билан бўлишгим келди:
“Хайриддин Султон замонавий ўзбек адабиётининг нуфузли намояндаси, бутун қалб қўри билан адабиётга, ўзбек маънавиятига содиқ сиймолардан биридир...
Хайриддин Султон Абдулла Қодирийдан тортиб Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповгача бўлган ўзбек эстетик дунёқараши ва адабий тафаккурини янада теранлаштирди. Шу билан бир қаторда, у оригинал образлар галереясини яратиб, ўзгача бир йўналишда, ўзгача бир темпераментда – айнан ўзига хос услуб ва бадиий оҳангда ижод этиб келмоқда...
Уни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси бадиий тафаккурининг дарғаларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Ҳозирги ўзбек адабиётининг юксаклиги ҳам у каби етук сўз санъаткорларининг ижодий салоҳияти билан ўлчанади десак, янглишмаймиз”.
Машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг муносиб шогирди, замонавий қирғиз адабиётининг пешқадам вакили ҳисобланган Султон оғанинг бундай холис ва ҳаққоний эътирофи Хайриддин Султон адабий оламининг кўлами ва аҳамияти ҳақида етарлича тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Ўйлашимча, ижодкорнинг истеъдоди, ижоди унинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Хайриддин Султоннинг қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган ҳар бир асарида аввало унинг ўзига хос маънавий дунёси, самимияти аксланиб туради.
Ғафур ШЕРМУҲАММАД
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 2-сон.
“Эзгулик сабоқлари” мақоласи
Жараён
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ