Идеал аёллар “жанги” – Пенелопа ва Барчин образлари таҳлили


Сақлаш
14:21 / 01.07.2026 128 0

Жаҳон адабиёти ва ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарида аёл образлари садоқати, сабр-тоқати ва маънавий кучи билан умумий типологик хусусиятга эга. Қадимги юнон адабиётининг машҳур қаҳрамони Пенелопа ҳамда ўзбек халқ достони “Алпомиш”нинг Барчини ана шундай тимсоллардан ҳисобланади. Улар турли давр ва маданий муҳит маҳсули бўлишига қарамай, ўз ёрига бўлган садоқат, мардлик, ирода ва ақл-заковат каби фазилатлари билан бир-бирига яқин туради. Мазкур мақолада Пенелопа ва Барчин образларининг типологик ўхшаш жиҳатлари қиёсий таҳлил қилинади ҳамда уларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларни ифодалашдаги ўрни ёритилади.

 

“Тун пойини босган кундуздек садоқат” – Пенелопа содиқ аёл тимсоли

 

Пенелопа юнон эпоси “Одиссей”даги аёл қаҳрамонлардан бири. “Одиссей” уруш саргузаштлари асосига қурилган жаҳон адабиётидаги қадимий ва машҳур эпик асар. Пенелопа бош қаҳрамон Одиссейнинг рафиқаси ва Телемахнинг онаси. У адабиётда садоқатли аёл образи сифатида танилган. Асардаги воқеа сюжетига кўра, Одиссей Троя урушига кетади. Шундан сўнг у уйига қайтгунча орадан йиллар ўтади. Бу давр ичида кўплаб совчилар унинг рафиқасига уйланишни таклиф қилади, аммо Пенелопа эрига бўлган садоқатини сақлаб қолади. Ушбу садоқатга боғланган сюжет деталлари Пенелопани такрорланмас аёл қаҳрамонлардан бирига айлантиради.


Шунингдек, сабр-тоқат, ақл-заковат, оилапарварлик каби хислатлар Пенелопанинг характерини мустаҳкамлайди. Адабиётшуносликда Пенелопа образи кўпинча содиқ ёр, оқила аёл, маънавий куч эгаси сифатида талқин қилинади. Достонда бир вақтнинг ўзида у она сифатида ҳам гавдаланган. Бу уни турли аёл позитсияларида кўриш имконини берган.

 

Барчин – кучли, қатъиятли образ

 

Гарчи, Барчин образини таништиришга ҳожат йўқ. Пенелопа билан ўхшаш жиҳатларини кўрсатиш мақсадида қисқа маълумот келтирамиз. Барчин ўзбек халқ қаҳрамонлик достони “Алпомиш”нинг бош қаҳрамонларидан бири. У Алпомишнинг қаллиғи, кейинчалик эса турмуш ўртоғи сифатида тасвирланади.

 

Адабиётшуносликда Барчин гўзал, ақлли, садоқатли ва мард аёл тимсоли. У севгилисини кутиб ўтирмайди, воқеалар ривожига фаол таъсир кўрсатадиган, тақдири учун курашадиган образдир. Барчиннинг асосий фазилатлари қатъият, заковат, одиллик.

 

Ёрдан айролик қисмати

 

Айрилиқ мотиви адабиётдаги қадимий ва универсал мавзулардан бири ҳисобланади. У инсоннинг муҳаббат, садоқат ва сабр каби маънавий фазилатларини синовдан ўтказувчи бадиий восита. Пенелопа ва Барчин образларида айрилиқ шунчаки маконий узоқлашув эмас, руҳий матонат, умид ва муҳаббатни имтиҳон қиладиган ҳаётий жараён.

 

Икки қаҳрамон ҳам узоқ давом этган айрилиқда ўз севгиси ва оиласига содиқ қолади. Шу жиҳатдан айрилиқ мотиви мазкур образларнинг ички дунёсини очиб берувчи, уларнинг маънавий кучини намоён этувчи муҳим поетик унсур. Пенелопа уруш сабабли турмуш ўртоғидан узоқда яшашга маҳкум бўлса, Барчин оға-инилар орасидаги келишмовчиликлар туфайли бўлажак турмуш ўртоғидан йироқда қолишга мажбур бўлади. Мана шу чизиқда икки қаҳрамон тақдиридаги умумийликларни кўрамиз.

 

Совчиларга қўйилган шартлар мисолида ўхшашлик

 

Пенелопа совчиларга шундай шарт қўяди: У турмушга чиқиши учун ўзи тўқиётган мато якунига етиши керак эди. Асарни ўқимаган ўқувчи мато тўқиш бир куни охирига етиши, Пенелопа қанақасига садоқат тимсоли бўлиши мумкинлигини ўйлаши табиий. Гап шундаки, у оқила матонинг кундузи тўқилган жойини кечаси сўкиб ташларди. Шу тариқа “иш” якунига етмасди.

 

Барчин “Биримизга тегасанми, баримизга тегасанми?” деб қаршисида турган йигитларга синов бўлишини айтиб, ғолибга турмушга чиқишини билдиради. Шу жойи муҳимки, Барчин бу йўлда Алпомишни ҳам аяб ўтирмайди. У ҳам бошқалар қатори ўз ёри учун курашиши, енгсагина унга эга чиқиши мумкин эди. Бу ерда ўқувчи Барчиннинг одиллиги-ю ўз қадрини баландга қўйишини ҳам кўриши мумкин.

 

Ушбу шартлар мисолида аёл образларнинг воқеалар ривожига таъсири яққол кўринади. Пенелопа ҳам, Барчин ҳам воқеаларнинг пассив иштирокчиси эмас. Уларнинг қарорлари сюжет ривожига бевосита таъсир қилади. Пенелопа совчилардан бирини танлаганида, Одиссейнинг қайтиши маъносиз бўлиб қоларди. Барчин шартлар қўймаганида, Алпомишнинг қаҳрамонлик сифатлари тўлиқ намоён бўлмасди.

 

Телемах ва Ёдгор – оналик аспекти

 

Телемах Одиссей ва Пенелопанинг, Ёдгор эса Алпомиш ва Барчиннинг жигарбанди эди. Шу ерда Пенелопа ва Барчинни ўғил ўстирган оналар сифатида ҳам кўришимиз мумкин. Қолаверса, икки қаҳрамон фарзанднинг-да ўзаро ўхшаш томонлари бор. Иккиси ҳам қаҳрамон отанинг ворислари ҳисобланади. Телемах уруш сабабли отасидан узоқда яшаб, тарбияланади, Ёдгорнинг қисмати ҳам шунга яқин. Телемах ва Ёдгор қаҳрамонлик анъаналарининг давомчи авлоди образларини намоён этади. Ҳар иккиси орқали оилавий қадриятлар, насл давомийлиги ва қаҳрамонлик меросининг авлодларга ўтиши ғояси ёритилади.

 

Шундай қилиб, Пенелопа Итака хонадонининг барқарорлигини сақлаб қолади. Барчин эса қўнғирот уруғининг шаъни ва давомийлигини таъминлайди. Улар фақат оила эмас, жамиятнинг маънавий таянчи сифатида тасвирланади. Пенелопа қадимги юнонларнинг идеал аёл борасидаги қарашларини кўрсатса, Барчин ўзбек халқининг эстетик ва ахлоқий қарашларини акс эттиради.

 

Пенелопа ва Барчин образлари турли макон ва замонларда яратилган бўлишига қарамай, инсоният тафаккурида шаклланган аёл идеалининг муштарак намуналари. Бу образларнинг қиммати фақат садоқат ёки сабр тимсолилигида эмас. Улар эпосларда қаҳрамонликнинг яшаб қолишини таъминловчи маънавий таянч ҳам. Агар Одиссей ва Алпомиш жисмоний қудрат ҳамда жасорат тимсоли бўлса, Пенелопа ва Барчин ушбу қаҳрамонликнинг маънавий асосини яратади.

 

Эпосларда ҳақиқий ғалаба жанг майдонида эмас, инсоннинг ўз қадриятларига содиқ қолишида намоён бўлади. Пенелопа ва Барчин ёрини кутувчи аёллармас, қаҳрамонлик ғоясининг узлуксизлигини сақлаб қолувчи маънавий кучлардир. Бу эса аёл образларининг миллий чегаралардан чиқиб, умуминсоний бадиий қадрият даражасига кўтарилганини кўрсатади.

 

Моҳидил АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 37619
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//